Тил ва жинс муносабати масаласи узоқ пайт давомида тилшунослик доирасида ўрганилмасдан қолиб кетди. Аммо, XVII асрга келиб дунёнинг турли ҳудудларида сақланиб қолган “эгзотик” тиллар ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Ушбу тилларда сўзлар қўлланиши ва талаффузининг эркаклар ва аёлларга хос алоҳида турлари мавжудлиги қайд этилди. Лекин, мазкур “кашфиёт”лар тилшуносларга тегишли бўлмасдан, балки шу ҳудудларда бўлишган сайёҳларнинг қайдлари эди. Бу соҳадаги кузатувлар асосида эркаклар тилининг етакчилиги эътироф этилиши ва аёллар нутқининг ундан чекиниш эканлиги ҳақидаги ақида турар эди. Натижада, асосий эътибор аёллар тилини тавсифлашга қаратилди. Бунда жинс, маълумот, маданият каби ҳодисаларнинг лисоний фаолият билан боғлиқ жиҳатлари эътиборсиз қолиб, тадқиқотчилар кузатилаётган фарқларни биологик жинс билан боғлайдилар. Нутқий фаолиятдаги фарқларни хотин–қизларнинг интеллектуал қобилиятдаги етишмовчиликлар билан изоҳлаш ҳақиқатан ҳам кулгили хулосадан бошқа нарса эмас. Афсуски, бундай кулгили асоссиз хулосалар айрим машҳур ёзувчилар томонидан ҳам билдирилганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, инглиз адиби Жонатан Свифт 1712 йилда эълон қилган “Proposals for Correcting the English Tongue” номли ишида инглиз тили товушлари талаффузида учрайдиган нуқсонларнинг барчасига аёлларни айбдор деб топади [17].
XX асрга келиб тил ва нутқий фаолиятнинг гендер хусусиятларига бўлган қизиқиш кучайди. Бунга, албатта, жаҳоннинг етакчи тилшунос олимлари ушбу муаммога эътибор бера бошлаганлари бўлди. Бундан ташқари, шу даврдан бошлаб тилшунослик фанида тил ҳодисасини жамият ва унинг аъзоси бўлган инсонлар билан боғлиқ ҳолда тавсифлаш анъанаси вужудга келди. Шунингдек, турли "ибтидоий“ тиллар мисолида эркак ва аёлларга хос вариантларни ўрганиш борасида тўпланган тажриба қатор тиллар тадқиқига татбиқ қилина бошлади.
Машҳурлардан бўлган Э.Сепир нутққа ва коасати тилларининг ижтимоий белгиларига эътибор бераётиб, жинс ва ижтимоий статус меъёрдан чекинувчи лисоний шакллар воситасида белгиланишини қайд этди. Ягона бир морфема талаффузида учрайдиган фарқларни кузатган омил бундай фарқ сўзловчининг жинси билан боғлиқлигини таъкидлайди. Демак, жинс кўплаб турлар морфологиясида ўз аксини топади [15].
Даниялик тилшунос олим Отто Есперсеннинг 1992 йилда нашрдан чиққан “Language: Its Nature, Development and Origin” номли иши гендер тадқиқотларида янги давр бошланишига туртки берди, десак хато қилмасак керак. Мазкур китобнинг “The Women” деб номланган қисми хотин–қизлар тилининг эркакларникидан фарқли жиҳатларини ёритишга бағишланган [8]. Кариб архипелагида яшовчи қизил танлилар тилларини ўрганишган тадқиқотчиларнинг кузатувчиларига асосланган О.Есперсеннинг қайдича, эркаклар нутқида фақат уларга хос бўлган иборалар учрайди, аёллар бу ибораларни тушунишса-да, лекин, уларни ҳеч қачон талаффуз қилмайдилар. Худди шунингдек, аёллар тилида мавжуд бўлган ибора ва сўзлар эркаклар нутқи учрамайди. Шу аснода, “аёллар эркакларникидан бошқа тил эгасидек кўринади” [8, 225]. Масалан, Боливияда яшайдиган чикато қабиласи вакиллари тилида суффиксларнинг қўлланиши ўзига хос хусусиятга эга, яъни эркак киши бошқа бир эркак ҳақида гапираётганида – tii суффиксидан фойдаланади, аёллар эса бу суффиксни қўллашмайди ва олмошларни родлар бўйича фарқламайди. Калифорниядаги яна шевасида худди шундай ҳолатда–(n) a суффикси фаоллашади ва аёллар қўллайдиган сўз шакллари эркакларникидан қисқа бўлиши қоидага айланган [8, 228].
Олим, шунингдек, аёллар ва эркаклар нутқининг алоҳида хусусиятларига эътибор қаратади. Инглиз тилидаги “He is so charming”, It was so kind of you to think of it, “That’s so like you!”, “I am so glad you’ve come!”, “The bonnet is so lovely!” каби ундов гаплари таркибидаги so равиши интенсификатор сифатида тўлиғича аёллар нутқига тегишли. О. Есперсеннинг ушбу қўлланишга бераётган изоҳи бироз ғайритабиий кўринади. Унинг қайдича, аёллар ўз фикрларини тўлиғича шакллантирмасдан туриб гапира бошлайдилар ва оқибатда уларнинг нутқий ҳаракати охирига етмасдан қолади. Жумладан, “I’m so glad you’ve come” аслида that воситасида қўшиладиган эргаш гап билан тўлдирилиши керак эмиш: “I am so glad that I really must kiss you”) [8, 237].
Гап тузилишидаги фарқлар борасидаги кузатувларини давом эттирган О.Есперсен, бундан ташқари, аёллар уюшиқ гапларни, турли координатив боғламларни ёқтиришини, эркаклар нутқи эга гипотаксис тузилмалари ёки эргашган қўшма гапларга кўпроқ мурожаат қилишини қайд этади. Лекин, олим айни пайтда бу турдаги фарқлар мутлақ қонуният бўлмасдан, балки афзал кўриш характерига эга эканлигини эслатишни ҳам унутмайди.
Дарҳақиқат, О.Есперсен жинс омилининг лисоний фаолиятга таъсири ҳақида муҳим маълумотларни келтиради ва бу маълумотлар ўша давр учун гендерология ривожининг кейинги босқичларида назарий тилшунослик соҳасига катта ҳисса қўшган олимнинг қарашлари тадқиқотчиларни етарли даражада қониқтирмаслиги маълум бўлди. Чунки унинг хулосалари мунтазам ва тизимли таҳлилга асосланмасдан, балки кўпинча шахсий мулоҳаза ва кузатувчилар натижаси эди [8].
Хуллас, тилда гендер омилига оид тадқиқотлар дастлабки пайтларда тилшуносликнинг сарҳадларидан жой олиб, онда–сонда олиб борилган кузатувлар ва улар ҳақида чиқарилган хулосалардан иборат бўлиб қолаверади. Аёллар ва эркаклар лисоний қобилияти тўғрисидаги хулосалар асосан тил меъёрлардан чекиниш нуқтаи назаридан белгиланди. Шунинг билан биргаликда муаммога бўлган қизиқиш тобора ошиб борди ва гендер тилшунослиги аста–секин шаклланиб, унинг мустақил тадқиқот соҳасига айланишига замин яратилди.
Ўтган асрнинг 60-70-йиллари гендер тадқиқотлари ривожида янги босқич бўлди. Шу йилларга келиб, ғарб мамлакатларида феминистик ҳаракатларнинг “иккинчи тўлқини” авж олиб, аёллар тенг ҳуқуқлиги йўлидаги кураш янада кучайди. Натижада, янги фан соҳаси феминистик тилшунослик юзага келди.
Ушбу соҳанинг пойдеворида, бундан ташқари, гуманитар фанларда, шу жумладан, тилшуносликда янги парадигмалар, тадқиқот йўналишларининг илдиз отиши туради. Структурализм ўрнига коммуникатив тилшунослик, социолингвистика, прагматика каби йўналишларнинг ривож топиши лисоний ҳодисаларни тил соҳибларининг руҳий, ижтимоий–маданий хусусиятларини инобатга олмасдан туриб етук даражада таҳлил ва хулосалар чиқариш мумкин эмаслиги исботлаб берди. Гендер ва тил муносабати антропоцентрик ёндашувни талаб қилувчи муаммолардан бири эканлиги равшанлашди.
Америкалик олима Р.Лакоффнинг “Language and Woman’s Place” номли асарининг нашр қилиниши тилшунослик фани учун ўзига хос воқелик бўлди[11]. Тадқиқотчилар томонидан “тилшуносларнинг диққатини турли жинслар вакиллари нутқидаги фарқларни сиёсат билан боғлаган биринчи китоб” [6, 35] баҳосига сазовор бўлган ушбу асарда аёллар ижтимоий мақомининг тилда акс топиши масаласининг умумий жиҳатлари ёритилган. Робин Лакоффнинг хулосасича, европа тилларида аёллар салбий жиҳатдан тасвирланган. Мазкур тилларда аёл асосан субъект вазифасида эмас, балки объект сифатида воқеланади, уларнинг нутқий хатти–ҳаракатида ўзига ишонч эркакларникига нисбатан кам бўлса-да, лекин, ҳурмат тамойилига амал қилиниши билан ажралиб туради [11, 83]. Муаллифнинг фикрига кўра, бунинг сабаби Европада аёлларга нисбатан бериладиган баҳо стереотиплар билан боғлиқ. Зотан, аёллик “юмшоқлик”, “бўйсунмаслик”, “итоаткорлик” каби сифатлар билан тенглаштирилади. Аёлларнинг нутқида қаътиятсизлик акс топишини уларнинг “That’all be all right, won’t it?” туридаги тасдиққа муҳтож сўроқ шаклларига мурожаат қилишида, шунингдек, very каби равишлар ҳамда a bit, not exactly каби таҳминни ифодаловчи иборалардан фойдаланишида кўринади. Бундай нутқий ҳаракатларда ҳеч нарса тўғридан–тўғри таъкидламасдан, воқеликка баҳо берилади, холос.
Робин Лакофф ҳар қандай ҳолатда ҳам феминист бўлиб қолаверади ва нутқий фаолиятнинг фарқли жиҳатларини ижтимоий–сиёсий нуқтаи назардан талқин қилиш измида бўлади. Бинобарин, аёлларнинг тасдиқни талаб қилувчи савол тузилмаларнинг қўллаши уларнинг билвосита ёки ошкора фикр ифодаси эркакларни хафа қилиши мумкинлигидан хавфсираши билан боғлайди. Аммо, олиманинг ушбу изоҳи исботсиз бўлиб, стереотипларга ишонишдан бошқа нарса эмас [6, 34]. Боз устига мутахассислар ўтказишган тажриба–синов натижалари кўрсатишича, юқорида эслатилган турдаги савол гаплари аёлларникидан кўра кўпроқ эркаклар нутқида учраган [7; 6, 34].
Феминистик тилшунослик вакиллари, албатта, инсонга оид барча фанларда (антропология, социология, психология, этнография каби) эришилган натижаларга мурожаат қилиши орқали тил сиёсатига таъсир ўтказишни режалаштирдилар [2]. Гендер тилшунослигининг ушбу йўналишида таъкидланишича, оламнинг лисоний манзараси барча тилларда эркаклар идрокига асосланиб, аёлларга эса иккиламчи роль ажратилади. Тил тизимидан ўрин олган стереотиплар, ўз навбатида, эркак ва аёллар нутқий хатти–ҳаракатларининг танлов доирасида белгилаб беради.
Феминистик қарашлар тарғибот-чилари аёл киши жамиятда руҳий, ижтимоий, биологик ўрнини топиши учун, энг аввало, тил тизимида ўз ўрнига эга бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Шу боис, тилда турли жинс вакилларининг тилдаги мувозанатсизлиги муаммосининг муҳокамаси, бир томондан, фалсафий аҳамиятга эга бўлса, иккинчи томондан, сиёсат учун ҳам муҳимдир.
Шу аснода, аёллар тилини алоҳида ёки мустақил тил тизими сифатида талқин қилиш нақадар ҳақиқатга яқинлиги тўғрисидаги савол янада долзарблашади. Феминистик ёндашувни жон–жаҳди билан ҳимоя қилган Дейл Спендер хотин–қизлар тили эркакларникидан батамом фарқ қилишини исботлашга кўп уринди. Унинг фикрича, хотин–қизлар тилини эркак ва аёлнинг жамиятдаги мавқесига асосланадиган алоҳида “гендерлик” (genderlect) сифатида қабул қилиш керак. Зеро, аёллар нутқи эркакларникига нисбатан суст, иккиланишларга бой, мантиқсизроқ эмиш [16]. Феминистик тилшунослик соҳасидаги тадқиқотларнинг кўпчилигида эркаклар тилининг хусусиятлари, қонун–қоидалари ҳақида аниқ маълумотларни топиш қийин, бусиз аёллар қайси қоидаларни бузаётгани борасида хулоса чиқариш янада мураккаблашади. Ҳарҳолда, улар умумий тилшуносликнинг назария ғояларига таянишга мажбурдирлар. Улар ўзлари кузатаётган ҳолатлар аёллар эркакларнинг давомчиси, изидан борувчи шахслар эканлигини исботлашини истайдилар. Д.Камерон айтганидек, “жинсга оид фарқлар борасидаги тадқиқотларнинг кўпчилиги аёл зотининг тобе ўринда туришини тасдиқлаш йўсинда боради” [6, 50]. Мазкур тадқиқотчиларнинг хулосалари уларнинг олдиндан шаклланган фикрларига бўйсунади ҳамда эркаклар нутқидаги иккиланишлар, нооқилона танловларни инкор этади. Оқибатда, эркаклар нутқи ижобий баҳога сазовор бўлса, аёлларники эса салбий тавсифни олади. Бироқ, эркаклар нутқида ҳам консерватизм ҳолатлари учраб туриши кузатилганида, бу ҳолат ижобий баҳоланади. Чунки, “бевосита нутқий мулоқотдан фойдаланаётган аёллар анъанадан чекинаётган” бўлса, “тўғри сўзлаш қобилиятига фақат эркаклар қодир”, деб ҳисобланади [10, 141-142].
Равшанки, феминистик адабиётларнинг баъзиларида гендер фарқлари турли фаразлар негизида изоҳланади. Шунингдек, аёлларнинг қоидаларга бўйсунувчанлиги ва улардан камдан–кам ҳолатларда чекинишларига берилаётган изоҳлар мурожаат қилинаётган назарий қарашлар ва таҳлил амалларининг тури билан ҳам боғлиқлиги аён.
Юқорида эслатилганидек, айрим тилшунослар эркак ва аёллар нутқидаги номутаносибликларнинг сабабини аёлларнинг жамиятдаги мавқеси билан изоҳлашга одатланишган. Бундай изоҳидан қониқмаган Р.Лакофф хотин–қизлар нутқини уларнинг лисоний хавфли ҳолати (linguistic insecurity) билан боғлайди. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг ижтимоий мавқеси пастлиги билан изоҳланади [11]. Масалан, унли товушларнинг аёллар томонидан ўзига хос равишда талаффуз қилинишини биологик ва ижтимоий жиҳатдан изоҳлаш мушкул вазифа. Ушбу вазифани бажаришга ҳатто фонолабораторияларда олиб борилган тажрибалар ҳам унчалик кўмакдош бўлолмайди. Аммо, ушбу муаммо аёл ва эркаклар талаффуз меъёрларини, уларнинг гендер кўрсаткичларини аниқлаш учун долзарб бўла олармикан?! Д. Камероннинг қайдича, бундай изланишлар балки мавжуд фарқларнинг сабабини топиш учун муҳимдир, бироқ бу фарқ аёлларга тил воситасида қандайдир зулм ўтказилаётганидан дарак бермайди. Бу ерда асосий нарса фарқнинг қандай қабул қилиниши ва унинг қандай оқибатларга олиб келишидадир [6, 53].
Қарийб шундай ҳолат хотин–қизлар ижодига тегишли бадиий асарлар услубияти таҳлилида ҳам кузатилади. Романларини таҳлил қилган С.Леонарди гувоҳлик беришича, эркаклар нутқидаги гаплар поғонали кўринишга эга бўлиб, “эргаш гаплар тўпламидан иборат тузилмалар нима муҳим ёки муҳим эмаслиги ҳақида бир қарорга келиш учун имкон беради” [12, 151]. Бошқа бир тилшуноснинг кузатишича, В.Вульф, аксинча, эргаш гаплар ўрнига уюшган гапларни кўпроқ қўллайди [18]. Ҳақиқатан ҳам хотин–қиз адиблар яратган матнларда кўплаб эргашган гапларни учратиш мумкин ва бу гаплар турли вазифаларни бажарадилар. Демак, эркак ва аёллар усуллари алоҳида стереотип шаклларга эга эканлиги ҳақида ҳукм чиқариш мушкул вазифадир [14, 65].
Айтиш жоизки, феминистик тилшунослик назарияси атрофидаги мунозаралар давом этмоқда. Ушбу йўналиш, қатор камчиликлар, ножўя талқинлар мавжудлигидан қаъти назар, амалий тилшунослик тараққиётига катта улуш қўшди [4], [4].
Гендер тилшунослиги ривожи давомида эркаклар тилига хос бўлган жиҳатларни ўрганишга бўлган эътибор кучайиб борди [13]. Тил тизимидаги маскулинлик ҳолатлари таҳлили, айниқса, ўтган аср саксонинчи йилларида авж олди. Ушбу ҳодисани ўрганган тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, эркаклик билан боғлиқ стереотиплар орасида “етакчи эркаклик” (hegemonic masculinity) тилда акс топади. Москва гендершунослик лабораториясининг бошлиғи А.В.Кирилинанинг таъкидича, “эркаклик тушунчаси, бир томондан, мадниятлараро фарққа эга бўлса, бошқа томондан, эркаклик ва аёллик ҳаракатчан, турли даврларда ўзгариб турадиган концептдир” [3, 37].
Ушбу концептлар таҳлили жараёнида кўпчилик лисоний маданиятларда эркак зотининг умуман инсон сифатида идрок этилиши маълум бўлди [5]. Масалан, инглиз тилидаги Man, француз тилидаги homme, немис тилидаги Mann сўзлари шу мазмунга эга. Шунингдек, “эркак” ва “аёл” концептларининг лисоний воқеланиш имкониятлари ва воситалари турли тилларда тубдан фарқ қилади. Эркакликка ишора қилувчи тил бирликлари аёлларга нисбатан қўлланиши оммалашган, аммо, эркак жинсидагиларга нисбатан аёллик белгисига эга номинатив бирлик қўлланганида кинояли мазмун юзага келиб, салбий образ тасаввур қилинади.
Аёл ва эркаларнинг нутқий хатти–ҳаракатлари маълум маданият доирасида шаклланган одоб–ахлоқ қоидалари мажмуасига мос келиши шарт. Мазкур қоидаларнинг аниқланиши маданий концептларни ажратиш ва тиллараро чоғиштиришга замин яратади [1].
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Вежбицкая А. Понимание культур через посредство ключевых слов. Язык. Культура. Познание. – М.: 1996.
2. Кирилина А.В. Гендер: лингвистические аспекты. – М.: Высшая школа, 1999. – 224 с.
3. Кирилина А.В. Гендерные компоненты этнических представлений (по результатам пилотажного экспремента) // Гендерный фактор в языке и коммуникации. – Иванова: 1999. – С. 46-53.
4. Кирилина А.В. Развитие гендерных исследований в лингвистике // Филологические науки, 2003. № 5. – С. 51-56. Потапов В.В. Современное состояние гендерных исследований в англоязычных странах // Гендер как интрига познания. – М.: 2000. № 1. – С. 94-95.
5. Морозова А.А. Лингвокогнитивные содержание гендерных стереотипов женственности и мужественности (на материале испанского языка). Дисс… канд.филол.наук. – Самарканд: 2011. – 177 с.
6. Cameron D. Feminism and Linguistic Theory. – Macmillan, 1985. – 195 p.
7. Dubois B., Crouch I. The Questions of Tag–Questions in Women’s Speech: They don’t really use more of them, do they? // Language in Society, 1976. vol. 4.
8. Humm M. The Dictionary of Feminist Theory. Hemel Hempstead: Harvester Weatsheaf, 1989.
8. Jespersen O. Language: Its Nature, Development and Origin. – L.: Allen and Unwin, 1922.
9. Jespersen O. The Women // The Feminist Critique of Language. L.: Routledge, 1998. – P. 225-241.
10. Keenan E. Norm Makers, Norn Breakers; Uses of Speech by Women in Malagasy Community // Explorations in the Ethnography of Specking. – Cambridge: CUP, 1974. – P. 142.
11. Lakoff R. Language and Woman’s Place. – New York: Horper and Row, 1975. – 372 p.
12. Leonardi S. Bare places and ancient blemishes: Virginia Woolf’s search for new language in Night and Day // Novel, 1986. – P. 150-164.
13. Martyna W. The psychology of the generic masculine // language, gender and Society. – Rowley: Newburg House, 1983. – P. 25-37.
14. Mills S. (ed). Language and Gender: Interdisciplinary Perspectives. – Harlow: Longman, 1995.
15. Sapir E. Selected Writings in Culture, Language, and Personality. – Berkeley: University of California Press, 1970.
16. Spender D. Man – Mode language. – L.: Routledge and Kegan Paul, 1980.
17. Swift Jonathan. Proposal for Correcting the English Tongue // Prose Works of Jonathan Swift. Vol. IV. – L.: Blacwell, 1957.
18. Tallintire D. Confirming intuition about style using coordances // The Computer in Literary and Linguistic Studies. – Cardiff, 1986.
Хакбердиева Г. Основные этапы развития гендерной лингвистики. Лингвистические способности женщин и мужчин, вербальное поведение женщин и мужчин. Этические правила в рамках той или иной культуры В результате концептуального подхода, помимо взаимодействия языка и культуры, гендерно-специфических явлений в разных языках, а также гендерных стереотипов, значение языкового сознания в определенных лингвокультурах. Представители гендерной лингвистики ввели категорию «Грамматический стержень». Факторы, влияющие на речевую активность мужчин и женщин, а также феномен пола в контексте лексической, фонологической, грамматической, методологической гендерной лингвистики языка и речевых систем.
Khakberdiyeva G. The main stages of development of gender linguistics. Linguistic ability of women and men, verbal behavior of women and men. Ethical rules within a particular culture. As a result of the conceptual approach, in addition to the interaction of language and culture, gender-specific events in different languages, as well as gender stereotypes, the importance of linguistic consciousness in certain linguistic cultures. Representatives of gender linguistics introduced the Grammatical rod category. Factors influencing the speech activity of men and women, as well as the phenomenon of gender in the context of lexical, phonological, grammatical, methodological gender linguistics of language and speech systems.