ГАДОИЙ ИЖОДИДА ҚОФИЯ ШАКЛЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОС ИФОДАЛАНИШИ

Асланова Ҳафиза Абдурахимовна,

СамДЧТИ ўқитувчиси

Калит сўзлар: бадиий санъат, маънавий санъат, лафзий санъат, қофия, вазн, бошқофия, мукаррар, такрир, зулфиқофиятайн, ҳожиб, радиф.

Маълумки, бадиий санъатнинг таркибий қисми маънавий ва лафзий гуруҳланишни ташкил этади. Улар ҳам ўз навбатида кичик таснифланишга эга. Маънавий санъатлар – лирик мероснинг мазмуний моҳиятини, лисоний бирликларнинг тасвир объектига образли ички маънони ифодаласа, лафзий санъатда эса, шеъриятнинг зоҳирий шакллар жимжимадорлиги билан аҳамиятлидир. Гадоий ижодида илми баденинг нафис намуналарини учратамиз. Улар шоир меросининг бадиий санъатларда анъанавий ва шу билан бир қаторда бетакрор услубини намоён қилади. Айниқса, маънавий санъат намуналарида шоирнинг ижодий-поэтик истеъдоди тўлақонли очилади. Биргина лаффу-нашр ифодаланишида ижодкор ошиқ қалб туйғуларини образли баён этишлигини кўрсатади. Ўз ўрнида маҳбубанинг ташқи портрети ички олами билан уйғунлигини таърифлайди. Қолаверса, лингвистик нуқтаи назардан семантик синонимия, тасвирий ифоданинг индивидуал шаклларини ўқишимиз мумкин.

Гадоий шеъриятида анъана-вийликка индивидуал ёндашишлик маҳорати илмий асосни талаб этади. Унинг ҳар бир ғазалида илми баденинг кўплаб намуналари даврий анъанага мос ва шу билан бир қаторда индивидуал услуб касб этади. Шу боис ҳам Гадоий ўз шеъриятида ижодий ўзига хослик хусусиятлари, ижтимоий масалалар талқини, бадиий санъатлар ва тимсол яратиш маҳоратлари, вазн, қофия, бадиий тасвир воситаларидан моҳирона фойдаланган. Диний ва дунёвий ишқнинг бадииятда қўлланилиши, унинг учун эса, қофия ва вазн тизимининг мувофиқлиги, шеърий санъатларнинг қўлланилиш доираси чуқур таҳлилларни келтириб чиқаради.

Шеърнинг бошида келадиган сўзларнинг оҳангдош бўлиб келиши эса, бошқофия деб айтилади. Гадоий ижодида бу санъат ҳам бир хил ҳижоланишга эгадир.

Санингдек шоҳнинг остонасинда,

Манингдек бир Гадо бўлмаса бўлмас. [4, 126].

Ёки:

Сийратинда, дилрабо давлат нишони кўрнадур,

Суратингда дағи анвоъи маъний кўрнадур. [4, 145].

Мумтоз адабиётимизда ҳар бир мисра сўнгида иккитадан сўзнинг қофияланиб келишига - зулфиқофиятайн дейилади. “Байт мисраларида иккитадан сўзни қофиядош қилиб келтириш усули зулқофиятайн (қўш қофия келтириш) санъати дейилади. Ҳар қайси байтдаги қофиядош икки сўз мисралар охирида кетма-кет ёхуд мисраларнинг турли ўрнида келтирилиши мумкин.

Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонидаги

Кўнглига хаёлидин тафаккур,

Жониға висолидин таҳайюр

...Дардимға хаёлини табиб эт,

Жонимға висолини насиб эт,

Ҳам ҳужраи хилқатим бузулди,

Ҳам риштаи тоқатим узилди.

каби кўплаб байтлардаги қўш қофиялар мутакаррин қофия саналади.

Қофиядош икки сўз мисраларда ёнма-ён эмас, балки икки ўринда келса, улар маҳжуб қофия дейилади. Бу хил қофияларда қофиядош сўзлар мисраларнинг боши ва охирида келиши мумкин. Масалан, Алишер Навоийнинг «Ҳайратул аброр» достонидаги

Авж тутуб шуълаи жабборлиқ,

Мавж уруб лужжаи қаҳҳорлик

«Сабъаи сайёра» достонидаги

Ҳайратда вуҳуш ваҳшатимдин,

Меҳнатда туюр меҳнатимдин

байтларидаги қофиялар шу хилдадир [6, 26].

Гадоий лафзий санъатининг аҳамиятли жиҳати шундаки, ижодкор сўз бўғинларини тенг миқдорда қўллаши билан ажралиб туради.

Чун гашт учун отландинг, аё сарви равоним,

Етти ети гардунға манинг оҳу фиғоним [4, 229].

Ёки:

Эй наъими нози оламдин манга дилдор умид,

Дилраболарнинг ичинда жонума дийдор умид [4, 147].

Шеърнинг ҳар бир мисраси охиридаги оҳангдош сўзларнинг қўлланилиши - қофия саналади. “Қофия ва унинг турлари, таркибий тузилиши шарқ поэтикасида алоҳида фан - «Илми қофия»да ўрганилган. Бу назария қофия таркибини фонетик жиҳатдан тўлароқ текширишда катта имкониятларга эга. Унга кўра қофия равий (луғавий маъноси туяга юк боғлайдиган арқон, истилоҳий маъноси эса, қофияни ташкил этув-чи асосий унсур) ҳарфидан- товушидан иборат. Масалан, «вафо» ва «жафо» сўзларидаги о товуши, «вафодор» ва «жафодор» сўзларида эса, р товуши равийдир. Қофия назариясига кўра, қофияда равийдан ташқари яна саккизта унсур бўлиб, булардан тўрттаси-ридф, қайд, таъсис ва дахил равийдан олдин, тўрттаси- васл, хуруж, мазид ва нойира равийдан кейин келади.

Мумтоз поэтикага кўра, қофия иккита асосий гуруҳга - муқаййад (ўзакнинг оҳангдошлигига асосланган) ва вамутшқ (қўшимчали сўзлар оҳангдошлиги) қофияларга ажратилади.

Муқаййад қофия равий, таъсис, ридф, қайд, дахил каби унсурлардан, мутлақ қофия эса васл, хуруж, мазид, нойира сингари узвларни ўз ичига олади. Ушбу унсурларнинг қўлланишига нисбатан муқаййад қофия етти (муқаййади мужаррад, муқаййа-ди муассас, таъсисли ва дахилли муқаййад, ридфи аслийли муқаййад, ридфи муфрадли муқаййад, ридфи мураккабли муқаййад, қайдли муқаййад) турга, мутлақ қофия эса 25 хил (мужаррад, таъсисли, таъсисли ва дахилли, ридфи аслийл, ридфи муфрадли, ридфи мураккаб, кайд, хуружли, таъсис ва хуружли, таъсис, дахил ва хуружли, ридфи аслий ва хуружли, ридфи мураккаб ва хуружли, кайдвахуружли, мазидли, таъсис ва мазидли, таъсис, дахил ва мазидли, ридфи аслий ва мазидли, кайд ва мазидли, ридфи мураккаб ва мазидли, нойирали, таъсисли ва нойирали, таъ-сис, дахил ва нойирали, кайд ва нойирали, ридфи аслий ва нойирали, ридфи мураккаб ва нойирали) тасниф қилинади.

Кўриниб турибдики, Шарқ мумтоз қофия назарияси ўз характери жиҳатдан жуда ҳам мукаммал фонетик тизимдир. Бинобарин, замонавий шеъриятдаги қофия ҳам мазкур назария асосида тадқиқ қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди [5, 317-318]. Гадоий услубида ғазалларининг аксарияти тўлиқ қофияланиш тизимига эгадир.

Ул малаксиймо санам, гар ҳур эмастур ё парий,

Пас недур бу насли одамдин анинг юз ё барий? [4, 163].

Қофия шеър интонациясида, ритмик таркибида, синтактик бирлигида, банд тузилишида муҳим вазифа бажаради, у шеърий нутқни оҳангдор ва таъсирли қилишга хизмат этади, мисраларнинг ёдланишини осонлаштиради.

Ҳар нечаки сентек менга дилдор топилмас.

Мендек сенга ҳам ёри вафодор топилмас [4, 134].

“Мумтоз шеъриятимиздаги қофия анчагина ҳолатларда радиф билан биргаликда қўлланиб келган. Радиф “изма-из келувчи” маъносини ифодаловчи сўз бўлиб, адабиётшуносликда қофиядан сўнг келиб айнан такрорланувчи сўз ёки сўзлар бирикмасини англатади. Радифлар шеърда ифодаланаётган етакчи фикрни таъкидлаш, ўқувчи эътиборини асосий ғояга жалб этиб шоир ғоявий ниятини ўқувчи қалбига тўлароқ, чуқурроқ етказиш мақсадига хизмат қилади” [6, 84]. Гадоийнинг юзлаб ғазаллари радиф билан ёзилгандир.

Ёз фасли боғ агарчи равзайи ризвон эрур,

Сенсиз, эй ҳури парийпайкар, манга зиндон эрур [4, 126].

Ёки:

Ҳар нечаки сентек менга дилдор топилмас.

Мендек сенга ҳам ёри вафодор топилмас [4, 155].

Шеър таркибидаги бир қаторда бир сўзнинг бир неча марта санаш оҳанги билан такрорланишига - такрир деб айтилади. “Такрорлаш воситасида сўз маъносини, унинг моҳиятини таъкидлаб кўрсатиш ушбу санъатнинг асосий хусусияти саналади” [6, 125]. Гадоий такрирларида ҳолатларни ифодалаш, ошиқнинг аҳволоти тасвири етакчилик қилади.

Чун гашт учун отландинг, аё сарви равоним,

Етти, етти гардунға манинг оҳу фиғоним [4, 129].

Ёки:

Ҳосид айтур: Ул эшикта хорсен тупроқтек,

Оғзиға, оғзига урунг, сўзласун иззат била [4, 143].

“Такрорлаш воситасида сўз маъносини, унинг моҳиятини таъкидлаб кўрсатиш ушбу санъатнинг асосий ху-сусияти саналади. Чунончи, Алишер Навоий ғазалидаги

Дема, ишқим найладиким, рўзгорингдур қаро,

Ўртади, эй қотили номеҳрибоним, ўртади

байтининг иккинчи мисраси бошидаги «ўртади» сўзини байт охирида яна бир такрорлар экан, шоир шу сўз англатаётган маънони таъкидлаш мақсадини кўзлагани кўриниб турибди [6, 125].

Гадоий ғазалларида Шарқ поэтикасининг фикрни равон ва нафис ифодалаш йўллари ва воситалари, бадиий санъатларнинг турлари ҳамда хусусиятлари каби муҳим масалаларни ўз ичига олувчи соҳаси бўлмиш илми бадеъ ҳам ўзининг чиройли ифодасини топган. Шоир илми баденинг мазмуннинг таъсири ва ҳаяжонлилигини оширадиган, фикрни бўрттириб, оҳангдорликни кучайтирадиган тазод, талмеҳ, ташбеҳ, таносиб, итфоқ, ҳусни таълил, ирсолул масал, тажоҳул-ул-ориф, лаф ва нашр, тарсеъ, тарди акс, тажнис, ийҳом каби қатор поэтик шаклларидан маҳорат билан фойдаланган.

Такрир санъати билар бир қаторда мукаррар санъати ҳам борки, бунда шеър таркибидаги бир қаторда бир сўзнинг такрор тарзда қўлланишига айтилади. Мукаррар – сўзи “қайта-қайта, уст-устига” деган маъноларни ифодалайди. Такрирда бир хил сўзнинг санаш оҳанги билан ифодалаш етакчилик қилиб, унга вергул тиниш белгисидан фойдаланишлик талаб этилса, мукаррарда бир хил сўз такрорланишда қўлланилиб, чизиқча имловий белгиси асосида ёзилиши кўрсатилади.

Мен Гадойи хастани боре соғинғин кеч-кеч,

Гар муяссар бўлмаса сўрмак, азизим, бот-бот [4, 178].

Гадоийнинг ижодий маҳсуллари бадиий санъатларнинг сержилолиги билан ҳам ўқувчининг дилидан жой олади. Мавлоно Гадоий айни туркий шеъриятнинг гуллаб яшнаган пайтида ижодий баркамоллик касб этди.

 

Адабиётлар:

1. Алишер Навоий. “Мажолисун-нафоис”, Илмий-танқидий матн, - Т., 1961.

2. Аҳмадхўжаев Э. Гадоий (Ҳаёти ва ижодий мероси) - Т., 1978.

3. «Девони Гадо»(دڍۈ١ڹ کدآ) Париждаги «Biblatique Nationale» («Миллий кутубхона»)нинг «Departament des. Manuscrits Suppl turc» («Турк қўлёзмалари бўлими»)да 981-рақамли инвентарь остида сақланиб келинаётган қўлёзма.

4. Рустамов М. Гадоий девонининг луғати ва матни. ЎзФА Алишер Навоий номидаги Давлат музейи таҳрир бўлими. - Т., 2007.

5. Салаев Ф., Қурбонниёзов Г. Адабиётшунослик атамаларининг изоҳли сўзлиги. – Т., 2010.

6. Ҳожиаҳмедов А. Мумтоз бадиият луғати, “Янги аср авлоди”, Тошкент, 2008 й.

 

Aslanova H. In the work of Gadoi, the peculiar expression of rhymes’ form. The article deals with the expression of lafziy arts in Gadoi’s activity. It presents the analysis of Gadoi’s word using as a literary skill. Moreover, the article describes the comparisons of individual approach of Gadoi’s rhyme forms.

Асланова Х. В работе Гадои рифмы - это форма самоидентификации. В статье рассматривается искусство «лафзи» как выражения формы стиха в работе Гадои. Представлен анализ использовании слов в творческого мастерства Гадои. А также представлены сравнения индивидуального подхода Гадои к рифмованным формам.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati