Page 171 - 1-сон 2020 йил
P. 171
Хорижий филология №1, 2020 йил
диссертациялар ҳимояси борасидаги мақсадли сайъи-ҳаракатлар ўша пайтлардаги мавжуд
турли бюрократик тўсиқлар сабабли тўхтаб қолган эди. Зеро, профессор Муҳаммаджон
Холбековнинг “Ўзбек-француз адабий алоқалари (таржима, танқид ва идрок аспектида)”ги
докторлик”, К. Мустаевнинг ўзбек ва француз эпосларини қиёсий ўрганишга,
Д.Алимованинг ўзбек-тожик адабий алоқалари таҳлилига, О.Рустамовнинг француз-ўзбек
ҳамда бошқа адабиётларни қиёсий ва таржимаси таҳлили аспектида ёқланган номзодлик
диссертациялари, компаративистика муаммоларига бағишланган ўнга яқин чиройли
тадқиқотларни мисол тариқасида таъкидлаб кўрсатиш мумкин. Умид қиламизки, юртимизда
амалга оширилаётган ислоҳотлар илм-фан соҳасини четлаб ўтмайди, йўл қўйилган
камчиликлар бартараф этиши зарур. Бунинг учун эса юртимиздаги хорижий тилларни
ўрганишга йўналтирилган олий таълим масканларида (ЎзДЖТУ, ТДШИ, СамДЧТИ)
ўқитилаётган чет эл адабиёти ёки тили ўрганилаётган мамлакатлар адабиёти фанларини бир
курсда, бор-йўғи 70-80 соат атрофида ўқитиш тажрибасига барҳам бермоқ керак. Ахир бу
миллий адабиётшунослигимизга, унинг узвий қисми бўлган қиёсий адабиётшунослик каби
соҳаларига нисбатан эътиборсизлик ва масъулиятсизликнинг ўзгинаси эмасми? У ёки бу
хорижий тил филолог-мутахассиси тўрт йил ўқиса-ю, бир семестр ёки бир курсдагина
мутахассислик фани ҳисобланган тили ўрганилаётган мамлакат адабиёти тарихини ўрганса,
бу нима деган гап? Кимлар тузган бу мантиқсиз ўқув режаларни? Режалаштирувчилар
битирувчининг олий маълумот тўғрисидаги дипломига у ёки бу чет тили ва адабиёти
ўқитувчиси, деб ёзилишини ўйлашмаганми? Биз ишонамиз, муҳтарам Президентимизнинг
жорий йилдаги Мурожаатномасида олий таълимда кераксиз фанлар икки мартага
қисқартирилади, дея таъкидлаганлари амалда ўз ифодасини топади. Зеро, кўрсатилган
институтларда ижтимоий фанлар 800-900 соатлаб, тўрт курсгача ҳам ўтилади, бу эса ҳар
қандай меъёрдан ортиқ. Ишонмасангиз, режаларни олиб бир ҳисоблаб кўринг. Ҳолбуки,
бевосита мутахассислик фани ҳисобланган Антик адабиёт тарихи, Адабий танқид, Ҳозирги
адабий жараён каби мумтоз адабиётшунослик соҳалари умуман режада ўз аксини топмаган.
Қиёсий адабиётшунослик ҳам айрим институтларда энди жорий этила бошланди. Уларнинг
ўрнига Россия олий таълим тизимида ман қилинган валеология ва ҳаёт хавфсизлиги каби
филология мутахассислигига дахли бўлмаган, мазмуни мавҳум ёхуд меъёридан ортиқ
соатлар ажратилган ўнлаб тушунарсиз фанлар жорий этилган. Уларнинг ўрнига
манбашунослик, матншунослик, ноширлик ва муҳаррирлик иши каби соҳага алоқадор
фанларни киритиш мумкин-ку... Бу ҳақда кўп ва кенг мулоҳаза билдириш мумкин. Ўз
вақтида билдирган ҳам эдик, аммо бари бефойдалигича қолиб кетмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Г.Холлиеванинг “Қиёсий
адабиётшунослик” ўқув қўлланмаси филологлар учун ниҳоятда зурур қўлланма, ундаги
муайян камчиликлари тузатилиб, мазмунни янада кенгайтириб, янада, катта ададларда чоп
этишга эҳтиёж бор.
Муҳаммаджон Холбеков, профессор, филология фанлари доктори
Эшқобил Вали, СамДЧТИ катта ўқитувчиси
170