Фердинанд дў Соссюр. Умумий тилшунослик курси

Француз тилидан И.К.Мирзаев таржимаси. – Тошкент: “НАВОИЙ УНИВЕРСИТЕТИ” нашриёт-матбаа уйи, 2019. 308 бет.

Фердинанд дў Соссюрнинг “Умумий тилшунослик курси” асарининг семантик марказини инсоннинг тили ва фикри ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ўзига хослиги муаммоси ташкил қилади. Бу муаммо у ёки бу кўринишда барча асрларнинг илмий ва фалсафий билимларида ҳар доим мавжуд бўлган. Тил ва нутқ ўртасидаги муносабатлар масаласига ҳинд грамматикларининг, грек ва рим файласуфларининг фикрлари ҳам қаратилган эди. Ўрта асрларда сўз хусусида номиналистлар ва реалистлар ўртасида мунозаралар бўлган. Уйғониш даври сўз фалсафасини Эразм Роттердамский, Хуана Гуарте номлари билан бойитди. Ушбу муаммоларни тушуниб етиш бугунги кунга қадар давом этмоқда.

Фердинанд дў Соссюр томонидан айтилган фикрнинг ўзгачалиги ва лингвистик сезгисининг ноёблиги ҳамда илмий қисматининг ўзига хослиги уни, мутафаккирлар, тилшунослар ва файласуфларнинг исмлари қаторида, ҳозирги кунга қадар ажратиб туради.

Фердинанд дў Соссюрнинг номи тилшуносликда катта ҳурмат билан тилга олинса-да, унинг асарлари етарлича чуқур ва холис таҳлил қилинмаган, уларнинг бошқа тилларга таржималари эса кўп бўлмасдан, катта муваффақиятларга эришмаган. Фердинанд дў Соссюр асарларидан “Умумий тилшунослик курси”нинг ўзбек тилига таржима қилиниши, ниҳоят, бу ҳаракатсизликни бартараф этади десак, хато бўлмайди.

Ушбу буюк мутафаккирга нисбатан шунчалик ақл бовар қилмайдиган эътибор йўқлигининг сабаблари бир нечта: асосийларидан бири – фикрининг чуқур ва назарияга кириб боришини мураккаблаштирадиган ўзига хослигидир. Бу фикр кўпинча формал мантиқнинг алоқаларини бузади ва ўзгача семантик ўлчамда ҳаракат қилади. Соссюрнинг назарий қурилмаларини идрок қилиш шунинг учун ҳам нафақат ақлнинг виждонли ишини, шунингдек, кучли интеллектуал ҳиссиётни ҳам талаб қилади. Энг кўзга кўринадиган мисоллардан биттаси - Соссюрни номувофиқликда ва номутаносибликда айблашдир. Ушбу таъна кўрилаётган сатҳларни аралаштириб юбориш натижасидир: бир сатҳда антиномия бўлган нарса, бошқа – таҳлилнинг чуқурроқ сатҳида - бирлик сифатида намоён бўлади. Таҳлилнинг айнан бундай чуқурлиги Соссюрни ажратиб турган. Ушбу ва шунга ўхшаш айбловлар кўплаб тадқиқотчиларда оддий мантиқий фикрлашдан алоқа ва муносабатларнинг реал кўп ўлчовлигига ўтиш учун етарлича тайёргарликнинг ва малаканинг йўқлиги натижасида пайдо бўлган. Соссюр асарларининг бошқа тилларга таржима қилинишининг кам сонлилигини ва сифатининг пастлигини шу билан изоҳлаш мумкин.

ХХ асрнинг биринчи ярмида Соссюрнинг “Умумий тилшунослик курси” рус тилига биринчи бор Р.О.Шорнинг таклифи билан А.М.Сухотин томонидан 1933 йили таржима қилинган. Р.О.Шор бу асарга шарҳлар ёзган. Иккинчи бор Соссюрнинг тилшунослик бўйича ишларини тўлиқ ҳажмда (695 саҳифа) А.А.Холодович 1977 йилда таржима қилган. Соссюрнинг лисоний назарияси таржималарда аста-секин хаёллар ва баъзан жуда ўзига хос изоҳлар қатлами билан кенгайтирилиб борилган. Бу таржималар француз тилини билмайдиганлар учун Соссюрнинг назарий концепцияси билан танишишнинг ягона имконияти бўлган. Сўнгги ўн йилликларда Соссюр ишларининг таржималари фақатгина парчаларда пайдо бўлган (масалан, Звегинцев В.А. История языкознания Х1Х-ХХ веков.- М., 1964).

Табиийки, таржималардаги чалкашликлар бу олимнинг ишлари билан батафсилроқ танишиб чиқишга ва ғояларини тўғри тушунишга халал берган. Соссюрнинг “Умумий тилшунослик курси” мамлакатимиздаги биринчи таржима қилинаётган асардир. Ушбу асарнинг ўзбек тилига таржимаси бошқа тилларга таржималаридан ижобий томонлари билан фарқ қилади. Айнан шу таржима асосида Соссюрнинг лингвистик концепциясига тўғри баҳо бериш ва бошқа тилларга таржималаридаги камчиликлар туфайли бу олимга нисбатан тилшуносликда муайян вақт давомида мавжуд бўлган хато фикрларнинг сабабини англаб етиш имкони туғилади. Бу таржима олимнинг фикри ишлаб чиққан, муҳим аҳамиятга эга бўлган, барча ҳолатлар билан китобхонни ҳар томонлама ва батафсил таништиради ва олимнинг ғояларига уларнинг ҳақиқий илмий қийматини қайтаришга ёрдам беради. Ўзбек тилига қилинган таржимада кўпгина ноаниқликлар бартараф қилинган ва Соссюр асарида қўлланган атамаларнинг мазмун кўлами луғат тарзида тақдим этилган.

Соссюрнинг “Умумий тилшунослик курси” кириш ва беш қисмдан иборат бўлиб, унда тилшуносликнинг кўплаб соҳаларига оид масалалар ёритилганига қарамасдан, таржимон бу қисмлар ўртасида услубий мутаносибликни сақлаб қолишга эришган. Таржимон олим асарининг ҳар бир таржимони кўпинча дуч келган яна бир қийинчиликни ҳам, фикримизча, муваффақиятли енгиб ўтган: асарнинг ҳаддан ташқари ўзига хос ва бироз архаик тилига ўзбек эквивалентини ўринли топа олган. Бундай эквивалент шахсий услубнинг жозибасини сақлаб қолган ҳолда, айни пайтда замонавий ўқувчи учун ҳам асарни тушунарли қилган.

Тилшунослик фаниннинг асосий омилларини белгилаб берган ва ҳозирги даврга қадар ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолган Ф.дў Соссюрнинг "Умумий тилшунослик курси" ўзбек тилига муваффақиятли таржима қилинган. Мавзу таржимасига нисбатан шахсий муносабат, мулоҳазали ва изчил ёндашув, мураккаб лисоний ҳодисаларни аниқ илмий таржима воситасида тушунишнинг чуқурлиги ушбу монографияни ахратиб туради. Бу ҳолат китобни нафақат тилшунослар учун, балки тил ва нутқ муаммоларини ўқийдиган ва фикрлайдиган барча илми толиблар учун ҳам қизиқарли қилади.

 

СамДЧТИ француз тили ва адабиёти

кафедраси профессори в.б. С.И.Исмоилов

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati