ИЛМИЙ МАТНЛАРДА ДЕЙКТИК ҲАВОЛАЛАРНИНГ ПРАГМАТИК ХУСУСИЯТЛАРИГА ДОИР

Шерматов Акрам Абдуҳакимович,

СамДЧТИ доцент в.в.б.

Калит сўзлар: матн, илмий матн, дейксис, дейктик, ҳавола, ахборот, китобхон, адабиётлар, дейктик марказ, мазмун, контекст, прагматик, интенсив сўз, ишора, катафорик, анафорик.

Илмий матн бадиий матн моҳиятидан фарқли ўлароқ, аниқ мақсадга йўналтирилган ва прагматик кўрсатмага эга бўлиши билан фарқ қилади. Илмий матннинг мақсади китобхонга интеллектуал маълумотларни тақдим этиш, китобхоннинг диққат-эътиборини муҳокама қилинаётган илмий муаммо ёки масалага тортиш ва уни ушбу мавзу атрофидаги кейинги маълумотларнинг моҳиятига қараб йўналтиришдан иборат.
Дейксисни кенг кўламли ҳодиса сифатида талқин қилинишида нутқ вазиятида объектларни таснифлайдиган мўлжал маркази маълум даражада умумий меъёр бўла олиши мумкин. Илмий муаммоларни тадқиқ қилиш илмий изланишлар натижаларини сифат ва миқдор жиҳатдан баҳолашнинг намоён бўлиши билан боғлиқдир.
Матн тузилишида унинг ташкилий қисмларида билдирилаётган хабарнинг мантиқий боғлиқлиги муҳим ўрин эгаллайди. Алоҳида мантиқий бўлакларни ягона «фикрлаш занжирида бирлаштиришнинг муҳим тамойили олдинги билдирилган ахборотдан янгисига ўтишдир» [2; 216]. Матн мантиқий бутунликни ташкил этиши учун унда керакли миқдорда илгаридан «ишлов» берилган материал ҳақида маълумотлар келтирилиши лозим [1; 53], акс ҳолда, матнга янги ахборотнинг киритилиши қийинлашади ва унинг китобхон томонидан қабул қилиниш имкониятлари доираси қисқаради. Албатта, «эски» ва «янги» ахборот боғлиқлигини ва матн бўлаклари алоқасини таъминлаш услублари хилма-хилдир. Илмий матн учун хос бўлган шу йўсиндаги услублардан бири тадқиқот соҳасига ёки мавзусига оид адабиётларга ҳаволалар беришдир.
Илмий услубнинг хусусиятларидан бири дейктик вазифасини бажарувчи воситаларнинг ўзига хос қўлланилишида намоён бўлади. Илмий моҳиятга эга бўлган ҳар қандай адабиётда тадқиқот қилинаётган соҳада илгари бажарилган ишларга ишора ёки мурожаат мавжуд. Адабиётлар рўйхати кўпчилик илмий нашрларнинг албатта келтирилиши зарур бўлган иловаси ҳисобланади. Адабиётлар рўйхати, матн мазмунига қўшимча киритиладиган барча маълумотлар сингари, илмий иш ҳақида умумий маълумотлар беради. Бунга тадқиқот мавзуси, йўналиши, муаммонинг ўрганилиш даражаси ҳам киради. Адабиётлар рўйхати муаммо тарихи ҳақида ахборот беради, фойдаланилган адабиётлар соҳага оид тадқиқотлар қаторида бажарилаётган илмий ишнинг ўрнини белгилашга имконият яратади. Замонавий илмий услубда қабул қилинган далил ва ҳаволалар тизимининг асосий мақсади манбаларга ёки эслатилаётган маълумотларга китобхон диққат-эътиборини жалб қилиш вазифасидан иборат. Адабиётлар рўйхатида келтирилган нашрларнинг номлари илмий иш матнида қўлланиладиган ҳаволаларнинг рақамларига мувофиқ антецедентлар бўлиб хизмат қилади. Демак, илмий матннинг ички ҳавола белгилари ўз функциясига биноан катафорик ҳолатдаги барча дейктик воситаларга (М; this/that дейктикларига) ўхшайди. Бундаги асосий мақсад махсус белги орқали китобхон диққатини матн охирида илова қилинаётган адабиётлар рўйхатига жалб қилишдир.
The dynamics of the strongly nonlinear oscillator with quasiperiodic forcing was studied for example, in Refs.[14,15].
The systems with an original saddle point are amenable to a theoretical treatment by using a global perturbation technique developed by Melnikov [11],…
Also, a strong correlation between the background intensity and the quantity of OH groups was observed by Klossen et.al.11
Юқорида келтирилган мисоллардаги [14,15], [11], Klossen et.al.11 каби ҳаволаларнинг берилиши тадқиқотчи диққатини адабиётлар иловасига қарашини ифодаламоқда. Бу борада ҳаволалар рақамларининг кўрсатиш ёки ишора вазифасини илмий матндаги бошқа кўрсатиш воситалари хусусияти билан қиёсласак бўлади. Масалан: in.fig.1., in.eq. (3) ва ҳоказо. Бу бирикмалар матн ичида кўрсатма вазифасини бажариб, китобхоннинг диққат-эътиборини  олдинга, матннинг навбатдаги бўлимига (катафорага) ёки орқага (анафорага) йўналтиради. Бу вазиятда ушбу бирикмалар тегишли новербал маълумотни ифода қилади. Аммо бу билан илмий матндаги ҳаволалар рақамларининг вазифаси тугамайди. Рўйхат ёки эслатмада келтирилган тадқиқот ишининг устуворлигини қайд қилиш ҳам қўлланилган усулнинг вазифасига киради. Юқорида келтирилган бирикмалар билан бир қаторда ҳаволалар  рақамларини сатр устига қўйиш усули ҳам мавжуд: 
In previous investigations 17,18 we found that the background in Raman spectra of two different structural modifications of antimory pentaoxide.
Previously, similar studies were performed for o- nitrophenol [2] and some ortho-Mannich bases molecules [4-6] .
Бу мисолларда ҳаволалар белгиларининг сатр устида жойлашиши, уларни қавс ичига олиниши каби воситалар мазкур мавзуга оид тадқиқот ишларининг аввал ҳам тадқиқ қилинганлигини кўрсатиб, дейктик вазифани бажаради. Ҳаволалар белгиларининг дейктик сифатида қўлланилишида муаллиф ўқувчининг тажрибасига суянади, зеро, бундай илмий матндаги белгиларнинг мазмуни ҳар қандай мутахассисга маълум бўлади. Бундай кўрсатиш, кўриб чиқилаётган матндан ташқари ҳодисалар билан боғланади. 
Ҳаволага киритиладиган адабиётларни танлашда ва ҳаволалар тартибини аниқлаш, уларни рақамлар билан белгилашда муаллиф ўз шахсий билими ва тушунчалари доирасидан келиб чиқади ёки, бошқача айтганда, у дейктик марказ ролини бажаради. 
Кўрсатиш ҳолатининг ушбу усулининг дейктиклик мазмундорлиги унда ҳамма  дейктик муносабатларга хос хусусиятларнинг мавжуд эканлигида кўринади:
    •  кўрсатиш воситалари маънолари-нинг контекст билан боғлиқлиги, яъни уларнинг маъноси айнан келтирилган матн моҳиятига мувофиқ шаклланади, зеро фақат шу мақолада ҳаволаларнинг берилган рақами билдирилаётган мулоҳазага боғлиқ бўлади;
    • маънонинг матн таркибида фаоллашуви ва маънонинг бир мақоладан бошқасида ўзгариб туриш ҳолатида ҳаволаларнинг тартиб рақами, ҳаттоки  муаллифнинг номи ҳам ўзгариб туради. Баъзи бир мақолаларда бу ҳаволаларнинг рақами бошқа илмий ишга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин;
    • нутқ субъектига боғлиқлиги, яъни ҳаволаларнинг танлаш у ёки бу тартибда бериш бутунлай матн муаллифига боғлиқ бўлади.
Шундай қилиб, рақамлар воситасида берилаётган ҳаволаларни, миқдорий-баҳо дейксис турлари билан бир қаторда, мулоқот шахс-субъектини имплицит кўрсатиш воситалари қаторига киритиш мақсадга мувофиқдир. Миқдорий-баҳо дейксисининг ифода воситаси (интенсив ва таянч сўз бирикмаси ҳамда миқдор эргаш гапли қўшма гаплар) ҳар доим  энг камида битта гапнинг прагматик мазмунига таъсир ўтказадиган бўлакка эга бўлади. Бунда таянч сўз сифатдош ёки сифат билан ифодаланиб, ортиқча баҳолаш хусусиятига эга бўлмайди [3; 164]. Бошқача айтганда, бу тузилмалар ўз мазмунида сўз бирикмаси маъносининг объектив қисмини қамраб олиб, воқеа ёки предметнинг ҳақиқий объектив маъносига суянади. Бу ҳолатда муаллифнинг бевосита фикр билдиришига ҳожат қолмайди ва мазмуннинг субъектив қисмидаги ҳақиқат объектив баҳолаш билан тўғридан-тўғри бирикиб кетади. Бу миқдорий-баҳо дейксисини  шахс дейксисининг бир тури сифатида талқин қилиш учун асос бўлади, ва бунда дейктик марказ шахснинг тасвирланаётган ҳодисага нисбатан бўлган муносабатига қадар кенгаяди.
Матнларда келган интенсив сўзлар, кўрсаткичлар вазифасида келиб, адресант ва адресатнинг умумий тажрибасига, яъни уларнинг белгининг маълум меъёрини билишига ишора қилади. Шунинг билан биргаликда, ҳодисани аниқ баён қилиш асосий хусусияти бўлган илмий матнлар учун кўпинча белгининг ўзгариши даражасининг аниқ миқдорини кўрсатиш хосдир. Илмий-техник матнларда кенг қўлланиладиган интенсив сўзлар худди шундай ўзгаришни кўрсатишда асосий восита бўлиб хизмат қилади. Интенсивлар дейктик бирликлар сифатида маълум бир белгининг даражасини кўрсата туриб, ушбу даражанинг меъёрдан кўтарилиши ёки сусайишининг  барча миқдорий кўринишларини амалда тасвирлаш имконини беради. Илмий моҳиятга эга бўлган ҳар қандай адабиётда тадқиқот қилинаётган соҳада илгари бажарилган ишларга ишора ёки мурожаат мавжуд.
Юқоридигилардан хулоса қилиш мумкинки, илмий матнларда ҳаволаларнинг дейктик ишора ҳолатлари матн мазмун-моҳиятини ойдинлашишига имкон яратиш билан бирга китобхон диққат-марказида матннинг асосий мавзусини марказлаштирилган ҳолда мулоҳаза қилишига кўмак беради. Аниқроғи, дейксиснинг бу турини субъектив ва объектив кўрсатма сифатида қараш мумкин. Нутқ субъекти, интенсив сўзлардан фойдаланиб, предмет белгисининг нафақат умумий, ҳамма қабул қилган меъёрларини тасвирлаб қолмасдан, балки шу пайтнинг ўзидаёқ пайдо бўладиган шахсий тасаввурни ҳам ифодалайди. Демак, субъектив кўрсатма воситаси тизимига интенсивларни киритиш лозим. Улар объектив мавжуд меъёрлар доирасида, белги даражаларининг субъектив ўзгаришларини ифодалайди.
 
Адабиётлар:
1. Шайкенова Л.М. Ментальные перформативы как средство распределения информации в научном тексте // Вестник Казахского национального университета. Серия филологическая, –№37, 2000. – С.52-54.
2. Ehlich K. Scientific Texts and Deictic Structures // The Pragmatics And Comprehension Of Written Texts. – Berlin.: Mouton de Gruyter, 1992. –P.201-229.
3. Head Brian F. Respect Degrees in Pronominal Reference // Universals of Human Language. Vol.3. – Stanford: Stanford University Press, 1979. – P. 151-211.
 
Шерматов А. О прагматических свойствах дейктических ссылок в научных текстах. В данной статье приведены сведения о роли и функциях, о прагматических свойствах ссылок в научных текстах, а также о более выраженном смысле и сути дейктических ссылок присутствующих в научных текстах.
Shermatov A. Тhe pragmatic properties of deictic footnotes in scientific texts. This article presents the tasks, role and pragmatic features of deictic point positions of footnotes in scientific texts and the participation of deictic footnotes in scientific texts give a chance to clarify the meaning and content of the text. 
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati