Ҳозирги замон тилшунослигида деривациянинг тобора кўпроқ янги аспектлари очилмоқда, уни лексик, синтактик, семантик, морфологик, формал турларга бўлишга ҳаракат қилинмоқда. Дериватологиянинг тарихий илдизлари тилдан фойдаланишни ҳар доим янгилик деб ҳисоблаган Декарт даврига бориб тақалади, унинг фикрига кўра тилдан фойдаланишни ҳеч бир нарса билан чегаралаб қўйишнинг иложи йўқ. Оддий нутқда одам аввал эшитган нарсасини шунчаки такрорламайди, балки нутқ тажрибаси ва ҳатто бутун тил учун янги лисоний шаклларни ҳосил қилади. Тил системаси бирликларининг нутққа кўчирилиши, унинг амалда реал қўлланилиши, инсонга хос шахсий сифатларнинг тилда акс этиши масалаларига лингвокогнитология, лингвокультурология, социолингвистика, прагмалингвистика ва социопрагмалингвистика каби илғор фан йўналишларида алоҳида эътибор кучайди. Лингвистикамиз олдида «нутқни тилга киритиш» масаласи кўндаланг турибди, деган эди О.Дукрот [1: 109].
Бу масала талқини ҳозирги жаҳон тилшунослигида ўта долзарб бўлиб, ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Эҳтимол, ХХI аср тилшунослик фани учун тилнинг амалда қўлланилиши муаммоларини ўрганиш асри бўлиб қолар. Шундай экан, тилнинг нутққа кўчирилиши, бошқача айтганда, нутқ лингвистикаси масалалари талқини тадқиқотларимиз кун тартибидаги асосий текширув объектларидан бирини ташкил этиши табиийдир. Аммо, бу билан тил системаси талқинига тааллуқли масалалар, муаммолар меъёр даражасида ўрганилган ва бу соҳада изоҳталаб масалалар йўқ, демоқчи эмасмиз, албатта. Бу жабҳада ҳам ўрганилиши лозим бўлган ва шу билан бирга, фан тараққиётига мос ҳолда қайтадан кўриб чиқилиши даркор бўлган масалалар анчагина кўринади. Бундай масалаларни тилнинг фонетик сатҳида ҳам, лексик-морфологик ва синтактик сатҳларида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, синтаксисга оид гап бўлаклари, микро ва макросистемалар муносабати, тил ва нутқ бирликларининг иерархик алоқаси, синтактик парадигматика, функционал синтаксис, семантик синтаксис кабиларга тегишли кўплаб масалалар ўз ечимини кутмоқда. Ана шундай масалалардан бири матн деривациясидир. Дериватологиянинг таниқли намояндаларидан бири Л.Н.Мурзиннинг таъкидлашича, дериватология фонемалардан бошлаб матн шаклланишини ҳам ўз ичига оладиган кенг қамровли йўналишдир[11: 3]..
Л.Н.Мурзин тилшуносликнинг дериватология деб аталувчи ушбу йўналишини Н.Хомскийнинг трансформацион грамматикасидан, матннинг когнитив ва дискурсив назариялариданоқ бошланганлигини таъкидлайди. Л.Н.Мурзиннинг деривацион концепти статика/динамиканинг дихотомиясини англаш тамойилига асосланган бўлиб, бу яратилаётган тил динамик назариясининг энг муҳим хусусияти эди. Динамизм тамойили биринчи марта “Синтактик деривация” (1974) асарида очиб берилган. Бу тамойил "Дериватология асослари" (1984) ва "Матн ва уни идрок этиш" (1991) асарларида тўлиқ тушунча шаклини олди, унда Л.Н.Мурзин ўша давр тилшунослигининг янги йўналиши асосларини шакллантирди. Е.С.Кубрякова шундай ёзади: Л.Н.Мурзин илмий асарларининг жуда машҳур бўлиб кетганлиги “рус тилшунослиги тарихининг ҳақиқатига айланиб улгурган”. У тилшуносликдаги когнитив тенденция етакчиларидан бири сифатида Л.Н.Мурзиннинг деривацион назарияси билан когнитив фан ўртасидаги боғлиқликни биринчилардан бўлиб қайд этган эди [8: 4].
Дериватология муаммолари тилни лисоний таҳлил қилиш тамойиллари билан қизиққан Г.В.Колшанскийнинг эътиборини тортди. Г.В.Колшанский тилни ҳар бир нутқий акт тил фаолиятининг алоҳида кўриниши бўлган динамик тизим сифатида тушунган. Ҳар қандай нутқий акт, унинг фикрича, инсон тафаккурининг когнитив мазмунини акс эттиради. Лингвистик таҳлилнинг мақсадини белгилаб, у тафаккур жараёнларини ифодалашнинг бутун мажмуаси билан боғлиқ ҳолда нутқ яратиш механизмини назарий жиҳатдан қайта қуриш муҳимлигини таъкидлади [7: 27].
Ҳозирда дериватология соҳаси тилни турли йўналишлар билан ўрганяпти: лингвистик йўналиш (деривация атамаси остида тил бирликларининг шаклланиши тушунилади); когнитив йўналиш (тил бу доимий кузатувдаги узлуксиз жараён, фикрни ифодалашнинг энг муҳим воситаси сифатида ўрганилади (тил материаллари ва шакллари асосида)) ва психологик йўналиш (бунда деривация тил бирликларини фаоллаштирувчи жараён сифатида кўзга кўринмас, мавҳум тарзда ифодаланади. У сўзловчининг онгида шаклланади ва деривацион жараённи унинг айрим натижаларига, билвосита маълумотларга кўра кузатиш мумкин)[16: 6].
Деривация - замонавий тилшу-носликнинг энг илғор йўналишларидан биридир. Жаҳон тилшунослигида тил тараққиётининг ҳозирги даврига қадар структур тилшунослик муаммолари ҳисобланмиш дистрибутив таҳлил, нутқ материалининг бевосита иштирокчилари, трансформацион таҳлил, тил материалининг функционал таҳлили, синтактик ва семантик деривация талқини, психолингвистика, нейролингвистика муаммоларининг ўрганилиши борасида жуда катта ютуқларга эришилди. Биз аниқ бир тилда бўлаётган ўзгаришларни эмас, балки тил ўзини – ўзи ривожлантираётганлиги ҳақида маълумотга эга бўлишимиз керак. Замонавий тилшунослик тилнинг бир йўналишидан иккинчи йўналишини қандай яратилишини инсониятга тушунтиришни ва ўзи ҳам шу йўналишни ривожлантиришни тақозо этади. Янги семантик маъноларни яратиш ва уни ишлаб чиқиш жиҳатидан олиб қараганимизда деривация оддий ҳол эмас, балки катта бир жараёндир. Айнан мана шу деривацион жараён сув каби, ҳаво каби тилга ўз-ўзини тараққий эттириш ҳуқуқини беради. Деривацион жараён орқали нутқнинг бир-бирлиги асосида янгисини яратиш каби инсон қобилияти орқали яратиладиган хусусиятлари мавжуд. Бу жараён олимларни тилнинг ривожланишини турли нуқтаи назарлар бўйича таҳлил қилишга чорлайди. Масалан, деривацион жараён тилнинг структур муаммоларини тушунтиради. Деривацион қонуниятларнинг кўриниши тил структураси, яъни тил эгаси ва тил бирликлари орасидаги алоқага нур бағишлайди. Буни эса бугун биз мазкур алоқанинг когнитив мазмуни деб атамоқдамиз. Бундан ташқари деривацион қонуниятлар матн чегарасининг ривожланиши ва кенгайишини ўрганади [17: 3-4].
Дериватологияда тилга оид қарашлар инсон ва унинг нутққа бўлган эҳтиёжларига қаратилган бўлиб чиқди. Шу маънода трансформацион грамматикада мавжуд бўлган “инсон тили” муаммоси дериватологияда “тилдаги шахс” сифатида қайта кўриб чиқилди. Тилшунослар томонидан алоҳида йўналиш сифатида қабул қилинган деривация назарияси лисоний муносабатлар тизимининг яхлитлик намунаси эканлигини ифодалайди ҳамда тил системаси динамикасини таъминловчи сабабларини аниқлаш имконини беради. Тил динамикаси концепциясининг асосини тилнинг майдон тузилиши тушунчаси ташкил этади, бу тушунча марказий ва периферик майдон бирликларининг ўзаро таъсирини назарда тутади. Л.Н.Мурзиннинг фикрига кўра тил марказининг бирликлари номинация жараёнида нолисоний бирликларни ифодалайди. Периферик бирликлар номинация иштирокчилари саналади. Тил марказининг бирликлари ёрдамида фикр ифодаланади, периферик бирликлар хабар қилинаётган нарсага берилган баҳони ифодалайди [4: 16-17].
Тилнинг майдон структураси тушунчаси риторик майдон моделининг асосини ташкил этади ва периферик бирликларни ҳосил қилишнинг лингвистик механизми деривация деб аталади. Ушбу механизм ёрдамида майдоннинг ядро элементлари имплицит ва тузилишига кўра содда деб талқин қилинади. Периферик элементлар эса эксплицит, структуравий жиҳатдан мураккаброқ ясалган бирликлар сифатида тушунилади. Бирликларни ҳосил қилишнинг деривацион механизми тилнинг ижодий имкониятларини очишга ёрдам беради [10: 78].
Деривация тил ва нутқни ажратмайди, нутқ тилнинг ҳаётидир, деган тамойилга асосланади. Тилнинг ҳаёти меъёрлардан холи бўлган озодлик қонунларига амал қилади, яъни нутқ кўринишида тил кўпроқ даражада эркинлик олади. Демак, лексик бирлик “ҳар қандай грамматик кийим кийишга мойил, грамматика эса, образли айтганда, ўлчамсиз кийимдир” [11: 10]. Шу маънода ҳар қандай нолингвистик категория тилда мавжуд бўлган ҳар қандай ниқоб ёрдамида ифодаланиши мумкин [11: 7].
Тил бирликлари реал нутқда фаолият кўрсатгани учун улар ўзгаришларга учрайди, ўзгаради, бир-бирига ўтади, яъни транспозицияга учрайди, бу маълум маънода улар ўртасидаги фаолият аспектидаги чегараларни йўқ қилади. Бу, бир томондан, деривациянинг универсал табиати ҳақида хулоса қилиш имконини беради, чунки у тилнинг бир сатҳидан ташқарига чиқади ва сатҳлараро категорияга айланади. Бошқа томондан, у функционал маънода турли даражадаги тил бирликлари: фонема, морфема, лексема ва бошқаларни тенглаштиради. Айтиш жоизки, тил нутққа яхлит структура тарзида эмас, балки алоҳида лавҳалар билан, сўзловчининг эҳтиёжлари асосида танлаб олинган қурилма элементлари билан кириб келади[6: 25].
Ўзининг асосий қоидаларини ўзгартирмаган ҳолда, деривация назарияси ривожланишнинг бир неча босқичларини босиб ўтди: 1) шаклланиш даври (сўз ясалиши, шунингдек, лексик ва синтактик деривация асосида); 2) текшириш даври (лексика асосида: метафора деривацияси, атама деривацияси; фонетика: ритм, такрорлаш – деривация жараёнлари сифатида); 3) услубий қурилиш даври (мулоқот характерини услубий асослаш ва матн яратишдаги уринишлар) [3:127].
Деривация назариясининг асосий қоидалари тил синхронлигида статик ва динамикани фарқлаш билан боғлиқ. Анъанага кўра, тилшуносликда тилни ўрганишда икки йўналиш кўриб чиқилади: диахрон ва синхрон. Диахрон жиҳатдан тилга динамика ва ривожланиш каби хусусиятлар берилган. Синхрон йўналишда тил бошқа параметрлар, яъни изчиллик ва вақт омилининг йўқлиги билан характерланади [11: 4].
Структурализм доирасида тилнинг ёпиқ, имманент белгилар тизими сифатидаги тушунчаси туфайли синхронликнинг статик жиҳатини ўрганиш асосий мақсад бўлган. Л.Теньернинг фикрига кўра, структур-синтактик ва семантик режаларни назарий жиҳатдангина бир-биридан кескин фарқланиши ҳақида мулоҳаза юрита оламиз. Амалда эса улар бир-бирлари билан қоришиб кетади. Синтактик структураларнинг амалда қўлланилиши бир томондан мантиқий факторлар билан, иккинчи томондан эса психологик омиллар билан боғлиқ бўлади. Мазкур омилларнинг ҳар иккиси ҳам биринчи навбатда инсон омилининг таъсири натижасида рўй беради. Шу боис инсон омили деривацион жараённинг асосий компонентларидан бири саналади. У сўз бирикмаларининг шаклланишида деривация операторидан кейинги (асосий) прагматик омил саналади. Инсон дериват таркибида бир-бирлари билан боғланаётган тил бирикмаларининг ҳар бирига муносабат билдиради. Бу муносабат эса энг асосий прагматик операцияни тақозо этади. Кўринадики, Л.Теньерда “деривация” терминидан фойдаланилмаган бўлса-да, синтактик деривация назариясининг реал белгиларини (фрагментларини) кузатса бўлади [15: 58-59].
Тил бирликларининг ҳосил бўлиш жараёнларини ўрганувчи дериватология кўпроқ синхронликка “даъвогарлик” қилади, чунки тадқиқот объекти матнларда янги тил бирликларини яратишдир. Ф.де Соссюр томонидан тавсифланган статика тушунчаси тил бирликлари орасидаги қарама-қаршилик муносабатини назарда тутади. Тилнинг динамикасига боғлиқ бўлган статика матн бирликларини шакллантириш қоидалари билан боғлиқ. Шундай қилиб, тилнинг динамикаси дериватологияда асосий тушунчага айланди. Тилда таксономик муносабатлардан ташқари, тубдан бошқа турдаги муносабатлар - яратиш муносабатлари (ёки деривация муносабатлари) кузатилади. Улар тилнинг динамик тизими деб аталадиган тизимни ташкил қилади. Шунга кўра, деривация жараёнини икки йўналишда, яъни семантик ва формал ёндашувларни татбиқ этиш йўли билан ўрганиш мумкинлиги ўз тасдиғини топади [14: 124].
Натижада, деривацион жараёнларни моделлаштириш имкони туғилади. Аммо моделлаштириш воситаси бўлган “модель”, “схема”, “қолип”, “андоза” каби тушунчаларнинг илмий талқини турличадир. Тилшунослар турли хил бирликлар (сўз, сўз бирикмаси, гап)нинг у ёки бу модель асосида яратилиши, тузилиши ҳақида гапирадилар: “Жараён структураси, унинг моделининг ажралмас қисмидир ва бунда субстанция, структура ҳамда функциянинг мослашуви акс этади” [9: 15].
Сўз бирикмаси деривацион хусусиятлари таҳлилида биз, асосан, Е.С.Кубрякованинг ушбу ҳодиса ҳақидаги назарий ғоялари ва юқорида эслатилган ишларида билдирилган фикр-мулоҳазаларига таянамиз.
Дериватологияда деривацияланиш жараёнининг ҳар хил хусусиятга эга бўлган икки даражаси ажратилади: чуқур ва юзаки. Дериватологиянинг вазифаларидан бири деривацион жараёнларнинг ички сабабларини ўрганишдир. Бундан ташқари, деривация жараёнининг бир чизиқли ва ночизиқ йўналишларда кечиши мумкинлигини ҳам эътиборга олиш лозим бўлади. Деривация бир чизиқда кечганида ёки тасмасимон йўналиш олганида, янгидан ҳосил бўладиган бирлик, иккиламчи лисоний белги деривация учун бошланғич нуқта бўлган бирликнинг структура тизимидаги ўзгаришлар натижасида ҳосил бўлади. Деривациянинг иккинчи йўналишида эса, тил бирлигининг структурасида ҳеч қандай кенгайиш ёки торайиш ҳолатлари кузатилмасдан, фақат семантик ўзгаришлар ҳосил бўлади. Таҳлилни сўз бирикмалари деривациясининг чизиқли йўналишда келиши ҳолатларини кузатишдан бошлаймиз.
Маълумки, сўз бирикмалари тизимида чизиқли деривация энг кўп таъсирга эга бўлган йўналишдир. Шу тизимга кирувчи бирликларнинг катта қисми, асосан, таркибий қисмларининг бир текис бирикуви асосида ясалади ва бу уларнинг структур моделларида ўз аксини топади. Масалан:
Жадвал – 5
No. |
Модел |
Сўз бирикмалари |
Сўз бирикмалари |
Мослиги |
|
N1+N2 |
stone wall |
тош девор |
+ |
|
N1+pr+N2 |
the bookof a pupil; the message from Tashkent; a girl at the window; the newspaper on the table; a letter with the envelope |
боланинг китоби; Тошкентдан хабар; дераза ёнида(ги) қиз; стол устида(ги) газета; хат билан конверт |
+ |
|
N’s+N |
grandmothers’ birthday; boy’s toy |
бувимнинг туғилган куни боланинг ўйинчоғи |
+ |
|
Adj+N |
white snow; rainy day |
оппоқ қор; ёмғирли кун |
+ |
|
Ving+N |
running dog |
чопаётган ит |
+ |
|
Ven+pr+N |
cut in pieces |
бўлакларга бўлинган |
+ |
Юқоридаги жадвалда келтирилган чизиқли деривация жараёнининг маҳсули бўлмиш моделларнинг фарқи фақат деривация формал операторларининг турли хил эканлигидадир. Юқоридаги бирикмаларда шундай операторлар ролини предлоглар (2, 6) ва ‘s (3) форманти ўйнамоқда. Инглиз тилига хос бўлган предлоглар ва ‘s форманти ўзбек тилида ўз вазифаларини келишик қўшимчаларига юклайдилар. Натижада ҳар иккала тилда ҳам тузилиши жиҳатидан деярли бир хил сўз бирикмалари ясалади. Инглиз тилида энг фаол операторлар қаторига, предлоглардан ташқари, ноль оператори киради (1, 4, 5), чунки ҳозирги инглиз тилида бирликларнинг синтагматик қатордаги мослашуви кўпроқ аналитик кўриниш олади. Бу қоида фақат инглиз тилига хос бўлиб қолмай, ўзбек тилида ҳам ноль оператори деривация формал операторларининг бир тури ҳисобланади, бу жадвалдан (1 ва 4 моделлар мисолида) яққол кўриниб турибди.
Юқорида изоҳланган сўз бирикмаларининг барчаси икки номинатив бирликнинг бирикишидан иборат бўлиб, уларнинг деривацион белгилари тўғрисида илмий адабиётларда бирмунча фикрлар билдирилган. Бизнингча, худди шу ўринда биномларнинг деривацион хусусиятлари етарли даражада таҳлил қилинмасдан қолмоқда. Биномлар ҳам, ўз навбатида, деривацион асос хизматини ўташи ва янада кенгроқ структурали бирикмаларни шакллантириш жараёнида иштирок этишлари мумкин, чунки тил бирликларининг синтагматик имкониятлари биргина валентлик даражасида чекланиб қолмайди. Шу боис, қуйида эътиборни мураккаб структурали бирикмаларнинг “деривация тарихи”ни таҳлил этишга қаратмоқчимиз.
Сўз бирикмалари тизимида деривация жараёни қолиплаштирилган ҳолда кечишини айтиб ўтган эдик. Инглиз тилида энг кўп тарқалган қолиплардан бири N1+pr+N2 бўлса керак. Предлог деривацион оператор ролини ўтайдиган сўз бирикмаларининг сони чексиздир. Предлог оператори иштирокида шаклланган сўз бирикмалари тизимидаги деривацион жараён ушбу биномлар ҳосил бўлиши билан тугамасдан давом этиши ва ушбу қолипга киритилган сўз бирикмаларининг барчаси, турли нутқий матнларда фаоллашаётиб, мураккаб таркибга эга бўла олади. Бу мураккаблашув, бир томондан, сўз бирикмаси компонентларининг бирикувчанлик қобилиятини акс эттирса, иккинчи томондан, улар ўртасидаги синтактик-семантик муносабатларнинг воқеланиши натижасидир.
Мураккаблашган сўз бирикишларини ёпиқ ва кенгайтирилган бирикмалар гуруҳларига ажратамиз. Биринчи гуруҳдагилар субординатив–тобелик муносабати асосида келса, иккинчи гуруҳдагилари эса координатив алоқа ёки ўзаро уюшишнинг ҳосиласидир. Ушбу гуруҳларга кирувчи бирикмалар, ўз навбатида, янада кичикроқ гуруҳларга тақсимланадилар:
а) предлог операторига эга бўлган деривацион қолипли ёпиқ бирикмалар;
б) ноль операторли деривацион моделга эга бўлган ёпиқ бирикмалар;
в) аралаш моделдаги бирикмалар.
2. Кенгайтирилган таркибдаги сўз бирикмалар:
а) боғловчи операторли деривацион моделдаги мураккаб сўз бирикмалари;
б) боғловчисиз кенгайтирилган сўз бирикмалари;
в) аралаш моделга эга бўлган сўз бирикмалари.
Ушбу моделлар асосида юзага келадиган сўз бирикмаларининг деривацион белгиларини тавсифлашга ҳаракат қиламиз.
– Унинг ишлари ҳақида суҳбат. – тушликдан олдинги суҳбат. – *унинг ишлари тушликдан олдинги бўлакларининг лексик маънолари мослашмаганлиги сабабли охирги бирикма грамматик жиҳатдан тўғри туюлса-да, сўз бирикмаси таркибидаги his affairs – унинг ишлари ва dinner – тушлик элементлари бирикманинг негиз бўлаги conversation – суҳбат билан бир хил муносабатда ва уларнинг тобелиги параллель характерга эга.
а) MN1+pr+N2– От1+кқ+СОт2 (the biggest city of the region – вилоятнинг энг катта шаҳри ёки вилоятдаги энг катта шаҳар);
б) N1+pr+MN2– СОт2+ кқ+ От1 (the pen in a red bag – қизил сумкадаги қалам);
с) N1+‘s+N2+pr+MN3– От1+ кқ +От2+ СОт3+ кқ (boy’s book on the wooden table – боланинг китоби ёғоч стол устида);
Жадвал – 6
No. |
Инглиз тилидаги моделлар |
Ўзбек тилидаги моделлар |
Мослиги |
|
MN1+pr+N2 |
N1+pr+MN2 |
- |
|
N1+pr+MN2 |
MN1+pr+N2 |
- |
|
N1+‘s+N2+pr+MN3 |
N1+‘s+N2 +MN3+pr |
- |
Бу моделларда М билан белгиланаётган элементлар сифат, отнинг бош ва генетив келишиги шакллари (N; N’s), олмош, сон, сифатдош кабилар билан ифодаланади. Бошқача айтганда, ушбу турдаги мураккаб бирикмаларда бош ва тобе бўлаклар ўрнини AN, NN, NaN, NnumN, VingN, VenN таркибли оддий биномлар эгаллайди. Жадвалда моделларнинг мослиги кўринмаса-да, бу фақат ушбу моделларнинг шаклига тегишли, мазмун жиҳатдан фарқлар деярли мавжуд эмас.
Деривация жараёнида ушбу моделлардаги бўлаклар ўртасида ҳеч қандай муносабат пайдо бўлмаслигини трансформация усулига мурожаат қилиш орқали исботлаш мумкин, яъни бош бўлак тушириб қолдирилса, мазмунсиз тузилма ҳосил бўлади: boy’s book on the wooden table/боланинг китоби ёғоч стол устида → boy’s … on the table/ боланинг ... стол устида.
Олдин айтилганидек, предлогли сўз бирикмалари бўлаклари ўртасидаги алоқанинг йўналиши тобе элементдан бош элементга қаратилган. Аммо, MN1+pr+N2 моделидаги М бўлаги N1 ва N2 бўлаклари билан бир хилда боғлана олмайди. Шу сабабли MN1 бирикмасининг кейинги отли компонент билан яхлит бирлик сифатида алоқага киришувини эътироф қилишимиз лозим: N1+pr+MN2 андозасидаги мураккаб бирикмаларда асосий компонентнинг аниқловчиси сўнгги ўринда турган яхлит сўз бирикмасидир: – The building of the reading hall/ўқув залининг биноси; – A vase at a closed window/ёпиқ дераза ёнидаги гулдон.
Ушбу турдаги мураккаб бирикмаларнинг деривацион муносабатлари қуйидаги кўринишга эга: – A vase at a window closed/ гулдон ёпиқ дераза ёнида. Бирикма мустақил қисмларга ажратилганда компонентлар ўртасидаги муносабат бошқача тус олади: – The reading hall/ўқув зали; the building of hall/залнинг биноси. Тобе бўлакни ёйиқликка чақирувчи элементнинг сўз бирикмасининг негиз қисми билан бевосита алоқада эмаслигини қуйидаги трансформация ҳосиласи исботлайди:
– The building of the reading hall → The building of hall ….;
– Ўқув залининг биноси → ... залининг биноси.
Айрим ҳолларда оддий сўз бирикманинг иккала қисмининг ҳам мустақил равишда ёйилиши кузатилади, бундай алоқада икки сўз бирикмасининг деривацион муносабатга киришиши ҳолати намоён бўлади. MN1+pr+MN2моделидаги мураккаб бирикмаларга мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:
– A sharp look at alienwoman/бегона аёл(томон)га ўткир нигоҳ;
– Ten pupils from neighbour school – Қўшни мактабдан ўнта ўқувчи.
Бундай кўринишдаги сўз бирикмасининг яна бир деривацион хусусияти шундаки, уларни аниқлаштирувчи элементлар ўзаро ҳеч қандай муносабатга киришмайдилар: – a sudden knock on the front door → sudden … on front.
Бу турдаги мураккаб тузилма таркибидаги a sudden knock ва the front door аслида мустақил сўз бирикмалари бўлиб, on оператори воситасида деривация жараёни иштирокчиларига айланадилар ҳамда мураккаб бирикишни ҳосил қилади: – A sudden knock + on + the front door.
Бундан ташқари, деривация жараёнига сифат, равиш сон ва герундий туркумларига оид элементларнинг иштирок этишини айтиб ўтган эдик. Бу элементларнинг мураккаб бирикмалар таркибидан ўрин олиши турлича кечади. Бинобарин, равишнинг синтактик ўрни доимий эмас ва олд ва сўнг бўлаклар ўрнини бир хилда эгаллаши мумкин: – Meeting in Tashkent last week; – A contract last уear with new company.
Ёйилиш деривацияси сон ёки as боғловчили отнинг бош бўлак билан бирикуви ҳисобидан юзага келганда, аниқловчи доимо отдан кейинги ўринни эгаллайди. Бу эса уларнинг от бўлаги билан лексик чатишувидан дарак беради. Ушбу элементлар тушириб қолдирилганда, сўз бирикмасининг мазмун структурасида бирор-бир аҳамиятли ўзгариш сезилмайди: – Page three of the journal → the page…of the journal. Лекин: – his case against Hook as a schemer → his case as a schemer against Hook.
Предлогли ва предлогсиз юзага келадиган аралаш моделли мураккаб таркибли сўз бирикмасининг деривацион тузилиши MN1+pr+MN2+pr+MN3:
Кенгайтириш деривацияси жараёнида юзага келадиган мураккаб сўз бирикмаларининг моделлари иштирок этаётган боғловчиларнинг турли хил бўлишига боғлиқ ҳолда ўзгариб туради. (Боғловчили деривация: N1 and N2 and … Nn) + pr + N2; N1+pr + (N1and N2 and Nn); N1+pr+(N1+N2…Nn).
Деривация жараёни координатив муносабатлар асосида кечишининг ҳар қандай ҳолатида сўз бирикмаси структурасини кенгайтирувчи элементнинг бош ва тобе компонент билан бир йўсинда боғланиши кузатилади. Бўлакларнинг тенг муносабатда эканлиги мураккаб бирикманинг бир неча мустақил оддий сўз бирикмаларига тақсимланиши билан исботланади: – A salad of tomato, cucumber and cabbage → (a salad of tomato), (a salad of cucumber) and a salad of cabbage.
Координатив муносабатлар сўз бирикмалари деривацияси жараёнининг кенг миқёсда кечишини таъминлайди ва мураккаб структуралар бирикмалар таркибида ҳар бир оддий сўз бирикмасининг бу жараёнда мустақил конструктив бирлик сифатида иштирок этишини тақозо этади. Конструктив хусусиятли бирликларнинг кичик тил бирликларидан фарқи ҳам шунда намоён бўлади [12:112-122].
Шундай қилиб, келтирилган мисолларнинг таҳлили сўз бирикмалари тизимида кечадиган чизиқли кўринишдаги деривация жарёнининг тадрижий хусусиятга эга эканлигидан, деривация амалларининг тизимли равишда кўп босқичли фаоллашувидан дарак беради. Шу амалларнинг фаоллашувини таъминлайдиган формал операторларнинг сони ҳозирги инглиз тилида кескин чегараланган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, мураккаб сўз бирикмаларининг деривацион хусусиятларини ўрганиш тил бирликлари комбинаторикасига оид қоидалар мажмуасини аниқлашга йўл очади.
Мураккаб таркибли сўз бирикмаларининг деривацион хусусиятларидан яна бири бевосита нутқий фаолият жараёнида ушбу бирикмаларни кўп миқдорда ҳосил қилиш имкониятининг мавжудлигидадир. Ҳатто баъзан сўз бирикмалари тузилишининг мураккаблашуви чегарасиздек кўринади. Масалан, инглиз ёзма ва оғзаки нутқида Common Reference Levels: global scale from Chapter 3 of theCommon European Framework of Reference for Languages; World Cup-winning fly half Pollard; кўринишидаги номинатив қаторларнинг ҳосил бўлиши тез-тез кузатиладиган ҳолдир.
Сўз бирикмалари деривациясидаги етакчи бўлакни аниқлашнинг структур-формал услублари ҳам мавжуд бўлиб, булардан бири сўз бирикмасини вербаллаштириш (предикатив тузилмага айлантириш)дир:
– A blood sugar regulation formular → a formula to regulate the sugar in blood; – Advanced data base system → a system to handle advanced data base…etc.
Бундай трансформациялар ҳосил қилиш имкониятининг мавжудлиги, кўп таркибли сўз бирикмаларининг (баъзан улар ўткинчи, окказионал бирикма бўлишларига қарамасдан) маъносини англашни ҳам осонлаштиради. Бу тил соҳибларининг шу хусусиятдаги трансформаларни фикран такрорлашлари билан боғлиқ бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин, сўз бирикмаси деривацияси хусусиятларини ўрганиш етакчи бўлакларнинг ролини аниқлаш билан тугамайди, чунки деривация кўп босқичли ҳодиса бўлиб, унинг турли босқичларида юзага келадиган хусусиятлар, ҳолатлар бир-бирини такрорламаслиги муқаррар.
Деривацион жараёнларни билишнинг умумий усули гипотетик (фаразга асосланган)-дедуктив бўлиб, деривация моделини қуришни назарда тутади. Процессуал характердаги ҳодисаларни тавсифлаш динамик таҳлил бирликларидан фойдаланишни талаб қилади. Статик бирликдан фарқли ўлароқ, динамик бирлик вақт параметри билан тавсифланади ва бошланғич ва якуний бирлик ўртасида туғиладиган жараёнининг маълум бир сегментига мос келади. Сўз ясалиш назариясида янги сўз ясашда қўлланиладиган ушбу бирлик деривацион босқич деган термин билан юритилади. Деривацион босқич атамаси тилнинг исталган бирликлари, жумладан, сўз бирикмаларини ҳам ўрганишда қўлланилади. У алмашинув, элиминация ҳамда инверсия каби амалларни ўз ичига олади. Дериватологияда тил бирликлари динамик жиҳатдан ўрганилади, яъни тадқиқ қилиш унинг илк яратилган вақтидан бошланади. Бу деривацион таҳлил методологиясининг хусусиятларини олдиндан белгилаб беради. Дарҳақиқат, маълум бир матн билан шуғулланиш жараёнида, дериватология ушбу матн таркибида унинг яратилиши билан боғлиқ бўлган "излар"ни топишга ҳаракат қилади, ушбу излар матн яратиш жараёнини қайта тиклаш имкониятини берувчи тил белгилари бўлиши мумкин. Матнни таҳлил қилиш асносида аниқланган фаразлар деривация моделлари деб аталади [11: 19].
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
Даниева М. Деривационные процессы в системе словосочетаний английского и узбекского языков. В статье рассматриваются пути создания одного направления языка от другого, создание новых смысловых значений, т.е. процесс деривации в английском и узбекском языках. Ведь именно этот процесс деривации дает языку право на саморазвитие, процесс, который нужен языку как вода, и как воздух, и через процесс деривации создаются признаки, проявляются созданные человеческой способностью, как создание нового смысла на основе одной единицы речи. В статье делается вывод о том, что этот процесс побуждает лингвистов анализировать развитие языка с разных точек зрения. При освещении теоретических аспектов информации в статье автор опирается на мнения ведущих языковедов нашей страны и зарубежья.
Daniyeva M. Derivational processes in the system of Phrases in English and Uzbek. The article discusses how to create from one direction of a language another one, the creation of new semantic meanings, or the process of derivation in English and Uzbek. Indeed, it is this process of derivation that gives language the right to self-development, like water, like air, and through the process of derivation the features created by human ability, such as the creation of a new one based on the other unit of speech, are manifested. The article concludes that this process encourages linguists to analyze the development of language from different perspectives. In covering the theoretical aspects of the information in the article, the views of leading linguists in our country and abroad were relied upon.