РАУФ ПАРФИ ШЕЪРЛАРИ БАДИИЯТИ

Холова Мафтуна Абдусаломовна,

СамДЧТИ катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори PhD

Калит сўзлар: Шоир шахси, шеърият, лирик қаҳрамон, лирик кечинма, бадиий маҳорат, бадиий олам, ҳис-туйғу, илҳом, истеъдод, мавзу, ғоя.

Шеърият ҳамма кўриб турган ҳодисанинг ҳеч ким пайқамаган жиҳатини ҳис этиш, уни поэтик жиҳатдан мисраларга жо этишдир. Худди шундай ҳаётнинг ҳеч ким пайқамаган, ҳис қилмаган жиҳатларини ўз ижодида акс эттирган шоирларимиздан бири Рауф Парфидир. Рауф Парфи адабиётимизга дастлаб ёмғир садолари билан кириб келди. Унинг илк шеърлари дилга сурур бахш этгувчи ёмғир наволаридай ёқимли, қор парчалари мисол нафис, табиатнинг ўзидек жозибали эди. Шоирнинг:

Ёмғир ёғмоқдайди алла айтгандай,

Олтин доначалар сачратар ҳар ёқ.

Шамол ҳам гувиллар бетиним сойдай,

Бир зум, севгилим, узоқларга боқ.

Олислар турибди мунгли бир тусда,

Дарахтлар тўкмоқда маржон-маржон ёш...

Паришон булутлар эса осмонда

Қора қанотларин ёзган қайғудош.

Рауф Парфи шеъриятига синчиклаб назар соладиган бўлсак, ижодининг дастлабки паллаларида у кўпроқ романтикага мойил ошиқ, япроқлар шивирини тинглай биладиган соҳир қалб соҳиби, деразаси ёнига қўнган ғариб ва паришон қушча ҳолига йиғлайдиган кўкси тиниқ нозиктаъб шоирлигини шеърлари тасвирлаб турибди:

Бир қушча деразам ёнида

Ўтирар паришон ва ғариб.

Йиғлайди, кўзлари ёнади,

Кўзлари иккита марварид.

Бир ажиб навога ўхшайди,

Шоирга ўхшайди бир ҳассос.

Мискин соз чалмоққа у шайдир,

Дардига бордир-ку бир асос [4, 119].

Зулматда ёруғликни қидириб йўлга чиққан йўлчи шоир қанчалик заҳмат ва машаққат чеккани сари овози яна ҳам кескир ва ишончли, шеърлари янгроқ ва гўзал гиряга эврилди. У баъзан ошкора ифодага имкон йўқлигидан сатрларини ташбеҳлардан тиклади, баъзан яланғочлик, жўн баён бадииятнинг кушандаси эканлигини билганидан рамз ва аллегориялар, образлилик тилида ҳақиқатларини парда ортида кўрсатди, муҳаббатини балоғат билан шафақда туриб изҳор қилди [4, 16]. Асқад Мухтор “Шарқ юлдузи” журналида шоирга оқ йўл тилаб ёзган сўзбошисида Рауф Парфи ҳеч кимникига ўхшамаган овоз билан куйлай бошлаганини эътироф этади. Лекин шоирнинг ижодидан “айни пайтда унда Усмон Носир руҳини, Ҳамид Олимжон сурурини, Чўлпон ғуссасини, Ойбек закосини туйиш мумкин” (Мирпўлат Мирзо) эди.

Аввалги шеърларида туйғулар, эҳтирослар дарёси тўлиб-тошиб мавж урса, 80-йиллардан бошлаб асарларида безовта Руҳ, Тафаккур туғёнлари етакчилик қилади. Яна бошқачароқ айтганда, унинг тўнғич шеърлари интим лириканинг нодир намуналари бўлса, кейинги ижодида фалсафий-интеллектуал йўналиш устуворлик касб этди.

Яна жимлик. Яна сукунат.

Тўлиб кетар ҳеч нарсадан дил.

Ҳеч нарсадан бошланади гап.

Ҳеч нарсани сўзлар яна тил.

Қичқиради безабон хулё,

Сукунатда қийналади жон.

Ҳеч нарсани тан олмас гўё

Ҳеч нарсадан бошланган жаҳон [4, 222].

Шоирнинг шеърларида рамзийлик ҳукмрон эди. “Рауф Парфи ҳар бир шеърида одамнинг мураккаб руҳий дунёсидаги бирон ҳолатни тутиб олиб, суратлайди. Бу – қийин ижодий процесс. Лекин Рауфнинг сатрларида бу қийналиш билинмайди, улар гўё осон кўчгандек равон, табиий, самимий. Бу шеърларда декларативлик ҳам, насиҳат ҳам, иллюстрация ҳам, дидактив яланғочлик ҳам йўқ. Улар шоирнинг завқ дунёсидан туғилган. Агар бу дунё тобора кенгайса, тўлқин урса, инсоний эҳтирос ва гражданлик ҳислари билан янада бойиса, Рауф Парфи, шубҳасиз, ҳассос шоир бўлади”, - деб таъкидлайди Асқад Мухтор. Хусусан, Рауф Парфида бу ҳолат яққол кўзга ташланганини айтиб ўтдик. Шоир ижодида тобора фалсафийлик илдиз отиб, катта ижтимоий-фалсафий хулосаларни шеърга сингдириб юбориш руҳи кучайди.

Рауф Парфи ижодидан етарлича бохабар ўқувчи унинг бутун асарларида ўзини ўзи кўндиролмаётган исёнкор руҳ кезиб юрганини сезмай қолмаса керак. Бироқ бу шунчаки пессимистик кайфиятнинг поэтик ифодаси эмас, аср кишиси, давр одамлари фожеий ҳаётининг юксак санъат даражасидаги бадиий аксидир. Р.Парфи замонавий шеъриятни янги поғонага кўтара олган шоир. Унинг ўзига хос поэтик мушоҳада услуби шеъриятимизда алоҳида ижодий мактаб даражасига кўтарилди. Ҳассос шоирнинг қарийб барча шеърларида инсон эрки, озодлик куйланади ва шу эркка тажовуз солаётганларга нафрат сезилиб туради. Масалан, “Виктор Харанинг сўнгги қўшиғи” шеърига эътибор берайлик. Маълумки, Чилининг қўшиқчи шоири Виктор Хара Августо Пиночет бошчилигидаги Хунта томонидан Сантягонинг марказий стадионларидан бирида, озодлик қўшиғи, эрк гимнини куйлагани учун, ўзининг қасоскор шеърлари туфайли беш минг маҳбус олдида панжалари, сўнг қўллари кесиб ўлдирилган. Р.Парфи шу воқеани ўз шеърига тўлалигича киритади. Шоир озодлик учун курашчи қаҳрамон образини шакллантиришда модернистик шеърият услубидан фойдаланди. Асосий маъно ташувчи психологик деталларни образли мантиқ талабига кўра жойлаштиради. Улар кечинма йўналишидаги бурилиш нуқталарига айланади.

Оҳ, сўнгги қўшиқни куйламоқ бунчалар қийин,

Виктор Харанинг кўзлари ўнгида

Унинг суюк она-Ватанини –

Етти торли муқаддас созини синдирдилар.

Сўнг унинг сарбаст қўшиқларига

жўровоз бармоқларини кесиб олишди.

Бир эмас,

Икки эмас,

Уч эмас…

Унинг ўн фарзандини –

Бармоқларини сўйди жаллодлар,

Ўзинг яратдингми шуларни, Тангрим! [4, 154]

Ушбу шеърнинг изҳори эпик услубга яқин, яъни ровий ривоятидек таассурот қолдиради. Бироқ тасдиқ, инкор, такрор, хитоб, фожиа ҳолатининг лаконик тасвири уни лирика қонуниятларига бўйсундирмоқда.

Шеър давомида оғир ўй-кечинмалар “Сўнгги қўшиқни куйлаш бунчалар қийин”, “Оғир, кўп оғир”, “Оғир нақадар”, “Нақадар оғир” тарзидаги такрорларга уланиб, Виктор Харанинг руҳий ҳолати ва

матонатидан, ундаги эътиқодга бўлган комил ишончдан ўқувчини огоҳ қилиб туради. Бу ажойиб, психологик такрор шеър тугалланмасида шоирни:

Оҳ, сўнгги қўшиқни…

Куйламоқ…

Зарур

қабилидаги якунга етаклайди. Р.Парфи ижодида бундай маҳорат билан ёзилган шеърлар кўплаб учрайди.

Рауф Парфи алоҳида олинган бир инсоннинг ички оламини тасвирлашга интилади. У ўзини танимоққа уринаётган, ўзлигини топишга интилаётган кишилар руҳиятини чизади. Шоир олам ҳам, одам ҳам жўн эмаслигини яхши билганидан уларни жўн тушунгиси, изоҳлагиси, тасвирлагиси келмайди. Р.Парфи – ҳаёт ҳақиқатларини кўрсатишдан кўра, кўнгил ҳақиқатларини, руҳият чинликларини ифодалашга мойил. Ҳеч ким кўрмаган ҳолатни ҳеч кимга ўхшамайдиган тарзда кўрсатиш унинг қисмати. [6, 371] Бу ҳол унинг “Уйғон, эй, малагим...” деб бошланувчи шеърида яққол кўзга ташланади:

Уйғон, эй, малагим, тур ўрнингдан, тур,

Оташин музларга исинайлик, юр.

Ёнғинли дарёда қулоч отайлик,

Бу ердан кетайлик, фақат кетайлик.

Ундан ҳам олисроқ кетармиз ҳали,

Ундан ҳам олисроқ, менинг гўзалим.

Қарагил, энг ёрқин бир юлдуз ёнар,

Ёруғ бир чаман бу... кетармиз яна.

Бугун шоҳ эрурман, тилак тилагил,

Бугун мен гадоман, тингла, малагим (120-б).

Шоир шеърда “оташин музлар”, “ёнғинли дарё” каби ноанъанавий талқинларнинг гўзал намуналарини бериб, шеърнинг мазмундорлигини, фалсафийлигини, индивидуаллигини янада оширади. Шоир лирик қаҳрамони бир ўринда ўзини “шоҳ эрурман” деб таъкидласа, яна бир ўринда “мен гадоман” деган иқрорини айтади.

Рауф Парфининг шеърларида бошқа ижодкорлардан фарқланиб турадиган бир жиҳат бор. Рауф Парфи лирик қаҳрамони доимо ўзини, ўзлигини излайди, ўзлигини кашф қилишга интилади. Рауф Парфи – ана шундай изланишнинг ўзоқ йўлини малолланмай босиб ўтади. У ҳар не топса инсон ўзидан топиши мумкинлигини билади. У қалбини тўхтовсиз тафтиш қилади. Чунки излагани ташқарида эмас, ўзининг юрагида. Ўз юрагини англамаган инсон ўзгани тушунолмайди. Ўзгани тушунолмаган инсон, Ҳақ билан сирлашолмайди. Ҳақ билан сирлашишнинг энг бехато йўли унга беғараз муҳаббатдир, уни адоқсиз севиш ва у билан сирлашишдир. Мана шундай лирик қаҳрамон шоир шеърларида доимо тирик ва мукаммал:

  1. Додимни эшитгил, қодир Аллоҳим,

Ишқ сенсан, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.

Лойиқман қаҳрингга, дўзахим-боғим,

Омонат деворман, ўтман, кулингман.

Рубъи маскун ичра сайёд, ўзим сайд,

Ортиқ мадорим йўқ, воқифсан ахир.

Манглайда ёзилган фармонингни айт,

Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир.

Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,

Лойимни қориштир, поклаб бер менга.

Ожиз томиримга покиза қон бер,

Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.

Охират илмидан қил мени огоҳ,

Муродим шаъмини сўндирма, Аллоҳ [4, 229].

Бу шеърда лирик қаҳрамон Яратган билан ёлғиз қолиш, унга нола-ю жола қилиш пайида жонсарак. “Сайёд” ибораси шикорга чиққан овчи сифатида тушунилганда, бир пайтлари бажарган ва бажармаган амалларидан изтироб чекаётган лирик қаҳрамоннинг руҳий тушкунлиги таъкидланаётган бўлади. Сабр-тоқати тугаган қаҳрамон Аллоҳга юзланган пайтидагина тубсиз изтиробларини хотирга олаётир. Ана шу мубҳам чалкашлик ёди “сайд” ибораси орқали ифодаланмоқда. Шоир Яратганнинг ҳаммасидан воқифлигини, кузатиб турганлигини билади. Шунинг учун ҳам қисмат тузоғига ўлжа бўлгиси, Аллоҳ чақириғини тезроқ эшитгиси келади. “Ортиқ мадорим йўқ” дейиш орқали шоир бундай мубҳамликка, ноаниқликка тоқат қилолмаслигини баён этса, “Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир” дея ё бунга бирор чора беришини ва ёки жонини олишини сўрайди.

Рауф Парфи шеъриятига теранроқ разм соладиган бўлсак, шоирнинг шеърлари маҳорат ханжари билан қуролланган. Шоирнинг шеърлари такомилига етган шеъриятдир.

Адабиётлар:

  1. Болтабоев Ҳ. Модернизм ва янги ўзбек шеърияти. 2-мақола // Жаҳон адабиёти. 2007, №2. – Б. 150.

  2. Мухтор Асқад. Йилларим. Шеърлар. – Тошкент: Ёзувчи, 1990. – 184-б.

  3. Норматов У. Тафаккур ёғдуси. – Тошкент: “Янги аср авлоди”, 2005. – 65-б.

  4. Парфи Рауф. Туркистон руҳи. Сайланма. Шеърлар, таржималар. – Тошкент: Шарқ, 2013. – 320-б.

  5. Уэллек Р., Уоррен О. Теория литературы. Перевод с английского. – Москва: Прогресс, 1978. – С. 326.

  6. Йўлдошев Қ. Ёниқ сўз. -Тошкент: Янги аср авлоди, 2006, Б-371.

 

Холова М. Поэтика стихотворений Рауфа Парфи. В этой статье анализируется поэтика трудолюбивого узбекского поэта Рауфа Парфи. Клафицируется тема-содержание мира лирики Рауфа Парфи. В поэтике также исследуется теоретическое изображение людских переживаний, душевные волнения и внутренние перемены.

Kholova M. Literary peculiarities of poems by Rauf Parfi. In this article the poetry of Uzbek poet Rauf Parfi is analyzed. Rauf Parfi’s lyric world is classified. In his poetry human thought, heart emotions, poetic image as well as the changes in mentality are studied theoretically.

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati