ЗАМОНАВИЙ БАЛЛАДА ЖАНРИНИНГ АДАБИЙ-ТАРИХИЙ ГЕНЕЗИСИ ВА НАЗАРИЙ ПОЭТИКАНИНГ БАЪЗИ МАСАЛАЛАРИ

Эшқобилов Абдували Казакович,

СамДЧТИ ўқитувчиси

Калит сўзлар: баллада, жанр, жанр генезиси, назарий поэтика, доминант жанр, жанр белгиловчи хусусиятлар.

 

Мумтоз адабиётшунослик дарғаларининг илмий асосланган фикрларисиз адабий баллада жанрининг ўзига хосликлари, поэтикаси, келиб чиқиш тарихи, бадиий метод сатҳидаги ўрни ҳамда уларни замонавий жаҳон ва миллий адабиётшуносликда ўрганилиши тамойиллари таҳлилини амалга ошириш мумкин эмас. Шу сабабли, адабий баллада жанрининг миллий адабиётшунослигимиз аспектида ўрганилиши тарихига тўхталишдан аввал, жаҳон, хусусан, Ғарб адабиётида пайдо бўлишининг адабий-тарихий генезиси ҳамда адабий-бадиий жиҳатлардан ўрганилишига кенгроқ тўхталиш тақозо этилади.

Таъкидлаш жоизки, адабиётшунослик фанида баллада жанрининг якдиллик билан қабул қилинган ягона таърифи йўқ. Бу жанр асрлар мобайнида турли географик, ижтимоий-тарихий ва маданий шарт-шароитларда миллий ўзига хослик хусусиятлари билан бойитилиб туб генетик ўзгаришларга учраган. Атаманинг дастлаб лотин тилида, сўнгра қадимий француз-роман тилида “рақс қўшиғи” маъносини англатиши, унинг фольклор қўшиғидан ёзма бадиий адабиёт ҳодисасига айланиши тарихи, тадрижий ривожи қатор илмий адабиётларда, луғатларда ўз ифодасини топган. Замонавий адабиётшуносликда баллада жанрининг таснифлари энг баҳсли ҳамда мураккаб илмий масалалардан ҳисобланади. Баллада тинимсиз ривожланишда ва ўзгаришда бўлган жанр эканлиги сабабли, тадқиқотчилар учун жанр белгиларини аниқлаш мураккаблик туғдиради. Ҳатто баллада атамасининг ўзи ҳам полисемантик хусусиятга эга эканлиги, санъатнинг ҳар хил турларига хос жанрларни ифодалаши туфайли, кўп йиллар жанрнинг назарий-поэтикаси билан боғлиқ илмий муаммолар ишланишида чалкашликларга сабаб бўлган. Оқибатда ҳозиргача баллада жанрининг мазмуни ва шаклида етакчилик қиладиган белгилар борасида аниқ бир тўхтамга келинмаган. Асрлар давомида бу лиро-эпик жанр ҳам шаклан, ҳам мазмунан катта ўзгаришларга учрайди. Нақорат ва рақс жўрлигидан аста-секинлик билан ажралган баллада драматик мазмунга эга сюжетли шеърга айланиб боради.

Баллада жанрини рус шеърияти мисолида ўрганишга бағишланган Н.П.Андреевнинг “Рус балладаси” тўпламига ёзилган илк кириш сўзида жанрнинг тахминий белгилари баён қилинади: воқеабандлик омили аниқ ифодаланган қўшиқлар, уларда драматик зиддият чўққига кўтарилади. В.Я.Пропп ва Б.Н.Путиловлар баллада жанри белгилари сифатида маиший-оилавий мавзуларни ва зиддиятларнинг фожеавий ҳал этилишини кўрсатишади.1

Бу масаланинг илмий тадқиқи кейинги босқичда Д.М.Балашов ишларида ривожлантирилади.2 Бу олим салафларига нисбатан жанр хоссаларини белгилашда аниқроқ таснифлашга ҳаракат қилади: баллада жанрига мансуб асарлар чегарасини белгилайди, жанрнинг асосий жанр кўрсаткичларини ва поэтик хусусиятларига аниқлик киритади. Рус балладалари эволюциясини ўрганар экан Д. М. Балашов қадимий балладалар драматик характердаги эпик қўшиқлардан ташкил топганлигини таъкидлайди. Баллада жанри поэтикасидаги эпиклик, унда ҳам эпосда бўлгани каби воқеа муаллиф тилидан муайян тартибда кетма-кетлик билан ҳикоя қилинишида намоён бўлади. Бунда лирик чекинишлар, мавҳум баёнчилик ва панд-насиҳатгўйликка йўл қўйилмайди. Воқеалар ривожининг энг кескин жойлари айтилади, диалоглар воситасида ҳаракат ва драматизм кучайтирилади.

Н.И.Кравцов славян халқлари балладаларининг ўзига хосликларини ўрганиб, улар батафсил мавзу гуруҳларига бўлиб чиқди, жанр хусусиятлари ва сюжетининг ўзига хосликларини аниқлади. Олим балладаларнинг эпик – воқеабандлик хусусиятларига алоҳида эътибор қаратади.3

Балладалар халқ ҳаётининг тарихий саналарига, даврларига бағишланиши, ижтимоий, оилавий, маиший турмушини фожеавий вазиятлар таъсирида ўзгарганлигининг моҳиятини, халқ тасаввурларини акс эттириши жиҳатидан тарихийлик хусусиятига эга бўлади. Шунингдек, тарихийлик янги ижтимоий борлиқнинг халқ тафаккуридаги идроки ва эски бадиий анъаналар тўқнашуви натижаси бўлган балладалар сюжетида ҳам акс этади.

Аксарият тадқиқотчилар баллада жанрини белгиловчи хусусияти сифатида сюжетни кўрсатишади. Лирик қўшиқда мавжуд сюжет мотиви изчил ривожлантирилмасдан маълум бир эмоционал-психологик реакция ҳосил қилади. Балладада хатти-ҳаракати, фаолияти билан тавсифланган қаҳрамон, қўшиқда ўй-хаёллари билан бадиий тасвирланади.

Бизнинг учун баллада жанри ривожининг инглиз-шотланд лиро-эпик қўшиқларидан ёзма адабиётга бошланган йўли муҳим. Зеро, ўзбек адабий балладасининг муайян даврдаги намуналари жанрнинг ушбу типига мансуб.

Ўзининг композицион тузилиши, мавзулари ва эмотив-таъсир кучи хоссалари сабаб баллада жанри европаликларнинг, аввало, инглиз ва немис роматизми шеъриятининг поэтик тизими эҳтиёжларига мос тушади4. Ўрта асрларга хос халқона ва диний фантастика, муҳаббат, қасос, жиноят мавзуларидаги сюжетлар баёнидаги қўрқинчли ва эҳтиросли жиҳатлар классицизмнинг силлиқ ва бетараф мавзулари, оҳанги ва шаклига зид тарзда яратилади. Мумтоз адабий баллада ана шундай мезонлар ва поэтика замирига қурилади.

Маълумки, Европада адабий балладалар яратилишига епископ Т. Персининг “Қадимий инглиз шеърияти ёдгорликлари” (1765) ва В.Скотнинг “Шотланд чегара қўшиқлари” (1802) каби тўпламларнинг чоп этилиши туртки бўлади. Германияда бу вазифани “Volkslieder” (биринчи нашри 1773 йилда эълон қилинган) халқ қўшиқлари китоби ва И.Г.Гердернинг назарий рисолалари бажаради. Гердер халқ шеърияти моҳиятини англашнинг назарий асосларини яратади ва халқона балладалар яратишга чорлайди. Гердерни тўрт хусусиятга эга бўлган асарлар қизиқтиради: лирик, мифологик, драматик ва эпик. У шу тарзда замондош ижодкорларни халқона асарлар яратишга ундаб, амалда баллада жанри олдига халқчилликни биринчи даражали масала сифатида қўяди.

Буюк немис файласуфи Гегель романтик поэзия ҳақида мулоҳаза юритиб, шахс-индивидиумнинг ички оламига эътибор қаратишга чақиради, бир неча марта бевосита баллада жанрини ўрганишга тўхталади. Бюргер, Гёте ва Шиллер каби даҳо шоирларнинг балладаларини ўта кўтаринки руҳда шарҳлайди5. Гёте ва Шиллер ортидан баллада жанрига Д. Байрон, Г. Гейне, В. Гюго, А. Мицкевич ва Ю. Словацкийлар мурожаат қилишиб, миллий адабий баллада намуналарини ривожлантиради.

Адабиётшунос олим Г.Н.Поспеловнинг таъкидлашича, “романтизм... аввало, сентементалистлар ҳадиксираб очишган сўқмоқлардан келиб классицизм ўрнини ишонч билан эгаллаган адабий оқимдир”6. Яна бир улуғ адабиёт назариётчиси А.Н.Веселовский романтизмни “санъатдаги либерализм” деб атаб, бу метод ҳар доим санъатнинг формал унсурлари борасида ҳам, унинг мазмуни борасида ҳам, бадиий қадриятларни қайта баҳоланишига олиб келишини таъкидлаб, шундай ёзади: “Романтизм ва классицизм ижтимоий-адабий оқимлар алмашинувида мунтазам равишда ўзаро ўрин алмашади. Бадиий адабиётда классицизмга хослик - ўз-ўзини бартараф этаётган, кучи қолмаган, тафаккур ва ҳиссиётнинг янгича мазмунига, янгича эҳтиёж ҳамда ифода шакллари ўртасида мослик мезонларига жавоб беролмайдиган ҳолатдир. Бундай ҳолатда ҳамма жойда янгиланиш ахтарилади: ҳалқчилликда, экзотикада...” 7

Ўзларини классикларга қарши қўйишган романтиклар ижодида, олдинги адабий оқим вакиллари ижодига хос жанрлар ва мавзулар қонуниятларини инкор этиш орқали, фаол ва таъсирчан романтизм эстетикасининг новаторлиги талаблари асосида жанрлар трансформацияси жараёни, айниқса, ёрқин акс этади. Г.Н. Поспелов фикрига кўра (романтизмнинг умумназарий масалаларига бағишланган аксарият илмий тадқиқотларда шундай фикрлар илгари сурилади), янги бадиий метод пайдо бўлиши ва қарор топиши жараёнига бадиий тафаккурнинг “антитеза принципига мувофиқ”8 тарзи хос бўлади. Демак, бизнингча, айтилганлардан келиб чиқиб, қўйидагича хулоса чиқариш мантиқан тўғри бўлади: бадиий методлар ўрин алмашишида барча жанрлар бир хил роль бажармайди. В.В.Томашевкий ўзининг “Теория литературы” асарида муайян жанрни унинг ички алоқалари тизими воситасида ажратиб, белгилар экан, бу тизимга хос бир жиҳатни алоҳида таъкидлайди: “муайян жанрга хос усуллар гуруҳига ҳис этилиб, кузатиладиган усул ва белгилар жамланади” ва улар “маъно доминантлари” деб номланади 9.

Олимнинг бу назарий қарашини алоҳида олинган даврнинг ўз адабий-бадиий методига хос яхлит жанрлар тизимини белгилашга нисбатан қўлласак, доминант-етакчи жанр ғояси асосли эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Бундай жанр ўтмиш бадиий методи назарияси инкор этилишида ўзига хос таянч, бошқарув воситаси вазифасини бажаради. Биз аниқламоқчи бўлган доминант-етакчи жанр тўғрисидаги бу фикрлар М.М.Бахтининг “Эпос ва роман” мақоласида ишонарли тарзда қўллаб-қувватланади. Олимнинг концепциясига кўра, муайян бадиий метод етакчилик қилган давр учун бундай “асосий” жанрнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши исботланган, масалан, реализм учун роман жанри шундай ҳодиса хисобланади. Бундай жанр, бошқа жанрлар билан ўзаро алоқага киришиб “уларга муаммолилик, ўзига хос тугалламаганлик, шаклланаётган, ҳали тайёр бўлмаган замона билан жонли алоқа кабиларни олиб киради” 10[11,98]. Бу жанр бошқа жанрларни ҳам ўз таъсир доирасига олади, шу сабабли бу таъсир доираси янги давр адабиётининг асосий йўналишларига мос келади.

Романтизмга нисбатан қўлланилганда, назаримизда, бундай жанр ўзининг энг муҳим хосса ва хусусиятларига кўра, классизм поэтикасига хос устувор догма ва қонуниятларга қарши бўлиши ҳамда жанрнинг янгича бадиий оламини ўзида мужассам қилиши лозим эди. Бизнингча, ўз даврида бундай вазифани тўлақонли ва изчил равишда, бошқа жанрларга нисбатан чуқурроқ ва софроқ баллада жанри бажарди. Бу мулоҳазамизни В.Г.Белинскийнинг иккита фикри исботлайди: “Баллада... нисбатан романтикроқ асар” 11[16, 7, 167,] ва “баллада ўспирин романтизмнинг олдинги қаторида турарди ва биринчилардан бўлиб қўлида муваффақият байроғини баланд тутиб жангга (классицизмга қарши – А.Э) киришди” 12.

Бевосита мазмун сатҳида бу ҳол классиклар учун қатъий ман этилган мавзулардан бўлган халқ оғзаки ижодига мурожаатда намоён бўлади. Доминант жанри баллада бўлган романтизм эстетикаси халқ оғзаки ижодига мурожаат этишда янгидан янги образлар ва мотивлар манбасини топади. Бундан ташқари, романтик эстетиканинг яна бир муҳим масаласи – руҳий-маънавий эркинлик талаби ҳам ўз-ўзидан ҳал этилди: бадииятда классик санъатнинг бурч ва “давлатчилик” ғояларининг улуғланишига қарши шахс ва унинг ички олами қадриятлари оқланди. Бунинг оқибати ўлароқ, Ўрта асрларга хос романтикликнинг эътироф этилиши, Инжил ва рицарлик афсоналарига мурожаат қилиш, антик образлар ва сюжетларнинг қайта идроки, бадиий тафаккурдаги инқилобни “ривоятларга таяниб асослашга” интилиш кабилар адабий жараёнга кенг ёйилди. Буларнинг барчасини биз баллада поэтикасида учратамиз, зеро, айнан ривоят, афсона кабилар жанрни шакллантирувчи унсурлар ҳисобланади. Шунингдек, баллада жанрининг ғоявий-бадиий тузилиши романтизмга хос бошқа жанрларга нисбатан шиддатлироқ тарзда классицизм методига хос жанрларнинг “тожи” бўлган ода-қасида жанрига нисбатан инкор тарзида шаклланди. Бу ҳақда рус олимлари Л.С.Мелихова ва В.Н.Турбин ҳақли равишда шундай ёзади: “... Адабиётга романтизмнинг бостириб, ёриб киришида ҳамкор бўлган балладанинг бадиий жозибаси, аввало, эҳтимол, қасидага намойишкорона қарма-қарши бўлганлигида эди... Ва балладанинг бадиий талаблари қасиданинг бадиий меъёрларига – замирида сўзларнинг бир хиллиги, моносемантиклиги ётган унинг мажбурий рационализми, аниқ “режаси” ва услубига зидликда исботланди. Баллада қасидага нисбатан оппозицияда, “тескари ода сифатида” пайдо бўлди” 13.

Баллада жанри ўзи асосланган ижодий метод табиатидан келиб чиқиб афсона асосидаги мотив ва эпик воқеликни субъективлаштириш, романтик киноя билан бойитиш, шахсий тажриба билан максимал тўлдиришга ундайди. В.Г.Белинский фикрига кўра, “балладада шоир биронта фантастик ва халқ ривоятини олади ёки ўзи шу хилдаги воқеани ўйлаб топади. Бироқ бунда асосий нарса воқеа эмас, балки у чорлайдиган ҳиссиёт, кечинма, китобхонни йўналтирадиган ўй-хаёл...”14. Айнан шу нуқтаи назардан балладани “энг романтик жанр ҳисоблаш” мумкин, чунки романтик эстетиканинг асосий қонунияти – субъективликни объективлаштириш – бунда кенг масштабли кўринишда намоён бўлади. Демак, баллада кенг маънода романтик-шоирнинг руҳий-маънавий субъектив тажрибасини объективлаштирилишидир.

Замонавий ўзбек шеъриятида ХХ асрнинг иккинчи чорагида пайдо бўлган баллада жанри жаҳон адабиётида пайдо бўлишидаги хусусиятларини миллий материалда сақлаган ҳолда муқим ўрин эгаллаб, ўтган асрнинг турли тарихий даврларида муайян ўзига хосликлар касб этиб келди. Айниқса, ўзбек шеършунослигида ўрганилмай қолган 70-90-йиллар балладасини назарий поэтика нуқтаи назаридан тадқиқ этиш муҳим илмий аҳамият касб этади.

1 Қаранг: Жабборов Н. Янги замон шеърияти тамойиллари// Шарқ юлдузи, 2014, 3-сон; Магомедова, Р. М. Аварская баллада : общее и локально-особенное.- Диссертация кандидата филологических наук.-Махач-кала, 2008; Андреев Н.П. Вступ. ст. к сб. «Русская баллада». Библиотека поэта. Большая серия. М.-Л., 1966.; Вступ. ст. к сб.: Былины. -М., 1968.

2 Балашов Д.М.Русские народные баллады. -М.: Современник, 1983.- С.95-123.

 

3 Кравцов Н.И. Славянская народная баллада./ Проблемы славянского фольклора.-М;:Наука, 1972. -167-199 С. Яна қаранг: Ҳайитов А. 90-йиллар ёшлар шеъриятида анъанавий ва шаклий изланишлар: Фил. фанлари номзоди... диссертацияси. -Т.: 2003.

4 Кузьменкова Е. В. «Баллады А. С. Пушкина :Фольклорные и литературные источники текста». Автореферат дисертации кандидат филологических наук. http://www.dissercat.com/content/ballady-s-pushkina-folklornye-i-literaturnye-istochniki-teksta.- 4 с.; Балашов Д.М. История развития жанра русской баллады. -Петрозаводск: Карельское книж. изд-во, 1966 – 178 с.

5 Гегель Г. Эстетика: В 4 т. М., 1969. Т.2. -С. 234.

6 Поспелов Г.Н. Что такое романтизм?// Сборник “Проблемы романтизма”.-М., 1967.-С.45. Ўзбек тилида нашр этилганларидан ташқари барча матнлар таржимаси муаллиф томонидан амалга оширилган.

7 Веселовский А.Н.Избранные статьи.-М.:Гослитиздат, 1959.- 572 с.

8 Поспелов Г.Н.Кщрс. манба.- 41 с.

9 Томашевский Б.В. Основы теории литературы.-М.: Гослитиздат, 1971.-258 с.

 

10 Бахтин Б.М. Эпос и роман // Вопросы литературы.-1970, №1.-С. 95-123.

11 Белинский В.Г. Полное собрание сочинений в 13-ти томах. Т.7.-М.: АН СССР, 1955-1969.-740 с.

12Ўша жойда.- 198 с.

13 Мелихова Л.С., Турбин В.Н. Поэмы Лермонтова // Конспект спецкурса для филологических факультетов университетов.-М.: 1969.- 78 с.

14 Белинский В.Г. Кўрс.манба.-298 с.

Эшкобилов А. Литературно-исторический генезис жанра современной баллады и некорые вопросы теоретической поэтики. Статья посвящена ислледованию генезиса жанра литературной баллады на материале мировой литературе в историко-художественном плане с точки зрения теоретической поэтики. Основное внимание уделено к появлению романтического жанра как отрицание литературы классицизма в Западной литературе и приобретению национального своебразия в узбекской поэзии.

Eshkobilov A. Literary-historical genesis of the genre of modern ballad and some questions of theoretical poetics. The article is devoted to investigation of genesis of the genre of literary ballad on the material of world literature in historical-literary aspect from theoretical poetics. Main attention is paid to appearance of romantic genre as refusion of classical literature in Western literature and acquirement of national peculiarity in Uzbek poetry.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati