ОЛАМ ЛИСОНИЙ МАНЗАРАСИНИНГ БАҲОЛИ ШАКЛЛАНИШИ

Дунёдаги барча нарса–предметлар маълум бир сифат, хусусиятга эгадирлар. Худди шу сифат кўрсаткичлари воқеа–ҳодисалар тавсифига ҳам кўчади. Шу боис, сифатни мантиқнинг онтологик категориялари қаторига киритилиши диалектик фалсафада анъанага айланган. Муҳими, баҳо фаолиятида етакчи мезонлар қаторидан ўрин олади.

Тилшунослик фанида илдам ривожланаётган когнитив–дискурсив йўналиш янги категорияларнинг ажратилишига ва олдиндан мавжудларининг янада чуқурроқ тақиқ қилинишига имкон яратмоқда. Тадқиқ жараёнига ахборотни шакллантириш ва қайта ишлаш механизмларининг жалб қилиниши воқеликдаги объектлар, шахслар, воқеа–ҳодисаларнинг сифат кўрсаткичлари, фарқловчи хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни жамлаш ва уларни когнитив тилшунослик, семасиология, коммуникатив тилшунослик, маданиятшунослик соҳалари нуқтаи– назаридан таҳлил қилишга йўл очиб берди.

Тилшуносликнинг асосий тадқиқ объекти сифатида “матндан ташқари, уни тушуниш учун зарур бўлган нолисоний омилларни ҳам (олам ҳақидаги билим, унинг борасидаги фикр, адресантнинг мўлжали ва мақсади) қамраб оладиган мураккаб коммуникатив ҳодиса” [8, 5-11] бўлган дискурснинг танланиши миллий ва шахсий менталитетнинг маданият билан алоқасини ёритишга туртки беради. Бошқачароқ айтадиган бўлсак, коммуникантлар онгида акс топадиган олам манзарасининг лингвокогнитив ва дискурсив–прагматик қатламлари тадқиқининг истиқболи тобора ойдинлашмоқда.

Олам лисоний манзарасининг шаклланишида категорияларнинг роли, профессор З.Г.Бурдинанинг таъбирича, “унинг тавсифида муҳим ўрин эгаллашдан иборатдир” [5, 40]. Сифат категорияси, атрофимиздаги воқелик ҳақида, мулоқот иштирокчилари ва уларнинг қадриятлар борасидаги хулосалари ҳақида маълумот бериш билан бир қаторда, инсон ҳаётининг барча жабҳаларида (ишлаб чиқариш, маънавий, маданий, ментал, шахслараро муносабат каби) намоён бўлади. Айнан сифат кўрсаткичлари гўдакнинг илк нутқий ҳаракатларида акс топади ва унинг когнитив фаолияти шаклланишида муҳим ўринни эгаллайди. Мазкур кўрсаткичлар кўламида биз олам манзарасига оид маълумотларга эга бўламиз, мулоқот иштирокчиларининг ички дунёсидан хабар топамиз.

Баҳо ва сифат категориялари чамбарчас алоқада, уларнинг лисоний воқеланишида мулоқот матнининг миллий–маданий мундарижаси шакл топади. Уларда жамиятнинг маданий–тарихий хусусиятлари, маълум жамоага хос бўлган мулоқот нормаси, этик–эстетик меъёрлар, менталитет, қадриятлар тизими акс топади. Буларнинг барчасидан хабардор бўлиш маданиятлараро мулоқотнинг самарасини таъминлаш учун нақадар муҳимлигидан кўпчилик хабардор. Чунки маънавият, қадриятларга оид тушунчалар кўпинча алоҳида маданиятга хос бўлиб, улар мулоқот шароитларида миллий калоритга бой мазмун соҳибига айланадилар. Маънавият бўйича беш тиллик  луғат муаллифлари таъкидлаганидек, ўзбек миллати вакиллари учун яхши таниш бўлган андиша, муруввват, меҳр–оқибат, орият, ибо, ҳаё, мулозамат тушунчаларини бошқа тилларга ўгириш қарийб имконсиз [10, 4].

Дарҳақиқат, маънавият маданият каби байналминал бўла олмайди, зотан маънавият ҳар бир халқнинг турмуш тарзи, менталитети, тарихи ва табиати билан боғлиқ ҳолда шаклланади ва кўриниш беради. Лекин, бундай бирор бир тушунчани бошқа бир тилда тамоман бериб ёки изоҳлаб бўлмайди, деган хулосага  келиш ҳам нотўғри. Шундай бўлганида қўлимиздаги луғатни тузишга ҳожат ҳам қолмас эди. Унинг тузувчилари андиша сўзини инглиз тилига prudence, wisdom, foresight, taking into consideration the neccessary points қабилида, мурувват сўзини эса -  mercy, humaneness, generousity, indulgence кўринишида ўгириш билан бир қаторда, орият тушунчасини shame, pride, honour мазмунида таржима қилаётганларини кўрамиз. Ориятга уят (shame), ғурур (pride) кабилар қанчалик даражада муқобил бўла олишини билиш қийин-у, бироқ, ушбу тушунчанинг proper high opinion of oneself изоҳининг олиши ҳақиқатга жуда яқин. Бундай изоҳларнинг берилиши таржимашуносликда “вазифавий муқобил” (қаранг: functional equalence) атамасини олиб улгурган [12].

Юқорида эслатилган тушунчалар миллий қадриятлар билан боғлиқ ҳолда, уларнинг жамиятдаги роли кўламида юзага келади ва умумхалқ мулкига айланади.

Қадрият, аслини олганда, алоҳида шахс ва жамият оралиғида, уларнинг учрашувида юзага келадиган ҳодисадир. Америкалик руҳшунос К.Клакхонинг таърифича, “қадрият–алоҳида шахс ёки кишилар гуруҳига хос бўлган онгли равишда ёки беихтиёр шаклланадиган истак-ҳоҳиш ҳақидаги тасаввурдир. Ушбу тасаввур одамларнинг, имкониятдаги восита ва усулларни эътиборга олган ҳолда ҳаракат мақсадини танлашига таъсир кўрсатади” [18, 395]. Олим бу value “қадрият мўлжали” билан бир қаторда туришини уқтиради. Унинг талқинича, кейинги тушунча (vаlue orientation)” табиат, инсоннинг ундаги ўрни, кишиларнинг ўзаро муносабати, уларнинг хатти–ҳаракатлари, инсоннинг табиатга муносабати кабиларни акс эттирувчи концепциядир” ( Ор.cit., p. 411).

Файласуфлар қадриятларнинг инсон фаолиятини шартловчи белгилардан бири эканлигини қайд этадилар. Улар бирор нарсага қаттиқ ишониш ёки уни тамоман рад этиш манбасидирлар. Шунингдек, қадриятлар сафига баҳо ҳаракати бажарилиниши воситаси бўлган стандартлар, меъёрий ўлчовлари ҳам киритилади. Улар кўмагида коммуникантнинг танлови, баҳолаш мезони шакллантирилади. Қадрият ва инсоннинг фаолияти, хатти–ҳаракатлари ўртасидаги ўзаро тобелик муносабати тўхтовсиз давом этади: “Қадриятлар доимо инсоннинг лисоний фаолияти ва руҳий, жисмоний хатти–ҳаракатларида доимо акс топади” [16, 18].

“Қадрият мўлжали” (vаlue orientation), ўз навбатида, жамоавий онгнинг муҳим кўринишларидан бири бўлиш билан бир қаторда унинг асосий бўлагидир. Психолингвист Д.А.Леоньтев қадрият мўлжалини субъектнинг ўзи учун қадрли бўлган нарса ҳақидаги онгли тасаввури деб қарайди [9]. Немис олим учун эса  бу тушунча “маданий структур хусусиятдир” (ein Kulturelles Strukturmerkmal) [19, 80]. Шу хусусиятга асосланган ҳолда кишилар дунёни тартиботли тасаввур қиладилар.

Қизиғи, “қадрият” тушунчасининг ушбу хусусиятлари луғат ва қомусларда ҳам қайд этилади. Жумладан, инглиз тили изоҳли луғатларида “қадрият” маълум гуруҳ ёки жамоаларнинг ҳаёт тарзи ва фаолиятига таъсир кўрсатадиган тамойиллар кўринишида тавсифланади:

value – a set of principles, beliefs which influence behavior and the way of life of a particular group or community [20, 1588].

Энциклопедик луғатда эса қадрият жамоа аъзолари қаътиян эмоционал–баҳо муносабатида бўладиган идеаллар, анъаналар сифатида талқин қилинади:

the deals, customs, etc. towards which the people of the group have an affective regard [22, 2013].

Ўзбек тили изоҳли луғатидаги изоҳда ушбу тушунчанинг “воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий, ахлоқий, маданий, маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланиши” таъкидланиб, “инсон ва инсоният учун аҳамиятли барча нарсалар, масалан, эркинлик, тинчлик, адолат, маърифат, ҳақиқат, яхшилик, моддий ва маънавий бойликлар”нинг қадрият ҳисобланиши қайд этилган [14, 207].

“Фалсафа қомусий луғати”да берилаётган изоҳ ҳам юқоридагидан унчалик фарқ қилмайди: қадрият–воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг умуминсоний, ижтимоий–ахлоқий, маданий–маънавий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланиладиган тушунча” [15, 476].

Келтирилган луғавий таърифлардан ушбу тушунчанинг мундарижасидаги асосий маъно бўлакларидан бири “ишонч” эканлиги маълум бўлади. Бироқ, бир нарсага нисбатан ишонч одамга танлаш ҳуқуқини беради ва маълум ҳаракатни бажаришга ундайди. Шунинг билан биргаликда, “Маънавият” луғатида қадрият тушунчасининг инглиз тилига spiritual property, spiritual value кўринишида ўгирилиши [10, 194] ушбу тушунчанинг мазмун–мундарижасини тўлиқ акс эттирмаслигини айтиб ўтмоқчимиз. Биринчидан, қадриятларнинг ҳаммаси ҳам бир текис маънавиятга хос бўлавермаслиги маълум. Иккинчидан, қадрият сўзининг яна бир маъноси “қиймат, аҳамият” эканлигини биламиз (бу луғатлардаги сўзликда ҳам қайд этилган). Демак, биз нарса ва ҳодисаларга қиймати, шахс ва жамоа учун аҳамиятига нисбатан баҳо берамиз ва шу аснода уларни қадрлаймиз.

Шундай экан, “қадриятнинг мўлжали” фақат омма онгининг оддийгина намойиши бўлибгина қолмасдан, балки баҳо фаолиятининг энг асосий нуқтасидир. Унинг ҳаракати, тараққиёти идрок этилаётган объектнинг сифат кўрсаткичлари ҳақида ишончли хулосага етаклайди.

Айтиш жоизки, “қадрият мўлжали” турғун ёки батамом ўзгармас ҳодиса эмас. Қадриятнинг анъанавийлиги, барқарорлиги тушунчаси нисбатан тушунилиши лозим. Ижтимоий ҳаётдаги тараққиёт, тадрижий ва инқилобий бурилишлар маълум қадриятлар мазмунидаги силжишларга сабаб бўлади, уларнинг инсонлар учун аҳамияти, жамоадаги қиймати кучайиши ёки пасайиши мумкин.

 Маълумки, ҳар бир маданиятда, умумбашарийларидан ташқари, ўзига хос қадрият мўлжали амал қилади. Мисол тариқасида “муҳаббат” тушунчасининг ўзбек ва грузин миллатларидаги  қадр–қимматини қиёслайдиган бўлсак, улар ўртасидаги фарқ сезиларли даражада эканлигини кўрамиз. Этнолог Г. Гачевнинг таърифича, грузин миллати учун дўстлик муҳаббатдан устун туради. Шунинг учун ҳам грузин эпосининг қаҳрамони муҳаббат учун эмас, балки дўстлик учун ақл–ҳушини йўқотади. Шеъриятда хотин севгили, суюкли рафиқа сифатида эмас, балки сингил рамзида улуғланади [7, 253]. Бизнинг миллат онгида муҳаббат йўлида “мажнун” бўлиш мустаҳкам жойлашган, шоирларимиз дўстликдан кўра муҳаббат ҳақида кўпроқ ёзадилар. Хотин дўст бўлиши мумкин, лекин, ҳеч қачон опа ёки сингил ролини бажармайди.

Англосаксонлар ва германларнинг қадриятдаги мўлжаллари тарихан мустақиллик, жавобгарлик, шахс эркинлиги тушунчалари билан боғлиқ бўлиб, ҳаёт кечириш тарзлари “қонун ва тартибга бўйсуниш”, “хавфсизликни таъминлаш” тамойилларига асосланганлиги маълум. Ушбу қадриятларнинг аҳамияти ҳозиргача сезилиб турса–да, лекин, кейинги эллик йил давомида ижтимоий–иқтисодий ўзгаришлар уларнинг даражаси таъсир ўтказмасдан қолмади. Шу ўринда немис жамиятшунослари ўтказишган социологик тадқиқотлар натижаларига мурожаат қилишни маъқул топдик. Тадқиқотчилар 1967 йилда бола тарбияси билан боғлиқ бўлган 15 та саволдан иборат сўровномани тарқатганлар. Орадан беш йил ўтгандан сўнг ушбу мундарижадаги сўроқнома яна бир карра такрорланди. Натижалар ҳайрат қоларли даражада: агарда 1967 йилда “ҳурмат” қадриятини респондентларнинг 81 % маъқуллаган бўлса, 1972 йилга келиб бу кўрсаткич- 50 %; “ишни вижнонан бажариш” қадрияти 1967 йилда 72 % даражасида баҳоланган бўлса, кейинги тадқиқдаги кўрсаткич – 52 %. Шунингдек, асрлар давомида аҳамиятли бўлиб келган “интизом ва тартибот” қадрияти замонавий немис ёшлари онгидан ўчиб бормоқда.

Қадрият ва қадрият мўлжали баҳо фаолиятида бевосита намоён бўлишини айтдик, шу боис баҳо ҳам ўз мўлжалида, мезонига ва қолип меъёрларга амал қилиши турган гап [6]. Қадр–қиммат, нарса–ҳодисанинг баҳоси ҳақидаги фикр ёки ҳукм бўлганлиги сабабли, ундаги маълум сифатни белгилайди. Баҳо хулосасига келаётган шахс предметлар, кишилар, ҳодисаларни сифатлайди ва гуруҳларга таснифлайди.

Демак, объектларга берилаётган баҳо кўпгина ҳолатларда субъектив хусусиятга эга, зеро, бирон бир объектнинг қийматини аниқлаш, уни баҳолаш учун “киши уни руҳан ҳис этиши зарур, яъни баҳонинг табиати инсоннинг табиатига мос бўлади. Баҳолаш пайтида инсон воқеликни акс эттирувчи мўлжалдир. Баҳолаш инсонсиз содир бўла олмайди” [1, 181].

Лисоний фаолият ва тил тизими бирликларининг когнитив таҳлили гувоҳлик беришича, инсоннинг тафаккур қобилияти натижаси бўлган лисон воқелик борасидаги объектив билимни қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш жараёнида баҳо хусусиятига эга бўлган билимни жамлайди ҳамда ифода этади. Ушбу ҳолат баҳо билан боғлиқ концептуаллашув ва категориялаштириш ҳаракатларини оламни билишнинг муҳим жараёнлари сифатида ўрганишга ундайди.

Баҳоли концептуаллашиш–воқеликдаги нарса–ҳодисаларни баҳо бериш йўли билан идрок этиш натижаси бўлиб, унинг якунида инсон онгида баҳо концепти ҳосил бўлади. Шунга биноан, баҳоли категориялаштириш предмет ва ҳодисаларнинг қадри, қимматига нисбатан гуруҳлашдир. Ушбу категория шаклланишининг когнитив асосида баҳо концепти туради. Маълум турдаги баҳо концепти гуруҳларнинг таркибини белгилайди [3, 104].

Баҳо категориялари асосан оламни субъектив билиш маҳсули эканлигига гумон йўқ, бироқ, бу уларнинг мундарижасида жамоавий билим унсури йўқ дегани эмас. Маълум жамоада мужассамланган қадриятларга асосланган олам манзараси баҳо концептларидан ҳам ўрин олади. Баҳонинг индивидуаллиги эса у ёки бу мазмуннинг аниқлашувида ва нарса ёки ҳодиса ҳақидаги фикрнинг баҳоли шаклланишида намоён бўлади. Н.Н.Болдирев ёзаётганидек, “баҳоли категориялаштириш моҳиятан икки турдаги концептуал тизимлар кесишувида шаклланади” [4, 181]. Бу тизимларда олам идрокининг икки томони, яъни моддий, бевосита кузатувдаги томон идроки билан воқеликнинг қадрият, қиймат белгиларига асосан қайта идрок этилиши натижаси бўлган баҳоланаётган томонлари учрашади. Демак, “у ёки бу объектнинг маълум бир табиий категорияга киритилиши баҳоли категориаллаштириш натижаси эмас. Масалан, бирон бир кишини “айиқ” деб атаётиб, биз унинг онтологик мақомини белгилай олмаймиз ёки уни ҳайвонлар қаторига киритмаймиз” [4, 181]. Баҳоли  концептуаллашувнинг асосий вазифаси нарса ва ҳодисаларга ижобий ёки салбий сифатларни беришдир.

Буларнинг барчаси баҳо категорияларининг ички тузилиши шаклланиш ҳусусиятларини белгилаб беради, ушбу категориялар таркибида ўзаро ҳеч қандай муносабатда бўлмаган, лекин, кишига бир хилда таъсир кўрсатадиган унсурлар бирикади. Баҳолаш амалини бажараётган инсон маълум намуна, эталонларга мурожат қилади ва намуналар турлича қийматда даражаланади: биров учун ЯХШИ бўлган нарса, бошқага ЁМОН кўриниши мумкин ёки бирига ЁҚҚАНИ иккинчисига ЁҚМАСЛИГИ ҳеч гап эмас. Бундай фарқлар, албатта, нутқий фаолиятда ўз аксини топади, масалан, ёш йигит ва ёш ўқитувчи ибораларини бир хил контекстда қўллаб бўлмайди, чунки биринчисида инсоннинг ёши ҳақида гап кетса, иккинчисида ўқитувчининг сифат кўрсаткичи (ҳам тажрибасизлиги) таъкидланмоқда.

Баҳо категорияларининг объектлари бўлган воқелик ҳодисалари турли мезонлар татбиқида гуруҳланадилар ва шу боис, улар турли, баъзан ҳатто ўзаро қарама–қарши категориялар аъзосига айланадилар. Масалан: beautiful and expensive coat “чиройли ва қимматбаҳо пальто” – beautiful but expensive coat “чиройли, аммо, қиммат пальто”; a good person but  bad actor “яхши одам, лекин, ёмон актёр”; a clever person but  afool one “яхши одам, лекин, аҳмоқ”. Мазкур қарама–қарши баҳолар ифодасида лисоний унсур–уюштирувчи ва ажратувчи боғловчиларнинг иштирок этаётганига аҳамият беринг.

Баҳо концептлари негизида турадиган меъёрий намуналар турли асосларга эга эканлиги сабабли баҳоли категориялаштириш ҳам сезгига оид, рационал ва эмоционал бўлиши муқаррар. Ушбу турдаги баҳо категорияси тил тизимида акс топиши ҳам кутилган ҳолдир.

Cезгига оид баҳо воқеликнинг сезги органлари билан боғлиқ ҳолда лисоний воқеланишида юзага келади Масалан: Tea is cold “Чой совуқ”, “This apple is sour” “Олма нордон”, Sugar is sweet “Шакар ширин”; The room is warm “Хона илиқ” ва ҳ.к.

Рационал баҳо категориялари нарса–ҳодисаларнинг маълум меъёр ёки намунага мос келиши ёки келмаслигини аниқлашни назарда тутади ва турли кўринишларда намоён бўлади. Масалан, этик - good bahiour / bad bahivour “яхши ҳаракат / аҳмоқона ҳаракат”; эстетик – beautiful face / ugly face  “чиройли чеҳра / хунук юз”; интеллектуал - a fool pupil / aclever  pupil “калтафаҳм ўқувчи / ақлли ўқувчи”; амалий – usefulthing /useless thing “фойдали нарса / фойдасиз нарса”.

Эмоционал баҳо категориялари инсоннинг воқеликка муносабати доирасида шаклланиб, у муҳим деб ҳисоблаётган меъёр ва хатти–ҳаракат дахлдор бўлади. Шу сабаб, эмоционал баҳо шахс фикрини акс эттириб, субъектив характерга эга бўлади, зеро, ушбу баҳо воқеликнинг алоҳида шахс томонидан идрок этилиши, унга тегишли қийматлар мезони билан боғлиқдир.

Юқорида айтилганлардан хулоса қилиш мумкинки, баҳоли категориялаштириш кўпчилик ҳолларда тавсифий ёки антропоцентрик хусусиятга эга бўлиб, маълум миллий маданиятларга хос қадриятлар тизимига, умумий ва хусусий фикр ҳамда меъёрий кўрсаткичларга асосланади. Кўрсатиб ўтилган ҳодисалар баҳо категорияси шаклланишига туртки беради. Қадриятлар тизими, у алоҳида шахсга ёки умумжамоага тегишли бўлишидан қаъти назар, мазкур шаклланишнинг бевосита иштирокчиси тилдир. Тил воситасида категориялар воқеланади, баҳо даражалари, ўзгаришлар юзага келади. Бундай воситачилик вазифасини ўтаётган тил бирликлари, ўз навбатида, миллий–маданий хусусият, белгиларга эга ва маълум лингвомаданиятда ҳукмрон бўлиб турган қадриятлар тизимидан озуқланади.

Ш. Сафаров қайд этганидек, “инсон ва воқелик муносабатида лисон ўзига хос боғловчи, воситачилик ролини ўйнайди. Лисон ўзида воқеликни акс эттиради, маданият эса ушбу воқеликнинг ажралмас қисмидир. Воқеликнинг ўзини ҳам миллий деб аташ мумкин ва бу миллийлик лисонда дунёни ўзига хос “кўриш ”, уни идрок этиш натижасида ўз аксини топади” [11, 63]. Демак, инсоннинг оламни идрок этиши жараёнида юзага келадиган турли концептларнинг когнитив моделлари ҳам этномаданий хусусиятлардан бутунлай холи эмаслигини эътироф этиш лозим. Кўпчилик олимлар қайғу, изтироб, хафачилик, ғам, яккалик туйғуларини умумбашарий эканлигини қайд этишиб, уларни ифодаловчи лисоний бирликларни синонимлар деб ҳисоблашни маъқул кўрадилар [17, 87; 21, 57]. Аммо, когнитив моделлар намунаси бўлган “маданий сценарий”ларнинг (cultural scripts) оламда кечаётган ҳодисаларни фикран ва лисоний воқелантиришда тутган ўрни алоҳида эканлигини таъкидлаётган Ш. Сафаров, табиий тил тизимининг маданият инсон онгида акс топишида етакчилик қилишини кўрсатиб ўтади. Айни пайтда, маълум маданиятда амалда бўлган когнитив бирлик бошқа бир тилда воқеланмасдан қолиши ҳам мумкин экан. Масалан, ёлғонни яхши кўрадиган шахс  ўзбек тилида “ёлғончи”, рус тилида “лгун”, инглиз тилда “liar” шаклларини олади, аммо, тўғри сўзловчи  шахсни ўзбеклар “ростгўй, тўғрисўз”баҳо номинаторлари билан атайдиган бир пайтда, инглиз тилида бундай лексик номинаторни топиш қийин [11, 73]. 

Адабиётлар:

  1. Арутюнова Н.Д. Язык и мир человека. – М.: Языки русской культуры, 1999. – 875 с.
  2. Болдырев Н.Н. Когнитивная семантика. Введение в когнитивную лингвистику. – Тамбов: Изд-во ТГУ, 2014. – 235 с.
  3. Болдырев Н.Н. Процессы концептуализации и категоризации в языке и  роль в них имен абстрактный семантики // Горизонты современной лингвистики: Традиции и новаторство. – М.: Языки славянской культуры, 2009. с. 38-50.
  4. Болдырев Н.Н. Структура и принципы формирования оценочных категорий // С любовью к языку. – Москва – Воронеж, 2002. – С.103- 115.
  5. Бурдина З.Г. Традиционное и инновационное в теории категоризации // Материала международной конференции, посвещенной научному наследию  М.Д.Степановой. – М.: МГЛУ, 2001. – С. 38-43.
  6. Вольф Е.М. Оценочное значение и соотношение признаков “хорошо / плохо” // Вопросы языкознания, 1986. -№ 5. – С. 98-106.
  7. Гачев Г. Ментальности народов мира. – М.: Алгоритм, 2008. – 541 с.
  8. Караулов Ю.Н.,  Петров В.М.   Вступительная статья // Дейк Т.А.  Язык.  Познание. Коммуникация. – М.: Прогресс,1989.  -с.5 - 11.
  9. Леоньтев А.А. Языковое сознание и образ мира // Язык исознание. – М.: РАН, 1993. – С. 16-21.
  10. Маҳмудов Н., Саидкулов З., Сотимов Ғ., Нишонов М., Абдуллаев А., Байназарова А. Маънавият луғати. – Т.: Маънавият, 2012. – 224 б.
  11. Сафаров Ш. Когнитив тилшунослик. – Жиззах.: Сангзор, 2006. – 91 б.
  12. Сафаров Ш. Таржимашуносликнинг когнитив асослари. – Т.: Наврўз, 2019.
  13. Смирницкий А.И. Лексикология янглийского языка. – М.: Учпедгиз, 1956.
  14. Ўзбек тили изоҳли луғат. V–жилд. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2008. – 592б.
  15. Фалсафа. Қомусий луғат. – Т.: Шарқ, 2004. – 496 б.
  16. Barett D.N/ Values in America. – NotreDame – London: University of Notre Dame Press, 1967. – 182 p.
  17. Kemper T.D. How many emotions are there? Wedding the social and anatomic components // American Journal of Sociology, 1987. Vol. 93. – P. 263-289.
  18. Kluckhohn C. Values and Value – Orientations in the Theory of Action. An exploration in Definition and Classification. Harvard University Press, 388-433. 
  19. Malerzke G. Interkulturelle Kommunikation: zur Interation zwischen Menschen verschiedner Kulturen. - Opladen: Westdt. Verlay, 1996. – 80 s.
  20. MED–Macmillian English Dictionary for Advanced Learners. L.: Radstock, 2002.
  21. Plutchik R. The Psychology and Biology of Emotion. – L.: Harper and Collins, 1994.
  22. WEUDEL – Webster’s Encyclopedic Unbridged Dictionary of the English Language. N.Y.: RandomHouse, 1996.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati