МАҚОЛЛАРНИНГ ИНСОНИЯТ НУТҚИЙ МАДАНИЯТИДА ТУТГАН ЎРНИ

Мақоллар инсон учун тарихни ўзида мужассамлаштирган тил бирликларидан бирига киради. Шунингдек, узоқ йиллик тарих билан узвийликни таъминловчи кўприк вазифасини бажаради. Мақоллар – авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқларнинг юрак сатрлари, уларнинг қайғу ва шодликлари намоён қилувчи, ўтмишдан насиҳат қилувчи манбаадир.

Дунё халқлари оғзаки ижодида мақоллар ўрнак олса арзийдиган, чуқур мазмунли сўз, донолик хулосаси сифатида асосий жанр бўлиб ҳисобланади. Ўтмишда туркий халқлар фольклорида мақол жанрини ифодаловчи “саw” термини ва “оталар сўзи” сўз бирикмаси ишлатилган[М. Кошғарий Девону луғотит турк1963: 168-169].

Маҳмуд Қошғарий “Девону луғотит турк” асарида туркий халқ мақолларидан келтирган. Шунингдек, уларни шарҳлаб берган. “Девону луғотит турк” асарида туркий халқлар ўртасида кенг тарқалган 300 дан ортиқ мақол ва маталлар ўрин олган [Темирова 2018: 12].

Бу борада Европа халқ оғзаки ижодида ҳам мақолларнинг ўрни бўлакча. Шунингдек, X-XI асрларда Буюк Британияда диний эътиқод қарашларни ривожи оқибатида панд-насиҳатга оид асарларга бўлган эҳтиёжни оширди ҳамда ушбу даврда бир неча ўгит-насиҳат берадиган моҳиятга эга бўлган адабиётлар яратилди. Мисол қилиб айтсак, “Proverbs of Alfred”асари инглиз мақол-маталларининг кўҳна ёзма тўпламларидандир [Deeva 1970].

Мазкур асар 1150 - 1180 йилларда яратилган бўлиб, унинг таркибида диний, тўғри тарбияга доир масала ва кўрсатмаларни ўз ичига олгандир. Юқорида қайд этилган асар ҳамда “The book of proverb" асари илгарироқ яратилган бўлиб “Рroverbs of Solomon which the raen of Hezekiah king of Judah copied”, ’’Wisdom of Amenemope” асарлари асосида яратилган [Ridout R, Witting C1969: 224].

Қўшимча қилганда, Буюк Британияда халқ оғзаки ижодига алоҳида эътибор бериш XVI-XVII асрлар, яъни “мақол тарзидаги насиҳатомуз тил бирликларининг гуллаган даври”да ўзининг чўққисига чиқди [Fox. A2002]. Бир қанча ёзувга эга бўлмаган диалектлардан ўз талаб-эҳтиёжи учун қўлланиб келаётган инглиз халқи бу даврга келиб, турли адабиётларни нашр қилишни ўзлаштириб олди. Натижада йиллар давомида тўпланиб келган мақоллар адабий жанр қаторидан ўрин олди ва турли асарларда намоён бўла бошлади. Аксарият бу даврда мақоллардан диний муассаса (черков) вакиллари фойдаланар эди. Улар нафақат мақоллардан фойдаланиш тарафдорлари бўлиб қолмасдан, балки ўзлари ҳам Библия ва “файласуфларнинг мақоллар тўплами”дан олинган ҳаволалардан доимий равишда ибодат мобайнида фойдаланар эдилар. XIII-XV асрларда мақоллар ташвиқот давомида бепарво, беташвиш католикларни ваҳима, даҳшат воситаси сифатида ҳизмат қилган ва улар одатда, ҳамма учун тушунарли бўлган оддий халқ тилида ўз ифодасини топган эди. Масалан: “Ear and out at the other, In at one.’’ – “Бир қулоққа кириб, иккинчисидан чиқади”; ”А friend in need is friend indeed” – “Дўст кулфатда билинади. Маълум вақт ўтгач, бу каби панд- насиҳатга бой ибораларни жамлаб, китоб шаклида нашр қилишга қарор қабул қилинди. Мақолларни ўрганишга бўлган эҳтиёж уларни хар хил мақсадлар йўлида қамров доираси кенг бўлган ҳолда фойдаланиш уларни илмий томондан ўзлаштиришни тақазо қилар эди. Мақолларни қисқа ва лўндалиги, ёдда сақлаб қолиш учун равонлиги ва ўзгаларга таъсир кўрсата олганлиги боис олимлар ва нотиқлар нутқларида мақоллардан самарали фойдаланар эдилар. Мазкур давр мобайнида Буюк Британияда мақолларни ўзлаштиришда аниқ бир мақсадга асосланган илмий ўрганиш мавжуд эмаслиги сабабли, олимлар мақолларнинг миқдорини ва уларнинг келиб чиқиш манбаларини ойдинлаштириш билангина чегараланишарди. XV-XVI асрга келиб Буюк Британияда 12000 атрофида мақол ва мақол мазмунидаги иборалар мавжуд эди. Улар доимий равишда омма томонидан оғзаки ва ёзма нутқда ифодаланар эди. XV асрда эса Буюк Британияда мавжуд донишмандлик иборалардан жамланма яратиш одати мавжуд бўлиб, улар ҳаттоки лотин тилидаги таржимаси билан тақдим этилар эди. Ўтган даврнинг эътиборга молик жамланмаларидан бири Эрасмуснинг “Маталлар” номли асари ҳисобланади. Мазкур асар лотин ва грек муаллифларининг 4251 та ҳикматли ибораларини ўзида мужассам этган бўлиб, ушбу асрнинг чорак қисми давомида бир неча бор чоп этилган. Шундан сўнг Буюк Британияда донолик ифодаси бўлган ибораларни ўз ичига олган бир қанча жамланмалар дунё юзини кўрди. Улар ҳеч қандай талқин қилинмаган ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, ундаги мақол ва маталлар Эрасмуснинг асарларидан олинган. Эрасмус асарларининг қизиқарлиларидан бири Томас Барлетнинг “Dicta Spientum” жамланмаси хисобланади. Ушбу даврга келиб, Эрасмуснинг асарлари асосида яратилган жамланмалар салмоқли миқдорни ташкил қилар эди. Хусусан, Ричард Тавернер (1539), Николас Удал (1540), Уильям Балдавининг “Ахлоқий фалсафанинг трактати” (1747), Бартоломео Робертсон (1621)” номдаги асарлари Эрасмуснинг асосида яратилган эди. Бу давргача бўлган барча жамланмалардан ташқари мақол, маталлардан ташкил топган бўлибгина қолмай, балки ўзида қадимги донишмандларнинг афоризмларини, Библиядан олинган хаволаларни ҳам оларди. Ушбу даврга келиб, инглиз тилидаги мақолларни жамлаш маълум тартибга келиб қолган эди. Бундай жамланмалар қаторига Жон Хейвуднинг “The dialogue of proverbs” (1546) киради. Мазкур жамланмага 1267 мақол ва мақол тарзидаги иборалар киритилди. 1659 йил Жеймс Хоуэлл “Proverbs or Sayed Saws” номли мақоллар жамланмасини нашр эттирди. Маълум вақт ўтгач, 1670 йилда Жон Рей “A collection of English proverbs”, 1855 йил Боннинг “Мақоллар китоби”, 1870 йилда Хацлиттанинг “Инглиз мақол ва мақол тарзидаги иборалари” номли тўпламлари чоп этилди. XX асрга келиб паремиологик бирликларни назарий жиҳатдан ўрганиш даври вужудга келди, улар устида лисоний тадқиқотлар тадқиқ қилина бошлади, яъни тадқиқотчилар паремиологик бирликларни библиографик тўпламлар яратиш, янги материаллар тўплаш ва уни олдингиси билан қиёслаш, уларнинг тузилиши, яратилиш тарихи, эволюцияси ва уларнинг халқ дунёқараши билан хамоханг тарафларини тадқиқ қила бошлади. XX acp ниҳоясига келиб паремиологик бирликларни тадқиқ қилиш бўйича амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳажми кенгайди ва ҳозирга келиб кўплаб тўлиқ ишланган инглиз тилидаги мақол ва маталлар тўплами яратилган.

Ҳозирги инглиз тилидаги кенг тарқалган паремиологик бўлимларнинг этимологик таҳлиллари уларнинг 61,5 % ташкил этадиган инглиз тилидаги (шу жумладан, Америка инглиз тилида 2,5 %) ва бошқа тиллардан 38,5 % ташкил қилган.

Ўзлаштирилган мақоллар уч гуруҳга ажратилган: классик Европа тилларидан (26%), ҳозирги Европа тилларидан (11,5%), немис тилидан (0,5%). Икки мумтоз тиллардан лотинча (юнон тилидан олинган мақолларнинг кўпчилигининг оралиқ тили) (6%) бўлгани миқдорда (бирликларнинг 20%) ҳукмронлик қилган [Eugene E. Ivanov, Julia A. Petrushevskaia2015: 864-872].

Ўзбек тилшунослигида ҳам мақолларни жамлаш ҳамда уларни тўплам тарзида чоп этиш бир гуруҳ олимлар томонидан амалга оширилган, жумладан,  Х.Бердиёров ва Р.Расуловнинг «Ўзбек тилининг паремиологик луғати»и, Ш.Раҳматуллаевнинг ўзбек тилининг фразеологик луғати. Юқоридаги фаслда айтиб ўтилганидек, ўзбек тилшунослигида паремиологик луғатларни яратиш, ўрганиш Маҳмуд Қошғарий «Девону луғотит турк» ҳамда Гулханийнинг «Зарбулмасал» асарлари яратилган даврдан бошлаб бугунги кунга қадар  давом этмоқда. Мақол ва маталларда антропонимик тафаккури ва тарбияси ўз ифодасини топади. Шу боис мақоллар сўнгги йилларда пайдо бўлган  тилни антропоцентрик нуқтаи назардан тадқиқ қилиш объектига айланди.

Мақол ҳар бир халқнинг ижтимоий-маданий, тарихий, ҳаётий-маиший тажрибасини мужассамлаган ҳолда бадиий, ифодали фикр ва мулоҳазаларидан ташкил топган чуқур мазмунли тил бирликларига айтилади. Ўзбек тилидаги мақол сўзининг келиб чиқиши араб тилидан олинган бўлиб [قوڶ] – сўзламоқ, гапирмоқ маъносини англатади.

Инглиз тилига эса лотин тилидаги “proverbium” сўзидан олинган бўлиб “халқ сўзи” (a common saying) маъносини англатади. Мақолларда сўз маъноси тарбиявий аҳамиятининг ўзига хослиги ифодаланади. Сабаби, мақоллар яхлит тил бирлиги эканлигини инобатга олиб уларнинг компонентлари ўрнини алмаштириш, бирон бир элемент қўшиб бўлмайди. Улар лингвокультурологик жиҳатдан ифодаланган ҳолда тил ўз аксини топади. Мақоллар дунёдаги барча халқлар оғзаки ижодида тил воситаси сифатида намоён бўлиб, ҳажм тузилиши, пайдо бўлиши мақсадига кўра умумий ҳисобланади.

Тилшунослар мақоллар ва маталларни тадқиқ этувчи соҳани паремиология деб номланади. Тилшуносликда “паремия” термини юнон тилидан олинган бўлиб маълум бир тилдаги авлоддан-авлодга оғзаки шаклда кўчиб юрувчи, ихчам ва содда, қисқа ва мазмундор, мантиқий умумлашма сифатида пайдо бўлган турғун ибора; мақол, маталмаъносини беради [Ўзбек тилининг изоҳли луғати 2007:  222].

Халқ оғзаки ижодида муҳим ўрин эгаллаган мақолларнинг моҳияти инсон турмуш тарзининг турли соҳаларини эгаллайди. Антропоним турмушдаги воқеа-ҳодисаларга бой экан, мақоллар мазмун кўламини аниқлаш мушкул ҳолат ҳисобланади. Кундалик ҳаётдаги эътиборга молик бўлмаган ҳодисадан кенг фалсафий фикрнинг ифодасигача мақоллар маъносида намоён бўлади. Агар “After rain comes sunshine”, “Эгачим элакли бўлди, элаги тилакли бўлди” мақоллари маиший ҳаётга тегишли бўлса, “Nothing is ours, but time”, “Бир кун минг кун бўлмас” мақолларида вақтни зое кетказмаслик, мушоҳада билан иш юритиш инсонга унумли яшаш имконини бериши қайд этилади, “Last time is never find again”, “Вақтинг кетди – бахтинг кетди” мақолларида эса фалсафий маъно вербаллашган бўлиб, инсон ҳаётида вақт концептининг нақадар муҳим эканлиги таъкидланган. Мақолларни изоҳлашнинг бир турида мазмун етакчилик қилади. Унга кўра она юрт, яхши билан ёмон, эзгулик билан ёвузлик, адолатпарварлик билан адолатсизлик, касб-ҳунар, довюраклик, инсон феъл атворини англатувчи ва бошқа мавзулар қайд этилади. Лекин ушбу мавзуларнинг хажмини ошириш ҳамда озайтириш мумкин. Асосийси, мазмун бош бўлган изоҳда вазифани атрофлича ифодалашга харакат қилиш аниқ кўзга ташланади. “It is themen who make a city”, “Ватан гадоси – кафан гадоси”. Ушбу мақолларда инсон руҳиятида Ватан концептининг муҳим жиҳати вербаллашган. Қиёсланаётган тиллар мақолларидаги Ватан лексемасида биргина аниқ бир майдон, манзил, ўрин-жой, иқлим намоён бўлган деган хулоса тўғри бўлмайди албатта. Ушбу сўз мазмун жиҳатдан ота-боболар руҳи, маданий тарихий бинолар, урф-одатлар, миллатнинг ҳамжиҳатлиги, миллий-маданий хусусиятлари билан боғланади. Фарзанд ота-она бағрида қандай яйраса, инсон туғилиб вояга етган она юртида ўзини шунчалар бахтиёр хис қилади. Фарзандни она меҳрисиз, ота ғамхўрлигисиз, бува ва бувиларининг эркалашисиз тасаввур этиб бўлмаганидек, инсонни ватанисиз тасаввур қилиш қийин.

Шундай қилиб, халқ мақолларида қандай мавзу, борлиқнинг қайси соҳаси хусусида сўз юритилмасин, танланган масала атрофлича чуқур мулоҳаза асосида ёритилади. Буларнинг барчаси инглиз ва ўзбек халқларининг асрлар давомида нақадар зукко ва билимли ижодкор авлодларга бой эканлигидан далолат беради.

 

 

Адабиётлар:

 

1. Кошғарий М. Девону луғотит турк. 3 томлик. 3-том. – Тошкент: Фан, 1963. – Б.168-169.

2. Темирова М.А. Ўзбек ва қирғиз мақоллари типологияси Автореф. дис. ... фил. Фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) – Тошкент: 2018. Б. 12.

3. Deeva I.M. English Proverbs and How to Use Them. Л., 1970.

4. English Proverbs Explained//Ridout R. Witting C. –London and Sidney:Pan Books, 1969. – 224 p.

5. Fox. A. Oral and literature culture in England.-Oxford, Oxford UniversityPress, 2002.

6. Eugene E. Ivanov and Julia A. Petrushevskaia Etymology of English Proverbs Journal of Siberian Federal University. Humanities and Social Sciences 5 (2015 8) p. 864-872.

7. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 3 – жилд. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2007. – Б. 222.

 

            Badridinova A. The role of proverbs in human’s speech culture. The article is devoted to the role of proverbs in human speech through the ages in terms of English and Uzbek nations. Existing and developing of paremiology, its linguistic units such as proverbs, sayings are discussed in the article.

 

Бадридинова А. Роль пословиц в речевой культуре человека.  Статья посвящена роли пословиц в человеческой речи на протяжении веков на примере английского и узбекского народов. В статье рассматривается существование и развитие паремиологии, ее языковых единиц, таких как пословицы, поговорки.

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati