Француз тилида интенсивликнинг юқори даражаси сифатнинг лексик маъноси билан ифодаланиши мумкин. Бироқ кўп ҳолларда сифатнинг интенсивлик даражалари умумлисоний ҳодиса – кучайтириш (интенсификация) ёрдамида ҳосил қилинади. Кучайтиришнинг моҳияти шундаки, у белгини ифодаловчи мулоҳазанинг алоҳида (айрим) қисмларини мантиқий ажратиб кўрсатишдан иборатдир. Бунинг учун тил турли воситаларга, хусусан, фонетик, лексик ва грамматик воситаларга эгадир. Сўзловчи ўзи томонидан ифода этилаётган сўзнинг маъносини таъкидлаш ёки ажратиб кўрсатиш мақсадида, мазкур воситалардан бирини қўллаш орқали борлиққа нисбатан ўзининг субъектив муносабатини ифода қилади. Инсон табиий ва ижтимоий оламни билиш баробарида унга бефарқ бўлиб қола олмайди: ҳодисалар оламини идрок қилар экан, у бир вақтнинг ўзида унга муносабатини ҳам ифода этади.
Объектив воқеликнинг фактларига сўзловчининг субъектив муносабати, одатда, эмоционал баҳо билан бирга келади. “Бизнинг тафаккуримиз доимо идрокка баҳо элементини қўшади” [1,183]. Бироқ, нарсаларни ва ҳодисаларни баҳолашда онг ва ҳиссиёт ўртасида тенглик аломатини қўйиш мумкин эмас.
Тилнинг актуаллашуви икки доирада: бирор фактни оддий қайд қилиш орқали, яъни объектив ва аффектив, эмоционаллик, яъни ушбу фактни субъектив мулоҳаза орқали тасдиқлаш доирасида амалга оширилади.
Шундан келиб чиқиб, объектив ва субъектив ёки баҳолаш интенсивлигини фарқлаш лозим бўлади.
Объектив интенсивликни, яъни унда сўзловчининг эмоционал муносабати мавжуд бўлмаган нарсанинг шундай хусусиятини бериш учун тил адабий тилда нормалар бўйича ягона қабул қилинган барқарор воситаларга эгалик қилади.
Мазкур категориянинг турли тилшуносликка оид адабиётларда ифодаланган таърифлари эса қуйидагичадир:
“Фонетик нуқтаи назардан интенсивлик товушнинг қувват даражасини ёки амплитудасини билдиради. У десибелларда ўлчанади ва товуш баландлигини тасвирлаш учун ишлатилиши мумкин.” Француз тилшуноси Андре Мартиненинг таърифига кўра, интенсивлик просодик хусусиятлардан бири бўлиб, у сегмент ёки сегментлар гуруҳининг товуш ҳажмининг ўзгаришига тааллуқлидир [2].
Семантикада эса “Интенсивлик сўз ёки ифода сифатининг кучайиши ёки даражасини билдиради”. Француз тилшуноси Антуан Кулиолининг фикрича, интенсивлик жумладаги предикатнинг кучли ёки кучсиз томонларини фарқлаш имконини берадиган семантик ўлчовлардан биридир [3].
Грамматик жиҳатдан интенсивлик тушунчаси қўшимчалар ёки ўзига хос тузилмалар ёрдамида ифодаланади [4].
Прагматик таърифда эса интенсивлик, шунингдек, нутқнинг экспрессивлиги ёки ҳиссий таъсири билан ҳам боғлиқ бўлади. Мисол учун, кучли овоз оҳангида айтилган жумла кучли ҳис-туйғу ёки чуқур ишончни кўрсатиши мумкин. Гюстав Гиём интенсивлик гапнинг семантик мазмунини кучайтириш ёки сусайтиришини белгилаш имконини берувчи экспрессив модалликдир дея таъриф беради [5].
Маълумки, “редупликация” (лотинча “reduplicatio” – элемент ва бирликларни такрорлаш, қайтариш) ёки лексик бирликларни такрорлаш – бу структур жиҳатдан француз тилида кучайтиришнинг энг қадимий ва содда усули ҳисобланади.
Қайта такрорлашнинг мазкур шакли кўплаб тилларда, хусусан, француз тилида анча кенг тарқалган ва турли контекстларда кенг кўламли ҳис-туйғу, баҳо ёки кузатувларни янада кучлироқ ифодалаш учун ишлатилади [6,13]. Шунингдек, у ўқувчи ёки тингловчини гап мазмунига кўпроқ эътибор қаратиб, тасвирланган нарсанинг ўзига хос жиҳатига алоҳида диққатни қаратишга имкон беради.
Сўзлар такрори воситасида рўёбга чиқадиган боғланиш лексик такрор орқали ифодаланган занжирли боғланиш деб аталади. Такрорий сўзлар занжирли боғланишда гапдаги синтактик вазифасига кўра қуйидаги боғланишларни намоён етади: “эга - эга”, “эга - тўлдирувчи”, “тўлдирувчи - эга” каби. Изчиллик асосида муайян йўналишдаги боғланишлар ифода плани хусусиятларини қамраб олади. Айнан ифода планида такрорланувчи сўзларнинг гаплардаги “эга - эга”, “эга - тўлдирувчи” ва бошқа вазифалардаги боғловчилик функцияси намоён бўлади [7, 250].
Кўп тилларда лексик такрорлар маънони кучайтиришнинг грамматик воситаси, иш-ҳаракатнинг такрорийлиги ёки давомлилигини кўрсатиш, шунингдек, сифат интенсивлигининг юқори даражасини ифодалашнинг кенг тарқалган воситаси ҳисобланади. Ж.Дамурет ва Э.Пишон “Се tour n’est pas spécial au français, on le rencontre dans différentes langues étrangères”, (Мазкур ҳодиса фақатгина француз тилига алоҳида тааллуқли эмас, уни турли хорижий тилларда учратиш мумкин. -А.Н.) деб қайд қилади ва ўз ишларида юнон, турк ва бошқа тиллардан кўп сонли мисоллар келтиради [8,399].
Cифатни интенсивлаштиришнинг грамматик усули сифатидаги такрорлаш дефис ёки вергул билан бирлаштирилган бир хил лексик бирликларни (сифатни ёки равишни сифат олдида қўллашда) икки марта, баъзан эса уч марта такрорлашдан иборатдир:
joli, joli; grand, grand; fin, fin;
très, très bеаu; trop, trop mince;
fine-fine-fine; belle-belle.
Масалан:
Très, très grand: Il est très très grand, presque géant.
Vraiment, vraiment fatigué: Après cette journée épuisante, je suis vraiment, vraiment fatigué.
Incroyablement incroyable: La vue depuis la montagne est incroyablement incroyable.
Extrêmement extrême: Les conditions météorologiques sont extrêmement extrêmes en Antarctique.
Super, super rapide: Ce moteur est super super rapide, il dépasse toutes les attentes.
Cифатларнинг такрорланиши унинг юқори даражасини ифода қилиш воситаларидан бири эканлиги борасида ҳамфикр бўлган француз тилунослари, лексик такрорлар мазкур категорияни ифодалашнинг бошқа грамматик воситалари ўртасида қандай ўрин эгаллаши ҳақидаги масалада фикрда баҳс-мунозарага келади. Ж.Дамурет ва Э.Пишон Мейер-Любкенинг бу ҳодиса асосан, итальян ва ҳозирги провансаль тилида кенг ёйилганлигини, бошқа роман тилларида жуда камдан кам, истисно тарзида учрайди, деган мулоҳазада баҳс юритган. Ж.Дамурет ва Э.Пишон ушбу грамматик усул (лексик такрор) сифатни кучайтиришнинг бошқа воситалари орасида энг кўп қўлланиладиган ҳодиса эканлигини, айниқса, у оғзаки тилда кенг қўлланилишини ҳамда аввалдан француз тилига маълум эканлигини таъкидлайди [9,400]. Кр.Нюропнинг фикрича, бу усул бошқа роман (итальян, румин, португал ва ҳозирги провансаль) тилларида жуда кенг тарқалганлигини, француз тилида эса муҳим ўрин тутмаслиги ҳақида фикр юритади [10,400].
Замонавий француз бадиий адабиёти матнларининг таҳлили Ж.Дамурет ва Э.Пишоннинг билдирган фикрлари тўғрилигини тасдиқлайди. Сифатнинг юқори даражаси грамматик маъноси билан лексик такрорлар сифатни интенсивлаштиришнинг бошқа барча лексик-синтактик воситалари улушининг камида учдан бирини ташкил этади.
Ўзининг структур хусусиятларига кўра лексик такрорлар иккита гуруҳга бўлинади [11,425]:
1. Оддий структуранинг такрорлари. Уларга қуйидагилар киради:
а) бир сифатнинг такрори:
doux, doux; atroce, atroce.
Son parfum avait une fragrance douce, douce qui rappelait les souvenirs d’enfance.
б) равишнинг битта бирикма доирасидаги такрори:
très, très retardé; très, très long.
La file d’attente à la billetterie du concert était très, très longue, s’étendant sur plusieurs pâtés de maisons.
facheux, extrêmement facheux
vieuх, très vieux
rare, trop rare.
La sincérité dans ce monde est déjà rare, mais trouver quelqu'un d'une honnêteté totale est vraiment trop rare.
Қуйида замонавий француз адабиётида қўлланилган мисоллардан намуналар келтирамиз.
Масалан:
Banale, banale histoire de guerre... si on peut dire d’un crime qu’il est banal. (E.Triolet. “Yvette”, “Elsa Triolet choisie par Aragon”, p.239).
Il avait 1’impression que ses perceptions, sa parole, l’enchaînement de ses idées, sa mémoire ne tenaient plus assemblés que par un fil mince, mince comme un fil de соcon. (H.Druon. Les Grandes familles, p.41).
Il respira très fort et dit: “il faut être très, très sage avec ta maman. (Vercors, Le silence de la mer, p.87).
Il était très, très pâle. (Vercors, Le silence de la mer, p.118).
Ils restèrent très, très longtemps à regarder l’eau, et plus enfin on s’en retourna. (Vercors, Le silence de la mer, p.86).
3. Кучайтирувчи равиш билан мураккаблаштирилган сифат редубликацияси:
Sur le coup j’eusse dit: “vieux, très vieux, mais aussitôt je me serais repris. (Vercors, Le silence de la mer, p.103).
J’ai mené tante Eugénie au spectacle. J’étais fatiguée, ce soir-là, très fatiguée. (E.Triolet.Les manigances, p.14).
Қуйида келтирилган мисолларда эса лексик бирликларнинг такрори боғловчи юкламаларсиз амалга оширилади. Масалан:
... М.Brunel était un self-mademan, il faisait des affaires, il avait eu des débuts très durs, il était colossalement, mais alors colossalement riche. (L.Aragon. Les cloches de Bâle, p.23).
... le journaliste remarque simplement: “C’est très léger. Ça a l’air comme ça... mais c’est en fait très léger. (P.Courtade. La Gloire. “Lettres Françaises”, 1959, p. 11).
Il у avait maintenant un travail fou, mais fou... (E.Triolet. Le cheval blanc, p.478).
Диалоглаштирилган матнларда тавсифловчи конструкциялар учрайди ва уларда ифодаланаётган белгининг эмоционал-баҳолаш таъкидланганлиги аниқ сезилади. Масалан:
Il continuait sur le même ton de colère furieuse:
- Le plus grand, le plus sinistre mensonge de ce monde sinistre! (Vercors. Le silence de la mer, p.125).
Бу типдаги такрорлар кучайтирувчи моделларга эга эмас ва структур жиҳатдан турли-туманликни намоён қилади.
Сифат ёки оддий равишларнинг икки марта қўлланилиши француз тилидаги такрорларнинг энг сермаҳсул тури бўлиб, улар кўп ҳолларда алоҳида-алоҳида ёзилади, шунингдек, дефис билан ёзилувчи такрорлар ҳам учрайди. Масалан:
- Mon petit ours à grosses joues... Fine-fine-fine chatte... (Colette. La Chatte, p.24).
Сифатларнинг ёки равишларнинг такрорланиши кўп ҳолларда оҳангнинг кўтарилиши билан бирга келади, бу ҳолда урғу иккинчи сўзга тушади. Лексик такрорлар ёрдамида сифатни интенсивлаштиришда жумланинг оҳанги муҳим роль ўйнайди ва гапнинг ундов хусусияти бутун конструкциянинг маъносини кучайтиради. Шу сабабли лексик такрорлар учун улар ифодалаётган белгининг эмоционал таъкидланганлиги муҳим бўлиб, сўзловчи томонидан ифодаланувчи субъектив баҳо уларда жуда сезилади [12,76].
Шундай қилиб сифатнинг ҳаддан ташқари юқори даражасини ифодалаш усули сифатидаги лексик такрор эмоционал-экспрессив восита ҳисобланади ҳамда сифатни интенсивлаштиришнинг аввал кўриб чиқилган лексик-семантик воситалари билан бирга синтактик даражадаги синонимик конструкцияларнинг битта қаторини ташкил қилади. Сифат интенсивлигини ифодалашнинг синонимик воситаларининг лингвостилистик таҳлили, уларда сифат даражасининг маъноси турлича ифодаланишини кўрсатди. Уларнинг баъзилари даражанинг эмоционал-нейтрал кўрсаткичлари ҳисобланади ва уларда интенсивлаштириш даражаси объектив, бошқаларида эса белгининг юқори даражаси эмоционал-субъектив тарзда ифодаланади. Бундай кучайтирувчи формантлар сифат даражаларининг умумий хусусиятига жонлилик ва экспрессивлик бағишлайди ҳамда қўшимча эмоционал ва маъно жиҳатидан нозик фарқларни акс эттиради.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Норматов А. Редупликация как грамматический метод интенсификации во французском языке. Данная статья исследует роль редупликации в усилении прилагательных во французском языке. Через лингвистический анализ она исследует, как редупликация повышает семантический акцент. Исследование вносит вклад в наше понимание лингвистических механизмов в выражении на французском языке.
Normatov A. Reduplication as a grammatical method intensification in the French language. This article explores the role of reduplication in intensifying adjectives in French. Through linguistic analysis, it investigates how reduplication enhances semantic emphasis. The study contributes to our understanding of linguistic mechanisms in French language expression.