АРИСТОТЕЛЬ “ПОЭТИКА”СИ ВА ШАРҚ ВА ҒАРБДА ФИЛОЛОГИК ИЛМЛАРНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Кўпчилик халқлар илк адабий тажрибаси, хусусан, юнон-рим, хитой, ҳинд, қадимги Миср, араб жоҳилия адабиёти ва фольклори, қадимги туркий халқлар адабиёти ва бошқа маданиятлар адабий анъанасининг илк вужудга келиши жараёнлари кўпроқ шеърий шакл билан боғлиқ бўлган, шеърий шаклга кирган ва ифода этилган, шеър хусусиятларини ўз моҳиятига қамраб олган. Қарийб барча халқлар адабий анъанасида шеърлар аввалига қўшиқ сифатида куйланган.

Бундай анъана ҳозир ҳам баъзи ўринларда сақланиб қолган. Масалан, ҳиндларда ғазаллар куйланиб, ижро этилади, яъни ўқилади. Аммо, мазкур фаолият “куйлаш” эмас, балки айнан “шеър ўқиш” деб аталади. Шеър борасидаги илк норматив-назарий қарашлармажмуи поэтик тафаккурнинг асоси ҳисобланади.

Поэтик илмлар умуминсоният тараққиёти ва маданий ривожланишига боғлиқ ҳолда дунё илмий-назарий тафаккурининг алоҳида соҳаси сифатида ўз илдизлари билан қадимги даврларга тақалади. Поэтика бадиий асар, хусусан, шеър моҳияти ва унинг тузилиши,  шеър таркибидаги турли адабий-просодик ҳодисалар билан боғлиқ бўлган соҳасифатида қадимдан ривожланиб келган. Шу боис, поэтика Шарқ ва Ғарб цивилизацияларида мустақил йўналиш сифатида мавжуд бўлган илмлар таснифига киритилган[1].

Энг қадимги поэтик қарашлардан бири Аристотелнинг “Поэтика” (“Поэтик санъатлар”) асарида ўз ифодасини топди[2].

Поэтиканинг умумбашарий ривожланиши жараёнида Шарқ ва Ғарб маънавий-маданий муҳитида, аниқроқ айтадиган бўлсак, сўз санъати такомили билан боғлиқ маданият ўчоқларида ўзаро ўхшашлик ва умумийликлар билан бир қаторда, ўзига хос бетакрор ҳолатлар ҳам мавжуд бўлган. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Аристотель “Поэтика”си[3] ва унинг дунёвий тафаккурга бўлган таъсири ҳақида гапириш мумкин[4].

Мазкур манба бадиий адабиёт ва унинг умумий хусусиятлари борасида баҳс қилган илк асарлардан бири ҳисобланади. Аммо бу, Аристотель “Поэтика”сидан олдин поэтик санъатларга алоқадор бирон-бир бошқа манба бўлмаган эканда, деган фикрни англатмаслиги лозим. Аслида, Аристотель “Поэтика”сидан олдин ҳам илмий қарашлар мавжуд бўлган, аммо, улар бизнинг давримизгача етиб келмаган. Биз улар ҳақидаги ахборотлардан маҳрум эканлигимизни тан олишдан бошқа иложимиз йўқ.

Поэтик фикр тарихида икки бир-бири билан узвий кечган  жараёнларни ажратиб кўрсатиш мумкин: бири – адабиёт моҳияти бўйича умумбашарий тасаввурларнинг шаклланиши, адабий қонун-қоидаларнинг вужудга келиши ва ўрганилиши жараёни;  иккинчиси – миллий адабий анъаналарни англаш ва уларни тизимлаштириш жараёни.

Шу нуқтаи назардан поэтика, ёки бизнинг бугунги замонавий атамамиз – адабиёт назарияси ҳар вақт адабиёт тузилишига оид умумий қонуниятларни белгилаш билан бир қаторда, миллий адабиёт, адабиёт тарихи, адабий танқид ва адабий асар поэтик хусусиятлари, асарлар таҳлили билан боғлиқ ҳолда тадрижий ривожланган.

Аристотелнинг “Поэтика”си башарият тарихида унга қилинган иқтибослар сони нуқтаи назаридан энг машҳур асарлардан бири. Чунки “Поэтика” асарига қилинган иқтибослар сони олим яшаган даврда бошланган бўлиб, ҳали-ҳанузгача давом этади. Аристотелнинг “Поэтика”си адабиёт ҳақидаги назарий қарашларни унинг амалий татбиқи билан узвий тарзда умумлаштира олган илк асарлардан. Шу нуқтаи назардан “Поэтика” ўзидан кейинги даврлар учун назарий асос, яъни эталон ролини ўйнаган[5].

Поэтика (грек. ποιητική,  τέχνη — поэтик санъат) — поэзия назарияси ҳисобланиб, аслида кенг маънода поэтик фаолият, яъни бадиий сўзни вужудга келтиришнинг турли масалаларини ўрганади. Поэтик фаолиятнинг келиб чиқиш сабаблари, бош тамойиллари, шакллари ва мазмуни, умуман олганда эса, бадиий адабиёт қонуниятларини ўрганади.

Агар қадимги даврда поэтика бадиий адабиётни англаш муаммоларини ўз ичига қамраб олган бўлса, ҳозирда  поэтика – адабиёт назариясининг алоҳида тарихий йўналиши ҳисобланади. Унинг вазифаси маълум бир илмий-методологик усуллар билан адабий асарнинг ўзига хос тузилиши, унинг бадиийлиги, поэтик шакли, поэтик санъат техникаси (восита, услублари) масалаларини ўрганади. Баъзи холларда “поэтика” истилоҳи ўрганилаётган адабий объектнинг маълум хусусиятлари масалаларини ўз ичига қамраб олади. Масалан, Алишер Навоий поэтикаси.

Аристотель “Поэтика”си билан бир қаторда дунё миқёсида поэтикага оид энг машҳур асарлар сифатида Дионисий Кассио Лонгин[6] (213-273 йй.) номи билан шуҳрат қозонган қадимги рим олимининг “ санъат” (On The Sublime)[7] асарида зикр этилган.

Дунё миқёсида бадиий сўзни таърифлаган кўплаб асарлар Аристотель “Поэтика”сига боғланмаган ҳолда яратилган. Улардан қадимги ҳинд адабий-назарий ва эстетик қарашларини ўзида мужассам этган Бхарата Мунининг “Натья Шастра” नाट्यशास्त्र асари (тақрибан э.о. 400-200 йй.), қадимги Хитой адабий қарашларини шеър тузилиши ва моҳияти борасида ифодалаган ҳамда бизнинг давримизгача бу тўғрисидаги маълумотлар сақланган илк хитой поэтикаларидан бири ҳисобланган  Лу Жининг (Лу Жи -  陆机261–303 й.й.) “Вэнь Фу”, яъни “Адабиёт ҳақида” асарини  қайд  этиш мумкин.

Мусулмон Шарқида филологик илмларни араблар “адаб илмлари” деб аташиб, унинг таркибида ҳам тилшуносликка, ҳам адабиётшуносликка оид илмлар яхлитликда ўрганилган ва мазкур яхлит тизим асосан араб тили билан боғлиқ илмлар сифатида тасниф этилган. Энг қадимги даврлардан бошлаб поэтика, бизнинг ҳолатимизда адаб илмининг умумбашарий ривожланиши жараёнида Шарқ ва Ғарб маънавий-маданий муҳитида, сўз санъати такомили билан боғлиқ тамаддум ўчоқлари вужудга келган ва поэтик илмлар ривожланган. Сўз санъати бўйича тамаддум марказлари қаторига Мовароуннаҳр ҳам киритилган.

Шу нуқтаи назардан, бизнинг маданий ҳудудимиз, яъни Мовароуннаҳр ва Марказий Осиёда вужудга келган ва  амал қилган поэтик тафаккур ва поэтик тизимини шакллантириш бўйича бадиий анъана умумбашарий ривожланиш жараёнларига маълум даражада  таъсир этган, деб айта оламиз. Марказий Осиёдаги поэтик тафаккур анъанаси ўз тадрижи давомида Ғарб ва Шарқдаги адабиётшунослик ва поэтик тафаккур хусусиятларини белгилашга хизмат қилган миллий қарашлардан биридир.

Мусулмон шарқида ўрта асрлар араб адабий қарашларини тизимлаштирган бир қатор адаб илми намояндалари, хусусан, Ал –Жоҳиз[8] (775/79-868, “"كتاب البيان والتبيين-“Kitābu-l-bayān va-t-tabyīn”), Абдуллоҳ ибн Муътазз[9] (861-908, “كتاب البديع” –“ Kitābu-l-badiʻ”), Қудама ибн Жаъфар[10] (873-932/948, “نقد الشعر” – “Naqdu-sh-shiʻr”), Абдулқоҳир Журжоний[11] (1009-1079, “دلائل الإعجاز”- “Dalāʼilu-l-iʻjāz”, “أسرار البلاغة”– "Asrāru-l-balāğа") каби ўнлаб олимларнингрисолаларини эслатиб ўтиш жойиз.

Уларнинг ичида бизнинг ҳамюртларимиз бўлган Мовароуннаҳрлик олимлар Абу Наср Форобийнинг  “Китоб фи саноъати ал-китоб” (كتاب في صناعة الكتاب), “Китоб ал-луғот” (كتاب اللغات), “Китоб ал-хитоба” (كتاب الخطابة), “Калом фи шеър ва ал-қавофи” (كلام في شعر القوافي), “Китоб фи аш-шеър”(كتاب فى الشعر) [12], Ибн Синонинг “Шеър санъати”[13] (فن الشعر ),  Абу Райҳон Берунийнинг “Ал-Осор ал-боқийа ‘ан ал-қурун ал-ҳолийа” (الأثار الباقية عن القرون الحالية) ва “Ҳиндистон”[14], Маҳмуд Замахшарийнинг[15] “Кашшоф” (“Каshshāf” - الكشاف)асарларида поэтик тасаввурлар илмий-назарий жиҳатдан ижодий ривожлантирилди.

Рус олими А.Г.Горенфельд Аристотелдан олдин ҳам маълум даражада илмий шакллантирилган адабий ғоялар, адабиётнинг жанрларга бўлиниши тўғрисидаги қарашлар бўлганлиги борасида гапиради[16].

Кейинчалик Европа ренессанси, яъни XIV-XVI асрлардан бошлаб Ғарбдаги илмий жараёнларга ўтди ҳамда яна бир бор ижодий ўзлаштирилиб, бизнинг давримизгача етиб келди.И.Ю.Крачковский бу борада “поэзияга нисбатан Европа ва Шарқ олимлари фикрларининг уйғунлашувини” файласуфлар асарларида кузатиш мумкин дейди[17].

Поэтика ўз тадқиқот предмети, поэтика тасарруфига киритилган вазифалар кўлами, аниқ мақсадга йўналтирилганлиги нуқтаи назаридан турли тарихий шароитларда ўз мазмуни ва моҳиятини ўзгартириб борган. Поэтика истилоҳи бу тарихий номинацияга эга бўлган воқеликдир. Адабиёт назарияси бугунги замон истилоҳидир. Уларни ўзаро бирлаштириб турган нарса бадиий адабиётни англаш ва ўрганиш анъанасининг эволюцион жиҳатдан яхлит эканлигидир. Уларнинг бугунги кундаги бош вазифаларидан бири бадиий асар спецификаси, яъни унинг бетакрор томонларини аниқлаб, кўрсатиб беришга йўналтирилган. Бунда поэтик санъатнинг эстетик норма сифатидаги моҳияти очиб берилади.

Замонавий адабиёт назариясида “поэтика” истилоҳи асосий уч мазмунда ишлатилади:

а). Тор маънода - асар бадиий хусусиятлари, унинг адабийлигини таъминловчи ва намоён этувчи турли усул, шакл, восита, услублар йиғиндиси сифатида талқин қилинади.

б). Кенг маънода -  урғу бадиий матнга берилади, яъни бадиий матннинг фақат нутқий эмас, балки тузилиши муаммолари ва масалалари ўрганилади.

в). Жуда кенг маънода – поэтика ҳар қандай санъат асаридаги (хусусан, барча бадиий санъатлардаги, масалан, мусиқа, рассомлик, архитектура в.б.) эстетик тамойилларнинг берилиши масаласини ўрганади.

“Адабиёт назарияси” истилоҳи тарихий-ижтимоий характерга эга бўлган адабий воқеликдир. “Адабиёт назарияси” истилоҳининг келиб чиқиши ва замонавий мазмуни поэтик тафаккур такомили ва тадрижи билан бевосита боғлиқ. Поэтик тафаккур, хусусан, поэтик қараш ва ғоялар қадимги даврлардан бери маълум. Аммо, адабиёт назариётчиси бўлиш ХХ асрдагина мутахассисликка айланди. Бу давргача адабиёт назарияси узоқ тарихий ривожланиш йўлини босиб ўтди.

Араб-мусулмон маданияти негизида Аристотель ва Горацийларнинг поэтик қарашлари сақланиб,XVI-XVIII асрларда Ж.Скалигер, Н.Буало, Г.Э.Лессинг, Д.Дидро, Ж. Вико, И.Г.Гердер, Г.Гегель кабиларнинг поэтикага оид асарлари яратилишига асос бўлди. XIX аср сўнгида И.Крачковский, А.Кримский, Ф.Корш, А.Шербаккабилар ислом  даври поэтик қарашларини янгидан англаш ишини бошлаб бердилар, яъни қайта мусулмон шарқи олимларининг адабий-эстетик қарашлари тизими илмий эътиборни ўзига торта бошлади.

Адаб илмининг икки тадқиқот объекти мавжуд деб ҳисобланган, улар: а) араб тилидаги нутқ Қуръонга боғлиқ эмаслиги ва арабча нутқни араблар сўзлашадиган услубда хатолардан холи тузиш қонуниятларини ўрганади; б) адаб илмининг усул ва фуруъ қисмлари мавжуд, деб ҳисобланган. Усул қисми луғат, сарф, иштиқоқ, наҳв, маъоний илми, баён илми, бадиъ илми, аруз илми, қофия илмларини бирлаштирган. Фуруъ қисми эса хат турлари, шеър ёзиш (قرض الشعر), насрий асар, рисолалар ёзиш (иншо), маъруза ва тарих кабилардан иборат бўлган, деган қарашлар мавжуд бўлган. Уларнинг мажмуи ўрта асрлар филологик илмларини ташкил қилган.

Адабиёт назариясининг энг муҳим муаммоларидан бири “Адабиёт нима?” саволига жавоб излаш бўлган.  Аммо, замонавий Ғарб олимларининг кўпчилиги алоҳида ҳолда “адабиёт” тушунчасини эмас, балки “тил” материалини ишлатиш услуби “нарратология” тушунчасини ўрганишга саъй-ҳаракат қилишади. Шунинг учун назариётчилар ўртасида “адабий мант” тушунчаси борасидаги илмий баҳслар ҳануз давом этади. Шу нуқтаи назардан адабиёт назариясига оид ранг-баранг қарашларни ўзида мужассам этган турли мактаблар фаолият кўрсатади. Улар тадқиқот предмети, унинг объекти, методологияси ва тадқиқ этиш методлари бўйича бир-биридан фарқ қилади.  Баъзи олимлар фикрига кўра, бадиий адабиётни “баён қилиш услуби”, яъни интерпретация билан боғлиқ ҳолдагина ўрганиш мумкин.

Қадимги Хитойда Лу Цзининг(261—303) “Вэнь фу” (“Адабиёт ҳақида”)  китоби илк поэтикалардан бири ҳисобланади. Мазкур асар хитой адабиёти тарихида энг қадимий адабий-назарий қарашлар мажмуаси бўлиб, унинг сўзма-сўз таржимаси “Нафис сўз ҳақидаги мадҳия” дейилади[18]. Шунингдек, Лу Цзи  шеърнинг параллель қурилишини жорий қилган шоирдир. Лу Цзининг мазкур асари шеър, яъни поэтик сўз айтиш ва таълиф этиш қонуниятларини ўргатувчи манбалардан бўлиб, манбанинг ўзи ҳам шеърий шаклда ёзилган ҳамда хитой поэтикасига доир илк манбадир. Китобда ритм, қофия тартиби, қофияланган проза талаблари, поэтик нутқнинг асосий талаблари каби масалалар юзасидан фикрлар билдирилган. Мазкур китоб эрамизнинг олтинчи асригача энг ноёб манбалардан бири сифатида хизмат қилган[19].

Маълумки, “Аристотель поэтикасини даставвал Абу Башр Матта (вафоти 932) сурёний тилидан арабийга ағдарган, Яҳъё ибн Аъдий (вафоти 960) эса асарни яна сурёнийдан таржима қилган. Ибн Сино ана шу ибн Аъдий таржимаси  асосида унга шарҳлар ёзган. Ибн Рушд ҳам ибн Аъдий таржимасини шарҳлаган. XII асрда Толедода ибн Рушд шарҳини олмониялик Ҳерман (вафоти 1256) лотин тилига ағдарган”[20].

“У маҳалларда араб тили ҳали илмий тил сифатида танилмаган, кўп асарларни, шулар жумласидан, кўп юнон муаллифларининг таълифларини сурёний[21] тилига таржима қилиш одат эди. ... Кейинчалик ўнинчи асрга келиб “Поэтика” сурёний тилидан арабчага таржима қилинди. Бунинг дастлабки таржимонларидан Исҳоқ ибн Ҳунайн (вафоти 911) бўлса, бошқаси Матто ибн Юнус  ал-Қуннойи (941 йилда ҳаёт бўлган) эди[22]. Матто ибн Юнус ал-Қуннойининг “Поэтика” таржимаси бизнинг давримизгача сақланиб, етиб келган.

А.Ирисовнинг фикрига кўра, Аристотелнинг мазкур китоби ҳақида араб файласуфи Абу Исҳоқ ал-Киндий (801-866) ҳам қисқа бир китоб ёзган[23]. Инглиз шарқшунос олими Давид Самуил Марголиус 1887 йилда Аристотель “Поэтика”сининг Матто ибн Юнус қилган таржимасини топиб, уни Лондонда босмадан чиқаради. Маттоибн Юнус амалга оширган “Поэтика” таржимасини ўтган асрнинг 1953 йилида араб олими Абдураҳмон Бадавий Қоҳирада нашр қилади. Мазкур нашрда Аристотель “Поэтика”сига ёзилган Форобий, Ибн Сино, ибн Рўшдлар шарҳлари ҳам қўшилган ҳолда чоп этилади.

Шу билан бир қаторда, бадиий адабиёт ва унинг меъёрлари тўғрисидаги фан соҳаси ҳамда унинг таркибидаги шеър моҳияти тўғрисидаги фикрлар ҳам қадимги грек заминида, аниқроғи, Аристотелнинг “Поэтика” асари билан бевосита алоқадорликда вужудга келган бўлса, кейинчалик Шарқ давлатларида қадимги грек фалсафий фикрларига ёзилган шарҳлар орқали, масалан Абу Наср Форобий,  Ибн Сино асарларикитоблари орқали ижодий ўзлаштирилган ва мантиқан  ривожлантирилган.

Инсоният маданияти тарихида Аристотелнинг “Поэтика” асари анчайин мураккаб тақдирни бошидан ўтказиб, мовароуннаҳрлик қатор олимларнинг илмий қарашлари орқали сақланиб, Ғарб ренессансининг муҳим асосларидан бири даражасига кўтарилган ҳамда  эрамиздан олдинги III асрдан бизнинг давримизгача сақланиб, омон етиб келган[24].

Яъни, эрамиздан олдинги III асрда қадимги Грецияда яратилган адабиёт ҳақидаги илм кейинчалик Ўрта асрларда мусулмон маданияти доирасида бизнинг заминимиздан етишиб чиққан бир қатор олимлар томонидан шарҳланган, поэтик фикрга доир ғоялар ижодий ривожлантирилган, ундан кейин эса Европа ренессанси давридан бошлаб  Ғарб давлатлари илмий тафаккурига мусулмон маданияти орқали ўтган ва сақланиб, бизнинг давримизгача етиб борган. Бинобарин, бизнинг буюк аждодларимизнинг поэтик тафаккури ўз даврида умумбашарий, хусусан, Ғарб поэтик тафаккурининг шаклланиши учун хизмат қилган, дунё миқёсидаги адабий-поэтик ғоя ва қарашларнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган.

Поэзия”, яъни “бадиий адабиёт” сўзининг илмий муомалага киритилиши Аристотель номи билан боғланади. Аристотель ўзининг “Поэтика” асарида бадиий адабиётни шу ном билан, яъни “поэзия” деб атайди. Ҳозирги замон илмида эса бадиий адабиёт таркибидан фақат шеърият поэзия номи билан аталади. Аммо Аристотелнинг нима учун бадиий адабиётни “поэзия” деб атаганлигида жон бор. Чунки, Аристотель давридаги дастлабки адабиёт, яъни эпос ва драма маросим хорларидаги ривоят ва ҳажвий диалог асосида ёзилган шеърий асарлардан иборат бўлган ва улар куйлаб ижро этилган.

Аристотелнинг “Поэтика” асари икки қисмдан иборат бўлган деган фикр ҳам мавжуд. Улар: трагедия ва комедиядир. Аммо бизнинг давримизгача фақат бир қисм, яъни традегия борасидаги қарашлар етиб келган холос. Аристотель фикрига кўра, трагедия олти унсурдан иборатдир, улар: қурилиш, характер, услуб, спектакль ва лирикадир. Персонажлар воқеани баён этиш учун хизмат қилади. Сюжет трагедиянинг бош объекти ҳисобланади. Трагедия саъй-ҳаракатлар, яъни фаолият имитацияси ҳисобланади. Трагедия, Аристотель фикрига кўра, афсус, ўкинч, қўрқинч хисларини уйғотиб, эмоцияларнинг кучайиши ва инсон қалбининг покланиши учун қўлланилади.

Аристотелнинг “Поэтика” асарининг асли номи “Поэзия санъати тўғрисида” деб аталган. Унинг бош мақсади қадимги грек адабиётидаги ривожланиш жараёнларини танқидий англаш ва улар асосида алоҳида хулосаланган тизим яратишдан иборат бўлган.  Олим қадимги грек эпоси ва драмаси таркибидаги умумий, қонунлашган ҳолатларни, яъни адабий тур  элементларини илмий аниқлашга, бадиий адабиётни эса тур ва хилларга бўлинишига асос солган.

Демак,  бадиий адабиётни бадиийлик ҳодисаси сифатида назарий англаш Аристотель томонидан бошлаб берилган бўлиб, бу таълимот кейинчалик бир қатор қадимги грек-рим маданиятига тегишли муаллифлар (Неоптолем, Гораций)  томонидан тадрижий ривожлантирилган, мана шу назарий қарашлар кейинчалик ўзининг сўзсиз таъсирини ҳам Ғарб адабиётига, ҳам Шарқ адабиётига ўтказган. 

Адабиётлар:

  1. Абу Наср Форобий. Шеър санъати.-Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти,1979. -66 б.
  2. Абу Али Ибн Сино. Саломон ва Ибсол. Лирика, фалсафий қарашлар, шеър санъати. – Тошкент: 1980. –89 б. Ибн Сина. Фанни шеър. // Наука Поэтики. – Душанбе: 1985. - 74 с.
  3. Аристотель. Поэтика.  У.Тўйчиев ва М.Маҳмудов таржимаси. –Тошкент: 1980.
  4. Арасту. Ахлоқи кабир.–Тошкент: “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”. 2018. -350 б.
  5. Алексеев В. М. Римлянин Гораций и китаец Лу Цзи о поэтическом мастерстве // Известия АН СССР. Отделение литературы и языка. 1944, Том 3. Выпуск 4. С. 154—164.
  6. Алексеев В. М. Труды по китайской литературе. В 2 кн. Кн. I. М., 2002
  7. Бобровникова Т. А. Грек Платон и китаец Лу Цзи о смысле и назначении поэзии (Вслед за «сравнительными этюдами» В. М. Алексеева). // Восток-Запад. Историко-литературный альманах. 2003—2004. М., 2005. С.127-140.
  8. Баходиров Р. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ва илмлар таснифи тарихидан. - Тошкент: “Ўзбекистон”, 1995. –144 б.
  9. Зубов В. П. Аристотель: Человек. Наука. Судьба наследия. («Научно-биографическая серия»). - М.: Изд-во АН. 1963. - 368 стр. 25 000 экз. переизд.: - М.: Эдиториал УРСС, 2000; 2009.
  10. Ирисов А. Аристотель “Поэтика”си ва унинг Шарқдаги издошлари.// Аристотель. Поэтика. –Тошкент: 1980. –Б. 124
  11. Лосев А. Ф. История античной эстетики. [Т. 4.] Аристотель и поздняя классика. - М.: Искусство, 1975. 776 стр.
  12. Liu, Xie. Dragon-CarvingandtheLiteraryMind. Translated into English by Yang Guobin. Beijing: Foreign Language Teaching and Research Press, 2003.
  13. Позднев М. М. Психология искусства. Учение Аристотеля. -М.-СПб.: Русский фонд содействия образованию и науке. 2010.- 816 с.
  14. Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб. -Тошкент: Ўзбекистон, 1997. –Б. 233
  15. Аристотель. Поэтика.  У.Тўйчиев ва М.Маҳмудов таржимаси. –Тошкент: 1980.
  16. Абу Наср Форобий. Шеър санъати. –Тошкент: 1979.
  17. Абу Али Ибн Сино.Саломон ва Ибсол. Лирика, фалсафий қарашлар, шеър санъати. –Тошкент: 1980.

Тўйчиева Г. “Поэтика” Аристотеля и развитие филологических наук на востоке и западе. Термин поэтика используется с древних времен, начиная с “Поэтики” Аристотеля. В том, что эта книга дошла до наших дней, большая заслуга принадлежит ученым из Мавераннахра. Статья приводит новые сведения по дефиниции данного понятия и раскрывает историю изучения науки в странах Востока и Запада.

Tuychiyeva G. Aristotel's “poetics” and development of philological sciences in the East and West. The term “Poetics” has been used since ancient times, starting with the “Poetics” of Aristotle. The fact that this book has survived still our days is a great merit belongs to scientists from Movarounnahr. The article provides new information on the definition of this concept and reveals the history of the study of science in the East and West.

 

[1]Баходиров Р. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ва илмлар таснифи тарихидан. - Тошкент: “Ўзбекистон”, 1995. –144 б.; Абу Наср Форобий. Шеър санъати.-Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти,1979. -66 б.; Абу Али Ибн Сино. Саломон ва Ибсол. Лирика, фалсафий қарашлар, шеър санъати. – Тошкент: 1980. –89 б.; Ибн Сина. Фанни шеър. // Наука Поэтики. – Душанбе, 1985. - 74 с.

[2]Арасту. Ахлоқи кабир. –Тошкент: “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”. 2018. -350 б.; Аристотель. Поэтика. У.Тўйчиев ва М.Маҳмудов таржи­маси. –Тошкент, 1980; Tuychieva G.U. The Role of Central Asia Scholars in the development of Literary Science // The Advanced Science. International Journal of Arts & Sciences.Open Access Journal. Issue 3. USA. –Torrance. 2011;http://www.dunyouzbeklari.com/?p=47195

[3] Аристотелнинг «Поэтика» асарини тадқиқ этиш, илмий ўрганиш ва таржима қилиш бўйича дунё миқёсидаги библиографик маълумотлар ҳақида, қаранг:http://www.leeds.ac.uk/classics/resources/poetics/poetbib.htm

[4]Позднев М. М. Психология искусства. Учение Аристотеля. -М.-СПб.: Русский фонд содействия образованию и науке. 2010.- 816 с.; Лосев А. Ф. История античной эстетики. [Т. 4.] Аристотель и поздняя классика. - М.: Искусство, 1975. 776 стр.; Зубов В. П. Аристотель: Человек. Наука. Судьба наследия. («Научно-биографическая серия»). - М.: Изд-во АН. 1963. -368 стр. 25 000 экз. переизд.:- М.: Эдиториал УРСС, 2000; 2009.

[5]Floris Bernartd, KristoffelDemoen. Poetry and its contexts in Eleventh century Byzantium. 1st edition. Ashgait publishing. – 2012. – 244 p.

[6] Longinus. On the Sublime. Translation into English be H.L.Havell and others. –London: Macmillan and Co., - 1890. // https://www.britannica.com/topic/On-the-Sublime

[8]http://www.al-mostafa.com:. Abū ʻUsmānʻAmr ibn Baḥral-Jāḥiẓ-أبو عثمان عمر ابن بحر الجاحظ . كتاب البيان والتبيين. بيروت: دار الجيل: 444- ص

[9]. https://www.kutub-pdf.net/Abu-l-ʻAbbās ʻAbdullah ibn al-Mu ʻtazz: أبو العباس عبدالله ابن المعتز. كتاب البديع. شرحه وحققه عرفان مطرجي. مؤسسة الكتب الثقافية. -2012. 110-ص. أبو العباس عبدالله

[10]https://waqfeya.com/. Qudāma bin Jaʻfar:قدامة بن جعفر. نقد الشعر. – قنسطنطينية : مطبعة الجوائب.  1302. 93- ص.

[11]https://www.noor-book.com/Abū Bakr ʻAbdulqāhir bin ʻAbdurraḥmānbin Muḥammad al-Jurjāniy. أبو بكر عبد القاهر بن عبد الرحمن بن محمد الجرجاني. أسرار البلاغة. – جدة: دار المدني.  548 –ص. دلائل الإعجاز في المعاني. – القاهرة:  المكتبة التوفيقية.365- ص. 

[12] Абу Наср Форобий. Шеър санъати.-Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти,1979. -66 б.

[13] Абу Али Ибн Сино. Саломон ва Ибсол. Лирика, фалсафий қарашлар, шеър санъати. – Т.: 1980. –89 б.; Ибн Сина. Фанни шеър. // Наука Поэтики. – Душанбе, 1985. - 74 с.

[14]Абу Райҳон Беруний. Ҳиндистон (Таржимонлар А. Расулов, Ғ. Жалолов, Ю. Ҳакимжонов). -Т., 1965; Абу Pайҳон Беруний. Қадимгихалқларданқолганёдгорликлар. -Т., 1968; Туйчиева Г. У. «Поэтика» Аристотеля и взгляды Абу Райхана Бируни на литературу // Филологические науки в России и за рубежом. – СПб.: Реноме, 2012. - С. 36-39

[15]Исломов З.М. Маҳмуд Замахшарийнинг «Муқаддамату-л-адаб» асаридаги туркий феъллар таҳлили. Фил. фан. ном. ... дисс. автореферати. –Тошкент. 1993; Исломов З.М. Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул-адаб” асарининг қўлёзма манбалари ва арабча-туркий феъллар сўзлигининг йиғма илмий-танқидий матни:  Филол. фан. докт.  дис. авторефати. –Тошкент: ЎзР ФА Қўлёзмалар институти, 1998.

[16]Бу ҳақида махсус Қаранг: А.Г.Горнфельд. Поэтика // Энциклопедический словарь Брокгауза и Ефрона: В 86 томах (82 т. и 4 доп.). — СПб.: 1890—1907.

[17]Крачковский И.Ю. Арабская поэтика в IX веке// Изб. Соч., - М.-Л.: Академия наук, т. II . – 1956.  -С. 363. (- 712 с.)

[18] Алексеев В. М. Римлянин Гораций и китаец Лу Цзи о поэтическом мастерстве// Известия АН СССР. Отделение литературы и языка. 1944, Том 3. Выпуск 4. С. 154—164. То же.- Алексеев В. М. Труды по китайской литературе. В 2 кн. Кн. I. -М.; 2002; Бобровникова Т. А. Грек Платон и китаец Лу Цзи о смысле и назначении поэзии (Вслед за «сравнительными этюдами» В. М. Алексеева). // Восток-Запад. Историко-литературный альманах. 2003—2004. М., 2005. С.127-140. Мазкур асар В.М.Алексеев томонидан рус тилига таржима қилинган.

[19]Liu, Xie. Dragon-CarvingandtheLiteraryMind. Translated into English by Yang Guobin. Beijing: Foreign Language Teaching and Research Press, 2003.

[20]Сулаймонова Ф. Шарқ ва Ғарб. -Тошкент: Ўзбекистон, 1997. –Б. 233

[21]Изоҳ бизники: Сурёний тили энг қадимги даврлардан эрамизнинг IХ  асрига қадар муомалада бўлган, ҳозирда ўлик тиллардан бири ҳисобланади. Кўпроқ Шарқий Ўрта ер денгизи ҳудудларида амалда бўлган. Сурёний тилининг тарихий аҳамияти шундаки, қадимги юнон маънавий-илмий ва фалсафий қарашлари аввал грек тилидан сурёний тилига таржима қилинган. Мазкур таржималар сўнг араб тилига сурёний тилидан таржима бўлган. Сурёний тили қадимги юнон-рим маданияти дурдоналарини замонавий даврларга етиб келишида кўпрок ролини ўйнаган. Сурёний тилининг асосида Эдесса номидаги шаҳар аҳолисининг арамей диалекти турган. Эдесса эрамиздан олдинги II аср охиридан бошлаб Ш аср ўрталарига қадар муҳим савдо-сотиқ ва маданият, сиёсий марказ бўлган. Сурёний тилига эрамизнинг II асрида Инжил таржима қилинади.Мана шу вақтдан бошлаб  мазкур тилнинг аҳамияти янада ортади. Сурёний тили бир неча асрлар давомида ёзма тил сифатида роль ўйнаган ҳамда Ўрта ер денгизидан тортиб, то Хитой, Мўғилистонларга қадар тарқалган. Шарқий Рим Империясида эса сурёний тили грек тилидан кейинги ўринга қўйилган.

[22]Изоҳ бизники: Ирисов А. Аристотель “Поэтика”си ва унинг Шарқдаги издошлари.// Аристотель. Поэтика. –Тошкент: 1980. –Б. 124.

[23]Ўша ерда, -Б.125.

[24]Аристотель “Поэтика”сининг бизнинг давримизгача сақланиб етиб келган Европадаги илк нашрларидан бири Ибн Рўшднинг изоҳлари билан биргаликда 1498 йилда Венецияда амалга оширилади. Итальян маърифатпарвар гуманист олими, қадимги грек-рим маданиятининг издоши, филолог, математик, мусиқа назариётсичи Жўржо Валла (Giorgio Valla. 1447, Пьяченца — 23.1.1500, Венеция) томонидан асар нашр қилинади. Биринчи ижодий таржима эса Альд Мануци томонидан Венецияда 1495-1498 йилларда чоп қилинади. Сўнг янги қайта ишланган матн Эразм Роттердамский томонидан Базелда 1531 йилда нашр қилинади.  Кейинчалик Сильбург томонидан янги нашр Франкфуртда 1584 йили тайёрланади. XVIII аср охирида, аниқроғи 1791-1800 йилларда Буле Аристотель “Поэтика”сини грек ва лотин тилларида нашрга тайёрлайди.XIX асрда эса Берлин Академиясининг саъй-ҳаракатлари натижасида Аристотель асарларининг 5 томлиги ҳозирланади. Мазкур нашр 1848-74 йилларда француз нашри учун асос бўлиб хизмат қилади.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati