ПРАГМАТИК АДАБИЁТШУНОСЛИК ФАН СОҲАСИ СИФАТИДА: мутолаа феноменологияси:

Ўзбекистонда ижтимоий гуманитар фанлар соҳасининг  узвий таркибий қисми бўлган филология фанлари борасида аксарият янгича изланишлар, янгиликлар, ўзига хос новаторлик сўнгги йилларда кўпроқ тилшунослик-лингвистикага оид бўлмоқда. Эътироф этиш жоизки, назаримизда, тилшунослар эришган ютуқлар, уларнинг илмий кашфиётлари адбиётшунослар томонидан нисбатан сустроқ идрок этилмоқда. Бунинг оқибатида бир фаннинг икки тармоғи вакиллари томонидан амалга ош ирилган тадқиқотлар орасида узилиш, бўшлиқ пайдо бўлиб қолаётгандек гўё. Линвистика илгарилаб кетиб, адабиётшунослик замонавий назарияларни идрок этишда, талқин қилишда иккиланиб жойида туриб қолаётгандек туюлади. Ваҳоланки, тил ва адабиёт бир соҳанинг ўрганиш объекти, шу сабабли ҳам илмий тадқиқотлар жараёни ўзаро боғлиқ тарзда, узвий кечмоғи шарт. Юртимизда  адабиётшунослик соҳасида амалга оширилган кўпдан-кўп тадқиқотлар орасида бадиий прагматикага оид ишларнинг деярли йўқлиги (битта-иккита мақола инобатга олинмаганда), прагматик лингвистика олий таълим тизимида алоҳида мустақил фан сифатида ўқитила бошланганига ўн йиллар бўлишига қарамай [1], прагматик адабиётшунослик тўғрисида, ҳатто, тушунчалар тўлиқ шаклланмаганлиги юқоридаги фикрларимизни далиллайди ҳамда бу йўналишда жиддий изланишлар заруратини тақозо қилади.           

Айтилганидек, прагматика филология соҳасининг алоҳида мустақил бўлими сифатида дастлаб тилшуносликда шаклланди. Прагматика тилшуносликнинг нисбатан янгидан шаклланган, инсоннинг нутқ фаолиятини ÿрганишга, бундай фаолиятнинг мақсади, мазмуни, ушбу мақсад ва мазмуннинг оғзаки ҳамда ёзма матнда вербал ва новербал ифодаланиш воситаларини, уларнинг нутқ актидаги ÿрнини, коммуникатив таъсирини, сÿзловчи ва тингловчи нутқидаги турлича муносабатларни лисоний белгиларда ифодаланишини ÿрганувчи фан тармоғидир. Лисоний белгиларнинг ÿзига хос хусусиятлари ҳақидаги назариялар қачондан бери мавжуд, аммо, лисоний ҳодисаларни ÿрганишга нисбатан прагматик ёндашув ХХ асрнинг 60-70- йилларидан бошлаб жадал ривожлана бошлаб, бугунги кунга келиб алоҳида фан тармоғига айланган бўлса-да, ҳозиргача “илмий мунозараларга сабаб бÿлиб келмоқда” [2].

Прагматика фанининг шаклланишининг илк босқичлари ХIХ аср охирлари ва ХХ аср бошларидаги Ч. Пирс, У. Джеймс, Д.Дьюи, Ч. Моррис каби олимларнинг фалсафий концепцияларига асосланади. Дастлаб прагматика тушунчаси лисоний вазият структурасини-таркибини (сÿзловчи ва тингловчи муносабатлари сифатида) динамик процессуал аспектда ÿрганишга бағишланган семиотик илмий тадқиқотларда қÿлланила бошланди ва «прагматика» атамаси илмий тадқиқотлар назариясига америкалик олим Чарльз Моррис томонидан киритилди. У С.Пирснинг бу борадаги қарашларини янада ривожлантириб семиотикани лисоний белгиларни ÿрганувчи фан сифатида уч бÿлимга: лисоний белгиларнинг ўзаро муносабатини ÿрганувчи синтактика, лисоний белгиларнинг объектларга муносабатини ÿрганувчи семантика ва тил белгиларининг сÿзловчи ва тингловчи муносабатларини ÿрганувчи прагматикага бÿлиб ÿрганиш ғоясини илгари сурди. Булар тўғрисида прагматик лингвистикага оид тегишли адабиётлардан кўплаб маълумотларни олиш мумкин...

Шу тарзда Ғарб тилшунослигида, кейинчалик ўзбек тилшунослигида ҳам прагматиканинг лингвистик фан сифатида ажралиб чиқиши билан бир қаторда, хорижда сўз санъати - бадиий адабиёт борасидаги изланишлар аста-секинлик билан прагматик адабиётшунослик томон ҳам қадам ташлади. Прагматик адабиётшунослик соҳасининг ўзига хос предмети сифатида матннинг ўзидаги муайян усуллар ва фигуралар тизимида ва реал мутолаа амалиётида воқеланадиган  бадиий мулоқот-коммуникация (таъкидлар бизники – А.Э.) хизмат қилади. 

Прагматик адабиётшуносликни бадиий прагматика ва матн прагматикаси каби бадиий асар ва муайян матн доирасидаги прагматик таҳлил масалалари билан шуғулланиш кабилардан фарқлаш керак. Зеро, прагматик адабиётшунослик алоҳида фан соҳаси хисобланса, бадиий прагматика эса матннинг лисоний хоссасини англатиб, матннинг прагматик таҳлилида контекст доирасидаги умумий ва хусусий маъноларни ўрганадиган соҳадир. Улар ўртасидаги алоқадорликни рад этиб бўлмайди, аммо, шу билан бирга мавжуд фарқни ҳам англаш муҳимдир.

Рус олимларининг фикрларига кўра, адабий матн ва унинг адресанти ўртасидаги муносабатларни ўрганиш сўнгги йилларда энг кўп “топталган ёлғизоёқ сўқмоққа айланди” [3]. Аммо, халқаро миқёсдаги тадқиқотлар етарли даражадалиги ва ҳатто кўплигига қарамасдан, Ўзбекистонда адабиётшунослик прагматикаси алоҳида фан сифатида ўрганилмасдан эътироф этилмай келинаётир. Зеро, соҳага оид тадқиқотлар етарли эмас, бармоқ билан санарли. Бундан ташқари, прагматик адабиётшунослик соҳасининг  шаклланиш тарихи, ўрганиш предмети ва соҳалари  ҳам ҳали-ҳамон батафсил ва яхлит тарзда баён этилмаган. Ҳолбуки, ҳозирда  бадиий мулоқот ёки коммуникация прагматикаси улкан ҳажмдаги ва фанлараро рефлекциядан иборат. Шу сабабли халқаро миқёсда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижасида жамланган мавжуд маълумотлар асосида, прагматик адабиётшунослик фанининг таркибий қисмларини шундай соҳалар ташкил этиши эътироф қилинади [4]: 1) мутолаа феноменологияси; 2) адабий восита таъсиридаги хатти-харакатларни ўрганишга бағишланган тадқиқотлар; 3) бадиий рецепциялар тадрижий тарихи; 4) ҳикоячиликнинг прагматик назарияси.

Прагматик адабиётшунослик фанининг предмети, мақсад ва вазифалари  ҳамда аҳамияти тўғрисида истиқболда илмий асосланган мулоҳаза юритиш ва ғояларни илгари суриш учун, фаннинг санаб ўтилган соҳаларидан биринчиси тавсифига батафсил тўхталамиз.

Мутолаа феноменологияси ёки  бадиий идрок феноменологияси тушунчаси, тилшунослар тили билан айтганимизда эса  парадигмаси, Ғарбий Европа гуманитар тафаккурида ХХ асрнинг 60-йилларида – Ролан Барт (“Муаллиф ўлими”, 1968) ва Мишель Фуко (“Муаллиф нима ўзи?”, 1969) кабиларнинг машҳур асарларида назарий жиҳатдан асосланган “муаллиф ўлими” концепциясининг шаклланиши билан параллель равишда - фаол шакллана бошлайди.  

Мутолаа феноменологияси борасидаги фикрларимизни давом эттиришдан олдин, прагматик ва когнитив адабиётшуносликнинг Ғарб ижтимоий маданиятшунослигида назарий асосларининг шаклланишида муҳим методолик вазифани бажарган Р.Бартнинг “муаллиф ўлими” ғояси борасидаги Ўзбекистонда тўрт-беш аввал кечган баҳсни ёдга олиш муҳим. Зеро, юртимиздаги энг нуфузли нашрлардан бўлган “Шарқ юлдузи” журнали саҳифаларида  ташкил этилган ушбу баҳсда иштирок этган таниқли адабиётшунослар, таржимонлар ва ёзувчиларнинг фикрлари, ушбу ғоянинг идроки ва талқинлари  сўз санъати назарияси билан боғлиқ бугунги ҳолатни ўзида яққол акс эттирганлиги билан эътиборга молик [5].

Юртимизда Р.Барт қарашлари борасидаги баҳсни бошлаб берган таниқли ёзувчи ва адабиётшунос, ҳурматли Улуғбек Ҳамдам ушбу мавзуда бир неча қисмдан иборат мақолани ёзишининг боисларига тўхталиб, дастлаб плагиат-адабий ўғрилик, кўчирмачилик каби шармандалик борасидаги воқеаларни ҳақли равишда қоралайди. Мақоланинг интертекстуаллик назарияси ва адабий тақлид санъатига тўхталади, субъектив фикрларини баён қилади.Олим интертекстуаллик борасида Ғарб олимлари қарашларига қўшилмайди:Матн турли-туман маданиятлардан келиб чиққан ва ўзаро диалог, пародия, баҳс муносабатларига киришувчи кўпдан-кўп ёзув турларидан шаклланади, аммо, бу кўплик муайян бир нуқтага жамланади, бу нуқта эса яқингача таъкидланган муаллиф бўлмасдан, балки ўқувчидир.Ўқувчи – бу шундай маконки, унда матнни шакллантирувчи барча жиҳатлар охирги иқтибосгача акс этади... Шу сабабли энг янги ёзувни қандайдир гуманизмномидан қоралашга уриниш, ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси деб риёкорона кўрсатиш кулгилидир. Анъанавий-мумтозйўналиш танқидчиларининг ўқувчи-китобхон билан ҳеч қачон ишлари бўлмаган, улар учун адабиётда фақат ёзувчи мавжуд эди... Энди биз биламиз: ёзув (бу ерда асар-А.Э.) келажагини таъминлаш учун, у ҳақидаги мифни унутиш керак – китобхоннинг туғилиши учун Муаллиф ўлими билан тавон тўлашга тўғри келяпти” [8, 390 с.].

Матн тайёр мазмун элтувчи эканлиги ҳақидаги талқинни рад этган ушбу концепция ҳосиласи бўлган бу қараш замирида, ижтимоий фанлар соҳасида китобхон-ўқувчи фигурасини барча маъноларни ўзида муъжассамлаштирган субъект  ҳисобловчи нуқтаи назар пайдо бўлганлигини кўрсатади. Бунинг оқибатида китобхон-ўқувчи “асар воқеланишида” бевосита иштирокчига айланади. Адабий прагматиканинг бу йўналишини энг муҳим концепциялари сифатида Г.Г. Гадамернинг фалсафий герменевтикаси, немис рецептив эстетикаси (В.Изер, Г.Р.Ярус), интерпретатив-талқин ҳамкорлигининг семиотик назарияси (У.Эко) кабилар ҳисобланади.

Китобхоннинг мазмун шакллантирувчилик фаолиятига мутолаа феноменологияси доирасида икки хил қаралади:

а) матн семантикасини ташкиллаштиришга йўналтирилган харакат сифатида;

б) экзистенциал пландаги семантикани шакллантиришга йўналти-рилган харакат сифатида.

Агар биринчи нуқтаи назардан мазмун-маъно шакллантирувчи объект сифатида матн қаралса, иккинчиси доирасида – ўқувчининг ўз вазияти, бу вазиятнинг маъно мазмуни англашилади. Идрок этиш  актида бу таркибий қисмлар (матнни тушуниш ва ўзини тушуниш) – ўқувчи онгининг интенционаллиги-бирон объектга йўналганлиги сабабли – ўзаро ўта мустаҳкам алоқага киришади. “Бироқ, рецептивистика уларни назарий рефлекциянинг турлича предметлари сифатида фарқлайди, дифференциациялайди” [4]. Ўқувчи фаолияти тўғрисидаги назарий рефлекциянинг вариантларини икки аспектда ҳам ўрганиб чиқамиз. Биринчи акт ўқувчи фаолиятини матн семантикасини ташкиллаштиришга йўналтирилган харакат сифатида баён қилишни назарда тутади. Ушбу муаммо назарияси Г.Г. Гадамер томонидан назарий жиҳатдан ишланган бўлиб,  рецепцияланиш давомида адабий асар билан нима содир бўлишини ҳамда ўқувчининг матн устида ишлашининг моҳияти нимадан иборат эканлигини ўрганиш билан боғлиқ. Бу масалалар мажмуи Р.Ингарден ва Констанция мактаби фаолиятидан бошлаб тизимли равишда ишланади. Маълумки, Ингарден ўқувчи фаолиятини лисоний материални конкретлаштирилиши сифатида тавсифлайди. Бу акт давомида ўқувчи семантик жиҳатдан мавҳум ўринларни индивидуал маъно билан тўлдиради ва бу йўл билан бадиий асарнинг “схематиклигини” енгиб ўтади [4].

Немис рецептив эстетикаси намояндалари В. Изер ва Г.Р.Яруслар конкретлашувни ўқувчининг “матн стратегиясини” рўёбга чиқариши сифатида тасвирлайди. Бу стратегия матн структураси ўзида муъжассам қилган дастурий идрок этишни қамрайди. Матннинг бу хоссаси ўқувчига мўлжалланган тавсиялар тизими сифатида талқин этилиб, унга риоя этиш бадиий коммуникация муваффақиятини таъминлаши лозим. Бадиий рецепцияни  бу механизмининг илмий муаммо сифатида ишланиши ХХ асрнинг 60-йилларида Умберто Эко каби бир қатор тадқиқотчилар ишларида кузатилади. Унинг “Очиқ асар”  ва “Ўқувчи роли” каби ишларда мутолаа китобхон-ўқувчи томонидан матннинг ўзи илгари сурадиган рецептив моделнинг воқеланиш жараёни сифатида қаралади. Бу  асосий назариялар доирасида рецепция бадиий мулоқот, коммуникация ҳодисаси сифатида баён қилинади. Мазмун шаклланиши жараёнининг иккинчи аспектининг назарий жиҳатларига тўхталсак, энди бу ерда гап рецепция актида асар билан нима содир бўлишига  эмас, балки рецепция актида китобхон-ўқувчининг ўзи-реципиент  билан нима юз бераётганлигига тўхталинади. Бунда асар матни фаоллигининг бошқа, юқорида айтилганидан, асар ўз талқинида бевосита иштирок этишидан фарқланувчи шаклига, урғу берилади. Унга кўра, асар китобхоннинг ўзини шаклланишида, унинг субъектив оламини яратишда, онгини ривожлантиришда фаол қатнашади. Бу маънода мулоқот  китобхоннинг матндан тарқалаётган “аҳлоқий рефлекция талабларига” [9] жавоби сифатида қаралади.  Бу рефлекция назарияси Г.Г. Гадамер томонидан илгари сурилган. Немис олими мутоалаа муаммосини бевосита субъектнинг шахсий мутаносиблигини, ўзлигини шакллантириш масаласи билан боғлайди. Тушуниш механизмини баён қилар экан, олим  уни “танишиш” сифатида, хусусан, бошқа шакллардан фарқли ўлароқ, китобхоннинг асарда ўз-ўзининг идеал қиёфасини танишини назарда тутади. Гадамер фикрига кўра, “санъатда тажриба ўз-ўзинг билан учрашиш имкониятига эришишни кўрсатади”: эстетик тажриба “тушуниш тажрибаси ҳамда ўз-ўзини таниш тажрибаси ўртасидаги мустаҳкам алоқадан” [12] иборат бўлади. Гадамернинг ушбу субъектнинг ўз-ўзини шакллантириши ҳақидаги назарияси, матннинг ўқувчига таъсирини ўрганишга йўналтирилган бир қатор концепцияларда ривожлантирилади ва улар китобхон муносабати назарияси деган умумий номга эга бўлади. Рецептивли фаннинг ушбу йўналишини қатор намояндалари киши онгининг мутолаа билан шартланишганлик феноменини, ўқувчи ўзини бадиий асар қахрамонига ўхшатишини назарда тутувчи “идентификациялаш” тушунчаси ёрдамида белгилашади. Шу билан бирга мутолаа жараёни китобхоннинг ўқилган асар олами билан идетификацияланиши билангина чекланмайди. Масалан, В.Изер ўзининг “Мутолаа жараёни: феноменологик ёндашув” (1972) асарида бадиий коммуникациянинг воқеланишига восита бўладиган ментал актларнинг мураккаб жамланмасини кузатар экан, шуни қайд қилади: мутолаа – китоб оламига шунчаки шўнғиш ва “оддий идрок этишга нисбатан сезиларли даражада анча мураккаб ижодий жараёндир”. Шу сабабли ҳам уни китобхон тасаввурини матн билан ўзаро ҳамкорлиги тарзида баён қилмоқ керак. Тасаввур антипация (воқеалар ривожини башорат қилиш), ретроспекция воситасида ва ниҳоят, матннинг “яхлит қиёфасини” унга изчил кетма-кетлик ва мантиқийлик бағишлаш орқали шакллантириш йўли билан амалга ошади. Бунинг оқибатида матн китобхон онгида “жонли воқелик” тарзида намоён бўлади. “Адабий матннинг гештальтини яратиш” ва “бунда хаётийга ўхшаш тасаввурнинг пайдо бўлиши” жараёни ҳар доим “китобхонни бу воқеликка жалб этиш” билан бирга кечади. Изер бу жараённи “иллюзиялар шаклланиши” деб атайди, хусусан, китобхон матнда мазмунан “бўм-бўш” кўринган жойларни ўз тасаввурлари хисобидан “тўлдиради”.

Иллюзия-хаёлий тасаввурларнинг мутолаа актида шаклланиш жараёнини Изер хаётий тажрибани ўзлаштириш жараёнига ўхшатади, бу жараён механизми бадиий матн томонидан ишга туширилади. Шу сабабли олим мутолаа жараёнини китобхон ўқиган нарсалари олами билан идентификациялаш-тенглаштириш тушунчалари доирасида баён қилишни рад этади. Унинг фикрича, мутолаа жараёнида  идентификациялаш эмас, балки “китобхон шахсиятини сунъий ўзгартириш” содир бўлади, инентификация-тенглаштириш эса, мутолаа ҳосиласи, “ўзгалар тажрибасини ўзлаштириш” механизмининг бир кўринишидир. “Ўқувчи томонидан бадиий мазмуннинг яратилиши” ўз-ўзини яратиш, шахсиятни такомиллаштириш жараёнидан ажралмасдир: бу жараён китобхонга “ўзлигини шакллантириш” ва шахсий хаётий тажрибасини асослаш учун янгидан-янги асослар топиш  имкониятини беради. В. Изер ўзининг “Der Lesevorgang” асарида шундай ёзади: “Адабиёт бизнинг ўзимизга шакллантирилмаган (матн муаллифи томонидан) нарсалар орқали шаклланиш имкониятини беради” [10, 275 с.].

Китобхон-ўқувчи шахсиятини шакллантиришда  матннинг роли нимадан иборат эканлиги масаласига Поль Рекер ҳам тўхталади. Унинг концепцияси доирасида ўз шахсиятини яратишда китобхонинг фаолияти доимо воситали кечади, яъни унга доим маданий осори атиқалар, биринчи ўринда, насрий бадиий асарлар катта таъсир кўрсатади. “Ўзингни тушуниш матн олдида ўзингни тушунишни англатади ” деб ёзади П.Рикер [11,  87с.]. Ушбу назарияга мувофиқ инсон  ўзини фақат насрий-ҳикоянавислик усулидаги матнлар билан алоқага киришганида тушуниши мумкин. Ёки бунга фаол англаб етиши (китобхон бўлса), ёки яратиши, насрий интригаларни ёзиши (нарратив муаллифи бўлса) орқали эришиши мумкин. Бунда Рикер ҳикоячилик фаолиятини мақсад нуқтаи назаридан уни ҳосил қилган субъектни англашга йўналтирилган фаолият сифатида белгилайди. Ҳикоячилик фаолиятининг ҳар қандай шаклидан мақсад (хат, ҳикоя, мутолаа), Рикер фикрига кўра, доимо бир хил – унинг субъектини (муаллифини, ҳикоячини ёки ўқувчини) ўз-ўзини англашга бўлган харакатдир.

П.Рикер назариясининг китобхон фаолиятига бевосита тегишли бўлган аспекти, мутолаа актида субъектнинг “мени” унга тушунарли эканлиги ҳақидаги фикрни асосий тезис сифатида таклиф этади, чунки матн ўқувчига “ўз-ўзига қандай яқинлашиши бўйича кўрсатма” “тақдим қилади”. Умуман олганда, бу кўрсатмалар ё ўқувчини қаҳрамонга тенглаштиришга-ўхшатилишига, ё ундан ўқувчини узоқлаштиришга йўналтирилган. Оқибатда ўқувчи-китобхон янги хаётий тажрибага эга бўлади ва янгича амалиётга риоя қилади. Шу тарзда, Рикернинг ёзишича, адабиёт китобхоннинг хаётий тажрибасини “қайта шакллантиради” (Изер ёзганидек, ўзгалар тажрибасини ўзлаштириш жараёнини фақатгина  моделлаштирмайди). Рикер назариясининг китобхон жавоби назариясидан яна бир фарқи, ўз-ўзингни англаш – бу нафақат мутолаа “ҳосиласи” ёки “самараси”, балки унинг бевосита мақсади ҳамдир.

Шу ўринда умум эътироф этаётган прагматик адабиётшунослик фанининг таркибий қисмларидан бири бўлган мутолаа феноменологияси тўғрисида батафсил фикрлардан тўхталамиз. Назаримизда келтирилган далиллар прагматик адабиётшуносликнинг таркибий қисмларидан бирини илмий асослаш ва илмий жиҳатдан муҳимлигини таъкидлаш учун етарли бўлди. Қолаверса, прагматик адабиётшуносликнинг адабий восита таъсиридаги хатти-харакатларни ўрганишга бағишланган тадқиқотлар, бадиий рецепциялар тадрижий тарихи ва  ҳикоячиликнинг прагматик назарияси каби таркибий қисмларига навбатдаги алоҳида мақолаларимизда тўхталганимизда мутолаа феноменологияси фикрига яна қайтамиз.

Адабиётлар:

  1. Сафаров Ш. Прагмалингвистика. – T.: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, 2018.; Ҳакимов М. Ўзбек прагмалистикаси асослари. – T.: Akademnashr, 2013.; Нурмонов А. Танланган асарлар.1-3 жилдлар – T.: Akademnashr, 2012. ва б.
  2. Кўчибоев А. Матн прагматикаси.Ўқув-услубий қўлланма. –Самарқанд: СамДЧТИ,  2015.-123 бет.
  3. Венедиктова Т.Д. Актуальная метафорика чтения: (попытка описания) // Новое лит.обозрение. 2007. № 5. С. 468–478.
  4. Турышева О.Н.. Прагматический подход в литературной науке //Вестник Томского государственного университета. Филология. 2016. №1 (39)-С. 151-158[1].
  5. Улуғбек Ҳамдам. “Муаллиф ўлими”га сиз ҳам овоз берасизми? (ёки асл ижод соғинчи) //Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-сон.-125-138 бб. Мазкур журналнинг бошқа сонларида баҳслар давом эттирилган.
  6. Болтабоев Ҳ. Глобализм “муаллиф ўлимига” розими?  //Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон.-80 б.
  7. Ғафуров И. Анъана ва асллик. //Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 5-сон.-109 б.
  8. Барт Р. Избранные работы: Семиотика. Поэтика. - М., 1994 - С. 384-391)
  9. Ярус Г.Р.История литературы как провакация литературоведения. // Новое литературное обозренеие.//1995, - 2.С. 34–84.
  10. Изер В. Процесс чтения: феноменологический подход.// Современная литературная теория: антология. / сост., пер. и примеч. И.В. Кабановой.- М., 2004. С. 201–224.
  11. Рикер П. Повествовательная идентичность.- https://www.gumer. info/bogoslov _Buks /Philos/Rik/pov_ident.php- С. 87
  12. Гадамер Г.-Г. Актуальность прекрасного. М.: Искусство, 1991. -С.255-265.

 

Эшкобилов А. Прагматическое литературоведение как отрасль науки: феноменология чтения. В данной статье с научной точки зрения освещены методологические основы прагматического литературоведения как науки. В частности, уделено особое внимание предмету, объекту изучения феноменологии чтения как составной части прагматического литературоведения, и в теоретическом ракурсе обоснованы его отличия от прагматики текста.

Eshqobilov А. Pragmatic literature study as a branch of science: phenomenology of reading. The present article investigates methodological ground of pragmatic literature study as a branch of science. In particular, special attention is paid to phenomenology of reading, its object and theoretical interpretation of text pragmatics.

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati