Маълумки, олам манзараси ҳар бир маданиятда универсал концептлар ва маданиятни ташкил этувчи унсурлардан шаклланади: макон, замон, ҳодиса ва фаолиятлар, анъаналар ва урфлар, тақдир ва турмуш кабилардан. Миллий дунёқараш, борлиққа миллий муносабат ва воқеликни баҳолаш шулардан ҳосил бўлади
Дастлабки мифшунослар таъкидлаганидек, шамол оламнинг фольклор манзарасини ташкил этувчи қисмлардан биридир. А.Н.Афанасьев ёзганидек, қадимги одамлар тасаввурларида шамол пуфлаб, оғзидан гирдибод, изғирин, бўрон чиқарувчи ўзига хос мавжудотдек кўрилган. Айрим ижодкорларда шамол бирлаштирувчи куч бўлиб, хусусий қисмларни ягона космосга жамлашга кўмаклашади, бошқаларда эса шамол замонлар ва авлодлар орасидаги алоқани амалга оширувчи маданий хотиранинг сақловчисидир.
Олам бадиий манзарасини ўрганишда мифопоэтик аспект муаллиф оламига кириб боришга имкон берадиган “калит” вазифасини ўтайди ва муҳим натурфалсафий, антропологик ҳамда маънавий-аҳлоқий маъноларни кашф этишга кўмаклашади. Муаллиф оламидаги тўрт унсур натурфалсафий Космоснинг, миллий, тарихий маконнинг, ижтимоий универсум ва эстетик муҳитнинг, шу билан бирга метафизик, бевосита муроқаба йўли билан англаса бўладиган воқеликнинг марказидир.
Олов, сув, ҳаво, ер – халқ ҳаётининг ҳам асосий стихиялари ҳисобланади. Осмондаги қушлар, ҳидлар, шамол, нафас кабилар ҳаво; чироқ, шам, ўчоқ, печка кабилар олов; тоғлар, қирлар, тепалик, дарахтзорлар, боғлар, қабристонлар, йўл кабилар ер; булут, ёмғир, сел, жилға, дарё, кўл, кўз ёши ва бошқалар сув унсурлари билан боғлиқ тушунчалар бўлиб, инсон турмушининг узвий ҳодисалари сифатида халқ инончлари, мифлари, фольклори ва бадиий адабиётида кенг ўрин тутади.
Табиат ва ҳаётнинг тўлиқ манзараси тарих яралишигача даврларда пайдо бўлиб, у вақтларда тил халқнинг маънавий ифодачиси вазифасини ўз зиммасига олган ва дунёдаги ҳамма нарса-ҳодисаларни товушга сола бошлаган эди. Сўз ва миф яралиши жараёнида тафаккур воситасига айланган тил инсоннинг дунёни боладек соддалик билан қабул қилиши, дунёқараши, онг кўникмаларига таянибгина қолмасдан, янги образли-рамзий воқелик дунёсини яратар экан, ҳамма вақт инсонни кўзда тутади.
Тил ўз фаолиятининг маҳсули билан моддий архетипик инвариант – инсонни имкон қадар яқинлаштирар экан, антропоморф ҳоялар ва образларни қўллайди. Халқлар космологиясида Коинотнинг антропоморфланиши ҳодисасини изоҳловчи сабаблардан бири шундан иборат: кўплаб халқлар мифологик тасаввурларига кўра, бутун борлиқ космик улкан мавжудот – инсонсимон баҳайбат танасидан яралади ёки инсоннинг ўзи ҳам йўқ қилиб бўлмас боқий табиий стихиялар ва космик унсурлардан ҳосил бўлади ва оламнинг бошқа унсурлари билан қоришиб ривожланади. Бошқа томондан, табиатнинг инсонлаштирилиши ва аксинча, одам организмининг космосга таққосланишининг сабаби руҳиятнинг эмоционал элементларидан тўлиқ ажралмаган ибтидоий тафаккурнинг табиат билан бир бутунлиги бўлиши мумкин. Шу сабабли табиатни кузатишда ёки кузатув объектига яқинлашиш ва уни англашда тил нарсаларни асли бўйича эмас, тасаввурдагидек номлаган.
Инсоннинг сезги аъзолари муносабати метафоралар, ассоциациялар, ўхшатишлар орқали ифодаланган, инсоннинг ўз эса онги томонидан жонлантирилган ташқи кучлар ва мувофиқ сенсорик сезгилар мужассамига айланган. Табиий муҳит тилнинг ижодида ўз изини қолдириб келган, мифларнинг сюжет ривожига ва уларда иштирок этаётган мифологик персонажларнинг характерига таъсир кўрсатган бўлсада, халқ оғзаки ижодида яратилган олам манзараси табиий ва ижтимоий асосларни ўзида умумлаштиради.
Тарихий тараққиётга мойил бўлган ва ўзидан кейин бой маънавий мерос қолдирган барча қабилалар миф ижодкорлигида оламнинг яралашига оид ҳикоятларга алоҳида ўрин ажратилган. Космогоник мифлар оламнинг йўқликни эврилиши жараёнигача ва ундан сўнг юзага келган образини тасвирлайди – тартибсиз хаоснинг тартибли космосга ўзгариши жараёни ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу эврилиш маъноси зулматдан ёруғликка, йўқликдан моддийликка, вайрон қилишдан яратишга томон ўтишда ифодаланади.
Оламнинг тузилиши тўғрисидаги мифлар дунёни яратиш тартиби хусусида ҳикоя қилиб, табиат маконидаги инсоннинг ўрнини кўрсатиб ўтишади ва жамият билан табиат ўзаро муносабатларини уйғунлаштириш усулларига ишора қилишади. Бундай мифларнинг олимлар томонидан амалга оширилган талқинларда энг аҳамиятли хулоса шундан иборатки, табиат олами ва инсонлар дунёси алоҳида, бир-биридан айри ҳолда қабул қилинмайди. Аксинча, бунақа мифларга ўзаро сингиш хос – инсоннинг табиий муҳитга мутлақ сингишининг натижаси сифатида. Дунёни идрок этишдаги бундай яхлитлик борлиқнинг ҳаққоний ва хаёлий томонларининг мавжудлигига тўлақонли ҳуқуқ берадиган ибтидоий тафаккурнинг бир бутунлиги натижасидир. Архаик ва қадимги халқлардаги олам манзарасида табиат ва жамият ҳақидаги жисмоний ҳис қилинадиган ва идеал тасаввурлар космоснинг ягона маконида умумлаштирилади.
Космос тузилишидаги асосий элементларнинг шаклланиши, тартибланиши ҳақида баён қилинган мифологик ҳикоялар йиғиндиси “космогоник мифлар” тушунчасининг моҳиятини ташкил этади. Улар тартибли космосни ташкил этувчи у ёки бу элементларнинг келиб чиқишини изоҳловчи алоҳида мифлардан иборатдир. Мазкур мифларда Борлиқ қандай қилиб шу кўринишга келгани хусусида сўзланади. Олам яралишининг тартиби қуйидаги схемага мувофиқ келади: хаос, олов ва сув, сув ва қуруқлик, ер ва осмон, қуёш, ой, юлдузлар, ўсимликлар, ҳайвонлар, одам, маданий предметлар (уй, жиҳозлар) ва ҳоказолар яралгандир.
Дастлабки хаосдан тартибланган ва ташкилланган космоснинг яратилиши жараёни бир туркум асосий космогоник ҳодисалар орқали тасвирланади. Дунёнинг деярли барча халқларида космогоник мифлар умуман оламнинг ва бир бутун тизимга боғланган қисмларнинг вужудга келиши ҳақида ҳикоя қилади. Бундай мифларда хаоснинг космосга айланиши алоҳида ўрин эгаллайди. Космогоник мифларда оламнинг вертикал ва горизонтал тузилиши акс этади, олам моделининг, олам дарахтининг тавсифи келтирилади. Бу мифларда оламнинг асосий элементлари бўлган олов, сув, ер, ҳавонинг бир-биридан ажралиб чиқиб, вужудга келиши, уларнинг уйғунлиги борлиқ мавжудлигининг шарти эканлиги тушунтирилади. Космогония ердан осмоннинг ажралиб юксалгани, қуруқликнинг дунё океани тубидан кўтарилгани, олам дарахтининг, олам тоғининг ўсиши, самовий жисмларнинг ўрнатилиши, шунингдек, ернинг тузилиши, ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамнинг яралишини ўзида жамлайди. Оламнинг мифологик модели кўп ҳолларда макрокосмос ва микрокосмоснинг, табиат ва инсоннинг айниятини акс эттиради. Ушбу айният нафақат космик маконнинг, балки маиший соҳалар – турли қисмлари инсон тана аъзоларининг номлари билан боғланган хонадон, уй жиҳозлари, либосларнинг ҳам антропоморфик моделлаштиришнинг кўп сонли мисолларини изоҳлайди.
Ер унсурининг аҳамияти хусусида сўз юритиб, айтиш мумкинки, одамлар қадимдан тоғларни муқаддас ҳисоблашган ва тоғларга сиғиниш тарихи неча минг йиллар билан ўлчанади. Тоғларни илоҳийлаштирган одам уларнинг мўъжизавийлигига сўзсиз инонган ва тоғларда тақиқланган хатти-ҳаракатлар тизими яратилган. Мисол учун, тоғларда қаттиқ кичкириб бўлмайди, милтиқдан ўқ узиш, дарахт кесиш, ер ковлаш мумкин эмас. Тоғ руҳларини рози қилиш учун юксак довонларда махсус қурбонлик жойлари барпо этилган. Қадим замонлардан тоғ чўққилари ибодатхоналар қуриш учун энг маъқул манзиллар ҳисобланган.
Олам моделининг мифологик концепцияси Коинот – макрокосмос, жамият – мезокосмос, инсон – микрокосмоснинг айниятини кўзда тутади. Табиат, жамият ва оилада мавжуд барча нарсалар шу олам моделига мувофиқ идрок этилади. Халқ яратган олам мифолисоний манзарасида ҳатто хонадон ва ҳовли ҳам Коинотнинг макон тузилмасининг ўзига хос кичик моделидек тасаввур қилинади – уй девори космик макон чегаралари маъносида мисол учун. Ўтов, чодир, уйнинг устуни олам дарахтининг рамзи сифатида келади.
Одамни ўраб турган оламнинг асосий унсурлари бўлган сув, ҳаво, ер ва оловнинг жаҳон мифологиясидаги талқинлари қуйидагича:
Сув оламнинг фундаментал стихияларидан бири. Турли мифологияларда сув – бутун борлиқнинг дастлабки ҳолати, илк хаоснинг тимсоли; кўплаб миологияларда дунё (ер)нинг илк океан тубидан кўтарилиши мотиви кузатилади. Сув махлуқи яралиш давридаги Яратувчи илоҳнинг шериги ва шу билан бир вақтда оламни вужудга келтириш учун материал сифатида тасвирланади. Сув – одам яралиши муҳити, воситаси ва тамойилидир. Бироқ яралиш ҳам аёл, ҳам эркак ибтидоларини талаб этади; сув мифологемасининг икки жиҳати шундан: аёл ибтидоси ролида сув она бағри, қорнини муқобили вазифасини бажаради. Мифологияларда сув ва ер аёллик ибтидосининг тажассумидир. Эркак ибтидо сифатидаги осмоннинг ер ёки сув билан никоҳи кенг тарқалган мотив ҳисобланади. Инь хитой категорияси ўзида сувни аёл ибтидоси ва оловга рақиб сифатида мужассам этади. Муҳаббат илоҳалари (Иштар, Афродита ва бошқ.) албатта сув билан боғлиқ бўлади ва бу сувнинг эротик метафорикаси кенг тарқалганини изоҳлайди. Шунингдек сув ернинг “туғишига” туртки берадиган эркак уруғидир. Мисол учун, юнон мифларида эркак дарё худолари айғир отлар ва фоний аёлларнинг эрлари сифатида тасвирланади. Ардвисура Анахита образида аёл ва эркак яратувчи ибтидолари уйғунлашган: “У мен учун сувни ҳам, эркак уруғини ҳам, хотинлар қорни ва аёл кўксидаги сутни ҳам яхшиликка айлантиради” (“Ясна” LXIV 1-2). “Андрогинизм” шундай уйғунлик тажассумидир. Ҳосилдорлик илоҳлари тавсифи ва тасвирида ҳам сув унсури иштирок этади. Бошқа томондан, айрим ҳолларда сувнинг иккиёқлама хоссалари эр-хотин сув илоҳларида мужассамлашади: масалан, Ҳомер асарларидаги ота Океан ва она Тефида кабилар. Илк ибтидо сифатидаги сув мотиви билан ювиниш, инсонни илк покликка қайтариш маъноси ўзаро боғланади. Маросимий ювиниш – худди иккинчи туғилиш, она қорнидан янгидан чиқишдек, мисол учун, христианларда чўқинтириш маросимидаги сувнинг аҳамиятини кўриш мумкин. Бошқа томондан, сув тубсизлик ёки шу тубсизликнинг тимсоли бўлган махлуқ – хавф ёки ўлим метафораси сифатида талқин қилинади (сув парилари, наҳанглар); сув махлуқининг қорни – нариги дунё, унинг қорнидан чиқиш – қайта яралиш (Юнус мотиви). Мифологияда сув тушунчасида туғилиш ва ҳосилдорлик мотивларининг ўлим мотиви билан қўшилиши кўп халқлар мифларида учрайдиган тирик ва ўлик сувларнинг фарқланишида (осмондан тушадиган тириклик бахш этувчи сув ва ердаги шўр сув маъноларида: Инжилда худонинг қруқлик яратгани ҳамда қуруқлик ости ва қуруқлик устидаги сувларни ажратгани баён қилинади. Хаоснинг тубсизлиги сифатида сув – яратувчи-худо ҳокимиятига қарши туриш ҳудуди: ҳинд мифологиясида Индранинг сув билан боғлиқ хтоник махлуқлар устидан қозонган ғалабалари ҳақида ҳикоя қилинади. Ниҳоят бутун Борлиқнинг, ҳамма нарсанинг ибтидоси бўлган Сув уларнинг интиҳоси билан ҳам боғлиқ, чунки эсхатологик мифлардаги сув босиши (тўфон) мотиви кенг тарқалган. Қадимги туркийларнинг мифологиясига кўра Сув илоҳи Ердан аввал пайдо бўлган. Уни ернинг опаси ҳисоблашган. Сув тубидан олиб чиқилган лойдан Ер ҳосил бўлган. Сувга энг яқин илоҳ ёмғир саналиб, баҳорда Ёмғир худосига қурбонликлар келтиришган. Аждодларимиздан емрос бўлиб келаётган Суст хотин маросими шу инонч билан боғлиқ. Қадимги туркийлар сувнинг шифобахш хусусиятларига ишонишган ва ундан касалликларни даволашда фойдаланишган.
Миллий адабиётларда табиат фалсафасини этнопсихология, этноэкология, олам миллий манзараларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Ҳасанов С. Мифология и ее особенности в современной прозе. Человечество пыталось понять силы природы на протяжении всей истории своего развития, причем понятие природных сил по-разному воспринималось в античной натурфилософии, средневековой схоластике, научных подходах эпохи Возрождения, эпохи Просвещения и, наконец, в период романтизма, который объединил и синтезировал взгляды всех предшествующих этапов, а искусство понималось как новая религия. Например, Эмпедокл первым разработал теорию четырех элементов, восходящую к мифологии, точнее, космогоническим мифам и протофилософскому пониманию мифологической космографии, причем ученый считал, что элементы не только материальны, но и обладают свойствами свойства любви и ненависти. На этот вопрос обращали внимание ряд мыслителей древнего мира, таких как Демокрит, Анаксагор, Фалес, Гераклит.
Hasanov S. Mythology and its features in modern prose. Humanity has tried to understand the forces of nature throughout the history of its development, and the concept of natural forces was perceived differently in ancient natural philosophy, medieval scholasticism, the scientific approaches of the Renaissance, the Age of Enlightenment, and finally, in the period of romanticism, which combined and synthesized the views of all previous stages, and art was understood as a new religion. . For example, Empedocles first developed the theory of the four elements, which goes back to mythology, or rather, cosmogonic myths and the proto-philosophical understanding of mythological cosmography, and the scientist believed that the elements were not only material, but also had the properties of love and hate. A number of thinkers such as Democritus, Anaxagoras, Thales, Heraclitus of the ancient world paid attention to this issue.