Самарқанд адабий муҳити ўзининг анъанавий мумтоз, жадид –маърифатпарварлик ва диний-ирфоний йўналишларда қалам тебратган кўплаб ижодкорлари билан ўзбек адабиётини бадиий кучли, сермазмун ва жозибали асарлар билан бойитишга ўз ҳисс асини қўшиб келган. Шунингдек, яқин тарихимиз-ўтган асрда яшаб фаолият олиб борган ижодкорлар адабий меросини юзага чиқариш, халққа тақдим этиш ва соҳа вакиллари томонидан тадқиқ этилиши борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд ҳудудининг Каттақўрғон шаҳри қадимдан истеъдодларга бой адабий марказлардан саналади. ХIХ аср охири-ХХ асрнинг 60-йилларида яшаб ижод қилиган Салоҳий номли шоир давр манбаларида ҳам зикр қилинган. Шоир 1875 йил Каттақўрғон шаҳрида диний уламо оиласида туғилган. Тўлиқ номи Қори Салоҳиддин Махдум Қори Жалолиддин Махдум ўғли. Адабий тахаллуси- Салоҳий. Бухоро мадрасасида маълум вақт таълим олган (айрим сабабларга кўра, таълимни охирига етказа олмаган). Ўзбек ва форс-тожик адабиёти вакиллари ижодини жуда чуқур ўрганган, ўзи ҳам шеърлар ёзган. 1968 йил вафот этган. Шоирнинг адабий мероси 2015 йил нашрга тайёрланиб чоп этилган[1].
Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари томонидан Салоҳийнинг таржимаи ҳоли, адабий мероси, хусусан, лирик шеърлари мавзу-мундарижаси, жанрлар ранг-баранглиги, ғоявий-бадиий қиммати тўғрисида атрофлича маълумотлар тақдим этилган. Мазкур китобдаги бизнинг диққатимизни тортган нуқта бу бир ғазал ва у билан боғлиқ ноаниқликларнинг кўзга ташлангани бўлди.
Биринчи матн. Китобнинг “Ўзбек тилидаги шеърлар” қисми 68-бетида “Эрон шоҳи Насриддиннинг хотини Тожи Давлатхоннинг ғазали” номи билан келтирилган, 12 байт.
Иккинчи матн китобнинг “Форс-тожик тилидаги шеърлар” қисми 154-бетида, “Ғазали Тожидавлатхон зани Насриддин Шоҳи Эрон” номи билан берилган 7-байтли ғазал. Шу ғазалнинг форс-тожик тилидан ўзбек тилига ўгирилган варианти эса 155-бетда “Эрон шоҳи Насриддиннинг хотини Тожи Давлатхон тилидан” деган изоҳи билан гўё бу ғазал Салоҳийга тегишлидай таассурот уйғотади.
Учинчи матн “Тахмис ба ғазали Тожи Давлатхон” номи билан 209-210-бетларда берилган, 7 байтдан иборат мухаммас. Ўзбек тилидаги таржимасига сарлавҳа қўйилмаган, шунчаки “Таржимаси:” ёзуви остида берилган.
Хўш, нега нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифларининг фикри ҳар хил? Ғазал кимга тегишли, ғазалнинг, тахмиснинг асл варианти қайси ва қайси тилда ёзилган, матн вариантларидаги номларнинг ноаниқлиги, чалкашликларнинг боиси нимада?
Бир неча ўринларида турлича сарлавҳа билан берилган, бир ўринда Салоҳийга, бошқа ўринда Тожуддавлага нисбат берилган бир-бирига яқин ғазал матнларини аниқлаш учун аввало, Тожуддавланинг кимлиги, яшаган даври, ижоди ҳақида бироз маълумотга эга бўлишимиз зарур бўлади, назаримизда[2].
Ўзбек адабиётида бу шоира ҳақида деярли маълумотлар учратмадик. Тожик тилидаги мавжуд маълумотларни кўздан кечирганимизда, мазкур манбаларнинг аксариятида Тожуддавла хусусидаги такрорланувчи маълумотларга дуч келдик. Мазкур маълумотлардан асосийларини олиб умумлаштирган ҳолда шоира ҳаёти ва ижоди тўғрисида қуйидагиларни айтиш мумкин: Шоиранинг ҳаёти, хусусан, туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида етарли маълумотлар учрамайди. Тожий Усмоннинг “Бисту се адиба”[3] асари ва Усмон Назирнинг (Энсиклопедияи советии тоҷик)даги маълумотларига кўра, шоира XIX асрда яшаб ўтган. У Ғарм шоҳи оиласида туғилиб камолга етган[4]. Қоратегин ва Дарвоз шоҳлари фарзандлари бўлмиш малика ва шаҳзодаларни бир-бирларига никоҳлаб, қариндошлик асосида боғланар ва бир авлод, бир сулола бўлиб, шоҳлик силсиласини давом эттирардилар. Ғарм шоҳининг қизи Тожуддавланинг ҳусну малоҳати ва илму маърифати овозаси ҳар ёққа тарқалган эди. Маликанинг довруғи Дарвоз шоҳининг ҳам қулоғига етиб боради ва у Тожуддавлага уйланиб, уни Хум қалъасига олиб кетади. Адабий манбаларда Дарвоз шоҳининг номи Исмоил бўлиб, у XIX аср яримларида ҳукмронлик қилгани айтилади. Унинг шоҳлик маркази Тавилдарада бўлган. Лекин баъзи тарихий ва адабий манбаларда ёзилишича, Дарвоз шоҳининг номи Исмоил бўлиб, унинг XVII аср ярмида Дарвоз шоҳи бўлгани қайд этилади. Яна бир манбада нақл қилинишича, Тожуддавла 1845-1863 йилларда ҳукмронлик қилган Исмоил шоҳнинг қизи ва Музаффар шоҳнинг онаси бўлган. Музаффар шоҳ 1867 йил Қаротегин давлатининг подшоҳи бўлган[5]. Дарвоз шоҳлари ХIХ бошлари, яъни 1812 йилдан, аср охиригача–1877 йилларда ҳукмронлик қилган. Бинобар Тожуддавлани ҳам милодий XIX асрда яшаган шоиралар қаторига киритиш мумкин.
Шоиранинг кўплаб шеър ва рубоийлар ёзгани айтилади. Лекин унинг бутун ижодий меросидан биргина машҳур ғазали ҳамда бир неча шеърий парчалар сақланиб қолган. Бироқ шу ягона ғазал унинг кучли шоира ва форс-тожик мумтоз асарларининг чуқур билимдони бўлганлигини намойиш этади. Ривоят қилишларича, Тожуддавла маҳоратли созанда ва хушовоз хонанда ҳам бўлган, «Агар ба бод диҳам…» ғазалини соз чалиб ўзи ҳам куйлаган[6]. Бу маълумотлардан ушбу машҳур ғазал аслида форс-тожик тилида ёзилгани ва муаллифи шоира Тожуддавла экани ойдинлашади. Ғазалнинг Тожуддавла томонидан ёзилган вариантини келтирамиз:
Агар ба бод диҳам зулфи анбаросоро,
Ба доми хеш кашам оҳувони саҳроро.
Агарчи кабкхиромам, валек шаҳбозам,
Ба пои ман нарасад даст ҳеч анқоро.
Агар ба талъати хубам назар кунад Юсуф,
Дигар ҳавас накунад дидани Зулайхоро.
Агар ба наргиси шаҳлои хеш сурма кашам,
Сияҳ кунам ба ҷаҳон рӯзгори Лайлоро.
Ба ними ғамза тавонам, ки мурда зинда кунам,
Хабар диҳед аз эъҷози ман Масеҳоро.
Чу Тоҷуддавла нишон шуд, зи хубрӯёнам,
Сабо, зи толеъи ман мужда деҳ шаҳаншоро[7].
Энди Салоҳийнинг биринчи ғазали матнига қайтсак. Сўзбоши муаллифи шоирнинг ўзбек ва форс-тожик тилларидаги шеърларини таҳлил доирасига тортар экан, 1-ғазал матнидан дастлабки 5 байтини келтиради:
Сарви қоматим солмиш олам ичра ғавғолар,
Жилваи жамолимдур мунча шўру савдолар...
Кокулимни рашкидин тортар эрди дард сунбул,
Ёқа чок этиб гуллар гул юзумға шайдолар.
Менда кўп латофатнисор бор, ҳар бирини кўрганда,
Нақди жон этгай зуфунун донолар.
Қўлға жом олиб, бўлсам мажлис ичра соқий ман,
Маст ўлуб фидо бўлғай шайху, шобу муллоллар.
Сайр учун қадам қўйсам бир куни калисоға,
Тарки бут қилиб кирғай динимга носаролар[8]- ва мазкур байтларни қуйидагича шарҳлайди:” У (Салоҳий назарда тутилган- З.Х.) бир ишқий-лирик шеърида маъшуқа тилидан шарҳи ҳол баён этади. Бу ўзбек мумтоз шеъриятида (ғазал жанрида) кўзга ташланмаган ҳодиса. Ғазалда маъшуқа ўз-ўзини васф этиб, ўзининг зоҳирий ва ботиний қиёфалардаги портретини чизади ”[9].
Аслида бу байтлар Салоҳийники эмас. Бу Салоҳий томонидан Тожуддавланинг “Агар ба бод диҳам зулфи анбаросоро” деб бошланувчи юқоридаги ғазалига ёзган назирадир. Демакки, ғазал маъшуқа тилидан айтилган “шарҳи ҳол баёни” ҳам эмас. Лекин негадир, Салоҳий томонидан ёзилган 12 байтдан иборат назиранинг форс-тожик тилидаги асл матни китобдан жой олмаган... Салоҳий томонидан ёзилган ушбу назира аслида форс-тожик тилида яратилган бўлиши табиий ва ҳақиқатга яқинроқ. Бироқ китобнинг 68-бетида “Эрон шоҳи Насриддиннинг хотини Тожи Давлатхоннинг ғазали” номи билан ўзбек тилидаги шеърий таржимаси берилгани ҳолда асл форс-тожик тилидагиси келтирилмайди.Таҳлилчи томонидан ўзбек тилига нўноқлик билан ўгирилган юқоридаги варианти олинади ва Салоҳийнинг ғазали сифатида талқин қилинади.
“Ғазали Тожи Давлатхон зани Насриддин Шоҳи Эрон” изоҳи билан Тожуддавла қаламига тегишли ғазал китобнинг 154-бетида келтирилади. 155-бетда эса бу ғазал “Эрон шоҳи Насриддиннинг хотини Тожи Давлатхон тилидан” номи билан ўзбек тилига ўгирилганини кўрамиз. Бу очиқ-ойдин ҳолда таржимани бузиш ва бошқа бир муаллиф асарини зўрма-зўраки “салоҳийлаштириш”га уриниш бўлган, бизнингча.
Шу ғазал билан боғлиқ учинчи ноаниқлик “Тахмис ба ғазали Тожи Давлатхон” мухаммаси билан боғлиқ бўлиб, китобнинг 209-210- бетларидан жой олган.
Ўзбек ва тожик адабиётида Тожуддавланинг бу машҳур ғазалига жуда кўплаб мухаммаслар боғланган. Хусусан, Салоҳийдан ташқари самарқандлик ижодкорлардан Ножий[10] ва Жомеъ[11] лирик меросида ҳам бу ғазалга боғланган мухаммасларни учратамиз.
Юқорида номи кўрсатиб ўтилган “Бисту се адиба” китоби муаллифи томонидан:“Шуниси диққатга сазоворки, Тожуддавлатнинг бу шеърига шоирлик даъвоси билан, унга тақлидан, мен ҳам Тожуддавлатдай табъим баланд”- маъносида ва шоирага бўлган ҳурмат-эътибори юзасидан Салоҳий номли шоир катта завқу шавқ билан мухаммас боғлаган[12]”- деб Салоҳий томонидан яратилган тахмис билан деярли бир хил мухаммасни келтиради.
Муҳтарам ўқувчида тўлиқ тасаввур ҳосил бўлиши учун Тожуддавла ғазалига ёзилган иккита матнни қиёсий шаклда келтирамиз.
|
1957 й. Тожий Усмон матни |
2003 й. К.Тўрамурод матни:
|
|
МУХАММАСИ САЛОҲӢ БАР ҒАЗАЛИ ТОҶУДДАВЛАТ// Тахмис ба ғазали Тожи Давлатхон.
|
|
|
Қади ман аст ба олам фиканда ғавғоро, |
Қади манаст ба олам фиканда ғавғоро, |
|
Кучо бувад мусаллам дилбарони раъноро?!
|
Ҷамоли ман ба ҷаҳон рехт шору савдоро
|
|
Ҷамоли ман ба ҷаҳон рехт шӯри савдоро, |
Куҷо бувад мислам, дилбарони раъноро, |
|
“Агар ба бод диҳам зулфи анбаросоро, |
“Агар ба бод диҳам зулфи анбаросоро, |
|
Ба доми хеш кашам оҳувони саҳроро” |
Ба доми хеш кашам оҳувони саҳроро”. |
|
Манам,ки рашки басе дилбарони моҳвашам, |
Ман он сафед тану симсоқу маҳвашам, |
|
Мисоли нуқраи хомам, ки нест ҳеҷ ғашам, |
Чу хомнуқра танам соф, зарра нест ғашам.
|
|
Зи ҷоми ҳусн ба ҳар ишвае шароб чашам, |
Гаҳе ба маҷлиси майи соқи, ки шароб чашам,
|
|
“Агар ба наргиси шаҳлои хеш сурма кашам, |
“Агар ба наргиси шаҳлои хеш сурма кашам, |
|
Сияҳ кунам ба ҷаҳон рӯзгори Лайлоро». |
Сияҳ кунам ба ҷаҳон рӯзгори Лайлоро».
|
|
Агар ба маҷлиси ушшоқ майли ханда кунам, |
Агар ба маҷлиси ушшоқ майли ҷом кунам,
|
|
Ва ё ки майли суханҳои дилбаранда кунам, |
Ба бодахории майи айш муттадом кунам. |
|
Зи лутфи худ ҳамаро мустадом банда кунам, |
В- агар ба ҷодаи қаҳру ғазаб қиём кунам, |
|
«Ба ними ғамза тавонам, ки мурда зиндакунам |
Ба ними ғамза тавонам,ки мурда зинда кунам,
|
|
Хабар диҳед зи эъҷози ман Масиҳоро!» |
Хабар диҳед зи эъҷози ман Масиҳоро!»
|
|
Гулам ба гулшани маҳбуб, з-он ҳаменозам, |
Гулам, ба гулшани маҳбубе ҷилва пардозам,
|
|
Маҳам ба бурҷи латофат, ба ҳусн мумтозам, |
Муҳим ба бурҷи латофат, ба ҳусн мумтозам.
|
|
Ки дар самойи малоҳат баландпарвозам, |
Ба осмони малоҳат баландпарвозам,
|
|
«Агар чи кабкхиромам, валек шаҳбозам, |
«Агар чи кабкхиромам, валек шаҳбозам, |
|
Ба пои ман нарасад даст ҳеҷ анқоро!» |
Ба пои ман нарасад ҳеҷ дасти анқоро!» |
|
Ба хотири ҳама- маҳбуб, балки ҷононам, |
Ба хотири ҳама- маҳбуб, балки ҷононам,
|
|
Ба ҷисми мардуми ушшоқ қуввати ҷонам, |
Ба ҷисми мурдаи ошиқ қуввату ҷонам.
|
|
Салоҳиям, зи салои дил ин ки медонам: |
Салоҳист зи мамнун, васл эҳсонам, |
|
“Чу Тоҷуддавла нишон шуд, зи хубрӯёнам, |
Чун Тоҷ давлати он шаҳ зи хуб руёнам,
|
|
Сабо, зи толеи ман мужда диҳ шаҳаншоро!» |
Сабо ин накҳати ман мужда диҳ шаҳаншоро.
|
Бундан ташқари “Кутилган китоб”даги мухаммасда яна бир қўшимча банд мавжуд, у қуйидагича:
Зи чашми мост ба Кашмир сеҳромӯзӣ,
Зи зулфи ман ба Фаранг аст куфрандӯзӣ.
Фитода зи оташи ишқам ба ҳар диле, сӯзе,
Гузъори ман ба калисо фитад рӯзе,
Ба дини хеш кунам духтарони тарсоро.
Диққат билан қиёслаб чиқилса, иккала матнда, айниқса, “Кутилган китоб”да айрим байтларнинг ўрин алмашиш ҳолати ва матнни ўқиш билан боғлиқ хатоликлар кузатилади. Мазкур китобнинг 1957 йил Сталинободда чиққани эътиборга олинса, ҳар икки матн бир ижодкорга, яъни “бизнинг Салоҳий”га тегишлими ёки яна бир Салоҳий тахаллусли шоир бўлганмикин –деган мулоҳаза туғилади ўз-ўзидан...
Каттақўрғонлик шоир Салоҳий ҳақида бир нечта манбаларда қисқача сўз юритилган. Жумладан, Самарқанд адиблари, Адибони Самарқанд, “Васлий ҳаёти ва адабий мероси”да Васлий-Салоҳий муносабатларига тўхтаб ўтилади[13], “Самарқанд адиблари”да Салоҳий ижодий мероси ҳақида ахборот тарзида қисқача маълумот берилади[14].
ХIХ аср иккинчи ярмида яратилган “Тазкираи Қаййумий”да ҳамда “Баёзи маҳаллийда”:”Салоҳий II. Бу киши Самарқанд шаҳрининг шарқида бўлмиш Катта Қўрғон атроф қишлоқларидан бўлиб Катта Қўрғонда нашъу намо этмиш. Бу кишининг 1915нчи йилда чиқарилган “Баёзи маҳаллий”да икки-учта ғазаллари бордур. Бундан 50 йиллар олдин ҳаёт экани кўринадур” –тарзидаги маълумотларни ўқиймиз. Тазкирада Салоҳийнинг бир ўзбекча ғазали ва бошқа бир ғазалининг мақтаъси келтирилади:[15]
“Бу ғазал Салоҳийнинг нашидаи табъидандур. Номи маълум бўлмади.
Бошимға солди савдо бир парининг холи ҳиндуси
Қаро қилди кўзим икки кўзининг сеҳри жодуси
Мени шайдо сени ишқи ила ошуфта ҳол айлаб
Паришон айлади кўнглумни тори зулфи гисуси
Қиёмат қойим айлаб айлади юз фитналар барпо,
Хиром айларди ул сарви сихининг қадду дилжуси
Юзи гул-гул ёниб гулшанлар ичра ул гули раъно
Хижолатларга қўйди гуллари ул гулшанни гулруси
Шакар сўзли тилини ҳасратида қумрию булбул
Бири лол ўлдию бири йўқотди оҳу кукуси
Суманбарлар, санамлар, гулжабинлар, сарв қоматлар
Етолмай хизматида топмағайлар они побуси
Бўлуб ишқ ичра шайдо эл аросинда бўлиб мажнун
Бугун кетмиш Салоҳийнинг қўлидин нангу номуси[16]”.
Бу биз сўз юритаётганимиз каттақўрғонлик Салоҳий II бўлса, унда Салоҳий I ким? Бу саволга С.Шодиеванинг мақоласидан шундай жавоб оламиз: “Ҳар иккала Салоҳийлар ҳам Бухоро адабий муҳити намояндалари бўлишган. Қашқадарё адабий муҳитининг типик вакилларидан бири бўлмиш Салоҳиддин Салоҳий XVIII асрда Қаршида яшаб ижод этган бўлса, иккинчи Салоҳий асли Самарқанднинг Каттақўрғонида таваллуд топган ҳамда у Каттақўрғон адабий муҳити вакили қаторига мансуб бўлган”– дея Тазкираи Қаййумийдан юқорида биз келтирган маълумотларни тақдим этади [17]. Демак, биринчи Салоҳиддин Салоҳий XVIII асрда Қаршида яшаб ижод этган адиб, иккинчи Салоҳий эса биз сўз юритаётганимиз Қори Салоҳиддин Махдум Қори Жалолиддин Махдум ўғли –Салоҳий экан.
Тазкирайи Қаййумийда Салоҳийнинг юқоридаги ғазалидан ташқари яна бир байт келтирилган:
Салоҳий, қўй бу таманно эрур чу амри маҳол,
Қамар келурму, фалакдин агар сўроғ этсам.
Ушбу байт Салоҳий китобида ҳам мавжуд. “Қачон бўлурки сени дилбарим қучоғ этсам, Ўпуб юзунгни гуҳар бўсаи дудоғ этсам” – деб бошланадиган ғазали мақтаъсидан олинган бўлиб, бир оз ўзгаришлар билан келтирилгани кузатилди:
Салоҳий, қўй, таманно эрур бу амал маҳол,
Тушармиди ой кўкдан гарчи минг сўроғ этсам[18].
Шундай қилиб, изланишларимиз натижасида шу даврда, тўғрироғи, малика Тожуддавла яшаган ХIX аср ва кейинроқ яшаб фаолият олиб борган тожикистонлик ижодкорлардан “Салоҳий” тахаллусли бошқа шоир аниқланмади. Тожуддавланинг бу ғазалига кўплаб мухаммаслар ёзилганига қарамай, Тожий Усмон ўз китобида айнан Салоҳийнинг тахмисини келтиради. “Салоҳий номли шоир” –деб келтиришидан ҳам муаллифнинг бу шоир ҳақида деярли маълумотга эга эмаслиги сезилади. Тожий Усмон китобидаги мухаммас матни билан “Кутилган китоб”даги мухаммас матнининг деярли бир хиллигининг гувоҳи бўлганимиз ҳолда, муаллифнинг ўзи кейинчалик тахмиснинг айрим ўринларини (ва “Тазкираи Қаййумий”да келтирилган ғазалнинг мақтаъсини) таҳрир қилгани эҳтимоли мавжуд. Демак, бу тахмис каттақўрғонлик Салоҳий қаламига мансуб, бадиий жиҳатдан муваффақиятли чиққан мухаммаслардан бўлгани, давр адабий муҳитида ижодкорлар томонидан эътироф этилгани боисидан Тожий Усмон китобига киритилган – деган хулосага келиш мумкин.
Шундай қилиб, Салоҳий Бухоро мадрасасида маълум муддат таҳсил олган, у ерда яшаган ва форс-тожик классикларининг энг сара асарларини қунт билан ўрганган. Тожудддавланинг бу ғазали Салоҳийни ниҳоят даражада таъсирлантиргани, мафтун этгани натижасида шоир бу машҳур ғазални ҳуснихатда дафтарига кўчирган, бир вақтнинг ўзида бу ғазалга назира ёзган ва мухаммас ҳам боғлагани ойдинлашади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Khurramova Z. The chronicle of a ghazal. The article is devoted to clarifying the ambiguities and questions of authorship in some poems from the lyrical heritage of Qori Jaloliddin Makhdum ugli Salahiddin Qori, who lived in the late 19th century and 1960s of the 20th century and wrote under the pseudonym Salahi.
Хуррамова З. Статья посвящена выяснению неясностей и вопросов авторства в некоторых стихотворениях из лирического наследия Кори Джалолиддина Махдум угли Салахиддина Кори, жившего в конце XIX века и 1960-х годах XX века и писавшего под псевдонимом Салахи.
[1] Салоҳий қори Салоҳиддин махдум қори Жалолиддин махдум ўғли. Кутилган китоб. –Тошкент: Sharq нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2015. – В. 544.
[2]Шоиранинг исми форс-тожик манбаларида ва ўз ғазалида “Тожуддавла” шаклида қўллангани кузатилди. Биз ҳам шунга асосан Тожуддавла шаклида қўлладик – З.Х.
صباحت محمد سید زاده Шоирбону Тожуддавла. Манбаъ: Тоҷӣ Усмон «Бисту се адиба» Нашриёти давлатии Тоҷикистон, Сталинобод, 1957. https://www.facebook.com/groups/627357037280443/permalink/1781874688495333/
[4] Ғарм ёки Гарм– бугунги кунда Тожикистон республикаси ҳудудида жойлашган. Ғармни Қаротегин деб ҳам аташган.
[6] Бу ҳақда қаранг: Муҳтарам Ҳотам. Фарзонагони Раштонзамин. https://m.ok.ru/profile/556970692591/statuses/68631657387503. Тоҷӣ Усмон, Бисту се адиба, нашриёти давлатии Тоҷикистон, – Сталинобод, 1957. –С. 134.
[7] Муҳтарам Ҳотам. “Фарзонагони Раштонзамин”. https://m.ok.ru/profile/556970692591/statuses/68631657387503 https://m.ok.ru/profile/556970692591/statuses/68631657387503
[8] Салоҳий қори Салоҳиддин махдум қори Жалолиддин махдум ўғли. Кутилган китоб. –Тошкент: Sharq нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2015.– Б. 37-38.
[9] Ўша манба, – Б. 37.
[10] Бу ҳақда қаранг: Ножий. Уммон. Танланган шеърлар. (Тўплаб нашрга тайёрловчилар А.3убайдуллаев, П.Зубайдуллаев). - Самарқанд: Зарафшон, 1996. –Б. 98-99. Қори Муҳаммадрасул Ножий. Девон. – Тошкент: Mumtoz so`z, 2014. – Б.208.
[11] ХХ аср Самарқанд адабий ҳаракатчилиги мумтоз адабиёт вакиллари ижодий мероси (1920-1990 йиллар)
III Абдуқодир Азизов Жомеъ. –Самарқанд:Маҳорат, 2022 , - Б. 60-61. Транслитерация қилувчи, нашрга тайёрловчи
ва изоҳлар муаллифи: З.Хуррамова
[13] Муҳиддинова Б. Саййидаҳмад Васлий ҳаёти ва адабий мероси. –Тошкент: Фан, 2020, – Б. 23-28 //200.
[14] Самарқанд адиблари (Маълумотнома). – Тошкент:Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017. –Б. 11.
[15] Тазкираи Қаййумий. 2-жилд. https://ziyouz.uz/kutubxona/yangi-kitoblar/3-2/ -Б. 447.
[16] Бу ғазални Салоҳийнинг “Кутилган китоб”ида учратмадик – З.Х.
[18] Салоҳий қори Салоҳиддин махдум қори Жалолиддин махдум ўғли. Кутилган китоб. –Тошкент: Sharq нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2015. – Б. 61.