“АЁЛЛАР АДАБИЁТИ”НИНГ ШАКЛЛАНИШ ЭВОЛЮЦИЯСИ

Ҳар бир миллий адабиётдаги аёллар образига келсак, у шу миллатнинг фитратига, давр руҳига мувофиқ акс этади ва идрок қилинади. Шу боис ҳам, бир хил шароитда бир хил ҳаракат қиладиган характерлар ҳар қайси адабиётда ҳар хил гавдаланади Адабиётда кўплаб тарихий-диний, бадиий адабиёт намуналари орқали аёл, она образларининг турли талқинларда намоён бўлиши шоирларимиз, ижодкорларимиз асарлари орқали гўзал поэтик тасвирланган. Жумладан, буддизм ғояларидан озиқланган “Олтин ёруқ” достонидаги “Шаҳзода ва барс” афсонасида малика – Она сиймосида гавдаланади. Қаҳрамон мушфиқ аёлларга хос бўлган оналик меҳри, оналик туйғуси  устунлик қилади. Бу ҳол оналар яралгандан бошлаб қалбида болам, дея талпинишларини тасдиқлаш баробарида даврлар ўтиши билан инсоннинг онгу тафаккури такомиллашиб борганига қарамай унинг қалби, туйғулари  ўзгаришсиз, асл ҳолича қолавериши мумкинлигини кўрсатади. “Ўғузнома” достонида Ўғуз ҳоқонга йўлиқиб, унга  фарзандлар ато этган аёлларда парига хос сифатлар акс этади. Аёллар инсонни ҳушидан айирувчи малак тимсолида пайдо бўлади. Улар хоқон наслининг давомийлигини таъминлашни зиммасига олган парилар сингари таассурот  қолдиради (2, 331). Улуғворлик, буюклик, меҳр-шафқат, севги-муҳаббат тимсолида доимо она образи гавдаланган. Халқ оғзаки ижодининг энг қадимги намуналаридаги аёллар образларида қаҳрамонлик тимсоллари етакчилик қилса, баъзиларида қоришиқ образ сифатида ҳам қаҳрамонлик, ҳам оналик, баъзиларида эса қаҳрамонлик ва севикли ёр тимсоли  бирдек гавдаланади. Тўмарис, Зарина, Тўнюқуқнинг қизи Пафабек, ҳатто жаҳонни забт этган Александр Македонский ҳам ҳужум қилишга ботина олмаган амазон аёллари, Бухорода ҳукмронлик қилган Тухшода хотунлар ҳукмдор ва жанговар аёллардир. Бизгача етиб келган халқ оғзаки ижодининг айрим намуналарида  “Барчин, Гулойим, Юнус пари, Мисқол пари, Холдорхон, Гулчеҳра; Малика айёр; Гулихиромон ва Хон Далли каби аёллар гўзаллиги, оқилалиги, ишқда вафодорлиги, жангу жадалларда қўрқмаслиги ва эпчиллиги билан аждодларимиз хотирасида чуқур из қолдирган” (7,5).

“Алпомиш” достонида қалмоқ алпларининг таҳдидларини писанд қилмаган, садоқатда тенгсиз, ғурури осмонлар қадар улуғ  Барчиной, меҳрибон сингил, оқила қиз Қалдирғоч, “Гўрўғли” туркумидаги достонларда парилик хусусиятларидан воз кечиб, Гўрўғлига йўл-йўриқ кўрсатган, унга  ёрдам берган Юнус пари, Мисқол пари образлари характерлидир. Бу образларда миллий ғурур, жасорат, мардлик, ибо, ҳаё, садоқат туйғулари бугунги кунда ҳам ибрат, шарқона тарбия намунасидир.

Мумтоз адабиётдаги “Гул ва Наврўз” достонида Гул садоқатли ёр, ботир ва жасоратли жангчи аёл. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” достонларидаги Ширин, Лайли, Дилором – бош қаҳрамонга муносиб, оқила, доно жуфтлик тарзида тасвирланади. Уларнинг ақл-идроки шунчалар мукаммалки, ўз жуфтлари билан бирга салтанатни идора этишган, халққа ғамхўрликлар қилишган. Шунингдек, бу достонларда энага образи ҳам юксак талқинини топган. Чунки энагалар ҳукмдор наслини тарбияловчи, жисмонан ва маънан соғломлигининг ҳимоячилари ҳамдир.

Аёл образи, сирли олами, гўзал кечмиши  жаҳондаги барча халқлар адабиётида етакчи мавзулардан бири бўлиб келган. Улар бадиий асарларининг поэтик гўзаллигини таъминлашда, туйғулар нозиклигини ҳис қилишда катта вазифани бажаришган. Ижодкорнинг хаёли билан яратилган ва яратган аёл образини бадиий ижоднинг барча жарнлари ва турларида топиш мумкин. Аёлнинг ижтимоий ҳолати унинг оиладаги ўрни билан бевосита боғлиқ.  Оила жамиятнинг кичик бирлигидир ва жамиятдаги одамларнинг муносабати, қарашлари, афзалликлари, хаёллари табиий равишда оиладаги муҳитни акс эттиради. 

Жумладан, инглиз ёзувчиси В.Скотт асарларида мумтоз, шотланд аёлларига хос типик хусусиятларни ўзларида мужассам этган аёллар ҳам, қилган қилмишлари учун тавбага тиз чўккан гуноҳкор аёллар, золим ва қонхўр оналар, содиқ хизматкор аёллар образлари ҳам бор (5, 24).

Америкалик тадқиқотчилар фанга “Аёллар адабиёти” деган тушунчани олиб киришди. Зеро, ХХ аср ўрталарига келиб жаҳон феминизацияси (феминизм – лотинчада социал ва ижтимоий фаолиятда аёллар ҳуқуқи учун ҳаракат)  ўз таъсирини сўз санъати бўлмиш адабиётга ҳам ўтказаётган эди. Н.Бейм 1978 йилда “Аёллар адабиёти” номли китобини нашр қилди. Н.Бейм аёллар асарларининг ўзига хос типологик хусусиятларини кашф этди (1, 7). Унда  ХIХ асрнинг ўрталарида катта машҳурликка эга бўлган, бироқ кейинчалик исмлари актуаллигини йўкотган аёл ижодкорларнинг асарлари таҳлил қилинган. Булар Кэтрин - Мария Седжвик, Сара Хейл, А.Дж. Грейвс, Мария Макинтош, Эмма Саутуорт  ва Каролина Ли Хенц, Мари Каминс ва Мариам Коулс Харрис. Юқоридаги ижодкорларнинг асарлари таҳлил қилиш борасида Нина Бейм “аёллар романининг”ўзига хос типологик хусусиятларини кашф этди.Адабиётшуносликда “Аёллар адабиёти”  борасидаги кузатишлар “Аёллар адабиётшунослиги” терминологик тушунчани юзага келтирди.  Бу фан ҳали тараққиёт даврини ўз бошидан кечирмоқда. “Аёллар адабиётшунослигига”  муносиб ҳисса қўшган инглиз адибаси Вирджиния Вульф (3, 73) саналади.  Япон адабиётшунослари “Япония аёллар адабиёти”ни шакллантирган адибалар ижодини ўрганиб, унинг ўзига хос хусусиятларини, аёл ижодкорларнинг қаҳрамон образини яратишдаги гендерлик аломатларини аниқлади. Ю.Румак машҳур ёзувчилар асарларини таҳлил қилиб, уларда генетик жиҳатдан фарқни кўрсатди. Чунончи, япон адибалари асарларини японча ёзув (идеографик силлабик, яъни аралаш ёзув) билан, эркак ёзувчилар эса хитойча ёзувда ёзган. Чунки ўрта асрларда Японияда хитой тили илм-фан тили, расмий ҳужжат ва олимлар тили деб ҳисобланган. Мураккаблиги боис хитой тилини япон аёллари ўргана олмаганлар (4, 23).Худди шундай ўзбек адабиётида поэтик мактаб яратган аёл ижодкорлар ҳам мавжудки, уларнинг адабий меросини, эстетик оламини тадқиқ этиш бизларни мана шу каби фикрларга олиб келади.

Ўзбек адабиётида ҳам аёллар адабиётини кенг тадқиқ этиш учун етарлича манбаа мавжуд. Чунки, ўзбек мумтоз адабиётида аёл ижодкорларнинг ўрни ва ўз нуфузи бўлган. Саройларда  шоираларнинг, ижодкор аёлларнинг махсус мушоиралари, адабий анжуманлари бўлишган. Уларнинг асарлари эътирофларга, таҳсинларга сазовар бўлишган. Жумладан, шоира Нодира, Жаҳон Отин Увайсий, Дилшоди Барно, Анбар Отин каби ижодкор аёлларнинг ижодий мероси ўзбек адабиётида аёллар адабиётининг анча илгари пайдо бўлганига ишорадир. Чунки бу ижодкор шоиралардан катта адабий мактаб қолганки, бу мактаб анъаналари бугунги кунда ҳам тадқиқ этилмоқда. Улар яратган адабий мактабларда юзлаб ёш шоиралар шаклланган, аёлларнинг илмли, зиёли, диний ва дунёвий билимларни мукаммал эгаллаши ижодининг пафосига айланган. Тарихий ёдномаларда,тазкираларда уларнинг адабиёт назариясининг билимдони эканлиги, адабиётнинг бир қанча жанрларида ижод қилганлиги эътироф этилган.

Ижодий жараёнда аёллар образи тасвири билан аёллар адабиётини ўзига хос фарқли жиҳатлари мавжуд. Ўзбек адабиётининг энг сара асарлари аёлларга бағишланган, уларни мадҳ этган асарлардир. Шунинг билан бирга ўзбек шоиралари ва адибалари, уларнинг ижоди, адабий мероси, маҳорати ҳам ўзига хосдир. Ўзбек адабиётида мактаб яратган шоираларимиз томонидан яратилган адабий мактабларнинг – аёллар адабиётининг шаклланишида ўрни беқиёс. ХХ аср ўзбек адабиётида мана шундай адабий мактаб яратган шоиралар сирасига шоира Зулфия адабий мактабини киритишимиз мумкин. Чунки шоира Зулфия адабий мактаби Т.Содиқова, Ҳ.Худойбердиева, О.Ҳожиева, Г.Жўраева, Ҳ.Ахмедова сингари бир қанча истеъдодли шоираларни етиштириб берди. Шубҳасиз, адабий мактаб, ижодий муҳитни истеъдодлар яратади. Айни пайтда бу муҳит етишиб чиқаётган ижодкорларнинг савиясини белгилайди. Ҳар бир адабий мактабнинг ўрни унинг ижодкорларининг истеъдоди орқали баҳоланиши мумкин. Аёл ижодкорларнинг ижодида аёл образи, аёл қалби тасвири ўзгача тасвирланади. Аёл  ижодкорлар аёл кишининг руҳиятини эркак ижодкорлардан кўра чуқурроқ идрок этади.  

Шоира Зулфия эстетикасида алоҳида ажралиб турадиган муҳим жиҳатлар ўзбек аёлининг мардонаворлиги, улуғ ғояларни тараннум қила олиш қобилияти, аждодларга хос зукколик, Нодира, Увайсий, Анбар Отин сингари мумтоз шоиралар маслагига мослигида кўринади. Булар шоиранинг асл орзулари ушалишида, шеъриятда аёл образининг теран мушоҳадакор фикрлар билан чизилишида кўринади. Испан файласуфи Хосе Ортега-и-Гассет шундай ёзади: “Ҳар қайси санъатнинг тарихи инсон қалбининг томонларидан бирини ифодалашга бўлган қатор уринишлардир. Худди шу нарса уни бошқа санъатлардан ажратиб туради. Бу уринишлар шундай бир эгри чизиқни ташкил қиладики, санъат камалакнинг енгил ўқи каби шу чизиқ бўйлаб замон қаърига ўз мақсади сари интилади. Интиҳосиз уфқдаги шу нуқта ҳар қайси санъатнинг йўналишини, моҳиятини ва маъносини кўрсатиб туради” (6, 307). Ҳақиқатан ҳам, ижодкор фитратидан ўсиб чиққан улуғ ғоялар оптимистик кайфиятга бориб туташади. Барча санъат асарларида бўлгани каби сабаб ва оқибат фалсафаси туйғулар реализмини юзага чиқаради. “Аёллар адабиёти”да аёл қалби тасвири, қалб суврати айнан икки мавжудлик жумбоғини таҳлил қилишда янада ёрқинроқ намоён бўлади. Борлиқни бадиий инкишоф қилишда эстетик муносабат муҳим аҳамият касб этиши синалган ҳодиса. Ушбу назарий ақида ва тушунча шеърий шакл тадрижида ижодкор идеали билан чамбарчас боғлиқ тарзда юзага чиқади. О.Гассетнинг ижодкор оламшумул воқелик билан оммага танилиши аниқ, аммо унда юксак санъат асари учқунлари бўлмаса узоқ яшай олмайди,деган таърифи ХХ ва ХХI асрлар адабиёти кўзгусида ўзининг ҳақиқат эканлигини исботлаб турибди. Бугун аёл ижодкорлар оламидаги мана шу яшовчанлик давом этиб, “Аёллар адабиёти”нинг шаклланиши ва давомийлигини юзага чиқариб турибди десак янглишмаган бўламиз. Истиқлол даври адабиётида Ҳалима Ахмедова, Фарида Афрўз, Зебо Мирзо, Хосият Рустамова,  Хосият Бобомуродова каби ижодкорларнинг поэтик олами, уларнинг бадиий ижоди адабиётнинг шаклланишида, маънавий хазинанинг юксалишида ўз ўрнига эгадир.

Адабиётлар:

  1. Baym N.  Woman’s fiction: F guide to nevels by a. about women in America, 1820-1870. – Hhaga; London: Cernel unif.Press. 1978. – 320 p.; Бу ҳақда қаранг:  Умурова Г. Зулфия бадиий олами ва поэтик  мактаби. Филол. фан.  д-ри (DSc)... дисс. – Самарқанд: 2019.
  2. Раҳмонов Н., Болтабоев Ҳ. Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари, 1-жилд. – Тошкент: Фан, 2003.
  3. Rigney B.H. A wreath upon the grave? The influence of Virginia Woolf on feminist critical theory// Criticism and critical theory.- L.: Arnold, 1984.
  4. Румак Ю.С. Факторы формирования гендерных образов в культуре Японии:Автореф. дисс ... канд. культурологи. – Саратов:  2010.
  5. Пакина Е.В.  Типология женских образов в романах В. Скотта: Автореф. дисс ... канд.филол. наук. – Нижний Новгород:  2004.
  6. Хосе Ортега-и-Гассет. Одам Ато жаннатда. Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. – Т.: «Маънавият», 2010.
  7. Ғолима М. Туроннинг алп қизлари. – Тошкент: Ёзувчи, 1997. 
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati