ФОРС – ТОЖИК ТИЛИДАГИ ЯНГИ АДАБИЁТДА “ҲИНДИЙ САБК”

Каримова Сафия Расуловна,

СамДЧТИ катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди

“Сабки ҳиндий” устида махсус тадқиқот олиб борган олимлардан масалан, академик Ян Рижко:  “Бу услуб XV аср охирига бориб Ҳиндистонда кенг тарқалганлиги учун ҳам “Сабки ҳиндий” деган ном олган. Аслида шеъриятдаги бундай дабдаба ва ҳавойилик Ҳиротдан мерос қолган бўлиб, уни “Ҳинд услуби” оби-тобига етказган. Унда ёзилган шеърлар ўз мазмуни, сўз ўйини билан – бамисоли айланма йўл – муаммонинг ўзгинаси”,- деб таърифлайди.

Эронлик олим Ризозода  Шафақ “Сабки ҳиндий” ни “чалкаш аллегорик сюжетли, керагидан ортиқ даражада тавиялаштирилган услуб”, деб таърифлайди.

Яна баъзи шундай фикрлар ҳам мавжудки, уларда таъкидланишича, “ Ҳинд услуби” га Абдураҳмон Жомий томонидан Ҳусайн Бойқаро саройида асос солиниб, кейин у Ҳиндистонда бобурийлар даврига келиб ўз давомчиларини топган.

Ё бўлмаса, академик А. Мирзоев эътирофича, “Ҳинд услуби” тожик адабиёти оқимларидан бири сифатида ҳинд заминида шаклланган” [ А. Мирзоев: 1963 ].

Ва ниҳоят, ушбу услуб устида махсус тадқиқот олиб борган З. Г. Ризаев

 хулосасига мувофиқ, “Ҳинд услуби” бевосита Навоий таъсири ва пантеистик тизими туфайли бунёд бўлган ва бу услуб Ҳиндистонда ўз давомчилари томонидан XVI асрнинг иккинчи ярмида ўзининг сарбаланд нуқтасига кўтарилган” [З.Г. Ризаев: 1971].

Агар баъзи олимларнинг “Ҳинд услуби” тўғрисидаги танқидий фикр-мулоҳазаларига келсак, бизнингча, уларга муқобил йўсиндаги шундай бир мажозий савол билан мурожаат қилиш жоиз кўринади: “Рассом санъати, унинг табиатдаги барча рангларни кўра билганлиги учунгина эмас, балки уларнинг омухта ҳолда қачон ва қандай жилоларда жилваланишини илғай олганлиги ва уларга қоғоз ёки матода “жон ато этиб”, томошабинлар кўзини қувонтирганлиги учун қадрли эмасми?”

Бобурийлар даврида Ҳиндистонда ҳинд, туркийзабон ва форсийзабон халқларнинг маънавияти ва эстетик завқининг қоришмасидан ҳосил бўлган бутунлай янгича турмуш ва тафаккур тарзи юзага келди. Негаки, Мовароуннаҳрдаги Шайбонийлар ва Эрондаги Сафавийлар салтанати даврида ушбу минтақанинг Темурийлар давридаги шон-шукуҳи, қудрат ва салоҳиятига дарз кетди: доимий хунрезликлар, жангу жадаллар ва низолар исканжасида қолган халқларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи кескин ўзгарди – ночорчилик, қашшоқлик, доимий тазйиқ ва қувғинлар авж олди, маънавий ҳаёт таназзулга юз тута бошлади, илм-фан, адабиёт ва санъатнинг ривожланиши сусайди, ўз ҳомийларидан айрилган олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткор ва ҳунармандларнинг аҳволи оғирлашди.

Ана шундай вазиятда Бобур Ҳиндистонда барпо этган афсонавий, улуғ салтанат даргоҳидан бошпана топиш, инсонпарвар, адабиётдўст ва ва санъатсевар бобурий шоҳлар ҳимояси остида ижод қилиш илинжи уларнинг жонига оро бўлди. Натижада, бир пайтлар илм-фан, маданият ва санъатнинг йирик марказлари бўлиб келган Самарқанду Бухоро, Балху Ҳирот, Исфаҳону Нишопуру Шероз каби шаҳарлардан юзлаб, балки минглаб шоир, ёзувчи, тарихнавис, олим, меъмор, хаттот ва наққошлар оқимининг юксалиш ва қадр-қиймат топиш орзу-умиди юкланган карвонлари “Ҳинд сори юзланди” ва Бобурийлар салтанати ҳимоясида қўним топди. Мусулмон-ҳинд маданияти, санъати, эътиқоди ва қадриятларининг энг сара дуру инжуларини ўзида мужассамлаштирган ушбу янги маданият ва маънавият доирасида Ҳиндистонда мингга яқин истеъдодли шоирлар, ёзувчилар, тарихнавислар, адабиётшунослар ва луғатшуносларни ўз ичига олган форс-тожик тилидаги қудратли янги бир адабиёт вужудга келди. Ушбу адабиёт таркибида эса шеъриятнинг “Сабки ҳиндий” – ҳинд услуби деган ва олдинги хуросоний ва ироқий услублардан-да гўзалроқ, жозибалироқ ва шу билан бирга мураккаброқ янги бир шеърий услуб бор бўй-басти билан қад кўтариб, нафақат Ҳиндистон, балки бутун Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларини ўз маънавий таъсири остига олди.

Ҳиндистонда Акбар ҳукмронлиги даврида, яъни XVI асрнинг иккинчи ярмида асли ўрта осиёлик Урфий Шерозий, Назирий, Файзи Даканий сингари машҳур шоирларнинг номи билан боғлиқ адабий ҳамкорликнинг авж олиши “Сабки ҳиндий” – ҳинд услуби” нинг шаклланиш даври бўлди. Ва мазкур “услуб” келгусида кўплаб ҳиндистонлик ва ўрта осиёлик шоирлар учун ижод мактаби вазифсини ўтади. “Ҳинд услуби” нинг XVIII аср охирларига бориб ўрта осиёлик шоирлар ижодидаги акс-садоси, икки минтақа орасидаги адабий алоқаларнинг янги қиррасига айланди. Шунингдек, ҳинд шоирлари Алифий Шомий, Тулун Кашмирий, Кимолий, Мирзо Маъсум Рамзий, Лоҳурий ва Жоний Қобулийларнинг Мовароуннаҳрга ташрифи ёки Файзи Даканийнинг “Кашмир” қасидасига жавобан Мурод Самарқандийнинг ёзган асари юқорида баён этилган ҳинд ва туркий халқлар ижодий ҳамкорликларининг яна бир амалий кўриниши эди.

 Шу тариқа “Ништари ишқ”, “Тазкират аш-шуаро”, “Нафоис ал-маосир” каби бир қатор тазкираларда номи зикр этилган олим ва шоирлар – Мирзо Боқий Анжумий, Қилич Муҳаммад Балхий, Гаюрий Ҳисорий, Жудоий, Сабуҳий, Чиғатоий, Хўжа Ҳусайн, Мир Маъсумхон Беҳкорий, қози Муҳаммад Содиқ, Мир Абдулло – Васфий, Ханжарбек Чиғатоий ва Қосим Арслонлар Ҳиндистон фани ва адабиётининг тараққиёти тарихида турфа асарлари билан ном қолдирдилар.

Жаҳонгирнинг ҳукмронлик йиллари билан боғлиқ адабий муҳит тарихида унинг Шоҳ Аббос билан яхши муносабати сабабли Шикебей, Анисий Шомлу, Зуҳурийдек машҳур шоирларнинг ташрифи сингари талай воқеалар ҳинд ерида Эрон маданиятини ўзининг энг юқори чўққисига эришганлиги рамзи сифатида зикр этилган. Шу вақтдаги Мовароуннаҳр ва Ҳиндистон адабий алоқалари хусусида эса Чандуний, Сабрий ва Мутрибий ижодини кўрсатиш мумкин:

Чандуний - бухоролик “Малик уш - шуаро” Ҳасанхожа Нисорийнинг шогирдларидан бўлиб, у тирикчилик қийинчиликларидан Ҳиндистонга келгач, шаҳзода Салимнинг хизматида юрган чоғлари “Фитратий” тахаллусида ижод қилган.

Роҳий – Мавлоно Ғазанфар Ҳиндистонда “Сабрий” тахаллусида шеърлар ёзган. У ҳам шаҳзоданинг маъмурий хизматида бўлган кезлари, ўз даврининг машҳур шоири ва мутафаккири Тоқи Аҳводий билан дўстона муносабатда ҳамкорлик қилган. 

Мовароуннаҳр заминида Камол Хӯжандий, Хожа Исмат; Эронда Ҳофиз Шерозий, Убайд Законий; Ҳиндистонда Ҳасан ва Хусрав Деҳлавий каби саноқли шоирлар моддий манфаат учун мадҳияхонлик ҳамда қуруқ обрў-эътиборни қӯлга киритиш учун шеърни сӯз ӯйинига айлантиришлардан ҳазар қилганлар.

Шу каби шоирлар туфайли аста-секинлик билан давр шеъриятида янги бир жараён – шеър мазмун-моҳиятига янгилик киритиш, инсоннинг маънавий жиҳатдан покланиши, ӯзлигини англаши каби илғор мақсадларга йӯналиш юзага кела бошлаган эди. Шу жараён ӯзининг табиий ривожи асосида аста-секинлик билан кейинги асрларда янги сабк-услуб – Ӯрта Осиёда, хусусан, Малеҳо Самарқандий томонидан “тарз услуби” деб номланган, сӯнг “ҳиндий” ёхуд “бедилий” услуб - сабк номини олган жараён ривожланиб шаклланган. Ишонч билан айтиш мумкинки, шу жараённинг ривожланишида илғор шоирлар қаторида Бисотийнинг ҳам алоҳида ӯрни ва хизматлари катта. Бисотий шеъриятда янги услуб – “тарз шеъри” ёхуд “ҳиндий сабки” нинг ривожланишида хизмат қилган. Асрлар давомида уни энг буюк шоирлар қаторига киргизиб тазкирачилар ҳамда хаттотлар томонидан унинг терма шеърларини қайта-қайта кӯчириб нусха олишлари бежиз эмас эди. Чунки шоир яшаб ижод қилган даврда узундан -узун қасидаларда мадҳиялар айтиш, илм-фан соҳаларининг омма тушунчасидан узоқ бӯлган арабча истилоҳларидан фойдаланиш, шеърни турли сӯз санъатлари билан тӯлдириб тумтароқ сўз ўйинларига айлантириш каби омиллар шеъриятни зерикарли бир соҳага, шоирлар обрўсини эса пастга урган бир давр эди.

 Бисотий дунё бойлигини қўлга сув олганчалик омонат ҳолга ўхшатиб, дўстни қўлга киритишни ғанимат билиш ҳамда дўстларнинг ўз аҳдига вафо қилишини сувни қўлда ушлаб туриш каби қийинлигига ишора қилади ва шу тариқа бирданига иккита ташбеҳ яратади:

دامنش دیگر بساطی همچو آب از کف مده

گر به دست افتد چو ثروت پایبرجا دوستی.[1]

               Қуйидаги байтда муҳаббатни нахл – хурмо дарахтига ӯхшатган. У дейди, агар дарахтлар мевасини териб олсак тугайди ва яна мева бериши учун кейинги йилгача кутиш керак бӯлади. Аммо муҳаббат дарахти бундай эмас: унинг мевасидан қанча кӯп териб олсак, шунча кӯп янгидан- янги мевалар бераверади:

 نخلیست محبت که از او میوۀ مقصود           

هرچند کسی بیش کند بیش براید.

            Ҳали ҳаётлигидаёқ Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Эрон ва Озарбайжонда чуқур ҳурмат ва эътибор қозонган мутафаккир ва мутасаввиф шоир Мирзо Бедил  XV аср охири Ҳиндистонда “Сабки ҳиндий”- мураккаб шеърий услубни юксак мақом ва мартабага  кўтарган шоирдир. 

Бедил ғазаллари форс-тожик шеъриятининг буюк ғазалнавис шоирлари – Рудакий, Аттор, Саъдий, Румий, Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз, Камол Хўжандий, Жомий, Навоий, Соиб Табрезий, Калим Кошоний, Шавкат Бухорий ғазаллари билан бир қаторда туради. Унинг ғазаллари ташқи жиҳатдан кўпроқ ишқий, аммо, моҳият жиҳатидан чуқур фалсафий, ирфоний, ахлоқий ва ижтимоий мазмун ва маънолар касб этади.

Бедил Рудакий, Фирдавсий, Ибн Сино, Аттор, Румий, Жомий ва Навоий сингари ниҳоят даражада сермаҳсул мутафаккир шоир ва ёзувчи бўлган.           

Бедил таъқиб этишлардан қутулиш ва  оғир пайтларда назмий ва насрий асарларида айтилган фалсафий ва ижтимоий фикр-мулоҳазаларини бошқача тарзда изоҳлаш, бошқа бир маънога ҳам буриш имкониятига эга бўлиш мақсадида ана шу мураккаб усулда ижод қилди. Натижада, мураккаб шеърий услуб – “Сабки ҳиндий”ни энг юксак чўққига кўтарди ва ушбу йўналишнинг энг ёрқин намояндасига айланди. Бедилнинг ушбу услубдаги мақом ва мартабаси шу даражада эдики, ундан кейинги шоир ва олимлар гоҳида мазкур услубни “Сабки Бедил” – Бедил услуби номи билан ҳам аташган.

            Бедил “сабки ҳиндий” да баракали ижод қилган .         

ای خیال قامتت آه ضعیفانرا عصا

بررخت آیینه هارا لغزش از جوش صفا.

Бедилнинг асарлари Марказий Осиё халқлари ўртасида жуда кенг          тарқалди, айниқса, унинг қўлёзмалари XVII, XVIII, XIX асрларда ниҳоят даражада оммалашиб кетди.

Бедил юксак даражага кўтарган “сабки ҳиндий” мактаби Фиғоний, Жомий, Навоий ва бошқаларнинг ижоди орқали бошлаб берилган бўлиб, Коҳий Кобулий, Ғаззолий Машҳадий, Файзий (ёки Фаёзий), Даканий, Урфий Шерозий, Толиб Омулий, Зуҳурий Туршизий, Сойиб Табризий, Муҳаммадқули Салим Теҳроний, Калим Кошоний, Назирий Нишобурий, Ғани Кашмирий, Носирали Сарҳиндий, Мирзо Жалол Асир, Шавкат Бухорий, Мазҳар Жони Жонон, Неъматхон Олий, Зебуннисобегим (Махфий), Мирзо Асадуллоҳ Ғолиб ва ҳатто Аллома Иқбол Лоҳурий ижоди орқали, шунингдек, Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Темурийлар сулоласига мансуб бўлган ҳукмдорлар ҳамда ушбу заминда яшаб ўтган илм ва маданият, адабиёт ва санъатга алоҳида ғамхўрлик қилган бошқа давлат арбобларининг қўллаб-қувватлашлари, ёрдамлари ва эътиборлари туфайли ўзининг камолига етган. Бедил ўз ижоди билан “сабки ҳиндий” услубини янги поғонага кўтаришга эришди, кўплаб издошлар ва мухлисларга эга бўлди. Унинг ижоди нафақат Ҳиндистон ва Марказий Осиёда, хусусан, Афғонистонда ҳам кенг тарқалди. Бунинг натижаси ўлароқ, охирги юз йил давомида Афғонистон бедилшуносликнинг йирик марказига айланди.   

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “ҳинд услуби” ижодкорлари  ӯзларининг асарларида турли бадиий санъатлар, мақсадли сӯз ва иборалардан фойдаланиб мазмун ва шаклни бир-бирига мослаштирганлар. Ӯзига хос ва бетакрор маҳоратлари билан янгидан- янги образлар яратганлар.

Ӯқувчи фақат шоир билан дардкаш бӯлиб қолмасдан маълум даражада ӯзининг руҳий, ҳиссий туғёнларини, бошқача айтганда, ӯзини шу шоир шеъриятида топади. Адабиётнинг асл мақсади ҳам нафақат муаллифнинг ӯзлигини танишига, маънавий ӯсишига кӯмаклашиш, балки ӯқувчининг маънавий-руҳий такомиллашувига эришиш ҳисобланади. 

“Cабки ҳиндий” ижодкорлари асарларидаги инсон руҳияти тасвирининг ранго-ранглиги ва унинг ғазалхон қалбини ром эта олишидаги маҳорати, сўзсиз, ҳеч бир қилқалам соҳиби санъатидан қолишмайди.

                                      

Адабиётлар:

1.Низомиддинов Н. Бобурийлар даври Ҳиндистон туркий тили ва адабиёти. – Тошкент: 2010 йил.

2. Алиев Г. Ю. Персоязычная литература Индии. – Москва: “Наука”, 1968.

3. Мирзоев А. Из истории литературных связей Маверауннахра и Индии во второй половине XVI – начале XVII в. – Москва: 1963.

4. Ризаев З. Г. Индийский стиль в поэзии фарси XVI – XVII вв.- Т.: “ Фан”, 1971.

 

Каримова С. Индийские приёмы в новой персидско-таджикской литературе. В статье исследуются индийские приёмы, использованные в персидско-таджикской литературе второй половины 16 века, достигшей пика своего развития.

Karimova S. Indian methods in the new Persian-Tajik literature. The article investigates Indian methods, used in Persian-Tajik literature in the second half of the 16th century, being on the top of its development.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati