МУСИҚАГА ОИД ТЕРМИНЛАР РИВОЖИДА ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ЎРНИ

Арипова Гулноза Тулкуновна,

Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ мустақил изланувчиси

 

Мусиқий чолғулар халқларнинг моддий ва маънавий бойлигидир. Ҳар бир халқ ўз миллий мероси, даврлар оша юзага келган анъаналарини миллий оҳанглар орқали тараннум этувчи ва халқнинг миллий маънавиятига  хос яратилган амалий санъат намуналари орқали уларга мос келувчи чолғу асбобларига эгадирлар. Ўзбек мусиқий чолғулар олами бу хусусда маънан ва моддий нуқтаи назардан бой, ҳамда ранг-баранг эканлигини эътироф этиб ўтиш лозимдир. Қолаверса, қайсики халқнинг маънавияти юксак бўлса, унинг тарихи ва унга мос мероси ҳам улкандир.

Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида “Халқимизнинг бой маданий меросини қайта тиклаш, юксак маънавият, миллий ўзига хослик ва халқ анъаналарининг мавжуд кўп асрлик сарчашмаларини бутун чоралар билан ривожлантириш, жисмонан соғлом, маънан етук ва ҳар томонлама баркамол шахслар жамиятини барпо этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди” [Ш.М.Мирзиёев 2017] деб бежиз айтмаганлар.

Дарҳақиқат, ота-боболаримиз, халқимиз асрлар давомида биз аждодларга бой маданий мерос қолдирган. Асрлар давомида республикамизнинг турли воҳаларида турмуш тарзи, яшаш шароити, иқлимидан келиб чиқиб ранг-баранг фольклор куй-қўшиқлари яратилган, мусиқа чолғулари вужудга келган. Уларни ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш, келажак авлодга етказиш бизнинг олдимизга қўйилган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Ҳар қандай тилнинг сўз бойлиги тарихий ёки замонавий тусда бўлмасин, инсонлар томонидан тузиладиган ранг-баранг луғатларда маълум даражада аксини топади. Бугун муайян тилшуносликнинг қай даражада ривожлангани, такомил топгани айни тилда яратилган луғатларнинг тури, миқдори ва сифати билан ўлчанмоқда. Тилнинг луғат бойлиги доимий ривожланиб борар экан, унга янги сўзлар кириб келади, баъзи сўзлар эса эскириб муомаладан чиқиб кетади. Ана шундай ҳолатнинг илмий жиҳатларини ўрганиш, таҳлил қилиш эса тилшунослардан катта матонат талаб қилади. Тилшуносликнинг лексикография бўлими ана шу сўзларни ўрганадиган фандир.

Лексикография [р<грек]. Луғат тузиш назарияси ва луғат тузиш иши; луғатшунослик [Ўзбек тилининг изоҳли луғати 1981:430].

Луғат тузиш иши қанчалик машаққатли касб эканлиги бизга маълум. Шунинг учун луғат тузишдан аввал лексикографиянинг ўтмишдан то ҳозиргача ривожланиб келиш тарихини ва луғатшуносликка катта ҳисса қўшган алломаларимизнинг ишларини ўрганиб чиқиш даркор. Шарқ мутафаккирлари лексикографиянинг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Албатта, бундай буюкларнинг номи абадий ҳурматда бўлади.

Бунинг ёрқин исботи сифатида бобомиз Алишер Навоийнинг номини тилга олиш кифоядир. Алишер Навоий тилшуносликка доир асари «Муҳокамат ул-луғатайн»ни ҳижрий 905, милодий 1499 йилда ёзди. Улуғ ижодкор умрининг сўнгида яратган бу китоб аҳамияти беқиёсдир. А.Навоийнинг “Муҳокамат-ул луғатайн”ни ёзишдан мақсади, унинг ўзбек тилшунослиги тарихидаги улуғ хизматлари, Навоийнинг талқин принциплари, турли оилага кирувчи тилларни чоғиштирма-типологик ўрганиш масалалари келтирилган [Қосимжон Содиқов 2017:4].

            А.Навоийнинг дунё тиллари келиб чиқиши тўғрисидаги қарашлари “Муҳокамат-ул-луғатайн”да яхши ёритилган. Ҳазратнинг фикрича, Аллоҳ инсонни нутқ билан барча жонзотлардан мумтоз айлади.

А.Навоий туркий, форсий ва ҳиндийни энг эски тиллар деб ҳисоблайди. Улар Нуҳ пайғамбарнинг уч ўғли- Ёфас, Сом ва Ҳомнинг авлодлари ўртасида тарқалган [Қосимжон Содиқов 2017:8-9].

Дарҳақиқат, А.Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари билан танишиб чиқар эканмиз, буюк ижодкор мазкур асари билан дунё тилшунослигида тилларни типологик ўрганиш  соҳасини, уларни ўзаро чоғиштириб ўрганиш ишини очиб берганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Олимларнинг фикрича, ушбу асар устида ҳали тадқиқотлар ўтказиб, изланишлар олиб борилса, ўрганилмаган жуда кўп илмий янгиликлар устида ишлаш мумкин бўлади.

Шарқ алломаларидан яна бири бобомиз Маҳмуд Қошғарий бўлиб, бундан қарийб 1000 йил аввал туркий халқларнинг олтин китоби “Девону луғотит турк”ни ёзишни бошлади ва икки йил давом этган машаққaтли меҳнатдан кейин якунлади. Ушбу луғат фақат сўзлар ва уларнинг маъноларини тавсифлаб қолмасдан, туркий халқлар тарихи, урф-одатлари, географик жойлашуви каби кенг маълумотларни ҳам қамраб олган. Шу билан бирга, у дастлабки икки тилли (туркийча-арабча) изоҳли луғатлардандир.

Маълумотларга кўра, Маҳмуд Қошғарий туркий тилнинг аҳамияти араб тилиникидан кам эмаслини исботлади. “Девону луғотит турк” ҳамон туркий халклар тарихини ўрганишда бетакрор манба ҳисобланади. Буюк олим, туркий лексикограф, грамматист ва диалектолог Маҳмуд Қошғарий номи туркий халқлар тарихига қизиқувчи барча инсонлар учун қадрлидир.

Лексикография ривожида ўзининг катта ҳиссасини қўшган яна бир алломаларимиздан бири Маҳмуд Замаҳшарийдир. У ўзининг “Асос ул балоға” асари ва “Муқаддимат ул-адаб” деб номланган тўрт тилли (араб, форс, ўзбек, мўғул) луғати билан лексикографиянинг  амалий ва назарий томонларини ўрганиб чиқди.

Ўзбек миллий мусиқа чолғулари ҳам қадимдан ривожланиб келган экан, демак, миллий мусиқа чолғулари бўйича луғат тузишдан аввал, айнан шу мусиқа чолғулари тарихини ўрганишимиз зарур. Тадқиқотлар натижасида гувоҳи бўлдикки, миллий мусиқа чолғулари шарқ алломаларининг  асарларида ҳам ўз аксини топган.

Бизга маълумки, ўзбек миллий чолғулари асрлар оша ривожланиб келган. Ўтмишда машҳур шоирлар ҳам ўз асарларида мусиқа чолғуларини бир неча бор зикр этганлар. Алломаларимиздан эса, Ал-Форобий (IX аср) ўзининг “Катта мусиқа китоби”да, Сафмддин Урмавий(XII аср) мусиқий рисоласида, Абдулқодир Мароғий (XIV аср) “Жами ал-алҳон фи-илм ал-мусиқий) рисоласида, Аҳмадий (XIV аср) “Созлар мунозараси” асарида, Зайнулобидин Ҳусайний (XV аср) “Рисола дар баёни қонуни ва амалий мусиқий” рисоласида, Абдураҳмон Жомий (XV аср) “Мусиқий рисола”сида, Амулий (XVI аср) “Мусиқа рисола”сида, Дарвеш Али Чангий (XVII аср) “Мусиқий рисола”ларида мусиқа чолғулари ҳақида маълумотлар берганлар.

Шарқ мутафаккирларини ўрганар эканмиз, уларнинг лексикография билан бир қаторда миллий мусиқа санъатига ҳам қўшган ҳиссаси беқиёслигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Лекин, Гулчеҳра Эргашева ўз монографиясида ёзишича, асл ҳужжат ва манбаларда мусиқий созларнинг тарихи қисқа сатрларда, лавҳалардагина ёритилган. Ўша даврда мусиқани ёзиб олувчи воситалар бўлмаганлиги сабабли, ўтмиш мусиқа чолғуларининг садоланиш хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввур йўқ. Ўрта аср Шарқ алломаларининг мусиқага оид илмий рисолаларида, шоирлар томонидан яратилган бадиий асарларида мусиқий чолғуларнинг номланиши ва улар яратган муҳит ҳақида сўз юритилса-да, уларнинг яратилиш жараёни, бадиий имкониятлари ҳақида маълумотлар жуда оз [Гулчеҳра Эргашева 2012].

XIV-XVII аср Шарқ бадиий миниатюраси ҳамда шеъриятидан Ўзбекистон ҳудудида шу даврда бўлган барча мусиқий чолғу асбоблар ҳақида умумий маълумотга эга бўлиш мумкин.

IX-XI асрлар давомида Ўрта Осиёнинг буюк олимлари – Форобий, Ибн Сино, ал-Хоразмийлар томонидан ўз даврининг мукаммал мусиқа назарияси ишлаб чиқилди. Ўша даврларда мусиқа илми математика илмининг таркибий қисми сифатида қабул қилинган эди. Буюк олимларнинг асарларида мусиқа чолғулари ҳақида жуда қимматли маълумотлар берилган.

Фитратнинг ёзишича, бизнинг адабиётимиз шарқ-ислом адабиётига қандай боғланган, қандай муносабатли эса, мусиқамиз ҳам шарқ-ислом мусиқаси билан шундай боғланган, шундай  муносабатдадир. Бизнинг эски куйларимиз орасида «рок», «қатор-соранг» деган куйлар бор. «Рок» ҳиндча «мақом» демакдир. «Соранг» эса, ҳинд чолғуларидан биридир. Булар мусиқамизнинг кўп  эскидан (ёлғиз араб-эрон эмас), ҳатто ҳинд мусиқасидан таъсирланганини кўрсатадир [Фитрат 1993:5].

Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” номли  китобида Ҳофиз Дарвешнинг кўрсатишига кўра, унинг замонида ўзбек мусиқа дунёсида қуйидаги чолғулардан кенг фойдаланилган экан: уд, қонун, танбур, чанг, най, рубоб, қубуз, ғижжак, ишрат, кунгура, сетор, руҳафзо, сурнай, балабон, ноғора, дойра. Бу сон албатта мусиқанинг бойлиги учун катта бир далилдир.

Миллий мусиқа чолғуларидан чанг чолғусининг тарихини ўрганадиган бўлсак, “Чанг [ф-т] 1.Тўрт бурчак ясси қути шаклдаги, сим торлар тортилган, қўш чўп билан уриб чалинадиган чолғу асбоби. 2. Лабга қўйиб, пўлат тилини бармоқ билан туртиб нафас билан чалинадиган кичик чолғу асбоби; чанговуз” [Ўзбек тилининг изоҳли луғати 1981:356].

Чанг деб – даставвал бугунги қутисимон шаклидаги чанг чолғумиз эмас, балки ўз даврида ижрочилик амалиётида қўлланган Ўрта Осиё арфаси шу ном билан аталган. Арфа чолғуси жаҳоннинг деярли барча халқларида бир қанча кўринишларда мавжуд бўлган, бироқ, улар орасида егик шаклдаги “чанг” деб аталиб, олимлар фикрига кўра, энг машҳур тури бўлган. Арфасимон чанг Шарқ  халқларининг қадимий чолғулари сирасига кириб, асрлар давомида номаълум ижодкор хунармандлар томонидан яратиб келинган. Бу арфанинг резонлари, яъни товушни жаранглантирувчи мосламаси эгикроқ бўлганлиги сабабли чанг деб аталган. “Чанг”–форс тилида “ҳам”, “эгик”, “илгак” маъноларини англатади [Гулчехра Эргашева 2012].

Дарҳақиқат, чанг чолғусининг қомати эгик бўлганлиги ҳақида кўп ривоятлар ва тарихий манбаларда маълумот берилган. Шу жумладан, Набижон Эрматов ҳам ўз шеърий тўпламида “Чанг” чолғусига шундай таъриф берган:

Кўринишим чиройли,

Сим торларим жуда кўп.

Уч оёқда тураман,

Қўлда ўйнар икки чўп [Набижон Эрматов 2011].

Одатда, мусиқий чолғулар ижрочилик амалиётининг турли йўналишларида қўлланиб келинган. Аввало, энг содда чолғулар яратилиб, кундалик ҳаёт тарзида кенг фойдаланилганлигини қайд этиш жоиздир. Даврлар ўтиши, жамият тараққиёти мезонига чолғу созлар ҳам ҳамнафас тарзда ривожланиб, замонга мос такомиллашиб, мукаммаллашиб борган.

Ўзбек халқининг яна бир севимли созларидан бири бўлган дутор тарихини ўрганар эканмиз, у узоқ ўтмишдан бизнинг давргача турли хил шаклда етиб келганлигининг гувоҳи бўламиз.  Бу чолғунинг юзага келишини мутахассислар асосан XV асрдан бошлаб тавсиф этсалар-да, аслида унинг келиб чиқиш илдизлари бирмунча қадимийроқдир.

“Хоразм мусиқий тарихчаси” китобида эса муаллифларнинг ёзишича, Хоразм мусиқийсининг биринчи даврини ХII асрдан XIX аср бошларигача деб кўрсатган. Бу даврда Хоразм мусиқасининг  тараққиёти ва ривожланиш йўллари очиқ суратда намоён бўлмаса-да, баъзи бизгача етиб келган тарихий асарлардан маълум бўладики, Хоразм пойтахти Кўҳна Урганч Чингизхон босқинигача бўлган ва  кўркам шаҳар пайтида унинг аҳолиси ичида мусиқани ўзларига бир ҳунар ва касб айлаган кишилар кўп бўлган. Улар шу касб орқасида ўз оилаларини тебратганлар. Мазкур асарларда муболағадай кўрсатиладики, Кўҳна Урганч шаҳрида дутор созина эшак (хуррак) йўниб (ясаб, тузатиб) сотиб, шу ҳунарлари орқали оила боққан кишиларнинг миқдори бир мингга етишганлиги таърифланади [Ботир Матякубов 2014:14].

 “Дутор” атамаси хусусидаги илк маълумот XV асрда яшаб ижод этган Зайнулобидин Ҳусайнийнинг “Қонуни илми ва амалии мусиқи”да тилга олинади. Аммо, бу рисолада тавсифланган дутор ҳозирги дуторлардан бироз фарқ қилган, яъни унинг дастаси кичикроқ бўлиб, торларнинг иккиси ҳам куй ҳосил қилишга мўлжалланган оҳангдор бўлган.  Таъкидлаш жоизки, айрим мақола ва ўқув қўлланмаларда қуйидагича фикр илгари сурилмоқда: “у даврда мавжуд дуторлар ўн бир пардага асосланган ва кварта интервали оралиғида созланар эди” [Ж.К.Расултоев 1997] .

Дарвеш Али Чангий ўзининг “Рисолаи мусиқий” (XVII аср) асарида дуторнинг ясалиши ҳақида қуйидагича маълумот беради: “Аксарият дуторлар тут ёғочдан ишланади, торлари эса ипакдан эшилади. Шунинг учун ҳам  чолғунинг товуши ширадор ва майин, бу ҳол тут ва ипакнинг бир-бирига оҳангдошлиги, кўринмас ришталар билан боғлиқлиги ва ниҳоят бир вужуднинг маҳсуллари эканлигининг натижасидир” [Рисолаи мусиқий].

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида дутор cўзига қуйидагича изоҳ берилган: Дутор[ф-т]. Дастаси узун, икки торли, чертиб чалинадиган музика асбоби [Ўзбек тилининг изоҳли луғати 1981:241].

Дутор бошқа чолғулардан зарбга бойлиги билан ажралиб туради. Чолғуда ижро этиш учун ўнг қўл панжалари ҳамда кўрсаткич ва бош бармоқлар иштирок этади. У якканавоз ҳамда жўрнавоз сифатида ансамбл ва оркестрларда қўлланилади [Azatgul Tashmatova 2006:73].

Азатгул Ташматова дутор ҳақидаги маълумотида, ҳатто дуторнинг қандай ижро этишигача изоҳлаб ўтган.

Бугунги кунга келиб дутор чолғусига бўлган қизиқиш бутун дунё миқёсида ортиб бормоқда. Жумладан, ХIX  аср бошларида юртимизга келган этнограф Август Эйхгорн дутор чолғуси ҳақида бир қанча изланишлар олиб бориб, кўпгина маълумот қолдирди. Бундан ташқари, кўпгина мусиқашунослар юртимизга келиб дутор ижрочилигини ўрганиб кетишмоқда. Миллий мусиқа чолғуларига талаб кундан-кунга ошиб бораётган экан, мусиқага оид икки тилли луғатларга ҳам талаб ошиб боради.

Ўзбек мусиқашунослигида, охирги юз йиллик давомида миллий чолғуларни ўрганишга бағишланган қатор илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилган. Бундан ташқари, бир қатор илмий мақолалар, бир чолғунинг тарихи ва ижрочилигига асосланган ўқув адабиётлари нашр этилган. Миллий мусиқа чолғулари тарихини ўрганиш,  кечирган  даврларни бутун сабаблари билан очиш ва объектив илмий хулоса чиқариш яратилаётган луғатимизни янада бойитишга хизмат қилади.

Изланишлар натижаси шундай хулосага келишимизга сабаб бўлдики, ўзбек миллий мусиқа чолғулари юзасидан тўлиқ ва батафсил маълумотга эга бўлиш, унга турли олимлар томонидан берилган таърифларни синчиклаб ўрганиб чиқиш муҳим аҳамият касб этиши лозим. Соҳага оид луғатлар тузишда, авваламбор, лексикографияни ўрганишимиз керак экан, албатта, шарқ мутафаккирларининг бу борада олиб борган изланишларини ва улар ёзган асарларини ўрганишимиз даркор. Энг қизиқарлиси шундаки, бизнинг алломалар бир эмас, бир қанча соҳаларни мукаммал эгаллаганлар. Шунинг учун ҳам буюк алломаларимизнинг ёзган асарлари шу кунгача ўрганилиб келинмоқда. Шунингдек, мусиқа асбобларининг икки тилдаги, яъни ўзбек-инглиз тилларидаги мусиқий терминлар луғатини яратишда ҳар бир мусиқа чолғуси, унинг келиб чиқиш тарихи ҳақида тўлиқ маълумот тўплаш ва ушбу чолғунинг мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлигини тақозо этади. 

Адабиётлар:

  1. Мирзиёев Ш.М. “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4956-сонли фармони. 2017.
  2. Фитрат. Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи. –Тошкент: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси «Фан» нашриёти, 1993.- 5 б.
  3.  Расултоев Ж.К.Ўзбек дутор ижрочилиги. -Т.: - 1997. -6 б.
  4. Семёнов А.А. Среднеазиатский трактат по музыке Дарвеша Али. Из-во АН Уз.,-Т.:1946г. – C. 89.
  5. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. -М.: 1981. -241 б.
  6. Содиқов Қ. Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида. Алишер Навоийнинг Муҳокамат ул-луғатайн асари. –Т.: 2017.
  7. Tashmatova A. Musuqiy cholg’ular muzeyi katalogi. –Toshkent: 2006.
  8. Matyakubov B. Xorazm musiqiy tarixchasi.-T.: 2014.
  9. Ergasheva G. Chang cholg’usida ijrochilik san’ati/monografik ocherklar/Toshkent: Musiqa, 2012.
  10. Ermatov N. Sakson sakkiz sara soz. -Toshkent: 2011.

 

Арипова Г. Роль восточных мыслителей в развитии музыкальных терминов. В данной статье говорится о лексикографии и о том какую роль сыграли ученые востока в развитии национальных музыкальных инструментов и о том наследие которое они оставили. Изучая мыслителей можем стать свидетелями наряду с лексикографией и о том какую неотразимую сыграли роль в становлении национального музыкального искусства.

В узбекском музыковедении на протяжении последнего столетия были проведены ряд научно-практических исследований в изучении национальных инструментов. Кроме этого были изданы ряд научных статей, и также учебная литература по истории одного инструмента и исполнении. 

Изучение истории национальных инструментов служит для дальнейшего обогащения издаваемых словарей.

Aripova G. The role of oriental scholars in the development of musical terms.  This article highlights the role of oriental scholars in the development of lexicography and national musical instruments and their legacy. When we study Eastern thinkers, we can see that their contribution to the art of national music as well as lexicography is incomparable.

In Uzbek musicology, over the past hundred years, a number of scientific and practical studies have been conducted on the study of national instruments. Moreover, a number of scientific articles, educational literatures based on the history and performance of an instrument have been published. The study of the history of national instruments serves to further enrich our dictionary.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati