Ўзбек кишиси учун она тили бу ўзбек тилидир. Халқимиз тилга, хусусан, ўзининг она тилига мунтазам муҳаббат билан қараган, уни эъзозлаб ардоқлаган, ўзбек тилининг мукаммаллиги ва бетакрор оҳангларидан фахру ифтихор қилган. Ўзбек тилидаги таранг мантиқ ва гўзалликни ҳар сония инкишоф этишга иштиёқ сезган. Шунинг учун ҳам ўзбек ўйнаб гапирса ҳам, ўйлаб гапиради. Шунинг учун ҳам ўзбек қопиб эмас, топиб гапиради [Маҳмудов 1998: 3]. Шунингдек, ўзбек тили ниҳоятда бой тил, унинг ифода имкониятлари ранг-баранг. Олим Н. Маҳмудов таъкидлаганидек, “Тилимизда муайян бир фикрни бир қанча шаклу шамойилларда ифодалаш имкониятлари мавжуд, айнан қайси шаклу шамойилни танлаш, мулоқот вазияти учун энг уйғун ифодани топа билиш нугқ эгасининг маҳорату малакаси, маърифату маънавиятига боғлиқ. Мулоқот вазиятини тугал ҳис этмасдан туриб танланган лисоний ифода, ҳар қанча гўзал бўлмасин, мақсад нишонига етиб бора олмайди” [Маҳмудов 1998: 6]. Кўринадики, тил воситаларидан ўринли ва мақсадли фойдаланиш тил соҳибининг билими, дунёқараши ва тафаккурига боғлиқ.
Ҳар бир тилнинг бойлиги, бетакрорлиги забардаст шоиру ёзувчилар, драматурглар ижодида яққол намоён бўлади. Чунки айнан “сўз усталари”, қуроли “сўз” бўлган зиёли вакиллар тилнинг ифода имкониятларини моҳирона намоён этадилар. Шунинг учун бадиий ижод намунасини қайси тилда ёзилган бўлса, ўша тилда ўқиш кишига бошқача таассурот қолдиради. Моҳир таржимон томонидан бошқа тилга ўгирилган бўлса-да, асарни дунёга келган тилида ўқиш ва тушуниш китобхонни ижодкорга, ўша миллат вакилларига яқинлаштиради. Чунки тилда шундай ҳодисалар, бирликлар мавжудки, уни бошқа тилга айнан таржима қилиш мумкин эмас. Ўша лакуналарни таржима қилинаётган тилнинг имкониятлари асосида бериш эса китобхонга ижодкор айтмоқчи бўлган фикрнинг “юқишига” тўсқинлик қилиши мумкин.
Ўзбек адабиётининг шоҳ асарларидан бири бўлмиш “Ўткан кунлар” романининг бош қаҳрамони, ўзбек қизларининг протатипи Кумушнинг нутқида миллий ментал хусусиятлар – ҳаё, ибо, самимият, мулойимлик каби туйғулар намоён бўлади. Ўзбек тилининг жозибаси, кенг имкониятлари, сўз бойлиги бўй кўрсатади. Фикримизни асардан олинган парча орқали далиллаб, таҳлил қилсак:
– Фузулий яхши китоб, – деди Кумуш, – мен ҳам ёлғиз қолған кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим, сизамми?
Бу олижаноб гўзалга нима дейишни билмас, қаердан сўз бошлашқа ҳайрон эди:
– Ким йиғлатди сизни?
– Йиғлабманми?
– Кўзингиз, кипракингиз...
– Ўзи шунақа...
– Йиғлатған мен эмасми?
– Китобни нега ёпдингиз? Очиб ўқунг, мен эшитай.
– Ота-она ризолиғини бир томчи кўз ёшингизга арзитдимми?
– Мен рози, мен кўндим, – деди дафъатан Кумуш, бу сўзни нимадандир қўрқғандек шошиб айтди.
– Кўндингиз... нега, а?
Отабек ҳайрат ва таажжуб ичида эди.
– Негаки, – деди Кумуш, – мен сизга ишонаман...
– Шунинг учун...
– Шунинг учун кўндим...
– Кўнглингиз фаришталар кўнглидек.
– Сизнинг ҳам кўнглингиз...
Икки жон, икки юрак гўёки биттадек бир-бирисини онглар, бирисидан-бирисига ўтиб юрар эди шу вақт.
– Бўлмаса нега йиғладингиз?
Бу саволдан Кумуш бир мунча ўнгғайсизланиб, уят аралаш бир табассум билан:
– Ўзим... – деди ва кейинидан ўзининг ҳамма тилак ва шартлари маъносини жамъи бўлған, – меним унутмайсизми? – деган сўроғини берди. Ул нима деб айтишка сўз тополмай қолди. Чунки юрак сирини ифода қиларлиқ жумла топиш мумкин эмас эди. Жавоб бериш ўрнига ўзича сўзланди: “Ота-она орзуси...”
– Биламан, – деди овутқучи товуш билан Кумуш.
– Маним орзумни ҳам биласизми?
Кумуш Отабек яқиниға сурилди ва тирсаклари билан унинг тиззасига ёнбошлаб эркаланди... [Абдулла Қодирий 2004: 151-152].
Ушбу парчада Отабек ва Кумуш диалоги келтирилган. Англашиладики, Отабек ота-онаси уни уйлантиришини Кумушга айтган ва унинг муносабатини кутяпти. Кумуш эса жуда оғир-босиқлик билан ўз ризолигини билдиряпти. Бу хабардан Кумушнинг юраги чил-парчин бўлган бўлса-да, лекин, ўзини йўқотмай, ёрига ҳатто сўзи билан ҳам озор бермаяпти. Эътибор берилса, Отабекнинг “Ким йиғлатди сизни?” деган саволига очиқ “Ҳа, йиғладим...” демай, сўроқ билан жавоб беради. Бу билан ёрига ростини айтиб, уни ҳам ранжитишни истамайди. Отабекнинг иккинчи турмушига рози бўлганининг сабабини ҳам ўзбекона лутф – “Сизга ишонаман” жумласи – билан етказади. Бу сўзнинг прагматикаси чуқур маънога эгаки, Отабек буни яхши англаяпти. “Иккинчи хотин олганингизда ҳам барибир мени дейсиз”, “Фақаи мени севасиз” – деган гапларни тўғридан-тўғри айтмай, шу жумла орқали эвфемик тус берган.
Замонавий ошиқларнинг суҳбатини таҳлил этсак:
– Нодир ака, ота-онамиз нималар қилишяпти ўзи, ҳеч тушунмаяпман! – куюниб гапирарди Нилуфар. – Сўрамасдан-нетмасдан, юзингда кўзинг борми, демасдан, орқаваротдан тақдирингни ҳал қилиб ташлайверишаркан-да!?
– Нилу, тўғрисини айт, – деди қучоғида ёшли кўзлари билан ўзига тикилиб турган севгилисининг яноғига тушиб турган зулфини беозор ўйнар экан йигит, – фақат тўғрисини айт, нима қилмоқчисан?
– Толибжонга тегмоқчиман! – дабдурустдан тўнини тескари кийиб, ёвқараш билан боқди қиз. Ва шу заҳотиёқ инжа белини қучиб турган бақувват билакларнинг бўшашиб кетганини сезди. Сезди-ю, ўзи ҳам айтилган гапнинг залворидан чўчиб тушди. – Жиннимисиз?! – деди шошиб, – мен...мен сизни дейман, ўлсам ҳам сизни дейман! – қиз уятдан “дув” қизарган юзларини йигитнинг кўкрагига босиб яширди ва шу ҳамоно боягина бўшашган билакларнинг белида янада жипсроқ чирмалганини ҳис қилди...
– Хайрият... – қизнинг қулоғига шивирлади йигит. – Мен қўрққан эдим... мен жудаям қўрққан эдим... – овози титраб, нимадир бўғзига тиқилди сўзларидан адашган Нодирнинг.
– Нимадан... нимадан қўрққан эдингиз? – бошини кўтарди ва йигитнинг кўзларига меҳри ийиб қаради қиз.
– Тақдир экан, нима ҳам қилардик, қўлимиздан нима ҳам келарди дейишингдан, ота-онамнинг, удумларимизнинг раъйига қарши боролмайман, кечиринг дейишингдан... энг ёмони... сени йўқотишдан... сенга бўлган севгим билан ёлғиз қолишдан...
– Йўқ, йўқ! – йигитнинг оғзини кафти билан тўсди қиз. – Бас қилинг!
– Нилу, шошма, гапимни охирига етказай, – йигит қизнинг қўлларидан тутиб ўпди. – Йўқса, кейин бир умр пушаймон қилишим мумкин, эшитяпсанми, бир умр!... [Улуғбек Ҳамдам 2011: 26-27].
У.Ҳамдамнинг “Сабо ва Самандар” асаридан олинган икки севишган Нодир ва Нилуфарнинг дардли суҳбати келтирилган. Нилуфарнинг отаси қизини каттаконнинг ўғлига унаштириб қўяди, аммо, қизидан ризолик олмайди. Қизи эса Нодирга кўнгил қўйган. Улар бирга ўқийди. Ўқишдан қишлоққа қайтишса, қизнинг уйида тўйга тайёргарлик авжида. Нилуфар эса Нодирдан бошқасига тегмаслигини тап тортмасдан ҳаммага айтади. Юқорида икки ошиқнинг мана шу вазиятдаги суҳбатидан парча келтирилган. Кумуш ва Отабек вазияти бу ёшлар ғавғосидан ҳам аянчли бўлса-да, Кумуш жуда юқори маданият билан ўз муносабатини билдиради. Нилу эса “юридик” йўналишда таҳсил олаётган, замонавий бир қиз. У бошқа йигитга тегмаслигини қатъий айтади. Сўрамасдан-нетмасдан, юзингда кўзинг борми, демасдан, орқаваротдан тақдирингни ҳал қилиб ташлайверишаркан-да!? жумласи орқали қиз ўзининг ҳақ-ҳуқуқини, хоҳишини ҳамма нарсадан устун қўяётгани англашилади. Йигитга Жиннимисиз?! деб бемалол айта олади. Ваҳоланки, қиз боланинг ўз севганига бундай дейишга ҳадди сиғмайди.
Отабек ва Кумуш ҳамда Нодир ва Нилуфар диалогларида қуйидаги линвистик ва нолингвистик тафовутлар намоён бўлади:
1. Отабек Кумушга “сиз”, Нодир Нилуфарга “сен” деб мурожаат қилади.
2. Кумуш тақдирга кўнади, шунинг учун “Мен розиман” дейди. Нилу эса ўлса ҳам Толибжонга тегмаслигини, ўз тақдирини ўзи белгилаши кераклигини уқтиради.
3. Кумуш муҳаббати имплицит (яширин) ифодаланган, Нилуфар эса очиқчасига кўрсатган (мен...мен сизни дейман, ўлсам ҳам сизни дейман!).
4. Ошиқларнинг суҳбат жараёнидаги ўтиришлари, таъна аъзолар ҳаракати ҳам фарқ қилади. Отабек ва Кумуш ниҳоятда одоб билан (гарчи ўзларидан бошқа ҳеч ким бўлмаса-да), Нодир билан Нилуфар эса туйғуларига эрк бериб, бемалол (инжа белини қучиб турган бақувват билаклар; юзларини йигитнинг кўкрагига босиб яширди ва шу ҳамоно боягина бўшашган билакларнинг белида янада жипсроқ чирмалганини ҳис қилди; йигит қизнинг қўлларидан тутиб ўпди).
Бу қаҳрамонларнинг ҳаммаси ўзбек, уларнинг она тили ҳам ўзбек тили. Лекин, воқеаларга муносабати, ёндашуви кескин фарқ қилади. Бу, биринчидан, давр билан боғлиқ масала. Давр мезони эса бир қанча сабаблар туфайли ўзгаради. Бу инсоннинг камолга етишида нафақат она тили, балки иккинчи тил ва унинг маданияти таъсиридир.
Она тили шахснинг оламни англашига, тушунишига, қиёсий ўрганишига асос бўлиб хизмат қилади. Тил соҳиби нутқи орқали ўша миллатга тегишли бўлган кўп ахборотга эга бўлиши мумкин. Жумладан, қаҳрамонимиз Кумушнинг Отабекка ёзган мактубига эътибор қаратсак: “Юсуф савдосида беқарор Зулайҳо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаған Лайли отидан – сизга бошимдағи сочларимнинг тукларича беҳад салом. – Мендан – ҳадду-ҳисобсиз гуноҳ, сиздан – кечириш. Ўткан ишга салавот. Чунки шу икки йил ичида кечирган қора кунларни эска олиш маним учун ўша кунларни қайтадан бошдан кечиришлик сингари, ул кунларни сиз унутинг, унутманг, аммо мен унутдим. Шунинг учун сўзимни ўзимни охирғи, ҳам чин бахт ислари ҳидлаган тарихимдан бошлайман. Сиз – қочоқсиз, нари-бери тил учида менга бир нарса ёзғандек бўлиб қочқансиз, икки йил бўлди Марғилон келиб юришларингизни мен ўзимча ешдим, лекин топиб ешдим: сизнинг барча машаққатларингиз – душманларингиздан ўч олиш учун бўлғанини онгладим. Йўқса, мени кўрар эдингиз, кўргингиз келмаганда ҳам бошқалар сизни кўрар эдилар, тўяр эдилар... Мен каби бахтсиз, мен каби ғовғаси кўб сизни зериктириб, жондан тўйдирған бўлса ажаб эмаски, қоча бошлағансиз... Қочсангиз қочиб кўрингиз, аммо мен бу кундан бошлаб биравларни қувишқа бел боғладим: отам билан онам рафоқатларида хизматингизға – чўрилиқингизға эрта-индин юраман, суйганингиз кундошим олдида қадру-қийматимнинг нима бўлишини ҳам биламан... Сиз олижанобсиз: эски қадрдонлиқ ҳурматига кўнгил учун кулиб боқарсиз... Лоақал шугина билан ҳам бахтсизни масъуда қиларсиз. Аммо... суйганингиз – кенжангизнинг жеркишларидан, қарғинишларидан беҳад қўрқаман, ўзимда йўқ қўрқаман. Шу яқин орадағи унинг билан бўладирған масъуд дақиқаларингизда худо йўлиға ваъда олингиз – мени оғритмасин, рақибам келди деб ўйламасин. Ниҳояти мақсадим икки дўстка бир чўрилик ва шу муносабат билан биравларини кўриб юриш... Хатим охиринда шуни ҳам айтиб қўяй: ўч қайтиб, мен ҳам кўчадан ҳайдалмасам эди, деган хавф ҳамиша кўнглимда. Агар худо ярлақаб эшикингизда ўринлашиб олсам, уёғини ўзим билар эдим...
Eрта-индин кўзимга йўл кўринур,
Йўл босишлиқ кўнгилга бир умр кўринур...
3-инчи ҳамал, Марғилон, Кумушингиз ёзди” [Абдулла Қодирий 2004: 300-301].
Кумуш хатини ўзбек адабиётининг нодир дурдона асарларининг ошиқлари номини зикр этиш билан бошлаган. Бу билан нутқ эгасининг ўзбек миллатига мансублиги англанади. Жумладан, Юсуф, Зулайҳо, Мажнун, Лайли каби. Кумуш нутқида айрим олмошлар прагматик вазифа бажарган. У “мен” олмоши ўрнида “бошқа” сўзини (кўргингиз келмаганда ҳам бошқалар сизни кўрар эдилар), “сиз” кишилик олмоши ўрнида “биров” гумон олмошини (аммо мен бу кундан бошлаб биравларни қувишқа бел боғладим; ва шу муносабат билан биравларини кўриб юриш) қўллаган. Бундан мақсад уят, андиша, ўзини таъкидламасликдир.
Кумуш кимга турмушга чиқаётганини чимилдиқда кўрмагунча билмайди. Ариқ бўйида Отабекка кўнгил берган бўлса-да, журъат топиб ҳеч кимга айтолмайди. Ҳатто тўйдан олдин бир оғиз бўлсин онасига ҳам норизолигини билдирмайди. Буни қуйидаги парча орқали англаш мумкин:
Офтоб ойим узоқ тин олиб эшикка қаради ва ярим товуш билан:
– Шу чоқда ичимга чароғ ёқсалар ҳам ёримайдирда, эгачи, – деди ва кўзига жиқ ёш олди.
– Нега?
– Қизим тўғрисидан...
– Қизингга нима бўлди?
– Унашилғаниға бу кун еттинчи кун, – деди Офтоб ойим, – шундан бери Кумушингиз тун ҳам йиғлайди, кун ҳам, сабабини сўрасам сира жавоб бермайдир-да, дўлонадек кўз ёшисини оқиза берадир. Бу кун тағин йиғиси ошиб тушди. Ҳайтовур ялиниб, ялпоғланиб аранг ҳаммомга юбордиқ [Абдулла Қодирий 2004: 51].
Аммо, “Сабо ва Самандар” асаридаги Нилуфар онасига норозилигини билдиради:
– Аяжон, нима қиляпсизлар ўзи? Мен... ахир, одамман!? – кўзларидан беихтиёр қуйилиб келган ёшларига тиқилиб аранг деди Нилуфар. – Тўғри, сизлар туғиб катта қилдингиз, едириб-ичирдингиз, тонмайман, бунинг учун бир умр оқсоқдек хизматларингизни қилай, лекин менинг ҳам кўнглим бор, мен ҳам умид билан яшаяпман... Нима қилганингиз бу, аяжон!?
– Йиғламагин, жон қизим! Сен ҳали ёшсан, ҳаётнинг аччиқ-чучугини, баланд-пастини яхши билмайсан. Даданг икковимиз шу ишни сен учун, сенинг келажагинг учун қилдик. Куёв болани яхши танимасанг, тўйдан кейин билиб оласан. Ота-бобомиз замонидан бери шундай бўлиб келган ахир, куюнма. Дадангга тегаётганимда худди сенга ўхшаб йиғи-сиғи қилганман, мана, энди дадангдан айириб кўр-чи! [Улуғбек Ҳамдам 2011: 23].
Замонавий қиз Нилу ҳатто отасига ҳам рўйи рост тўйга қарши эканлигини айтади: “Бошимга қилич келсаям сўзимдан қайтмайман”. Шунда ота ўйлайди: Тавба, – дерди у ўз-ўзига хотини ва қизи билан бўлган кўнгилсиз суҳбатларни мушоҳада қиларкан, – одамлар шунча ўзгариб кетдими ё биз замондан орқада қолдикми? Ахир, илгарилари қиз бола деган “миқ” этмай тегиб кетаверар эди. Яна бахтли бўлганини айтмайсанми! Энди-чи?.. Йўқ-йўқ!.. – Камол раҳбар сапчиб ўрнидан туриб кетди, – бу тўй бўлади!
Кўринадики, ота ҳам олдинги замон қизлари билан бугунги ёшларни ўзича қиёслайди, уларнинг муомаласини, ота-онага муносабатини солиштиради. Қизининг бундай беодоблигидан жаҳли чиқиб, тўйни тўхтатмасликни таъкидлайди.
Инсон тарбияси, муомаласи, дунёқараши она тили орқали шаклланади. “Кеча ва кундуз” романидаги Зеби ва унинг ўртоғи Салти (Салтанат) суҳбати орқали ёшларнинг соддалиги, беғуборлиги намоён бўлади: Салти (Салтанат) эрта саҳарда мунақа ҳаллослаб келишининг сабабини ҳали айтгани йўқ эди, улар кўришган ҳамон, ёш қизларнинг ўз ораларида ўтатурган маҳрам гапларини гаплашиб, тикаётган кашталари, пилтага кирган дўппилари тўғрисида бир-бирларига калта-калта маълумот беришган эдилар.
Салти энди гап очди:
– Эрта саҳарлаб чопганим бекорга эмас...
– Мен ҳам сезганман... Юрагим бир қур сесканиб ҳам олди...
– Нимага, ўртоқжон?
– Ўзингиз билган совчилар балоси-да... Қиш ичи кети узилмади.
– Менам безганман, жоним қақа... шунинг учун бир қишлоққа чиқиб келсаммикан, деб эдим...
– Нимасини айтасиз... Ариқдаги сув ҳам музнинг тагидан чиқди-ку.
Зебининг юзини, шу топда, бутун қиш ичи тўпланиб қолган ҳорғинликнинг асарлари эгаллаган эди...
– Энахонни биласиз-а? Ёйилма сойдаги ўртоғим бор-ку?
Зеби бошини кўтариб, ўртоғига қаради, шу қараш унинг нечикдир Энахонни эслолмай турганини кўрсатарди. Сўнгра Салти таъриф қилди:
– Ўтган куз бизникига меҳмон бўлиб келишдику – келинбибиси билан бирга? Ўшанда неча марта киши юбориб чақиртирдим, бормадингиз, отангиз жавоб бермади...
Зеби бош тебратди:
– Ҳа, ҳа... билдим, билдим. Ўзини кўрганим йўқ-ку, эшитиб биламан.
– Ана ўша қиз ўша сафар келганида мени айтиб кетиб эди. Баҳорлашиб бир бориб келаман, деб юриб эдим. Яқинда яна айтиб юборибди. Шунга тенг-тўшларим билан бир бориб келмоқчиман. Сизни ҳам олиб бораман...
– Қачон?
Зебининг бу калта саволидан Салти кўп нарсани англади. Бу савол Зебининг иложи бўлса шу кун паранжисини қўлига олиб (ёпиниб ҳам ўтирмасдан!), шу ердан узоқлашмоқ учун талпинганини кўрсатарди. Шу учун Салти:
– Мен сизни олиб кетгали келдим, айланай! – деди.
Ва икки ёш бола ниҳоясиз қувончлар ичида яна бир-бирларига чирмашдилар... [Чўлпон 2011: 5-6].
Ушбу суҳбатда қўлланган жоним қақа, айланай каби бирликлар ўзбек тилининг эгаси бўлган шахс томонидан қўлланади ҳамда ушбу ифодалар сўзлашув услубининг элементи бўлиб, гендер жиҳатдан қиз/аёлларга хослангани билан ўзига хослик касб этади. Зеби тилидан айтилган “Ўзингиз билган совчилар балоси-да” жумласи ёки унга жавобан Салти томонидан айтилган “Менам безганман” ифодалари ўзбек қизлари тилидан ифодаланадиган гаплардир. Чунки ўзбек қизигина бу ҳодисага шунчаки қаролмайди. Бу икки дугона жуда ёш, ҳали болалик гаштини суриб улгурмагани учун оила қуришни хоҳлашмайди. Айнан тенгдош қизлар ўртасидаги мулоқот эканлиги тил бирликлари орқали ҳам реаллашган. Бўйи етган қизлар бу масалада фақат тенгдош ўртоғи билан дардлашиши мумкин.
Бу икки ўртоқнинг кейинги суҳбатини кузатсак:
Яна индамасдан ўтирган Зебига энди бу сафар Салти ялинди:
– Ўртоқжон, бир нарса десангиз-чи. Ҳамма баравар ташна экан...
Зеби ўртоғини астойдил койиб берди:
– Сиздан келган гап шуми, ҳали? Отамнинг айтганларини ўз қулоғингиз билан эшитиб эдингиз-ку! Эшитиб-нетиб қолса, нима бўлади? Билиб туриб...
Салти ўртоғини тўхтатди:
– Биламан, ўртоқжон, биламан! Отангизнинг гапларини бир эмас, икки қулоғим билан эшитдим. Одамлар ичида, кўпчилик орасида қистасам, мендан хафа бўлинг. Бу ер дала жой бўлса, одам асари бўлмаса, кечаси – қоронғи бўлса, бир-икки жуфт айтиб бермайсизми?
– Номаҳрамга эшитдириб-а?
Зеби бу сўзни чин кўнгилдан чиқариб ва жеркиб туриб айтган бўлса ҳам, қизлар ҳаммаси бирдан кулишиб юбордилар. Яна ҳар хил овозлар кўтарилди.
– Шу ҳам номаҳрам бўлибдими?
– Шу Ўлмасжон-а?
– Номаҳрам ўла қолсин...
Зеби чинакам ранжиган эди. Йиғламсирашга яқин бир овоз билан Салтига:
– Мунақа қилишингизни билсам, келмас эдим... – деди [Чўлпон 2011: 25].
Ушбу суҳбатда қўлланган тил воситалари, яъни Отамнинг айтганларини ўз қулоғингиз билан эшитиб эдингиз-ку!, Эшитиб-нетиб қолса, нима бўлади?, Номаҳрамга эшитдириб-а? жумлалари орқали Зебининг ўзбекона тарбияси, ҳаё-ибоси намоён бўлган. Дугоналарнинг уришишида ҳам самимийлик, беғуборлик сезилиб турибди. Бундай муносабат она тилининг руҳи, воситаси орқали юзага чиққан.
Зеби ва Салти нутқи ҳозирги ёшлар нутқи билан қиёсланганда анча тафовутлар кўзга ташланади. Бу кейинги даврда рус тилининг ўзбеклар учун иккинчи тилга айлангани билан изоҳланади. Чунки иккинчи тил ўзбеклар лисоний онгига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Жумладан:
– Тезроқ таътилга чиқсак-ку, – Шаҳлонинг елкасига эснаганча бошини қўйди Назира.
– Сабо қани? Бугунам келмаса, зерикиб ўламиз иккаламиз... – дугонасининг бошига бошини аста уриб деди Шаҳло.
– Домласининг дарсига кетган бўлса керак-да. Ўтган ҳафта ҳам шунаққилувди, эсингдами? – маъруза ўқиётган муаллимнинг ўзига қараб-қараб қўяётганидан сергак тортиб, қаддимни кўтарди Назира.
– Ҳа-я, ким экан у домла, мунча қизиқмаса?..
– Адабиётдан киради. Келишгангина... – шундай дедию ўқитувчининг ҳадеб ўзларига кўз ташлаётганидан сергакланиб, лаб-лунжини тўғрилаганча, гўё маърузани эшитибу ёзиб бораётгандек дафтарига энгашди Назира.
– Фу-уу, Сабонинг куни қаёқдаги бир домлага қолибди-да...
– Йўғ-а, дарсига қизиқаётганди-ир... [Улуғбек Ҳамдам 2011: 9].
Ушбу қисқа парчада икки дугона Шаҳло ва Назиранинг Сабо ҳақидаги суҳбатлари акс этган. Замонавий қизларнинг Зебилардан фарқи улар бир-бирини “сенлаб” гапиради. Ўзбек менталитетида ҳурмат категорияларидан бири сифатида “сиз” деб мурожаат қилиш одат. Ҳозирги ёшларнинг аксарияти эса бунга амал қилмайди. Чунки уларнинг лисоний онги иккинчи (учинчи) тил таъсирида ўзгарган. Фу-уу ифодаси ҳам менсимаслик маъносида қўлланиб, бугунги ёшларнинг муомала одобини кўрсатган.
Кўринадики, она тили инсоннинг когнитив-коммуникатив шаклланишида катта аҳамият касб этади. Ўз тили орқали халқ маданияти, тарбияси, муомаласи, маънавияти сингиб боради. Тафаккур тарзи она тилиси орқали шаклланиб, ривожланади. Биринчи президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир” [Каримов 2008: 49].
Она тили шу қадар соҳир ва илоҳий қудратки, унинг сийратига яширинган синоатларни батамом инкишоф этмоқ учун инсон ақлининг синчилик салоҳияти ожизлик қилади [Маҳмудов 1998: 11]. Она тилининг бой луғат қатламидан, грамматик меъёрларидан қанча кўп фойдалансак ҳам, унинг жозибасини намоён этишга ҳаракат қилсак ҳам, барибир тилнинг очилмаган қирралари, кашф этилмаган имкониятлари мавжуд бўлиб қолаверади. Зеро, ҳар бир миллатнинг она тили мўъжизадир.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Тошкент: Маънавият, 2008. – 176 б.
2. Маҳмудов Н. Тил. – Тошкент: Ёзувчи, 1998. – 42 б.
3. Улуғбек Ҳамдам. Сабо ва Самандар. – Тошкент: O‘zbekiston, 2011. – 352 б.
4. Чўлпон. Кеча ва Кундуз. – Тошкент: «Янги аср авлоди», 2011. – 332 б.
5. Abdulla Qodiriy. O‘tgan kunlar. – Тoshkent: Sharq, 2004. – 384 б.
Попов Д. Возможности выражения родного языка в речи. Цель данной работы заключается в описании речевых возможностей родного языка. Основное содержание исследования составляет анализ речевых единиц, употребляемых в родном языке. В статье рассмотрены конкретные примеры употребления речевого богатства родного языка в произведениях художественной литературы и в разговорной речи. При проведении исследования применены методы наблюдения, обобщения и сравнительного анализа. Проведённый анализ показал, что язык, и прежде всего, естественно, родной язык, является средством общего интеллектуального и специального (лингвистического) развития человека. Богатство, оригинальность и неповторимость каждого языка ярко отражены в произведениях талантливых мастеров слова.
Popov D. Possibilities of expressing the native language in speech. The purpose of this work is to describe the speech capabilities of the native language. The main content of the study is the analysis of speech units used in the native language. The article considers specific examples of the use of the speech richness of the native language in works of fiction and in colloquial speech. During the study, methods of observation, generalization and comparative analysis were applied. The analysis showed that the language, and above all, naturally, the native language, is a means of general intellectual and special (linguistic) development of a person. The richness, originality and originality of each language are vividly reflected in the works of talented masters of the word.