Х АСР ТОЖИК ШЕЪРИЯТИДА ҚИТЪА ЖАНРИНИНГ БАДИИЯТИ

Жаҳон адабиётшунослигида Шарқ адабиёти, адабий жанрлар, хусусан, лирик жанрларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда, энг аввало, мумтоз адабиётни олий бадиий мезонлар ҳамда дунёвий меъёрлар асосида ўрганишга кенг имконият очилди. Бу мезон ва меъёрлар негизида мумтоз шеърий жанрлар ва шакллардан мазмунан бойлиги, бетакрор жанрий хусусиятлари, шунингдек, воқеий ҳаёт ҳодисаларини ўзида мукаммал акс эттириши билан ажралиб турадиган энг қадимги шеърий жанр – қитъани ўрганиш учун замин яратилди. Ана шу жиҳатдан мазкур мавзу аҳамиятли масалалардан бири сифатида ўзининг долзарблигини белгилаб беради.

Қитъани жанр сифатида англаш тожик адабиётшунослари Р.Ҳодизода, М.Муллоаҳмад, С.Саъдиевларнинг ушбу жанрга доир илмий мақолаларида кўзга ташланади[2, 3, 4, 5, 6, 7]. Шунга қарамай, қитъанинг барча жанрий ўзига хосликлари ҳали ёритилганича йўқ. Умуман, тожик адабиётшунослигида мумтоз шеърнинг бой мазмунга эга ва ниҳоятда жозибали жанри ҳисобланган қитъа жуда кам ўрганилган, унинг ўрганилиш даражаси муайян илмий мақолалар билан чегараланиб қолган. Қитъани нисбатан тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиш, унинг бадииятини аниқлаш мазкур мақоланинг асосий мақсади ҳисобланади.

Шеър ижодида шоир тахайюли, юқорида айтганимиздек, горизонтал томонга ҳам сайр этиб, унинг алоҳида байтларида ёки барча байтларида ҳам бадиият яратади. Аммо, қитъа асарларида бадииятнинг ушбу тури барча шеър байтларининг бирлиги ва ўзаро муносабатида эмас, балки унинг алоҳида байтларида вужудга келади. У бунда жузъий бадиият ҳисобланади ва шеър поэтикасида иккинчи даражали мақомга молик. Биз фақат қитъа асарларини назарда тутган ҳолда, муносабат билдирмоқдамиз, ғазал ва қасида жанрлари юзасидан эмас, чунки уларда горизонтал шаклдаги бадиият асосий мақомга эга.

Қитъаларнинг “горизонтал бадиияти” “вертикал бадиият” билан биргаликда зоҳир бўлади, унга нисбатан кўмаклашувчи роль ўйнайди. Бошқача қилиб айтганда, шоирнинг бадиий хаёли горизонтал сайридан ҳосил бўладиган сўз санъатлари шеърнинг вертикал бадииятига хизмат қилади. Демак, сўз санъатлари қитъалар поэтикасида ҳам ўз роли ва мақомига эга. Улар Х аср шоирлари қитъаларида ҳам тез-тез учрайди. Ушбу давр қитъаларида ҳатто бадиий қурилиши сўз санъатларига асосланган шеърлар ҳам кам эмас. Бундан ташқари, айтиш мумкинки, бундай қитъаларнинг айримларида шеърнинг умумий бадиияти сўз санъатларига асосланган. Буни Ҳанзала Бодғисийнинг қуйидаги қитъаси мисолида кўрамиз:

Ёрам сипанд агарчи бар оташ ҳамефиканд

Аз баҳри чашм, то нарасад мар варо газанд.

Ўро сипанду оташ н-ояд ҳаме ба кор

Бо рўи ҳамчу оташу бо холи чун сипанд[1, 20].

Мазмуни: Менинг ёрим кўз тегмаслиги учун оловга исириқ ташларди, токи унга азоб етмасин. Ўт каби юз ва исириқ каби холи билан унга исириқ ва ўт фойда қилмайди.

Ушбу қитъанинг икки байти бир-бирига композицион жиҳатдан боғиқлик ҳосил қилиш орқали шеърнинг умумий бадииятини вужудга келтирган. Уларнинг боғлиқлиги икки ташбиҳ юз – олов ва хол – исириқ асосида амалга оширилган. Икки ташбиҳ иккинчи байтда келтирилган бўлса-да, уларнинг сабаби биринчи байтда зикр этилган, яъни иккита ташбиҳ шеърнинг икки байтига ёйилиб унинг бадиият асосини белгилаган.

Қитъаларнинг сўз санъатларига асосланган бадиий тасвирларининг муҳим бир афзаллиги уларнинг янгилиги ва ноанъанавий бўлганлигидадир. Қитъаларнинг бадиий тасвирлари янгилиги, албатта, бу жанрга хос бўлмай, ўша давр шеърнинг умумий бир имтиёзидир. Мумтоз форс-дарий шеърининг бошланиш ва такомил даврида унинг бадиий тасвирлари деярли янги бўлиб, ҳануз анъанавийлик ва такрорланиш тус олмаган эди. Ташбиҳ, истиора ва бошқаларнинг айримлари ушбу давр назмининг бадиий санъатлари анъанаси каби кўринса ҳам, лекин, бу анъанавий хусусиятлар асосан кейинги давр шеъриятига тегишли. Улар Х аср шеърида ҳануз анъана ҳукмига кирмаган эди. Ҳар ҳолда ушбу давр қитъаларида анъанавий тасвирлар жуда кам – жами бир-икки ҳолатда кўринади, холос. Жумладан, Истиғноийнинг қуйидаги қитъасида маҳбуби Моҳ, Зуҳра ва Қуёш каби анъанавий ташбиҳлар билан васф қилинган:

Ба моҳ мондӣ, агар нестиш зулф сиёҳ,

Ба Зўҳра мондӣ, агар нестиш мушкин хол.

Рухон-шро ба яқин гуфтаме, ки хуршед аст,

Агар набудӣ хуршедро кусуфу завол [1, 356].

Мазмуни: Ойга ўхшарди, агар зулфи қоронғи бўлмаса, Зуҳрага ўхшарди, агар хушрўй холи бўлмаганда. Агар қуёшнинг тутилиш ва заволи бўлмаганида, унинг юзини ишонч билан қуёш дердим.

Аммо, бошқа барча ҳолатларда манзаралар тасвири ва васфу таърифларга ижод қилинган ташбиҳлар анъанавий хусусиятга эга эмас. Ҳатто тасвир ёки васф керакли маълум ташбиҳларни қўллашни талаб этадиган ҳолатларда шоир шундай тайёр тасвир воситаларни эътибордан четда қолдириб, бошқа янги ташбиҳ яратган. Масалан, ошиқ кўнгли хусусида шоирлар кўп тасвирлар, ўхшатишлар яратганки, уларнинг бир қисми Х аср шеъриятида маълум эди. Лекин Абул Ҳасан Оғожий уларнинг бирортасини қўлламай, ошиқ кўнглини ўз маъшуқаси учун қалъа деб ҳисоблаган. Хусравий ёр васфида “хуррамлик маъдани” истиорасини ихтиро қилган ва ҳоказо. Ташбиҳни ижод қилиниши анъанавий тайёр тасвирлар такрори ўрнига шеър поэтикаси йўналишида мазкур аср сўз санъати усталарининг ижодкорлик ва яратувчанлик маҳоратидан гувоҳлик беради.

Ўша даврнинг барча шеърлари бадиий сўзларни излаш ва топиш, тасвирнинг янги-янги воситаларини ижод қилиш орқали яратилган. Ушбу давр шеъри ҳозиргача образларнинг анъанавий босқичига кирмаган эди. Шунинг учун образлар ва тасвирларнинг янгилиги қитъа асарларида ҳам намоён бўлади. Умуман, ушбу жанрнинг бадиий тасвири йўналишида анъана роли аҳамиятсиз, лекин, новаторлик мақоми қимматли кўринади.

Сўз санъатлари қитъаларда камроқ мавқе тутган бўлса ҳам, унинг ишқий, манзаравий ва мадҳий асарларида кўпроқ кузатилади. Сабаби маълум: қитъанинг ушбу уч тури ёки мавзуи қасиданинг шу мавзулари билан ягона бўлиб, улар таъсирида қитъа асарларида мақом топган. Маҳбуба васфи, табиат манзаралари ва қасида мадҳида бўлса, сўз санъатлари асосий ўрин тутади. Лекин, ҳикмат, ваъз мавзулари ёки турли фикрлар баёнига айтилган қитъаларда бадиий санъатлар жуда кам қўлланилган.

Ушбу давр шоирлари қитъаларида сўз санъатларининг бошқа афзаллиги кўпроқ уларнинг тафсилий шаклда қўлланилишидадир. Санъатларнинг тафсилий шаклини унинг бадиий тасвирининг вертикал хусусияти вужудга келтирган: улар аксар пайтда қитъанинг икки байтида, шеърнинг барча матнида ёйилиб, бадиий тасвир манзарасини кенгайтирган. Буни Хусравийнинг бир қитъаси мисолида шарҳлаймиз:

Мурда-ст замӣ, абр бар ў дасти Масеҳо,

Бемор-ҷаҳон, доди сабо-доруи бемор.

То абр Масеҳо шуду булбул ҳама Инҷил,

Бархонад бар кўҳ, падид ояд зуннор.

Мазмуни: Ер ўлган, булут унга Масеҳонинг қўлидир. Жаҳон бемор, сабонинг адолати бемор дорисидир. Токи абр Масиҳо бўлиб, булбул Инжилга айланди. Тоғга куйласа, зуннор кўринади.

Шоир табиат (ер, олам)нинг уйғониши ёки тирилишининг бадиий тасвирини гўё баҳор кунларида беморнинг тузалиш жараёнига ёки Исо (а) пайғамбарни ўликни тирилтиришига таққослайди. Бунда ерни ўлик, жаҳонни бемор, сабо шамолини бемор дориси, ёмғир ёғдирувчи булутни Масиҳо қўлидек тасаввур қилади ва шу билан беморнинг тўлиқ соғайиш манзарасини кўз олдига келтиради. Ушбу табобат манзараси марказида Масиҳо образи турадики, ўзининг мўъжизавий қўллари билан беморга шифо, ўликка жон бағишлайди. Унинг мўъжизавий даволаш фаолияти тасвири қитъанинг биринчи байтидан ташқари, баҳорнинг ёмғир ёғдирувчи булутларига жон бағишловчи Масиҳо образида намоён бўлган иккинчи байтда давом топади. Бу байтда Инжил ўқувчи булбул образи ва унинг сеҳрли куйи билан Масиҳнинг табобат иши жараёни боғлиқ бўлмаса ҳам, лекин диний муносабатда умумийлик бор. Шу тариқа, баҳорги табиат ҳодисаларининг Масиҳнинг пайғамбарлик мўъжизасига қиёсланиши мазкур қитъани тўлиқ қамраб олган. Бу бир муфассал ташбиҳдирки, шоир тахайюлининг вертикал сайри қитъани икки байт ҳажмида яратган, лекин воқеалар манзарасини, иложи борича, кенгроқ кўламда акс эттирган.

Хусравийнинг ушбу ошиқона қитъаси ҳам тафсилий ташбиҳга асосланган:

Ба шигифтам аз он ду каждуми тез,

Ки чаро лоларо ба ҷуфт гирифт.

Бо ду каждум накард зифтӣ ҳеҷ,

Бо дили ман чаро-ш бинам зифт[1, 374].

Мазмуни: Ўша икки чаёндан ҳайратда қоламанки, нега лолани жуфтликка олди. Икки чаён билан ҳеч дағаллик қилмади, нега менинг кўнглим билан тундлик қилади?

Кўриниб турибдики, ушбу қитъанинг икки байтида ҳам ёрнинг икки зулфи – икки чаёнидан сўзланади. Зулфнинг ташбиҳи – чаёндан пайдо бўлган. Шу киноя санъати маҳбуба зулфининг бадиий тасвири асосини шеърнинг икки байти ташкил этган.

Маълум бўладики, қитъаларда ташбиҳ ва баъзи бошқа сўз санъатлари кўпроқ ўзининг тафсилий шаклида қўлланилган.

Бизнингча, бу тасодиф ҳолат эмас. Шоирларнинг сўз санъатлари тафсилий шаклидан фойдаланишдан мақсади қитъанинг композицион қурилишини вужудга келтириш ва унинг умумий (вертикал) бадииятига ноил бўлишидир. Дарҳақиқат, ташбиҳнинг кенг тафсилий шакли ва бошқа санъатлари деярли барча қитъаларнинг биринчи байтини уларнинг кейинги байти билан узвий боғлайди ва шеърни яхлит қилади. Сўз санъатлари ушбу ҳолатларнинг барчасида шеър композициясининг яхлитлигини ташкил этувчи сифатида кўриниб, горизонтал бадиий кўринишдан вертикал бадиий тасвир унсурига айланга

Аммо кўринадики, сўз санъатлари ўзининг мўъжаз шаклида қитъанинг вертикал бадииятини вужудга келтириш учун роль ўйнамаган. Бу фикрни Шаҳиднинг боғ манзараси ва абр ҳамда чақмоққа бағишлаган қуйидаги қитъаси таҳлили орқали шарҳлаймиз:

Чун чалипои Рум аз он шуд боғ,

 К-обрезест боғро зи ҳалӣ.

Абр чун чашми Ҳинд бинт Атба-ст,

Барқ монанди зулфиқори Алӣ[1, 720].

Мазмуни: Боғ Рум салиби каби бўлишига шу сабаб бўлдики, боғни ҳалидан қудуғи бор. Булут Ҳинд бинт Атбанинг кўзи кабидир, чақмоқ эса Али зулфиқорига ўхшайди.

Биринчи байтда боғнинг бир ташбиҳи – салиб келган ва кўриб турганимиздек, иккинчи байтда давом топмайди ва мазмунан кенгаймайди. Иккинчи байтда бўлса, ёғувчи абр (булут) ошиқнинг йиғлаётган кўзига ва чақмоқ Али (р)нинг зулфиқори (қиличи)га таққосланган. Бу икки ташбиҳ ҳам байтнинг алоҳида ҳар бир мисрасида қисқа шаклда қўлланилиб, биринчи байтдаги боғ ташбиҳи – салиб билан боғлиқ эмас. Қитъада тасвирга сабаб бўлувчи нарсалар – боғ, абр, чақмоқ бир-бири билан яқин, яъни маъно ва мантиқ жиҳатдан алоқада бўлса-да, лекин уларнинг учта ташбиҳ қилувчиси бир-бири билан боғлиқ эмасдек гўё. Шунинг учун улар мустақил ташбиҳ ҳисобланадики, учаласи ҳам алоҳида қисқа шаклга келтирилиб, қитъанинг композициясини ташкил этмайди. Агар мазкур қитъанинг биринчи ва иккинчи байтлари орасида бирор композицион боғлиқлик мавжуд бўлса, у фақат тасвир предметлари билан амалга оширилган. Бундай ҳолатни Валволижийнинг қуйидаги қитъасида ҳам кўрамиз:

Ҷаъд дар симин пешониш гўӣ, ки магар

Лашкари Занг ҳаме ғорати Бағдод кунад.

В-он сияҳ зулф бар он ораз гӯӣ, ки ҳаме

Ба пари зоғ касе оташро бод кунад[1, 406].

Мазмуни: Зулф сим каби манглайида, Занг лашкари Бағдодни ғорат қилгандек гўё. Ва ўша қора зулф юзида кимдир қарға пати билан оловни елпигандек кўринади.

Бу қитъада оқ манглайига зулф ва маҳбуба юзига қора зулф тушганида ижод қилинган ҳар иккала ташбиҳ унинг юзида иккита ўхшаш лавҳани акс эттиради. Лекин улардан ҳар бир ўз ташбиҳ қилувчисига бошқа-бошқа воқеий манзараларни – Занг лашкарининг Бағдодни истило ва ғорат қилиши ва кимдир оловни қарға пати билан елпиганини кўз олдига келтиришади. Шунингдек, икки ташбиҳ бироз тафсилий кўринса ҳам, уларнинг кенгайиши бир байт ҳудудидан чиқмайди ва шунинг учун улар аслида ихчам ташбиҳлар турига киради. Демак, бу қитъада ҳам сўз санъати фақат горизонтал бадииятни бир байт доирасида вужудга келтирган, холос.

Лекин бу тарзда ихчам шаклда ва мазмуннинг бадиий зийнати учун сўз санъатларининг бир байт ҳажмида қўлланилиши назарда тутилган даврнинг қитъанавислик тажрибасида камроқ учрайди. Ушбу даврнинг аксар қитъаларида бадиий сўз санъатлари (ташбиҳлар) кенг шаклда қўлланилиб, шеърнинг икки байтини қамраб, унинг вертикал бадииятини вужудга келтирган.

Сўзнинг хулосаси шуки, Бу кенг тасвирларнинг деярли барчаси тафсилий ташбиҳ санъатига оид бўлиб, айримлари бир байтда ва бир нечтаси қитъанинг ҳар икки байтида жойлаштирилган. Қитъаларда бадиий тасвирлар аксариятининг ташбиҳ санъатига тегишли экани, умуман, давр назмида ушбу санъатнинг асосий мақомининг кўринишидир. Лекин қитъаларда унинг кўпинча кенг шаклда қўлланилиши ушбу жанр поэтикасининг ўзига хос хусусиятини ташкил қилган. Қитъанинг жанр структурасидаги эркинлиги ҳам бадиий санъатларнинг кенг кўламли шаклларининг юзага келишига замин яратади.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Ашъори  ҳамасрони  Рӯдакӣ. Таҳияи  матн  ва  луғату  тавзеҳот аз Худоӣ  Шарифов ва Абдушакур Абдусатторов. – Душанбе: Адиб, 2007.
  2. Ёрмуҳамедов Ш.Р. Жанр кита в творчество Анвари Абеварди. АКД.-Душанбе, 2011.
  3. Ёрмуҳамедов Ш. Жанри қитъа дар эҷодиёти Анварӣ.-Душанбе, 2011.
  4. Имронов С. Ибни Ямини Фарюмадӣ. Ҳаёт ва мероси адабй.-Душанбе: Ирфон, 1966.
  5. Муллоаҳмад М.  Қитъа дар осори Рўдакӣ \ Донишномаи Рўдакӣ, ҷилди 3. - Душанбе; 2018.
  6. Саъдиев С. Жанри қитъа ба мавқеи он дар шеъри асрҳои X-XII \\ масъалаҳои филологияи тоҷик. Маҷмўаи мақолаҳои илмии муаллимони кафедраи забон ва адабиёти тоҷик ДДС.-Самарқанд, 2008.
  7. Ҳодизода Р., Шукуров М., Абдужабборов  Т. Фарҳанги истилоҳоти адабиётшиносй.-Душанбе: Ирфон, 1966.

 

Ахмедова Д. Использование художественных средств в жанре китъа таджикской поэзии Х века. Тот факт, что оды (китъа) X века часто состоят из метафор, свидетельствует о том, что это художественное средство занимает основное место в поэзии этого периода. В данной статье показано место художественных средств, в том числе метафоры, в творчестве поэтов X века, а также их художественное мастерство.

 

Akhmedova D. Use of artistic means in the genre of kit’a of Tajik poetry of the 10 Th centuries. The fact that the odes of the 10th century often consist of metaphors indicates that metaphor has a major status in the poetry of this period. This article shows the place of literary arts, including metaphors in the works of poets of the 10th century, as well as their artistic skill.

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati