ОЛАМ МАНЗАРАЛАРИНИНГ КАТЕГОРИАЛ ХУСУСИЯТЛАРИГА ДОИР

Бахронова Дилрабо Келдиёровна,

Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ доценти, филология фанлари доктори (PhD)

Олам манзараси – бу субъектнинг атроф-олам, реал ёки хаёлий воқеликка оид билим ва фикр-мулоҳазалари мажмуасидир. Илмий тасниф ва талқинлар негизида мужассам бўлган дунё тўғрисидаги дастлабки билимлар айнан тилда турғун шакллар кўринишида сақланиб қолгандир. Илмий адабиётларда дунё образи ва олам модели терминлари ҳам учрайди, бироқ, улар кам тарқалган. Олам манзараси термини биринчи бор физика фанида Г.Герц томонидан қўлланилган. Таниқли олим ушбу тушунчани ташқи объектларнинг ички образлари йиғиндиси дейди, ҳамда улар ушбу образларнинг хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги мантиқий мулоҳазаларни шакллантиришга хизмат қилади, дея таъкидлайди. Кейинчалик бу термин бошқа фанларга кўчди, у К.Ясперс ва Л.Витгенштейнларнинг “Мантиқий-фалсафий трактат” асарида, шунингдек, Л.Вайсгербер асарларида олам манзараси термини ишлатилган. Шунингдек, ўзбек тилшунослигида оламнинг турли манзараларига умумий мазмунда ҳамда концепт ва концептосфералар нуқтаи назаридан долзарб илмий тадқиқот ишлари олиб борилган ва борилмоқда, хусусан, Н.Маҳмудов, Ш.Сафаров, Э.Бегматов, А.Нурмонов, А.Маматов, Ж.Элтазаров, Ш.Усмонова, Д.Худайберганова, Д.Бахронова[1] сингари олимларнинг тадқиқотлари муҳим аҳамиятга эга.

Олам манзараси концепциясини шакллантириш учун дастлабки шарт-шароитлар антик даврдаги тил назарияларида ҳам мавжуд эди. Дунёнинг яхлит манзараси назарий (фалсафий-илмий), назариядан ташқари (диний-бадиий) ва илм-фангача бўлган билиш шаклларининг мажмуи сифатида гавдаланади. Замонавий тилшуносликдаги олам манзарасини ўрганиш борасидаги илк тадқиқотлар В. фон Ҳумбольдт, Э.Сепир, Б.Уорф, А.Потебня ишларида асос солинган, деб ҳисобланса-да, антик ёки ўрта аср манбаларида ҳам бу тўғридаги қарашлар кузатилади. Масалан, Алишер Навоий асарларига мурожаат қилсак, олам манзараларининг фалсафий-илмий, диний-бадиий каби кўплаб талқинини топиш мумкин:

Қолмаса олам матоидин жиҳот,

Ўзга навъ ўлғай санга ул дам сифот.

Куфр ила имонға урғайсан илик,

Бу тамаъдин очилғай бир эшик.

Чун эшик очилди не куфру не дин,

Ичкари киргач, қутулдинг барчадин.

Куфру имон роҳравға кеш эмас,

Асл йўлда банди роҳе, беш эмас11. (маъноси: (Инсон феъл-атвори ва амалида) Олам матосидан (моддий нарсаларга муҳаббатдан) ҳеч нарса қолмагач, куфр ва имон моҳияти ҳақида тафаккур қила бошлайсан. Бу ҳаракатдан бир эшик (ҳақиқат) очилади. Унга киргач (уни англагач), барча (мавжуд диний ва эътиқодий фарқлар, келишмовчиликлар) ноаниқликлардан қутуласан. Куфр ва имон тушунчалари Аллоҳ ҳақиқатини билиш, яъни бу дунёнинг асл моҳиятини англаш йўлида тўсиқдан бошқа нарса эмас)[2]. «Лисон ут-тайр»дан келтирилган ушбу парчада бу олам ҳақида, унинг моҳияти, диний ва дунёвий тушунчалар тўғрисида сўз борган. Навоийшунос олим Ш.Сирожиддинов ёзади: “Шоир юқоридаги сатрларда бу дунё Эзгулик учун яратилгани, Парвардигор наздида турли диний таълимотлар аҳамиятсиз бўлиб, инсоннинг нафс иллатларидан қутулиб, маънан юксак фазилатлар касб этиши ва турли илмларни тараққий эттириш орқали, ақлан, оламнинг яратилиш моҳиятини тушуниб етиши муҳимроқ, деган ғояни илгари сургани  кўриниб турибди”[3]. Алишер Навоий асарларларида кўз илғамас зоҳирий ва ботиний олам ҳақидаги маъноларда фалсафий, диний, маданий, лисоний ва ҳ.к. олам манзаралари тасвири моҳияти ниҳоятда тўлақонли ёритиб берилган. Айтиш мумкинки, бугунги антропоцентрик қарашлар ҳам Навоий асарларида инсонни марказий ўринга қўйиш, уни турли сифатлар билан аташ (“олам ичидаги олам”, “олами суғро”, “шариф ул-кавнайн”, “хужаста туғро”, “ризвон гули”) орқали ўз аксини топган. Мутафаккир одамийликни инсон маънавий камолотининг энг юқори нуқтаси, деб билган.

XIX-XX аср тилшунослигида эса В. фон Ҳумбольдт илмий тадқиқотлари муҳим аҳамиятга эга. У тилни инсон ва борлиқ ўртасидаги оралиқ бўғин, тилни оламни кўриш воситаси сифатида деб ўрганиб, ўзидан кейинги олимларнинг илмий ишларига сезиларли таъсир кўрсатди. А.Потебня ҳам шеърият, наср, санъат ва фанда халқнинг дунёқараши тил орқали жонланади ва тил билан асосланади, дейди. Шунга ўхшаш талқинлар Э.Сепир, Б.Уорфнинг лингвистик нисбийлик назариясида, америкалик бошқа этнолингвистлар тадқиқотларида ҳам мавжуд.

Россияда олам манзарасини ўрганиш XX асрнинг 60- йилларида бошланиб, бу ишлар Г.Брутян, Г.Колшанский, Г.Почепцов, В.Касевич, Р.Павиленис, Н.Уфимцева каби олимлар номи билан боғлиқ. Улар ишларининг тадқиқот марказида тилнинг олам манзарасини шакллантиришдаги роли муаммоси ўрин олади. Тилнинг атрофдаги воқеликни акс эттириш қобилияти масаласи бўйича икки нуқтаи назар мавжуд. Биринчисига мувофиқ, тил оламни акс эттиради. Бундай қараш, масалан, Г.Почепцов ишида учрайдики, у “тил ёрдамида биз оламни акс эттирамиз. Айнан акс эттирамиз, таърифлаймиз эмас, аниқроғи, нафақат таърифлаймиз, чунки таърифлаш – бу оламни тилда акс эттиришнинг шаклларидан бири, холос. Саволлар, ундовлар ҳам бу бошқа барча нутқий актлар каби оламни акс эттириш ёки тасаввур қилишнинг худди шундай шаклларидир”[4]. Турли тадқиқотларни ўрганиш борасида шу хулосага келдикки, тил воқеликни акс эттириши борасидаги кўпгина тилшунос ва файласуфларнинг фикрлари англашилмовчиликка асосланган. Сўзни ташкил этувчи товушлар мажмуи ўзича ҳеч нимани акс эттира олмайди. Аслида акс эттиришнинг натижалари концепт ёки тушунчалардан иборат. Тил воқелик билан белгили (семиотик) боғланишга эга. Бунга муносабат билдирар экан, М.Пименова шундай хулосага келади: Тил воқеликни акс эттирмайди, балки уни белгили усул орқали тасвирлайди. Демак, бу концепцияда тил ўзига хос восита бўлиб, унинг ёрдамида борлиқ инсон томонидан концептуаллаштирилади, яъни ҳодисалар белгиларини аниқлаш орқали уларга боғлиқ тушунчани тасаввурда гавдалантириш содир бўлади[5]. З.Холманова ҳам, ​тил кишилик жамияти маҳсулидир. Тилсиз ҳеч бир воқелик ва ҳодисани, инсоннинг табиатда, жамиятда тутган ўрнини, жамият тараққиёти йўлларини билиш, ўрганиш мумкин эмас, деб таъкидлайди[6]. Борлиқ билан муносабатнинг турли шакллари қарашларнинг ягона тизими – олам манзарасини шакллантиради.

Олам манзарасининг муҳим жиҳати унинг маъновий-мазмуний маркази нимадан иборат, бу манзара ниманинг атрофида қурилмоқда, деган саволларга жавоб топишдан иборат. Олам манзарасини тўлақонли ўрганишда жаҳон олимлари уни категорияларга бўлиб ўрганишни таклиф қиладилар: когнитив-концептуал, лисоний, илмий, фалсафий, маданий, диний, фольклор, мифологик ва ҳ.к. Масалан, оламнинг илмий маназараси инсондан мустақил бўлган объектлар атрофида қурилади; унинг ядроси – умумбашарий жараён-воқеликдир. Ёки оламнинг диний манзарасининг асосий мавзуси – фоний ва боқий дунё, инсонга хос ва илоҳий соҳага оид масалалар нисбатидан иборат. Оламнинг фалсафий манзараси эса ўз марказига инсон ва дунё ўртасидаги муносабатлар ва унинг барча жиҳатлари: фалсафий, маиший қадриятлар, фаолиятга оид нисбатини қўяди. Оламнинг илмий манзараси борлиқни қандай бўлса шундай, бизга боғлиқ бўлмаган ҳолда, илмий факт ва назарияларга асосланиб акс эттиришга интилади. Америкалик олим Б.Уорф фикрига кўра, оламнинг ҳам лисоний, ҳам илмий манзаралари мавжуд. Бу икки манзара яхлит ҳолда онгда олам ҳақидаги тасаввурларни шакллантириб боради. Шу ўринда айтиш керакки, бу икки манзарадан даставвал инсонда кундалик ҳаётий-маиший кўникма ва фаолияти натижасида оламнинг содда ва лисоний манзараси пайдо бўлади,  унинг илмий изланиш ва тадқиқотлари негизида эса оламнинг илмий манзараси шакллана бошлайди. А.Потебня сўзнинг илмий ва лисоний жиҳатларини таҳлил қилар экан, сўзнинг бу тушунчаларини қуйидагича фарқлайди: сўз тушунчасидан икки хил маъно англашилади, улардан бири тилшуносликда қўлланиладиган сўз, илмий атама, иккинчиси эса бир тушунчани бошқасидан ажратадиган сўз. Бунга СУВ ҳақидаги мисол далил бўла олади, яъни кундалик манзарада сув – чанқоқни қолдирувчи ичимлик бўлса, тажрибалар орқали унинг таркиби аниқланиб СУВ H2O мазмунида тушуниш эса илмий манзарага тегишли бўлади. Демак, биринчи инсон онгида оламнинг лисоний манзараси ҳосил бўлади. Ушбу манзара ва унинг таркиби таҳлил қилингач, инсон онгида оламнинг илмий манзараси шакллана боради, оламнинг лисоний манзараси сўз заҳирасидан оламнинг илмий манзарасига ўтган сўзларнинг маъносида илмий фаолият натижасида ўзига хос ўзгаришлар юзага келади. Бундай ўзгаришларга метафораларни ҳам мисол қилиб келтириш мумкин.

Демак, оламнинг илмий манзараси – бу, турли фанларга хос билимлар тизими; бу, оламнинг умумлаштирилган образи, унда табиат, жамият ва инсон ҳақидаги тасаввурлар илмий-назарий олинган хулосалар натижасида мужассамдир; бу, турли табиий фанлар ютуқлари натижасида шаклланадиган табиат ҳақидаги айни тасаввурларнинг турли кўринишга эга тизимидир. Оламнинг илмий манзараси алоҳида фандаги билимларнинг бутун тизими ва жамланмаси, унда ушбу фан предметига нисбатан яхлит тизимли қараш муҳрланади, ушбу қараш фан тарихининг муайян босқичларида шакллана боради ва бир босқичдан бошқасига ўтганда оламнинг биологик манзараси, физик манзараси, концептуал манзараси каби терминлар пайдо бўлади.

Борлиқ, унинг онгда мавжуд қиёфаси ва тилда мустаҳкамланган образи нисбати тўғрисидаги масаланинг қўйилиши, баъзи олимлар тадқиқотларида олам манзарасининг икки шаклини – концептуал-когнитив ва лисоний шаклларининг ажратиб кўрсатилишига хизмат қилди. Масалан, Г.Брутяннинг фикрича, оламни лисоний ва концептуал манзараларга бўлиш билиш жараёнида тил ва тафаккурнинг ўзаро муносабатини очиб бериш, одамлар онгида олам манзарасини шакллантиришда тилнинг ролини кўрсатиш, оламнинг ҳақиқий манзарасини гавдалантиришда схематикликдан қочиш ва атрофдаги воқеликнинг онгимиздаги проекциясини имкон қадар тўлиқроқ тасаввур қилиш имконини беради[7]. Олим оламнинг концептуал манзарасини нафақат воқеликни фикрий акс эттириш натижасидаги билим, балки мантиқий билимларда ҳам мавжуд ҳиссий билиш натижаси сифатида таърифлаган.

Тилнинг лисоний манзараси – бу жонли мулоқот тили воситасида онгда ўрнашган ташқи ва ички олам ҳақидаги барча ахборот. Ушбу икки термин фарқлангандан кейин тилшуносликда оламнинг концептуал ва лисоний манзарасига оид масалаларга олимлар турли хил фикрларни билдирганлар:

1) оламнинг концептуал манзарасидан оламнинг лисоний манзараси кенгроқ, деб ҳисобловчи олимлар гуруҳи. Г.Брутяннинг фикрича, оламнинг концептуал манзараси олам лисоний манзарасининг “мағзи, асосий қисми”га мос келади, яъни “олам лисоний моделининг асосий мазмуни оламнинг концептуал моделига хос бор мазмунни қоплайди”. Демак, олим аймоқчики, оламнинг концептуал манзараси оламнинг лисоний манзараси томонидан қамраб олинади. Бу худди физика фанида кенг ўрганилаётган, борлиқдаги барча нарсани ютиб юбораётган қора туйнукка ўхшайди. Оламнинг концептуал манзараси чегаралари ортида борлиқ-дунё тўғрисидаги қўшимча ахборот ташувчи чекка перифериялари қолиб кетади. Бунда оламнинг ҳам лисоний, ҳам концептуал манзарасига кирувчи ахборот у қайси тилда ифодаланишидан қатъи назар, инвариант ҳисобланади. Г.Брутян таъкидича, оламнинг лисоний манзараси чекка участкаларида қолган ахборотлар, яъни концептуал манзара чегаралари ортидаги хабарлар тилдан тилга вариациялашади[8]. Р.Абдуллаева ҳам оламнинг лисоний манзараси тил ва унинг тарихий тараққиёт даври, маданиятнинг тилга кўрсатган таъсири ва умуман тил тушунчаси остида бирлашадиган ҳар қандай ҳодиса ва жараённи қамраб олади, дейди[9].

2) оламнинг лисоний ва концептуал манзаралари қамрови тенг, деб таъкидловчилар. Бундай нуқтаи назарга хос хусусиятларни Г.Колшанский асарларида кўриш мумкин, унинг фикрича, “гносеологик жиҳатдан “тил-тафаккур” муносабати эмас, балки “лисоний тафаккур-борлиқ” муносабати ҳақиқийдир” ва “шу боисдан оламнинг лисоний манзараси ҳақида эмас, балки оламнинг лисоний тафаккурга оид манзараси ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади”[10]. Бироқ, кейинчалик Г.Колшанский “оламнинг лисоний манзараси олам объектив манзарасининг иккиламчи мавжудлигидир” ва бундай иккиламчилик тилнинг тафаккурга принципал боғлиқлигини англатишини тан олади.

3) учинчи концепцияга мувофиқ лисоний манзарага нисбатан оламнинг концептуал манзараси кенгроқлиги ҳақидаги фикрловчилар гуруҳи. Бундай нуқтаи назар аксарият тилшунослар ишларида учрайди. Жумладан, З.Бойназаровнинг фикрича, биринчи босқич оламнинг концептуал манзараси, иккинчисини эса оламнинг лисоний манзараси дейиш мумкин; тил оламни махсус белгилар тизими орқали ифодалагани учун оламнинг лисоний манзарасининг кўлами оламнинг концептуал манзарасига кўра анча тордир[11]. Г.Почепцовга кўра, оламнинг лисоний тасаввури ахборий жиҳатдан тўлиқ эмас ва/ёки ноаниқдир. Олим бунинг сабабини тушунтирар экан, бунда бутун олам эмас, балки унинг чўққилари акс этади, яъни гапирувчига энг муҳим, энг релевант, дунёни энг тўлиқ тавсифловчи жиҳатдек кўринадиган таркибий қисмлар акс этади[12]. Бизнинг фикримизча ҳам оламнинг концептуал манзараси олам лисоний манзарасига қараганда кенг қамровлидир. Концептология инсон тафаккури билан чуқурроқ боғланган, лисоний манзарада бир фикрни ифодаламоқчи бўлсак, онгда мавжуд стереотипларга кўра билдириш мумкин, аммо, концептология  менталликни тадқиқ қилар экан, инсон онгига маданият, тил, дин, тарбия, ижтимоий мулоқот билан сингдирилган ўзгармас мезонлар, этноснинг асосий тасаввурларига мурожаат қилади ва мавжуд илм билан қўйилган саволга жавоб беради. Қуйидагиларни, хусусан, бундай тасаввурларга киритиш мумкин:

ахборотнинг турли манбалари, уни сақлаш ва тарқатишнинг турли воситаларидан фойдаланиш имконияти: ёзма ва оғзаки маданият;

болалик, кексалик, касалликлар, оилавий ҳаёт, ўзаро муносабатлар, фаровонлик: ота ва ўғил, эр ва хотин, қари билганни пари билмас;

гендер муносабатлар: аёл ва эркак;

жамият ва унинг таркибий унсурларини баҳолаш;

маданиятдаги янги ва анъанавий ҳодисалар: 30 кишилик тўй, чаллари;

макон ва замонни қабул қилиш, жисмоний дунёнинг ички олам билан ўзаро таъсирлашуви: қалб ва жисм, руҳ ва материя;

меҳнатга муносабат: “ўзимизникилар” ва “бегоналар”;

меҳнатга, мулкка, бойликка ва камбағалликка, бойликнинг ва фаолиятнинг турли хилларига муносабат: бой бойга боқар;

табиатга муносабат: сув – муқаддас;

табиий ва ғайритабиий ҳодисаларни аниқлаш ва фарқлаш;

фоний дунёнинг боқий дунёга нисбати: ўлим, ажал ва клиник ўлимни бошдан кечириш;

қадриятлар тизими: баҳолаш нуқтаи назаридан объект ва субъектларга назар ташлаш;

қисм ва бутунлик, шахс ва жамоанинг ўзаро нисбатини тушуниш, шахснинг социумда ажралиб туриши ёки аксинча, жамият томонидан “ютиб юборилиши”ни англаш;

ҳокимлик, ҳукмронлик ва тобеликни тушуниш, эркинликни талқин этиш; 

ҳуқуқлар, одатлар ва уларнинг жамиятдаги ўрнини баҳолаш ва ҳ.к. Келтирилган ушбу бўлимларда тўпланган билимларни чуқур тадқиқ этиш олам манзараларининг бошқа турларига ўтишга кўприк вазифасини бажариши мумкин. Масалан, фоний дунёнинг боқий дунёга нисбати: ўлим, ажал ва клиник ўлимни бошдан кечиришни диний тавсиф, таҳлил қилиш оламнинг диний манзарасини тасвирлашда асос бўлиши мумкин. Ёки табиий ва ғайритабиий ҳодисаларни аниқлаш ва фарқлашнинг чуқур тадқиқи  оламнинг физик-механик манзараси ҳақида фикрлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Масалан, XIX аср охирларигача барча фанларда ўзига хос ўзгармас қарашлар мавжуд бўлган, масалан, физика-механикадаги ньютонча фикрлаш тизимини айтиш мумкин. Оламнинг физик-механик манзарасида дунёнинг ўзи атомлардан таркиб топиб, улар доимий шакл ва массага эга ҳамда тортишиш кучи билан боғланган. Кейинчалик ХХ аср бошида қилинган бир қатор кашфиётлар замонавий фаннинг болиққа нисбатан қарашини тубдан ўзгартирди. Резерфорднинг альфа зарралар билан ўтказган тажрибалари,  Эйнштейннинг нисбийлик назарияси, Қора туйнук ҳақидаги билимлар ва турли фанлардаги бошқа муҳим тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бизни ўраган олам аввал тасаввур қилинганидан анча мураккаб. Яқинда америкалик тадқиқотчи Илон Маск само сирларини очиши лозим бўлган техника барпо эттирди ва уни коинотга учирди, демак, оламнинг физика-механик манзараси шиддат билан ўзгармоқда.

Айтилган фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, демак, олам манзараси кишининг бутун ҳаёти давомида шаклланади, токи одам боласи дунёни билиб борар экан, унинг манзараси ўзгаришда, шаклланишда давом этади. Демак, олам манзараси – кўпқатламли тузилма. Бу қатламнинг ҳар бирига йиллар, балки асрлар керак бўлади. Шунингдек, олимларнинг кузатишларича, оламнинг айнан фольклор манзараси лисоний шахснинг концептуал олами манзараси учун пойдевор ясайди. Оламнинг фольклорга оид манзараси дунё қандай тузилганлиги ҳақидаги билимлар ибтидосини ифодалайди, уни оламнинг содда манзараси ядроси деб ҳисоблаш мумкин[13]. Бизнинг фикримизча, олам манзаралари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлса-да, даставвал, болада оламнинг лисоний манзараси, кейин содда ва сўнгра бошқа манзаралар шаклланиб боради. Боланинг йиғлаши лисоннинг илк бошланиш дебочаси, деб ҳисоблаймиз.

М.Пименова, (…) оламнинг фольклор манзараси устига оламнинг диний, илмий ва фалсафий манзаралари қатламланади. Умуман, оламнинг ушбу барча манзаралари оламнинг лисоний манзарасини ҳосил қилади, дейди[14]. Бу фикрга ҳамма нарсанинг асосида лисон/сўз ётганлиги, ибтидо ҳам, интиҳо ҳам сўз эканлиги нуқтаи назаридан биз ҳам қўшиламиз. Тадқиқотимизда шу нуқтаи назардан иш олиб борамиз. Алишер Навоий ҳам тилнинг пайдо бўлишида «оламнинг, ҳамма нарсанинг бошланиши (аввали) ҳамда охири сўз, яъни тилдир», дейилган эътиқодга таянади. Шу сабабли Аллоҳ, энг аввало, ибтидода «сўз»ни, яъни тилни яратди ҳамда инсонга уни неъмат тарзида тақдим қилди, дейди:

Бас, аввалғи садо сўз ўлғай,

Ҳар савтқа ибтидо сўз ўлғай («Лайли ва Мажнун»).

Сўз келиб аввал жаҳон сўнгра,

Не жаҳон, кавн ила макон сўнгра.

Ҳар киши даҳр аро ҳаёт топиб,

Сўнгғи дам сўз била нажот топиб.

Аввалу охирингға солғил кўз

Бил, ҳам аввал сўзу ҳам охир сўз («Сабъаи сайёр»).

Демак, инсондан аввал сўз/лисон бор эди, лисоннинг гултожи қилиб инсон яратилди. Лисон фақат инсонга раво кўрилди.

Француз тилшуноси К.Ажежнинг фикрича, одамзод табиатини англаш уни турли кўринишларида тушуниш демак. Лингвистика бугунги кунда биринчи ўринга homo loquens – гапирувчи мавжудот сифатидаги инсонни илгари суради. У айтадики, “бугунги кунда Homo Loquens (гапирувчи инсонни) қандайдир «идеал гапирувчи» сифатида, унинг қандайдир маданиятга мансублигидан ташқарида кўриб чиқиш қийин, зеро, мулоқот субъекти ‒ одам тил ва маданият субъекти ҳам ҳисобланади”[15]. Инсон-антропоморфнинг бундай тушунилиши уни ўзи соҳиб бўлган лингвомаданият билан таққослашда кўриб чиқишни назарда тутади, яъни тил ва маданият бир томондан, Homo Loquensни шакллантиради, бошқа томондан эса тил ва маданият унинг ўзи томонидан шакллантирилади.  

Демак, инсон-лисон-маданият трилемасини лисон-маданият-инсон деб ўқиш мумкин. Инсон ўзини ўзи ва ташқи табиатни ижодий фаолият натижасида англашга ҳаракат қиладиган ички табиатдир, яъни у табиатнинг ичида яшаётган, яратувчилик қобилиятига эга бўлган узвий ажралмас бўлакдир. Олимлар айнан табиат ва фаолият уйғунлигида, уларни англаш жараёнида маданият юзага келган, деб ҳисоблайдилар ва биз уларнинг бу фикрига қўшиламиз. Инсон, атроф дунёда тирик қолишга ҳаракат қилиб, ундан кўп нарсани ўрганган. Ҳаётнинг ўзи инсонни кузатувчан ва омилкор бўлишига ундаган. Натижаси доимо тилда намоён бўла борган. Табиий ва инсоний универсумлар, яъни макон ва замондаги объектив воқеликлар, улкан, сир-синоатга тўла ва ҳадсиз дунёлар доимо мавжуд бўлган. Этноснинг биргаликда ўзлаштирилган турмуш тарзи уни ўраб турган табиат, унинг узра мавжуд бўлган ва Яратганнинг макони ҳисобланган Коинот, Она замин ва уммон тубларининг сирли, мистик хусусияти билан мустаҳкамланган. Шу тарзда оламнинг мифологик манзараси пайдо бўлган. Ушбу манзара илмий манзарага қараганда қадимийроқдир, деб ҳисоблаймиз. Табиат инсоннинг ташвишу қувончларига бефарқ, шу билан бирга унга ҳаёт, ҳимоя, гўзаллик берувчи омилдир. Инсон ўзини гоҳида бу ҳаётнинг яратувчиси, гоҳида унинг қурбонидек ҳис этади, ўзини ҳимоя қилиш учун уни ўраб турган борлиқни тушунишга ҳаракат қилади. Турли олам манзаралари унда умри давомида шакллана боради. Стереотипларни, эталон ва қонун-қоидаларни яратади. Одамзоднинг табиатга бўлган бундай муносабати маданиятнинг улкан қатламларида акс этган.

Адабиётлар:

 

  1. Абдуллаева Р. Оламнинг лисоний манзараси. FarDU ilmiy xabarlari, № 5, 2018. – Б. 133-137.
  2. Ажеж К. Человек говорящий. Вклад лингвистики в гуманитарные науки. ‒ М.: Едиториал УРСС, 2003. ‒ 304 с.
  3. Алишер Навоий. Лисон ут-тайр. МАТ, 12- жилд, 215-бет.
  4. Байназаров З. М. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида ифодаланган оламнинг лисоний манзараси. Фил. ф. бўйича фалсафа д. (PhD) дис. автореф. – Самарқанд, 2020. – 44 б.
  5. Бахронова Д.К. Оламнинг лисоний манзараси тасвирида концепт ва концептосфера// Хорижий филология №3, 2019 йил. – Б. 62-68.
  6. Бегматов Э. Антропонимлар – антропоцентрик тадқиқ объекти // Ўзбек тили ва адабиёти. – Тошкент, 2013. – №3. – Б. 35-39.
  7. Брутьян Г.А. Язык и картина мира. Науч. докл. высш. шк., Философские науки. – 1973. – №1.- С. 108-111.
  8. Колшанский Г.В. Объективная картина мира в познании и в языке.– М.: Наука, 1990. – 108 с.
  9. Маматов А. Тилга когнитив ёндашувнинг моҳияти нимада? / Ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари (проф. А.Нурмонов таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган илмий-амалий анжуман материаллари). – Андижон,2012. – Б. 212-220.
  10. Маҳмудов Н. Тилнинг мукаммал тадқиқи йўлларини излаб ... // Ўзбек тили ва адабиёти. –Тошкент, 2012. – №5. –Б.3-16.
  11. Маҳмудов Н. Тилнинг сўз хазинаси ва оламнинг лисоний манзараси // Сўз санъати, № 1 (2018). – Б. 18-27.
  12. Нурмонов А. Имманентликдан когнитивликка // Ўзбек тили ва адабиёти. –Тошкент, 2009. – №6. – Б.104-107.
  13. Пименова М. В. Языковая картина мира: учебное пособие. – М.: Флинта, 2014. – 108 с.
  14. Почепцов Г.Г. Языковая ментальность: способы представления мира// Вопросы языкознания. – 1990. – №6 –110-122 с.
  15. Сафаров Ш. Когнитив тилшунослик. – Жиззах: Сангзор, 2006. –91 б.
  16. Сирожиддинов Ш.С. “Алишер  Навоий  ижодий  меросининг  умумбашарият  маънавий - маърифий  тараққиётидаги  ўрни” халқаро илмий анжуман материаллари. 2017 й. – Б.8-11.
  17. Холманова З. Тилшунослик назарияси. – Т.: 2020. – 86 б.
  18. Худайберганова Д. Ўзбек тилидаги бадиий матнларнинг антропоцентрик талқини: Филол.фан. д-ри. ...дисс. –Т.: 2015. –240 б.
  19. Элтазаров Ж.Д. Сўз туркуми парадигмасидаги ўзаро алоқа ва кўчиш ҳоллари. –Тошкент: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, 2006. – Б. 101-104. 
  20. Usmanova Sh. R. Lingvokulturologiya (Darslik). – Toshket: Universitet, 2019. – 191 b.

Бахронова Д. О категориальных особенностях картины мира. В конце прошлого века развитие языкознания приобрело особое значение с введением термина «картина мира» в концептуальной и метаязыковой аппарат этой науки. По сути, научная концепция картина мира находит отражение в трудах ученых с древних времен, ведь проблема статуса картина мира развивалась применительно к взаимодействию языка, мысли и реальности.

Термин картина мира относится к мировоззрениям и концепциям, которые обычно описывают мир человека и человечества, поскольку они стремятся определить свое место в этом бытие/мире. Картина мира, которая отводит человеку особое место в существовании, помогает ему найти верное направление в жизни и является результатом духовной и практической деятельности людей. Лингвистическая, мифологическая, религиозная, философская, научная, концептуальная и т. п. картины мира дают уникальные взгляды на мир и место в нем человека.

Bakhronova D. About categoriсal features of the world picture. At the end of the last century, the development of linguistics acquired special significance with the introduction of the term “picture of the world” into the conceptual and metallurgical apparatus of this science. In fact, the scientific concept of the picture of the world is reflected in the works of scientists since ancient times, because the problem of the status of the picture of the world has developed in relation to the interaction of language, thought and reality.

The term picture of the world refers to the worldviews and concepts that usually describe the world of man and humanity as they seek to define their place in this being/world. The picture of the world, which gives a person a special place in existence, helps him find the right direction in life and is the result of the spiritual and practical activities of people. Linguistic, mythological, religious, philosophical, scientific, conceptual, etc. pictures of the world give unique views of the world and the place of man in it.

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati