МАТН ВА УНИНГ ИЧКИ СТРУКТУР-СЕМАНТИК ХУСУСИЯТЛАРИ

Матн тилшунослиги билан машғул бўлган тадқиқотчиларнинг матн ҳодисасига берган таърифларида унинг таркибий-мазмуний яхлитлиги структура жиҳатдан бутунлиги, маълум ғоя ва мавзу ифодасига йўналтирилганлиги каби жиҳатлари таъкидланади.

Лондон функционал тилшунослик мактаби вакилларининг эътибори кўпроқ матн ҳодисасига қаратилган. Уларнинг таъбирича, матн оғзаки ёки ёзма кўринишда, наср ёки назм шаклида, диалог ёки монолог тузилишида бўлиши мумкин. У ҳажм жиҳатидан ҳам чегараланмаган, ёрдам, чақириш, қичқириш ва тўлиқ роман ҳам матн бўла олади. Матн тилдан фойдаланиш намунасидир, у гап каби грамматик бирлик эмас, у  гап ва бошқа грамматик қурилмалардан тубдан фарқ қилади. Унинг матн билан боғлиқлиги воқеланишида намоён бўлади, зеро, бу бир рамзий тизимнинг бошқаси воситасида кодлашувидир. “Аслида матн гаплардан ташкил топмайди, у гаплар орқали, уларнинг қўлланишида воқеланади” (Halliday, Hasan 1976: 1).

Келтирилган таърифдан маълум бўлишича, функционалистлар мулоқотнинг ёзма ва оғзаки шаклларида матн бир хил вазифа бажаришини эътироф этадилар.

Матн ҳодисасига энг батафсил таъриф немис тилшунослари томонидан берилган. В.Богранд ва В.Дресслернинг “Матн тилшунослигига кириш” асарига мурожаат қилмайдиган тадқиқотчини учратиш қийин. Ушбу ишда матн коммуникатив воқелик сифатида қаралиб, унинг еттита кўрсаткичга бўлиниши таъкидланган. Муаллифларнинг фикрича, қуйидаги кўрсаткичлар матни бошқа турдаги тузилмалардан фарқловчи мезонлар вазифасини ўтайди: когезия, когерентлик, интенционаллик, адресатлик, информативлик, ситуативлик ва антертекстуаллик (Beaugrande, Dressler 1981: 3).

Когезия-матн сиртқи тузилишига тааллуқли бўлиб, биз эшитаётган ёки ўқиётган тил бирликларининг тузилма таркибида ўзаро боғланишини таъминлайди. Сиртқи қатлам бирликларининг бир-бирига боғланиши грамматик шакллар замирида ва маълум қоидалар қамровида кечади. Демак, когезия грамматик тобелик кўринишида юзага келади.

Иккинчи кўрсаткич сифатида қайд этилаётган когерентлик матннинг мазмунан яхлитлиги таъминланиши, қисмлар остида яширинган тушунчаларнинг ўзаро боғланишини акс эттиради.  Бундай тушунча, билимлар тўпламидан иборат ва тафаккур фаолияти давомида фаоллашади. Муносабатлар эса тушунчалар ўртасидаги алоқалардан иборат ва матн доирасида фаоллашади ва ҳар бир алоқа боғлами маълум бир тушунчага ишора қилади.

Учинчи кўрсаткич, яъни интенционаллик матн муаллифининг коммуникатив мақсадини рўёбга чиқаради. Бинобарин, билим тарқатиш ёки режани амалга ошириш амаллари шу мақсад учун хизмат қилади.

Навбатдаги кўрсаткич сифатида ажратилаётган адресатлик белгиси ҳам олдингиси билан яқин алоҳида пайдо бўлади. Бунда матнда ифодаланаётган ахборотнинг адресат томонидан қабул қилиниши назарда тутилади. Зеро, ушбу ахборот тингловчида қизиқиш уйғотиши ва унинг билимини бойитиши зарур.

Матннинг категориал хусусиятларидан яна бири информативлик бўлиб, ундан мазмуний тугалликни таъминлаш кутилади.

Ҳар қандай матн маълум даражада ахборот манбаси бўлиши зарур. Аммо, ушбу ахборотни воқелантирувчи воситалар ўзгариб туриши мумкин.

Ситуативлик атамасини олган олтинчи кўрсаткич мазмуннинг вазият билан боғлиқлигига ишора қилади. Ушбу кўрсаткич билан боғлиқ омиллар матнни у ёки бу вазият билан боғлиқ ҳолда воқелантиради.

Ниҳоят, охирги кўрсаткич интертекстуаллик мазкур матнда олдинги матнларда баён қилинган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги билимнинг қайта фаоллашувини акс эттиради. Интертекстуалликнинг воқеланиши турлича кечади, унинг фаоллашув даражаси матн жанри билан боғлиқ (Beaugrande, Dressler 1981: 11).

Кўплаб фан соҳаларининг тадқиқ объектига айланган матн ҳодисасига берилаётган таърифларнинг охири кўринмаётганидек, ҳаттоки, ҳозиргача тадқиқотчилар матннинг тил ёки нутқ тизимларига оидлиги тўғрисида бир фикрга келгани йўқ. Матннинг коммуникатив табиатини инобатга оладиганлар унинг нутқ бирлиги эканлигини эътироф этишса, бошқалари эса уни тил бирлиги, деб қарашни маъқул кўрадилар. Чунки матн лисоний белги хусусиятига эга ҳамда ифода ва мазмун планлари мослашувини тақозо этадиган “мураккаб структур–семантик тузилмадир” (Гальперин 1981: 18; Тураева 1986; Колшанский 1984). Биз ҳамюртларимиз Д.У.Ашурова ва М.Р.Галиеваларнинг фикрига қўшилишни маъқул топдик. Зеро, матн иккала тизимда намоён бўладиган бирликдир, унда бир томондан, “воқелик парчаси” акс топса, иккинчи томондан, ҳар қандай матн лисоний воситалар иштирокида таркиб топади. Шу жиҳатдан, матнни турли категориал белгилари билан ажралиб турадиган мавҳум модель сифатида тасаввур қилиш мумкин (Ashurova, Galieva 2016: 19).

Шу билан бирга матнни ўрганишнинг коммуникатив-прагматик йўналиши ва унинг асосий муаммолари, матнни шакллантиришда параметрлаш ва оптималлаштириш усулларининг роли, Н.Хомский таълимоти ва унинг матнда лисоний қобилиятнинг ўрнини ўрганишдаги аҳамияти, билвосита нутқий мулоқот ва матннинг семантика ҳамда прагматикага муносабати, билвосита нутқий актларнинг ифода ва мазмун жиҳатдан турлари, уларнинг матн билан алоқадорлиги, нутқий акт назарияси ва матнда коммуникатив мақсаднинг ифодаланиш йўллари, нутқий акт мазмунининг шаклланиши ва унинг матндаги инъикоси каби қатор масалаларни ҳам “Матн тилшунослиги” фанида ўрганиш мақсадга мувофиқ.     Умуман олганда, “Матн тилшунослиги”да нутқий мулоқот тизими, дискурснинг матннинг таркибий қисми сифатидаги тузилиши ва унинг компонент таҳлили, мулоқот структурасининг таркиб топиши ва бунда дискурснинг матн таркибий қисми сифатидаги ўрни, нутқий мулоқот тизимининг кўп босқичли характери ва дискурс ҳамда матн тушунчалари, дискурс лисоннинг гапдан юқори турадиган сатҳи сифатида ва унинг матн тилшунослигидаги ўрни сингари қатор долзарб прагмалингвистик муаммолар ҳам ёритилиши мақсадга мувофиқ.

Матннинг мавҳум бирликлар қаторига киритилиши унинг дискурс билан қиёсий ўрганилишига бориб тақалади. Ушбу ҳодисаларнинг қиёсий ўрганилиши “дискурс таҳлили” йўналиши ривожининг оқибатидир. Бундан кўринадики, муаллифлар “дискурс” тушунчасини бевосита кузатилаётган мулоқот жараёни билан боғламоқдалар.

Дискурс қатор лисоний ва нолисоний ҳодисалар, шу жумладан, прагматик омилларни ўрганиш учун муҳим манбадир. Замонавий прагматика фани йўналишларида дискурс ҳодисаси тил тизими бажарадиган вазифалар уйғунлашадиган майдон сифатида қаралиб, унинг тавсифига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки тилнинг инсон фаолиятида тутган ўрни фақат унинг маълум мулоқот вазиятларида қўлланишида намоён бўлади. Хуллас, прагматик-дискурсив ёндашув нутқий фаолиятининг лисоний, когнитив, психологик, ижтимоий-маданий ва бошқа жиҳатлари тадқиқини назарда тутади.

Бундан ташқари, прагматика когнитологияни таҳлил учун яроқли лисоний фактлар билан таъминлаётиб, уларни таснифловчи категориялар ва изоҳлаш усулларини тавсия қилади.

Кўринадики, дискурс матн тилшунослиги доирасида ўрганиб келинмоқда ва дискурсив таҳлил ушбу соҳанинг усулларидан биридир. Шу боис, қомусий луғатда дискурс прагматик, ижтимоий-маданий, руҳий ва бошқа нолисоний омиллар қамровида бўлган матн сифатида таърифланади. Таърифда таъкидланишича, дискурс “ҳаётга сингиган нутқ”дир ва шу сабабли дискурс тушунчасини, матн тушунчасидан фарқли равишда қадимги ёзма ёдгорликларга нисбатан қўллаб бўлмайди. Чунки уларни бевосита нутқ жараёни билан боғлаб бўлмайди (Арутюнова 1990: 136-137).

Матн ва дискурс ҳодисалари муносабати Е.С.Кубрякова ва О.В.Александровалар томонидан ҳақиқатга яқинроқ тасвирланган. Уларнинг қайдича, “дискурс” ва “матн” тушунчаларини тўғри англаш учун уларни когнитив парадигма доирасида талқин қилиш зарур. Когнитив талқинда матн тугалланган маҳсулот сифатида ўрганилиши мумкин, дискурс эса матнларни ҳосил қилувчи жараёндир. Матн бевосита материал объект кўринишида ўрганилади, дискурс бироз мураккаб ҳодиса ва уни таҳлил қилиш учун сўзловчининг мақсадида прагматик мўлжалини аниқлаш лозим бўлади. Муаллифлар таъбирича, матн ва дискурс фақат инсон томонидан эришилган натижаларни акс эттирувчи тузилма сифатида эмас, балки “янги оламни яратувчи жараён” кўринишида тасаввур қилиниши керак. Ҳар бир матнни реал воқеликда акс топиши мумкин бўлган “имкониятдаги олам намунасидир”. Матн ва дискурс доимий равишда инсон тафаккури ҳаракатини акс эттиради ва ушбу ҳаракатни лисоний воқелантирувчи воситадир. Оқибатда, дискурс on-line усулида яратиладиган нутқий фаолият маҳсулидир (Кубрякова, Александрова 1999: 194-195).

Дарҳақиқат, дискурс ва матн таҳлили зарур коммуникатив ахборотни танлаш ҳамда ушбу танловни умумий ва хусусий семантик структураларни ҳосил қилишга йўналтирилган ментал қолипларни аниқлаши зарур бўлади. Дискурснинг моҳияти шундаки, матн идроки айтилган моделлардан фойдаланишни талаб қилади. Мазкур моделлар шахсий билим ва умумқабул қилинган тамойилларга асосланган.

Демак, қиёсланаётган ҳодисалар муносабатини аниқлашда, бир томондан, тузилмаларнинг лисоний таркиби ва тузилишини ўрганиш керак бўлса, иккинчи томондан, лингвистик мазмун-мундарижага таъсир кўрсатадиган ташқи омилларни ўрганиш талаб қилинади (Александрова 1999: 11; Verdonk 2002: 17-19).

Айнан шундай ёндашув асосида матн ва дискурс ҳодисаларининг семантик-стилистик  коммуникатив-прагматив, когнитив қатламларини фарқлаш ва уларнинг умумий мазмун ифодасидаги ролини аниқлаш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Н.З.Нормуродова кўрсатилган қатламларнинг умумий вазифаси ва фарқли жиҳатлари қуйидагилардан иборатлигини кўрсатиб ўтади (Нормуродова 2020: 31-32).

а) семантик–стилистик қатлам, авваламбор, структур ва семантик яхлитлик, боғлиқлик (лексик, грамматик, стилистик) ҳамда образлилик, эмотивлик каби стилистик кўрсаткичлар билан бир қаторда, тагмаънолилик, лисоний ижодкорлик хусусиятларига эга. Лисоний ижодкорлик (лингвокреативлик) шахс лисоний қоблиятининг ижодга, янги маъно, ғоя, концептлар яратишга йўналишида намоён бўлади.

Коммуникатив-прагматик қатламда мулоқотдошлар муносабат, сўзловчи шахсияти, мулоқот мақсади ва вазифалари, мулоқот вазияти, ижтимоий-маданий контекст кабилар акс топади.

Дискурснинг когнитив қатлами таҳлилида модаллик, концептуаллик, интертекстуаллик каби кўрсаткичлар ўрганилади. Матн когнитив тилшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилинишида когнитологияда тажрибадан ўтган усул ва амалларга мурожаат қилинади.

Матн эстетик-маданий қатламга ҳам эга бўлиб, бунда унинг маданий моҳияти, миллий белгилари, баҳоланиш кўрсаткичлари таҳлил қилинади.

Санаб ўтилган қатламлар таҳлили замирида албатта, дискурс ҳодисасининг коммуникатив-когнитив ҳодиса сифатида таърифланиши туради.

Бунда “матннинг бевосита коммуникацияда, ҳаракатда, ижтимоий-маданий контекстда, лисоний ва нолисоний омиллар ўзаро алоқасида, лисоний ва нолисоний билим доирасида” фаоллашуви назарда тутилади (Нормуродова 2020: 29).

Назаримизда юқорида келтирилган таъриф матн ва дискурс ҳодисаларини қарама-қаршиликлар кесимида эмас, балки ўзаро алоқадорлик кўламида ўрганишга ундайди. “Дискурс ва матн ҳодисаларининг ҳар иккаласи ҳам, - деб таъкидлайди Ш.Сафаров, - мулоқот иштирокчиларининг онгли фаолияти туташадиган макондир. Онгли фаолият эса доимо маънавий-маданий асосга эга бўлади” (Ш.Сафаров).

Хуллас, матн ва дискурс бир хилда мақсадли ахборот ташувчи тузилмалар бўлиб, турли лисоний ва нолисоний кўрсаткичларга эгадир. Шу боис, улар: а) ёзма ва оғзаки шаклда бўлиши мумкин; б) улар семантик ва грамматик жиҳатдан яхлитлик хусусиятига эга; в) уларнинг семантик ва грамматик яхлитлиги лисоний воситалар ёрдамида шаклланади; г) уларни шакллантирувчи нолисоний омиллар қаторига миллий-маданий, тарихий, руҳий (ментал), сиёсий-ижтимоий кўрсаткичлар киради.

Айтиш жоизки, дискурс ва матн ҳодисалари  билан боғлиқ муаммоларни фақат тилшунослик доирасида муҳокама қилиш даври тугади. Эндиликда фанлараро таҳлил объектига айланиб улгурган ушбу муаммолар когнитологлар диққат марказида турибди. Бу йўналишдаги таҳлил, матн тилшунослигининг изчил ривожи натижаси сифатида, алоҳида тадқиқот парадигмаси кўринишини олмоқда (Макаров 2003; Сафаров 2018).

Матн тилшунослиги ва дискурс таҳлилини умумлаштирадиган нуқта-тил тизимининг янги қатлами, яъни матн ва дискурсни синтаксис сатҳи тузилмаси бўлган гапдан кескин фарқлаш ва ажратишдир.

  •  
  1. Ashurova D.U., Galiyeva M.R. Text Linguistics. – T.: Turon – Iqbol, 2016. – 324 p.
  2. Beagrande R., Dressler W. Introduction to Text Linguistics. – London: Longman, 1981.
  3. Halliday M.A.K., Hasan R. Cohesion in English. – London: Longman, 1976.
  4. Арутюнова Н.Д. Дискурс // Лингвистических энциклопедический словарь. – М.: Советская энциклопедия, 1990. – С. 136-137.
  5. Гальперин И.Р.Текст к объект лингвистического анализа. – М.: Наука, 1981.
  6. Колшанский Г.В. Коммуникативная функция и структура языка. – М.: Наука,
  7. Кубрякова Е.С., Александрова О.В. О контурах новой парадигмы знания в лингвистике // структура и семантика художественного текста. – М.: Спорт – Академ Пресс, 1999. – 480 с.
  8. Макаров М.Л. Основы теории дискурса. – М.: Гнозис, 2003. – 2820 с.
  9. Нормуродова Н.З.Вербальная экспликация антропоцентризма в англоязычном художественном тексте: Дисс....доктора филол. наук. – Т., 2020. – 245 с.
  10. Попов А. Ю.Основные отличия текста от дискурса  // Текст и дискурс: Проблемы экономического дискурса. – СПБ. 2001. – С. 41-44.
  11. Рикёр П. Герменевтика. Этика. Политика // Московские лекции и интерьвю. – М.: Akademia, 1995.
  12. Сафаров Ш. Лингвистика дискурса. – Челябинск: ЧГИК, 2018. – 315 с.
  13. Сафаров Ш. Прагмалингвистика. – Т.: Ўзбекистон  миллий энциклопедияси, 2008. – 300 б.
  14. Тураева З. Я. Лингвистика текста. – М.: Просвещение, 1986.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati