“МАЛИКА АЙЁР” ДОСТОНИ ТИЛИДА ЗООНИМЛАР

Умаров Илҳомжон Акбарович,

ЖДПИ ўқитувчиси

Калит сўзлар: зооним, зооним компонентли матн ва ёввойи ҳайвон номлари, судралиб юрувчи жонзот ва кичик кемирувчилар номлари, қуш номлари, семантика, достон.

ЎТИЛда зооним – (зоо...+юн. onyma-ном, исм) ҳайвон номлари билан боғлиқ сўзлар (2. 159), деб шарҳланган. Бундай сўзлар тадқиқи Маҳмуд Қошғарийнинг “Девон”идан бошланган, унда 400 га яқин зоонимлар, шу жумладан, 100 га яқин қуш номлари изоҳланганлиги тилшуносликдан маълум. Туркий халқларда зоонимларнинг лисоний тадқиқига бағишланган бир қатор диссертация ва монографик ишлар эълон қилинган. Хусусан, А.М.Щербакнинг тадқиқотида1 уй ва ёввойи ҳайвонлар жинсига, ёшига кўра номларининг эътимологик ва семантик таҳлили берилган бўлса, Э.Айдогмушнинг диссертациясида2 турк ва қирғиз тилларидаги зоонимларнинг номлари таснифланган, зооним компонентли иборалар таҳлил қилинган, хонаки ва ёввойи ҳайвон номларининг ясалиши ўрганилган, зоолексикасининг тарихий қатламлари аниқланган.

Ўзбек тилшунослигида зоонимлар, зооним компонентли матнларнинг лисоний хусусиятларига бағишланган ўндан ортиқ диссертациялар ёзилган3, қатор монографик тадқиқотлар ва изоҳли луғатлар чоп этилган4. Уларда туркий ёзма манбалар тилидаги зоонимлар, зоологик атамаларнинг шаклланиш босқичлари, зоонимларнинг маъно кўчимлари, бадиий санъат турларини хосил қилишдаги, инсон ҳарактерини ифодалашдаги аҳамияти, “ҳайвон” архисемали лексемалар майдонининг мазмуний таҳлили, шахс тавсифида ҳайвон номларидан фойдаланиш, ўзбек болалар фольклори тилида зоонимлар, зооним компонентли фразеологик бирликларнинг структуравий ва семантик хусусиятлари, зооним компонентли мақолларнинг лингвокультурологик хусусиятлари сингари масалалар таҳлил қилинган5.

Халқ оғзаки ижоди асарлари ва хусусан, достонлар тилидаги метафорик қўлланиш натижасида эмоционал-экспрессив маъно ҳосил қилувчи зооним ва зоофорфизмларнинг лингвопоэтик табиати ҳақида Г.Жуманазарованинг докторлик диссертациясида6 муайян фикр-мулоҳазалар билдирилган. Аммо, биз тадқиқ қилган “Малика айёр” достони тилидаги зоонимларнинг лисоний табиати ҳанузгача ўрганилмаган. Айни ҳолни инобатга олиб, ушбу мақолада зоонимларнинг этимологик, функционал ва семантик тадқиқи масаласигақисқача тўхталдик, достон лексикасида қўлланган зоонимларни семантик жиҳатдан қуйидаги гуруҳларга бўлиб ўргандик:

1. Уй ҳайвонлари номи:туя, қўй, кучук, қўчқор, мол, от, той, мушук кабилар. Туя-туясимонлар оиласи, қадоқ оёқлилар туркумига мансуб жуфт туёқли сут эмизувчи ҳайвон7; бир ёки икки ўркачли, жуфт туёқли, асосан, юк ташиш учун ҳизмат қиладиган, сувсизликка чидамли сут эмизувчи иш ҳайвони (ЎТИЛ, 4, 222). Туя лексемаси Ўрҳун-Энасой ёдгорликларида teba // teva, эски ўзбек тили обидаларида, Алишер Навоий асарлари лексикасида teva шаклида учраганлиги аниқланган8. Ҳозирги ўзбек адабий тилида туя, шеваларда teva шакллари истеъмолда эканлиги маълум. Биз ўрганган достон лексикасида бу истилоҳнинг айнан ўзи қўлланмаган, лекин унга –дай қўшимчаси қўшилиб, биргина ўринда туядай шаклда учраган, матнда “туя сингари, туяга ўҳшаш, катта, улкан” (ЎТИЛ, 4, 223) маъносини ифодалаган: Шундай қарасалар, Шоқаландар маст туядай бўлиб гуркираб, у ёқ-бу ёққа қараб эниб, талпиниб турибди. Шоқаландарни кўриб: ўлмайин омон-эсон бир-бировимизни кўрдик», деб ҳаммалари отларидан тушиб, Шоқаландар билан кўришиб, топишиб, ҳол-аҳвол сўрашиб димоғлари чоғ бўлди (179) каби.

ЎТИЛда қўй лексемаси “гўшт, жун, сут ва тери олиш учун боқиладиган жуфт туёқли, кавш қайтарувчи сут эмизувчи уй ҳайвони” (5, 398) маъноси билан изоҳланган. “Малика айёр” достонида ҳам бу истилоҳ “гўшт ёки егулик, овқат” маъносини ифодалаган: Унда Авазхон айтди: — Бир туюрни олиб, «Дев гўштимикин», деб оғзига солди, қўй гўшти эканлигини билиб емай қолди (42);Достон лексикасининг баъзи ўринларида “қўйдай” истилоҳи “сўймоқ, шафқатсизларча, бераҳмлик билан қўй ёки одамнинг бошини танасидан жудо қилмоқ” маъноларини ифодалаган: Бир қўйни сўйиб, шўрвасига тўйиб, гўштини пишириб, корсонга солиб, буларнинг олдига олиб келиб қўйди (41);Кўп девларни Шоқаландар // Қўйдай қилиб изиллатди (146);

Форс тилидан тилимизга ўзлашган кучук лексемаси “кичкина; майда; кичик ёшли” маъноларини (ЎТИЛ, 5, 442) ифодалаши аниқланган. Бу лексема достон матнида “итнинг боласи; етилмаган ёш ит, умуман ит ёки итга нисбатан ҳақоратни билдириш” маъноларини ифодалаган: Элингнинг расими шундай бўларми, // Ҳеч замонда кучукка хун оларми, // Бу кунингдан ўлсанг бўларми, Қосимшоҳ, // Қизларинг кучукман базм қиларми?! // Ҳар шаҳарда юрган гадо, Қаландар, // Кучукни ўлдириб, бўлдик гуноҳкор, // Сўраганинг бўлса кучукнинг хуни, // Сенга мунча шаъну шавкат на даркор (88)каби. Достон матнида мазкур лексеманинг маънодоши кучукбачча (итвачча) истилоҳи қўлланмаган.

Қўчқор лексемаси “совлуқларни уруғлантиришда фойдаланиладиган, бичилмаган эркак қўй” (ЎТИЛ, 5, 417) маъносида қўлланиши аниқланган. Зооним сифатида достонда бу истилоҳ кўчма маънода: “эпик қаҳрамонга нисбат берилган: зўр, ботир, паҳлавон” маъносида қўлланган: Чамбил элтиб сени лойга соламан, // Чамбилнинг қўчқори ўзим бўламан (38);Тилларинг суғуриб, ўяй кўзингни, // Танидингми бу қўчқор Авазингни (26);Аваз ўғлон кетсин бу ердан омон. // Омон-эсон олиб борсин ёрини, // Бориб обод қилсин кирдикорини, // Ўлдирмагин Чамбилнинг қўчқорини (199)каби.

Араб тилидан ўзлашган мол лексемасининг “бойлик, мулк; пул жамғармаси” маънолари (ЎТИЛ, 5, 610) мавжудлиги аниқланган. Достон лексикасида бу истилоҳ қуйидаги маъноларда қўлланганлиги кузатилди: а) “сут эмизувчилар оиласига мансуб уй ҳайвони (миниладиган от)” маъносида: Шу тулпорни минган киши Маликани олиб кетади, агар бошқа киши, бошқа мол, от-бедов ё бошқа нарсалардан минган киши бўлса, бандаргоҳда қирқ минг аждарҳо буни кўрса пишқиради, бўлак мол минган киши аждарҳонинг дамида йўқ бўлиб кириб кетади (77);Жоним Ғирот, молим Ғирот, // Сени минган топар мурод (9);б) “бисотидаги буюм; мол-дунё, бойлик” маъносида: Гўрўғлибек чиқиб қирди барини, // Ўлжа қилиб олдик молу зарини (27); // Кокилларим эшилгандир тол-тол, // Ҳар толига берса етмас дунё мол(48)каби.

От лексемасининг “якка туёқлиларга мансуб ўтхўр, сут эмизувчи йирик иш-улов ҳайвони” (ЎТИЛ, 3, 150) маъноси мажудлиги аниқланган. Кўп маъноликка эга бўлган бу истилоҳ достон матнида “ўргатилган ёки миниладиган ҳайвонларнинг номи; лақаби” маъносида қўлланган: Ғиркўк отни абзаллаб, чоқлаб олиб кел, — деди. Ғиротни минсам, Шакаркўлига борсам, довул туйиб, кўлга қушимни солсам (6); // Ғиротнинг жиловини Соқибулбул ушлаб, Ғиротни эгарлаб, чоқлаб, олиб келиб Гўрўғлига тўғри қилди. Гўрўғли Ғиркўк отнинг белига миниб, бўз тарлон қушини қўлига олиб, Соқига қараб айтди (7)каби. Достонда бу истилоҳ билан бириккан сўз бирикмалари қуйидаги маъноларда қўлланганлиги кузатилди: а) отга миндирмоқ: - “от совға қилмоқ, от билан мукофотламоқ” маъносида: Сўзимизга Маликани кўндирсак, // Қўлга келса, Маликадай дилбарни, // Бояги ул тулпор отга миндирсак, // Ажойиб шаҳарни кўргин, Авазжон (86); б) от солмоқ ёки от қўймоқ: “минган отини бирор тамонга (душманга) йўналтириб ҳужум қилмоқ” маъносида: Атрофини олиб душман, // Девлар от солиб ул замон (173);Комил пирларни ёд этиб, // От қўйди душман устига (28); Гўрўғлининг отини тутиб: «Мана мен урушга кетдим, Гўрўғли бўламан, қаёққа қочиб қутуласизлар», — деб отларига дам бериб, икки мерган бирдан душманнинг устига қараб от қўйди (34); в) ушбу бирикманинг айрим вариантлари (от қўйинг, от қўйинглар) достон матнида “душманга ҳужум қилишга буйруқ бериш” маъносида ҳам қўлланганлиги кузатилди: Бу девлардан асло қўрқманг, ёронлар, // Жавоб бердим от қўйинг, Шоқаландар, // Девларни аяманг, ўлдиринг, Заргар, // Боринг энди уруш бўлди, туриш йўқ, // От қўйинглар, энди жавоб, оллоҳу акбар (133)каби.

“Отнинг бир ёшдан икки ёшгача бўлган боласи” (ЎТИЛ, 4, 134) маъносини ифодалайдиган той лексемаси биз ўрганган достон матнида ҳам учраган: Остингга минибсан кўк ола тойди, // Ола тойинг менга таътил бўлмайди (22);Той қилиб дашту даласин, // Кўринг Чамбилнинг тўрасин (203)каби.

Форс тилидан ўзлашган мушук лексемаси ўзбек тилининг баъзи шеваларида, хусусан, қипчоқ шевасида пишак номи билан юритилиши ҳаммага маълум ҳодиса. Ушбу истилоҳ биз ўрганган достон матнида зооним номи сифатида қўлланган: Индин чиқиб пишак билан ҳазиллар, // Магар ажал қамсаб келса сичқонга (80) каби.

  1. Ёввойи ҳайвон номлари: шер, тулки, айиқ, йўлбарс, қулон, кийик, фил, қашқир кабилар. Форс тилидан ўзлашган шер лексемаси “арслон; ботир, жасур; асат” (ЎТИЛ, 4, 563) маъноларини ифодалаши аниқланган. Достон лексикасида бу истилоҳ “мушуксимонлар оиласига мансуб, калта ва сарғиш юнгли йирик сут эмизувчи йиртқич ҳайвон; арслон” маъносини ифодалаган: Бу сўзни Шоқаландар эшитиб, Қосимшоҳга қараб: - Шер хунига жавоб шу, — деб турибди (88). Достон лексикасининг баъзи ўринларида бу лексема кўчма маънода “эпик қаҳрамонни шерга нисбатлаб атаганликни (“азамат”, “ботир”, “полвон” маъносида)” кузатилди: Сен эшитгин Авазхоннинг сўзини, // Кучук босмас йўлбарс, шернинг изини, // Излаб чиқдим Қосимшоҳнинг қизини (42); Кучук босмас йўлбарс, шернинг изини, // Олсам Маликадай сарвинозини (53). Ушбу лексеманинг маънодоши (синоними) форс тилидан ўзлашган шербачча истилоҳи “шер боласи” маъносида (ЎТИЛ, 4, 564) қўлланилиши аниқланган. Бу лексема достон матнида “қўрқмас, бақувват йигит; азамат; шоввоз” маъноларини ифодаланганлиги кузатилди: Бандаргоҳда ётган қирқ минг шербачча, // Шер устига етиб борди қаландар. // Ул шерлар чобиниб йўлни олади, // Шоқаландар, Аваз, Заргар елади, // Неча шерни сўта билан солади, // Кўп шерларни ерга яксон қилади (83) каби.

“Бўрисимонлар оиласига мансуб, тумшуғи узун, думи майин, узун жунли, ўта сезгир ва айёр йиртқич сут эмизувчи ҳайвон” (ЎТИЛ, 4, 186) номи билан боғлиқ тулки лексемаси зооним сифатида достон матнида фаол қўлланган. Хусусан: Беклигимда суриб қилдим миннатим, // Бир тулкини қувиб келиб инлатдим (56);Оёғимдан аста тортгин, Авазжон, // Бу тулкимнинг қуйруқлари узилар // Мендайин мардларнинг кўнглин бўлмагин,// Тулкимнинг терисин нобуд қилмагин (57)каби. Ушбу истилоҳ маъносида достоннинг баъзи матнларида ўз маъносидаҳам, кўчма маънодаҳам, яъни “ўтакетган айёр, чиройли ва маккор” ҳайвон зооним номини ифодалашга ҳизмат қилган: Шодмон мерганни индан суғуриб олибди. — Қани инлатган тулкинг? - деб турибди. Шодмон мерган айтди: — О, мен инлатган тулки, бир тулки эди. Қуйруғи узилмасин, териси бузилмасин деб авайлаб туриб эдим, сени одам бўлган десам, бачча кундаги хабалоқлаганинг қолган йўқ экан (57);

Айиқ - пахмоқ юнгли, бесўнақай, катта, сут эмизувчи йиртқич ҳайвон (ЎТИЛ, 1, 53) номи достон матнида зооним сифатида қўлланган: Авазга дори топмоқ учун тоққа чиқиб кетди. Ногаҳон олдидан бир айиқ чиқди (35). Бу лексема –дай ўхшатиш қўшимчаси билан биргаликда қўлланганда “қўрқинчли овоз чиқармоқ, даҳшатга солувчи ҳаракатлар қилмоқ” маъносини ифодалаб келган: Қилич теккан вақтда девлар // Айиқдай бўлиб ақирди (149);Не ярадор девлар ётир, // Айиқдай бўп чинқириб (151);

Қулон – “отдан кичикроқ, эшакдан каттароқ, отдан кўра кўпроқ эшакка ўхшаб кетадиган ёввойи ҳайвон” (ЎТИЛ, 5, 370), шунингдек, кийик – “қавш қайтарувчи шоҳли сут эмизувчилар оиласининг оҳу, буғу ва ҳоказолар каби катта бир гуруҳининг умумий номи” (ЎТИЛ, 5, 364) зоонимларнинг бир тури сифатида достонда қўлланган: Қулон-кийик овлаб юрган // Зебит деган чўллар қолди (45).

Араб тилидан форс тилига ўзлашган ва тилимизга кириб келган филлексемаси “Африка ва Осиёда яшайдиган, сут эмизувчилар синфига мансуб, сиртга чиққан иккита узун, курак тишли ва бақуват хартумли, ўсимликлар билан овқатланувчи улкан жуссали ҳайвон” (ЎТИЛ, 4, 345) номи билан достон матнида зооним сифатида тилга олинган: Қаради: бир филни минган, икки оёғи чим ерни омочдай тилган, соқол мурти ўсиб кетган, аймашиб келиб, оғзи-бурнини босиб кетган (21). Филни минган бирикмаси достонда “бақувват, қудратли, катта имкониятларга эга душман” маъносида ҳам қўлланган: Фил минган армани, қайда борасан?! // Остимда бедовим ўйнар юз алвон, // Сўзимни эшитгин /фил минган/ душман (21) каби.

“Сут эмизувчиларнинг итсимонлар оиласига мансуб йиртқич ҳайвон” (ЎТИЛ, 1, 416) зоонимларидан бири қашқир лексемасидостон матнида қўлланган: Яна бир қашқирни отиб олиб, картини олди... (35);

3. Судралиб юрувчи жонзод номлари: илон, тошбақа, касратки каби.Илон –“судралиб юрувчи, оёқсиз, танаси ингичка узун, кўзлари шаффоф қовоқлар билан қопланган жонивор” (ЎТИЛ, 2, 198) эканлиги аниқланган. Бу истилоҳ достон матнида касратки (шевада калтакесак) зооними билан биргаликда қўлланган: Хазон бўлса ғозлар қўнар гулшанга, // Ажалликасратки тегар илонга (80). Достон матнида “илон бўлиб чиқмоқ”, “илон бўлиб ётмоқ” бирикмалари “зарар етказадиган ёки зарар қилмайдиган” маъноларини ифодалаган: Ўн саккиз кун тош кемириб Шозаргар, // Йилон бўлибчиқди чоҳнинг бошига (112);Шунда Шозаргар ўйлаб айтди: «Энди йўл устида илон бўлиб ётмайман (112)каби.Тошбақа лексемаси “танаси косасимон қаттиқ, суяк-муғиз қобиқ билан ўралган судралувчи ҳайвон” (ЎТИЛ, 4, 160) маъносини ифодалайди. Бу истилоҳ ҳам достон матнида зооним сифатида қўлланган: Яна бир қашқирни отиб олиб, картини олди, тошбақанинг моягини олиб, уччовини бирга қўшиб аралаштириб, юмуртқа малҳам қилиб, Авазнинг яраларига тортди (35);

4.Кичик кемирувчи сут эмизувчи ҳайвон, ҳашарот, чигиртка ва қумурсқа номлари. Сичқон – “ер юзида кенг тарқалган, ҳавфли касалликлар тарқатадиган кичик кемирувчи сут эмизувчи ҳайвон” (ЎТИЛ, 3, 528) номи билан зоонимлардан бири сифатида достон матнида учрайди: Бир сичқон келиб, тўқсон қутини тешиб, қулоғи қамишдай бўлиб чиқди (112); Сичқон яна бир ағанаб юзук бўлиб қолди (112); Магар ажал қамсаб келса сичқонга: “қочишга жой топа олмай қолинган пайтда айтиладиган ибора”маъносида қўлланган: Индин чиқиб пишак билан ҳазиллар, // Магар ажал қамсаб келса сичқонга (80) каби. Чивин – “икки қанотли, узун мўйловли, қон сўрувчи майда ҳашарот” (ЎТИЛ, 4, 178) номи достон матнида зооним сифатида қўлланган. Бу лексема “жуда кичкина, майда, лекин тирик ҳашарот ёки менсимаслик” маъносини ифодалаган ва эпик қаҳрамоннинг муайян қиёфаси ҳақида таъриф берилган: Бизнинг подшоларимиз: «Ўзбакнинг чивиндайи ҳам дўқчил бўлади, дўқидан қўрқма», — деб эди (21); Той устинда чивиндай бўп жалпайиб, // Гўрўғлининг отини Худой урдими (24); Бунинг билан баробар бўлмай, // Девларни чивинча кўрмай (145) каби. Қумурсқа – “майда чумоли; умуман, ҳар қандай чумоли” (ЎТИЛ, 5, 377) номи ҳам зооним тури сифатида достонда қўлланган. Бу лексема достонда “кичкина, майда, чумолидек кичик” маъносини ифодалаган ва эпик қаҳрамоннинг ташқи қиёфасига нисбатан айтилган: Қумурсқадай сенинг бир жасадинг бор, // Тур йўқол, йўлингга бориш энағар (22). Чигиртка – “тўғри қанотлилар туркумига мансуб ҳашарот” (ЎТИЛ, 4, 479) номи ҳам достонда учраган ва “озғин, кичкина” маъносини ифодалаган, асосан, эпик қаҳрамоннинг оти ҳақида сўз юритилган: Мендан савол сўраб ишларинг қанча?! // Миниб юрган чигирткадай отинг бор (22) каби.

5. Қуш номлари(булбул, қарға-қузғун,лайлак,мусича, жинқарча, муроталибача, майна, тўти, ғоз, шунқор, сўна-суқсуркабилар).Булбул – форс тилидан ўзлашган бу лексема “чумчуқсимонлар туркумининг қораялоқлар оиласига мансуб сайроқи қуш” (ЎТИЛ, 1, 369) маъносини ифодалайди ва достон матнида зооним сифатида қўлланган: Ичкари кирса, олмалар пишиб ётар, тагига тушиб ётар; гуллар очилиб, булбуллар бир-бирига чақ-чақ учириб ўтирибди (7);Булбулнинг маскани боғлар, // Айрилиққа бағрим доғлар (59). Достонда бу лексема зооним сифатида ўз маъносидан ташқари, кўчма маънода: “ошиқ, хуштор” маъносида ҳам қўлланганлиги кузатилди: Яна баҳор бўлса очилар гуллар, // Гулни кўрса, маст бўп сайрар булбуллар (8);Соқибулбулни чақириб: — Боғда очилган гулим, чаманда булбулим, Авазхон улим Торкистон шаҳрига — Малика парига бормоқ бўлди (12)каби. Лекин бу истилоҳнинг яна бир кўчма маънодаги: “хушовоз хонанда; моҳир нотиқ” маъноси достон матнида қўлланилмаганлиги аниқланди.

“Патлари тим қора (қора қарға) ёки қора билан кулранг аралаш (ола қарға) кўчманчи қуш” (ЎТИЛ, 5, 265), шунингдек, “Қарғасимонлар оиласига мансуб, ҳар қандай нарсани ҳам еяверадиган, ўлимтикхўр ўтироқ қуш (ЎТИЛ, 5, 365)” номи билан аталувчи қарға-қузғун бирикмаси ҳам зооним сифатида достонда қўлланган: Қарға-қузғун бунда ейди гўшингни! // Ажал ҳайдаб энди бунда келасан (199)каби. Достон матнида зооним сифатида мусича (каптарсимонлар оиласи ғурраклар уруғига мансуб, одамга яқин яшайдиган, беозор, ювош қуш, ЎТИЛ, 5, 648), форс–араб тилидан ўзлашган лайлак “узун оёқли қушлар туркумига мансуб, тумшуғи ва оёғи узун, парлари ола (оқ ва қора аралаш) катта қуш” (ЎТИЛ, 5, 484), шунингдек, “кичкина, чаққон, сайроқи қуш” номи (ЎТИЛ, 4, 496) билан аталувчи жинқарча(шевада:читтак) каби қуш номларини ифодаловчи зоонимлар ҳам достон матнида қўлланган: Уч кўшк, ичкима-ички, зинапоя, зертанг-забартанг, жойлар тузалган, яхши тўшаклар тўшалган, шароб, антаҳурлар тўкилган, сувлар сепилган, намойишга чини гужумлар тикилган, гужумнинг соясига жинқарча,мусича, муроталибача - жаъми қушлар йиғилиб, ўртада бир лайлакни созанда қилиб, айттириб ўтирибди (7);

Булардан ташқари, “тропик ўрмонларда яшайдиган, кўпчилик тури чиройли, ранг-баранг патли қуш” (ЎТИЛ, 4, 248) номи билан юритиладиган тўти, майна (чумчуқсимонлар оиласига мансуб сайроқи қуш, ЎТИЛ, 5, 529), булбул каби қуш номлари билан боғлиқ зоонимлар ҳам учраган: Катта чинорнинг шоҳлари ҳар ёққа шоҳлаб кетган, шоҳларида тўти, майна, булбуллар бола очиб, сайраб ётган (60); “Ёввойи ёки хонакилаштирилган, бўйни узун, сувда сузувчи йирик қуш” (ЎТИЛ, 5, 452) номи билан аталувчи ғозлексемаси ҳам биз ўрганган достон матнида учрайди: Чарқиллаб учадикўлларнинг ғози, // Чўлларда кўп бўлар улоғман қўзи (23). Ўзбек тилида шунқорлексемаси “лочинсимонлар оиласига мансуб кучли йиртқич қуш” (ЎТИЛ, 5, 9) маъносини ифодалаши аниқланган. Достонда бу истилоҳ кўчма маънода, яъни мард, жасоратли, ботир эпик қаҳрамонга нисбатан қўлланганлиги кузатилди: Кўкламтоғда қолди Ғиркўкдай тулпор, // Кўнглингни бўлмагин, Аваздай шунқор (85);Ундай деб очма сен ғайри оғзингни, // Танидингми бўл шунқор Авазингни (26). Достон матнида бу лексеманинг “бой-бадавлатли, катта мулкли эпик қаҳрамон” маъносида ҳам қўлланганлиги кузатилди: Кўнгил қилсанг, келгин, давлатли шунқор, // Ўйнаб-кулиб тарқат кўнгилдан ғубор (48);“Ёввойи ёки хонаки эркак ўрдак” (ЎТИЛ, 3, 615) номи билан аталувчи сўна, суқсур “ўрдаксимонлар оиласига мансуб, патлари узун ва ингичка қуш” (ЎТИЛ, 3, 604) каби лексемалар биргаликда – сўна-суқсур шаклида достон матнида қўлланган: Сўна-суқсур отиб юрганШакар деган кўллар қолди (45)каби.

Хуллас, зоонимлар тилимизнинг луғат бойлигида ҳам, халқ достонлари тилида ҳам мавжуд бўлиб, улар табиат, жамият ҳақидаги хулосаларни, эпик қаҳрамон (инсон) феъл-атвори, ҳаракатига хос ижобий ва салбий вазиятларни намоён этишга, таъсирчанликка ҳизмат қилади. Жаҳон ва ўзбек тилшунослигида зооним ва зооним компонентли матн таҳлилига бағишланган тадқиқотлар тарихий, лексик-семантик, функционал-услубий ҳарактерга эга бўлиб, уларда ҳайвон номларининг семантик хусусиятлари ёритилган.

1Щербак А.М. Названия домашных и диких животных в тюркских языках // Историческое развитие лексики тюркских языков. –М., Акад. СССР, 1961.-С.82-150.

2Айдогмуш Э. Турк жана кыргиз тилиндеги зоонимдер: Дисс. ... канд. филол. Наук. – Бишкек, 2004.-198 с.

3Қаранг: Тошева Д.А. Зооним компонентли мақолларнинг лингвокультурологик хусусиятлари. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси авторефарати.Тошкент, 2017, Б.12.

4Холмонова З., Тошева Д. Зооним компонентли паремаларнинг изоҳли луғати (ўзбек, инглиз ва рус тили материаллари асосида). Луғат. –Тошкент: Тuron zamin ziyo, 2016.-260 б.

5Тошева Д.А. Зооним компонентли мақолларнинг лингвокультурологик хусусиятлари. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси авторефарати.Тошкент, 2017, Б.12.

6Жуманазарова Г. Фозил Йўлдош ўғли достонлари тилининг лингвопоэтикаси (лексик-семантик, лингвостилистик ва лингвостатистик таҳлил). – ДД., Т., 2017.- Б.260.

7Холмонова З., Тошева Д. Зооним компонентли паремаларнинг изоҳли луғати (ўзбек, инглиз ва рус тили материаллари асосида). Луғат. –Тошкент: Тuron zamin ziyo, 2016.-260 б.

8Абдувалиева Д. Алишер Навоий тарихий асарлари лексикаси. – Т.: Фан, 2016. Б.116.

Фойдаланилган адабиётлар ва шартли қисқартмалар

 

  1. Айдогмуш Э. Турк жана кыргиз тилиндеги зоонимдер: Дисс. ... канд. филол. Наук. – Бишкек, 2004.-198 с.

  2. Абдувалиева Д. Алишер Навоий тарихий асарлари лексикаси. – Т.: Фан, 2016. Б. 116.

  3. Жуманазарова Г. Фозил Йўлдош ўғли достонлари тилининг лингвопоэтикаси (лексик-семантик, лингвостилистик ва лингвостатистик таҳлил). – ДД., -Т., 2017.- Б.260.

  4. Тошева Д.А. Зооним компонентли мақолларнинг лингвокультурологик хусусиятлари. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси авторефарати.-Тошкент, 2017, Б.12.

  5. Холмонова З., Тошева Д. Зооним компонентли паремаларнинг изоҳли луғати (ўзбек, инглиз ва рус тили материаллари асосида). Луғат. –Тошкент: Тuron zamin ziyo, 2016.-260 б.

  6. Щербак А.М. Названия домашных и диких животных в тюркских языках // Историческое развитие лексики тюркских языков. –М., Акад. СССР, 1961.-С.82-150.

  7. ЎТИЛ - Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Беш томлик. – Т.1.-Тошкент: ЎзбМЭ, 2006. - 679 б.; Т.2. – 2006.-671 б.; Т.3. – 2007. - 662 б. Т.4. – 2008-606 б.; Т.5. -2008 – 591 б.

  8. М.а.– Малика айёр. Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. - 5-98-бетлар.

 

Умаров И. Зоонимы в языке эпической поэмы “Малика айёр”. В статье рассматриваются лингвистические особенности зоонимов и зоофоризмов, их эмоционально-экспрессивный смысл, а также их этимологический, функциональный и семантический анализ в эпической поэме “Малика айёр”.

Umarov I. Zoonyms in the content of epic poem “Malika ayor”. The article deals with linguistic features of zoonim and zooforizms, emotional-expressive meaning, as well as their etymological, functional and semantic analysis in the epic poem “Malika ayor”.

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati