ИНГЛИЗ ВА ЎЗБЕК МАҚОЛЛАРИДА “БИЛИМ” ТУШУНЧАСИНИНГ СЕМАНТИК МАЙДОНИ

Билим инсон интеллектини ривожлантирувчи, ҳаёт кечириш учун зарур манбадир. Билим инсонга турли ғояларни шакллантиришга, уларни лисоний ифодалашга, оламда содир бўлаётган воқеаларни қабул қилиб таҳлил қилишга ва турли объектлардан олинган маълумотларга жавоб қайтаришга ёрдам беради. С.Г.Воркачёв таъкидлашича, «концептга оид турли фикрларнинг мажмуаси унинг жамоавий билим бирлиги эканлигини исботлайди. Билим, ўз навбатда, тил бирликлари ёрдамида акс топади ва этномаданий хусусиятларга эга бўлади» [С.К. Воркачёв, 2001, б. 68].

У ёки бу лисоний маданият соҳиблари онгида кечаётган тафаккур жараёнини тилда ўз изини қолдиради ва мазкур онг “бўлакчалари” дунё ва воқелик объектлари ҳақидаги билим тизимлари бўлган лисоний концептлар кўринишида авлоддан авлодга тил орқали етказиб берилади. Демак, мазкур лисоний маданият соҳибларининг перцептив, концептуал ва процессуал билимлари йиғиндиси бўлган концептлар тўғридан-тўғри онг билан боғлиқ. Ушбу билим паремиологик бирликлар семантикасида фаоллашади. Е.М.Верещагин ва В.Г.Костомаровларнинг таъкидлашича, паремиялар барча таркибий қисмлари иштирокида миллий маданиятни мажмуавий тарзда  акс эттиради [Е.М. Верещагин, В.Г. Костомаров, 1990, б.23].

            Мақоллар инсоннинг субъектив дунёқараши ёки маънавий фаолияти негизида турган оламнинг глобал сиймосини батафсил намоён қилади ва ифодалайди. Объектив воқеликнинг бундай субъектив ифодаси, воқеликни нафақат  кўзгудагидек акс эттирувчи, балки уни ижодий тарзда талқин қилувчи турли хил баҳоларни ўзида мужассам этган ҳолда лисоний код кўринишини олади. Кўплаб тилшунослар мақолларнинг келиб чиқиши масаласида фикр билдириб, уларнинг муаллифи халқ ва халқ донишмандлиги эканлигини қайд этишган. А.В.Кунин мақолларни ибратли маъно ва турғунлашган шаклга эга бўлган ихчам ҳикматлар сифатида талқин қилади [А.В. Кунин, 2005, с.432]. Мақоллар – турмушда орттирилган донишмандлик дурдоналари, азалий тажрибада синаб кўрилган халқнинг маънавий бойлиги ва маданий меросидир [П.У.Бакиров, 2018, б. 98]. Мақол ва маталлар ўз структуравий ёки семантик хусусиятлари билан фарқланади. “Мақоллар – қисқа рамзли ҳиқоя, халқчил лўнда, қочирим маънода айтилган ва муомалага чиқарилган ҳукм, насиҳатдир. Матал – ҳам шаъма, қочиримдир, бироқ унда рамзли ҳикоя ва ҳукм йўқ. Матал мақолнинг ярми ҳисобланади” [В.И.Даль, 1998, б.8].

            Маҳаллий ва хорижий фольклоршуносларнинг турли нуқтаи назарларидан хулоса чиқариб, паремияларнинг келиб чиқиши тўғрисида иккита қарашнинг мавжудлигини кўриш мумкин: 1) мақоллар халқ ижоди маҳсули эканлигини таъкидловчи романтик қараш; 2) паремиологик бирликларда муаллиф мавжудлиги ғоясини илгари сурувчи ёндашув. Биз кўп ҳолларда биринчи, яъни романтик йўналиш нуқтаи назарига қўшиламиз.

            Паремиялар семантикасидан ахлоқий-диний, ижтимоий-иқтисодий, тарихий-жўғрофий маълумотлар жой олади. Дунё халқлари ва уларнинг авлод-аждодлари ранг-баранг воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиб, турфа паремияларни яратишган. Паремиялар кўп асрлик фольклорга дахлдор. Ҳар қандай тилдаги паремияларнинг катта қисмини инсоннинг ташқи ва шахсий хусусиятларини тавсифловчи ҳамда жамоатчиликнинг уларга берган баҳосини билдирувчи паремиялар ташкил этади. Мақоллар авлоддан авлодга ўтиб келаётган инсон ҳақидаги қарашларнинг майда тафсилотлари ва нозикликларини билдирувчи антропоцентрик маълумотни  келгуси авлодга узатиб боради.

            Мақолларнинг вазифаси маълум низолар ечими ёки музокаралар воситасида келишувга қаратилмаган. Бирор нарсани таъкидловчи ёки инкор этувчи мақоллар ёрдамида катта авлод ёшларга инсонлар тажрибасини етказиб, таълим беради. Уларнинг маъноси негизида, шак-шубҳасиз, ҳақиқат мавжуд. Мақолнинг прагматик мақсади тингловчига таъсир кўрсатишдан иборат, шунинг учун унинг баҳолаш вазифаси муҳим роль ўйнайди. Паремиялар маълум афористик маъноларни, атрофдаги воқеа, ҳолат ёки ҳодисаларга нисбатан ҳар хил муносабатни ифодалайди. Паремиялар маъносида акс этган баҳо ижобий, салбий ва бетараф (нейтрал) бўлиши мумкин. Ҳажвий, аччиқ, истеҳзоли, ҳамда кулгили ва кинояли мақоллар аслида баҳолаш вазифасини бажаради. Баҳоларнинг асосий қисми инсонни тавсифлаш билан боғлиқ бўлиб, айнан, инсон у ёки бу провербиал тузилма юзага келаётган ҳаётий вазиятларнинг марказида бўлади.

Мазкур тадқиқотда 250 дан ортиқ “билим” концептосферасига оид инглиз ва ўзбек мақоллари таҳлил қилинди ва улар турли гуруҳларга ажратилди:

  1. Билим олиш, билимни қабул қилиш вақти ва шароитларини тасвирловчилар;
  2. Ҳаётий муаммоларда билимнинг аҳамияти, билимга бўлган эҳтиёжни акс эттирадиганлар;
  3. Билимнинг имконияти, билимга эга бўлишнинг афзаллиги ҳақидагилар;
  4. Билимни баҳолаш мазмунидагилар;
  5. Билимни бировга ўргатишга йўналтирилганлар;
  6. Билимдан тўғри фойдаланишга ундовчилар;
  7. Билимни йўқотиш ва бу ҳодисанинг сабаблари ҳақидагилар.

Дарҳақиқат, билим турли ҳодисалар ва ҳаёт жараёнларида намоён бўлади. Инсон дунёга келиши билан унинг билимга бўлган эҳтиёжи пайдо бўлади ва ҳаёти давомида билимни ўзлаштиради.

Билим олиш, билимни қабул қилиш вақти ва шароитлари” мавзусига оид мақоллари иккала тилда ҳам аниқланди. Масалан, инглиз тилидаги If you want knowledge, you must toil for it (Билим тиласанг, ҳаракатда бўласан) мақоли инсонни билим олиш учун ҳаракат қилишига чорлайди, зеро, ҳаракатсиз самарали натижа бўлмайди.

Билим олиш ҳеч қачон кеч эмас: It is never too late to learn – Ўрганиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди.

Билим олиш вақти чегараланмаган бўлса-да, мақоллар уни ёшлик пайтида қабул қилиши осон ва самарали эканлигига ишора қилади: A young twig is easier twisted than an old tree.

Билимни олиш учун, уни севиш, унга интилиш керак: A man doesn’t learn to understand anything unless he loves it  – То одам ишини севмаса, уни ҳеч қачон англамайди.

Билимнинг имконияти, билимга эга бўлишнинг афзаллиги” мавзуси доирасида қуйидаги мақоллар иккала тилда ҳам кенг фойдаланилади: Investment in knowledge pays the best interest – Билим олиш юксакдир.

Билим – катта кучдир: He who has knowledge has force – Билимга эга, демак, кучга эга; Knowledge is power – Билим – куч.

Мақолларда билимнинг катта аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланади: Lamp of knowledge burns brightly – Билимнинг чироғи ёруғ бўлади.

Билим – инсоннинг маънавий бойлиги ҳисобланади: Knowledge is the treasure of the mind – Билим бошнинг хазинасидир.

Билим моддий бойликдан устун туради: Knowledge is better than riches – Билим бойликдан афзал.

 “Билимни баҳолаш” мавзусига қуйидаги мақолларни келтириш мумкин: Knowledge has bitter roots but sweet fruits мақоласи билим олиш машаққатли меҳнат эканлигига ишора қилиб, билимнинг “мевалари”, яъни натижалари, яхши эканлигини тасдиқлайди. Билим олишда ҳажм ҳам катта роль ўйнайди, зеро, мақоллар маъносида билимнинг ортиқчаси салбий баҳоланади: Increase your knowledge and increase your grief – Билимингни кўпайтирсанг, ғаминг кўпаяди. Бироқ, мақолларда билим олишнинг чегараси йўқлиги намоён қилинган: Weight of knowledge is never measured – Билимнинг ўлчови йўқ.

Мақоллар бўйича билим олиш ўзини англашдан бошланади: Knowledge begins with awareness of self – Билим ўзингни англаганингдан бошланади. Ўзини англаган одам эса, бошқаларни ҳам тушуна бошлайди: He that knows himself knows others – Ким ўзини англаса, бошқаларни ҳам англайди.

Билим камлиги ёки йўқлиги мақолларда негатив баҳоланади: Little knowledge is a dangerous thing – Билимнинг камлиги жуда хавфли; йўқлиги эса – фалокат: Nothing between the ears.

Билимнинг ҳажмига келсак, унинг ҳажми қанчалиги эмас, балки  сифати аҳамиятга эга: It isn’t how much you know, but what you know – Қанчасини эмас, нимани билганинг керак.

Билимга эга бўлган инсон бундан мақтанмаслиги керак: He that boasts of his own knowledge pro­claims his ignorance – Ким билимини мақтаса, демак, у нодон.

Ҳаёт масалаларида билимнинг аҳамияти, билимга бўлган эҳтиёж” масаласи паремиологияда ўз аксини топган: A child must learn to crawl before it can walk – Бола оёғида юришидан олдин, эмаклаб юришни ўрганиши керак.       “Билимни бировга ўргатиш” мавзуси паремиологияда юқори баҳоланади, чунки бировга билим бериш жамиятнинг ривожига ҳисса қўшади: If you have knowledge, you should let others light their candles by it – Билиминг бўлса, уни бошқаларга беришинг керак, улар сенинг билиминг ёрдамида чироқларини ёқишсин. Мазкур мақолнинг маъноси метафоризация асосида воқеланади ва билим ёруғлик эканлигига ишора мавжуд. 

Билимдан тўғри фойдаланиш” мавзусига оид мақолларни таҳлилга тортамиз: It is good to know much but better to have use of what we know – Кўп нарсани билганинг – яхши, аммо, уни қандай ишлатишни билсанг – ундан яхшироқ.

Билимни йўқотиш ва бу ҳодисанинг сабаблари” мавзуси инглиз ва ўзбек паремиологиясида фаол. Масалан, тезда ва тажрибасиз равишда олинган билим тезда унутилади: What is quickly done is quickly undone – Тез олинди, тез йўқолди.

Маълумки, инсоннинг ҳаёти давомида ақл ва заковати ўсиб бораверади. Бунга ҳаётий тажриба туртки берувчи омиллардан биттаси сифатида хизмат қилади:

Adversity is a good disciple – Машаққат – яхши мактаб [К.М. Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.4]. Мазкур мақолдан кўриниб турибдики, инсонни машаққат, меҳнат, ҳаётнинг ўзи кўп нарсани ўргатади. Ўзбек тилида ҳам унга аналоги мақол мавжуд: Бош тошга тегса, ақл бошга кирар. Мазкур мақолда “тош” лексемаси метафорик маънони ифодалайди: қийинчилик, машаққат, оғир кунлар. Одам машаққат орқали кучайиб боради ва ақли кўпаяди, тажрибаси ўсади.  

Шундай қилиб, ҳаёт қийинчиликлари инсонни маънавий ва руҳий тарбиялайди, унинг ақлини кўпайтиради:

Adversity makes a man wise, not rich – Қийинчилик одамни доно қилар, аммо, бойитмас = Замон сени ўқитар, таёқ билан сўкитар [К.М. Караматова, Ҳ.С. Караматов, 2000, б.5]. Мақолларда, шуни таъкидлаш керакки, бойликдан кўра ақл баланд поғонада туради. Ҳақиқатан ҳам, бойлик вақтинчалик бўлиши мумкин, ақл эса инсонни улуғлайди, уни ҳурмат-иззатга сазовор қилади. Бундан ташқари, тажрибали одамни алдаш ва енгиш қийин бўлади:

Old birds are not to be caught with chaff – Қари қушни тузоқ билан тутиб бўлмас [К.М. Караматова, Ҳ.С. Караматов, 2000, б.28]. Мақолда “old bird” (қари қуш) бирикмаси метафорик кўчма маънони ифодалайди, яъни тажрибали, кўпни кўрган инсон. Ўзбек тилида ҳам шунга ўхшаган мақол метафорик кўчма маънони воқелантиради: Тўрга тушган балиқ қармоқдан қўрқмас.

Инсонлар ақл ва идрок нуқтаи назардан бир-биридан ажралиб туради. Ҳар бир инсон ўзига хос ақлий қобилиятига эга. Инглиз ва ўзбек тилларида буни исботловчи мақоллар тез-тез ишлатилади:

All bread is not baked in one oven – Ҳамма нон ҳам битта тандирда ёпилган эмас. Ўзбекча аналог: Беш қўл баробар эмас; Ҳар супранинг нони бор [К.М. Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.7]. “Нон” ёки “қўл” деганимизда, биз инсонни назарда тутамиз. Мақолларда бундай компонентлар метафора асосида ўз маъносига эга бўлади.

Ақлнинг қарама-қарши тушунчаси – бу аҳмоқликдир, телбалик. Телбалик баъзан ақл-хуши жойида бўлган инсонда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бунга асосий сабаб – ғазабдир. Мақолларда айнан ғазаб инсонни ақлидан жудо қиладиган салбий туйғу сифатида намоён қилинади:

Anger is a short madness – Ғазаб – қисқа муддатли телбалик. Ўзбек мақоли ҳам худди шуни тасдиқлайди: Жаҳл келганда ақл кетади [К.М.Караматова, Ҳ.С. Караматов, 2000, б.10]. Демак, ақл ва жаҳл бир-бирига мос келмайдиган тушунчалар. Жаҳли чиққан одам ақл доирасида иш қилиши мураккаб. 

Ақлли одамнинг нияти ҳам, ҳаётидаги мақсади ҳам тўғри танланган бўлади:

A good archer is not known by his arrow, but his aim – Яхши мерган камон ўқи билан эмас, пойлаган нишони билан машҳур = Уста овчи бекорга ўқ отмас [К.М. Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.12]. 

Маълумки, санъат ақл ва заковат билан жуда яқин муносабатларда. Зеро, санъатни тушуниш ҳам одамдан ақлий фаолиятни талаб қилади. Ақли паст одам ҳеч қачон санъатни, гўзалликни қадрига етмас. Иккала тилда ҳам буни исботловчи мақоллар аниқланди:

Art has no enemy except ignorance – Санъатнинг нодонликдан ўзга душмани йўқ [К.М.Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.12]. Энди ўзбек паремиясига назар ташлаймиз: Аҳмоқнинг ўзи билмас, билганнинг сўзига кирмас. Мақолдан кўриниб турибдики, аҳмоқ деб ўзи билмаган, лекин, билган инсоннинг гапига кирмайдиган, маслаҳатига риоя қилмайдиган одам аталади. Ақлли одам ўзи билмаган билимни излайди ва топади, уни қабул қилади ва унга таянган ҳолда ҳаракат қилади.

Китоб – ақлнинг манбаси ҳисобланади. Китобдан кўплаб маълумотлар ва маслаҳатлар олинади. Лекин, китоблар турли хил бўлади. Инсон одатда ўзига ёққан мавзуда, жанрда ва ўзига ёққан муаллифлар томонидан ёзилган китобни ўқийди. Мақоллар ҳам шуни тасдиқлайди:

Choose an author as you choose a friend – Китоб муаллифини дўст танлагандек танла [К.М.Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.15].

Ўзбек  паремиологиясида китобни ўқиш аҳамияти катта эканлиги намоён бўлади: Китоб кўрмаган калла – гиёҳ унмаган дала [К.М.Караматова, Ҳ.С. Караматов, 2000, б.15].

Мақоллар инсонни бир ишни бошлашдан олдин уни кўп ўйлаб кўриб, таҳлил қилиб, натижаси ҳақида фикрлашини маслаҳат беради:

In every beginning think of the end – Ҳар ишни бошлаётганда, охирини ўйла [К.М.Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.21]. Мазкур мақолда семантик оппозиция “beginning” (бошланиш)  ва “end” (охири) антонимлар ёрдамида шаклланган. Ўзбек тилида ҳам яқин маъноли аналог мақол мавжуд:

Яхши ерга ётсанг, яхши туш кўрасан, ёмон ерга ётсанг, ёмон туш кўрасан [К.М.Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.21].

Ўқиш, илм олиш ҳеч қачон кеч эмас ва мақоллар шуни ифодалайди:

Better late than never – Ҳеч бўлмагандан кеч бўлгани афзал = Ҳечдан кўра кеч яхши [К.М.Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.25].

Ҳақиқатан ҳам, инсон ҳаёти давомида кўп билим ва тажриба орттиради. Лекин, одамлар орасида шунақа тоифадагилари борки, улар билим олишни хоҳламайди. Бундай одамлар инглиз мақолларида “blind” (кўр) деб аталади. “Кўр” деганда инсоннинг кўзи эмас, унинг қалби ва ички дунёси билим, илм-фан учун ёпиқ эканлиги назарда тутилади:

 None so blind as those who won’t see – Кўришни истамаганлардан кўрроқ одам топилмас = Кўрмас – туяни ҳам кўрмас [К.М.Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.29].

Таълимнинг сифати ҳақида қатор мақоллар мавжуд:

Better untaught than ill-taught – Чаласаводдан саводсиз афзал [К.М.Караматова, Ҳ.С.Караматов, 2000, б.26].

Мақоллардан кўриниб турибдики, чаласавод, яъни таълимининг сифати паст ёки ўқиши тугалланмаган киши умуман саводсиз ёки ўқимаган одамдан паст поғонада туради. Бунинг сабаби шундаки, саводсиз одам биронта касбий ишга қўл урмайди, чаласавод одам эса, биронта ишни бошлаб, уни нотўғри бажариши мумкин. Бу эса, катта хатога олиб келиши мумкин.

            Хуллас, мақол тил ва маданиятнинг ўзаро таъсирини кўрсатувчи ва инсоннинг ички (руҳий) дунёсини баҳоловчи лингвокультуремадир (лисоний-маданий бирлик). Мақоллар инсон когнитив фаолиятининг тайёр қолипи бўлиб, оламнинг маданий, миллий ва касбий манзаралари билан боғлиқ.

Адабиётлар:

  1. Бакиров П.У. Концепт и пословицы. // Филология ва маданиятлараро коммуникация: долзарб масалалар ва истиқболлар. – Тошкент: 30 апрель 2018. – С. 98-101.
  2. Верещагин Е.М., Костомаров В.Г. Язык и культура. – Москва: Русский язык, 1990. – 246 с.
  3. Воркачев С.Г. Лингвокультурология, языковая личность, концепт: становление антропоцентрической парадигмы в языкознании // Филологические науки, 2001. - №1. – С.64-72.
  4. Даль В.И. Пословицы и поговорки русского народа. – Спб., 1998. – 544 с.
  5. Караматова К.М., Караматов Х.С. Proverbs. Мақоллар. Пословицы. – Тошкент: Меҳнат, 2000. – 398 б.
  6. Кунин А.В. Курс фразеологии современного английского языка. – Дубна: Феникс+, 2005. – 488 с.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati