«ДЕВОНИ ГАДО» XV АСР ТУРКИЙ ЎЗБЕК ДЕВОНЧИЛИГИНИНГ ДЕБОЧАСИ СИФАТИДА

XV асрнинг I ярми шеърияти туркий халқлар адабиёти тарихида алоҳида саҳифани ташкил этиши сир эмас. Шунга қадар асосан форс-тожик шеъриятидан андоза олиб унга эргашиш йўлидан борган туркийзабон ижод аҳли айни шу даврга келиб ўз услуби, индивидуал ижодий маҳоратини намоён эта бошлади. Бир томондан, ҳазрат Навоий таъбирлари билан айтганда “форсий... шуаро муқобаласида” бўла оладиган даражадаги қалам аҳлининг етишиб чиқиши, иккинчи томондан эса шеъриятнинг ранг-баранг жанрларида юксак санъат намуналарини яратиб “соҳибдевон” шоир мақомига эга бўлган ижодкорларнинг майдонга келиши бу давр ўзбек шеъриятининг муҳим ютуқлари эди. Жаҳон адабиёти йўлининг шоҳбекати бўлмиш Ҳазрат Навоийнинг туркий шеърияти учун замин ҳозирлаган бадиий истеъдод соҳибларидан бири Мавлоно Гадоийдир. XV аср туркий шеъриятнинг ўзига хос услуб ва овоз эгаси бўлган Мавлоно Гадоий «ўз даврининг истеъдодли вакили ва халқ ижодининг ихлосмандларидан» [6, 145- с] бўлиб, адабиётимиз тарихининг янги саҳифасини яратишда бевосита иштирок этди. Туркий шеъриятга бир қатор янги шакл ва жанрлар, бадиий топилма ва поэтик воситаларнинг кириб келиши Гадоий шеърияти билан боғлиқдир. Шоирнинг асл исми, туғилган йили номаълум. Бизга шоирнинг фақат Гадо тахаллуси аён, холос. Алишер Навоийнинг «Мажолисун-нафоис» тазкирасида: «Мавлононинг ёши тўқсондин ўтубдур» [1, 105-с] деган қайдни ўқишимиз мумкин. Маълумки, «Мажолис ун-нафоис» дастлаб ҳижрий 807-(мелодий 1491-1492) йилда тузилган. Агар шу пайтларда Гадоийнинг ҳижрий ҳисобда 90 ёшларда бўлганлигини назарда тутсак, адиб тахминан XV аср бошларида, яъни 1403/1404 йилларда туғилганлигини қайд этиш мумкин. Ҳазрат Навоий тазкирада яна шундай ёзганлар: «Бобир Мирзо замонида шеъри шуҳрат тутти» [1, 105-с]. Абулқосим Бобир Мирзо 1452-1457 йилларда ҳукмронлик қилган. Демак, Мавлоно Гадоий ижоди айни шу даврда камолот касб этган. XV аср туркий ижодкорлари ичида Гадоий лирикаси ҳам муҳим ўринга эга. Шоирнинг ягона девони – «Девони Гадо» Париждаги «Biblatique Nationale» («Миллий кутубхона»)нинг «Departament des. Manuscrits Suppl turc» («Турк қўлёзмалари бўлими»)да 981-рақамли инвентарь остида сақланиб келинмоқда. Унинг фотонусхаси эса, 1968 йилда профессор Ҳ.Сулаймон томонидан келтирилиб, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи фондига топширилган. Мавлоно Гадоийнинг бошқа девонлари ёхуд мазкур девоннинг бошқа нусхалари ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. 

Мавлоно Гадоий девони мумтоз девончилик анъаналари асосида тартиб берилган. Унда етакчи жанр ғазал бўлиб, ғазаллар қофия ёки радифнинг сўнгги ҳарфига кўра араб алифбоси тартибида жойлаштирилган (девондаги илк ғазал - ҳамд ва кейинги наът ғазал бундан мустасно, чунки улар ﺔ  -ҳ ва ڹ-нун ҳарфлари билан тугайди). Девон таркибидаги қасида (қўлёзманинг 152-а, б варағи) ҳамда мустазод (149- а, б варақ) ғазаллар орасида жойлашган. Девонда жами йигирмата ҳарф билан тугайдиган ғазаллар мавжуд. Ҳар бир ҳарф туркумидаги ғазаллар миқдори қуйидагича:

 

Ҳарф туркумлари

Ғазаллар сони

Ҳарф туркумлари

Ғазаллар сони

27

ڠ

3

ٻ

7

2

3

2

1

10

2

7

1

21

3

19

47

23

5

ه

11

3

28

 
Девон таркибидаги қасида (“ҳе” ҳарфи билан тугайди) ҳамда мустазод (“алиф”) ғазаллар орасида жойлаштирилган. Тўртлик шаклидаги шеърлар алифбо тартибида жойлаштирилмаган бўлса-да, қофия, тажнис ёхуд радиф қўлланган жуфт мисралари  “ёй” (битта), “қоф” (иккита), “алиф” (битта) ҳамда “ре” (битта) ҳарфлари билан тугалланганлигини қайд этиш мумкин. Девондаги алифбо тартибидан кўриниб турибдики, Мавлоно Гадоий араб алифбосидаги йигирмата ҳарф билан тугалланадиган ғазаллар битган. Булар асосан туркий тил фонетикасига хос бўлган товушларни ифодаловчи ҳарфлардир (араб тилига хос бўлган “айн” ҳарфи бундан мустасно). Араб тили фонетикасига хос бўлган товушларни ифодаловчи ҳарфлар туркуми (жумладан, “се”, “зол”, “сод”, “зот”, “то”, “зо”) Гадоий девонида учрамайди. Шунингдек, девонда қофия ва радиф танлашда ноқулайлик туғдирадиган “зе” ва “вов” ҳарфлари билан тугалланувчи ғазаллар ҳам учрамайди. Навойшуносликда кўп бора таъкидланганидек, араб алифбосидаги барча ҳарфлар билан тугалланувчи ғазаллар битиб, мукаммал девон тартиб

 

бериш анъанаси адабиётимиз тарихида Алишер Навоийдан бошланган.     

Гадоий девони Лутфий девони билан бир муқовада бирлаштирилганлиги ўз вақтида кўпгина фикрларга ҳам сабаб бўлган. Бу ҳақида Э.Аҳмадхўжаев шундай ёзади: «Гадоийнинг девони Лутфий девони билан бирга китобат қилинганлиги учун биз Лутфий девонига Гадоий ғазалларидан кириб қолмaганмикин деган мулоҳаза билан Лутфийнинг девонини ҳам кўздан кечирдик. Аммо, гумонимиз исботланмади» [2, 22-с]. Тўғри, Мавлоно Гадоий ва Мавлоно Лутфий бир адабий муҳит вакиллари ҳамда улар ижодий ҳамкорликдаги шоирлардир. Бу ҳақида Гадоий шундай ёзган:

Гар иноят бўлса ҳақдин, доғи султондин назар,

Бу Гадодек Лутфи(й) ким бўлғайки, Салмон бўлмағай [7, 153-с].

            Албатта бу ғазалда девон ҳақида фикр билдирилмаган. Аммо, адабий жараёндаги елкадош ҳамфикрлар, бир-бирига саҳоблар бўлганлигини англашимиз мумкин. Ғазалда Гадоий ўзини Лутфий ва Салмон Соважий билан тенглаша оладиган истеъдод соҳиби эканлигини фахрия санъати ёрдамида эслатиб ўтади.

            Гадоий шеърияти таркиби жанрига кўра ғазал, қасида, мустазод ва туюқ деб эътироф этилади. Жами 237 та шеърни ўз ичига оладиган адабий мерос орасида 230 та ғазал, 1 та мустазод, 1 та қасида ва 5 та туюқ мавжуд. Юқорида айтиб ўтганимиздек, мустазод ва қасида ғазаллар таркибида келтирилган. Табиийки, мустазоднинг ёзилган йили маълум эмас. Бинобарин, уни ушбу жанрнинг илк намуналаридан бири сифатида эътироф этиш ҳам мумкин:

Эй ғамзаси фитна, кўзи фаттон, ўзи офат, раҳм айла бу жона,

Хатм ўлди санга салтанати мулки латофат, эй шоҳи ягона…

Жондин рамаке қолди Гадонинг баданинда, эй руҳи мужассам,

Ширин дудоқингдин қадаре қилгин изофат, тиргуз ани ёна.

Девонда темурийзода Султон Ҳалилга бағишланган битта қасида мавжуд бўлиб, унинг ўзаро қофияланувчи матлаъ байти мавжуд бўлмаганлиги учун бошланиш қисми тушиб қолган деб ҳисобланади.

Қасида девонда ғазаллар орасида 204-ўринда келган. Унинг ҳажми 13 байтдан иборат бўлиб, қуйидаги байт билан бошланади:

Замоне субҳидам андеша бирла ҳамнишин бўлдум,

Ки, муддатлар анингла бўлмиш эрдим ҳар қаён ҳамроҳ.

            Қасидада мадҳ этилган шахс ҳақида адабиётшуносликда турлича қарашлар мавжуд. Бу ҳақда мамлакатимиздаги гадоийшуносликнинг асосчиларидан бири С.Ғаниева шундай ёзадилар: “Гадоийнинг Шохруҳнинг набираси Ҳалил Султонга бағишланган бир қасидаси бор. Уни Э.Рустамов Темур набираси Ҳалил Султонга хато нисбат берган эди” [1, 257-с]. Адабиётшунос М.Ҳасанованинг фикрига кўра эса, қасида “Султон Ҳалил ибн Абусаидга бағишланган” [9, 64-69-с].

Лисонул ғайбдин келди қулоғимға хитобеким,

Шаҳаншоҳзодаларнинг сарвари Султон Ҳалиллуллоҳ...

  Шоир мамдуҳни қуйидагича таърифлайди:

Асоси базмини кўргач хирад ҳайрон бўлуб айтур,

Зиҳи ишрат, зиҳи ҳашмат, ажойиб фар, ажойиб жоҳ!..

Қасидада ҳам шоир тахаллуси “Гадо” тарзида қўлланган:

Гадо айтур дуое сидқ бирла, мустажоб ўлсун,

Ким, эрур жумла зарроти жаҳонға бу дуо дилхоҳ.

Ки бу шаҳзоданинг кунглиндаги матлубини бергин,

Баҳаққи Мустафо-ву олиу авлоди, ё Аллоҳ! [5, 189-с].

Қайд этиш лозимки, Э.Аҳмадхўжаев ва бошқа олимларнинг тадқиқотлари, шунингдек, Гадоий девони нашрларида шоирнинг битта қасидаси қайд этилади. Бироқ, Янош Экман томонидан АҚШдаги Индиана университетида 1971 йилда чоп эттирилган Гадоий девонининг нашрида қасидалар 2 та деб кўрсатилган («The Divan of Gadai comprises 229 gazals, 2 qasidas (№ 204, 229), 1 mustazad (№199) And 5 tuyugs» яъни  «Гадоий девони 229 та ғазал, 2 қасида (№ 204, 229), 1 та мустазод (№199) ва 5 та туюқдан иборат). Экман назарда тутган иккинчи қасида девондаги 229-шеър бўлиб, қуйидаги матлаъ билан бошланади:

Меҳру мaҳ ижтимоъидин туғди ажойиб ахтаре,

Даври қамарда филмасал бўлди қирони акбаре.

Мазкур шеър шаклан етти байтли ғазалдир. Бироқ, ғазал мазмунан қайсидир шаҳзодага бағишланганлиги сезилади. Қуйидаги байтда, айниқса, бу мазмун яққол акс этган:

Хор соғинма, муддаъий, они кичик дебонким уш,

Шоҳ отаси бикин бўлур дам-бадаме ғазанфаре.

Бироқ, ушбу мазмуннинг ўзи шеърни қасида жанрига мансуб деб билиш учун етарли асос бўла олмайди. Зеро, мумтоз адабиётимизда реал шахсларга бағишланган мадҳ ғазаллар ҳам кўплаб учрайди. Шу билан бирга шеърнинг вазни ҳам ғазалларга хосдир. Маълумки, мумтоз қасидалар (шу жумладан Назрат Навоийнинг туркий ва форсий қасидалари) асосан учта баҳрда – ҳазаж, рамал ва мужтасс баҳрларида ёзилган. Юқоридаги ғазал эса арузнинг ражази мусаммани матвийи махбун (муфтаилун мафоилун муфтаилун мафоилун) вазнида яратилган. Бу ҳам унинг қасидага нисбатан ғазал жанрига яқин эканлигини асослайди.

Шоир девонидаги ғазаллар девончилик анъаналари тартибида жойлаштирилган. Табиийки, уларнинг ёзилган даври маълум эмас. Девондан ўрин олган гўзал ва сермазмун лирик асарлар, шубҳасиз, салкам бир асрлик Гадоий умрининг турли даврларида яратилган. Устоз адабиётшунос Ҳамид Сулаймон қайд этганларидек: «Шарқ халқлари адабиётида лирик асарларнинг ёзилиш тарихини шеър остида кўрсатиш, айниқса, ўрта аср даврларида одат бўлган эмас... Туркий ва форсий тилда шеър ёзган шоирларимиз... ғазал охирида шоир тахаллусини кўрсатиш билан кифояланганлар, холос» [2, 22-с].  Девонда «Гадоий»  тахаллуси 9 та ғазалда қўлланган бўлса, 197 та ғазал, 1 қасида, 1 та мустазод ва 1 та туюқда шоир  тахаллуси «Гадо» тарзида ёзилган,  28 та ғазалда эса тахаллус қўлланмаган. Шоир тахаллуси 205 та ғазалнинг мақтаи -  охирги байтида, 4 та шеърнинг  эса мақтадан олдинги байтида қўлланган. Шу ўринда қайд этиш жоизки, шоир тахаллусининг ғазаллар матнида ёзилиш тарзи айрим эътирозларга сабаб бўлади. Нашрларда “Гадоий” тарзда ёзилган ўринлар қўлёзмада икки хил тарзда ифодаланган.

Аксарият ҳолларда (аниқроғи, саккиз ўринда) бу тахаллус форсча изофа билан (кўпинча “хаста” сўзи билан) қўлланган:

Мен Гадоий хастаға теккайму, ё раб, журъае,

Жоми васлингдин яна, эй соқийи сиймин сақоқ? [8, 562-c].

Бир ўринда ноаниқликни ифодаловчи “ёй” (форс тили грамматикасида “ёйи накале – ноаниқлик ёйи деб номланади) сифатида қўлланган (юқоридаги байтда келган “журъае” сўзидаги каби):

Гадоий беш эмастур, дер рақибинг,

Гадодурмен, вале султондин ортуқ [8, 556-с].

Аслиятда  эса,  биринчи  байтдаги  сўз  (ﮐﺩﺍﯼ  қўлёзма 126 b саҳифа),   иккинчи  байтдаги  сўз  эса  (ﮐﺩﺍٸ  қўлёзма 125 а саҳифа) тарзда ёзилган, яъни талаффузда қисқа тўхташни акс эттирувчи “ҳамза” белгиси билан фарқ қилади. Бизнингча, мазкур икки байт кирилл ёзувида фарқланиши ва қуйидагича ифодаланиши лозим:

Мен Гадойи хастаға теккайму, ё Раб, журъае,

            Жоми васлингдин яна, эй соқийи сиймин сақоқ?..

            Гадое беш эмастур, дер рақибинг,

            Гадодурмен, вале султондин ортуқ.

Мазмуни: Рақибинг (мени) шунчаки бир гадо, ундан ортиқ эмас деб айтади. Мен Гадоман, бироқ (ишқда) султондан ҳам ортиқман.

Бундан эса шоир тахаллусини қандай ёзиш керак: “Гадоий”ми ёхуд “Гадойи” деган ҳақли савол туғилади. Аслида илмий матнларда шоир тахаллусини “Гадо” тарзда ёзиш мақсадга мувофиқ, назаримизда. Агар қўшимча қўшиш лозим бўлса, уни “-ий” тарзида эмас “-йи” (Атойи каби) тарзда ёзиш мақсадга мувофиқ.

            Гадоий адабий мероси мамлакатимизда илк маротаба 1965 йилда С.Ғаниева томонидан «Шоир Гадоий» номи билан нашр эттирилди. Мазкур китобда шоирнинг 47 ғазали ва 1 та мустазоди ўрин олган. Шоирнинг 1973 йилда Э.Аҳмадхўжаев томонидан нашр эттирилган “Девон”и 230 та ғазал, 1 та мустазод, 5 та қитъадан ташкил топган. 1986 йилда нашр эттирилган «Навоийнинг нигоҳи тушган»  тўпламидан Гадоийнинг 80 ғазали ва 1 та мустазоди ўрин олган. Шунингдек, 1988 йилда нашр эттирилган «Ҳаёт васфи» тўпламига ҳам Гадоий лирикаси киритилди. Унда шоирнинг 223 та ғазали, 1 та қасида, 1 та мустазод ва 5 та тўртлик шаклидаги шеъри ўрин олди.

Мумтоз адабиётимиз намуналари борки, улар сўз сеҳри сифатида намоён бўлишини биламиз, шунинг билан бир қаторда, инсон руҳиятини чархлашга хизмат қилади. Гадоий ҳазратларининг ғазалларида ёр васлининг ҳижрони ва маҳбубанинг гўзаллиги мадҳи сўз воситасида нафис чизилган.  Аввало, Гадоийнинг шоир сифатидаги юксак даражасини унинг ғазаллари орқали аниқлаш лозим. Қолаверса, Гадоий ўзининг сермазмун, ёрқин ғазаллари орқали мумтоз анъанани ўзига хос тарзда, ҳам давом эттирди, ҳам уни такомиллаштирди. Мумтоз адабиётимиз тарихида Гадоийгача ва ундан кейин ҳам ғазалдаги байтлар чегараси турлича белгиланган бўлиб, байтлар сонини, миқдорини белгилаш масаласи узоқ вақт мунозарага сабаб бўлган. Гадоий ғазаллари композицион жиҳатдан 4 байтдан 9 байтгача бўлган доирада ёзилган бўлиб, шоир асосан ўз шеърларининг ихчам бўлишига эътибор қилган. Гадоий ўзбек мумтоз адабиёти тарихининг йирик намояндаси сифатида забардаст ғазалнавис замондошлари Лутфий, Атойи, Саккокийлар сингари лирик жанрлар, айниқса, «туркий» деб аталувчи арузнинг рамал баҳридаги ошиқона ғазалларнинг ривожланиб, бойиб, мавзуий доираси ва образлар силсиласининг кенгайишига, унинг янада юқори тараққиёт босқичига ўсиб чиқишига, такомил топишига ўз ҳиссасини қўша олди.

Адабиётлар рўйхати:

1. Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик.  13-том.  - Т.: Фан, 1997.

2. Аҳмадхужаев Э. Гадоий (Ҳаёти ва ижодий мероси) -Т.: «Фан», 1978.

3. Воҳидов Р. «Мажолисун-нафойис»нинг таржималари. - Т.: «ФАН» нашриёти, 1984.

4. Девони Гадо. (Нашрга тайёрловчи: Асланова Ҳ.) - Тошкент: «Vneshinvestprom», 2020.

5. Рустамов М. Гадоий девонининг луғати ва матни. ЎзФА Алишер Навоий номидаги Давлат музейи таҳрир бўлими. - Т., 2007. 189-б.

6. Рустамов. Э.Р. Узбекская поэзия в первой половене XV века, ИВЛ, М., 1963.

7. Фахрий Ҳиротий «Латойифнома». Инвентарь-7669, 83-б

8. Ҳаёт васфи. –Тошкент:  “ФАН”, 1988.

9. Ҳасанова М. “Гадоий қасидаси ва унинг мамдуҳи тўғрисида” // “Сўз санъати” журнали. № 3 (2018),  64-69-бетлар.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati