АНТОНИМИЯ ҲОДИСАСИНИНГ МАНТИҚИЙ-СЕМАНТИК ТАЛҚИНИГА ДОИР

Лексик бирликларнинг семантик тадқиқидан мустаҳкам ўрин эгаллаган оппозиция тушунчаси тилнинг барча сатҳларида муҳим аҳамият касб этади. Ф.Соссюр тил тизимининг чуқур гносеологик дихотомиясидан келиб чиққан ҳолда оппозицион муносабатларни тилдаги кўп қиррали белгилар мажмуи сифатида баҳолайди  ва  тилнинг  икки хил белгиси ўзларининг ифодаловчи ва ифодаланмишларига эга бўлгани ҳолда  ҳар хил белгилар эмас, балки ўзаро фарқланувчи белгилар эканлигини ҳамда улар орасида фақат қарама-қарши муносабатлар борлигини таъкидлайди. Шунингдек, у  тил тизимини  тилларнинг қандай синфларга қарашли эканлигидан қатъи назар “ўхшашлик” ва “тафовут”ларга асосланган ўзига хос механизмга қиёслайди [Ф. Дў Соссюр: 140].  Шунга  асосан, сўзлар ўртасидаги ўхшаш ҳамда оппозитив мазмуний муносабатлар ҳам тушунчалараро ташқи мойилликлари орқали янада аниқроқ намоён бўлади. Хусусан, сўзлараро бундай мазмуний муносабатларни нафақат синонимлар, балки бири иккинчисиз асло мавжуд бўлмайдиган антонимлар орқали ҳам кузатиш мумкин. Бири зидловчи (антонимлар) ва бири бирлаштирувчи, яъни ўхшаш (синонимлар) хусусиятга эга бўлган бу  каби лексик-семантик ҳодисалар сўзлар ўртасидаги мазмуний муносабатларнинг энг муҳим икки аҳамиятли турларидан бири саналади. Улардан  антонимларни фарқлаш  ва бу борада мавжуд иккиланишларни аниқлаштириш мақсадида  ушбу  мақолада имкон қадар таъриф ва тавсифлар  тизимига маълум  даражада таҳлилий  тарзда эътибор қаратмоқчимиз.

Антонимия тилнинг лексик-семантик сатҳидаги асосий  тил универсалияларидан бири сифатида тилдаги қарама-қарши  категорияни акс эттирувчи энг муҳим восита  ҳисобланади.  Тадқиқотчилар тилда мавжуд антонимларни аниқлаш ҳамда уларни бошқа лексик бирликлардан  қандай фарқлаш мезонларини ўрганишга уриниб келишган ва бунинг натижаси улароқ, тилшунослик фанида антонимларга нисбатан тор ва кенг нуқтаи назардан таҳлил  қилиш тамойиллари  пайдо   бўлган. Шундай экан, қуйида антонимия ҳодисасининг  лисоний  моҳиятини   тўлиқ ва тўғри англаш мақсадида айрим таърифлар  тафсилотига  тўхталиб  ўтишни мақсадга  мувофиқ  деб ҳисоблаймиз. Зеро, антонимик  бирликлар  тилнинг  нафақат лексик-семантик бирликлари ўртасида, балки замонавий тилшунослик тенденцияларига кўра когнитив ва прагматик бирликлараро тадқиқ этилиш ҳоллари мавжуд экан, унинг асл  мазмун-моҳиятини  турли  қарашлар тавсифидан келиб  чиққан  ҳолда  ҳар томонлама  тўғри англаш жоиз деб  ҳисоблаймиз.

Ҳозирги замон тилшунослигида семасиологлар антонимия ҳодисасига нисбатан кенг нуқтаи назар билан қараётганлиги эътиборни жалб этади. Масалан, антонимлар сифатида нафақат тилга хос бирликлар, балки антонимик парадигмалар билан бир қаторда, антонимик синтагмаларнинг ҳам мавжудлиги, антонимларга хос функционал  хусусиятларнинг  синонимия ва полисемия  билан  боғлиқ  тарзда  талқин қилиниши ҳамда Л.А.Введенскаянинг антонимлар луғатида берилганидек, матнларга хос ёки  хусусий муаллифларга тегишли нутқий антонимларнинг ҳам инобатга олинганлиги [Л.А.Введенская: 378] антоним тушунчасининг анча кенг қамровли эканлигига ишора қилади. Бу борада лисоний ва нутқий антонимлар  мавжудлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Тилшуносликда антонимия ҳодисасини тор ва кенг доирада талқин қилиш  мавжуд  бўлиб,  уларнинг  иккаласи  ҳам тилда муҳим ўрин эгаллайди. Антонимияни тор  доирада   талқин  қилиш  асосан,  Ғарб тадқиқотчиларига  тегишли  бўлиб, улар антонимларни аниқлашда  “қарама-қаршилик”нинг градуаллик хусусияти билан чекланишган. Масалан, инглиз тилшуносларидан Ж.Лайонз  лексик антонимияга  хос  градуаллик хусусиятини  бош мезон деб ҳисоблаб, уларни  айнан  бинар  оппозиция асосига қурилган лисоний ҳодиса сифатида ўрганган [J.Layons: 271]. Шунингдек, итальян  тилидаги  айрим  манбаларда ҳам антонимларни айнан  градуаллик, яъни даражаланиш хусусиятидан ёки прогрессив қатламлардан келиб чиққан ҳолда изоҳлайдилар [V.Cepellini: 298; educalingo.com/it/dic-it/antonimia;]. Дарҳақиқат, инглиз тилшуноси Д.А.Кристалнинг тилшунослик  луғатида  ҳам антонимия  ҳодисасининг бош  мезони  ҳисобланган  оппозиция  категорияси  тор лисоний маънода, яъни  фақат "тил бирликлари ўртасидаги лингвистик жиҳатдан муҳим айрим  фарқлар"га  нисбатан  ишлатилиши   тилга   олинган [D.A.Crystal: 342]. Бундай  талқинлар  эса  тилдаги  ҳар қандай  қарама-қарши маъноли  бирликларни  антонимик  бирликлар  сифатида  тавсифловчи айрим тилшуносларнинг [Е.Н.Миллер: 76; Р.Шукуров: 154] қарашларига нисбатан зид қарашларни ифодалайди. Антонимларни бундай тор доирада  деярли  бир хил  тарзда талқин қилиш ғарб ва айрим рус  тилшунослари тадқиқотларида кўзга ташланади.

Юқорида антонимларнинг тор доирадаги талқинига эътибор қаратганимизда уларда  асосан, градуаллик ва даражаланиш хусусиятлари инобатга олинганлиги маълум  бўлса,  қуйида уларга хос кенг қамровли таърифларнинг баъзиларига тўхталган ҳолда улар борасида батафсилроқ мулоҳаза  юритишга ҳаракат қиламиз.

Тил тизимининг лисоний бирликлари орасида кенг  ўрин  эгаллаган семантик муносабат турларидан бири, яъни антонимик муносабатлар ўзларида “оппозиция”  категориясини  акс  эттирган ҳолда тилда мазмун  ва  тафаккур  жиҳатдан турли хил лексик шакллар орқали ифодаланувчи тил универсалияларидан бири  сифатида ифода плани бирликлари ўртасидаги фарқ бўлиб, у мазмун плани бирликлари орасидаги ўзаро фарққа мос келади ёки аксинча [В.Н.Ярцева: 348], деган ғояга мувофиқ тарзда илмий жиҳатдан  асосланиб келинган. Антонимия ҳодисасини кенг доирада талқин қилиш эса “қарама-қаршилик”ка хос барча хусусиятларни ўз ичига олади. Бу эса  лисоний антонимларни тилдаги бошқа  универсалиялардан  ўзаро фарқлашда бироз қийинчиликларнинг юзага  келишига  сабаб бўлади. 

Бундай  тил универсалияларининг, яъни антоним сўзларнинг асосий моҳиятини ташкил этувчи “қарама-қаршилик”  категорияси  серқирра  ҳодиса бўлиб,  унинг ўзига  хослиги  тилшунослик, фалсафа, мантиқ, психология, этика ва эстетика каби турли фанлар  доирасида  ҳам акс этади. Шундай  экан,  қарама-қаршилик категориясига нафақат лисоний, балки фалсафий ва мантиқий нуқтаи назардан ёндашиш ҳам антонимия  ҳодисасининг мутлақ ва нисбий турларини, мантиқан зидланишнинг турли шаклларини, қолаверса, айрим тилшуносларнинг антонимия назариясида бирламчи ҳисобланган “антонимик инкор” тушунчасини ўрганиш  имконини беради. Шундай экан, ушбу лисоний ҳодисанинг тилшунослик фанида ҳам  тадқиқотчилар томонидан мантиқий, фалсафий, семантик ва бошқа  фанлар  ракурсидан   кузатилган турлича талқинлари  мавжуд  бўлиб, қуйида  уларга хос фақат мантиқий-семантик  ҳамда соф семантик  қарашларнинг  баъзиларига  эътибор  қаратамиз.

Мантиқий-семантик ёндашув  тарафдорлари антонимларни  аниқлашда  уларга  хос  антонимия  майдони  ва унинг  икки томонига эътибор қаратишади. Аниқроқ  қилиб  айтганда, уларнинг  “бинар оппозиция” ҳамда “инкор” категорияларига таянган ҳолда ушбу  лисоний ҳодисага мантиқий жиҳатдан  алоҳида урғу  беришади. Хусусан, қарама-қарши  маъноли сўзларнинг антонимлик хусусиятини ифодаловчи мантиқий  маънога эга бўлган “бинар оппозиция” белгиси антоним  компонентлар ўртасидаги оралиқ тушунчаларнинг мавжудлиги   билан боғлиқ масала  бўлганлиги сабаб  америкалик тилшунос Ш.Крайдлер   уларни  бинар ва бинар  бўлмаган антонимларга  бўлиш орқали антонимик майдоннинг  икки қарама-қарши томони мавжудлигини  кўрсатиб, уларни контрар (бинар  бўлмаган) ва комплементар (бинар)  турларга  қиёслайди [Ch.Kreidler: 100-101]. Ушбу нуқтаи назарда   антоним  сўзларнинг  икки  қарама-қарши томони  ўртасидаги градуаллик  хусусияти  бирламчи мезон  сифатида  эътиборга олинади.

Мазкур  ёндашув  тарафдорларидан яна бири, яъни рус тилшуноси Л.А.Новиков қарама-қарши тушунчалар  ифодаси асосан антонимлар орқали яққол намоён бўлишини қайд этган ҳолда лексик бирликлар ўртасидаги бундай қарама-қарши тушунчалар негизида  асосан инкор муносабатлар акс этишини таъкидлайди [Л.А.Новиков: 243-246]. Шунингдек, ўзбек тилшуносларидан С.Усмонов ҳам антонимларни тадқиқ  қилишда уларнинг  белгилар  зидлигига  ва бири иккинчисини инкор қилиш хусусиятига эътибор қаратади [С.Усмонов: 33-39]. Шу билан  бир қаторда, антонимия ҳодисасининг мантиқий ва фалсафий аспектини лисоний нуқтаи назардан тадқиқ қилган рус  тадқиқотчиларидан бири О.Н.Лихачева   ҳам Л.А.Новиковнинг антонимия  назариясига асосланган ҳолда антонимиянинг асоси айнан “инкор” тушунчаси билан боғлиқ деб ҳисоблайди [О.Н.Лихачева: 24]. Итальян тилшуносларидан М.Пичиасси ва Ж.Заганеллилар ҳам ушбу ёндашув  тарафдорлари сифатида  итальян тилидаги антонимларга бир-бирини инкор этувчи бирликлар [M.Pichiassi, G.Zaganelli: 19] деб  баҳо  берадилар.

Баъзи  тилшунослар антонимларни уларнинг мантиқий-семантик жиҳатларига фақат бирёқлама  ёндашиш  орқали   тадқиқ қиладилар. Масалан, рус тилшуноси Л.П.Крисин юқоридаги қарашлардан  фарқли тарзда  антонимларни  тавсифлашда уларнинг мантиқий-семантик хусусиятларидан, асосан қарама-қарши  маънолар  характерига  эътибор қаратади [https://rus-lexicology-dict.slovaronline.com].  Хусусан, маълум бир белгининг  мавжуд  ёки мавжуд эмаслигига  ишора  қилинган антонимлар (масалан: баландлик – пастлик, ҳаракат-хотиржамлик); маълум бир ҳаракат ёки ҳолатнинг  бошланиши ва  тугалланишини  кўрсатувчи  антонимлар (масалан: кирмоқ-чиқмоқ, турмоқ-ўтирмоқ); маълум бир  белгининг жуда кўп ва  камлигини  ифодаловчи  антонимлар (масалан: катта – кичик, чиройли – хунук)  шулар  жумласидандир.   Антонимларнинг худди шундай миқдорий  кўрсаткичга  асосланган, яъни бир компонентнинг  антонимик муносабатга киришадиган лексик маъно  миқдори кўп ва  камлиги ўзбек тилшуноси Р.Шукуров тадқиқотларида ҳам  тилга  олинган  бўлиб, улар носимметрик ёки ассиметрик  антонимлар деб  номланган [Р.Шукуров: 52]. Демак, антонимия борасидаги ушбу  мулоҳазалар мантиқий-семантик  қарашлар  асосини   антонимларнинг  бир-бирига  мос келмайдиган ассиметрик  характери  ташкил  этишидан  далолат  беради, яъни  юқорида тилга  олинган  тилшуносларнинг антонимияга доир назарияларида мантиқий  қарашлар устунлик қилган ҳолда  градуаллик,  бинар  оппозиция   ва  инкор категорияларига ҳамда қарама-қарши маънолар характерининг ассиметриклигига  алоҳида  эътибор  қаратилган.

Антонимларни аниқлашнинг юқорида  келтирилган асосий  мезонлари замонавий  итальян тилидаги  баъзи  манбаларда  тўлиқлигича инобатга   олинган   таърифлар  ҳам учрайди. Масалан, “Еducalingo” [https://educalingo.com/it/dic-it/antonimia]  виртуал  луғатида антонимлар  семантик   жиҳатдан қарама-қарши  маъноли  муносабатларни акс  эттирувчи (nero-bianco ёки caldo-freddo), бир-бирини батамом  инкор  қилувчи (vero-falso ёки vivo-morto) ва антонимик  градуалликни  ифодаловчи  ҳамда  лексик  ва грамматик  антонимларни  фарқловчи   хусусиятларига  кўра бошқа тил универсалияларидан  фарқланиши   қайд  этилган. Бу эса итальян тили антонимларини  ўрганишга  доир  методик  таърифларнинг  кенг қамровли эканлигидан  далолат беради. Негаки, кўпчилик  итальян  тилшунослари  юқорида  айтиб  ўтилганидек, фақат антонимик  градация  ва инкор  категориялари тамойилларига таянган  ҳолда  иш кўрганлар. 

Семантик ёндашув тарафдорларининг қарашлари таҳлил  қилинганда улар антонимларни  аниқлашнинг асосий мезони сифатида  нафақат қарама-қарши тушунча ва  маъноларнинг мавжудлиги, балки  уларнинг ўзаро  зидлигини  таъминловчи  қўшимча  мезонлар, жумладан, семантик умумийлик, дифференциаллик ва   коррелятивлик каби субординатив  хусусиятларнинг ҳам зарурлигини  таъкидлайди. Хусусан, Ю.Д.Апресян  семантик  хусусиятларга таянган  ҳолда  антонимларни зид маъноли  ва семантик жиҳатдан умумийликка эга бўлган  бирликлар деб изоҳлайди [Ю.Д.Апресян: 5]. О.С.Ахманова эса антонимларни қарама-қарши маънолар билан бирга,  айнан коррелятив шаклда мавжуд  бўлишини қайд  этади [О.С.Ахманова:174]. Шунга  асосан,  айрим тадқиқотчилар  ҳам оппозитив антонимия ҳодисасини  “антонимик  корреляция” атамасидан  фойдаланган ҳолда айнан корреляция  нуқтаи назаридан  тадқиқ қилганлар [Н.В.Царегородцева: 643].  Н.В.Соловёва  антонимларни аниқлашда уларга хос қарама-қарши маънолар ва семантик бирлик  мавжудлигини  асосий  мезонлар  сифатида қабул қилади ва уларни  дифференциал  белгилар  мажмуи сифатида  баҳолаб, семантик мазмун, сўз туркумлари, морфологик структураси, оппозитив  маънолар тури ҳамда семантик  майдон доирасини ҳам инобатга  олиш зарурлигини таъкидлайди [Н.В.Соловьёва: 9].

Тилшуносларнинг илмий қараш-ларига эътибор қаратиш натижасида   уларга хос антонимия  назарияси  айнан  О.C.Ахманованинг  оппозиция  назариясига  асосланганлиги маълум бўлади. Яъни  О.С.Ахманова ўзининг лингвистик атамалар луғатида  оппозиция  "семиологик функцияни бажаришга қодир бўлган тилнинг икки (ёки ундан ортиқ) бир хил бирликлари ўртасидаги фарқ, яъни семиологик жиҳатдан релевантликка эга бўлган ҳодисадир" [О.С.Ахманова: 369]  деб баҳолайди. Шунга асосан, Н.М.Шанский, Н.Д.Шмилев ва В.Н.Костамаровлар антонимларни  бир хил мақомдаги, яъни бир хил сўз туркумига ансуб зид маъноли  сўзлар эканлигига ҳам  эътибор қаратади [Н.М.Шанский: 74; Н.Д.Шмилев: 202; В.Н.Костамаров: 153;]. Бироқ, ушбу  нуқтаи  назарга  қарама-қарши бўлган  қарашлар ҳам  мавжуд.  Масалан, Е.Н.Миллер  турли хил сўз туркумларининг ҳам  бир-бирига  қарама-қарши маънода қўллаш  имкониятларига ва шу орқали антонимларни аниқлаш мумкинлигига ишора  қилади.  Унинг  таърифи  билан айтганда,  ушбу   вазиятни  табиатан  тил ва нутққа хос бўлган “тизимли  ҳолат” [Е.Н.Миллер: 76] сифатида  талқин  қилиш мумкин. 

Юқорида кўриб ўтилган турли ҳолатларда антонимларнинг фақат  қарама-қарши тушунчалар  асосидаги хусусият ва белгилари назарда  тутилган. Аммо,  уларни кенг тарзда талқин этишнинг айрим  ўринларида уларга хос нафақат зид  маъноли, балки номувофиқлик, мос келмаслик ҳолатлари ҳам инобатга   олинади. Масалан, юқорида кўриб  ўтилганидек, Е.Н.Миллер антонимларни бундай  кенг тарзда  тушунишни ёқлаган  ҳолда   ҳар   қандай қарама-қарши маъноли ёки бир-бирига мос келмайдиган тушунча ва бирликларни антонимлар деб  ҳисоблайди [Е.Н.Миллер: 44]. Ўзбек тилшуноси  Р.Шукуров  ҳам семантик  жиҳатдан бир-бирига зид бўлган ҳар  қандай сўзларни материал жиҳатдан,   тузилиш  жиҳатдан ва лексик-семантик  муносабатлари  жиҳатдан   асослаган  ҳолда   антоним  сўзлар эканлигини  таъкидлайди [Р.Шукуров: 154].  Бироқ,   Л.А.Введенская   бундай  нуқтаи назарга  кўра  иш тутиш  тилда  антоним  бўлмаган бирорта ҳам сўз қолмаслигини қайд этади  [Л.А.Введенская: 20]. А.Нурмонов таърифи билан айтганда, бундай  бир хил  сўз туркумига  мансуб сўзларнинг семантик  гуруҳлари  умумий  маъно асосида бирлашган мураккаб  гуруҳлардан   ташкил  топган  парадигматик  турдаги лексик майдонлар бўлиб ҳисобланади [А.Нурмонов: 54]. Парадигматик майдонларнинг микромайдонларидан  келиб  чиққан  ҳолда қарама-қарши маънолари билан ўзаро боғлиқ бўлган сўзларнинг семантик  гуруҳларини  семантик  парадигмалар деб номлаш мумкин бўлади. Демак, антонимик  парадигмалар масаласи ҳам алоҳида  тадқиқотлар объекти сифатида олиб қаралади.

Юқорида кўриб ўтилган тилшуносларнинг мантиқий-семантик  ва соф семантик ёндашувларга  оид  қарашлар  таҳлили натижасида антонимларнинг  мантиқий ва семантик мезонлари  таркиби умумий тарзда қуйидагича эканлигини  таъкидлаш  мумкин:

 

 

Антонимларнинг мантиқий  мезонлари  таркиби:

Антонимларнинг  семантик мезонлари  таркиби:

  • инкор  категорияси;
  • қарама-қарши  томонлар  мавжудлиги;
  • белгилар  зидлиги ;
  • қарама-қарши  характерли маънолар; 
  • бинар оппозиция; 
  • градуаллик;
  • ассиметрик қарама-қарши  маънолар; 
  • бир-бирини тақозо  қиладиган икки хил объектлар ;
  • икки   қарама-қарши  томоннинг мавжудлиги;
  • бир-бирисиз  мавжуд  бўлмаслик; 
  • қарама-қарши  тушунча  ва  маънолар;
  • кенг  маънодаги  семантик умумийлик;
  • белгиларга  хос дифференциаллик;
  • антонимик    коррелятивлик;
  • сўз туркумлари бир хиллиги;
  • тор  доирадаги семантик номувофиқлик;
  • лексик-семантик  жиҳатдан зид муносабатлар;

 

 

 

Умумий ва хусусий тарзда кўриб  ўтилган айрим қарашларни  қиёсий  ва таҳлилий  ўрганиш  натижаси  сифатида  келтирилган мазкур  мезонлар таркиби  ўз-ўзидан қуйидаги хулосавий  фикрларни   қайд  этишга  ундайди.

Тадқиқотчиларнинг тилда мавжуд антонимларни ўрганишга бўлган қарашлари асосан  икки хил йўналишда олиб борилган дейиш мумкин. Яъни   лисоний  антонимия  ҳодисаси мантиқий  ва семантик  ёндашувлар   асосида  талқин  қилинган. Дарҳақиқат, ҳар бир ҳодиса ўзида маълум бир компонентлараро  мураккаб тизимни акс эттирар экан,  хусусан,  антонимия  ҳодисаси ҳам   маълум бир тизим  орқали ўзида  турли хил алоқа ва муносабатлар,  шу жумладан,  соф  қарама-қарши муносабатлар тизимини акс эттиради. 

Лисоний антонимия ҳодисасининг асосини ташкил этадиган қарама-қаршилик  категориясини кенг қамровли тушунча  эканлигини таъкидлаган ҳолда, ушбу категорияни соддароқ  қилиб  изоҳлаганда  бир-бирини тақозо қиладиган икки хил объектдан иборат лисоний ҳодиса эканлигини, унинг ҳосиласи эса тилшуносликда мавжуд антонимия  ҳодисасининг семантик  асосини ташкил этишини  алоҳида таъкидлаш  лозим.

Бир-бирига қарама-қарши  бўлган  зид тушунчаларнинг ўзаро  боғлиқлигини ва бир-бирисиз мавжуд бўлмаслигини инобатга  олган ҳолда тилда ҳам  маълум бир тушунча пайдо  бўлса, албатта, унга қарама-қарши тушунча ҳам пайдо бўлишини қайд этиш ўринлидир. Зеро, ёзувчи В.В.Юрчук таъбири билан айтганда, “... ҳеч нарса ҳеч қачон бутунлай ёлғиз мавжуд бўлмайди, балки бири иккинчисига боғлиқ тарзда пайдо бўлади” [В.В.Юрчук: 285]. Бинобарин, луғавий жиҳатдан мантиқий қаторнинг икки қарама-қарши томони тариқасида мавжудлик ва йўқлик тушунчалари бор экан, улар ўртасида инкор  категорияси  ҳам яққол кўзга ташланади. Демак, антонимия бир-бирини инкор этувчи ва бири-бирисиз мавжуд бўлмайдиган лексик-семантик категория сифатида олиб қаралиши жоиздир. Шу ўринда антонимларни тавсифлаш учун зид тушунчаларнинг мавжудлиги, инкор категорияси, кенг маънодаги семантик умумийлик, белгиларга хос дифференциаллик, антонимик коррелятив-ликка эгалиги кабиларни асосий мантиқий-семантик мезонлар сифатида  қабул қилиш мақсадга  мувофиқдир.

Антонимларни  аниқлашнинг  бундай таърифларини  таҳлилий тарзда  ўрганиш орқали оппозитивликка асосланган антонимия ҳодисасидан замонавий тилшунослик тенденцияларига кўра когнитив, прагматик ва бошқа бирликларга нисбатан тўғри фойдалана олиш  имкониятларини  янада  ёрқинроқ аниқлаштиришга ёрдам беради, деган хулосавий фикрни келтириш ўринлидир. Антонимия ҳодисасининг бизни ўраб турган  объектив  олам  манзарасидаги  акси дастлаб, онгимиздаги ҳар қандай  нарса-предмет, тушунча, воқеа-ҳодиса ва фактлар доирасида бирдек намоён  бўлиши аниқ, бироқ, унинг объектив оламни баҳолаш жараёнида юзага келадиган лисоний акси эса мазкур ҳодисанинг  нечоғлик  аниқ  ва тушунарли тарзда идрок этишга боғлиқлигини  унутмаслик лозим.

 

 

Фойдаланилган  адабиётлар рўйхати:

 

  1. Cepellini V. Nuovo dizionario pratico di grammatica e linguistica. Istituto Geografico De Agostini S.p.A., Novara -1996, 1999; https://library.weschool.com/definizione/antonimia
  2. Crystal D.A. Dictionnary of Linguistics  and   Phonetics. – Oxford : Black well  Publishing,  2008. -342 p.
  3. Kreidler Ch. Introducing  English  Semantics. –London; New-York: Taylor & Francis,  2002. -332 p. https://repository.dinus.ac.id/docs/ajar/English_Semantics_Kreidler.pdf
  4. Lyons J. Semantics. –Cambridge: Cambridge   University  Press,  1977. –Vol.1.-371 p.
  5. Pichiassi M., Zaganelli G. Contesti italiani, -Perugia: Guerra edizioni, 2005.  -455 p.

6.Апресян Ю.Д. Лексические антонимы / https://studfile.net/preview/9102755/page:5

  1. Ахманова О.С. Словарь  лингвистических  терминов. – Москва: Ком Книга, 2007. –С. 369.
  2. Ахманова О.С. Словарь лингвистических терминов. – 2-е изд., стер. – М. :Едиториал УРСС, 2004. – 571 с. https://classes.ru/grammar/Akhmanova/source/worddocuments  
  3. Введенская Л.А. Словарь антонимов русского языка. -Москва: Астрель АСТ, 2003. - 451с.
  4. Костоморова В.Г. и др. Современный   русский  литературный  язык. Учебник. –Москва: Издательство Юрайт, 2023. -316 с.
  5. Лихачева О.Н. Сопоставительно-типологический  структурно-семантический  анализ  антонимов в русском  и  английком  языках. Автореф.дис. ... канд.филол.наук, -Майкоп, 2006. -24 с.
  6. Миллер Е.Н.   Природа лексической и фразеологической антонимии. – Саратов: Изд-во Саратовского ун-та, 1990. - 211 с.

13.Новиков Л.А. Антонимия в русском языке. Семантический  анализ  противоположности  в лексике. –Москва: Изд.Моск.унта, 1973. -289 с.

  1. Нурмонов А. Систем тилшунослик асослари (маърузалар матни).-Андижон:2007,-127 б.
  2. Словари. Термины и понятия лингвистики: Лексика. Лексикология. Фразеология. Лексикография. https://rus-lexicology-dict.slovaronline.com
  3. Соловьева Н.В. Лексические и фразеологические неологизмы, вступающие в отношения  противоположности. Автореф.дисс. … канд.наук. –Москва, 2007. -30 с. https://www.dissercat.com
  4. Соссюр Ф.Дў. Умумий  тилшунослик  курси. И.Мирзаев таржимаси. – Тошкент: Navoiy Universiteti,  2019. – 310 б. 
  5. Усмонов С. Антонимлар. / Ўзбек  тили  ва адабиёти масалалари. 1958, 2-сон. –Б. 33-39.
  6. Царегородцева Н.В.  Типы антонимических  корреляций  в составе синонимико-антонимической парадигмы с семантикой эмоциональных состояний радость и горя.// Новая Россия: традиции и инновации в языке…, -Екатеринбург: Кабинетный  ученый, 2016. –С. 635-643.
  7. Шанский Н.М. Лексикология  современного русского языка. Учеб.пособие,  Изд.4-е. –Москва: Книжный дом «Либроком», 2009. -312 с.
  8. Шмелев Д.Н. Современный  русский  язык. Лексика. Учеб.пособие. –Москва: Просвещение, 1977.-335 с.
  9. Шукуров Р. Ўзбек тилида антонимлар. –Тошкент: Фан, 1977. - 154 б.
  10. Юрчук В.В. Будда. Жизнь. Учение. Мысли, изречения, афоризмы. – Москва: Современное слово, 1998. -320 с.
  11. Ярцева В.Н. Языкознание. Большой энцеклопедический  словарь. –Москва: Большая российская энцеклопедия, 1998. –С. 348.
  12. https://educalingo.com/it/dic-it/antonimia

 

Садикова Б.М. О логико-семантической интерпретации антонимического феномина. Данная статья посвящена анализу логических и семантических интерпретаций феномена антонимии, в которой особое внимание уделяется решению некоторых существующих на этот счет сомнений, в частности, таким вопросам, как   антонимов с оппозиционными категориями, состав противоположных критериев в их основе, соотношение антонимов с оппозиционными категориями, принципы отличающие их от других универсалий, были уточнены некоторые логико-семантические критерии характерные для антонимов.

 

Sadikova B.M. On the logical and semantic interpretation of the antonymic phenomenon. This article is devoted to the analysis of logical and semantic interpretations of the phenomenon of antonymy, in which special attention is paid to the solution of some existing doubts in this regard, in particular, issues such as antonyms with oppositional categories, the composition of opposite criteria based on them, the ratio of antonyms with oppositional categories, the principles distinguishing them from other universals, some logical-semantic criteria specific to antonyms.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati