Сафаров Шахриёр,
СамДЧТИ профессори,филология фанлари доктори
Турғун сўз бирикмалари дунёдаги барча тиллар тизимида учрайдиган ҳодисадир. Аммо, ушбу турдаги бирикмаларнинг шаклланиши ва даврлар мобайнида тараққий қилишига оид муаммолар тарихий тилшунослик, шу жумладан, диахроник фразеологиянинг кам ўрганилган соҳасидир. Ҳолбуки, фразеологик бирикмалар структур–семантик, функционал –семантик ва бошқа жиҳатлардан ҳаракатчанлик хусусиятига эга бўлиб, уларнинг ботиний ва зоҳирий қатламлари доимий равишда ўзгариб, ривожланиб боради. Бундан, албатта, инглиз тили ҳам истисно эмас.
Бирваракайига айтиш лозимки, турғун сўз бирикмаларининг инглиз тили тарихий ривожланиш даврларидаги қисмати тадқиқотчилар эътиборига тушган (масалан, қаранг: Дьякова, Сафаров 1981; Путин 1974; Baugh 1959). Жумладан, А.А.Путин ўз пайтида қадимги инглиз тилида учрайдиган турғун бирикмаларни ўнта гуруҳга ажратиб ўрганишни таклиф қилган эди (Путин 1974). Бироқ, мазкур гуруҳларнинг кейинги ривожланиш босқичи бир хил эмас ва уларнинг баъзилари ҳозиргача сақланмаган. Қуйида шундай гуруҳдаги бирикмаларнинг қўлланишдан чиқиши ва луғат таркибида сақланмаганлигини қисман бўлса-да, изоҳлашга ҳаракат қиламиз.
Қадимги инглиз тилидаги турғун сўз бирикмаларининг катта қисми оддий сўзлар билан синонимик муносабатда бўлган ҳолда нутқда фаоллашган. Масалан, “худо”, “жаннат”, “ўлим” тушунчаларини атовчи синонимик қаторларни ўнлаб бирикмалар ташкил қилишган бўлса, “қуёш”, “сулҳ тузмоқ”, “жанг”, “денгиз”, “ғалаба қилмоқ”, “эргашмоқ”, “оқ” каби тушунчалар номланишида иштирок этувчи синоним бирликларнинг сони тўрттадан саккизтагача етиб борган.
Бир сўзли ва турғунлашган бирикмаларнинг синонимиясига оид масалаларни махсус таҳлил қилишган олимларнинг таъкидича, “бир хил маъно ифодасига қадар фразеологик синонимлар у ёки бу тилнинг фразеологик заҳирасида юзлаб йиллар давомида бошқа луғавий бирликлар билан ҳамкорликда бўлади ва баъзан йўқолиб кетиш ўрнига, аксинча, миқдор жиҳатидан ўсиб боради” (Чернышева 1988).
Ҳар ҳолда, қадимги инглиз тилида амал қилган турғун бирикмаларнинг бир қисми маълум сабабларга кўра йўқолганини кузатамиз. Фразеологик характерга эга бўлган бирикмаларнинг кейинги даврларда сақланмаганлигининг сабабларидан бири улар таркибидаги лексемаларнинг архаизм мақомини олишидир. Жумладан, англосаксон ўзагига эга бўлган feore (feorh) – “ҳаёт” сўзининг архаизмга айланиши қадимги даврда эвфемизм сифатида қўлланган қатор сўз бирикмаларининг кейинчалик йўқолишига сабаб туғдирди. Қадимги инглиз тилида feorh agiefan, feorh sellan, feorh losian, feor alecgan бирикмалари метафорик кўчим асосида “ўлиш, ҳаётда кўз юмиш” тушунчасини англатган. Кейинги даврларда фразеологик кўрсаткич йўқолиб, ушбу бирикмаларнинг фақат феъл қисми сақланган.
Худди шунингдек, маданиятлар, тиллараро алоқалар ҳам луғат таркибидаги ўзгаришларга сабаб туғдирганидан хабардормиз. “Инглиз тили тарихи” китобининг муаллифи А.Бо қадимги даврда амалда бўлган dryhten, anwalda, dema, frea каби луғавий бирликларнинг роман тилларидан ўзлаштирилган сўзлар билан “кураши” ҳақида қуйидагиларни ёзган эди: “In such cases one of two things happened: of two words one was eventually lost or where both survived they were differentiated in meaning. In some cases the French word disappeared, but in a great many cases it was the old English word that died out…. dryhten and frea were displaced by the French prince, although the English word lord, which survived as a synonym, helped in the elimination. The OE dema (judge) gave way before French influence in the matters of law” (Baugh 1935).
Узоқ давом этган рақобат натижасида баъзи туб англосаксон синонимлари ҳам бир–бирини сиқиб чиқаришгани маълум. Бу, айниқса, bearn ва cild отларининг ривожида аниқ кўзга ташланади. “Ёш бола билан бирга бўлиш” ёки “ёш бола бўлиб қолиш” маъносидаги beon mid bearne (mid cilde), wesan midbearne (mid cilde), weorthan mid bearne (mid cilde), gan mid bearne (mid cilde) кўринишидаги бирикмалар таркибида учрайдиган ушбу сўзлар умумий бир маънони (“ёш бола”) англатиш билан бир қаторда, стилистик жиҳатдан ҳам бетараф бўлган.
Эслатилаётган синонимлардан cild гот тилидаги rilthei сўзига мос келиб (Skeat 1996), қадимги инглиз тилида ёзилган ёдгорликларда bearn сўзига нисбатан кейинроқ қўлланила бошланган. Тадқиқотчиларнинг кузатишича, mid cilde “бола билан” бирикмаси X аср охирларида битилган қўлёзмаларда учраса, mid bearne эса VIII асрдаёқ қўлланишда бўлган (Brook 1958). Мазкур фикрнинг тасдиғини bearn сўзининг этимологиясида ҳам кўриш мумкин. Қадимги инглиз ёзма ёдгорликларида мавжуд бўлган bearn сўзи турли герман тилларида кенг қўлланишда бўлган beran “туғмоқ, олиб келмоқ” феъли ўзагидан ривожланган, ушбу феълнинг иккинчи шаклидан ясалган bearn оти IX асрдаёқ амалиётга кирган. Жумладан, “Беовульф” асарининг саҳифаларида bearn сўзи 40 мартадан ортиқроқ учрайди. Унинг синоними бўлган cild эса бирор марта ҳам қўлланилмайди. Бундай ҳолатнинг сабаби, Ҳ. Бэкнинг таъбирича, cild сўзининг ўша пайтда ифодаланган маъноси билан боғлиқ: “Поэзияда нисбатан фақат оила доирасида муносабат билдирилиши билан боғлиқ, шунинг учун bearn бу маънони ифодаловчи бирликка айланган” (Back 1934).
Аммо, инглиз тилининг кейинги тараққиёти даврида cild bearn бирлигини қўлланишдан сиқиб чиқарган. Бунинг сабаби қуйидагилар билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Эҳтимол, cild сўзининг пайдо бўлиши пайтида унинг қўлланиш доираси синоним bearn унсуриникига қараганда анча тор бўлган бўлса керак. Кейинчалик эса cildнинг фаоллашув имконияти кенгайиб борган ва оқибатда bearn сўзининг роли кучсизланиб, ўз аҳамиятини йўқотиб борган. Маълум даврдан сўнг умумқўлланишдаги бирликка айланган. Ҳозирги пайтда ушбу сўз энг кенг қўлланиладиган 500 та сўз қаторидан мустаҳкам ўрин олган. Ўз навбатида, bearn бирлиги миллий тил луғат захирасидан чиқиб кетиб, фақат айрим шеваларда сақланган. У. Торндайк ва И. Лоржлар тузишган луғатда bearn бирлиги миллион сўз қўлланишида фақат бир марта учраши, chill сўзининг эса юзлаб, минглаб контекстларда учраши эслатилган (Thorndike, Lodge 1974).
Bearn сўзининг кенг қўлланишдан сиқиб чиқарилиши қадимги инглиз тилини сўнгги йилларидаёқ кузатилади. Бинобарин, Қирол Эльфрик ёзишмаларида bearn 124 марта учраса, cild сўзи эса 204 марта қўлланган (Back 1935). Ҳозирги пайтда baira шаклини олган bearn шотланд элементи сифатида қаралади (БАРС 1972: 124).
Турғун бирикмалар таркибидаги луғавий бирликлар маъносида юзага келадиган ўзгаришлар ҳам ушбу бирикмаларнинг синонимлар қаторидан ва ҳатто умуман тил тизимидан чиқиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, қадимги инглиз тилидаги giefan “бермоқ” феъли sellan феъли маъно структурасида бир пайтлар мавжуд бўлган “бермоқ” маъносини тамоман сиқиб чиқариши натижасида sellan кейинчалик фақат “пул эвазига бермоқ, яъни сотмоқ” мазмунини ифодалаб бошлайди. Маълум бир маънонинг йўқотилиши ва маъно торайиши ҳодисаси сўзнинг лексик қуршовига, синтагматик имкониятларига таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Янги маъно хусусиятига эга бўлган selllan қадимги қўлланишда бўлган selllan bysne бирикмасини ҳосил қилиш имкониятидан маҳрум бўлди ва юқоридаги бирикмада феъл бўлаги ўрнини туб инглиз лексемаси giefan эгаллади. М.П. Семeнтюк қайд этганидек, sellan феъли “сотмоқ” маъносини олганидан сўнг, giefan сўзининг қўлланиш миқдори кескин ошди (Семенюк 1971: 41).
Қадимги инглиз даврида фаол қўлланишда бўлган баъзи турғун сўз бирикмалари, уларнинг компонентлари ҳозиргача тил тизимида мавжуд бўлишига қарамасдан, нутқий фаоллик даражасини йўқотган. Масалан, ҳозирги инглиз тилида word ва work сўзлари кенг кўламда қўлланиши барчага равшан, бироқ, қадимги инглиз тилида маълум бўлган wordom ond daedus (in word and deed) ва wordum ond weorcum (in words and work) турғун бирикмаларидан ҳозирги кунда фақат биринчиси (in word and deed) амалий қўлланишда.
Шу қаторга genotes baeth (gannet’s bath), fisces baeth (the bath of fish); Godes condelle (the candle of God); beascen Godes (the beacon of god) каби бирикмалар киради. Ушбу ва бошқа турдаги қадимги инглиз сўз бирикмалари асосан метафорик кўчимлар натижасида шаклланган. Метафора, маълумки, вақт ўтиши билан ўз бўёқдорлигини йўқотиши, сийқалланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, сўз бирикмасининг қўлланишидан тушиб қолиши ёки бошқа ёрқинроқ метафорик бирикма билан алмаштирилишига шароит яратади.
Айрим англосаксон турғун бирикмалари ҳозирги инглиз тилида фаол қўлланмаса-да, лекин, бошқа қариндош тилларда ўз фаоллигини сақлаб қолган. Масалан, немис тилида қадимги инглиз тилидаги on hand gangan “таслим бўлмоқ, яъни қўлига топширмоқ” мазмунида ва to gefeoht cumin “жангга киришмоқ” мазмунида сақланиб келмоқда.
Бундан ташқари, баъзи турғун тузилмалар бирикмалик хусусиятини йўқотиб, яхлит луғавий бирликка айланган. Масалан: on an anon; for soth forscoth; mid ealle withal; daeges eagy daisy; ealne weg always.
Қадимги инглиз тилидаги ealne wey бирикмасидан always равишининг ҳосил бўлишини Г.Брук қуйидагича изоҳлайди: Қаратқич келишиги шаклини ясовчи суффикс ҳозирги инглиз тилидаги needs ва once равишларида сақланган, айни пайтда ушбу суффикс қадимги даврда бу шаклга эга бўлмаган айрим сўзларга ҳам қўшилган. Масалан, always (қад.инг.еalne weg, ealneg), nowadays (қад.инг. nu on daege) (Brook 1958: 122). Мазкур бирликлар тизимда сақланган бўлсалар-да, лекин, ўз синтактик структурасини ўзгартирган ҳолда турғун бирикмалар билан алоқасини узган.
Хуллас, англосаксон давридаги бирикмаларнинг маълум қисми, уларнинг турғунлик даражаси юқори бўлишига, компонентлари ўртасидаги семантик алоқа ва муносабатлар мустаҳкам эканлигига қарамасдан, даврлар кечиши жараёнида аста–секин қўлланишдан чиқиб кетган. Бунинг сабабларидан бири маълум бир компонентнинг нутқий фаоллиги пасайишидир. Шунингдек, сўз бирикмаси таркибидаги бирликлар маъно ўзгаришларига учраши ҳам бунга сабаб бўлган. Лекин, баъзан турғун бирикма ўз коммуникатив вазифасидан холос бўлган тақдирда ҳам унинг таркибий қисмлари алоҳида луғавий бирликлар сифатида тил тизимида сақланиб қолиши мумкин. Айрим турғун бирикмалар кейинги тараққиёт даврида яхлит луғавий бирликларга айланганлар.
Ўйлаймизки, турғун бирликларнинг диахроник ривожи ва уларнинг ҳар бир босқичда кечирадиган “қисмати”нинг батафсил тадқиқи тил тизимига хос қатор муаммоли ҳолатларнинг ечимини топишга имкон беради. Бу, айниқса, тарихий тараққиёти бир текис кечмаган, турли ташқи ва ички омиллар таъсирини бошдан кечирган тилларга тааллуқлидир.
Адабиётлар:
Сафаров Ш. Об англосаксонских устойчивых сочетаниях. В статье рассматриваются структурные особенности древнеанглийских устойчивых словесных комплексов. Выясняются причины их исчезновения в современном английском языке.
Safarov Sh. About Old English set phrases. The article gives an information about the structural peculiarities of the old English phrase logical units. It describes the cаses of loosing old forms in Modern English.