Маълумки, метонимия термини “metonymia” сўзидан олинган бўлиб, “қайта номлаш” деган маънони англатади. Метонимик қайта номлаш эса муайян категорияга мансуб объектларни макон ва замондаги ички алоқадорлигига асосланиб, улардан бирининг номини иккинчисига кўчирган ҳолда, номинатив ўриндошлар ҳосил қилишга асосланади. Муайян категорияга мансуб объектлардан бирини иккинчиси орқали идрок этишга асосланадиган ушбу жараёнда “симметрик импликация”га таянилади [Никитин. 2007: 192-195].
Мазкур терминдаги “симметриклик” импликацион жараённинг муайян категорияга мансуб концептлар иштирокида воқеланишига, “импликация” (лотинча implikatio-тўқима) эса метонимик жараённи “икки мантиқий структура”га мансуб концептлар алоқадорлиги асосида “мураккаб таркибли тузилма”ни ташкил қилиш асосида воқеланишига ишора қилади [Захаренко ва б. 2008: 197]. Симметрик импликация шу хусусиятига кўра метонимиянинг когнитив аналогини тақозо этади.
Икки ментал майдонга мансуб концептларнинг симметрик импликацияси асосида воқеланадиган метонимия тилшуносликда яхлит ҳодиса сифатида ҳамда метонимия ва синекдохаларга ажратилган ҳолда таснифланади. Метонимияни яхлит ҳодиса сифатида талқин этиш Ғарб тилшунослигида кенг тарқалган бўлиб, И.В. Арнольднинг: “партитив муносабатга асосланган номни бошқаси билан алмашинишига олиб келадиган синекдоха ҳам аслида метонимиянинг бир туридир”, -деган фикри орқали ўз аксини топади [Арнольд. 1990: 86].
Ўзбек тилшунослигида ушбу восита метонимия ва синекдохаларга ажратилган ҳолда талқин қилинади. Хусусан, Ш. Раҳматуллаев “синекдоха йўли билан маъно кўчиш, метонимия йўли билан кўчишнинг бир кўриниши” эканини эътироф этса-да, уларни ажратиб тавсифлашни маъқул кўради [Раҳматуллаев. 2006: 58]. М.М. Миртожиев эса метонимияни “ҳосил қилувчи ва ҳосила маъно референтлари ўзаро алоқадор бўлишига асосланадиган ҳодиса” сифатида, синекдохани эса “ҳосил қилувчи ва ҳосила маъно референтларидан бири бутунни, иккинчиси унинг бўлагини билдириши” билан характерланадиган ҳодиса сифатида изоҳлайди [Миртожиев. 2010: 100-103]. Р.Сувонова ҳам метонимия ва синекдохаларни алоҳида ажратиб ўрганиш лозимлигини таъкидлайди [Сувонова. 2003: 8].
Келтирилганлардан маълум бўладики, биринчи ҳолатда муайян категорияга мансуб мақсад ва манба мақомидаги концептларнинг импликацион алоқадорлиги метонимияни вужудга келтирувчи умумий восита сифатида қаралади. Иккинчи ҳолатда эса ушбу алоқадорлик “ҳосил қилувчи ва ҳосила маъно референтлари” ўртасидаги партинимик ва гипонимик муносабатдан келиб чиқиб, метонимия ва синекдохалар ажратилади. Мазкур талқинда бевосита метонимик жараён эмас, балки ҳосил қилувчи ва ҳосила маъно референтларидан келиб чиқадиган муносабат эътиборга олинади.
Бизнингча, ҳосил қилувчи ва ҳосила маъно референтлари ўртасидаги жинс-тур, бутун-қисм муносабати эътиборидан келиб чиқиш, метонимик ҳосилаларни статик кўрсаткичларга таснифлаш билан чекланишга олиб келади. Жинс-тур, бутун-қисм муносабатларни ташкил қилувчи умумий воситага, яъни симметрик импликациядан келиб чиқилганда эса метонимия икки ментал майдонга мансуб концептлардан бирини иккинчиси орқали идрок этишга олиб келувчи динамик восита сифатида намоён бўлади. Хусусан, инсонни “бош, оёқ, қўл, тирноқ” каби партонимик ҳамда “шапка, дўппи, такси, синф, зал” каби гипонимик алоқадорликлар асосида номланишида икки ментал майдонга мансуб концептлар ўртасида бутун-қисм муносабатини ўрнатувчи импликацион воситага таянилади.
Кейинги йилларда метонимияни когнитив ва дискурсив жараёнлар кесишган нуқтада юз берадиган ҳодиса сифатида талқин қилиш кенг тус олмоқдаки, ушбу тавсифлар ҳам метонимиянинг анъанавий талқинларига нисбатан кенгроқ муносабатда бўлишга ундайди. Хусусан, Е.В. Падучева “бутун-бўлак алоқадорлигига асосланадиган ҳодисалар замирида нафақат метонимик силжиш, балки инсон фикрлашининг когнитив стратегияси” ётишини таъкидлайди [Падучева. 2003]. З. Ковексес ва Г.Радденлар метонимияни “муайян концептуал манбага (vehicle) таянган ҳолда, мақсад(target)га эришиш имконини яратадиган идрокий когнитив модель (ИКМ)” сифатида таърифлайдилар [Kovecses, Radden.1998: 39].
Ишнинг аввалги қисмларида қайд этилганидек, номинация эмпирик ва рационал воситаларга хос таъсирланиш ва акс таъсир қайтариш хусусиятидан келиб чиқадиган дискурсив-синергетик механизм асосида воқеланадиган фаолиятдир. Метонимия ушбу синергетик механизмни икки ментал майдонга мансуб концептлар симметрик импликацияси орқали татбиқ этишга асосланадиган воситадир. Муайян категорияга мансуб концептуал манбага (vehicle) таянган ҳолда, мақсад(target)га эришиш имконини яратадиган идрокий когнитив моделнинг ташкил топишида ҳам ушбу когнитив восита муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Метонимияни “инсон фикрлашининг когнитив стратегияси” сифатида таърифланиши эса симметрик импликацияга асосланган дискурсив-синергетик механизмнинг таъсир доирасини нафақат номинатив фаолиятда, балки инсон идрокий фаолияти билан боғлиқ ҳолда талқин этиш лозимлигига ишора қилади. Ж. Лакофф ва М. Жонсонлар томонидан метонимия “борлиқни бутун-қисм уйғунлигида идрок этиш, тушуниш” ва “лисоний фаолиятнинг референциал воситаси” сифатида таърифланиши ҳам шундан далолат беради [Лакофф, Жонсон. 2008: 62].
Ана шу жиҳатлар метонимиянинг: а) “борлиқни бутун-қисм уйғунлигида идрок этиш, тушуниш” имкониятини яратувчи когнитив; б) “лисоний фаолиятнинг референциал приёми” сифатида намоён бўладиган концептуал турларини фарқлашни тақозо этади. Когнитив метонимия муайян бир объектга хос эмпирик ва рационал концептларни ҳосил қилиш билан боғлиқ ҳолда ўз татбиғига эга бўладиган тур бўлиб, у мазкур концептларни бутун-қисм уйғунлигида идрок этишнинг когнитивликдан концептуалликка интилиш асосида воқеланувчи бошланғич фазасини тақозо этади. Ушбу воситанинг номинатив фаолиятдаги татбиғи машинага хос кўп сонли белгилардан “би-би” товуш белгиси орқали ҳосил қилинган “би-би” диффуз номи, биргина “стлать” маъно белгиси орқали “стол” номинантининг ҳосил қилиниши мисолида кўзга ташланади.
Бутун-қисм уйғунлигига асосланган бундай номинантларни ҳосил қилишда объект билан ҳиссий-идрокий боғланиш асосида вужудга келадиган номинатив мақсад мақомидаги концепт дискурсив-синергетик изчилликни ташкил қилувчи марказий восита сифатида иштирок этади. Бинобарин, икки ментал майдоннинг симметрик импликацияси номинатив мақсаддан келиб чиқиб тегишли манбаларни белгилаш асосида воқеланади. Объект билан ҳиссий-идрокий боғланиш натижасида вужудга келадиган эмпирик ва рационал концептлар дискурсив-синергетик изчиллигига асосланган ушбу импликацион тажрибанинг бирламчи номинантлар структурасида мужассамланиши метонимиянинг кейинги изчиллиги учун замин яратади.
Концептуал метонимия “лисоний фаолиятнинг референциал приёми” сифатида бевосита концепт ҳосил қилиш асосида эмас, балки мавжуд концептуал тузилмаларни турли номинатив эҳтиёжлар ифодасига жалб этиш ва тизимлаштириш имконини яратувчи восита экани билан характерланади. Кейинги йилларда концептуал метонимиянинг метафора билан ҳамкорликда воқеланувчи “метафтонимия” ҳодисасига оид изланишлар концептуал метонимиянинг иккиламчи номинатив фаолиятда тутган ўрнини “бутун-қисм уйғунлигида идрок этиш, тушуниш” имкониятини яратадиган когнитив асосдан келиб чиқиб белгилаш талабини қўяди [Устарханов. 2006; Шарманова. 2011: 194-200].
Бинобарин, шундай ёндашилганда унинг иккиламчи номинация воситалари билан конфигуратив ҳамкорлиги биргина “метафтонимик” номинантларни вужудга келтириш билан боғлиқ эмаслиги маълум бўлади. Бунинг далилини қуйидагилар мисолида қайд этиш мумкин:
1. Концептуал метонимия бутун-қисм алоқадорлигига асосланган номинатив маънони вужудга келтирувчи умумий интегратив восита сифатида барча турдаги лексик ва семантик воситалар билан конфигуратив ҳамкорликда воқеланади. Масалан, инсонни унинг фаолият қирралардан бири орқали “юлдуз” деб номланиши, “парваришлаш” ҳаракати билан боғлиқ кўп сонли объектлардан “garden” ва “боғ” объектини “шахс” концептини рўёбга чиқарувчи манба сифатида танлаган ҳолда “gardener/ боғбон” тарзида номланиши, инсон фаолияти ва ташқи кўринишига хос белгилардан “мaster-hand, blue-eyed; моҳир қўл, кўк кўз” сингариларнинг инсонни номловчи қисм сифатида иштирок этиши кабилар шулар жумласидандир.
2. Мазкур восита мавжуд номинантларни бутун-қисм уйғунлигига асосланган ассоциатив тизим, концептосфера сифатида хотирада мужассамланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Масалан, “man/одам” концептосферасига хос “man, human/одам, инсон” каби ядро бирликлари ўз атрофида: 1) person, human, man, people/киши, кимса, шахс, башар каби бетараф маъноли, 2) nation, people, folk/халқ, эл, элат каби жамлик маъносидаги, 3) woman, man/аёл, эркак каби гeндер моҳиятли, 4) infant, baby, kid, child, boy, guy, man, old man, girl, lady, lass, woman, old woman/чақалоқ, гўдак, бола, ўсмир, йигит, эркак, чол; қиз, бўй қиз, жувон, хотин, кампир каби ёшга кўра фарқлайдиган, 5) father, mother, brother, sister/ота, она, ака, ука, опа, сингил каби оилавий муносабатни акс эттирадиган, 6) uncle, aunt, niece/амаки, амма, хола, тоға, жиян каби қариндошликни ифодаловчи, 7) son-in-law, daughter-in-law, mother of son-in-law / куёв, келин, қуда, қудағай каби қудалик муносабатини ифодалайдиган ядро олди номинантлари ҳамда лексик ва семантик асосли иккиламчи номинантлардан иборат қуршовни ташкил қилишда концептуал марказ сифатида иштирок этади.
3. Концептуал метонимия номинатив фаолиятнинг бевосита референциал восита, семантик воситаси сифатидаги иштироки икки ментал майдонга мансуб концептлар бутун-қисм уйғунлигини “Х билан симметрик алоқадор Y” пропозициясига асосланган метонимик ҳосилаларда мужассамлантириши орқали кўзга ташланади. Бундай когнитив-дискурсив тузилманинг вужудга келишида эса, когнитив метонимияда бўлганидек, симметрик импликацияга таянилади. Мазкур ассоциатив восита муайян бир категорияга мансуб манба ва мақсад мақомидаги концептларни бутун-қисм муносабатига асосланган ментал тузилмада яхлитланиши учун қулай шароит яратиши билан бирга, уларни пропозитив яхлитланишига олиб келадиган “алоқадор” атомар предикатига ишора қилиши билан ҳам характерланади.
А.Р. Лурия ички нутқ мисолида қайд этганидек, ушбу когнитив-дискурсив жараён “дастлаб сўзловчи эътиборини ўзига жалб қилган объект ҳақида тингловчига етказиш мақсад қилиб қўйилган темани белгилаш, сўнгра ички нутқнинг иккинчи семантик қутби бўлган предикатни аниқлаш” асосида кечади [Лурия. 1979: 140]. Хусусан, номинатив мақсаддан келиб чиқиб манба билан боғланиш асосида вужудга келадиган импликацион схема номинатив мушоҳаданинг темасини белгилаш имконини яратса, икки ментал майдонга мансуб концептлар симметрик импликациясига ишора қилувчи “алоқадор” концепти “Х билан симметрик алоқадор Y” пропозициясини шакллантирувчи атомар предикатни белгилаш имконини яратади. Масалан, “And the first cab having been fetched from the public house, where he had been smoking his pipe, Mr. Pickwick and his portmanteau were thrown into the vehicle” [Dickens 2011: 45] жумласидаги “cab /такси” метонимик номинанти мақсад (man) ва манба (cab) мақомидаги концептларни “алоқадор” предикати воситасида “такси ҳайдаш билан алоқадор шахс” пропозитив структурасида яхлитлаш ва ушбу ментал тузилмага хос ёйиқ моҳиятни компрессив ихчамлаш мақсадида икки ментал майдонга мансуб концептлар учун умумий семаларни эллиптик бартараф этган ҳолда, “cab” сўзида уйғунлаштириш асосида рўёбга чиқарилган.
Концептуал метонимия “man / одам” концептосферасини иккиламчи номинатив бирликлар ҳисобига кенгайтирувчи восита бўлиши билан бирга, ушбу концептосфера доирасида ўзига хос метонимик категорияни шакллантириши билан ҳам характерланади. Мазкур категориянинг ўзига хослиги икки референциал майдоннинг ўзаро кесишуви ва нисбий ўзлаштирилиши ҳисобига ҳосил қилинган “композит маъноли” номинатив гибридлардан ташкил топиши орқали кўзга ташланади [Лангакер. 1992: 16]. Бундай номинатив гибридлар асос структурага хос “номинатив маънодан четлашган ҳолда, йўлдош (яъни периферик) ва ифода (яъни прагматик) семаларни кучайтириш” ҳисобига вужудга келадиган кўчма маънолардан ташкил топади [Неъматов, Расулов.1995: 74].
Бундай номинатив гибридларни ҳосил қилишдан мақсад номинатив фаолиятнинг бошқа воситалари тўла қамрай олмайдиган, ифода имконияти заиф, номинатив бўшлиқ (лакуналар) мавжуд бўлган ҳудудларни қамраб олишдир. Ушбу категорияга мансуб номинантлар инсон моҳияти билан бевосита боғлиқ бўлган хусусиятлар асосида номлайдиган ядро ва ядро олди номинантлардан фарқли равишда, “билвосита” (косвенный) номлаши билан ҳам характерланади [Черникова. 2001: 82-90]. Метонимик номинантларга хос ушбу билвоситалик унинг лексик номинантлардан фарқланувчи кўрсаткичга эгалигидан ҳам дарак беради. Хусусан, gardener/боғбон лексик номинантлари ҳосил бўлишига кўра, метонимия сингари концептуал деривация механизимга асосланса ҳам, моҳиятан “man/одам” ядро номинантларига хос рационал кўрсаткичларга нисбий яқинлиги жиҳатидан шапка, дўппи, кўзойнак каби кийим-кечак, такси, автобус, арава каби ҳаракатланиш воситалари, синф, зал, хонадон, институт каби макон алоқадорликлар асосида номлайдиган метонимик номинантлардан фарқланади.
Номинатив фаолиятнинг мазкур воситаси тавсифида эътиборталаб бўлган жиҳатлардан бири унинг тил ва нутққа хос турларга ажратилиши ҳамда уларга бўлган муносабат орқали кўзга ташланади. Хусусан, М. Миртожиев нутқ ҳодисаси бўлган метонимияни назарий тилшуносликнинг текшириш объекти бўла олмаслигини таъкидлагани ҳолда, “бир стакан ичдим” нутқий, “тикан ўт – тикан” эса лисоний эллипсис асосида вужудга келган метонимик ҳосилалар сифатида фарқланишини қайд этади [Миртожиев. 2010: 87].
Назаримизда, метонимиянинг симметрик импликация асосида воқеланиши ва бунинг натижасида “Х билан алоқадор Y” пропозитив моделнинг вужудга келиши ҳамда унинг хотирада нисбий барқарор ҳолда сақланиши мазкур воситанинг том маънода инсон фикрлашининг когнитив стратегиясини белгиловчи тил ҳодисаси эканидан дарак беради. Номинатив мақсаддан келиб чиқиб асос структура билан боғланиш асосида вужудга келадиган ушбу типик тузилма тилнинг узуал тамойилига асосланса ҳам, турли вазиятлар билан боғлиқ ҳолда вужудга келадиган метонимик инновацияларни рўёбга чиқаришда етакчилик қиладиган индивидуаллик метонимик номинантларнинг окказионал мақом касб этишига олиб келади.
“Муайян бир ифодаловчи зиммасига бирдан ортиқ ифодаланувчининг юкланиши” [ЛЭС. 1990: 606] натижасида ҳосил қилинган ушбу окказионал номинантларнинг контекстуал қарамликдан холи ҳолда, нисбий мустақиллик касб этиши уларнинг муайян вақт оралиғида “маъновий ихтисослашиши, лексикалицазияланиши” асосида юз беради [Вимер. 2001: 26-57]. Хусусан, “инглиз миллатига мансуб киши” тушунчасини “инглиз”, “эркак жинсига мансуб фарзанд” тушунчасини “ўғил” тарзида нисбий мустақил номинантлар сифатида шаклланиши лексикализация таъсири билан боғлиқдир.
Метонимиянинг муайян концептосфера билан боғлиқ ҳолда воқеланиши “Х билан алоқадор Y” пропозитив модели таркибидаги номинатив мақсадни ушбу концептосферага хос ядро бирликлар билан боғланган ҳолда конкретлашишига сабаб бўлади. Хусусан, “man / одам” концептосферасига мансуб номинантларни уларнинг кийим-кечак, ҳаракатланиш воситалари, макон алоқадорликлар асосида метонимик номланишида “Х билан симметрик алоқадор шахс/халқ” пропозициясига таянилиши шундан дарак беради. Бунинг далилини М.Миртожиев томонидан қайд этилган “умумий ва хусусий лексик маънога асосланган” метонимларнинг [Миртожиев. 2010: 101] қуйидагича қўлланиши мисолида кузатиш мумкин: The White House isn’t saying anything. Washington is insenstive to the needs of the people. Ушбу гапдаги метонимик номинантлар замирида “Оқ уй”даги давлат раҳбарлари”, “Вашингтон шаҳридаги ҳукумат аъзолари” каби мураккаб таркибли номинатив маънони манба вазифасидаги “White House” ва “Washington” атоқли отларига юклаш асосида “идора биноси, пойтахт шаҳар” хусусий маъноларининг “идора биноси + президент / ҳукумат аъзолари, пойтахт шаҳар + президент / ҳукумат аъзолари” каби концептуал узвийликдан иборат умумий композитив маъно вужудга келтирилган. The buses are on strike [СALD] ҳамда Ҳой арава, буёққа қайт! [Ў.Ҳошимов. 2013: 54] жумлаларида эса “bus” ва “арава” каби “ҳаракат воситалари”га хос умумий маъно “шахс” концепти билан уйғунлашган ҳолда контекстуал хусусийлик касб этган.
Кузатишларимиз метонимик номинацияга хос таснифий кўрсаткичлар умумий ва хусусий маънолар муносабатига асосланган турлар билан чегараланмаслигини кўрсатади. Хусусан, асос структурага хос “номинатив маънодан четлашган ҳолда йўлдош (яъни периферик) ва ифода (яъни прагматик) семаларнинг кучайиши” ҳисобига вужудга келадиган [Неъматов, Расулов. 1995: 74] метонимик композитларни прагматик мақсад даражасига кўра бир хил деб бўлмайди. Масалан, юқорида келтирилган The buses are on strike, Ҳой арава, буёққа қайт! жумлаларидаги метонимик ҳосилалар орқали ўз ифодасини топган метонимик маъно номинаторнинг номинатга бўлган прагматик муносабатини нисбатан кучсиз ифода этиши билан характерланади. Бироқ, Some skirt comes up to me and asks if I'm interested in a piece of tail [ABBYY. 2008] жумласидаги skirt номинанти аташ маъноси билан бирга “фоҳиша”лик белгисига ишора қилиши ёки Ёнида икки шапка-да бор [Т. Мурод. 2015: 148] жумласидаги “шапка” метонимиянинг шахсни номлашдан ташқари, уни “рус комиссари, босқинчи” прагматик маъносини ҳам ифодалашига кўра, юқоридаги метонимлардан фарқланади. Шунга кўра, уларни оддий ва прагматик метонимлар сифатида ажратиш мумкин.
Лакофф ва М.Жонсонлар метонимияни ҳаётий ва лисоний тажрибалар ўртасидаги боғланишни белгиловчи калит сифатида рамзлаштириш билан узвий боғлиқлигини таъкидлашади [Лакофф, Жонсон. 2008: 67]. Метонимияга хос ушбу хусусият биринчидан, объектга хос кўпсонли белгилардан бирини номинатив мақсаднинг рамзи сифатида ажратилиши, иккинчидан, ушбу белгининг номланувчи объектнинг рамзи, тимсоли сифатида ихтисослашиши орқали намоён бўлади. Ана шу жиҳат мазкур номинантларнинг рамзлашган турини фарқлаш имконини яратади. Хусусан, инглиз тилида лотин-америкаликларни “deanbag ва chilli”, канадаликларни “checser ва maple-sucker”, италияликларни “spaghetti-twister” ва “garlic bread” каби метонимик рамзлар воситасида ифодаланиши, ўзбек халқида эса “тирноқ” орқали фарзанднинг, “жигар, томир” орқали яқин қариндошлар, “қулоқ” воситасида эса айғоқчининг метонимик рамзлаштирилиши шулар жумласидандир.
Метонимик номинация “Х билан симметрик алоқадор шахс” пропозитив модели нуқтаи назаридан тиллараро муштарак бўлса ҳам, ушбу когнитив-дискурсив тузилмаларнинг лисоний воқеланиши ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий дунёқараши ва лисоний тафаккур имконияти доирасида амалга оширилишига кўра фарқланади. Метонимияни оддий, прагматик ва рамзлашган каби турлар доирасида талқин этишнинг аҳамияти, айниқса, хорижий тилларни ўқитиш ва ўрганишда кўзга ташланади. Масалан, инглиз тилидаги “October 22, the White House asked the television net works for airtime” [Waldman] жумласини ўзбек тилига “22 октябрь, душанба куни тушда, Оқ уй телетармоқлардан эфир вақти ажратишларини сўради” ёки “The face wasn’t abandoned. It had what they called charm” [Galsworthy. 2001: 345] жумласини “Бу қиёфа унчалик ёмон эмасди. Унда жозибага ўхшаш нимадир бор эди”[1] тарзида ўгириш учун метонимик номинант замирида ётган рамзий ва прагматик кўрсаткичлардан хабардор бўлиш талаб қилинади.
Қайд этилган таснифий кўрсаткичлар эса метонимия ҳақида маълумот олишда ушбу аспектларга алоҳида эътибор қаратишга ундайди. Акс ҳолда, “Mary won the cooking contest, although Jane was very tasty as well” жумласидаги Мерини ошпаз сифатида, Жейнни эса таом сифатида янглиш талқин қилиш ёки “You should avoid marrying a sheep at all costs” [ABBYY. 2008] жумласидаги “sheep” воситасида “қўй буржида туғилган киши” назарда тутилганини илғаб олишда муаммога дуч келиши мумкин. Ана шу жиҳатлар метонимик номинациянинг лингвомаданий ва прагмалингвистик омиллари масаласида жиддий изланишлар олиб бориш лозимлигидан ҳам дарак беради.
Метонимик номинацияга хос таснифий кўрсаткичлардан яна бири номинатив мақсадни рўёбга чиқишида иштирок этадиган манбаларнинг мавзу гуруҳлари доирасида амалга оширилиши мумкин. Бундай таснифнинг аҳамияти “мan/одам” концептосферасини метонимик номлаш асосида кенгайишига олиб келган ўзгариш ва янгиланишлар билан боғлиқ тадрижият ҳақида маълумот олиш имконини яратиши орқали кўзга ташланади. Шу боис қуйида инглиз ва ўзбек тилларидаги “мan/одам” концептосферасига мансуб номинантларнинг кейинги таҳлилини инсон метонимик образини яратишда иштирок этадиган манбалар қиёси асосида давом эттиришни лозим топдик:
1. Ҳар иккала тилда метонимик номинантларнинг бир гуруҳи “Х макон билан алоқадор жамоа” модели воситасида ҳосил қилинади. Ушбу модель инсонларни макон билан алоқадорликда жамлаб ифодалаш имконини яратса ҳам, улар умумий маънонинг хусусийлашуви ва аксинча, хусусий маънонинг умумийлашувига кўра ички гуруҳларга ажралади: 1) шахсларни таълим олиш, истиқомат қилиш маконлари алоқадорлигида жамлаб ифодалайдиган метонимик номинантларнинг умумий маънони хусусийлашувига асосланган тури: Our school won the cup. The college was shocked by his death. You’ll never get the university to agree to that. Capital has learned to sit down and talk with labour //Синф бир оғиздан “Ассалому алайкум!” деб қичқирди [ЎТИЛ, 3-жилд. 2007:516]. Уйқудан турган шаҳарнинг чеҳраси қандай ёруғ [Чўлпон. 1991: 556]; Шарқни яна ул қизил ой қутқазгай [Чўлпон. 1991: 387]; Юртнинг важоҳати бузуқ, тақсир [Чўлпон. 1991: 215]; Бўлди четлар панжасида кўз ёшли [Чўлпон. 1991: 378] кабиларда кўзга ташланади; 2) шахсларни улар фаолият олиб борадиган ташкилот, муассаса билан алоқадор жамоа сифатида номлайдиган метонимларнинг хусусий маънони умумийлашуви асосида воқеланиши: IBM should get together to discuss common problems. Hollywood isn't what it used to be. The Times hasn’t arrived at the press conference yet [CALD]; Алишерни кўрган Самарқанд, Унга ғазал берган Самарқанд [Б. Бойқобилов. 1983: 25]; Кўриб қўй, Туркистон, икки шоҳ байтинг, Навоий Ҳиротда, Қобулда Бобур [М.Юсуф. 2001: 83] кабиларда намоён бўлади.
2. “Х нарса билан алоқадор шахс” модели инглиз ва ўзбек тилларида алоҳида шахс ва нарса-буюм алоқадорлиги асосида вужудга келадиган метонимик композитлар мисолида кўзга ташланади. Ушбу номинантлар номинатив-прагматик моҳиятлилиги, номинатив маънони умумийликдан хусусийликка силжиш асосида ҳосил бўлиши билан характерланади. Ушбу гуруҳ инсон билан қуйидаги нарса-буюм алоқадорлиги асосида вужудга келишига кўра фарқланади:
2.1. Инсон ва кийим-кечак алоқадорлиги асосида ҳосил қилинадиган номинантлар ўзига хос рамзий ва прагматик маъноларни ифода этишга мойиллиги билан ажралиб туради. Шунингдек, улар инглиз тилида кийим-кечак билан алоқадор метонимик номинантлар эркак ва аёлларга нисбатан бирдек қўлланиши, ўзбек тилида хотин-қизларнинг кийим-кечак билан алоқадор метонимик ифодалари сўзлашув нутқида учраса-да, бадиий манбаларда эркакларникига нисбатан кам кузатилиши билан ҳам характерланади. Масалан, Just make sure that old bag pays you in cash жумласидаги old bag номинанти “кекса аёл” ва “зиқна кампир”; At least this blouse made it through dinner жумласидаги blouse эса “ёш қиз, аёл” ҳамда “нотаниш қиз”; The crown objects to the proposal [ABBYY. 2008]жумласидаги crown орқали “подшо” ва “кибрли ҳукмдор” каби маънолар, шунингдек, Оқтўппи билан ҳиринглашма [М. Исмоилий. 1975: 152]; Ҳув анави кўзайнакка боқ жумлаларида “ошиқ йигит”, “нотаниш киши” ва “уларга нисбатан беписандлик”; Зўр боласан-да, иштон. Ўзимнинг иштонимсан, аблаҳ [С.Аҳмад. 2016: 228] жумласида эса “полвон йигит” ва “паст назар ташлаган ҳолда эркалаш” каби номинатив-прагматик маънолар уйғунлиги ўз аксини топган.
2.2. Инсон метонимик образини унинг фаолият қуроллари ва воситалари билан алоқадорликда ифода этадиган метонимик композитлар ҳар бир халқнинг ўзига хос турмуш тарзи, миллий дунёқарашини акс эттириши билан ажралиб туради. Хусусан, инглиз тилида бундай метонимик композитлар: 1) We need a better glove to help us каби жисмоний меҳнат қуроллари; 2) The coach has put his best bat in the field жумласидаги каби спорт ашёлари; 3) The piano is in a bad mood, The guitar could not come to London for the VE anniversary, And if you say, well, but the guitar, bass - that's not so hot жумлаларидаги мусиқа асбоблари, шунингдек, 4) Are you the cab parked outside? The buses are on strike, The Mercedes has arrived British Corpus сингари ҳаракат воситалари каби кенг қамровли мавзу гуруҳларга мансуб манбаларнинг иштирок этиши билан ўзига хослик касб этади.
Ўзбек тилида эса бундай метонимик композитлар халқнинг миллий маданиятида муҳим ўрин тутган чорвачилик, ҳунармандлик ва деҳқончилик каби жисмоний меҳнат билан алоқадор қуроллар воситасида ҳосил қилиниши билан характерланади. Ушбу ўзига хослик мазкур иш қуролларини метонимик кўчириш асосида Болта, Теша, Ўроқ, Кетмон каби атоқли отлар ҳосил қилиниши, шунингдек, аския ва ҳазил-мутойибаларда эгов, ранда, арра, қайчи кабилардан эр-хотин, раҳбар-ходим каби муносабатларнинг метонимик ифодаланиши мазкур воситаларнинг нисбатан фаоллигидан дарак беради. Бундай метонимик номинантлар бадиий асарларда, асосан, номинатив-прагматик ва рамзий маъноларни ифода этиш мақсадларида қўлланилади. Масалан, , Э-э, Кетмон, Кетмон. Сенга кетмон бўлса бўлди [Т.Мурод. 2015: 22]; Белкураклар, темиркурак, болғалар, Захда ётган арра, теша қўзғалар [Чўлпон. 1991: 393] жумлаларидаги иш қуроллари орқали деҳқон, ишчи, дурадгорларнинг типиклаштирилиши шундан дарак беради.
Албатта, бу мулоҳазалар орқали ўзбек тилида инсон ва фаолият воситалари алоқадорлигига асосланган метонимик номинантлар фақат жисмоний меҳнат қуроллари воситасида ҳосил қилинади, деган хулосани уқтириш эмас, балки айни мавзу гуруҳнинг инглиз тилига нисбатан фаоллиги ва бу гуруҳга хос номинатив-прагматик маъноларнинг ўзбек халқининг тарихида қўл кучининг кенг жалб қилишга асосланган воситалар асосида шаклланганига эътибор қаратишдир. Айни ўтмиш излари фаолият воситаларининг бошқа турлари орқали ҳосил қилинган метонимик номинантларда ҳам кўзга ташланади. Масалан, Фонуслар лип-лип этиб боради [Т. Мурод. 2015: 52] жумласида “соқчилар” метонимик образининг ифодаланиши, “РАФ” жўнаб кетди [С.Аҳмад. 2016: 190]; Ярим соатга қолмай учта “Нива” боққа кириб келди [С. Аҳмад. 2016: 260] жумлаларидаги метонимик номинантлар эса “раҳбарлар”нинг метонимик-прагматик образини ифодалаши мисолида ҳам кўзга ташланади.
Here comes the fastest gun in the west [ABBYY 2008] ва Милтиқ пеш-пешлаб одимлайди [Т. Мурод. 2015: 39] жумлаларида қўлланган номинантлар метонимик маънонинг халқ тарихи, дунёқараши билан боғлиқ ҳолда вужудга келадиган рамзий ва нутқ вазиятидан келиб чиқадиган прагматик компонентлар уйғунлигидан ташкил топиши мумкинлигидан дарак беради. Зеро, ушбу метонимик композитлар “тўппонча ва милтиқ билан қуролланган шахс” маъносини ифодалашига кўра муштарак бўлса ҳам, улардан бирида “моҳир ўқ отар, ковбой”, иккинчисида “рус аскари”нинг прагматик рамзи ўз аксини топгани билан фарқланади.
3. “Х нарса билан алоқадор шахс” модели воситасида ҳосил қилинадиган метонимик номинантларнинг яна бир гуруҳи инсон билан алоқадор бўлган қисмлар воситасида ҳосил қилинади. Ўз навбатида мазкур номинантлар: а) инсон аъзолари билан боғлиқ қисм, б) унинг фаолияти билан алоқадор бўлган бўлак маъносидаги манбалар иштирокида ҳосил бўлиши билан фарқланади:
1) инсон ва тана аъзолари алоқадорлигига асосланган метонимик номинантлар номинатив-прагматик моҳияти ва рамзий маъноси билан ажралиб туради. Масалан, Get your butt (buttock) over there!, We don’t hire longhairs жумлаларидаги метонимик номинантлар қисмга асосланишига кўра муштарак бўлса ҳам, уларга хос прагматик ва рамзий компонентларни бир хил деб бўлмайди. Зеро, “butt (buttock)” метоними инсоннинг ташқи кўринишидаги бесўнақайликнинг, “longhairs” яъни “узунсоч”лик эса инсон ички дунёси билан боғлиқ таркидунёчилик (америка ҳипстерлари)нинг рамзи ҳисобланади.
Нутқда ана шундай рамзий кўрсаткичларга таянилган ҳолда прагматик компонент шакллантирилади. Масалан, Нимага турибсан, шалпанг қулоқ? Нима олсанг ол, бўлмаса ҳозир ёпаман [Aytmatov. 2017: 72], жумласидаги номинант “журъатсиз, бўшанг одам”нинг рамзий белгиси бўлиб, айни белги ушбу кишига нисбатан беписанд муносабат учун замин яратади. Шунингдек, We need some new blood in the organization [Longman English Dictionary online], My own blood can't do that to me; Нима бало у тирноқ кўрмай ўтармишми [Исмоилий. 1975: 312], Ана энди мазлум аёл томири борми, тувғони борими барчани чорлади [Э. Жуманбалбул. БТ.4.94), Сенинг нурли хотиранг ҳеч қачон унутилмайди. Алвидо! Алвидо, жигарим [С. Аҳмад. 2016: 245] каби жумлалардаги метонимик номинантлар ҳам ана шундай рамзий ва номинатив-прагматик уйғунликларни ифода этиши билан характерланади.
2) инсоннинг фаолияти билан алоқадор бўлган бўлаклар асосида ҳосил қилинадиган метонимик номинантлар ҳам юқоридаги сингари рамзий белгилардан келиб чиқадиган номинатив-прагматик маънолар уйғунлигига асосланиши билан характерланади. Масалан, The house is alive with soft, quick steps and running voices. [King. 1957], He married money [ABBYY 2008]; Мен ушоқдан паноҳ тиладим [Т.Мурод. 2015: 53]. Ажабтовур овозлар ўз йўлида кета берди [Т.Мурод. 2015: 21]. Кўча томондан нотекис ташланган қадам узоқлашди [С.Аҳмад. 2016: 493], Бир ҳовучлар емагига нон топмас [Чўлпон 1991: 385].
4. Инглиз ва ўзбек тилларида инсоннинг метонимик образи билан боғлиқ номинантлар мансаб-мавқе, машғулот алоқадорлигида ҳам ҳосил қилинади. Бу турдаги метонимик номинантлар инсон образини унинг ижтимоий мавқеи, мансаби, унвони, касб-кори билан алоқадорликда таснифий ифода этиш имконини яратиши билан характерланади. Масалан, The professor treated her as one of his students[ABBYY 2008]. Идеология билан раис кириб келди [Т.Мурод. 2015: 103]. Овозларни таниб оламан - бирови Жуғрофия бўлди, бирови Адабиёт бўлди [Т. Мурод. 2015: 69].
5. Инсон метонимик образи муайян сиёсий, диний оқим ёки ҳарбий тузилма раҳбарларининг исм-шарифлари, лақаби, тахаллуси билан алоқадорликда ҳам ҳосил қилинади. Бундай метонимик композитлар инсонни у мансуб бўлган оқим ёки тузилма билан боғлиқ ҳолда номинатив рамзини ҳосил қилиш орқали турли прагматик мақсадлар рўёбга чиқарилади. Масалан, Schwarzkopf defeated Iraq, Bush bombed Hussein. (from the newspaper). Оқпошшо арава миниб ўтди [Т. Мурод. 2015: 23]. Иванлар бир томондан, маккор Албиён иккинчи томондан ўз нуфузи остига оларлар [Чўлпон. 1991:187]. Гитлери ўлиб, япони чиқибди энди [С. Аҳмад. 2016: 537].
Бундай метонимик номинантларнинг вужудга келишида манба сифатида иштирок этадиган мавзу гуруҳлар анча кенг бўлиб, уларни инсон ва касаллик, қабила, элат ҳамда турли жараёнлар алоқадорлиги мисолида ҳам қайд этиш мумкин. Мазкур мавзу гуруҳларга мурожаат қилишдан кўзланган мақсад “Х билан алоқадор Y” метонимик моделни вужудга келишига олиб келган когнитив механизмлар, ушбу моделнинг номинатив фаолият фазаларига муносабати ва тутган ўрни, иккиламчи номинация жараёнидаги иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокамаси бўлгани боис, келтирилган далиллар билан қаноатланишни лозим топдик.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
Рахимов А. О Когнитивной и концептуальной основе метонимической номинации. В статье даётся краткий обзор традиционной интерпретации концепции метонимии, после чего делается анализ ее когнитивно-концептуальной природе. Осуществляется подробный анализ материала на узбекском и английском языках, благодаря чему полностью подтверждаются теоретические предположения.
Raximov A. About cognitive and conceptual basis of metonymic nomination. The article provides a brief overview of the traditional interpretation of the concept of metonymy, after which an analysis is made about its cognitive-conceptual nature. A detailed analysis of the material in Uzbek and English is being carried out, due to which the theoretical information is fully confirmed.
[1] Таржималар муаллифниники