Дискурс табиати, унинг қисмларининг мазмуний яхлитлигини ҳосил қилувчи когеренция ҳодисаси изчил ўрганилиб, турли фикрлар билдирилмоқда. Д.Шиффрин ва Д.Таннен дискурсда когеренциянинг юзага келиши “макроструктура модели” (macrostructure modеl), “риторик структура назарияси”, (rhetorical structure theory), “нутқий актлар назарияси” (speech act theory), “схема назарияси” (schema theory) каби йўналишларда тавсифланиб келинаётганини қайд этадилар (Schiffrin 1994; Tannen 1990). Ван Дейк ва Кинтч когеренциянинг семантик, синтактик, стилистик ва прагматик турларини фарқлашни таклиф қилган эди (van Dijk, Kintch 1983: 149). Олимлар дискурс таҳлилини “тилдан фойдаланиш”, “билим коммуникацияси” ва “ижтимоий вазиятларда ўзаро муносабатга киришиш” тушунчалари нуқтаи назаридан олиб боришни маъқуллайди (van Dijk 1997: 2). Дарҳақиқат, дискурс тил, ижтимоий ва тафаккур фаолияти жиҳатидан таҳлил қилиниши лозим. Бу қабилдаги учтомонлама ёндашув когерентлик ҳодисасининг семантик, прагматик ва когнитив қобиқларини ёритишга имкон беради.
Семантик ёндашув, табиийки, матнга асосланади ва шу боис кўпчилик ҳолатларда матндаги луғавий бирликларнинг маъновий муносабатлар ёки матнда таркиб топаётган семантик структураларнинг муносабатига эътибор қаратилади. Ушбу ёндашувнинг тарғиботчилари М. Ҳолидей ва Р. Ҳасан когезиянинг иккита муҳим усулини ажратиб кўрсатадилар: “ноструктуравий когезия” (референция, ўрин алмаштириш, эллипсис, луғавий когезия) ва “структур когезия” (параллелизм, тема–рема ривожи) (Halliday, Hasan 1985). “Структур когезия” тушунчаси кейинчалик микроструктура ва макроструктура турларига ажратилди.
Шундай қилиб, М.Ҳолидей ва Р.Ҳасан лексик ва грамматик шакллар намоён қиладиган семантик муносабатларга асослансалар, ван Дейкнинг тадқиқотларида лисоний тузилмалар ифодалайдиган мавҳум пропозициялар олд ўринга чиқади. Талқинларда кузатилаётган бундай фарқлар нутқий тузилмалар ўртасида семантик муносабатлар тавсифига таъсир кўрсатди. Жумладан, баъзи тадқиқотчилар ушбу муносабатларнинг “баҳолаш”, “тушуниш”, “умумлаштириш”, “қиёслаш” каби кўринишларга эга эканлигини қайд этади (Kehker 2002; Knott et al. 2001).
Семантик ёндашув камчиликлардан ҳоли эмаслиги аён. Биринчидан, ушбу ёндашувда “қаторлар” орасида юзага келиши мумкин бўлган айрим муносабатлар назардан четда қолиб, асосий эътибор лисоний шаклларга қаратилади. Иккинчидан, унинг тарафдорлари баъзан когезия ва когерентлик тушунчаларини чалкаштириб юбориб, уларни бир хилда таърифлайдилар. Ҳолбуки, когезияли матн ҳар доим ҳам когерентлик хусусиятига эга бўлавермайди. Демак, когерентликни ўрганишда матн ортида турган ҳодисаларга ҳам мурожаат қилишга мажбурмиз.
Дискурснинг ижтимоий–маданий муҳитда намоён бўладиган коммуникатив вазифасини инобатга оладиган бўлсак, когеренция ҳодисасини прагматик жиҳатдан тавсифлаш лозим бўлади. Когеренция, биринчидан, лисоний воситаларнинг нутқий вазифаларини юзага келтиради. Амалий тилшунослик намояндаларидан бири “иллокутив акт”ларини микро ва макро сатҳлардан иборатлигини қайд этиш билан нутқий актлар назариясини янгилаш ҳаракатида бўлган эди (Widdowson 1979). Ушбу тасниф доирасида матннинг когерентлиги унда ифодаланаётган пропозициялар нутқий ҳаракатлар иллокутив имкониятлари билан мос келиши даражасида белгиланади. Бошқача айтганда, А ва Б нутқий актларнинг ўзаро муносабати Б нутқий актнинг иллокутив мақсади ва прагматик тагмаъноси А учун кифоя бўлиши билан боғлиқ.
Иккинчидан, когерентликка ижтимоий контекст орқали эришилади ва бунинг учун ўзаро боғлиқлик, узвийлик ва релевантлик шароитлари мавжудлиги талаб қилинади. Санаб ўтилганлардан дастлабки иккитаси кўпроқ шаклан мослашув кўринишида бўлса, оҳиргиси (релевантлик) матн ва вазият билан боғлиқдир. Лондон функционал мактаби намояндалари когерентлик икки қатламга эгалигини таъкидлаганларини эслаймиз. Булардан биринчиси, матн жанрига боғлиқ контекст когеренцияси бўлса, иккинчиси, маълум бириктирувчи воситалар замирида юзага келадиган матн когерентлигидир (Halliday, Hasan 1985). Когезиянинг ҳар иккаласи ҳам матн тузилиши учун зарур бўлиб, бири - иккинчисини инкор этмайди. Шу боис, тилшунослар “вазият контексти” ва “маданият контексти тушунчаларини қарийб бир хил маънода қўллаб келмоқдалар” (Eggins 1994: 87) ва бунинг асосий шарти таҳлил қилинаётган барча нутқий тузилмалар бир хил функционал услубга тегишли бўлишидир. Натижада, “ижтимоий контекст” тушунчаси кенг маънода англашинилади ва у ёзма ва оғзаки матнга нисбатан қўлланиши мумкин.
Равшанки, прагматик ёндашув дискурс когерентлигини тилдан фойдаланишнинг ташқи омиллар билан шартланишига аҳамият беради. Когнитив ёндашув эса, аксинча, лисоний тафаккур фаолиятининг ботиний омилларига эътибор қаратиб, мулоқот иштирокчиларининг ментал тасаввури ва ҳаракатларини тасвирлайди. Оқибатда, айрим когнитивистлар когеренцияни матний ҳодиса эмас, балки онгда кечадиган тафаккур ҳаракатлари маҳсули сифатида баҳолайдилар (Gernbacher, Givon 1995; Edwards 1997; van Hock 1999).
Бизнингча, матндаги когерентлик ўз манбасига эга бўлиши билан бир қаторда, маълум когнитив воситаларга таянади.
Матннинг яратилиши ва идроки, энг аввало, маълум турдаги когнитив манбаларга асосланади ва манбалар физиологик ва билим кўринишларига эга. Аниқроқ айтадиган бўлсак, физиологик манба инсон миясида содир бўладиган ҳаракатларга тааллуқлидир. Ушбу ҳаракатлар негизида концептуал боғланишлар шаклланади. Шунга асосланган ҳолда матншунослар матн яратилишининг умумий моделини таклиф қилишган (Beagrande, Dressler 1981: 39-45). Мазкур моделга нисбатан матн “режалаштириш ғоя ривож–ифода грамматик шакл бериш муносабатга киришиш” йўналишида шаклланади. Матннинг идроки эса, “грамматик шаклни аниқлаш концептни қайта тиклаш ғояни англаш режани тиклаш” йўналишида шаклланади.
Когнитив манба вазифасини бажараётган “билим” лисоний, қомусий, иллокутив турларга ажралиши билан бир қаторда, мулоқот юритиш тамойилларини ҳам қамраб олади. Охирги пайтларда “билим” тушунчаси жуда кенг миқёсда талқин қилиниб, тадқиқотчилар ушбу тушунчани фрейм каби тушунчалар билан боғлиқ ҳолда изоҳлайдилар. Аммо, А.А. Залевская қайд этганидек, “билимлар, асосан, мантиқий нуқтаи назардан тавсифланиб, уларнинг тўлиқ таснифи берилмаган; билим ҳодисасининг батафсил таҳлили учун унинг алоҳида шахсга хос хусусиятларини эътиборга олиш лозим бўлади” (Залевская 1992: 27).
Когеренцияга эришиш учун матннинг лисоний қиёфаси ўқувчининг билим даражасига ҳозиржавоб бўлиши керак. Муаллиф ва ўқувчининг билими ўзаро муқобиллашуви матн идрокининг асосий шартларидандир. Демак, билим матнни тушуниш учун зарур бўлган когнитив муҳитни ҳосил қилади.
Когеренция жараёни, бундан ташқари, “лойиҳалаш” (projection) ва “фильтрлаш” (filtiration) босқичларидан ўтиши лозим. “Лойиҳалаш” ҳам когнитив жараён бўлиб, унда матн ривожи учун зарур бўлган концептлар танлови амалга оширилади (Lakoff, Johnson 2003). Бироқ, матн таркибидаги концептлар ҳар доим ҳам бир–бирига муқобил бўлавермайди ва бундай ҳолатда мулоқот иштирокчилар “фильтрлаш” амалини бажариб, муҳим ва муқобил ахборотни танлаб оладилар, унинг мавзуга номутаносиб қисми эса тежаб қолинади.
Когеренция ҳодисаси таҳлилига катта эътибор қаратилаётганига қарамасдан, бажарилган тадқиқотлар назарий ва методологик жиҳатдан муаммоларга бой бўлиб қолмоқда. Мазкур муаммолар, фикримизча, тизимли ва барчани қониқтирадиган ёндашув шаклланмаганлиги сабабли юзага келади. Биринчидан, бажарилган тадқиқотларнинг кўпчилигида когеренциянинг маълум бир жиҳати (семантик, прагматик ёки когнитив) ўрганилиб,унинг бошқа муҳим бўлган хусусиятлари назардан четда қолади. Оқибатда, олинган натижалар ҳодисанинг табиатини тўлақонли акс эттирмайди. Ушбу ҳодисанинг семантик, прагматик, когнитив жиҳатлари ўзаро боғлиқлиги, бир–бирини тўлдириши борасида билдирилаётган фикрлар ҳозирча унчалик ишонарли эшитилаётгани йўқ. Ҳарҳолда, бу ёндашув бутунлай унутилиб қолдирилгани йўқ ва баъзи олимлар дискурс таҳлили бўйича ўз фикр – хулосаларини билдиришдан тўхтаганлари йўқ.
Шундай дискурсологлардан бири бўлган Н. Фейрклоф бундан ўттиз йил олдин матн ва контекстни мулоқот иштирокчиларини ҳам инобатга олган ҳолда таҳлил қилиш моделини қуйидагича тасвирлаган эди (Fairclough 1989: 146).
Контекст ижтимоий меъёр 6-қатлам вазият контексти ўзаро муносабат 5- қатлам матнлараро контекст |
Манбалар Изоҳлаш
Матн / Нутқий тузилма дискурс схемаси 4- қатлам матн структураси когезия, прагматика 3 – қатлам ҳудудий когерентлик прагматика 2 б – қатлам нутқий тузилма маъноси семантика 2 а – қатлам гап маъноси Фонетика, грамматика, луғат 1- қатлам нутқий тузилманинг сиртқи кўриниши |
Чизмадан кўринадики, олим таклиф қилаётган модель иккита асосий қисмдан иборат: 1) матн яратилишининг лисоний ва ижтимоий манбалари; 2) матнни тушунишни таъминлайдиган манбалар. Шунингдек, чизмада матн идрокининг олтита амали қайд этилган. Шулардан 1-4 қатламлардан лисоний омиллар инобатга олинса, охирги иккитасида ижтимоий контекст асосий ўринни эгаллайди. Муҳими, чизмада кўрсатилаётган қатламларнинг ўзаро муносабати акс топмоқда. Олим когеренция ҳодисаси тадқиқи билан махсус шуғулланмаган бўлса-да, лекин, келтирилган модел дискурс когерентлигини мажмуавий кўринишда таҳлил қилишда муҳим ролни ўташи мумкин.
Бошқа тавсифларда когеренция шароити учта ўзаро боғлиқ қисмга ажратилади. Жумладан, маданий ва вазият контекстлари ижтимоий–маданий қисмни ташкил қилса, когнитив–психологик қисм эса когеренциянинг шахсий билим билан оид жиҳатларини акс эттиради. Айтилган қисмлар мулоқот муҳитида бир–бири билан қоришиб, яхлитликни ҳосил қилади. Ушбу қисмлар когеренциянинг ташқи омиллари ҳисобланса, дискурс қисми эса маънонинг ошкора ва яширин ифода воситаларини намоён қилади. Қисқаси, бу ерда матн когеренциясини ҳосил қилувчи турли омилларнинг ўзаро муносабати инобатга олинади.
Когеренция ҳодисаси тадқиқига интегратив ёки мажмуавий ёндашув семантика, прагматика, когнитология каби турли фан соҳаларининг ўзаро ҳамкорлигини талаб қилади.
Хуллас, воқелик тавсифи когеренция шаклланишида муҳимдир. Когнитив қатламда турли концептуал тузилмаларда акс топаётган билим намоён бўлади. Муҳим қисмларни ажратиш ва танлаш амаллари бажарилаётганида концептлар ижтимоий–маданий концептга мослашади. Мазкур механизмлар замонавий когнитив тилшуносликда етакчи усул сифатида талқин қилинади (Ungerer, Schmid 1996: 44-52). Шу ерда эслатиш жоизки, когнитологлар вазиятни ментал ҳодиса, деб қарайдилар ва уни реал воқеликдаги нарса–ҳодисалар ўзаро муносабати доирасида ажратадилар. Сўзловчи маълум бир нутқий актни бажараётганида унда иштирок этаётган сўзлар реал борлиқдаги ҳодисалар ҳақида тасаввур уйғотади ва тафаккурда шу тасаввур тушунчалар ўртасидаги муносабатни шакллантиради. Олимлар мазкур жараёнга нисбатан “контекст” атамасини қўллайдилар (Op.cit., 47).
Прагматик сатҳда когерентликка эга дискурс, унинг ёзма ёки оғзаки шаклда бўлишидан қаъти назар, умумий мазмунда акс топаётган мулоқотдошлар коммуникатив мақсадига мос келиши керак. Шахслараро муносабат ва ифода воситалари ахборотнинг узатилишини таъминлайди. Шу йўсинда, мулоқотнинг изчиллиги ва бардавомлиги кўп жиҳатдан дискурс иштирокчиларига боғлиқлиги маълум бўлади.
Семантик сатҳда биз лисоний бирликларнинг у ёки бу муҳитда фаоллашуви натижасида ҳосил бўладиган маъновий муносабатлари ва семантик тузилмаларнинг таҳлили билан машғул бўламиз. Лисоний сатҳ эса тил бирликлари иштирокида шаклланади. Ушбу бирликлар ўз–ўзидан ёки бир–биридан айри ҳолатда ҳеч қандай когерентлик муносабтига эга эмаслар, уларнинг коммуникатив моҳияти фақат матнда бошқа бирликлар билан узвий муносабатда фаоллашувида намоён бўлади.
Дискурс таҳлилида унинг баҳолаш ҳаракати билан боғлиқ қатламини ҳам ҳисобга олиш зарур. Зеро, ҳар қандай дискурс инсон билан боғлиқ, инсон фаолияти маҳсули ва у томонидан идрок этилади. Инсон эса ўз ва ўзга фаолиятига баҳо беришга одатланган.
Яна бир нарсани унутмаслик лозимки, таклиф қилинаётган мулоқот моделлари, асосан, тафаккур ёки когнитив асосга эга. Аммо, “когниция” атамаси бир хилда тушунилмайди. Маданиятшунослик, жамиятшунослик, психология ва тилшунослик соҳаларида оммавийлашган ушбу тушунча ҳар хил таърифланади. Олимларнинг катта қисми уни умумий, мавҳум хусусиятли тафаккур модели ёки билим тизими сифатида талқин қиладилар (Lakoff 1987). Ушбу модель ёки тизимлар нутқий актлар ва бошқа коммуникатив ҳодисалар воситасида фаоллашади. Бошқача айтганда лисоний хатти–ҳаракат, ифода бевосита мулоқот иштирокчиларининг когнитив қобилиятига тобедир.
Адабиётлар
Safarov Sh. About the phenomоn of discourse coherence. In this article the models of discourse coherence are described. While differentiating postructural and structural coherence it is pointed out three conditions for text coherence: connectedness, consistency and relevance.
Сафаров Ш. О феномене связности дискурса. В статье описаны модели связности дискурса. При дифференциации поструктурной и структурной когерентности выделяются три условия связности текста: связность, непротиворечивость и релевантность.