XIX асрнинг биринчи ярмида буюк француз ёзувчиси Оноре де Бальзак француз жамиятига хос ҳар хил табақа вакилларининг ҳаётини тасвирловчи “Гобсек”, “Сағри териси тилсими”, “Полковник Шабер”, “Қишлоқ врачи”, “Евгения Гранде”, “Горио ота” сингари бир қатор роман ва қиссаларини яратди. Асрнинг 30-йиллари Оноре де Бальзак ижодининг гуллаб-яшнаган даври бўлиб қолди. Давр ижтимоий муҳитини ўз қаҳрамонлари руҳига сингдирган юқоридаги асарлар ўз муаллифини танқидий реализм адабиётининг юқори чўққисига олиб чиқди.
Бальзакнинг “Инсон комедияси”га кирган йирик асарларидан бири, бу “Горио ота” романидир. Ундаги воқеалар ва қаҳрамонлар ижодкорнинг бошқа асарларида ҳам ўз аксини топади. Китобхон романда иштирок этган Растиньяк, Бьяншен, Вотрен, Нусинген, Гобсек, Тайфер каби персонажлар билан яна бир қанча асарларда ҳам учрашади.
Г.Лукачнинг фикрига кўра Бальзак бадиий образларида ички, чуқур мунтазамлик мавжуд бўлиб – у ўз манфаатлари ва эҳтиросларига эга бўлган мутлақо мустақил тирик одам. Бальзакнинг бадиий образлари романнинг асосий йўналиши билан боғлиқ. Бутун тугалланган қаҳрамонлари мураккаб ижтимоий муҳитда яшайди. Бальзак романларида бадиий образнинг тобора кўпроқ янги хусусиятларининг пайдо бўлиши янги нарсани очиб бермайди, балки сюжетни ривожлантиришга хизмат қилади. Муаллиф томонидан моҳирона яратилган образлар тизими асар асосидаги фалсафий муаммоларни иложи борича мукаммалроқ очиб беришга имкон беради. Ҳар бир образ асарда тасвирланганидек бир маъноли эмаслигини тушуниш муҳим. Бальзак қаҳрамонлари ҳеч қачон тасодифий хусусиятларга эга эмас, чунки уларнинг маълум бир вақтда, ҳал қилувчи дақиқаларда ҳам аҳамиятга эга бўлмаган бирор бир хусусияти йўқ [2].
Бальзак 1836 йилнинг 18 январида “Даҳрийнинг ибодати” (La Messe de l'athée) ҳикоясини бир кечада ёзиб тугатади. Ушбу ҳикоядаги учта қаҳрамондан иккитаси “Инсон комедияси”даги бир қанча асарлар билан боғлиқ, у ерда улар кўпинча кичик эпизодлар ёки ҳамроҳлар ролларини ўйнайдилар. Доктор Бьяншен Бальзакнинг 31 та асарида гоҳ бош қаҳрамон, гоҳ қисман бўлса-да тилга олинади, унинг устози Деплен эса “Даҳрийнинг ибодати” ҳикоясидаги бош қаҳрамон Отель-Дье клиникасининг бош жарроҳи тарзида намоён бўлади.
Орас Бьяншен - ушбу персонаж билан Бальзакнинг “Инсон комедияси”га кирувчи яна бир асари “Горио ота” романида учрашганмиз. Бу асар бошида аввал оддий тиббиёт талабаси, кейинчалик стажёр ва “Даҳрийнинг ибодати” ҳикоясида шифокор сифатида тақдим этилади. Орас ғурур ва ору номуси оғзидагина эмас, амалда ҳам жуда қатъиятли эди, вақти келганда, дўстларига биргина ўзи учун қадрли бўлган нарсани ҳам аямайдиган, керак бўлиб қолса улар учун вақтидан ҳам, оромидан ҳам воз кечишга тайёр турадиган виждонли инсон образидир.
Буржуа “Даҳрийнинг ибодати” ҳикоясининг яна бир қаҳрамони. Деплен исмли тиббиёт олийгоҳи талабасига имкони борича ёрдам берадиган ва унинг ўқишни яхши шифокор бўлиб якунлаши учун бу аверян сув ташувчиси бутун борлиғини бағишловчи шахс сифатида намоён бўлади. Бу образ ушбу ҳикоядан ташқарида тарихга эга эмас. Бальзак уни фақат “Муқаддима”да, иккинчи даражали қаҳрамонлар рўйхатида, роман ёзувчиси учун тасвирлаш қийин ва ҳаяжонли бўлган ички характерлар мисолида эслатиб ўтади.
Деплен биринчи марта “Даҳрийнинг ибодати” ҳикоясида бош қаҳрамон сифатида пайдо бўлади. Ушбу образ ўзида инсоний фазилатларни барча нарсадан, ҳаттоки ўзининг қарашлари ҳамда эътиқодидан ҳам устун қўйганини кўрсатувчи асар қаҳрамонидир. Асар қаҳрамони ўзини даҳрий деб ҳисоблайди:
- Деплен эътиқодига кўра, ер атмосфераси ҳаёт яралиши учун замин яратган. Мана шунинг учун ҳам ер тухум ва унинг уст қобиғи шаклида бўлганини таъкидлайди. Лекин, у дастлаб тухум бўлганми ёки товуқ қабилидаги саволга жавоб беришга қодир бўлмаганлиги боис уларни тан олмасди. У ибтидоий ҳайвонот дунёсининг яралиши ва инсон қалбининг ўлмаслигига ҳам ишонмагани сабабли иккиланмай уларни рад қиларди [5].
Шу каби фикрлари билан тиббий билимларига таянган ҳолда инсон ҳақидаги қарашларини олға суради. Жамиятда инсон бой бўлиши, пули бўлмаса шахс сифатида қаралмаслиги, доимо азоб-уқубатда ҳаёт кечиришга маҳкум деб билади ва бунга ўзининг ёшлик, талабалик йилларидаги сариқ чақага зор бўлиб, сарсон ҳаётини ҳикоя қилади.
Деплен Бьяншенга шундай дейди:
“Парижда эса бундай йўқчиликка парво ҳам қилишмасди. Бировларга қандай муҳтожликда ўқиганларимни гапираётганимда беморлар касали ҳақида сўзлагандек, томоғимга бир нарса тиқилиб, асабий бир оғир аҳволга тушиб қолавераман. Кейинчалик ҳеч қачон ҳеч қандай муҳтожлик кўрмаган баъзи бир давлатмандлар билан учрашишга тўғри келган вақтларда ўша галварслар менга қараб: “Нега қарзга кирдингиз? Нега ўзингизни шунча мажбуриятли қарзга ботирдингиз?”– дея ахмоқона саволлар беришади. Шунда улар кўз олдимда гўё одамлар очдан ўлаётганини кўриб: “Нега улар юмшоқ нон сотиб олмаяптилар”, – деган маликага ўхшаб кетардилар” [1, б. 14-15]. Бальзак ушбу ҳикоясида буржуа жамиятида аристократлар ва оддий халқ ўртасида пулнинг юқори ўринда туришини очиқ-ойдин тасвирлайди. Икки табақа вакиллари орасида ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб индивидуал хусусиятлар мавжудлигини кўрсатади.
Ҳаётнинг энг муҳим тамойилларини бу ердан топиш мумкин, фақат уларни вайрон бўлган бузилган маънода. Бальзак мавжудлик учун шафқатсиз кураш, завққа интилиш, инсонни чарчатадиган ва вайрон қиладиган ҳаёт ғояси билан қўлга киритилган буржуа шахсининг моҳиятини ажойиб тарзда тушунди. Хоҳиш ва қодир бўлиш-ҳаётнинг бу икки шакли буржуа жамияти амалиётида, ҳар қандай ахлоқий қонунлар ва ижтимоий тамойиллардан ташқарида амалга оширилади, фақат чекланмаган эгоизм томонидан бошқарилади, бу шахс ва жамият учун бир хил даражада хавфли ва ҳалокатли [3, с. 83].
Биринчи қўлёзмаларида ҳикоя қаҳрамони Дюссоплен, кейин Дюпю, сўнгги нашрида Депленга ўзгартирилди. Бальзак “Даҳрийнинг ибодати” ҳикоясида ёш ва кекса шифокор образлари ўртасида ўрнатган руҳий яқинликни, баъзан бошқа матнларда бирини иккинчисига алмаштиришга эҳтиёж пайдо бўлишини тушунтиради (масалан, “Йўқолган иллузиялар” ва “Амакивачча Понг” вариантлари) [6].
Бальзакнинг “Даҳрийнинг ибодати” ҳикоясидаги иккинчи ёш шифокор Орас Бьяншен машҳур шифокор Депленга шогирд сифатида асарнинг яна бир қаҳрамони бўлиб иштирок этади. Бьяншеннинг устози билан ўхшаш жиҳатлари кўп бўлганлиги сабабли барчанинг “Деплен ўзи билганларини ҳеч кимга ўргатмайди” - деган фикрларга қарамасдан доимо Бьяншенни ўзи билан бирга олиб юради.
-Ҳатто Депленнинг рақиблари ҳам у ўз тажрибасини, бирор кимсага ўргатиш хоҳиши йўқлиги боис, қабрига олиб кетади, деб тан олган эдилар [5].
-Шундай қилиб, Деплен одам жисмида марказлар мавжудлигини таъкидлаб, жоннинг абадийлигига ҳеч қандай асос топилмаганлигини тасдиқлади. Бу далил орқали у Худо ҳақидаги диндорлар қарашларини таҳқирламаса ҳам ўз даҳрийлик қарашларини маъқуллаган эди. Айтишларига қараганда, бу машҳур жарроҳ бошқа марҳум даҳо инсонлар каби чалғимай дорилбақога рихлат қилган экан [5].
Юқоридаги ҳикоядан келтирилган парчада Деплен ақл-идрокда ҳам фалсафий билимларда ҳам кенг таффаккурли индивидуал характерга эга бўлган образдир. Ижтимоий муҳит, мавжуд жамият ушбу қаҳрамонни даҳрий қилиб қўйганини кўриш мумкин.
Бальзак кичик бир ҳикояда шундай қаҳрамонни ярата олганки, у даҳрий бўлса-да ҳеч бир вазиятларда инсоний фазилатларини йўқотмаган. Агар инсонга унинг эътиқодлари таскин берадиган бўлса ўша вазиятларга ҳам тайёр бўлган Деплендай даҳрий ҳаётда ўрнини топиши ва етук жарроҳ бўлишига сабабчи бўлган шахс учун ибодатни ҳам бажарган. Бу шахснинг ўз қарашлари устидан ғалабасидир.
-Хотираси олдида қиладиган ягона хизматим художўй Буржуа истакларини бажо келтириш эди. Ҳа, йилига тўрт маротаба: баҳорда, ёзда, кузда, қишда белгиланган вақтда ибодатхонага бориб, у ерда: “Эй Худо, одамлар ўлгач сенинг масканингга борадиган тақводор одамлар орасида Буржуани ҳам мавжудлигини унутма, бечора дучор бўлган азобларидан қутулиши ва тезроқ жаннатга йўл олиши учун кўмагингни дариғ тутма, барча қийноқларингни менга бергин”, – деб илтижо қилардим. Худо холис, У раҳмдил! Бордию Худо менга Буржуа эътиқодидай бир эътиқод ато этгудай бўлса, бутун бойлигимни унинг йўлига сарфлаган бўлардим [1, б. 14-15.].
Бальзак бадиий асарларини шундай яратганки, муаллиф маълум бир синфни, маълум бир ижтимоий қатламни ифодаловчи кўплаб одамларга хос бўлган асосий хусусиятлар билан бир қаторда, маълум бир шахснинг ўзига хос индивидуал хусусиятларини ташқи қиёфасида, нутқ жараёнида, кийинишида, юриш, одоб-ахлоқ, имо-ишоралар ва ҳаттоки уларнинг ички руҳий олами шаклида намоён бўлиш хусусиятларини ўзида мужассам этган.
Фақат Бьяншен, Деплен ва шунга ўхшаш ишчилар самимий инсоний хислатларини кўрсатишга қодир: уларга бойлик ва олтиннинг маънавиятни емирувчи кучи таъсир қилмаган. Француз жамиятининг ўзи тарихчи бўлиши кераклигини таъкидлаб, ўзини муаллифга – котиб ролига айлантирган Бальзак бир вақтнинг ўзида романда “ажойиб олам” бўлиши кераклигини, ёзувчи давлат арбобларига тенг бўлиши кераклигини маълум қилади, чунки у “инсон ишлари” ҳақида маълум бир фикрларни, “тарих фалсафаси”ни беради, шулардан келиб чиқиб “принципларга тўлиқ содиқлик” ҳақида маълум бир фикрларни билдиради [4].
- Бьяншен бу буюк инсон билан бирга Парижнинг энг яроқсиз, чиркин “Тўрт шамолли” кўчасида турарди. Деплен Бьяншенга шу ердаги бир бинонинг еттинчи қаватида ёдгорликка ўхшаб қолган бир уйчани кўрсатди. Уйча яшилроқ рангда эди. Унга бориш учун бинонинг кўча эшигидан кириб, лента-пенталар билан ўраб-чирмаб ташланган зинапоялар орқали юқорига қараб кўтарила борилар ... Мен шу бинонинг ана ўша ерида икки йил яшаганман, – деди уйчани кўрсатиб Деплен [1, б. 8.].
Ёзувчи “Инсон комедияси”га киритган бир қанча асарларида асосий қаҳрамонлари ёш ўша даврда илм-фанга қизиққан ўқимишли йигитлар образлари, улар “Горио ота”да Растеньяк, “Сағри тери тилсимида” Рафаэл, “Даҳрийнинг ибодати” ҳикоясида Деплен ва Бьяншен каби персонажлар тақдиридир. Ушбу асарлар қаҳрамонларининг тақдирини ҳам ижодкор бир маконга, яъни “Вок уйи” номли ғариб бир ётоқхонага жойлаштиради. Макондан кўринадики барча қаҳрамонлари ижтимоий муҳит таъсирида қийналган шахслар эди.
Ҳикоянинг бошидан охиригача бош қаҳрамон Деплен даҳрий бўлиб келса-да, унга молиявий тамондан кўмак бериб, отаси ўрнида қўллаб келган Буржуага миннатдорчилик сифатида бир йилда тўрт марта ибодатхонага бориб унинг ҳаққига дуо қилишлари учун ҳақ тўлаши ҳам ўзини даҳрий деб билган кишининг эътиқодини англатади.
Бальзак қаҳрамони сув ташувчи Буржуанинг диний қарашлари асосида ҳаёт ҳақиқатини, исонийликни бадиий акс эттиради. Асардаги Буржуа ва Деплен образлари бир-бирини тўлдиради. Муаллиф бир инсоннинг олижаноблиги, меҳрибонлиги ўзини даҳрий деб ҳисоблаган иккинчи қаҳрамонни ўзи учун бўлмаса-да ибодатга етаклаганини кўрсатади. Ҳар бир давр адабиётида яратилган бундай асарлар инсон маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Бальзакнинг “Даҳрийнинг ибодати” асарида ҳам инсоннинг тириклик чоғида амалга оширган хайрли ишлари натижаси охиратда ўз ажрини олишини бош қаҳрамон Деплен ибодати мисолида бадиий талқин қилинади.
Замонавий асарлардаги қаҳрамонларни таҳлил қилиш учун ҳам классик асарлардаги персонажларни ўрганиш ёшлар учун бир мунча тушунарли ҳамда қизиқарли бўлади. Айниқса, классик асарлардаги ўлмас образлар мисолида таништириш ёш авлоднинг маънавий дунёсини кенгайтиришда жуда самарали бўлади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1.Бальзак О.де. “Даҳрийнинг ибодати” Рус тилидан Шерали Турдиев таржимаси (Шарқ юлдузи, 2010, 2-сон). – Б. 8. /Users/User/Desktop/Даҳрийнинг%20ибодати%20Бальзак.pdf
2. Лукач Г. Литературные теории XIX века и марксизм [Текст] / Георг Лукач. – М.: Гослитиздат. 17 ф-ка нац. Книги треста «Полиграфкнига», 1937. -293с. Лукач Г. К истории реализма [Текст]: [Ст. 1934 – 1936гг.] / Георг Лукач. – М.: Гослитиздат, 1939. – 372 с.
3. Французский символизм. Драматургия и театр [Текст]: пьесы. Статьи. Воспоминания. Письма / Сост., вступ. ст., коммент. В. Максимова. – СПб.: Гиперион: Гуманит. акад., 2000. – 473, [3] с.
4. https://www.bibliofond.ru/view.aspx?id=453745
5. https://ziyouz.uz/jahon-nasri/onore-de-balzak/onore-de-balzak-da-rijning-ibodati/
6.https://www.maisondebalzac.paris.fr/vocabulaire/furne/notices/messe_de_lathee.htm
Каршибиева У. Идейно-художественные особенности рассказа Бальзака “Обедня безбожника”. В этой статье раскрываются человеческие качества через образ Деплена, чья вера в религию не очень сильна, и события, которые заставили его обратиться к молитве.
Karshibayeva U. Ideological and artistic features of Balzac's short story “The Mass of the Atheist”. This article reveals human qualities through the image of Desplaines, whose faith in religion is not very strong, and the events that forced him to turn to prayer.