ОЛАМНИ ЛИСОНИЙ КОНЦЕПТУАЛЛАШТИРИШ

 

Юлдашев Акмал Гуламжанович,

ЎзДЖТУ доценти, ф.ф.ф.д. (PhD)

Тилшунослик фанининг тарихида кўплаб парадигмалар орқали тилни тадқиқ қилиш ўзининг ижобий томонларини кўрсатди ва унинг фан сифатида ривожланишини таъминлади, десак муболаға бўлмайди. XX аср охирига келиб тилни антропоцентрик нуқтаи назардан тадқиқ қилиш, тилларнинг миллий-маданий хусусиятини очиб бериш, прагматик хусусиятларини ўрганиш ҳамда когнитив аспектини тадқиқ қилиш каби долзарб масалага айланди. Жумладан, тилшунослик соҳасида тил ва инсон омили муҳим аҳамият касб этди, сабаби тил айнан инсон учун хизмат қилувчи восита эканлигидир. Инсон оламни билиш жараёнида лисоний ҳамда нолисоний омиллар орқали муайян билимларга эга бўлиб боради ва эгаллаган билимларини тил орқали намоён этади. Инсон оламни концептуаллаштиришида ва категориялаштиришида асосий воситалардан бири бу тилдир. Англашиладики,бир томондан инсон олам ҳақидаги маълумотларнинг катта қисмини тил орқали олади, яъни ўқув ҳамда бадиий адабиётлар, илмий адабиётлар, радио ва телевидение, иккинчи томондан, кўриш, эшитиш, тегиниш, таъм, яъни ҳис-туйғу билан оламни идрок этиш натижасида олинган билимлар, шунингдек, объектив ва ақлий операциялар натижасида олинган билимларни акс эттириш, хулоса қилиш, мантиқий хулосаларни чиқариш тил орқали амалга оширилади. Бошқача қилиб айтганда, тил барчаконцептларга, улар қандай шаклланишидан қатъи назар кириш ҳуқуқини беради: ҳиссий тажриба, объектив, таълимий, ақлий фаолият асосида, инсон онгида концептларни шакллантиришнинг мумкин бўлган усулларидан бири бўлиб қолади [Н.Н.Болдырев 2014; 43].

Концепт мундарижасида тил соҳибларининг дунёқараши ва бошқа турли миллий-маданий белгиларнинг акс топиши муқаррар. Миллийлик ва маданийликнинг кучи шундаки, ҳатто умуминсоний аҳамиятга эга бўлган концептларнинг мундарижаси ҳам турлича қўшимча, коннотатив маъно бўлакларига эга бўлиши мумкин [Ш.Сафаров 2013; 279].

Когнитив тилшунослик намояндаларидан Ж. Лакофф, Р. Жекендоф, Ж. Тейлор ва Д. Крузлар полисемия инсоннинг концепт ва унинг механизмини ишлаб туришини, когнитив тузилишини тўлиқ ва хаққоний материал билан таъминлайди[В.И.Заботкина 2015; 84] деб ҳисоблайдилар.Билим – динамик ходиса бўлиб лисоний ва нолисоний тажриба орқали бойиб бориш натижасида“оламнинг концептуал мазарасини” шакллантиради [В.А.Маслова 2008; 40].

Оламнинг концептуал манзараси ўраб турган борлиқни акс этиши тафаккурда билимларни бирлаштириш натижасида хосил бўлади, бундайжараён лисоний ва нолисоний омиллар орқали амалга оширилади, шунинг учун у оламнинг лисоний манзарасидан бой ҳисобланади. Ўз навбатида, оламнинг лисоний манзараси концептуал тизимнинг проекцияси бўлиб, уни баҳолаш бўйича, вазият ва ҳодисаларни кўриш призмаси тил орқали таъсир кўрсатадиган белгилар тўплами ҳисобланади [Е.С.Кубрякова 2004; 64-65].

Маълумки, ҳозирда оламнинг концептуал манзараси, миллий манзараси, илмий манзараси ҳамда лисоний манзараси каби тушунчалар кенг тарқалди ва тадқиқот объекти сифатида ўрганилмоқда. Аммо, таъкидлаш жоизки, санаб ўтилган олам манзаралари ичида устунлик қилувчиси оламнинг концептуал манзарасидир, фикримизнинг бошида таъкидлаганимиздек, ҳар қандай ҳолатда муайян билимларга эга бўлинади ва билим бирлиги сифатида тафаккурда концептга айланади ҳамда концептуаллаштирилади. Шундан сўнггина у лисоний либос кийган ҳолда оламнинг лисоний манзарасини яратади, лекин, оламнинг лисоний манзараси оламнинг концептуал манзарасининг бир қисмини намоён қилади, холос.

Бундай ҳолат оламнинг лисоний манзарасини концептуал манзарага бўйсунишини англатади. Шу тарзда оламнинг лисоний манзараси ном бериш фаолиятида яратилади, концептуал ва лисоний олам манзарасини ўрганиш, когнитив ёндашувни амалга оширади.

Билишнинг асосий жараёнларидан бири концептуаллаштириш бўлиб, бу – билиш натижаларини билим бирликлари – концептлар кўринишида ажратиш, англаш ва мустаҳкамлашдир. Кўринадики, инсон мулоқот жараёнида, предмет ва ҳодисаларга ном беришда оламни билиш жараёнида концептуаллаштирилган билимга таянади. Концептуаллаштириш – бу қабул қилинувчи маълумотни тушуниш, объектлар ва ҳодисаларнинг ақлий қурилиши, бу олам ҳақидаги баъзи ғояларни концептлар ҳолида шаклланишига олиб келади, масалан, уй, вақт, макон, абадийлик, ҳаракат ва бошқалар. Ушбу концептларнинг асосий қисми аниқ сўзларнинг маънолари билан тилда ўрганилади, бу эса олинган билимларнинг сақланишини авлоддан-авлодга узатилишини таъминлайди [Кубрякова Е.С., Демъянков В.З., 1997; 93].

Концептуаллаштириш билиш фаолияти ҳисобланади, аммо, якуний натижаси ва мақсадига кўра фарқланади. Концептуаллаштириш жараёни инсон тажрибаси, билим тузилмаларининг минимал моҳиятли бирликларини аниқлашга қаратилган ва таснифлаш жараёни ўхшаш ёки ўхшаш бирликларни категорияларга бирлаштиришга қаратилган.

Концептуаллаштиришнинг мақсади: янги концептуал хусусиятларни аниқлаш орқали олам, унинг объектлари, ҳодисалари, хусусиятлари шахснинг ўзи субъект ҳамда объект сифатида олам ҳақидаги билимларни тўплашдан иборатдир. Концептуаллаштириш – объективолам ҳақидаги умумий билим сифатида барча объектлар, ҳодисалар ва уларнинг хусусиятларидир. Таҳлил объекти эса мазкур концептни намойиш этувчи барча тил бирликлари ҳисобланади. Адресатга мулоқот жараёнида фикрни етказиб бериш учун лисоний воситалар ёрдамида билим бирликлари танланади(индивидуал билимнинг натижаси). Концептуаллаштиришнинг аспекти:

Статик – концептуал тизимнинг асосий элементи сифатида билим бирликларини танлаш ҳамда тематик концептларга ажратиш.

Динамик – нутқ фаолияти жараёнида объектларни, ҳодисаларни ва уларнинг ўзига хос хусусиятларини билим бирлиги сифатида танлаш ва уларни олам ҳақидаги билим сифатида талқин қилишдан иборатдир. Концептуаллаштиришнинг объекти – олам ҳақидаги билимдир.

Шу ўринда когнитив семантиканинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш кўрилаётган масалага янада ойдинлик киритади. Когнитив семантика кўп қиррали маъно назарияси бўлиб ушбу хусусиятига кўра у тил тизимининг доирасидан ташқарида бўлган ва унинг қизиқиш доирасига кирадиган бошқа семантик назариялардан тубдан фарқ қилади, нафақат тил семантикасининг муаммолари, балки тил бирликларининг маъноси ва ишлатилишига таъсир этувчи бошқа билим тузилмаларини ўз ичига олади [Н.Н. Болдырев 2014]. Шунингдек, концептуаллаштириш билиш жараёни бўлиб уларни бир-биридан фарқлаган ҳолда билим бирлиги концепт ҳолида шаклланади.

Айнанконцепт тил бирликларининг семантикасини белгилайди, уни ифодалаб беришда қўлланиладиган тил бирликларининг семантикасини очиб беради [Н.Н. Болдырев 2014; 84].

Асосий методологик тамойил тарзида тил бирликларининг тадқиқида когнитив семантика тилнинг атропоцентрик қоидаларини қўллайди (фикрларнинг шаклланиши ҳамда уларнинг воқеланишида марказий ўринни инсон эгаллайди) тилни когнитив қобилият сифатида, билимларни ақлий ва лингвистик даражаларини фарқлаш, тушунчалар бўйича бирликлар сифатида ишлатади. Когнитив контекстни лингвистик семантиканинг шаклланишига таъсири, оламни тилда концептуаллаштириш ҳамда категориялаштириш даражасининг хусусияти, прототиплари тўғрисида билимлар табиий, шу жумладан, лингвистик объектларнинг асосий тоифаларини ташкил этиш тамойилидир [Н.Н. Болдырев 2014; 207].

Концепт – билим бирлиги эканлиги ҳақида Е.С.Кубрякова, Н.Н.Болдырев, И.А.Стернин, З.Попова, Ш.Сафаров, Д.Ашурова ва б. кўплаб олимлар томонидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди ва ёқланган илмий ишларда ўзининг тасдиғини топди. Аммо, шунга қарамай баҳсли мунозаралар ҳам мавжуд бўлиб улар, асосан, концепт ва тушунча каби моҳиятларни бир-биридан фарқи хусусидадир. Концептни образли тарзда талқин қиладиган бўлсакхирмонга ўхшатиш мумкин. Хирмонҳар хил далаларда етиштирилган бир хил маҳсулотларнинг уюмидир. Демак, концепт ҳам бир тузилишга эга, аммо, турли тил бирликларида вербаллашиши билан хирмонга ўхшайди. Масалан: жонлексик бирлик сифатида руҳ, ҳаёт, куч-қувват луғавий маъносидан ушбу лексема ҳақидаумумий тушунча ҳосил бўлса, концепт сифатида тадқиқ қилинганда қуйидагича вербаллашади:жони узилди (вафот этди), жонини чиқармоқ (жаҳлини чиқармоқ), жонига тегмоқ (зада бўлмоқ), бир туёқ билан бешта жонни боқмоқ (инсон), жон олмоқ (ўлдирмоқ), жон кирмоқ (тирилмоқ, қийинчиликдан чиқиб олмоқ), жон ачимоқ (дилдан хайрихоҳлик билдирмоқ), жонини койитмоқ (қаттиқ уринмоқ), бир жон, бир тан бўлмоқ (баҳамжиҳат бўлмоқ), жонли ижро (фонограммасиз, табиий овозда куйламоқ), жон-дил билан (астойдил), ўзбек исмларига жонқўшимчасини қўшиш орқали эркалаш ва ҳурмат каби маъноларни англатади. Мазкур концептнинг когнитив майдонини янада кенгайтириш мумкин. Айнан таҳлил қилинган мисолдан ҳам когнитив семантиканинг анаънавий семантикадан тадқиқот кўлами кенглиги билан унинг фарқи ёрқин намоён бўлади.

Шунинг учун когнитив тилшуносликда концептуал тизим тушунчаси ҳам сермаҳсул қўлланади. Р.И. Павилёнис инсоннинг концептуал тизими олам ҳақидаги доимий равишда маълумотлар билан бойиб бориши, яъни билимга айланишига эътибор қаратди. Табиий тил одамга оғзаки белгиларни бошқариш орқали концептлар концептуал тизимнинг элементи сифатида ишлатишга ва нафақат ушбу воқеликнинг шарти билан, балки ушбу тизим томонидан шартланган янги концептуал тузилмалар асосида қуриш ва яратишга имкон беради. [Павилёнис 1983: 103, Болдырев Н.Н. 2014: 170].

Сўзни тил тизимининг бирлиги сифатида семантик таҳлил қилиш ҳар доим жамоавий билимларни ўз ичига олади, яъни муайян социумда мавжуд бўлган, маълум бир тилда сўзлашадиган бутун жамоага хос бўлган билим, чунки тил ижтимоий ҳодисадир ва фақат жамоавий онгда, жамиятда мавжуддир. Лингвистик маънолар –сўзловчиларнинг жамоавий онгида сақланадиган ижтимоий собит маънолар (гарчи дастлаб бу маънолар индивидуал бўлиши мумкин).

Когнитив таҳлил нафақат ижтимоий амалиётда ва тилда тасдиқланган жамоавий, ижтимоийлаштирилган билимларни, балки индивидуал билимларни ўрганишга қаратилган.Чунки билиш ва фикрлаш табиатан индивидуалдир. Дастлаб субъектив билиш натижаларининг фақат бир қисми, атрофдаги оламнинг индивидуал манзараси ва сўзловчи томонидан шакллантирилган маънолар ижтимоий амалиёт томонидан ўрнатилади ва бутун жамият, жамоавий билимлар ва сўзларнинг маъносига айланади. Дастлаб ушбу индивидуал тасвирлар ва маънолар ушбу тилда сўзлашадиган ҳар бир киши учун ҳар доим ҳам тушунарли эмас. Масалан: кўпинча махсус равишда яратилган янги назариялар, илмий фаразлар ва тушунчалар, индивидуал бадиий тасвирлар ва бошқалар охир-оқибат, вақти-вақти билан, вақтинчалик характерга эга бўлади [Н.Н. Болдырев 2014; 86-87].

Демак, концептуаллаштириш ва категориялаштириш билишнинг асосий тушунчалари экан, бу тил ҳодисаларига когнитив тилшунослик, прагмалингвистика ва лингвокуль-турология нуқтаи назаридан ёндашиш тил ҳодисалари мазмунини тўлиқроқ ўрганишга имконият яратади. Тил маҳсулотининг қандай бўлиши уни яратувчи шахс – сўзловчига боғлиқ. Демак, оламни билиш, уни тасвирлаш, уни концептуаллаштириш ва категориялаштириш сўзловчи инсонга боғлиқ. Аммо, масалан, тилда сўзловчилар сони 100 миллион киши бўлса,уларнинг онги, тафаккури, саводи, маданияти, дини, турмуш тарзи, ёши, жинси, яшаш ҳудуди ва бошқалари турлича бўлади.

Табиийки, юқорида номи зикр этилган ва этилмаган омиллар бир тил ёрдамида оламни кўриш, билиш ва унинг лисоний тасвирини яратишда турлича маҳсулот яратишга олиб келади.Ўсимлик ва ҳайвонот номларининг турли халқлар томонидан турлича ном берилишининг ўзи фикримизнинг тасдиғи ҳисобланади. Мисол учун пичоқтиш – “пичоқтиш жағларидаги яхлит пластинкачадан иборат тишлари билан денгиз кирписи, моллюска каби ўлжаларини тошлардан узиб, кесиб олади”ган балиқ тури. Инглиз тилида бу балиқ knifejaw (knife – пичоқ, jaw – жағ) деб номланишининг боиси мазкур балиқнинг жағ қисмининг пичоқ шаклида эканлигидир.

Тилда сўзлашувчилар томонидан турли номлар берилиши ва нарсаларни номлашда турли белгиларнинг доминант белги қилиб олишга боғлиқлигини таҳлил қилиш номинация ҳодисаси ва унинг атрофидаги ҳамда унга боғлиқ ҳодисаларни ўрганишни тақозо этади.

Демак, номлаш, интерпретация ва концептуаллаштириш сўзловчининг объектга, борлиққа муносабатига боғлиқ экан.

  • Сўзловчининг борлиққа муносабатини ифодалаш муаммосига бундай ёндашув асосида биз мазкур муаммо билан боғлиқ масалаларни янгича усул орқали тўлароқ ёритишга эришамиз.
  • Сўзловчининг муносабатини ифодаланиши турли сатҳларда комплекс таҳлил қилиш заруриятини юзага чиқаради.
  • Сўзловчи томонидан воқелантирилиши кутилаётган концептлар орасидаги турли муносабатлар, шу жумладан, антонимик, синонимик муносабатларни ўрганиш ҳам талаб этилади.
  • Сўзловчи томонидан муайян бир концептни воқелантириш учун қўлламоқчи бўлган сўзларнинг миллий ва маданий хусусиятларини ўрганиш ҳам муҳим деб топилади.

Моддий борлиқдаги воқеа-ҳодисаларнинг тилдаги инъикоси тил элементлари орқали амалга оширилар экан, бир томондан сифат, миқдор, меъёр каби фалсафий категориялар билан, иккинчи томондан эса, экспрессивлик,эмоционаллик, баҳолаш, образлилик каби категориялар билан узвий боғлиқ. (Бошқа адабиётларда муаллифлар кўпроқ: билиш субъекти, субъект, одам, инсон деган номлардан фойдаланадилар. Аммо, биз имкон қадар тилдан узоқлашмаслик мақсадида уни “тилдан фойдаланувчи шахс”, “сўзловчи” деб атаймиз).

Экспрессивлик ифодалаш, нутқни таъсирчан қилишдан иборатдир. Сўзловчининг муносабати буларнинг барчаси учун меъёрий ўлчов вазифасини ўтайди.

Демак, сўзловчининг муносабати нафақат тилда, балки тилдан ташқарида ҳам мавжуд.

Баъзан айнан бир ҳолатни бир тилда сўзлашувчи инсонлар турлича тасаввур қилиши, англаши мумкин. Лекин, айнан бир ҳолат ҳақида турли тилда сўзлашувчиларнинг онги, тасаввури бир хил бўлиши мумкин.

Маълумки, бир предмет ёки воқеа-ҳодисалар инсон онгида бир хил тасаввур қилинади, тушунилади, лекин, сўзлар миллий характерга эга бўлгани сабабли ҳам мазкур тушунча турли тилларда турли сўзлар орқали ифодаланади.

Сўзловчининг муносабатини маданий томондан тадқиқ қилиш, уни концептуаллаштириш ва миллий-маданий хусусиятларини аниқлаш орқали амалга оширилади.

Концептуал таҳлил сўзловчининг муносабати миллий-маданий хусусиятларга эга эканлигини кўрсатиб беради. У лингвистик ва экстралингвистик омилларга боғлиқ ҳолда намоён бўлади.

Аммо, шу билан бирга, концептуализация ва унга алоқадор ҳодисаларнинг ҳали тўлиқ даражада ўрганилмаган жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Қуйида биз улардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

  1. Тилшунослар орасида ҳалигача лисоний концептуализация ва нолисоний концептуализация ўртасидаги фарқ ўхшашлик, боғлиқлик, кетма-кетлик алоқаси, билиш жараёнидаги роли ва ўрни масалалари ҳали аниқ ечим топмаган. Улардан қай бири бирламчи ва қай бири иккиламчи эканлигига ҳозирги босқичда когнитивистлар аниқ жавоб бера олмайдилар.
  2. Прагматик хусусиятлар тилга тегишли бўладими ёки тил сатҳларининг унсурларига тегишли бўладими? Унинг структуралари ва қурилмаларига хос бўладими? Тилнинг прагматик хусусиятлари тил қурилмаларининг прагматик хусусиятларидан нимаси билан фарқ қилади? Ўхшаш томонлари ҳам борми?
  3. Айрим тилшунослар “тил фақатгина олинган билимларни намойиш қилишга ишлатилади” деб ҳисоблашади. Агар тил фақатгина олинган билимни намойиш қилишга ишлатилса, у билиш жараёнининг ўзида иштирок этмайдими? Намойиш қилиш, уни сақлаш вазифсидан ташқари бошқа бирор-бир вазифаси борми?
  4. Айрим тилшунослар ўз асарларида, концептуаллаштириш жараёнидан “объектив ва ақлий операциялар кузатилади” деб ёзади. Агар шундай бўлса ақлий операциялар субъективлиги қандай бўлади? Ёки бўлмаса, аксинча, объектив операцияларда ақлий момент бўлмайдими?
  5. Айрим тилшунослар асарларида биз “тил концептларни бошқаради” деган ҳукмни учратамиз. Бу ўринда савол туғилиши табиий. “Нега тил концептларни бошқаради?” “Концептлар тил бирлигими?” Умуман олганда, концептлар тил томонидан бошқариладими ёки уни бошқарадиган қандайдир бошқа моҳиятлар борми?
  6. Тафаккур когнитив тилшуносликда қандай статусга эга? У инсон томонидан эгалланадиган, олинадиган билимни сақлашга хизмат қиладиган қандайдир бир ҳажмга, сиғимга эга бўлган жой, идишми?
  7. Билимлар қаерда сақланади? Уларни бирлаштириш, гуруҳлаш, номлаш ва шу каби бошқа опреациялар қаерда амалга оширилади?
  8. Концептуал семантика баъзи ўринларда тилшунослар у ёки бу концептнинг воқеланиши деб берган схемалари ва келтирилган мисоллар анъанавий семантикадаги “collocation”ва коллокацион таҳлилни эслатади. Унда ҳар икки ҳолат бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Ёки ҳар иккаласи бир нарсами?

Бу келтирилган ҳолатларга ишонарли изоҳлар борми?Уларни концептуалллаштириш назариясининг кўп жумбоқли масалалрини тушуниш ва тушунтириб бериш имкониятини яратади деб ўйлаймиз.

Адабиётлар:

  1. Болдырев Н.Н. Когнитивная семантика. Введение в когнитивную лингвистику: Тамбов: Издательский дом ТГУ им. Г.Р. Державина, 2014.  – 236 с.
  2. Заботкина В.И., и др. Методы когнитивного анализа семантики слова. Компьютерно-корпусный подход. – Москва:, Языки Славянской культуры. 2015. – 344с.
  3. Кубрякова Е.С. Язык и знание (на пути получения знаний о языке: части речи с когнитивной точки зрения, роль языка в познании мира). – М.: Языки славянской культуры, 2004. – 560с.
  4. Кубрякова Е.С., Демъянков В.З., Панкрац Ю.Г., Лузина Л.Г. Краткий словарь когнитивных терминов. – М.: Филологический ф-т МГУ им. М.В.Ломоносова, 1997. – 245 с.
  5. Маслова В.А. Когнитивная лингвистика. – Минск: Тетра Системс, 2008.– 272 с.
  6. Сафаров Ш. Семантика. – Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2013. – 344 б.

Юлдашев А. Языковая концептуализация мира. В данной статье рассматривается концептуализация мира в сознании человека, а также вербализация знаний человека в познании мира.

Yuldashev A. Lingual conceptualization of the world. This article deals with conceptualization of the world in the human mind and verbalization of cognition in the perception of the world.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati