СЎЗ ЎРТАСИДА (ИНЛАУТДА) УНДОШЛАР ЗИДЛАНИШИНИНГ МЎЪТАДИЛЛАШУВИ

Икки реалликнинг муайян шароитда ўзаро фарқли белгиларининг кучсизланиши мўътадиллашув (нейтрализация) саналади. Масалан, боғ, боқ  сўзлари икки реаллик саналиб, охирги товушлар жарангли-жарангсизлик белгисига кўра ўзаро фарқланади. Лекин, талаффузда боғ сўзидаги “ғ” жарангли ундоши сўзнинг охирги позициясида жаранглилик белгисини йўқотади. Натижада боқ билан талаффузда бир хил бўлиб қолади, мўътадиллашади. Мўътадиллашув (нейтрализация) тушунчаси тилшуносликка лисоний бирликларга функционал нуқтаи назардан ёндашувчи функционал лингвистика тарафдорлари томонидан киритилди. У дастлаб фақат фонологик сатҳ бирликлари учун қўлланилди. Фонемалар ўртасидаги фарқли белгиларнинг йўқолиши мўътадиллашув дейилди. Фонологияда эътироф этилган бу тушунча кейинчалик тилнинг бошқа сатҳ бирликлари учун ҳам қўлланила бошланди [4,56].

Фонологик оппозициялар мўътадиллашуви масаласига Н.С.Трубецкой жуда катта эътибор берди. У мўътадиллашувни фонологиянинг тамал тоши деб баҳолади [6,115].

Мўътадиллашув ҳодисаси зиддият (оппозиция) тушунчаси билан бевосита боғлиқ. Чунки мўътадиллашув жараёнининг юзага чиқишида лисоний бирликлар ўзаро зиддиятли муносабатда бўлиши шарт.

Лисоний бирлик мундарижаси таркибидаги белгиларнинг бир лисоний бирликни бошқа шунга ўхшаш лисоний бирликка  солиштириш, зидлаш асосида аниқланади. Бундай аниқлаш усули, айниқса, фонологияда кенг қўлланилади. Фонологик системадаги муайян фонеманинг  мундарижасини ташкил этган белгилар бошқа бир фонеманинг  мундарижасини ташкил этган  белгилар билан солиштирилади. Ҳар икки фонеманинг мундарижасида мавжуд бўлиб, уларнинг бир-биридан фарқланиши учун хизмат қиладиган белгилар фонологик муҳим, қолган белгилар эса фонологик номуҳим белгилар ҳисобланади.

Англашиладики, лисоний бирликлар мундарижаси фарқловчи  (дифференциал) ва фарқламайдиган (нодифференциал) белгилар  мажмуасидан ташкил топади. Фарқловчи ва фарқламайдиган белгилар эса лисоний бирликларни ўзаро зидлаш асосида ажратилади. Шунинг учун ҳам тилшуносликда лисоний бирликлар  зиддиятига (оппозициясига) катта эътибор қаратилади.

Н.С.Трубецкой зиддиятларни қуйидаги белгилар асосида тасниф этди:

  1. Зиддиятлар системасига муносабатига кўра;
  2. Зидланувчи аъзолар муносабатига кўра;
  3. Фарқлаш кучига кўра.

Биринчи белгига кўра зиддиятлар бир ўлчовли ва кўп ўлчовли  зиддиятларга, шунингдек, ажралган ва пропорционал зиддиятларга бўлинади [6,74]. Бир ўлчовли зиддиятларда зидланувчи аъзоларнинг зидланишлари учун асос бўлган, яъни ҳар икки аъзо учун умумий бўлган белги фақат шу зиддият учунгина хос бўлиб, фонологик зиддиятлар системасининг бошқа аъзосида учрамайди. Масалан, ўзбек тилидаги т-д фонемаларининг зиддияти бир ўлчовли саналади. Чунки тил олдилик, портловчилик белгиси билан зидланиш фақат шу жуфтликдагина учрайди. Т-П фонемалари ўртасидаги зидланиш эса кўп ўлчовлидир. Негаки, бу жуфликда зидланувчи аъзолар ўртасидаги умумий белги бўлган портловчилик ва жарангсизлик белгиси бошқа жуфтликларда ҳам мавжуддир. Масалан, т-ч фонемаларида.

Маълум бир зиддият аъзолари ўртасидаги фонологик муносабат фонологик системанинг бошқа бир зиддият аъзолари ўртасидаги муносабат билан бир хил бўлса, бундай зиддиятлар прорпорционал зиддият ҳисобланади. Масалан, ўзбек тили фонологик системасидаги к-г фонемаларининг зиддияти пропорционалдир. Чунки бу зидланиш аъзолари ўртасидаги муносабат, яъни жарангсизлик, портловчилик белгиси асосида умумийликни ҳосил қилиши фақат бу жуфтлик учунгина эмас, балки п-б, т-д каби жуфтликлар учун ҳам ҳосдир. Маълум бир зиддият аъзолари ўртасидаги муносабат фонологик системанинг бошқа ҳеч қандай зиддият аъзолари ўртасида  учрамаса, бундай зиддият ажралган зиддият хисобланади. Масалан, б ва л жуфтликлари ўртасидаги зидланиш. Чунки билабиаллик ва лабиоденталлик (ёнлик) белгилари ўртасидаги муносабат бошқа ҳеч бир жуфтликда такрорланмайди [5,137].

Зидланувчи аъзолар ўртасидаги муносабатга кўра зидланишлар приватив, градуал (босқичли) ва эквиполент (тенг ҳуқуқли) турларга бўлинади. Бундай зидланишлар бир ўлчовли, кўп ўлчовли, пропорционал ва ажралган зидланишлар билан тасниф асосига, фонологик система муносабатига кўра фарқ  қилади. Зидланувчи аъзолардан бирида зиддият учун асос бўлган белгининг мавжудлиги, иккинчисида эса йўқлиги билан характерланувчи зиддият приватив зиддият хисобланади. Зидланувчиларнинг белгига эга бўлган аъзоси кучли, эга бўлмаган аъзоси эса кучсиз аъзо дейилади. Масалан, т-д, к-г ундошлари зидланиши приватив саналиб, зидланувчи жуфтликларнинг ҳар бирида биринчи аъзо “овоз” (“жаранг”) белгисининг йўқлиги, иккинчиси эса борлиги билан характерланади [5,137].

Зидланувчи белгилар маълум бир белгининг турли даражаси билан характерланувчи зиддият даражали (градуал) ҳисобланади. Масалан, унлиларда оғиз очилиш белгисининг турли даражаси (у-ў-о; и-э-а) каби зидланувчилар даражаланишидаги бошланғич ва сўнгги аъзолар чегара  ёки ташқи аъзолар, бу икки чегара аъзолар оралиғидаги аъзолар эса ички ёки оралиқ аъзолар саналади.

Зидланувчи аъзоларнинг ҳар иккиси мантиқан тенг ҳуқуқли бўлган, яъни белгининг икки даражасини ҳам, тасдиқ ёки инкорини ҳам билдирмайдиган зидланишлар тенг қийматли (эквиполент) зидланиш ҳисобланади [5,138].

Маъно фарқлаш кучига ёки турли шароитдаги қўлланилишига кўра доимий ва мўътадиллашган (нейтраллашган) зиддиятларга бўлинади.

Зиддиятларнинг бундай бўлинишини фонологик системанинг конкрет шароитда юзага чиқишига – функциялашувига асосланади. Фонологик системанинг функциялашуви деганда фонемаларнинг шу тил меъёрлари асосида бирикуви, шунингдек, айрим зиддиятларнинг амал қилиш шароити тушунилади [6,86].

Тил системасидаги зиддият аъзолари нутқ жараёнида бутун таркибида муайян синтагматик муносабатга киришганда ҳам зиддиятга асос бўлган белгиларини сақлаб қолса, доимий зиддият, аксинча, сақлаб қолмаса, мўътадиллашган зиддият, тўғрироғи, тил системасидаги зиддиятнинг мўътадиллашуви саналади. Н.С. Трубецкой доимий ва мўътадиллашган зиддият ўртасидаги фарқланиш фонологик система функциялашуви учун катта аҳамиятга эга эканлигини айтади [6,87].

Мўътадиллашувга олиб келадиган ҳолатни мўътадиллашув ҳолати, аксинча, зиддият қийматини сақлаб қолишга хизмат қиладиган ҳолат релевантлик  ҳолати ёки шароити дейилади. Мўътадиллашув ҳолатида зидланувчи аъзоларнинг ўзига хос белгилари йўқолади, ҳар икки аъзо учун умумий бўлган бирлаштирувчи белгилар (зидланувчи аъзолар ўртасида қиёс учуна сос бўлган, ҳар иккисида такрорланувчи белгилар) эса сақланиб қолади. Демак, ҳар қандай зиддият ҳам мўътадиллашавермайди. Мўътадиллашув учун энг берилувчан зиддият бир ўлчовли зиддият  саналади.

В.К.Журавлёв тўғри таъкидла-ганидек, диахроник фонологияни мўътадиллашув тушунчасисиз тасаввур қилиш мумкин эмас [3,36].

Ҳар қандай тил фонологик системасининг даврлар ўтиши билан маълум ўзгаришларга учрашида конвергенция (икки фонеманинг бир фонемага бирлашуви) ва дивергенция (бир фонемадан иккинчи фонеманинг ажралиб чиқиши) ҳодисалари марказий ўринни эгаллайди. Фонологик зидланишлар  мўтадиллашувини ушбу ҳодисалардан фарқлаш лозим. Бу ҳодисалар бир-бирига ўхшайди. Уларнинг ўхшашлиги шундаки, ҳаммаси ҳам ўзаро зидланувчи икки бирлик муносабатига асосланади:

  1. зидланаётган икки фонологик бирлик қимматининг йўқолиши мўтадиллашув;
  2. зидланаётган икки фонетик бирликнинг маълум шароитда ва даврлар ўтиши билан фарқли томонининг йўқолиб, бир бирликка айланиб кетиши конвергенция;
  3. зидланаётган икки фонетик бирликнинг маълум шароитда ва даврлар ўтиши билан фарқли томонларининг кучайиши ва икки мустақил фонемаларга ажралиб кетиши дивергенция ҳодисалари саналади.

Конвергенция ва дивергенция жараёнларининг рўй беришида мўътадиллашув ҳодисаси муҳим роль ўйнайди. Ҳар икки жараён, албатта, мўътадиллашув орқали юзага чиқади.

Кўринадики, мўътадиллашув ҳар қандай тил системасида чуқур ўрин эгаллайди. Фонологик мўътадиллашув билан ассимиляция, диссимиляция,  аккомодация сингари ҳодисаларни ҳам аралаштирмаслик керак. Чунки бу ҳодисалар бир-биридан фарқ қиладиган бошқа-бошқа ҳодисалардир.Ассимиляция (лот.assimilatio – ўхшаб қолиш) бирор товушнинг бошқа товуш таъсирида унга ўхшашлик (бир хиллик) томон ўзгариши: ошши – ошни, туссиз-тузсиз каби[8,18]. Диссимиляция (лот. dissimilis - ноўхшаш)сўздаги бир хил ёки бир-бирига қисман ўхшаш товушлардан бирининг артикуляцион жиҳатдан фарқ қиладиган бошқа товуш томон  ўзгариши. Диссимиляция жуда кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, асосан, сўзлашув нутқида юз беради: транвай (трамвай ўрнига) [8,36]. Аккомодация (лот. аccomodatio-мувофиқлашув) ёнма-ён келган ундош ва унли товушлар артикуляциясининг бир-бирига уйғунлашувидир[8,11]. В.К.Журавлёв фонемалар мўътадил-лашувини фонологик, ассимиляция, диссимиляция, аккомодацияни эса фонетик ҳодиса сифатида фарқлайди.

Бугунги кунда лисоний бирликлар зидланиши (оппозицияси) ва бу зидланишлар ўртасидаги зидланиш белгиларининг маълум шароитда йўқолиши, мўътадиллашуви (нейтрализацияси) тушунчалари тилшуносликда қатьий ўрин олди.

Мўътадиллашув ҳодисаси фақат фонологик сатҳгагина эмас, балки тилнинг барча сатҳлари учун хос бўлиб, тил ва нутқда объектив мавжуддир. Н.С.Трубецкой ва В.К.Журавлёвлар мўътадиллашув ҳодисасини фақат тил сатҳида ўрганадилар. Нутқ сатҳидаги мўътадиллашув назардан четда қолди. Аслида икки фонема ўртасидаги фарқловчи белгининг муайян позицияда фарқловчилик хусусиятининг йўқолиши мўътадиллашувга олиб келар экан, бу ҳодиса, аввало, нутқий жараёнда рўй беради ва даврлар ўтиши билан тилга кўчади. Шунинг учун ҳам тил ва нутқ сатҳидаги фонологик мўътадиллашувни бир-биридан фарқлаш лозим бўлади. Масалан, мақсад сўзидаги ёндош келаётган икки товуш (қ ва с)нинг  нутқ жараёнида ўзаро таъсирлашуви натижасида, яъни “с” нинг  сирғалувчилик хусусияти таъсирида қ ўзининг портловчилик белгисини йўқотади. Натижада ассимиляцияга асосланган мўътадиллашув юзага келади. Лекин, бу фақат нутқий ҳодиса саналиб,  тил системасининг лексик сатҳидаги мақсад сўзининг фонологик структурасига таъсир этмайди. Умумтуркий бан сўзида эса лаб-лаб, портловчи,  жарангли ундош тил олди сонор “н” ундошининг таъсирига берилиб, сонор ундошга айланади, яъни улар ўртасидаги зиддият мўътадиллашган бўлиб, ҳозирги ўзбек адабий тилида “мен” тарзида ўринлашган. Натижада нутқий жараёнда рўй берган ҳодиса даврлар ўтиши билан тилга кўчган.

Мўътадиллашув учун зиддият тушунчаси қанчалик муҳим бўлса, позиция тушунчаси ҳам шунчалик аҳамиятли ҳисобланади.

Бир белгиси асосида оппозицияга киришган фонемаларнинг шу белги учун кучсиз позицияда оппозициянинг йўқолиши, яъни икки фонеманинг бир вариантга мувофиқлашуви – нейтрализацияси ҳақидаги таълимотни илгари сурган. Москва фонологик мактабининг фонема талқинидаги  ютуқларидан яна бири фонемаларнинг морфема таркибидаги позицияси масаласидир. Позиция тилнинг маълум  сатҳ бирлигининг бошқа шундай бирликларга нисбатан жойлашган ўрни, қуршовидир.  Позициялар кучли ва кучсиз позицияларга тасниф этилади. Хусусан, фонологик сатҳда қуршовдаги товушларнинг таъсирига кам берилган перцептив томондан максимал фарқловчи позиция фонемаларнинг кучли позицияси ҳисобланади. Рус тили унлилари учун бундай позиция урғу ости позицияси, ундошлар учун эса унли олди позицияси ҳисобланади. Ўзбек тили унлилари учун сўзнинг фақат бир унлидан ташкил топган биринчи бўғини позицияси, ундошлари учун эса интервокал позиция кучли позициядир.

Р.А.Аванесов фонемалар позиция-сини тасниф қилар экан, маълум бир фонеманинг бир белгиси учун кучли позиция шу фонеманинг бошқа белгиси учун  кучсиз  позиция бўлиши мумкинлигини айтади. Позиция тушунчаси асосида МФМ фонема вариантлари ва вариацияларини ҳам ажратади. Жумладан, А.А.Реформатский кучсиз позицияларни иккига–перцептив кучсиз (билиш томонидан) ва сигнификатив кучсиз (фарқлаш томонидан) позицияларга ажратган ҳолда, биринчиси фонема вариацияларини, иккинчиси эса вариантларини ҳосил қилишини айтади[6,55]. Биринчисига «а» нинг турли оттенкалари: «мат», «мать», «мят», «мять»; иккинчисига сўзнинг охирги позицияси–пруд ва прут киритилади.

Ўзбек тилидаги ундошлар зидланишининг нутқ артикуляцияси сатҳидаги мўътадиллашуви ҳақида фикр юритилганда, сўзларнинг фонетик тузилишидаги сўнгги позиция ауслаут билан сўз боши позицияси (анлаут) ҳамда  сўзлар ўртаси позицияси (инлаут)ни фарқлаш лозим. Чунки бу позицияларда зидланувчи аъзоларнинг мўътадиллашиш даражаси бир хил эмас. Қуйида  ундошларнинг сўз ўртаси позицияси  ҳамда ушбу позицияда ундошлар зидланишининг мўътадиллашувини кўриб ўтамиз.

Сўз ўртаси (инлаут) позицияси деганда бир морфемадан иборат лексемалар назарда тутилади. Учта-ушта, тузсиз-туссиз, сўзсиз-сўссиз  сўзларидаги т-ш, з-с ундошлари ўртасидаги зидланишнинг мўътадиллашуви морфемалар оралиғида содир бўлганлиги туфайли бундай типдаги мўътадиллашувлар алоҳида турни ташкил этади.

Сўз ўртасида ундошлар зидланишининг мўътадиллашуви кўпроқ икки унли оралиғида интервокал ҳолат билан боғлиқ ҳолда рўй беради. Бундай ҳолатда ундошларнинг кўпроқ портловчилик-сирғалувчилик, жаранг-лилик-жарангсизлик белгиларига кўра зидланишларининг мўътадиллашуви кузатилади. Масалан, қабоқ-қовоқ, табақа-тавақа (икки табақалиикки тавақали) каби сўзларда “б” ундоши унлилар таъсирида портловчилик белгисини йўқотиб, сирғалувчи “в” тарзида талаффуз қилиниши натижасида б-в мўътадиллашуви содир бўлади.

Г-й ундошлари жарангли-жарангсизлик белгисига кўра умумийликка эга бўлиб, пайдо бўлиш ўрни ва усулига кўра ўзаро фарқланади. Фонологик системадаги бу зидланиш нутқ жараёнида, синтагматикада мўътадиллашиши мумкин. Бундай вақтда бир хил фонетик шароитда бири ўрнида иккинчиси эркин алмашиниб, маънога таъсир этмайди. Бир маъноли бирликнинг икки вариантини вужудга келтиради. Масалан, кейин-кегин, тугун-туйун ва бошқалар.

Ғ-в ундошлари портловчилик-сирғалувчилик, жарангли-жарангсизлик белгиларига кўра умумий бўлиб, пайдо бўлиш ўрнига кўра фарқланади. Бу зидланиш бир қатор желовчи ўзбек шеваларида инлаутда интервокал ҳолатда мўътадиллашади. Масалан, оғиз-овуз, қовурма-қўғурма, қовурмоч-қўғурмоч ва бошқалар.

Қизиғи шундаки, ҳар икки аъзо мўътадиллашувчи восита ҳамда мўътадиллашма бўлиши мумкин. Жумладан, биринчи мисолда ғ-в зидлиги ўртасидаги мўътадиллашув тил ўрталик белгисининг йўқолиши ва лаб ундошига ўтиш ҳисобига бўлса, кейинги мисолларда, аксинча, адабий тилда в ундоши желовчи шеваларда синтагматикада лабланиш хусусиятини йўқотиб, тил орқа сирғалувчи, жарангли ундошга айланади.

Б-в ундошлари портловчилик-сирғалувчилик белгисига кўра ўзаро зидланади. Жонли нутқда бу ундошлар зидланиши йўқолади. Мўътадиллашув кўпроқ сирғалувчи ундош ҳисобига бўлади. Масалан, обод-овот, бобо-бува, табиб-товуп, юбор-ювор, кабоб-кавоп каби.

П-б ундошлари жарангли-жарангсизлик белгисига кўра зидланади. Сўз ўртасида интервокал ҳолатда бу зидланувчилар ўртасида зидланиш белгисининг йўқолиши, мўътадиллашуви мумкин. Бундай хусусият ўзбек тили диахрониясида кузатилади. Тарихий этимологик б ундоши п ундошига ва аксинча, п ундоши б ундошига ўтганлиги кузатилади. Масалан, шўбон-чўпон, қапоқ-қабоқ-қовоқ ва бошқалар.

Б-м ундошлари лаб ундошилик, портловчилик, жаранглилик белгилари  бирлаштирувчилик, сонорлик-сонор эмаслик белгилари фарқловчилик вазифасини бажаради. Ўзбек тилининг тарихий тараққиёти натижасида бу ундошлар фарқланиши айрим жуфтликларда йўқолганлиги кузатилади. Масалан, қабал (БН)-қамал (ҳозирги ўзбек тили), қаба (БН)-қама (ҳозирги ўзбек тили) каби. Бу ундошларнинг мўътадиллашуви ҳозирги желовчи шеваларда ҳам учрайди. Масалан, сомон-сабан. Бу эса диахрониядаги мўътадиллашувнинг ҳозирги ўзбек тилидаги реликтидир.

Инлаутда ундошлар зидланишлари ўртасида мўътадиллашув фақат интервокал ҳолат билангина чекланмайди. Кўпинча ундош олди позициясида ҳам зидланувчи ундошлар ўртасидаги зидланиш белгиси йўқолиши мумкин.

Г-й ундошлари ўртасидаги пайдо бўлиш ўрнига кўра зидланиш баъзи ўзбек шеваларида инлаутда сонор ундошлари олдида мўътадиллашуви кузатилади. Масалан, игна-ийна.

Ғ-в ундошлари ўртасидаги зидлик белгиси айрим ўзбек шеваларида сонор ундошларидан сўнг ёки тил олди ундошларидан олдин мўътадиллашуви мумкин. Масалан, тарвуз-торғиз, буғдой-бувдай каби.

Б-в ундошлари ўртасидаги портловчилик-сирғалувчилик белгисига кўра зидлик инлаутда сонор ундошларидан олдин йўқолиши кузатилади. Масалан, жабр-жавр, сабр-савр.

Ж-й ундошлари ўртасидаги портловчилик-сирғалувчилик, тил олдилик-тил ўрталик, шовқинлик-сонорлик белгиларига кўра зидланишнинг белгилари инлаутда сонор ундошлари олдидан мўътадиллашуви кузатилади. Масалан, мажлис-майлис.

Ф-п ундошлари ўртасидаги портловчилик-сирғалувчилик белгиларига кўра зидланиш инлаутда сонор ундошларидан сўнг мўътадиллашуви мумкин. Масалан, кулфат-кулпат, улфат-улпат каби.

Ғ-й ундошлари ўртасидаги чуқур тил орқалик-тил ўрталик белгисига кўра зидланиш желовчи ўзбек шеваларида д ундошидан олдинги позицияда мўътадиллашади. Масалан, буғдой-бийдай (желовчи шеваларда).

Р-д ундошлари ўртасидаги портловчилик-титроқлик, сонорлик-шовқинлилик белгиларига кўра зидланиш д ундошидан олдинги позицияда мўътадиллашади. Сонор ундош сонорлик, шовқинлилик белгиларини йўқотади. Масалан, харидор-хардор-хаддор (Наманган).

Р-т ундошлари ўртасидаги жаранглилик-жарангсизлик белгисига кўра зидланишнинг тил олди, жарангсиз портловчи ундош олдидан мўътадиллашуви, сонор ундош сонорлик белгисини йўқотиши мумкин. Масалан, марта-матта (Наманган, Андижон), кекиртак-кекиттэг (Наманган) каби.

Р-н ундошлари титроқлик-портловчилик белгисига кўра зидланишнинг инлаутда н ундоши олдида мўътадиллашуви, титроқ зид аъзо титроқлик белгисини йўқотиши кузатилади.  Масалан, тирноқ-тинноқ, тирна-тинна каби.

Н-д ундошлари ўртасидаги сонорлик-жаранглилик белгисига кўра зидланиш сонор ундошдан сўнг келган иккинчи сонор ундоши сонорлик белгисини йўқотиши ва тил олди, жарангли, портловчи ундош билан бир хил бўлиб қолиши мумкин. Масалан, тирноқ-тиннақ-тиндақ каби.

Ҳ-в ундошлари ўртасидаги пайдо бўлиш ўрнига кўра бўғиз ундошилик-лаб ундошилик белгисига кўра зидланиш жарангли, лаблашган ундошлар ёки сонор ундошлар олдидан мўътадиллашиши мумкин. Масалан, суҳбат-сувбат (желовчи), таҳлика-тавлика (желовчи) каби.

Ҳ-й ундошлари ўртасидаги бўғиз ундошилик-тил ўрталик, сонорлик-сонор эмаслик белгиларига кўра зидланиш инлаутда и унлисидан сўнг мўътадиллашуви кузатилади. Бунда бўғиз ундоши ўз белгисини йўқотиб, зид аъзоси белгилари билан бир хиллашади. Масалан, деҳқон-дийқон, зеҳн-зийн (желовчи), меҳр-мийр (желовчи), меҳнат-мийнат (желовчи), меҳмон-миймон (желовчи) каби.

Т-л ундошлари ўртасида жарангсизлик-сонорлик, портловчилик-ёнлик белгиларига кўра зидланиш синтагматикада тил олди, сонор ён ундоши олдидан мўътадиллашади. Мўътадиллашув тил олди, жарангсиз, портловчи ундошнинг ўз фарқловчи белгиларини йўқотиб, л ундоши билан бир хил бўлиб қолиши сабабли рўй беради. Масалан, атлас-аллас каби.

Й-т ундошлари жарангли-жарангсизлик, тил ўрталик-тил олидлик, сирғалувчилик-портловчилик белгиларига кўра зидланади. Демак, улар максимал зидланишдаги аъзолар саналади. Шундай бўлишига қарамасдан, айрим ўзбек шеваларида бу ундошларнинг маънога таъсир этмаган ҳолда бири ўрнида иккинчиси алмашиниши ҳоллари кузатилади. Масалан, кейин-кетин каби.

Шундай қилиб инлаутда ундошлар ўртасидаги хилма-хил зидланишлар ҳам сигнификатив, ҳам перцептив жиҳатдан мўътадиллашуви мумкин. Мўътадиллашув интервокал ҳолатда, шунингдек, маълум ундошлар олдида ҳамда айрим унлилардан сўнг уларнинг таъсирида рўй беради.

Бир белги асосида зидланган ундошлар ўртасида мўътадиллашув кўпроқ, икки ва ундан ортиқ белги асосида зидланган ундошлар ўртасида эса мўътадиллашув унга нисбатан камроқ учрайди. Бунга  сабаб зидланувчи аъзолар ўртасида зидланишнинг кучли ёки кучсизлиги саналади. Бир белги асосида зидланиш зидланувчиларни кўп белги асосида зидланишига нисбатан перцептив жиҳатдан кучсизроқ фарқлайди. Шунинг учун мўътадиллашишга кўпроқ берилади.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Бельдиян В.М. Звуковая система современного русского языка и вопросы  нейтрализаций фонем. -М.: Дисс. ...канд.филол.наук. 1968. 169с.
  2. Богораз-Бухман Л.И. Фонологическая нейтрализация на уровне дифферентов и фонем в русском языке. -М.: Дисс. ...канд.филол.наук.1964. 168 с. 
  3. Журавлев В.К. К проблеме нейтрализации фонологических оппозиций//Вопросы языкознания. 1972. №3. -С. 36-37-48.
  4. Нурмонов А.Н. Нейтрализация оппозиций лингвистических единиц по признаку утвердительности-отрицательности//Советская тюркология, 1984. №3. -С. 56-62.
  5. Нурмонов А. Танланган асарлар. II жилд.-Тошкент: Академнашр, 2012, 441б.
  6. Трубецкой Н.С. Некоторые соображения относительно морфологии//Пражский лингвистический кружок. -М.: 1967. -С. 115-119.
  7. Реформатский А.А. Из истории отечественной филологии. -М.: Просвещение, 1970. 342 с.
  8. Ҳожиев А. Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати. -Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2002, -Б.164.

 

Сайфуллаева Р., Нурманова Д. Нейтрализация оппозиций согласных в инлауте в узбекском языке. В статье идет речь о фонологических оппозициях, в сущности оппозициях согласных в инлауте и их нейтрализации в узбекском языке.

 

Sayfullayeva R., Nurmanova D. Moderation of the opposition of consonants in the middle of the word (inlaut) in the Uzbek language. The article discusses phonological contradictions in the Uzbek language, in particular, the contradictions of consonants in medial positios in a word and their moderation.

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati