НЕМИС ВА ЎЗБЕК ТИЛЛАРИ МАҚОЛЛАРИНИ ТАҚҚОСЛАШДА СТРУКТУР-СЕМАНТИК ТАҲЛИЛ

Жаҳон тилшунослигида мақоллар бўйича бугунги давргача салмоқли ишлар амалга оширилган, жумладан, мақолларни икки тилда қиёсий ўрганиш охирги йилларда одат тусига кириб бормоқда. Шундай экан таҳлил қилинувчи материал характери, унинг ранг-баранглиги, кўп жиҳатлилиги; шунингдек, мақоллар, биринчи навбатда, тил ҳодисаси эканлигини инобатга олган ҳолда уларнинг типини аниқлаш мезонларини яхшилаб ишлаб чиқишни талаб этади. Мақоллар шакли ҳар қандай гап сингари синтактик структуранинг барча қонуниятларига бўйсунади. Бироқ шу билан бирга тан олиш керакки, мақоллар бадиий ижод соҳасига ҳам тегишлидир. Ҳар бир мақол мазмуни умумлашган мулоҳаза, семантик ва структур-мантиқий шаклда ифодалангани боис шу қадар чамбарчас боғланганки, уларни ягона бутунлик сифатида кўриб чиқиш жоиз. Немис ва ўзбек  тиллари мақолларининг қиёсий таҳлили мақоллар типини синтактик структура, поэтик структура ҳамда образлар тизими семантикаси, яъни мақолларнинг умумлашган мазмунини аниқлашда уч ҳолатни ажратиш имконини беради. Умуман олганда, ушбу мезонларнинг ҳар бири мақолнинг тегишли тилда узоқ вақт ва интенсив мавжуд бўлиши натижасида юзага келган алоҳида омилларни юзага чиқаришга ёрдам беради. Биргаликда (уйғунликда) улар ҳар бир мақолнинг келиб чиқиши ва унинг тарихи ҳақида хулоса қилиш имконини беради.  Қайд қилинганидек, мақоллар образлилик билан белгиланади ва уни ифодалаш воситалари анча кўламлидир. Ўзбек мақолларида бадиий образлиликнинг энг ранг-баранг воситалари ишлатилади. Булар:

  • метафора - кўчириш. Сўзнинг икки предмет ёки ҳодисанинг муайян ўхшашлиги асосида кўчма маънода қўлланиши: Жанжалли уй-азобли гўр;

-аллегория–ўзгача айтиш. Мавҳум тушунчани аниқ бир ҳаётий образ ёрдамида ўзгача тасвирлашдан иборат бўлган: (Oна юртинг-олтин бешигинг);   - гипербола - «муайян предмет, ҳодисанинг ҳажми, кучи, маъноси ва ҳоказоларини ҳаддан ташқари бўрттиришдан иборат бўлган образли ифода:(илм олиш-нина билан қудуқ қазиш)

-метонимия -қайта номлаш. Ташқи ёки ички алоқадорлик асосида бир предмет ўрнига бошқасини номлашнинг қўлланиши, тропнинг бир тури. Алоқадорлик қуйидагича бўлиши мумкин: а) предмет ва тайёрланган материал ўртасида; Чўпоннинг таёғи-отнинг оёғи б) ташкил топувчи ва ташкил этувчи, яъни бутун ва бўлак ўртасида; беш бармоқ баробар эмас в) ҳаракат ва шу ҳаракат қуроли ўртасида; қалам қиличдан ўткир д) жой ва ундаги одамлар ўртасида. Ўратепани бўри бузади, Самарқандни ўғри бузади. Синекдоха– «грек. Synekdoche–назарда тутиш. Миқдорий муносабатлари асосида бир ҳодисадан бошқа ҳодисага маънонинг кўчирилиши: қисм номи ўрнига бутун номини, умумий ўрнига қисм номини ва аксинча қўллаш. Маъно кўчиш турлари  сифатида синекдоха метонимиянинг бир туридир. Синекдохада қуйидагилар қўлланади: а) бутун ўрнига бўлак; Беш бармоқ йиғилса мушт бўлар, б) кўплик сон ўрнида бирлик; бирники мингга-мингники туманга д) бирлик ўрнида кўплик»: Беш бармоқнинг бирини тишласанг бари оғрир.

  • ирония:Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит.
  • жонлантириш:Ойда ҳам доғ бор. Бундай ҳодиса гарчи камроқ қўлланса-да немис мақолларининг ички шаклининг муҳим воситаси ҳам образлиликдир: «Wo es Mode ist, trägt man den Kuhschwanz als Halsband» –Мода бўлган жойда сигир думини ҳам бўйинга тақишади. Бу тилда ҳам образлиликни ифодалаш воситалари қамрови кенг. Уларга қуйидагилар киради:
  • қаршилантириш: «Heute rot, morgen tot» –Бугун –тирик, эртага –ўлик;
  • метафора: «Man muss mit den Wölfen heulen» –«Бўрилар билан яшаш, бўридек увуллаш;
  • парадокс: «Ein Mann ist kein Mann» –Битта одам ҳали одам эмас; «Armsein ist keine Schande – wenn man nur Geld genug hat» –Камбағал бўлиш шармандалик эмас, муҳими пул топилсин;
  • метонимия: «Die Wahrheit will an den Tag» –Ҳақиқат бир кун ошкор бўлади;

-синекдоха: «Der Reiche hat die Rinder, derArme die Kinder» – «Бойда бузоқчалар, камбағалда эса болалар;

-гипербола: «Wer's Glück hat, dem kalbt ein Ochs»; «Wem das Glück wohl will, dem kalbt ein Ochs» –Омади чопганнинг ҳўкизи ҳам болалайди;  «Wem's glückt, dem legt ein Hahn Eier» –Омади чопганнинг хўрози ҳам тухум туғади;

-жонлантириш: «Wenn Groschen kommt, muss Heller aufstehen» –Соққа келса, Геллер ўрнидан туриши керак.(шоҳ келса вазир ўрнидан туриши керак.)

-персонификация: Немис мақолларида кўпинча образлиликни яратиш мақсадида қуйидаги каби субстанцияланган ҳосилалар қўлланади: Eile sehr (Шошқалоқ): «Eile sehr bricht den Hals» –Шошқалоқ бўйнини синдиради; Eileviel (Шошқалоқ): Wartmann (Сусткаш): «Wartmann kommt weiter als Eile sehr» – Сусткаш шошқалоққа нисбатан узоқроққача боради; «Eile viel kommt spätans Ziel» –Шошқалоқ доим мақсадга кеч етади; Ratsmann (мангу маслаҳатгўй): «Ist 's abgetan, ist jeder ein guter Ratsmann» –Иш битганидан сўнг ҳар ким ўзини яхши маслаҳатчи деб ҳисоблайди; Schenk (ароқхўр, майхўр): «Der Schenk ist tot, der Wirt lebt noch» –Майхўр ўлди, майхоначи эса ҳали тирик; “Herr von Schenk findet überall offene Türen” – Майхўр жанобни доим очиқ эшиклар кутади; Gebert (соқийy) «Der alte Schenk ist tot, und Gebert hat 's Bein gebrochen» –Кекса (ароқхўр) ўлди, соқий эса оёғини синдириб олди; Borghard (тез-тез қарз олувчи инсон), Lehnhard (тез-тез қарз бериб турувчи инсон); Neidhart (қарам, bahil): «Neidhardt hat nicht Rast, noch Ruh» –Бахил (қарам)да ҳордиқ ҳам, ором ҳам йўқ; Lügehart (ёлғончи), Meister Klüglein (уддабуро): «Meister Klüglein ist der Mann, der alles besser machen kann» – Уддабуро уста — бу ҳамма нарсани ҳаммадан яхши бажара олувчи инсон; Raschmann (қўли чаққон, тезкор): «Raschmann kommt leicht zu Beulen» –Шошқалоқ тез ғурра орттиради; Schmalhans (бесўнақай): «Wo Schmalhans Koch (Küchenmeister) ist, da fallen die Bissen klein aus» –Бесўнақай ошпаз бўлган жойда ҳамманинг жағи синади (майдаланади) Faulert (дангаса), Dummert (нодон), Wohlleb (беғам): «Wohlleb, Dummert und Faulert sind Brüder» – беғам, нодон ва дангаса– оға-инилар. Мақолларнинг бундай сўз-компонентларида иштирокчи шахсларнинг характеристикалари берилган.

Ўзбек тили мақолларининг ритмик қурилиши ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Ўзбек мақолларига охиридаги, бошидаги, ички қофиялар билан бир қаторда такрорлар ҳам катта аҳамият касб этади. Шундай қилиб, немис ва ўзбек тиллари мақолларининг ритмик шакли турли-туман бўлиб, қайсидир бирини афзал кўриш имконсиз. Ўзбек мақолларининг учдан бир қисми охиридаги қофияга эга, немис тилида улар анча кўпроқ.

«In der Kürze liegt die Würze» - Бор маъно (туз) қисқаликда, Нутқнинг қисқаси маъқул дейилади немис мақолида. Шу ифоданинг ўзиёқ унинг шакли, қофияси ва ритми моҳиятан ўткирлигини кўрсатиш имконини беради, шунингдек, бу уларнинг қофия ҳисобига тилнинг ҳар бир ташувчиси учун тушунарли эканлигидан далолат беради.

Немис мақолида қофия қуйидагича бўлиши мумкин:

  • охиридаги қофия, масалан, қуйидаги мақоллардагидек: «Was du heute kannst besorgen, das verschiebe nicht auf morgen» – Бугун бажариш мумкин бўлган ишни эртага қўйма; «Wer das Abc recht kann, hat die schwerste Arbeit getan» –Ким алифбони ёд олса, ўша энг қийин ишни бажарган бўлади; «Am Abend gekammert, am Morgen gejammert» –Кечки пайт ичкиликбозлик, тонгда азоб; «Am Tage errungen, am Abend verschlungen» – Куни билан ишлаганини кечқурун еди; «Der Abend ist labend, der Morgen voll Sorgen» –Кечқурун хушчақчақлик – эрталаб ташвишлар; «Langes Abendbrot macht dem Magen grosse Not» – Узоқ давом этган кечки таомланиш ошқозонга кўп ташвиш келтиради; «Abendrot Gutwetterbrot» – Кечки пайтдаги шафақ яхши ҳаводан дарак; «Abends vull, Morgens null» – Кечқурунлари танг, тонгда эса йўқолди; «Abenteuer ist selten geheuer» – Саргузашт камдан-кам яхшилик олиб келади; «Wer den Acker säht, der mäht»–Ким далага экин экса, ўша ўради; «Was von Affen kommt, will lausen, was von Katzen kommt, will mausen» –Маймундан бўлган нарса – қичийди, мушукдан бўлгани – овланади;
  • ички, масалан: «Allen kann auch kein König gefallen» – Ҳатто қирол ҳам ҳаммага ёқа олмайди; «Narrenhände beschmieren Tisch und Wände» –Аҳмоқнинг қўллари стол ва деворларни бежайди «Auf Weh und Ach folgt Freude nach» –Азоб-уқубатлардан кейин хурсандчилик ҳам келади; «Ach steigt aufs schönste Dach» –Воҳ энг чиройли томга ҳам чиқиб олади «Abgeredet vor der Zeit gibt nachher keinen Streit» –Маълум муддатгача гаплашгач, баҳс ҳам тугайди»

- такрорий компонент, масалан: «Gleich und gleich gesellt sich gern» –Ўхшаш бўлган ҳамма нарса мамнуният билан бирлашади; «Geredet ist geredet, man kann"s mit keinem Schwamm mehr abwischen» –Айтилди-айтилди, ҳеч нима билан ўчира олмайсан; «Allermanns Freund ist Allermanns Narr» –Умумий дўст – умумий овсар.

Тан олиш жоизки, паремиология соҳасида синтактик структура таснифлар системасини яратишда ҳам, қиёслаш-чоғиштириш тадқиқотларида ҳам белгиловчи омил сифатида тан олинмайди. Немис ва ўзбек  тиллари паремиялари таҳлили шуни кўрсатадики, тур характеристикаси сифатида энг умумий маънодагина ишлатилиши мумкин. Бироқ, мақолларнинг синтактик структураси, унинг хусусиятлари ҳам тегишли эквивалентларни танлаш имконини беради ва бу немис ва ўзбек тиллари учун характерлидир.

Қиёсий паремиологияда у ёки бу фольклордан эҳтимолий ўзлашмалар, параллеллар масаласини ҳал қилишда, айниқса, грамматик шакли инверсияга (ўрин алмашишга), хизматчи сўзлар ва синонимларни қўллашга имкон берганида иккиламчи аҳамиятга эга бўлади.  Бундай ҳолатларда ҳам инвариантлар (бир хил маънолик) ҳақида гапириш жоиз, чунончи лексик таркиби синтактик вариацияларни (ҳар хилликни) истисно қилувчи қатор мақоллар мавжуд. Масалан “Қўл қўлни танийди” сингари ўзбек мақолида бўлгани каби. Умуман олганда, унчалик кўп бўлмаган қатор немис мақолларида компонент ўз таркибидадир, масалан: «Keine Rose ohne Dornen» – Тикансиз атиргул бўлмас; «Kein Haus ohne Winkel» –Бурчаксиз уй бўлмас; «Wie der Mann, so das Werk» – Инсон қандай бўлса, унинг иши ҳам ўшандай;«Wie der Abt, so die Brüder»; «Wie der Herr, so der Knecht» - Папа қандай бўлса, йиғин ҳам шундай ва ҳоказо. Бундай хусусият сўзлар тартиби ўша тилнинг грамматик қонунлари, гапнинг интонацион структураси ёки аллитерация (бир хил ундошларнинг такрорланиши) билан тавсифланувчи  тиллар учун, айниқса, хосдир. Зеро, немис мақолининг фарқланиб турувчи хусусияти унинг грамматик конструкцияни бузиш ва гапдаги бўлаклардан бирининг, кўпинча кесимнинг тушириб қолдирилиши ҳисобига сунъий қисқалигидир. Умуман олганда, бундай ҳолат барқарорлашган тартибга, яъни қолип конструкцияга эга немисча гаплар учун хос эмас.

Немис мақолларига кўп бўлаклилик ҳам хосдир:

“Geschenkter Essig ist besser als gekaufter Honig” – Совға қилинган сирка (уксус) сотиб олинган асалдан яхшироқ; “Wer keinen Wagen hat, muss mit dem Karren fahren” – Кимда араваси (автомобили) йўқ бўлса, у тележкада юриши керак; “Was kann man von einem Rindvieh anders verlangen als ein gutes Stück Fleisch”–Шоҳдор молдан яхши бир бўлак гўштдан бошқа яна нимани кутиш мумкин; “Eine Fliege setzt sich auch dem König auf die Nase” – Қиролнинг бурнига ҳам пашша қўнади; мақол компонентлари параллелизми: “Andere Zeit, anderes Geschmeid” – Ўзга даврлар – ўзга кийимлар; “Viel Gesetz, viel Gezänk”–Қонун кўп – баҳс кўп; қарама-қарши қўйиш:“Bei grossem Geschrei ist wenig Klugreden”– Бақириш кўп бўлган жойда ақлли нутқ кам; “Viel Gegacker und wenig Eier” –Қақақлаш кўп, аммо, тухум кам; “Blüten sind noch keine Früchte”–Гуллар ҳали мева дегани эмас; “Viel Blüten, wenig Früchte" – Гул кўп, аммо, мева кам. Қолаверса, мақолда контраст пародоксгача етиб бориши мумкин, масалан: «Ein Mann ist kein Mann» – Битта инсон ҳали инсон эмас.

Шуни ҳам қайд қилиш жоизки, семантикаси турлича бўлган мақоллар бир хил синтактик структурага эга бўлиши ва аксинча, яъни турли структурага эга бўлиб туриб, бир хил семантикани акс эттириши мумкин. Мисоллар шуни кўрсатадики, мақол типлари ажратиш мезонларидан бири сифатида грамматик структура (синтактик структура) мақолга муайян семантик аниқликни олиб кирганида предикатив бирликларнинг муносабати сифатида умумий категориялардагина қўлланиши мумкин. Шунга қарамасдан, “тавсифдаги таққослаш” тамойилига амал қилган ҳолда немис ва ўзбек тиллари мақолларининг қисқача структур-семантик таҳлилини ўтказишни зарур деб топдик.

 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. C.Г.Терминасова "Язык и межкультурная коммуникация" ( 2000 г.,2005 г.,2008г.–ISBN978-5-387-00069-0).

2. Janet Sobieski. "Wolfgang Mieder, Professor of German and Folklore". Retrieved 17. February 2009.

3. K. Grigas. Einige Probleme der moderne Parömiographie und Parömiologie. In: Acta Entnographica Hungarica, 2000, Vol. 45, Nos. 3-4, pp. 365-369.

4. Владимир В Воробьев. Лингвокультурология (теория и методы). 1997.

5. Mamatov P. M., P. Usmon. Nemis xalq maqollari, matallari va ularning o’zbekcha muqobillari (o‘quv qo‘llanmasi) – Samarqand, 1975.-83 bet.

6. Nazarov P.J. Nemischa-o‘zbekcha maqol va matallar /Qisqacha paremiologik lug‘at. –Samarqand: SamDCHTI, 2001. -52 bet.

7. O‘zbek xalq maqollari, Ikki tomlik.- Toshkent: „Fan“ nashriyoti; -1987. 1-tom,- 323 bet. 

 

Анорқулов С., Эшонкулов О. Структурно-семантический анализ сравнения и противопоставления немецких и узбекских пословиц.Узбекские пословицы очень красочно используются в художественных выражениях. Кроме того, выявляются структурные и грамматические особенности немецких пословиц. Также приведены примеры внутренних, концевых рифм в немецких пословицах. Также структурно рассматриваются немецкие пословицы, выраженные с помощью субстантивации.

Anorkulov S., Eshonkulov O. Structural-semantic analysis of comparison and contrast of German and Uzbek proverbs. Uzbek proverbs are used very colorfully in artistic expressions. In addition, the structural and grammatical features of German proverbs are revealed. Examples of internal, end rhymes in German proverbs are also given. German proverbs expressed using accusative derivatives are also structurally considered.

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati