ШЕЪРИЯТДА ЭСТЕТИК ИДЕАЛ ВА ЭСТЕТИК ИДРОК МАСАЛАСИ

Эстетик идеал масаласи ҳар бир ижодкор фитрати билан боғланган даражада намоён бўлади. Унинг ҳар бир воқеликка холисона баҳо бериши, миллат ва жамият ҳаётининг муҳим бўғини саналган адабиётнинг мавжуд ҳолатидаги ўзгаришлар, аксланаётган идрок турфалиги, жозиб туйғулар силсиласи санъатнинг мағзини тайин этади. Буюк рус мунаққиди ёзганидек: «Қай ердаки илҳом сохта бўлмаса, ўша ерда поэзия бор ва илҳом кимнинг табиатига қондош бўлса, шоир - ўша» (1, 114). Дарҳақиқат, шоира Зулфия табиатан вазмин ва сермулоҳазали, камтарин ва теран мушоҳадали инсон бўлган. У ҳар бир шогирдига ибрат бўлар экан, ҳам ҳаётда, ҳам ижодда қилган амаллари билан инсоний бўлишликка даъват қилган. Дарвоқе, Зулфия таъсирида камол топган  шоиралар бугунги кунда уни ёрқин хотиралар билан эслайдилар. Бу ўз навбатида шоирга кўрсатилган чуқур ҳурмат ва эҳтиром эканлигидан далолат беради.

Санъат ва адабиётдан маълум: ижодкор ўз тақдирини ижод тақдири билан бевосита боғлаб қўяди, айнан мутаносиблик замирида туйғулар реаллиги қабариб кўринади. Шоира Зулфия ҳам ўз қисматини иккита сўз бағрига жо қилгандек гўё: ҳижрон ва айрилиқ. Айниқса, унинг суронли кайфиятга тушиб қолиши Ҳ.Олимжоннинг вафоти туфайлидир. Бу оғир йўқотиш инсонга бахт ўрнига бахтсизлик, қувонч ўрнига ғам-ғусса ато этиши шубҳасиз. Академик Л. Қаюмов шоира Зулфия ҳақида ҳажман катта – адабий портретни ёзган. Унда «қисмати шоирлиги – шоирлиги қисмати» масаласига мантиқий урғу берилади. Мазкур китобнинг «Автобиографик поэзия» деб номланган фаслида мунаққид «шеър ва шоирлик» мавзусини теран илмий таҳлиллар билан бойитади. Бунда битта муҳим жиҳат олимнинг диққат-эътиборини тортади ва уни феномен даражасига олиб чиқади. Бу феномен Ҳамид Олимжондир. «Баҳор келди сени сўроқлаб» деб номланган шеъри мазкур жиҳатларга муҳим асос вазифасини ўтайди. Олим ушбу шеърни «инсон туйғулари ифодасининг гултожи» (2, 59) эканлигини асосли таърифлайди.

Маълумки, «шодлигу хуррамлик ҳам, ғаму ҳасрат ҳам, бахт-саодат ҳам, фожиа ҳам – барча-барчаси юракка пайванд. Шу боисдан ижодкорни қалб таржимони деб аташади» (6, 25). Айнан шу маслак Зулфия ижодий қарашларининг, лирикасининг бош бўғинини ташкил этади. Бир қарашда самимийлик ва соддалик уфуриб турган мўъжаз сатрларда – ўзбек аёлининг бахту саодатга ташналиги, ҳижрон туфайли «не-не» ажиб туйғулар сўлиши, қандайдир ички эзилиш заминида қабариб кўринади.

Баҳор келди сени сўроқлаб…

Мазкур биргина сатрда шеърнинг ҳам мавзу, ҳам мундарижаси, ҳам туйғулар реализми, ҳам поэтик образнинг ўзига хослиги жамулжам:

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам! (4, 30)

Автобиографик характерга эга ушбу жозиб шеърда шоира Зулфия тақдирида неки бор, барчасини англаш мумкин. Айрилиқ ҳукмига кўникиш қийин. Лекин шундай бўлса-да, пешона ёзуғи - тақдирдан қочиб бўлмайди. Мусибатнинг қароргоҳи – юрак. Шоира юрагини безовта қилаётган биргина сўз – «баҳор келди сени сўроқлаб…» жумласидир. Риторик сўроқ гап замирида бутун шоира ҳаёти ўз аксини топгандек гўё. Ўн етти банд шеърга кўчиб ўтган шахсият моҳиятида бир инсон қисматининг поэтик жилвасини кузатиш қийин эмас.

Баҳор – поэтик ахборот ташувчи сўз. Воқелик призмасидан сизиб чиқаётган мушоҳада замирида аёл садоқати-ю, пок муҳаббати ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда. Севги ва садоқат тушунчаларини мантиқий далиллаш ушбу шеърда янада тиниқроқ акс эттирилган. Эстетик қамров табиатан «шеърга кўчган шахсият» билан боғлиқ тарзда кечади. Ҳижрон тушунчаси шоир наздида – идеал тушунча! Аслида ҳам шундай дейишимизга муайян асос ҳам мавжуд. Проф. Д. Қуронов шундай ёзади: «Сўфий ҳаққа яқинлашгани сари мавжудликнинг моҳиятини теранроқ идрок қилгани каби ижодкор ИДЕАЛга яқинлашгани сари ҳаётнинг, инсоннинг моҳиятини теранроқ илғайди. Сўфийлик йўлининг ибтидоси ҳам интиҳоси ҳам ҲАҚ бўлганидек, ижодкор фаолиятининг мотиви ҳам, мақсади ҳам ИДЕАЛдир» (3, 164). Аёнки, Зулфия лирикасидаги ЭСТЕТИК ИДЕАЛ ҳаётга яқинлиги, ҳаётбахшлиги, қалбда кечаётган реал жараёнларнинг ифодаси ўлароқ шаклланган. Демак, тадрижий ривожланган поэтик табдил негизида – ИДЕАЛ тушунчаси кўп қатламли ва мураккаб аҳамият касб этиб борган. Антитеза усулида бир-бирига пайвандланиш тушунча қамровини янада теранлаштирган. Мавжуд воқеликка параллель тарзда қад ростлаган эстетик идрок поэтик мутаносибликни далолатлайди, ҳамда бир бутунликни юзага келтиради.

Шоиранинг давр муаммоларини интим кечинмалар таъсирида идрок қилиши табиий ҳолат эди. Унда шахснинг орзу-умидлари теран мушоҳада саҳнига олиб чиқилади. Булар қай жиҳати билан олам ва одам хусусида қанчалик ўйга толдирмасин, «эътиқодда бутунлик» оний сурурни гавдалантиради. Булар ўз навбатида ҳаёт йўлларининг чигалликларини, ирода йўналишининг собитлигини англатади. Ижодкор, аввало, шахс мақомига кўтарилар экан, мавжуд воқеликка қай тарзда муносабатда бўлиши билан чегараланмайди, умумруҳият мезонларидан туриб назар ташлайди. Зулфиянинг поэтик оламида қабариб кўринган образ бадиий тадрижи ҳам «ИДЕАЛ» тушунчасига монанд аксланади. Бир қарашда оддий туюлган поэтик ахборот замирида – миллат руҳияти ўзига хос тарзда жилваланади. Мушоҳадага бой ва теран сатрларда ўзбекона руҳ, қадрият мужассамлиги поэтик инкишоф қилинади.

Одатда сўз либос, унга юклатилган мазмун жамики унсурларни бирлаштиради. Шаклий-услубий қамров негизида турфаланган поэтик мазмун ижодкор фитратидан озиқланади. Зулфия қалбининг теран фалсафий қарашлари фақатгина бахт ва саодат тушунчасини идроклаш билан кифояланмайди, реал ҳаёт сувратига бошқача мазмун ато этиши ўзига хос кўпқатламли талқин ранг-баранглигини юзага келтиради. Айтиш жоиз, эстетик идрок ҳаётни англаш жараёнида, унга монанд тушунча теранлиги, мантиқ устуворлигини ҳам далолатлайди. Поэтик тафаккурга хос эркинлик – шеърий матнда жўшқин кайфиятни юзага чиқаради. Лекин, шоира Зулфия ҳам ҳаётда, ҳам ижодда табиатан хурсандчиликни ошкор этмайди. Пинҳон тутилган поэтик талқин негизига жамики руҳиятига алоқадор бўлган қалб кечинмалари сингдирилади. Уни асосли далиллаш учун мазкур жараёнга мантиқий ёндашиш лозим. Булар бир неча хусусиятлари билан ажралиб туради. Биринчидан, шоира Зулфия ҳаёт ҳақиқатига тарихий саҳнада рўй бераётган воқелик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ёндашади, иккинчидан, шоира фикр қамровини миллий қадриятлар воситасида ифодалашга жиддий эътибор қаратади, учинчидан, шахснинг тақдири унинг яшаб ўтган ва эртанги кунидан кутган умид учқунлари теран мулоҳазалар билан пайвандланади, тўртинчидан, шеър ёзишга ундаган асосий куч (туртки) ҳиссий-интим кечинмалар сабаб юзага келишини, ундан умидворлик, садоқатга талпиниш, ирода йўналишини аниқ белгилаб олишда қабариб кўринади. Шу боис, шоира портретига умумсифатлардан келиб чиққан ҳолда тўғри баҳо бериш, «вафо ва садоқат» тушунчаларини янада мукаммалроқ англаб етишга замин ҳозирлайди.

Шоира Зулфиянинг эллик йил муқаддам яратилган «Мушоира» шеърида эстетик идеал янада тиниқроқ талқин қилинган. Мазкур шеърда эпик қамров насрий асар каби теран фазилатларни ўзида жамлайди. Шу жиҳатдан олиб қаралганда ушбу шеърга ўша даврдаёқ юксак баҳо берилган. Таниқли шоира Вера Инбернинг қайд этишича: «Шеър тасвирий воситаларнинг бойлиги билан кишини ҳайратда қолдиради. Унда хотин-қизларга хос кузатувчанлик эпик кенглик билан уйғунлашиб кетади. Фикрларнинг теранлиги туйғуларнинг тўлқинлилиги билан ҳамоҳанг. Унда ҳамиша халқларнинг тинчлик ва бахт-саодати учун янграган поэзиянинг садосини эшитиб турасан, киши. Бу асарни дадиллик билан адабиётнинг дурдонаси деб айта оламиз» (9, 446). Ушбу таърифдан ҳам англашиладики, мазкур сифатлаш шоира Зулфия поэтик оламининг ранг-баранглигини, теран фалсафий мушоҳадаларга бойлигини, гўзаллик билан суғорилганлигини тўлалигича далолатлайди. Кузатиш мумкинки, шоиранинг «Мушоира» шеъридаги бадиийлик негизида – умуминсоний муаммолар манзараси акс эттирилади. Булар ўз навбатида шоиранинг теран талқинларида – шахс комиллиги бўй кўрсатганлигини янада аёнлаштиради.

Шоира Зулфия эстетикасида алоҳида ажралиб турадиган муҳим жиҳатлари ўзбек аёлининг мардонаворлиги, улуғ ғояларни тараннум қила олиш қобилияти, аждодларга хос зукколик, Нодира, Увайсий, Анбар Отин сингари мумтоз шоиралар маслагига мослигида кўринади. Булар шоиранинг асл орзулари ушалишида, шеъриятда аёл образининг теран мушоҳадакор фикрлар билан чизилишида кўринади.

Одатда ёниқ қалб эгалари доим истиқболни куйлайди. Эртанги кундан умид, ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқариш ушбу ижодкорларнинг ҳаёт аъмоли саналади. Шу тарзда ЭСТЕТИК ИДЕАЛ макон ва замон сувратини тўғри баҳолайди. ХХ аср ўрталарида адабиётнинг мазмуний қамрови ҳар томонлама мафкуравийлаштирилмасин, ижодкор бу ёлғон ғоя куни келиб тамом бўлишини олдиндан сезган эди. Шоира Зулфия «эл ардоғида» бўлиб, ҳар бир сўзида яширин тарзда миллий мустақиллик тушунчасига ишора қилганлигини кузатиш қийин эмас. «Йиллар садоси» тўпламида жамланган шеърлар – жуда олис йиллар бағрида етилмасин, унда истиқлол тараннуми поэтик инкишоф қилинади:

Ҳали бор олдинда ўтмаган бурчим,

Ўтайман кўзимда тирик турса нур.

Умримдаги барча фасллар учун

Ўзига бек халқим, Сенга ташаккур

Ушбу шеърда шоира Зулфия ижодининг муҳим қирраларидан бири – ҳар бир сўзга образлилик бағишлай олиши кўринади. Негаки, «образ моҳиятига кўра ҳаракатдаги воқеликдан иборат» (7, 27) экан, «Халқимга айтар сўзларим» шеъри замирида шоира қалбининг дарду қувончлари, ҳаяжону талпинишлари зуҳур этилган. Шоира «умридаги барча фасллар»ни Аллоҳ инъом қилган неъмат дея қадрлайди.

Маълумки, бирор ижодкор ҳақида сўз айтганда ўтмиш ва бугун нуқтаи назаридан ёндашилади. Ижодкорнинг тарихий жабҳадаги ўрни, адабиётга олиб кирган сўзи, эътиқоди, маслаги, муҳаббати, жамики эзгулик учун харж қилинган умумэстетик ғоялари, ибратли ва шарафли ҳаёт йўли хусусида теран илмий мунозаралар айтилади. Шоира Зулфия шахси ҳақида гап кетганда аввало мунаққид-олимлар битта нарсага алоҳида эътибор қаратишган: ижодкор яратувчи, уни тарих саҳнасига олиб кирган ижодий йўналиши миллат руҳиятидаги азим эврилишлар натижасида, миллий қадриятларга юксак ишонч ва ҳурмат билан қараши асносида камол топган. Яъни руҳият нимани истаса шунга монанд шакл ахтаради. Бошқача айтганда «нимаики мазмун бўлса, шаклда ифодасини топади» (1, 93).

Бинобарин, шеърий матн таркибида сўз воситасида ифодаланган образли фикр ўзига хослик касб этади. Аҳамиятли томони шундаки, Зулфиянинг жуда кўпчилик шеърларида баҳор ва унинг элчиси – турфа гулларга ўзгача маъно юклаш ҳолатларини кузатиш мумкин. Бу ҳолат ҳар бир шеърида муайян маъно ташувчи сўз бўлибгина қолмай, Зулфия табиатининг, ёниқ қалбининг ҳамдардларидек таассурот уйғотади. Булар шеърнинг умумий руҳига шукуҳ бағишлайди. Зукко китобхон дил торларини аллалайди, меҳру муҳаббат нашидаси ўлароқ, қалбларга заъфарон туйғуларни туҳфа этади. Демак, давр комил инсон тарбиясини тақозо этса, шоира Зулфия шу сафнинг бошида турган ўзбек аёлининг қудратини, жамики нафосатини, назокатини, латофатини рўёбга чиқаришга интилади.

Шоира «Зулфия шеъриятига хос фазилатлар – китобхонни ўйга толдириш, кимнингдир дардига ҳамдардлик қилиш, кимнингдир сўниқ дилига умид учқунини ташлаш, умуман эзгулик йўлидаги хизматга ўзини бурчли сезишдир (Бахтиёр бўлардим шеърларим билан, Шу дўстлар қалбига киролсам агар») (8, 16).

Эзгуликни куйлаш, уни ҳар бир инсонга фазилат даражаси дея тушунтириш, аввало, шоирлар елкасидаги улкан масъулият ҳиссидир. Бундай мақомга эришиш учун ижодкордан катта билим ва малака, салоҳият, истеъдод талаб қилинадиким, бусиз асар ўз мазмунига мос тушмайди. Шоира Зулфия ҳар бир талқинида битта нарсага мантиқий урғу беради. Унинг меҳвари олижаноблик ва инсонийлик, меҳр-шафқат ва бағрикенглик, меҳнатсеварлик ва миллатпарварлик, ватанпарварлик ва садоқат ғояларидир. Булар бор экан, шеър ҳам, шоир ҳам ўз овозига эга бўлади. Дарвоқе, «Зулфияда ўзбек халқининг бутун назокати, эзгу феъли жамулжам» (Светлана Сомова), «Ўзбек шоираси Зулфиянинг қутлуғ қадами туфайли Шарқ адабиётига санъаткор аёл кириб келди, ёш ва иқтидорли шоиралар бутун бир плеядасининг овози баралла янграй бошлади» (Чингиз Айтматов)  (5, 8). Мазкур таъриф ва тавсифдан ҳам англаш мумкинки, шоира Зулфия ўз даврида – ўз мактабини яратди.

Адабиётлар:

  1. Белинский Г.В. Адабий орзулар. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1977.
  2. Қаюмов Л. Зулфия. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат» нашриёти,  1975.
  3. Қуронов Д. Мутолаа ва идрок машқлари. – Тошкент: «Академнашр», 2013.
  4. Зулфия. Йиллар садоси. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1995. 
  5. Умуров Ҳ. Шеърият маликаси. – Самарқанд: СамДУ нашри, 2004.
  6. Худойберганов Н. Ёшлик илҳомлари. – Т.: «Ёш гвардия», 1975.
  7. Саримсоқов Б. Бадиийлик асослари ва мезонлари. – Т.: «Фан», 2004.
  8. Султонова М. Зулфия. – Т.: «Фан», 1985.
  9. Инбер В. «За много лет». – М.: Просвещение, 1964.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati