ИНГЛИЗ ХАЛҚ МАҚОЛЛАРИ ТАРКИБИДАГИ ГРАДУОНИМИК МУНОСАБАТЛАРНИНГ ЛИНГВОПРАГМАТИК ЖИҲАТЛАРИ

Ҳозирги кунда замонавий тилшуносликда структур-семантик тадқиқотлар ўз ўрнини антропоцентрик ёндашувларга бўшатиб бермоқда ва бу ҳолат ўз ўрнида лингвистик элемент ва тушунчаларнинг айнанантропоцентрик йўналишларда чуқур ўрганилишини талаб этилмоқда. Лисоний бирликларнинг нутқда қўлланилишига бевосита объект ва субъектнинг таъсири кўзга ташланади. Лингвистиканинг соҳаларидан бири бўлган лингвопрагматика лисоний бирликларни танлаб олиш, уларни қўллаш ҳамда ушбу қўлланилаётган бирликларнинг мулоқот иштирокчилари – субъектлари билан ўзаро муносабати, контекстдаги ҳолат, жой, вақт ва бошқа омилларнинг маънога ўтказадиган таъсири муаммоларини ўрганади. Нутқда фаол қўлланилувчи мақоллар ҳам айнан контекстдаги ҳолат, жой, вақт ва бошқа омилларга қараб танланади.Мақоллар нутқий акт сифатида тўлиқ мазмун ва интенцияга эга бўлиб, нутқий актнинг уч босқичи (локутив, иллокутив ва перлокутив) нутқда қўлланилаётган бир мақолнинг ўзида амалга ошади. Мақоллар айнан улардаги локутив жараённинг узоқ давом этиши ва иллокутив ҳамда перлокутив босқичлар эса уларда нибатан тез ва таъсирчан характерга эга ҳолда амалга ошиши билан бошқа лисоний бирликлардан тубдан фарқ қилади. Шу сабабли айнан мақолларни керакли жойда топиб ишлата билиш нутқнинг янада аниқ ва равон бўлишига асос бўлади. Мақол ҳам тугалланган, ҳам чуқур ва кенг мазмунга эга бўлганлиги сабабли у гапга, нутқий актга, баъзида ҳатто ўз мазмунида коммуникатив интенцияни тўлиқ ифодалаган ҳолда матн ёки дискурсга ҳам тенг келади.

Мақолларнинг прагматик хусусиятлари ва уларни ўрганувчи “паремиопрагматика” соҳаси [Абдуллаева 2020:59-66], шунингдек,инглиз ва ўзбек халқ мақолларидаги градуонимик муносабатлар, уларнинг турлари ҳамда градуоним таркибли мақолларнинг мазкур икки тилдаги ўзига хос хусусиятлари [Абдуллаева 2017: 297-299] ҳақида тўхталиб ўтган эдик. Ушбу мақолада эса инглиз халқига тегишли мақоллар таркибидаги градуонимик муносабатларнинг лингвопрагматик хусусиятларинибатафсил кўриб чиқишни ва сўнгра уларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлашни мақсад қилдик.

  Ўз таркибида градуонимик муносабатларни сақлайдиган инглиз халқ мақолларининг прагматик жиҳатини ўрганиш мақсадида уларни инглиз тили корпусларидан фойдаланган ҳолда таҳлил қилишни маъқул деб топдик. Бунинг асосий сабаби, айнан тил корпусида ҳақиқий тил эгалари томонидан яратилган оғзаки ва ёзма матнлар мавжуд бўлиб, унда уларнинг статистикаси ва манбасини аниқлаш бирмунча осонроқ кечадиган жараёндир. Ўз диссертациясида тил корпуси ва унинг лингвистик тадқиқотлардаги аҳамияти борасида алоҳида тўхталиб ўтган Ж.Ш.Жумабаева градуонимиянинг лексик-семантик муносабатлар (ЛСМ) тизимидаги ўрни, унинг луғатшунослик (лексикография) ва тилшуносликнинг бирмунча замонавий тушунчаларидан бири – тил корпусидаги аҳамияти ҳақида батафсил фикр юритди ҳамда градуонимия иштирокида ўзбек луғатшунослигини тараққий эттириш ва ҳалигача ўзбек тилшунослигида мавжуд бўлмаган корпус лингвистикасини олиб қириш, шу орқали ўз навбатида ўзбек тили корпусларини яратиш муаммосини ўртага ташлади [Жумабаева 2014: 120].

Корпус тушунчасига инглиз тилшунослигида қуйидагича таъриф берилади: «Corpus (n) – a collection of naturally occurring samples of language which have been collected and collated for easy access by researchers and materials developers who want to know how words and other linguistic items are actually used. A corpus may vary from a few sentences to a set of written texts or recordings. In language analysis corpuses usually consist of a relatively large, planned collection of texts or parts of texts, stored and accessed by computer. A corpus is designed to represent different types of language use, e.g. casual conversation, business letters, ESP texts….»[Richards, Schmidt 2010: 137]. Яъни корпус тилда табиий ҳолда учрайдиган матнлар жамланмаси бўлиб, мазкур матнлар тадқиқотчилар томонидан осон топилиши ва қўлланилиши учун ҳамда тил ўрганувчилар учун тилда кўп қўлланиладиган сўзлар ва бошқа лисоний бирликларни ўрганиш учун мослаб яратилади. Корпусда бир нечта гапдан иборат матндан бошлаб, то катта ҳажмли ёзма матнлар ёки оғзаки нутқнинг ёзиб олинган вариантларигача топилади. Унда турли ҳажмдаги ва турли услубдаги оғзаки ва ёзма матнларнинг электрон варианти тўлиқ ёки қисман киритилади, турларга ажратилган ҳолда тўпланади ва ушбу жамланма фақат электрон шаклда мавжуд бўлганлиги сабабли, унга фақат компьютер орқали мурожаат этиш мумкин. Корпусда кишиларнинг тилдан турли кўриниш ва услубдаги фойдаланиш ҳолатларига мисоллар топиш мумкин, масалан: оғзаки норасмий мулоқот, расмий хатлар, инглиз тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганиш учун яратилган матнлар ва бошқалар.

Мақолларни корпусда излаш жараёнида уларнинг бир ёки бир нечта жумласини калит сўзлар сифатида киритиш орқали мақол топилади. Чунки унда мақолни тўлиқ таркибда киритган ҳолда излашнинг имкони йўқ. Агар бир сўз ёки жумла тил корпусида изланса, нафақат ушбу сўз ёки жумла қатнашган мақоллар, балки оддий ҳолатда қўлланилган контекстлар ҳам чиқади, ҳамда уларнинг статистикаси умумий бўлади.  Бу ҳолатлар паремиолог олимларга бироз қийинчилик туғдиради, шу сабабли мақолларни тўлиқ таркибда излашнинг бир усули яратилса, бу ҳолат фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Инглиз тилида барча турдаги матнларни ўз ичига олган BNC (British National Corpus) [https://www.english-corpora.org/bnc/] – Британия Миллий Корпусида little pitchers жумласини қидириш учун буйруқ берилганда, иккита контекст натижа сифатида экранда пайдо бўлди. Уларнинг биринчиси матн таркибидаги сўз бирикмаси (… little pitchers that had to be filled…) бўлса, иккинчиси эса мақол кўринишида: … allusion to the saying «Little pitchers have big ears», meaning that children have very sharp hearing.Мазкурконтекст Н.Бургис, М.Слетер ва Б.Николаснинг «The Dickens index»номли таҳлилий китобидан олинган бўлиб, унда мақолнинг мазмунида Диккенс асаридаги ёш боланинг ифодаланаётганлиги баён этилади. Ушбу мақолдаги little ва big градуонимлари ўсувчи ёйиқ макроградуонимик муносабатга (miniature → tiny/petty → little/small → normal → large/big → great/mickle → huge → gigantic) эга бўлиб, ушбу мақолнинг Little pitchers have large ears ваLittle pitchers have long ears (long лексемаси big лексемасининг маънодоши сифатида «узун ва шунинг билан бирга катта» маъносини бермоқда) вариантлари ҳам мавжуд. Мазкур икки мақолда ҳам ўсувчи макроградуонимик қатор аъзолари қатнашганлигига қарамай, берилган контекстда айнан little ва big градуонимли мақол қўлланилганлиги унинг прагматик салоҳияти қолган иккитасининг прагматик салоҳиятидан юқори эканлигини исботлайди. Ушбу контекстдаги мақолда кичик кўзаларнинг (болаларнинг) катта қулоқларга эга бўлиши, яъни мазкур мулоқот вазиятида ёш болаларнинг борлиги, одатда, болаларнинг эшитиш қобилияти жуда яхши бўлиши ва адресант томонидан у гапираётган гапни эҳтиёт бўлиб, ёш болаларнинг олдида айтиш ёки айтмасликни ўйлаб кўриб, кейин гапириши лозимлиги уқтирилади. Яъни мақолдаги мазкур градуонимлар унинг прагматик салоҳиятини белгилаб бермоқда. Ушбу корпус таркибида much/many → average → little/few камаювчи йиғиқ макроградуонимик қатор аъзолари қатнашган Many are called but few are chosen мақолини топиш мақсадида but few жумласи изланиши натижасида 300 га яқин контекст юзага чиқди, лекин, уларнинг фақат биттасида ушбу жумла мақолнинг таркибида келиши кузатилди:

… in Matthew in, in, in chapter twenty two and in, in, in verse fourteen, listen again what it says there (pause) Jesus is speaking he says (reading) for many are called, but few are chosen (pause) (SP:KN7PSUNK) (unclear) (SP:PS1RG) but when we’ve read those we’ve got to look up what else Jesus said, ...(Albert Gunter: sermon (Pub/instit). Rec. on 2 Jul 1989 with 3 partics, 25 utts)

Мазкур парча оғзаки диний маърузанинг ёзиб олинган вариантининг бир қисми бўлиб, ушбу мақол ўзининг маъносида ишлатилмоқда (бу мақол христианлик дини билан боғлиқ бўлган ривоятдан олинган бўлиб, унда Худо жаннатга кўпчиликни чақиради, лекин, улардан фақат бир нечтасигина (Худога ва унинг қудратига ишонганлар) бу овозни эшита олади ва улар жаннатга кира олади[https://biblia.com/bible/esv/Matt%2011.15] дейилади). Ушбу ҳолатда айнан мазкур мақолнинг қўлланилиши нутқ сўзлаётган руҳонийнинг нутқини унинг тингловчиларга нисбатан кучли перлокутив таъсирга эга бўлишини таъминлайди. Яъни нутқни тинглаётган инсонлар ўша кўплаб (барча) одамлар орасидаги айнан камчилик (жаннатга тушадиган) қаторида бўлишни хоҳлайди ва шунинг учун ҳам Худонинг борлигига ҳамда унинг қудратига ишонган ҳолда яхши амаллар қилишга интилади. Шунингдек, контекстда қўлланилган мақол таркибидаги градуонимлар шахс дейксислари бўлиб келмоқда.

Британия Миллий Корпусида бир қанча мақоллар қидирилганда шу нарса маълум бўлдики, ушбу корпусда миқдор жиҳатдан энг кўп учраган мақол Like father, like son бўлиб, унингтаркибида “grandparents/grandfather/grandmother → parents/father/mother → child/son/daughter → grandchild/grandson/granddaughter” камаювчи микроградуонимик қатор аъзолари мавжуд. Ушбу мақол мазкур инглиз корпусида 8 та контекстда учрайди. Уларнинг иккитаси ёзма бадиий асарларда (W_fict_prose), биттаси ёзма шаклдаги катта ҳажмли миллий газетадан олинган турли мавзудаги матнларда (W_newsp_brdsht_nat_misc), биттаси ёзма шаклдаги газетадан олинган тижорат мавзусидаги матнда (W_newsp_other_commerce), учтаси ёзма шаклдаги ҳаётий билим ва қарашлар баён этилган матнларда (W_pop_lore), биттаси ёзма шаклдаги илмий гуманитар мавзудаги матнларда (W_ac_humanities_arts), биттаси ёзма шаклдаги илмий бўлмаган ижтимоий мавзудаги матнларда (W_non_ac_soc_science) учрайди. Қуйида ҳар бир турдаги матндан биттадан мисолни таҳлилга тортдик.

When Boyd was a child of eight, he and his father had had to sit out a tornado while visiting a German friend who had settled in Kansas. Boyd was reminded of the howling noise of that fearful storm by his wife’s tantrum. He and Hank were upbraided, reviled and screamed at, until, without uttering ... followed by a shriek from his mother that he was as disgusting as his father; like father, like son (Lucilla Andrews, Hospital circles. Wallington, Surrey: Severn House, 1986, pp. 8-134).

Бадиий асардан олинган ушбу парчада ўз хотини билан жанжаллашаётган эрнинг онаси унга у ҳам отаси каби ёмон табиатли эканлигини баланд овозда айтади. Like father, like son мақоли ундаги ота бош қаҳрамоннинг отасини, ўғил эса бош қаҳрамонни ифодалаб, унинг отасидек ёмон хулқли эканлиги ҳақидаги импликатурани ўзида акс эттирмоқда.

But television fails to deal with some of the things that matter in sport: all-seat football stadiums, Manchester’s application of the Olympic Games in the year 2000, payment in Rugby Union. These are issues from which the sporting public is exploded other than in a weekly letters column. People rightly sound off about politics on television and the last two weeks have shown how sharp and articulate they are. It’s time for sports followers to be given their say. # Golf: Like father, like son as Palmer is left behind # By IAN RIDLEY # All seems right with the world ... ([Daily Telegraph, elect. edn. Of 19920410])

Ёзма шаклдаги катта ҳажмли миллий газетадан олинган спорт мавзусига оид ушбу матнда келажакда ўтказилиши режалаштирилаётган спорт мусобақаларига тайёргарлик ҳақида гап кетмоқда, бунда мусобақа ишқибозлари томонидан спорт мусобақалари ҳақида ўз сўзларини айтадиган пайт келгани таъкидланади, масалан Like father, like son мақоли орқали голфда Палмер исмли ўйинчи худди отаси каби доим бошқалардан орқада қолиши Ян Ридлей томонидан айтилаётганлиги баён этилган. Бу вазиятда мақолдаги ўғил градуоними спортчини назарда тутган ҳолда, унинг спортдаги фаолияти отасиники билан қиёсланмоқда. Палмернинг отасини таниганлар бу мақолнинг пресуппозициясини тушунишади ва унинг импликатурасини тўғри англай олишади, яъни унинг отасининг қандай ўйинчи эканлигини билган ҳолда, унинг отасига ўхшаб орқада қолишини мақол орқали тушунишади.

The business has begun preparations for the Christmas season – with a festive show planned for this week. # It’s family business. # LIKE father, like son – Three-year-old Darren Robinson takes a building lesson from his dad David. As well as being director of the Ideal Home Exhibition Mr.Robinson has created this year’s showhouse on the theme «Next Generation – Building for the Future». ([Belfast Telegraph, 1994] Commerce material)

Ёзма шаклдаги газетадан олинган тижорат мавзусига оид матн таркибидаги мақолда назарда тутилаётган ўғил Даррен Робинсон отаси каби бизнесда ўз ишининг устаси бўлиб, бу йилги янги йил байрами учун жуда яхши кўнгилочар кўргазма уйини очаётганлиги ҳақида инференция (хабар) берилган. Ушбу вазиятда камаювчи микроградуонимик қатор аъзолари юқорида келтириб ўтилган ҳолатлардан фарқли ўлароқ ижобий прагматик баҳони ифодаламоқда.

Like father, like son. Toby the Welsh Terrier is undeterred by any challenge. With family honour at stake, his inquisitive nature just gets the better of him… My famous dog Oggie, who has alternatively made me hate and love him for twelve years, has passed his tendency for being naughty on to his children. Genetics is a big mystery to me. I have discovered that not only do they pass their shape and colour, but behavioural patterns as well.(Dogs Today. Windsor: Burlington Pub. Ltd, 1992)

Ёзма шаклдаги ҳаётий билим ва қарашлар баён этилган ушбу матндаги фикрлар уй ҳайвонлари бўлган итлар ҳақида бўлиб, ундаги мақол ўз мазмунида ит ҳам ўз отасига нафақат ҳам шаклан, ҳам ранг жиҳатидан ўхшайди, балки уларга ўз оталарининг хулқ-атвори ҳам ўтади деган ҳаётий билим ва қарашларни ифодалайди. Ушбу вазиятда мазкур мақол ҳам ижобий (ит отасида бор бўлган яхши хусусиятларни олади), ҳам салбий (ит отасида бор бўлган ёмон хусусиятларни ҳам олади) прагматик мазмунга эгалик қилмоқда.

In 1818, William Wordsworth was helping the new Lord Lonsdale, Sir William Lowther, in the Westmorland elections. It would be a good idea, he pointed out to the noble lord, ... he hastened to add that he would personally make sure that only suitable Tory adherents were thus enfranchised.  A superficial observer of this piece of jobbery might well be forgiven for commenting: «like father, like son». (John Purkis, A preface to Words wоrth. Harlow: Longman Group UK Ltd, 1986)

Ёзма шаклдаги илмий гуманитар мавзуга оид матндан олинган мазкур контекст инглиз шоири ва ёзувчиси Уиллям Вордзвортнинг сиёсий фаолияти ҳақида баён этилган бўлиб, унинг ўз касбини тез-тез ўзгартириб туриши (ёзувчилик, сиёсатчилик, жамоатчилик) отасидан меърос қилиб олганлиги берилган мақол ёрдамида хулосаланган. Яъни бу вазиятда мақол унинг бу одатига ҳайрон қолиш керак эмас, чунки бу одат унга отасидан ўтган деган фикрни ифодалаб келган.

«No Ordinary Journey: John Rae, Arctic Explorer 1813-1893», by (----) price 9.95 (paperback) or 15.95 (hardback) is on sale at The Museum Shop and bookshops throughout Scotland. Like father, like son. Following in father’s footsteps was formerNMS warder (----), who retired last year after 15 years service. (----)’s father (----) was a warder in the old Royal Scottish Museum from 1932 to 1952 and as a boy (----) remembers being frequent visitor to Chambers Street.(Reporter. Edinburgh: National Museums of Scotland, 1993)

Мазкур парча ёзма шаклдаги илмий бўлмаган ижтимоий мавзуга оид матндан олинган бўлиб, унда биринчи исми яширинган шахснинг сотувга чиққан китоби ва унинг нархлари (юмшоқ ва қаттиқ муқовали) ҳақида маълумот берилади. Сўнгра у ҳам отаси каби узоқ йиллар музей қўриқчиси бўлиб фаолият юритгани ҳамда бир умр тарихий осори-атиқаларга қизиққани ёритилади. Бу контекстдан унинг китоби унинг музейдаги иш фаолияти ва мазкур қизиқишлари натижасида яратилганлиги ҳақидаги импликатурани англаш мумкин.

Юқорида таҳлилга тортилган Like father, like son мақоли қатнашган матнларнинг барчасида ушбу мақол кўчма маънода эмас, ўз маъносида қатнашган бўлиб, баъзи вазиятларда у ижобий, баъзиларида салбий, баъзиларида нейтрал маънода, баъзиларида эса ҳам салбий, ҳам ижобий мазмунни ифодалаб келди. Мақолнинг таркибидаги father ва son градуонимлари контекстда назарда тутилган қаҳрамонларни шахс дейксиси сифатида бевосита ифодалаб келиб, ушбу мақолнинг прагматик салоҳиятини белгилаб келмоқда. Чунки ушбу ҳолатларда Like parents, like children мақоли ҳам ишлатилиши мумкин эди, лекин, ушбу мақол келтирилган контекстлардаги ҳолатларни Like father, like son каби аниқ ифодалай олмайди. Чунки уларда ота-она ва фарзандлар орасидаги умумий ўхшашликлар ҳақида эмас, айнан ота ва ўғил орасидаги ўхшашликлар ҳақидаги фикрлар берилган.

С.Левинсоннинг «Pragmatics» китобида тилшунос мақолларнинг контекстуал вазият учун метафора вазифасида келишини таъкидлаган ҳолда, қуйидаги мисолни келтириб ўтади:«Your defence is an impregnable castle. A stitch in time saves nine.» [Levinson 2008: 11]. Ушбу контекстда ҳам градуоним таркибли мақол иштирок этган бўлиб, ундаги градуонимик муносабат миқдорни англатувчи градуонимик муносабат турига киради. Контекстда айтилган гапларнинг ўзбек тилига сўзма-сўз таржимаси қуйидагича: Сизнинг ҳимоянгиз мен учун бузиб бўлмас қасрдек. Ўз вақтида уланган битта ҳалқа қолган тўққизтасини сақлаб қолади. Мақолнинг прагматик импликатураси қуйидагича: «сизнинг ўз вақтида менга қилган битта ёрдамингиз, яъни мени ҳимоя қилганингиз мени учраш эҳтимоли бор бўлган бошқа кўплаб нохушликлардан ҳам қутқариб қолди». Мақолдаги а stitch бир марта қилинган ҳимояни, nine эса ўша ҳимоянинг натижасида таъминланган яна кўплаб нохушликларнинг олдини олиш ҳолатини ифодалаб келмоқда. Демак, мақол таркибидаги миқдорни англатувчи градуонимлар мазкур контекстдаги ҳолатга ишора қилаётгани сабабли улар мазкур мулоқот вазиятида дискурс дейксиси вазифасини бажармоқда. Ушбу мақолда бошқа сон эмас, айнан «тўққиз» сони ишлатилишининг сабаби инглиз менталитетида бирор ҳодиса, шахс ёки нарсанинг етарли даражадаги ўртача миқдорини ифодалаш учун айнан тўққиз сонини қўллаш одатга айланган. Бунинг исботини қуйидаги инглиз халқ мақолларида ҳам кўриш мумкин: Nine tailors make a man,A cat has nine lives,A wonder lasts but nine days. Шунингдек, мулоқот давомида қўлланилган градуоним таркибли мақол адресантнинг адресатга бўлган миннатдорчилигини янада ёрқинроқ ва кучлироқ етказиб беришга хизмат қилмоқда ва бунда асосий ролни мақол таркибидаги миқдорни англатувчи градуонимик муносабат бажармоқда.

Мақолнинг таг маъноси шу мақолнинг муайян бир контекстда қўлланилиш ҳолатида юзага чиқади. Мақолнинг нутқда қандай ҳолатларда кимлар томонидан қандай интенция билан қўлланилиши унинг «прагматик салоҳият»ини белгилаб бериши аниқланди. Шунингдек, мақоллар уларнинг турли мулоқот ҳолатларида турлича инференциялар(пресуппозициялар, экспликатуралар ва импликатуралар)ни ҳамда интенцияларни ифодалаши; бир контекстнинг ўзида (одатда бадиий контекстларда) бир маротаба қўлланилиш ҳолатида ҳам бир нечта функцияларни (социологик, дидактик, лингвокультурологик, прагматик) ва бир нечта инференцияларни (полиинференционаллик) амалга ошириши; мулоқот жараёнида қўлланилаётганда мулоқот иштирокчиларининг шахсий-ижтимоий хусусиятларини, мулоқотдаги вазият, замон ва макон каби прагматик омилларни ўзида акс эттира олиши; мулоқотнинг мазмуний ва мундарижавий яхлитлигини англатувчи трансакциясининг бир қисми бўла олиши каби прагматик хусусиятларни айнан уларнинг таркибидаги градуонимик муносабатлар ёрдамида янада ёрқинроқ намоён этади.

Хулоса қилиб айтганда, матнда ёки мулоқот ҳолатларида матн муаллифи ҳамда мулоқот иштирокчилари томонидан мақоллардан матн ёки мулоқотнинг семантик, экспрессив, эмоционал, социологик ва прагматик хусусиятларини кучайтириш учун фойдаланилади. Хусусан, градуоним таркибли мақоллар таркибида градуонимик муносабат мавжуд бўлмаган мақолларга нисбатан ўзи қўлланилаётган контекстнинг юқорида санаб ўтилган хусусиятларининг янада кучлироқ намоён бўлишига сабаб бўлади.

 

 

Адабиётлар:

 

  1. Абдуллаева Н.Э. Инглиз тилидаги градуонимик муносабатларга эга халқ мақоллари ва уларнинг ўзбек тилидаги муқобиллари //ЎзМУ хабарлари. –2017. – №6. –Б. 297-299.
  2. Абдуллаева Н.Э. Инглиз ва ўзбек халқ мақолларининг лингвопрагматик хусусиятлари // Хорижий филология. – 2020. – №4 (77). –Б.59-66.
  3. Жумабаева Ж.Ш. Ўзбек ва инглиз тилларида лексик градуонимия. Монография. – Т.: Мумтоз сўз, 2014. –  Б. 120-130.
  4. Levinson S.C. Pragmatics. – Cambridge: Cambridge University Press, 2008. – P. 151.
  5. Richards J.C., Schmidt R. Longman Dictionary of Language Teaching and Applied Linguistics. Fourth Edition. – Edinburg: Pearson Education Limited, 2010. – P. 137.
  6. https://www.english-corpora.org/bnc/ (мурожаат санаси: 22.08.2022).
  7. https://biblia.com/bible/esv/Matt%2011.15 (мурожаат санаси: 22.08.2022).

 

Abdullayeva N. Lunguopragmatic peculiarities of graduonymic relations in the content of English proverbs. The article is devoted to the investigation of linguopragmatic features of graduonymic relations in the proverbial contents belonging to the English nation. The analysis of proverbs including graduonyms are implemented with the help of the widest corpus of the English language – British National Corpus and mainlinguopragmatic features of graduonymic relations existing in proverbsare revealed in this article.

 

Абдуллаева Н. Лингвопрагматические особенности градуонимных отношений в содержании английских народных пословиц. Статья посвящена исследованию лингвопрагматических особенностей градуонимических отношений в пословичном содержании, принадлежащем английской нации. В статье проводится анализ пословиц, включающих градуонимы, с помощью широчайшего корпуса английского языка – Британского национального корпуса, и выявляются основные лингвопрагматические особенности градуонимических отношений, существующих в пословицах.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati