ОЛАМ МАНЗАРАСИНИНГ ЭМОЦИОНАЛ ТАСВИРИ

Олам манзарасининг эмоционал тавсирга эга бўлиши масаласи замонавий тилшуносликнинг долзарб масалаларидандир. Эмоция инсонга хос ҳодиса ва унинг оламни билиш жараёнидаги ўрни ҳамда лисоний фаолиятдаги вазифасини таҳлил қилиш антропотилшуносликнинг етакчи мақсадларидан бирига айланади. Ушбу ёндашувнинг аҳамияти ҳақли равишда воқеа–ҳодисаларнинг категориялаштириш  тамойиллари ва уларни инсон онгида акс топиши каби лисоний ментал жараёнларни ўрганиш билан машғул бўлган когнитив тилшуносликнинг ривожи билан боғлиқ, албатта. Когнитологияда тил хотира, идрок ва тафаккур билан ҳамроҳликда билимни тўплаш, ўзлаштириш, қайта яратиш жараёнларини изоҳловчи когнитив структура сифатида талқин қилинмоқда [23; 22; 21; 11; 16].

Билим инсон томонидан тафаккур фаолияти давомида ўзлаштирилади ва ушбу билимнинг тил фаолиятидаги ролини алоҳида эътироф этмоқ керак.  Билим шаклланиши пайтида инсон онгида ҳақиқий оламни акс эттирувчи фикрий–идеал олам тасаввури юзага келади. Айнан шу иккиламчи “идеал олам” концептлар, тушунчалар ҳамда уларнинг муносабатлари тасвирида бўлиб, маълум бир концептуал тизимни, бошқача айтганда, олам манзарасини ҳосил қилади. Ушбу тизимдан инсон кундалик ҳаётда, ўз хатти–ҳаракатларини назорат қилишда фойдаланади [8, 48-49].

Табиийки, ҳеч бир кимса оламни тўлиғича идок этишга қодир эмас. В.И.Постовалова қайд этиб ўтганидек, олам ранг–баранг ва биз ушбу турли– туманликнинг фақат кичик бир қисминигина идрок этамиз ва бунда миллий маданият, она тили, анъаналар, қадриятларга таянамиз [15, 37]. Ўзбек тилшуноси Н.Маҳмудов айтганидек, ҳар бир халқнинг ўзига хослиги, ўзига хос яшаш  ва тафаккур тарзи доимий равишда тилда акс этади: “Тил халқнинг тафаккур тарзи-ю миллий савиясини, яшаш тарзи-ю минг йиллик анъаналарини, бир сўз билан айтганда, халқнинг ботиний ва зоҳирий борлиғини акс эттиради. Шунинг учун ҳам муайян бир тушунча бир халқда мавжуд бўлса, бошқасида мутлақо бўлмаслиги мумкин” [13, 64-65].

Дарҳақиқат, ҳар бир шахс ўз ҳаётий тажрибаси, ҳиссий таассуротлари асосида шаклланган оламда яшайди ҳамда ўз идроки доирасида шаклланган олам модели (қолипи) доирасида ҳаракатланади. Инсон шу моделдаги олам мавжудотлари, воқеа–ҳодисаларини номлайди. Шу аснода, бирор бир миллат, элатга хос бўлган олам ҳақидаги тасаввур асосида, оламнинг лисоний манзараси шаклланади. Оламнинг турли–туманлиги эса уни ўзлаштириш, билишни қийинлаштиради, шу боис унинг қирраларини англаш учун соддалаштириш усулига амал қилишга мажбурмиз.

Шундай қилиб, олам манзараси тасаввурдаги образ, тимсол сифатида воситачи ролини ўтайди ва инсонниг олам билан турли муносабатлари замирида шаклланадиган бу образ инсонлар турли ҳаёт жабҳаларида бир–бирларини тушунишларини таъминлайди. В.М.Никитиннинг таъбирича, олам манзараси “муқаддима сифатида пайдо бўладиган образдир” [14, 251].

Олам тузилишининг турли–туманлиги унинг когнитив манзарасининг турли кўринишларда тасвирлаш имконини беради. Соҳанинг йирик мутахассисларидан бўлган О.К.Корнилов оламнинг физик манзараси, ҳайвоний олами, руҳий ҳаёт каби манзараси кабиларни фарқлайди. Унинг фикрича, “олам манзараси” тушунчаси кўплаб олимларнинг диққат марказида турган бўлса-да, лекин, ушбу тушунча метафорик мазмунини сақлаб қолмоқда ва ҳануз аниқ таърифга эга эмас [7, 37].

Шу ўринда олам манзарасининг энг асосий икки тури лисоний ва концептуал кўринишларга эга эканлигини алоҳида таъкидламоқчимиз.

Сўнгги йилликлар давомида оламнинг лисоний манзараси воқеликни билиш ва идрок этилаётган воқеа–ҳодисаларни идрок этишга фаол иштирок этадиган тузилма эканлиги аниқланди. Ушбу тузилма бизнинг воқеликни қабул қилиш ва уни баҳолаш қобилиятимизни ўраб турган ўзига хос “тўр” бўлиб, у турли вазият ва ҳодисаларни тил ҳамда тажриба кўламида “кўришга” ундайди.Мазкур тажриба, ўз навбатида, тилни, унинг луғавий таркиби, лисоний бирликларни пайдо бўлиши ҳамда нутқий фаоллашуви қонун–қоидаларини ўзлаштириш давомида ривожланади. Айни пайтда, оламнинг лисоний манзараси–воқелик ҳақидаги билим, унинг концептуаллашуви маҳсулидир. Ушбу тизим маълум лингвомаданиятга хос концептларни ҳамда воқеликни билиш жараёнида шаклланадиган бошқа турдаги коцептларни қамраб олади [11].

Оламнинг концептуал манзараси, психолингвист В.В.Красныхнинг таърифича, “воқеликнинг инсон онгида акс топган образи, яъни унинг жисмоний ва маънавий фаолияти жараёнида шаклланадиган  дунёқарашидир” [10, 65]. Е.Кубрякованинг қайдича, олам концептуал манзараси тил воситасида воқеланиш билан бир қаторда, унинг маълум қисми бошқа тасвир воситаларига, яъни образ, схема, сурат кабиларга эга бўлади [12, 103].

Оламнинг концептуал ва лисоний манзаралари ўртасидаги муносабат кўпқиррали ва мураккабдир. Ушбу муносабатнинг моҳияти воқеликнинг тил ва маданиятда акс топиши билан боғлиқ. Баъзи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра концептуал ва лисоний манзаралар боғлиқлиги яхлит ва бўлак ўртасидаги муносабатни такрорлайди, яъни лисоний манзара концептуал манзаранинг бир қисмини ташкил қилади. Қандайки бўлмасин, оламнинг бу икки кўринишдаги манзараси ўзаро мустаҳкам алоқада, бир–бирини доимий равишда тақозо этади. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам реал воқелик билан боғлиқ ҳолда шаклланади ва ривож топади. Бу, ўз навбатида, олам идрокида тил, тафаккур ва воқелик муносабатини, универсаллик ҳамда миллийлик алоқасини ўрганишнинг муҳимлигидан дарак беради [17].

И.И.Халеева “оламнинг концептуал манзараси тушунчалар йиғиндисидан иборат бўлмасдан, балки онгнинг эмоционал, баҳо, мотив ва бошқа вазифаларини қамраб оладиган концептуаллардан таркиб топишини” қатъий таъкидлайди [18, 118]. Концептуал манзара шахснинг кундалик ва воқеликни билишга йўналтирилган фаолияти натижасида ва шу жараёнда олам тимсолининг турлича тасвирлари оқибатида ҳосил бўлади. Шунингдек, бунда нолисоний кўринишдаги тагмаъно, пресуппозиция шаклдаги омиллар ҳам қатнашади.

Олам концептуал манзарасини тавсифлашга ҳаракат қилаётган тилшунослар лисоний шахс структурасида эмоционал қатлам мавжудлигини тасдиқлаш ниятидалар. Жумладан, О.Л.Каменская таржимоннинг алоҳида лисоний шахс сифатида бажарадиган фаолияти эмоциясиз кечмаслигини баён қилади [6]. Ҳақиқатан ҳам, лисоний шахсни инсоннинг нутқий хатти–ҳаракатлари жамланмаси доирасида эмас, балки тил эгасининг лисоний тафаккур фаолиятини таъминловчи сифат ва қобилиятлари даражасида белгилайдиган бўлсак, эмоционалликни четга суриб қўя олмаслигимиз аниқ. Шахснинг лисоний тафаккур фаолияти лингвомаданий жамоанинг олам концептуал манзарасини миллий анъаналар, ахлоқий, эстетик қадриятлар нуқтаи назаридан баҳоловчи когнитив имкониятларига асосланади.

Демак, олам манзараси онгнинг эмоционал ҳудудида янгидан–янги бўёқларни олади. Шунга биноан, воқеликнинг ҳиссиётли идроки оқибатида оламнинг эмоционал манзараси ҳосил бўлишини эътироф этмасликнинг иложи йўқ, деб ҳисоблаймиз. Луғавий бирликлар, нутқий тузилмалар орқали ифодаланаётган ҳис–туйғу тушунчалари маълум тил соҳибларига тушунарли бўлади, чунки улар концептлар кўринишида сўзловчиларнинг онгида ўринлашади ҳамда атроф–муҳитни акс эттирувчи концептуал шакллар вазифасини бажарадилар.

“Оламнинг эмоционал манзараси” тушунчасига таърифни биринчилардан бўлиб Н.А Красавский берган эди: Унинг наздида, оламнинг эмоционал манзараси “инсон томонидан воқелик ҳақидаги тасаввурлар, ҳиссиётлар асосида юзага келадиган эмоционал образлардан иборат бўлиб, улар концептлар шаклида намоён бўладилар” [9, 59].

Шундай қилиб, оламнинг эмоционал манзараси – инсон онгли равишда бажарадиган баҳо фаолиятининг маҳсули бўлиб, бу фаолият воқелик намуналарини ўзлаштириш пайтида бажарилади. Воқеликни ўзлаштириш эса тавсиф ва тасниф ҳаракатлари ҳамроҳлигида кечади [19, 16]. Шу йўсинда шакл топган олам манзарасининг таркибини,бизнингча, турли тил бирликлари воситасида воқеланадиган концептлар ташкил қилади. Демак, олам эмоционал манзарасининг алоҳида концептуал ҳодиса сифатида мавжуд бўлиши ва умуман пайдо бўлиши ҳамда ривожи маълум даражада тилнинг табиати, ҳаракат доираси билан шартланади. Ушбу манзарада, олдинроқ айтилганидек, инсон ҳиссиётлари кечимида концептуаллашаётган воқелик нарса–ҳодисалари акс топади.

Аммо, инсон ички дунёсининг намойиши бўлган эмоциялар бир хил кўринишга эга эмас, улар тузилиш ва мундарижавий кўрсаткичларига нисбатан турли–туман. Руҳшунослар бирламчи (базавий) ва иккиламчи эмоцияларни фарқлайди. Тадқиқотчилар ботиндан ва сиртдан бир хил мундарижада намоён бўладиган эмоцияларга “стандартлар”, “асосийлар”, “бирламчилар” каби ёрлиқларни берадилар [5; 2; 4]. Базавий ёки бирламчи эмоциялар “кичик миқдордаги эмоциялар бўлиб, уларнинг замирида барча турдаги эмоционал жараёнлар ҳамда ҳолатлар шаклланади” [1, 64]. М.К.Голованивскаянинг кузатишича, базавий эмоцияларни ифодаловчи сўзлар тил тизимида қадимдан мавжуд бўлиб, уларнинг этимологияси кўпинча ноаниқ бўлиб қолади. Бирламчи эмоциялар орқали иккиламчи эмоцияларни изоҳлаш имкони мавжуд, жумладан, “нафрат” “ғазаб” ёки “қаҳр” орқали изоҳланса, “севги”ни тавсифлаш учун “хурсандлик” ёки “қўрқув”га мурожаат қилинади [3].

Бирламчи эмоцияларнинг сонини белгилашда тадқиқотчилар турли мезонларни қўллайдилар, натижада берилаётган таснифларда уларнинг сони бир хил эмас: баъзилар учта турдаги эмоцияни ажратишса, бошқалари эса уларнинг сонини ўн биртагача етказишади.

“Амалий психология қомуси”да қайд этилишича, У. Макдауэлл 7 та бирламчи эмоцияни фарқлашни таклиф қилади: ғазаб, нафрат, қўрқув, бўйсуниш, ҳайратланиш, ғамхурлик кўтаринки кайфият. Машҳур руҳшунос В.Вундт эмоцияларни хурсандчилик /хафақонлик, асабийлашиштинчланиш, танглик / кескинликни юмшатиш кабилар қарама–қаршилигига асосланган ҳолда таснифлашни маъқул кўради  [20].

Эмоцияларнинг универсал хусусиятлари билан қизиққан К.Изарднинг фикрича, улар барча жамиятларда, дунёнинг барча қисмларида бир хил ифода ва хусусиятга эга, яъни эмоция барча халқларга хосдир. Шунга асосан, олим 11 турдаги бирламчи эмоцияларни ажратади: хурсандлик, хайратланиш, ғазаб, нафрат, уят, қўрқув, айб, қизиқиш / ҳаяжон, қайғу, жирканиш, қайғу / алам. Фикримизча, К.Изарднинг таснифи ҳиссиётлар оламини бирмунча тўлиқ ва объектив кўринишда тасвирлайди. Шунингдек, олим бирламчи эмоцияларни бешта муҳим жиҳатдан тавсифлайди: 1) бирламчи эмоциялар инсон ҳаётининг асосий шартловчи хусусиятларини ташкил қилади; 2) ҳар бир бирламчи эмоция ҳиссиётнинг алоҳида шаклини ифодалайди; 3) ҳар бир бирламчи эмоция алоҳида идрок этилади ва инсон ақлий фаолиятига ўзига хос таъсир кўрсатади; 4) эмоционал жараёнлар бошқа кўринишдаги когнитив идрок ҳаракатлари билан муносабатда бўлади;  5) когнитив–идрок жараёнлари  эмоционал жараёнлар кечишига таъсир ўтказади [5, 54].

Табиийки, юқорида санаб ўтилган тасниф ва хусусиятлардан ташқари, эмоциянинг бирламчилигига ишора қилувчи бошқа мезонлар ҳам таклиф қилиниб келинмоқда. Булар қаторига, масалан, ижобий ва салбий белгиларни, эмоционалликнинг даражаланиши, уларни назорат қилиш имкониятлари кабилар киритилади.

Хуллас, бирламчи эмоциялар сони масаласи, уларнинг фарқловчи белгиларини ажратиш мезонлари ҳар хил бўлганлиги сабабли, ҳозирча очиқ қолмоқда. Зотан, инсон хиссиётлари ва туйғуларининг кўлами кенг. Барча ҳиссиётларни шартли равишда ижобий ва салбийларга тақсимлаш мумкин. Эмоциялар баъзан нейтрал ёки бетараф кўринишни ҳам оладилар.

Эмоциянинг ижобий ёки салбий эканлиги унинг инсонга бағишлаётган мамнуният, ҳузур-ҳаловат (ёки акси) даражаси билан белгиланади. Шу сабаб, ичиқоралик  ижобий баҳоланиши, ачиниш эса салбий баҳони олиши мумкин. Умуман, салбий эмоцияларнинг миқдори ижобийларига кўра кўпроқ, чунки яхши руҳиятдаги киши ўз ҳолатига  камдан–кам баҳо беради ва шу сабабли тил тизимида ижобий руҳиятни тасвирловчи сўзлар камроқ учрайди.

Психологлар салбий эмоциянинг инсоннинг руҳий ривожи учун зарур эканлигини исботлашга интиладилар. Уларнинг ижобий эмоцияларга қараганда бажарадиган биологик вазифаси анча сезиларли. Салбий эмоциянинг асосий вазифаси организмнинг мавжуд эҳтиёжларини қондиришга халақит бераётган хилқатларни енгиб ўтишга ундашдир.

Шунинг билан биргаликда, тарихан шаклланган вазиятнинг ўзгариши мумкинлигини унутмаслик керак. Ижтимоий–маданият тараққиёти инсон ҳиссий дунёсига таъсир кўрсатиши ва ижобий ҳис–туйғуларнинг мавқесини кучайтириши кузатилади.

 

 

Адабиётлар:

 

  1. Баженова И.С. Эмоции, прагматика, текст. – М.: Менеджер, 2003. – 392 с.
  2. Вежбицка А. «Грусть» и «гнев» в русском языке: неуниверсальность так называемых «базовых человеческих эмоции» // сопоставление культур через посредство лексики и прагматики – М.: Языки славян культура, 2001. – С. 15-12.
  3. Голованивская М.К. Французский менталитет с точки зрения носителя русского языка. – М.: Диалог, 1997. – 279 с
  4. Джеймс У. Что такое психология // Психология эмоций – М.: Изд-во МГУ, 1993. – С. 86-96.
  5. Изард К. Психология эмоций. – СПБ.: Питер, 1999. – 464 с.
  6. Каменская О.Л. Вторичная языковая личность // Методологическая основа межкультурной парадигмы в лингвистике. – М.: МГЛУ, 1998. – С. 30-35.
  7. Корнилов О.А. Языковая картина мира  как производные национальных менталитетов. – М.: Че Ро, 2003. -349 с.
  8. Коровкин М.М. Фреймовые связи в тексте //Язык и модель мира. – М.: МГЛУ, 1993. – С. 48-59.
  9. Красавский Н.А. Эмоциональные концепты в немецкой и русской лингвокультурах. – М.: Гнозис, 2008. -374 с.
  10.  Красных В.В. Основы психолингвистики и теории коммуникации. – М.: Гнозис, 2001. – 270 с.
  11.  Кубрякова Е.С. Части речи с когнитивной точки зрения.- М.: ИЯ РАН, 1997. – 330 с.
  12.  Кубрякова Е.А. Язык и знание. – М.: Языки славянской  культуры, 2004. – 560 с.
  13.  Маҳмудов Н. Тилимизнинг тилла сандиғи. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, 2012. – 150 б.
  14.  Никитин. В.М. Основание когнитивной лингвистике. – СПб.: РГПУ им. А.И.Герцена, 2003. – 277 с.
  15.  Постовалова В.И. Картина мира в жизнедеятельности человека. В кн.: Роль человеческого фактора в языке: язык и картина мира. – М.: Наука, 1988. – С.8-69.
  16.  Рылов Ю.А. Аспекты языковой картины мира: итальянский и русские языки. – Воронеж: Изд-во ВГУ, 2003. – 272 с.
  17.  Серебрянников Б.А. Как происходит  отражение картины  мира в языке. В  кн: Роль человеческого фактора в языке: язык и картина мира. – М.: Наука, 1988. – С. 87-106.
  18.  Халеева И.И. Основы теории обучения понимания иноязычной речи (подготовка переводчиков). – М.: Высшая школа, 1989. – 238 с.
  19.  Шермухамедова Н. Гносеология. – Т.: Изд-во национального общества философов Узбекистана, 2007 – 320 с. 
  20.  Энциклопедия практической психологии. [Электронный ресурс]. Режим доступа: http: / www. рsyсhologos.ru
  21.  Croft, Cruse D.A. Cognitive Linguistics. – Cambridge: CUP, 2004. – 356
  22.  Fаuconnier G. Mental Spaces (2 nd ed.) – Cambridge: CUP, 1994,
  23.  Langacker R. Concept, image and symbol: the cognitive basic of grammar. – Berlin: de Gruyter, 1991.

 

Сулайманова Н. Эмоциональное изображение картины мира. Статья посвящена  эмоциональной интерпретации картины мира в лингвистике, эмоциям как проявлениям человека и их роли в процессе познания мира, анализу их роли в языковой деятельности, когнитивной структуре, объясняющей процессы получения, осмысления и воссоздания информации.

 

Sulaymanova N. Emotional depiction of the world’s landscape. The article is devoted to an emotional interpretation of the worldview, emotion as a human phenomenon and its role in the process of knowing the world, analysis of its role in linguistic activity, cognitive structure, that explains the processes of acquisition, assimilation and re-creation.

    

 

 

 

 

 

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati