ИНСОН ХАРАКТЕРИГА ХОС СИФАТ ЛЕКСЕМАЛАРЛАРНИНГ ВАЛЕНТЛИГИ

Байманов Ҳабибулла Абдуллаевич,

ТошТЕСИ катта ўқитувчиси

Калит сўзлар: интеллектуал, статик, динамик, интеграцион, сиркостант.

Байманов Х. Валентность лексем, свойственных для характера человека В статье рассматривается валентность немецких и узбекских имён прилагательных, свойственных для характера человека.

Baymanov X. Valency of lexemes dealing with a human’s character. In the article valency of German and Uzbek adjectives characterizing a person is investigated.

Инсон ўз интеллектуал салоҳиятининг ривожланиши тарихида санамоқни ўргангандан кейин қиёсламоқни ҳам яхши ўзлаштира олди (1). Қиёслаш маданият билан, маданият эса қиёсламоқ билан ҳамоҳанг, чунки қиёслаш кенг маънода умулаштириш ва фарқламоқ демакдир. Таниқли олим ва ёзувчи О.Мандельштам ўзининг “Данте билан суҳбатда” номли асарида: “Мен қиёслаяпман, демак мен тирикман” (2) деган эди. М.Фуконинг таърифлашича, қиёслаш – “аниқлашни тақозо қиладиган, тафаккурни бойитадиган, билиш ва англашни чархлайдиган энг универсал, энг оддий, шу билан бирга энг мураккаб элементдир” (3).

Ҳозирги даврда чет тилларни билиш ва маданиятларнинг турли-туманлигини англай олиш – интеграцион жараёнларнинг, жумладан таълим тизимининг янада ривожланишига омил бўлмоқда. Узлуксиз лингвистик таълимнинг вазифаларидан бири турли тил ва маданият вакиллари бир-бирларини яхши тушуниш ва ўзаро бойитишига замин яратишдир. Айниқса тилларни қиёсий ўрганиш тилшуносликни янада ривожланишига замин яратади. Чунки, тилларни қиёсий ўрганиш орқали турли лисоний ва нолисоний қонуниятлар юзага чиқади.

Шунингдек, немис ва ўзбек тилларидаги сифат сўз туркумига оид сўзларнинг морфологик ва синтактик хусусиятларини тадқиқ қилиш долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

XV-XIX асрларга мансуб манбалар тилида қайд этилган туркий тиллардаги, шунингдек, немис ва ўзбек тилларидаги сифат лексемаларга хос барча хусусиятларнинг асосийлари нарса-предмет ва ҳодисаларнинг белгисини билдириш сифатнинг семантик асосидир. Белги билдириш хусусияти ва табиати жиҳатидан туб (аслий) ва нисбий сифатлар бир-биридан қисман фарқланувчи ўзгачаликларга эгадир. Туб сифат ифодалайдиган белги тушунчаси шу сифатнинг тўғридан-тўғри маъносидан англашиладиган ранг, тус, тур, там, маза, ҳажм, вазн, меъёр, сатҳ, миқёс каби доимий сифатий белгилар билан боғлиқ бўлади, бу доимий сифатий белгилар конкрет ва абстракт характерда бўлиши мумкин: оқ, қизил, аччиқ, ширин олма; аччиқ ҳақиқат, оқ йўл, ширин ҳаёт кабилар. Нисбий сифатда эса белги тушунчаси шу ясама сифатга асос бўлган сўздан англашиладиган нарса-предмет ёки ҳодиса маъноси билан боғлиқ бўлиб, унинг белги хусусияти бошқа турдаги нарса-предмет ёки ҳодисага турли даражада нисбат берилиши орқали ифодаланади (4).

Бир қатор тилшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг фикрига кўра тилларда сифатлар тарихан морфологик кўрсаткичи унча тараққий этмаган сўз туркуми ва сифат даставвал мустақил сўз туркум сифатида мавжуд бўлмаганлиги, у сўнгроқ от туркумидан ўсиб чиққанлиги ва шаклланиб ривожланганлиги ҳақида таъкидлайдилар.

Туркий тиллар тараққиёт босқичининг қадим даврларидан бошланган сифатнинг отдан ажралиб чиқиши узлуксиз ҳодиса бўлиб, бу жараён ҳануз давом этмоқда. Бундан келиб чиқиб, ҳамма сифат ҳам отдан ажралиб чиққан, деган фикрни бу қадар юқори баҳоланишини таҳсинга лойиқмас деб биламиз. Немис тилшунос олими Э.Ульрих сифат от ва феълдан сўнг учинчи ўринда турувчи катта сўз туркуми ҳисобланиб, тил луғати таркибининг 6/1 қисмини ташкил этиши ҳақидаги қимматли фикрини айтади (5).

Тилларда сифатлар дифференциал белгилари асосида таснифланган. А.Абдураҳмонов, М.Асқарова, Т.Ходжаев, Р. Қўнғуровларнинг тадқиқотлари бу жиҳатдан аҳамиятга моликдир. Ушбу илмий ишларда сифатларнинг лексик-семантик, структуравий ва грамматик хусусиятлари ўрганилган. Сифат ва равишни семантик эмас, функционал аспектда фарқлаш лозимлиги, шунингдек, сифат предметнинг статик ва динамик характеридаги белгисини кўрсата олиши каби хусусиятлари эътироф этилади.

Бир белги маъносини ифодалаш учун содда, қўшма, жуфт ва бирикмали, тизма сифатлар, лексик-фразеологик бирикмалар, ёйиқ изоҳловчилар қўлланиши ҳам мумкин. Лексик ифодалар ва изоҳлар турли сўз туркумларидан бўлади. Бундай изоҳловчилар кўпроқ предмет белгисининг (аниқловчининг) аниқловчилари, уни конкретлаштирувчи воситалар, муболағалар бўлади. Масалан:

Қўрқув нималигини билмайдиган бу олов йигитнинг лақаби Бек, исми эса Бекмирза эди. У танти, ўта сезгир, ақл билан иш кўрувчи, бир сўзли йигит эди. Ҳар қандай шароитда ҳам ўзини ҳушёр, совуққон тута билар, босиқлик билан гапирарди. (Саид Равшан. “Ажал ўйини”, 5 б.).

Хотин урадиган ва хотин устига хотин олиб, хотинларига зулм қиладиган баъзи ҳайвонсифат кишилардан бўлиб кетиши, менимча, эҳтимолдан жуда узоқдир иним... (A.Қодирий 1980: 18. “Ўтган кунлар”).

Демак, сифатлар турли хил лисоний шакллар ҳосил қилиши натижасида мулоқот жараёнида инсон онгида турли когнитив моделлар ясалишига замин яратади.

Айтиш ўринлики, бугунги кунда тилшунослик фанининг олдида яна бир сифатларнинг тури – сифатларнинг валентлигини таснифлаб ўрганиш куннинг долзарб масаласига айланиб қолмоқда.

Валентлик – асосан феъл-кесимга хос тил ҳодисаси бўлса-да (6), лекин кейинги йилларда сифатларнинг валентлиги тўғрисида ҳам кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Валентлик назарияси тилшуносликда нисбатан янги бўлиб, у кейинги ярим аср давомида Л.Теньернинг грамматикага доир асарлари таъсирида кенг тарқалди. Valenz – лотинча сўз бўлиб, “тобе қилиш”ни англатади. Тилшуносликка бу термин кимё фанидан кириб келган. Бирор бир кимёвий

элемент ўзига бир ёки бир нечта бошқа кимёвий элементни тобе қилиб, бириктириб олиш хусусияти “валентлик хоссаси” деб тушунтирилган (7).

Л.Теньер, Ж.Фурке, Х.Бринкманн, И.Эрбен, В.Шмидт, П.Гребе, Степанова М.Д., Хельбиг Г, Л.Вайсгербер ва бошқа тилшунослар ўз тадқиқотларида феъл-кесим гапнинг уюштирувчи бўлагидир деган назарияни илгари сурадилар: ”Кесим предикатив категорияларнинг (замон, модаллик ва бошқаларнинг) ифодаловчиси ва гап ясовчи элемент сифатида хизмат қилади: феъл-кесим орқали бошқа гап бўлаклари – эга, аниқловчи, тўлдирувчи, ҳол ўзаро муносабатда бўладилар” (8).

Феъл-кесим кузатилаётган физик-динамик жараён ва иш-ҳаракатнигина ифодалаш билан чекланмай, балки миқдорий муносабатларни ҳам белгилайди, масалан: Китоб беш қисмдан иборат. – Das Buch besteht aus fünf Kapiteln. Бир қопга 40 килограмм дон сиғади. – Ein Sack enthält (verfasst) 40 Kilo Getreide. Синтактик муносабатлар ва турли хил умумлаштириш натижасида хилма-хил йиғиқ ва ёйиқ конструкциялар ҳосил бўлади, лекин баъзи бир валентлик хоссалар идрок этилса-да, намоён бўлавермайди, масалан: Бола китоб ўқимоқда Бола секин ўқимоқда / Бола анчадан бери ўқимоқда. // Das Kind liest das Buch Das Kind liest langsam / Das Kind liest schon lange Zeit.

Сифат сўз туркумлари учун эса бу каби ёйиқ валентлик структуралари хос эмас. “Оддий” турдаги сифатлар предмет ёки инсоннинг белгисини ифодалайди (кичкина уй // ein kleines Haus, чиройли аёл // eine hübsche Frau, семиз киши // ein dicker Mann) ва одатда якка ҳолда эга (от сўз туркуми) билан синтактик муносабатда (пассив семантик валентликда, тобеликда) бўлади. Баъзан оддий сифатлар бошқа сифатлар билан уюшган ҳолда қўлланилади. Масалан, баъзи сифатлар параметрни эксплицит равишда белгилайди (бўйига кўра – узун // nach der Größe ist zu groß, танасининг рангига кўра – оқ // nach der Farbe des Körpers ist weiß), бошқа сифатлар эса оддий конструкция ҳосил қилади (қора сочли қиз // Schwarzhaarriges Mädchen).

Меҳрибон – gutherzig, жасур – tapfer, фаросатли – feinfühlig, қўпол – grob, эътиборли – zuvorkommend каби яна бир турдаги сифатлар эса инсон характерини белгилаш учун қўлланилади. Инсон характерига хос мазкур сифатлар нафақат инсонлар ўзаро муносабатларида (бошқаларга нисбатан меҳрибон, муносабати қўпол, қарияларга эътиборли ва ҳоказо), балки бошқа ҳолатларда ҳам (ҳисоб-китобда эътиборли, кир ювишда фаросатли, тўполон қилишда жасур ва ҳоказо) намоён бўлади. Ушбу сифатлар билан ишлатилган ҳамкор сўзларни сиркостантлар деб атаймиз. Чунки бу сўзлар конкрет шароитни аниқлаштиришда қўлланилиб, баъзан гапларда облигатор (яъни актант) гап бўлаги вазифасига даъво қила олмайди. Демак, аниқловчи сифатлар ва уларнинг конкретизаторлари (бошқаларга нисбатан меҳрибон, муносабати қўпол, қарияларга эътиборли), ҳол вазифасидаги равиш ёки сифатлар (ҳисоб-китобда эътиборли, кир ювишда фаросатли, тўполон қилишда жасур) аниқланмиш ёки феъл-кесимнинг маъносини ўзгартира олмайди.

Бордийки, оддий сифат ўз маъносини ўзгартирса, у ҳолда унинг янги валентлик хоссаси юзага чиқади. Ушбу янги валентлик алоҳида конструкция ҳосил қилади (9): очиқ ҳаво – klarer Himmel / Унинг кўнгли очиқ – Alles klar.

Домланинг яхши ҳислати шундаки, у оқ кўнгил, кибирсиз, таъмагир эмас, сабр-қаноатли, бағри кенг, мутолааси зўр олим, дер эдилар отам. Сўзларда мантиқсиз ортиқча иборалар мутлақо бўлмас, тингловчи гўё ҳузурланар, яна-яна тингласам дер эди (А.Қодирий).

Баъзан янги валентлик сифатнинг бирламчи маъносини ўзгартириб юборади: бой одам – Reicher Mann / витаминларга бой мева – Die Frucht ist reich an das Vitamin // лекин: *бой мева – *Die reiche Frucht эмас.

Aber, es sei gesagt, dass er schlauer Fuchs war. Weiß ich nicht genau, er war nicht da (B.Bret).

Алоҳида турга хос бўлган баъзи сифатлар ҳам мавжудки, улар предметнинг белгисини эмас, балки предметлар ўртасидаги муносабатларни

белгилаш учун қўлланилади. Бу каби сифатлар бирдан ортиқ валентликка эга бўлиб, улар алоҳида конструкция ясайдилар.

Хулоса қилиб таъкидлаш жоизки, сифатларда бир неча турдаги маъно белгиловчи тривиал валентлик (бўйига кўра – узун // nach der Größe ist zu groß, танасининг рангига кўра – оқ // nach der Farbe des Körpers ist weiß) билан бир қаторда нотривиал, яъни фақат маълум маънони белгилайдиган валентлик хоссалари ҳам учрайди. Мазкур тил ҳодисалари феъл-кесимнинг валентлигига нисбатан кам тадқиқ этилган. Чет тилини ўрганишда ушбу мақолада келтирилган мисоллар аҳамиятлидир. Бундан ташқари, сифатларнинг валентлиги, шунингдек, немис ва ўзбек тилларидаги инсон характерига хос сифат лексемаларнинг валентлиги, улар ҳосил қиладиган конструкциялар омонимия муаммоларини ўрганишда янада ёрдам беради.

 

 

Адабиётлар:

  1. Сепир Э. Избранные труды по языкознанию и культурологии. -М., 1993.

  2. Мандельштам О.Э. Слово и культура. М., -1987. С. 121.

  3. Фуко М. Слова и вещи. Археология гуманитарных наук. СПб., 1994. С. 66.

  4. Абрамов Б.А.. Теоретическая грамматика немецкого языка. – М.: Владос, 2004.

  5. Engel Ulrich. Deutsche Grammatik, Heidelberg, 1988. S.56.

  6. Helbig G. Schenkel W. Wörterbuch zur Valenz und Distribution deutscher Verben. Max Niemeyer. – Tübingen, 1991.

  7. Теньер Л. Основы структурного синтаксиса. – М.: Прогресс, 1988.

  8. Степанова М.Д., Хельбиг Г. Части речи и проблема валентности в современном немецком языке. – М.: Высшая школа, 1978.

  9. Степанова М.Д. Валентность в синтаксисе и в словообразовании немецкого языка. – М.: Высшая школа, 1983.

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati