Ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятининг ўзаро интеграллашуви жараёнида пайдо бўлган интернационал лексика ҳар қандай тил луғат манбаининг бойишига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида маданиятлараро мулоқот жараёнида муҳим ўринтутган интернационал сўзлар замонавий шарт-шароитларга кўра кун сайин ошиб бормоқда. Бинобарин, интернационал сўзлар ҳозирги замонга хос энг муҳим тушунчаларнинг барча учун бирдек тушунарли бўлган лексик-семантик ифодаси бўлиб ҳисобланади.
Азалдан маълумки, интернационал сўзлар, асосан, инглиз ва француз тиллари орқали пайдо бўлганлиги тўғрисидаги маълумот ҳеч қандай баҳсталаб муҳокама талаб қилмайди.
Тилшуносликда интернационал сўзлар тилшуносларни, асосан, фонетик, орфографик, лексик, семантик ва грамматик жиҳатдан қизиқтириб келган ва бу борада фанда кўплаб илмий изланишлар олиб борилган. Масалан, биргина француз тилидан кириб келган интернационал сўзларнинг диахрон ва синхрон нуқтаи назардан тадқиқ этилиши ҳам ушбу тил таъсирида пайдо бўлган интернационал сўзларнинг ўзига хос ҳар томонлама хусусиятларини кашф этиш имкониятини яратди [1].
Француз тилидан ўзлаштирилиб, интернационал сўзларга айланган лисоний бирликлар жаҳон тилларининг кўпчилигида луғат таркибида мустаҳкам ўрин олган. Турлича тил тизимларидаги француз тилидан ўзлаштирилган сўзлар бу жараёнда ҳам шаклан, ҳам мазмунан турлича ўзгаришларга учрайди, яъни манба тилдагига нисбатан турлича семантик ҳажмга эгалиги, ёзувда ва талаффуздаги турлича ўзгаришлар билан фарқланади.
Ижтимоий ҳаётнинг илмий-техник янгиланишлари туфайли жадал ривожланиши, жамиятнинг иқтисод, ижтимоий ҳаёт ва маданият соҳасидаги тараққиёти ва жаҳон ҳамжамиятидаги интеграциялашув жараёни туфайли тилларнинг ўзаро муносабатларга киришуви турли соҳаларга мансуб халқаро сўзларнинг бошқа тиллар томонидан ўзлаштирилишига шарт-шароит яратиб бермоқда.
Ушбу мақолада француз тилидан рус тили орқали ўзбек тилига кириб келган интернационал лексика ва уларнинг бу жараёнда лексик-семантик, фонетик жиҳатдан адаптация қилиниш жараёнини таҳлил қилинади. Бундай сўзлар тадқиқи француз, рус ва ўзбек тиллари мисолида ҳалигача атрофлича тадқиқ қилинмаганлигини таъкидлашимиз жоиз.
Ҳозирги кунда тилимизда турли хил янгича сўзлар пайдо бўлмоқда. Улар орасида ҳаммага тушунарли бўлган интернационал сўзлар ўзига хос муҳим аҳамият касб этади. Замонавий тиллар тараққиётида интернационал сўзлар бутун жаҳонда муҳим лексик-семантик ифода воситаси сифатида кўпчилик ҳолларда умумий маънода қўлланилади ва хорижий тилларни ўрганишда, таржима жараёнида, ҳалқаро муносабатлар ўрнатиш каби ҳолатларда лисоний қийинчиликларни бартараф қилишга хос муҳим восита вазифасини ҳам бажаради [2, 198].
Интернационал сўзларнинг функцияга киришув жараёни тадқиқ қилиш тил тизимларини қиёслаб ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда француз тилига мансуб сўзларнинг бошқа тиллар томонидан ўзлаштирилишини тадқиқ қилиш француз тилининг жаҳон тиллари орасидаги лингвистик ва маданий-тарихий аҳамиятини ҳам белгилайди. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, интернационал сўзларни ўрганиш учун айнан француз тилининг танланиши бежиз эмас, албатта. Негаки, барча тиллардаги интернационал сўзларнинг аксарият қисмида грек ва лотин тилидан сўнг француз тили доминантлик қилади.
Тадқиқот материали сифатида юқори даражада интернационаллашган француз тилига мансуб сўзларни танладик. Шунингдек, ишни бажаришда француз тилидан рус тилига ва ундан ўзбек тилига ўзлаштирилган интернационал лексикани танлашни мақсадга мувофиқ, деб билдик. Масалан, француз тилидаги pavillion сўзи инглиз тилида pavilion; рус тилида павильон, ўзбек тилида эса павилион (лотин графикасида: pavilion) тарзида кириб келган. Бу каби янги маъноли сўзларнинг тилларда пайдо бўлиш жараёни турли хил тилларда турлича интенсивликда содир бўлган. Хусусан, бундай кенг қамровли махсус дам олиш учун мўлжалланган катта истироҳат боғлари дастлаб Францияда барпо этилган ва унга pavilion деб ном берилган ва шундан сўнг бундай кенг стратегик архитектурали дам олиш масканлари Англия, Россия ва бошқа мамлакатларда бирин-кетин тарқалган. Шу сабабли интернационал лексиканинг тилда пайдо бўлиши замонавий интеграцион тараққиёт жараёни билан узвий боғлиқ бўлган лингвистик жараён саналади.
Тадқиқотларда аниқланишича, француз тилидан рус тили томонидан ўзлаштирилган сўзлар миқдори 1500 бирликни ташкил қилади [3, 90]. Биз бу ўринда рус тили орқали ўзбек тилига кириб келган интернационал сўзларни лексик-семантик аспектда ва фонетик, орфографик шакли нуқтаи назаридан ўрганишга ҳаракат қилдик, яъни бошқача қилиб айтганда, интернационал сўзларнинг ўзга тиллар томонидан ўзлаштирилиши мазмун ва шакл жиҳатдан иккиёқлама тарзда бирдек қабул қилиниши уларга хос асосий лингвистик тамойиллардан бири эканлигига асосий ишора бўлиб ҳисобланади.
Интернационал сўзлар дейилганида камида учта тилда фонетик, график жиҳатдан тўлиқ ёки қисман умумий семантикага эга бўлган ва ҳалқаро маънога эга бўлган сўзлар тушунилади [4, 61]. Тадқиқотчиларнинг фикрича, француз тилидаги 2000 дан ортиқ лексик бирликлар жаҳон тилларининг интернационал фондига кирган [5, 18]. Кўриниб турибдики, интернационал характерга эга бўлган бундай лексик бирликлар экстралингвистик омилларга таянган ҳолда маълум бир тил луғат таркибининг доимий тарзда бойиб боришини таъминлашга хизмат қилади. Хусусан, юқорида таъкидланган экстралингвистик омиллар қуйидаги моддий-маънавий соҳаларда намоён бўлади: янги технологиялар, интернет тушунчалари, касбларнинг халқаро номлари, алоқа воситалари, кийим-кечак, заргарлик буюмлари, ҳордиқ, косметика саноати, субкультуралар, табиий ресурслар ва минераллар, иқтисодий-сиёсий соҳага доир сўз ва илмий тушунчалар ҳамда ошхона номлари каби турли хил ижтимоий, сиёсий ва маданий секторлар шулар жумласидандир. Бу ерда ижтимоий-маиший соҳанинг кенг қамровли тарзда танланиши тасодифий эмас, чунки бу соҳа айнан интернационализм ҳеч қандай тўсиқларсиз барқарор тарзда кенг тарғиб қилинадиган асосий соҳа саналади.
Тадқиқотчилар тил воситаларини ўзлаштириш жараёни қуйидаги шарт-шароитларда рўй беришлигини таъкидлайдилар:
-донор тил билан ўзлаштирувчи тил ўртасидаги лисоний-маданий алоқаларнинг мавжудлиги;
- тил муҳитида муайян даражада икки тилликнинг мавжудлиги;
- лисоний муносабатларга киришувчи ҳалқларнинг миқдорий нисбати;
-лисоний алоқаларнинг давомийлиги ва интенсивлиги;
- жамиятда ҳар иккала тилда гаплаша олувчи билингларнинг мавжудлиги;
- икки тилли жамиятда ҳар иккала тилнинг функционал роли;
-алоқага киришувчи тиллар ва халқ маданиятининг мавқеи ва ҳалқаро обрўйи;
- икки тиллилик ва кўп тиллиликнинг жамиятда баҳоланиши ва унга муносабат ва ҳ.к. [6, 12].
Интернационал сўзларнинг ўзлаштирилиш шарт-шароитларини таъминловчи юқорида таъкидланган бундай факторлар тилшуносликда интернационал сўзларни ўрганувчи махсус лингвистик йўналиш мавжудлигидан далолат беради. Шундай экан, уларни ноқардош тиллар мисолида тадқиқ этиш ҳам ҳозирги замон тилшунослигида муҳим аҳамият касб этади.
Яқин тарихдан маълумки, француз ва ўзбек ҳалқлари ўртасидаги миллий-маданий алоқалар собиқ Иттифоқ даврида фақат рус тили орқали амалга оширилар, бевосита француз-ўзбек алоқалари қарийб йўқ даражада эди.
Собиқ Иттифоқ таркибига кирувчи Ўзбекистон Республикасида устувор тил сифатида рус тили тан олинар, ўзбек тили миллий тил сифатида фақат расман тан олинган ҳолда икки тиллик жамият вужудга келганди. Француз адабиётининг, шунингдек, турли соҳаларга оид илмий адабиётларнинг рус тили орқали ўзбек тилига ўгирилиши бу ўринда рус тили орқали ўзлаштирилган кўплаб интернационал сўзларнинг ўзбек тилига кириб келишида ижобий роль ўйнади.
Мустақиллик шарофати билан Франция ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам ижтимоий-сиёсий, илмий-гуманитар, адабий-маданий алоқалар ўрнатилдики, энди француз ва ўзбек тиллари ўртасидаги алоқалар бевосита, тўғридан-тўғри амалга оширила бошланди. Бу жараён француз тилига мансуб сўзларнинг ўзбек тилига, ўзбек тилига мансуб лексикани француз тилида ўзлаштириш жараёнини янада тезлаштирди.
Тан олиш жоизки, француз тили рус тили луғат таркибини бойишига, ўз навбатида, рус тили орқали ўзбек тилининг луғат таркибини французча ўзлаштирма сўзлар билан бойишига катта ҳисса қўшди. Ушбу ишимизда рус тили орқали ўзлаштирилган ва ўзбек тилида функцияга киришган беш юздан ортиқ француз тилига мансуб интернационал лексикани аниқладик. Улар рус тилидан ўзлаштирилган ва рус маданиятининг турли даврларини акс эттирувчи тарихий, географик, ижтимоий-сиёсий лексик бирликлардир.
Шуни таъкидлаш жоизки, француз лексикаси ХIV асрдан бошлаб рус тилига кириб кела бошлаган. Масалан, қуйидаги сўзларнинг рус-француз алоқалари туфайли хронологик жиҳатдан ўзлашган рўйхатига эътибор қилайлик:
ХIV асрда |
army, button, cavalier, furniture, medal, ballet, campaign, detail, stage; |
XV асрда |
bagage, climate, salad; |
XVIII асрда |
кардинал, конфуз, спектакль, аванс, бриллиант, костюм, афиша, дебют, поза; |
ХIХ асрда |
авиация, гараж, шовинизм. |
ХХ асрга келиб рус тилига француз тилидан ўзлаштирилган сўзлар миқдори янада кенгайди. Бу даврда рус тили француз тилидан қуйидаги сўзларни ўзлаштириб олди:
avanture hasard accompagner couloir bassin aviation etude faience façade gram(me) oculist parol chauffeur chef-d’oeuvre garage acteur actrice |
manqué rouleau accord ensemble blsnc bouillon intelligence pantaloon reportage department partisan variety organisation secretariat abonement debut ideal |
attaque cabine enquête vitrine garantie division ironie compagnie souffler courrier phisionomie decadence depot detail egoist hotel maneuver |
résumé séance bouillon genre nuance timber visa régime decadence depot detail egoist hotel façade engineer kommendent foyer |
Ушбу сўзлар рус тилида ўзлаштирилиб, бу тил орқали ўзбек тили луғат таркибида ҳам, айрим график ўзгаришлар билан мустаҳкам ўрнашди.
Келтирилган лексик бирликлар ифода планида француз тилида ҳам ўзлаштирувчи тилда ҳам кўп маънолилиги билан характерланади. Рус тилида француз тилидан ўзлаштирилган сўзларнинг жуда камчилиги бир маъноли терминологик лексикага мансубдир. Масалан, aviation, etude, faience, façade, gram(me), oculist, parol. Бошқалари эса ўзларининг ёзувдаги ва талаффуздаги хорижий сўзга мансуб ўзига хосликларини сақлаб қолганлари ҳолда турлича тушунчаларни ифодалайди. Масалан :
Маълумки, сўз маъносининг ўзгариши маъно кенгайиши, торайиши, метафорик ва метонимик кўчма маънода қўлланиши ҳамда маънонинг умумлаштирилиши каби маънони салбий ва ижобий шкалада қўлланилиши орқали юз беради.
Донор тил ва ўзлаштирувчи тиллардаги сўз ўртасидаги маъно ўзгариши, кўпинча, манба тилдаги сўзнинг кўп маънолигига боғлиқ бўлиб бу сўз иккинчи тилда фақат бир маъноси билан ўзлаштирилади. Масалан, рус тилида ўзлаштирилган авансировать, аккорд, ансамбль, бланк, комендант, курьер, суфлировать сўзлари французча сўзларнинг иккинчи даражали битта маънолари билан ўзлаштирилган.
Жумладан, француз тилида «souffler» феъли нафас олмоқ; пишиллаб нафас олмоқ, хансирамоқ, нафасини ростламоқ, каби ўндан ортиқ маънода қўлланилади. Айни пайтда бу феълнинг иккинчи даражали маъноси русча маънога яқин «подсказывать - шивирлаб айтиб турмоқ»қа тўғри келади. Бундай ҳолат, одатда, ўзлаштирувчи тилда лакуна ҳисобланмиш тушунчанинг мавжуд бўлмаганида юз беради ва тушунчани номинациялаш хорижий сўз ҳисобига рўй беради. Рус тили орқали ўзлаштирилган бу сўз ўзбек тилида театрда актёрларга матн сўзларини айтиб турувчи «суфлёр» сўзи билан ва метафорик салбий маънода «гап ташувчи» «бировнинг гапини бошқага етказувчи» маъносида ўзлаштирилган. Масалан, оғзаки нутқда кишилар ўртасида «Суфлёрлик қилма!» деган ибора мавжуд.
Баъзан айрим сўзлар бир тилдан иккинчи тилга ўзлаштирилганда сўз шакли ўхшаш бўлса-да, мазмуни бошқача, стилистик бўёқдорлиги ноаниқ бўлиб, лексик бирикувда қўлланишда чалкашликларга сабаб бўлади [7,152]. Масалан, француз тилидаги «accompagner» феъли аслида «ҳамроҳ бўлмоқ» / «кузатиб бормоқ» маъносида қўлланилади. Рус тилида эса бу сўз «играть партию на музыкальном инструменте для сопровождения другого музыканта (певца); исполнять аккомпанемент»- «мусиқа асбобида ашулачига бошқа мусиқачига жўр бўлиб чалмоқ» маъносида қўлланилади [8, 102]. Ўзбек тилига рус тили орқали бу сўз французча маъносидан ўзлаштирилган. Масалан: Elle accompagne sa mère = Elle se joint à sa mère pour aller quelque part. / У онасига ҳамроҳлик қилаяпти.
Француз тилида «bassin» сўзи кўп маъноли сўз бўлиб, унинг асосий маъноси сув тўлғазиладиган «анча катта ҳажмли юмалоқ ёки овал лаган- ванна» ҳисобланади. Рус тилида бў сўз «бассейн» шаклида ўзлаштирилиб «усти очиқ сунъий сув ҳавзаси» маъносида ўзлаштирилган ва шу маънода ўзбек тилига ҳам ўтган. Аммо, француз тилида бундай маъно «piscine» сўзи билан ифодаланади. Бундай ҳолатни французча «couloir» сўзини русча «кулуары» шаклида ўзлаштирилганда ҳам кўриш мумкин [9, 106]. Бу сўзнинг асосий маъноси «коридор - ўтиш жойи» бўлиб, у, кўпинча, «conversations de couloirs» конструкциясида «парда ортидаги суҳбат - ҳеч ким эшитмайдиган суҳбат» маъносида қўлланилади. Рус тилига бу сўз кўпликда «кулуары» шаклида кўчма маънода «боковой зал - коридор в парламенте театре» / «парламентская среда общественные круги» маъносида ўзлаштирилган ва ўзбек тилига ҳам шундай маънода ўтган.
Шунингдек, давлатлар ўртасидаги халқаро дипломатик алоқалар натижасида ҳам бир талай интернационал сўзлар рус тили орқали француз тилидан ўзбек тилига кириб келган. Масалан:
Француз тилида: |
Рус тилида: |
Ўзбек тилида: |
attaché démarche ratification budget modification fonction Assemblée approbation |
аташше демарш ратификация бюджет модификация функция Ассамблея апробация |
аташше демарш ратификация бюджет модификация функция ассамблея апробация. |
Интерлингвистика тарихида эсперанто тилининг ташаббускор тарафдорлари орасида ягона сунъий тил тизимини яратишдаги тилнинг бундай интернационал қатламидан фойдаланишга уринганлар ҳам бўлган. Бироқ бундай ягона сунъий тил тизими халқлараро мулоқот жараёнини анча енгиллаштириши билан бир қаторда, ҳеч бир халқнинг миллий руҳи, маданий қарашлари ва миллий қадриятлари асосини ҳам ҳеч қачон ифодалай олмайди.
Ўзбек тилига фақат рус тили орқали кириб келган айрим сўзлар ҳам мавжуд бўлиб, улар рус ва ўзбек тиллари учунгина интернационал сўз саналади. Ваҳоланки, бундай сўзлар ифодалайдиган тушунчалар француз тилида изоҳли тарзда сўз бирикмаси шаклида қўлланилади. Масалан, рус ва ўзбек тилларидаги автопортрет ёки рояль сўзлари француз тилида par lui-même (ўзи томонидан / им самим) ва piano а queue (думли пианино / пианино с хвостом) сўз бирикмалари орқали ифодаланади.
Француз тилидан ўзлашган интернационал сўзларнинг деривацион хусусиятлари ҳам тиллараро бир хиллиги билан ажралиб туради. Масалан, француз, рус ва ўзбек тилларида сўз охиридаги сўз ясовчи қўшимчалар учала тилда ҳам айнан бир хилликни ташкил этади:
Француз тилида : |
isme |
iste |
еиr |
ite |
age |
tion |
ure |
Рус тилида : |
изм |
ист |
ор |
ит |
аж |
цион |
yp(a) |
Ўзбек тилида: |
изм |
ист |
ор |
ит |
аж |
цион |
yp(a) |
Юқорида келтирилган мазкур сўз ясовчи қўшимчалар орасидан -isme / - изм, -tion / -цион ҳамда – iste / -ист қўшимчалари француз тилидан ўзлашган интернационал сўзларнинг энг кўп қисмини ташкил этувчи қўшимчалар саналади.
Бироқ, тилда француз тилидан ўзлашган айрим интернационал сўзларнинг сўз ясовчи қўшимчаларида мос келмаслик ҳолатлари ҳам учрайди. Масалан, француз тилидаги programmeur, яъни дастурчи сўзи рус тилидаги программист сўзига мос келади. Француз тилидаги –eur сўз ясовчи қўшимчаси рус тилига ўзлашганда –ист қўшимчаси билан қабул қилинган. Ҳозирги кунда ушбу интернационал сўз ўзбек тилида аллақачон дастурчи сўзига ўз ўрнини бўшатиб берган. Қуйида шундай сўзлардан айримларини тиллараро таққослаш учун келтириб ўтамиз:
Француз тилида: |
Рус тилида : |
Ўзбек тилида: |
Artilleur boycotteur volleyeur calculatrice critiqueur depolarisant goudronneuse ligueur masseur monteur plagiaire simulateur tabulatrice tranquillisant fractionniste footballeur |
артиллерист бойкотист волейболист калькулятор критикан деполяризатор гудронатор лигист массажист монтажник плагиатор симулятор табулятор транквилизатор фракционер футболист |
артиллериячи бойкотчи волейболчи калькулятор танқидчи деполяризатор гудронатор лигачи массажист монтажчи плагиатор симулятор табулятор транквилизатор фракционер футболчи |
Келтирилган ушбу мисоллардан кўриниб турибдики, француз тилидаги -eur / -trice / -sant / қўшимчали интернационал сўзлар рус тилига ўзлашганда, асосан, –ист / -тор каби қўшимчалар орқали; ўзбек тилига эса - чи / –ист / -тор қўшимчалари орқали амалга ошади.
Француз тили луғат бойлиги таркибидаги аксарият сўзлар интернационал сўзларга айланган ҳолда кўпчилик жаҳон тилларининг луғат таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Француз тилидан ўзлаштирилган бундай интернационал сўзлар бу жараёнда шакл ҳамда мазмун нуқтаи назаридан турлича ўзгаришларга учраган, яъни манба тилдагига нисбатан турлича семантик ҳажмга эгалиги, ёзувда ва талаффуздаги турлича ўзгаришлар билан фарқланиши фикримиз далилидир.
Интернационал сўзларнинг тилдаги фаоллашув жараёнини бундай тарзда тадқиқ қилиш тил тизимларини қиёслаб ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда француз тилига мансуб сўзларнинг бошқа тиллар томонидан ўзлаштирилишини тадқиқ қилиш француз тилининг жаҳон тиллари орасидаги лингвистик ва маданий-тарихий аҳамиятини ҳам белгилайди.
Шундай қилиб француз тилига мансуб интернационал лексика рус ва ўзбек тилларида мазмун даражасида семантик вариантлар сифатида шакл планида фонетик-лексик ўзгаришларга учрагани ҳолда ўтганлигига гувоҳ бўламиз. Бундай ҳолда манба тилдаги лексик бирликнинг семантик ядроси сақланиб, маънонинг қисқариши, кенгайиши, ўзгариши каби ҳолатлар юз беради. Француз интернационал лексикаси рус тили орқали ўзбек тилига ўтганида рус тилига хос семантика ва графикага риоя қилиниши кузатилади.
Адабиётлар:
Сувонова Н. Лексико-семантическая адаптация интернациональных слов французского языка. В данной статье рассматривается важность языковых единиц, ставших интернациональными словами, и их роль в других языках, а также значимость интернациональных слов в процессе вступления в межъязыковые отношения в связи с научно-техническими новшествами в общественной жизни. В статье анализируются процессы лексико-семантической адаптации в специфичном для них языке, на основе примеров возникновения таких случаев, как речевая деятельность, наличие лингвокультурных отношений между языком-донором и языком-реципиентом, интенсивность языковых отношений.
Кроме того, в связи с признанием русского языка приоритетным языком в Республике Узбекистан, особое внимание уделяется лингвистическому анализу использования ряда интернациональных слов, заимствованных в словарь узбекского языка из французского посредством русского языка.
Suvonova N. Lexico-semantic adaptation of international words in the french language. This article discusses the linguistic units that were borrowed from French and became international words, and their role in other languages, that is, the importance of international words in the process of interlanguage interaction in connection with scientific and technical innovations in social life. The article also studies with the help of examples the processes of lexical and semantic adaptation in the language as a result of speech activity, the presence of linguocultural ties between the donor language and the assimilating language and the occurrence intensity of linguistic ties.
In addition, in connection with the recognition of Russian as a priority language in the Republic of Uzbekistan, special attention is paid to the linguistic analysis in the use of international words borrowed from French through Russian in the Uzbek language vocabulary.