СЎЗ ТАРКИБИДА МОРФЕМАЛАР МУНОСАБАТИГА ДОИР АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

Морфема ҳам, сўз ҳам тилнинг маъно англатувчи бирликлари (белгилари) саналади. Морфеманинг сўз сатҳида реал қўлланилиши ва грамматик функция бажариши изоҳ талаб қилмайди, албатта. Бу жараёнда шу нарса характерлики, морфема нафақат ўзининг функционал фаоллигини таъминлаш учун, балки сўзнинг шаклланиши ва функционал қимматга эга бўлиши учун ҳам хизмат қилади. Сўз тилнинг маъно англатувчи ана шу кичик бирлигидан ташкил топади ва бунинг натижасида морфемадан тубдан фарқ қилувчи янги бирлик вужудга келади. Морфема билан сўз ўртасидаги поғоналилик ҳам айнан ана шу нарсага асосланади. Айни пайтда сўз ўзининг мустақил тил бирлиги эканлиги билан номустақил тил бирликлари фонема ва морфемаларга қарама-қарши қўйилади. Равшанки, фонема мустақил маъно англата олмайди ва у сўзнинг ёхуд морфеманинг товуш қобиғини ташкил этади. Морфема эса маълум бир маъно ифодасига эга эканлиги билан сўзга яқинроқ туради. Бир қарашда, ўзак морфема ўз ифода планига кўра реал воқеликни акс эттиргандек кўринади. Бироқ, грамматик жиҳатдан тўлақонли эмаслиги уни реал воқелик ифодасини беришига монелик қилади, зотан, грамматик жиҳатдан тўлиқ шаклланган тил унсуринигина лексема мақомида дея оламиз [К.А. Левковская 1962: 80-81]. Шу боис сўзнинг асосини ташкил этувчи ўзак морфемаларни, гарчи улар аниқ маъно ифодасини берса ҳам, лексема билан қиёслаб бўлмайди. Бу ўринда ҳам морфема билан сўз ўртасида мавжуд бўлган қарама-қаршиликка дуч келамиз. Агар таъбир жоиз бўлса, мазкур ҳодисани тил қонуниятларидан бири ва асосийси деб аташ мумкин. Бунга Ф.де Соссюр ҳам ишора қилган эди: «…в языке нет ничего, кроме различий» [Ф.де. Соссюр 1977:152].

Тил унсурларининг қарама-қаршилиги унинг системасини ташкил этувчи бирликларда ҳам, бирликларнинг парадигматик ва синтагматик муносабатларида ҳам, иерархик боғланишда ҳам аниқ кўзга ташланади. Айни пайтда морфема билан сўз ўртасида содир бўлувчи иерархик муносабат жараёнида тилнинг кичик бирлиги билан катта бирлиги, мустақил қўллана олмайдиган бирлик билан мустақил қўллана оладиган бирлиги, тилнинг маъноли қисмларга бўлинадиган ва бўлинмайдиган бирликлари ҳамда унинг катта сатҳи билан кичик сатҳи ўртасидаги поғонали муносабатларида қарама-қаршилик (оппозиция) ҳосил бўлади.

Дарҳақиқат, морфема морфологиянинг энг кичик бирлигидир. Р.Якобсон қарашларига кўра, морфема грамматиканинг минимал бирлиги саналади [Л.Новак 1967:210]. Морфема морфологиянинг минимал бирлиги бўлиши билан бирга, мавҳум характерлидир. Ана шу жиҳатига кўра морфема ўзининг иштирокида ташкил топаётган онтологик маъно англатувчи сўздан кескин фарқ қилади. Морфеманинг мавҳум маъносини сўз ифодалаётган аниқ маъно билан қиёслаб бўлмайди. Бироқ, сўз маъносини ва структурасини морфемалар муносабатини эътиборга олмасдан тасаввур этиш қийин. Америкалик тилшунос Ю.Найда бу хусусда мулоҳаза юритганида, тилнинг бирор ҳодисасини ҳам бошқаларининг иштирокисиз тавсифлаш қийинлигини, бу эса, ўз навбатида, фонематик, морфологик ва синтактик ҳодисаларнинг ҳар бирини иккинчисининг иштирокисиз ўрганиб бўлмаслигини таъкидлайди. Тил бири иккинчисидан ажратилган структураларни тақозо этмайди. У функционал яхлитликдан ташкил топгандир [E.Nida 1949: 2-3].

Ю.Найданинг мазкур мулоҳазалари билан қўшилиш мумкин. Чунки тил яхлит қолипдаги системани ташкил этади. Системадаги ҳар бир деталнинг мавжудлиги иккинчи унсур билан бевосита боғланади. Ана шундан келиб чиқиб, дескриптив тилшуносликда тилнинг ҳар бир сатҳининг воқелиги ўзидан олдинги сатҳ бирликларига боғлиқ эканлиги масаласига жиддий эътибор қаратилади. Унга кўра, морфематик сатҳ фонематик сатҳ терминлари орқали, сўз сатҳи эса морфематик сатҳ терминлари воситасида талқин этилиши кераклиги алоҳида қайд этилади [B.Bloch, G.Trager 1942: 53].

Кўринадики, тил материалининг бундай таҳлили қуйи сатҳдан юқори сатҳга қараб ўсувчи мураккабликни тақозо этади. Шу боис дескриптивистларнинг тил материали таҳлилига бундай ёндашуви сатҳлар структураларини ташкил этувчи тил бирликлари поғонали муносабатини ёритишда анча қулайликларга эга. Бироқ, баъзи тилшунослар мазкур таҳлил усулида бир томонликка йўл қўйилганлигини ва шу боис у тўлақонли эмаслигини айтадилар. Бизнингча, бу ўринда тил материали таҳлили фақат чапдан ўнгга (фонематик – морфематик – сўз сатҳлари) қараб эмас, балки зарурат бўлганда ўнгдан чапга қараб ҳам йўналтирилиши мумкин. Масалан, сўз сатҳи таҳлилида морфемаларга, морфематик сатҳ таҳлилида фонематик сатҳ ва фонематик сатҳ таҳлилида меризмаларга мурожаат этамиз. Бироқ, тил унсурларининг поғонали муносабатини тадқиқ этишда синтагматик қатор бўйлаб чапдан ўнгга қараб ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки иерархик муносабат кичик тил бирликларининг катта бирликлар сатҳига киришини тақозо этади.

Инглиз тилшунослари У.С. Аллен, С. Байзелл, Р.Ф. Пальмер, М. Халлидийлар эса ҳар бир сатҳ материали таҳлили ўзича автоном характерда бўлиши кераклигини таъкидлайдилар. Шу боис улар грамматика билан фонология ўртасида бевосита алоқа йўқ, деган ғояни олға сурадилар [Г.А. Климов 1967: 65].

Бизнингча, мазкур ғоя билан қўшилиш қийин. Агар бунга амал қилинадиган бўлса, тил системасининг яхлитлиги масаласига қарши борган бўламиз. Тўғри, фонология билан грамматика муштарак ҳодисалар талқини билан шуғулланади дейиш, ҳақиқатдан йироқдир. Лекин шуни ҳам назарда тутмоғимиз керакки, фонологик унсурлар тилнинг ҳар бир сатҳи, ҳатто нутқий сатҳлар материали доирасида ҳам яшайди. Л.Блумфилднинг тил доимий равишда такрорланиб турувчи товушлар мажмуасини тақозо этиши ҳақидаги фикри билан ишимизнинг олдинги саҳифаларида танишган эдик. Албатта, тил сатҳларининг автоном характерини инкор этиш қийин. Лекин буни нисбий тушунмоқ керак. Чунки улар ўртасидаги иерархик муносабат ҳар бир бирликнинг иккинчиси билан боғлиқ эканлигини кўрсатади. М.Халлидий морфеманинг фонемалар мажмуасидан  ёки фонологик материалдан ташкил топиши унинг лингвистик таҳлили учун асос бўла олмаслигини ва умуман, фонология билан грамматика ўртасида боғланиш мавжудлигини инкор этади [Halliday 1961:281]. Мазкур мулоҳазани маъқуллаган Г.А.Климов эса қуйидаги хулосага келади: «Муайян лингвистик сатҳ бирлиги табиатини иккинчи сатҳ бирлиги терминлари воситасида талқин этиш мақсадга номувофиқдир» [Г.А.Климов 1967:107]. Г.А.Климов ўз фикри далилини В.В.Иванов томонидан бу ҳақда айтилган мулоҳазалар билан мустаҳкамламоқчи бўлади. Ваҳоланки, В.В.Иванов тил сатҳлари муносабати хусусида бошқачароқ фикр билдирганини кўрамиз: «Морфологик коднинг ҳар бир бирлиги  (яъни ҳар бир морфема) ё фонологик код (яъни фонема) бирликлари мажмуаси тарзида ёки график коднинг бирликлари (графемалар) кетма-кет келиши тарзида талқин этилиши мумкин» [Г.А.Климов 1967:80].

Юқоридагилардан ташқари, Г.А.Климов ўз мулоҳазалари исботини Г.С.Кличков, Н.Д.Арутюнова ва бошқа олимларнинг тадқиқотларида ҳам кўриш мумкинлигини эслатиб ўтади. Шу боис қуйида Г.С.Кличков ҳамда Н.Д.Арутюноваларнинг тил сатҳлари бирликлари ва уларнинг поғонали муносабати хусусида билдирилган мулоҳазаларига мурожаат этамиз.

Г.С.Кличковнинг бу ҳақдаги фикри қуйидагича: «Табиий фанларда ўзаро боғлиқ бўлган системалар элементлари бири иккинчисидан ташкил топиши ҳақида тушунча мавжуд: тўқималар молекулалардан, молекулалар атомлардан, атомлар элементар бирликлардан ташкил топади. Бу эса поғоналилик муайян система унсури иккинчи бир система унсурлари боғланишидан вужудга келади, деган тушунчани асослайди.

Ўзаро поғонали муносабатда бўлган системалар сатҳлар деб юритилади. Бироқ, бундай тушунчани тилшуносликда қўллаб бўлмайди. Фонемалар муносабатидан биз фақат морфемаларни, морфемалар муносабатидан фақат сўзшаклни (сўзни эмас) ҳосил қилишимиз мумкин. …Тил сатҳлар поғонасини тақозо этмайди. Сатҳлар бири иккинчиси билан спирал тарзида узвий боғлангандир» [Г.С. Клычков 1967: 77].

Г.С.Кличковнинг поғонали муносабат ҳақида билдирган мулоҳазаларида ўзига хослик мавжудлиги кузатилади, албатта. Бу ўринда олим фонемалар муносабатидан морфемалар, морфемалар муносабатидан сўзшакл ҳосил бўлиши хусусида гапирганида масала моҳиятига нутқ нуқтаи назаридан ёндашганини кўрамиз. Бошқача айтганда, морф морфеманинг, сўзшакл сўзнинг нутқдаги реал ифодасини тақозо этади. Ва ниҳоят, тилнинг сатҳлар поғонасидан иборат эмаслиги ҳақидаги фикр ҳам ғализ кўринмайди. Чунки тил сатҳлари бири иккинчиси билан узвий боғлиқлиги туфайли уларни биз мутлақо автоном ҳолатдаги сатҳлар деб талқин эта олмаймиз. Бу эса тил ўзаро спирал ҳолатда боғлиқ бўлган, бирини иккинчисисиз тасаввур этиш қийин бўлган сатҳларнинг поғонали муносабатини тақозо этади, деган хулосага келишимиз учун имкон беради.

Н.Д.Арутюнова дескриптивистлар томонидан истеъмолга киритилган морф(а) тушунчасига ижобий баҳо бермайди ва бу ҳақда қуйидагиларни таъкидлайди: «Морфанинг аниқ бирлик, морфеманинг эса мавҳум бирлик эканлиги ҳақида тасаввур пайдо бўлмоқда. Буни тарғиб қилиш ифода плани ифодаловчи планига нисбатан мавҳумдир, деган хулосага олиб келади. …Вариативлик муносабати фақат бир туркумга хос элементлар, уларнинг ифодаланувчи ёки ифодаловчи планларининг қайси бирига тегишли эканидан қатъи назар, ўртасида рўй беради. Демак, «фонема: фон, морфема: «морфа» ларнинг пропорцияси нотўғридир» [Н.Д.Арутюнова 1968: 71;99].

Н.Д.Арутюнованинг мазкур фикри, бизнингча, изоҳталабдир. Зотан, бугунги тилшуносликда фонема: фон, морфема: морф тушунчалари кенг тарқалганлиги боис улардан воз кечиш анча қийин. Бироқ шуни ҳам айтиш керакки, Н.Д.Арутюнова мазкур фикрини К.Бейзел мулоҳазаларига қўшилган ҳолда баён этади.

Юқоридагилардан ташқари, Н.Д.Арутюнова морфеманинг фонемалардан ташкил топиши ҳақида тилшуносликда айтилаётган фикрга ҳам қарши чиқади. Унинг таъкидлашига кўра,  фонематик сатҳ морфематик сатҳдан тилнинг горизонтал моделидан олдин кела олмайди. Амалдаги «…дан ташкил топади» тушунчаси ана шу боис фонема билан морфеманинг муносабатини характерлай олмайди [Н.Д.Арутюнова 1968: 88].

Бизнингча, бу ўринда Н.Д.Арутюнова морфеманинг тилнинг горизонтал моделида ўрни борлигини, бошқача айтганда, морфема шаклланиши синтагматик қатор билан узвий боғлиқлигидан келиб чиқиб, бу билан фонеманинг боғланишига салбий муносабат билдирмоқда. Тўғри, фонема тилнинг вертикал моделида мавжуддир. Бироқ, унинг реал қўлланиши горизонтал қатор билан алоқадор эканлигини ҳам эътиборга олишимиз керак кўринади. Умуман олганда, морфеманинг фонемалар билан боғланиши масаласи тилшуносликда анча мунозаралидир. Шу боис фонема ўрнига «товуш қобиғи» тушунчасидан ҳам фойдаланилмоқда. Аслида морфема фонемалардан эмас, балки уларнинг товуш қобиғидан ташкил топади, деганимизда ҳам масала моҳияти ўзгариб қолмайди. Ёки сўзшакл морфлар муносабатидан вужудга келади дейиш билан ҳам морфема ва сўзнинг поғонали муносабати доирасида ўзгариш ясаб бўлмайди.

Юқоридагилар билан бир қаторда шуни ҳам айтиш керакки, кўп пайтларда (айниқса, туркий тилларда) сўз ва ўзак морфема шаклан бир хил бўлиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда морфема билан сўз ўртасида содир бўлувчи поғонали муносабат мавҳумлашганга ўхшаб кўринади. Бироқ масала моҳиятига жиддийроқ ёндашганимизда, морфема билан сўз ўртасида айни пайтда ҳам тўлақонли поғонали муносабат шаклланаётганини кузатамиз.

Шундай қилиб, морфема билан сўз ўртасидаги поғонали муносабатни сўз доирасида белгилай оламиз. Бунда сўз сатҳига кираётган ҳар бир морфеманинг шу объектда тутган ўрни ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Bloch B. and Trager G. Outline of linguistic analysis. –Baltimore, 1942.-P.53.
  2. Halliday M.A.K. Categories of the Theory of Grammar. “Word”, v. 17, 1961, №3.-P.281.
  3. Nida E. Morphology: the descriptive analysis of words.2 ed. AnnArbor, 1949.-P.2-3.
  4. Арутюнова Н.Д. О значимых единицах языка // Исследования по общей теории грамматики.–М.: 1968. (58-116). 291с.
  5. Климов Г.А. Фонема и морфема. –М.: Наука, 1967.- 127 с.
  6. Клычков Г.С. К понятию иерархии единиц и определению уровня языка // Уровни языка и их взаимодействие. Тезисы научной конференции.–М.: 1967.-С.77.
  7. Левковская К.А. Теория слова, принципы её построения и аспекты изучения лексического материала. –М.: Высшая школа, 1962.- 294 с.
  8. Новак Л. Основная единица грамматической системы и типологии языка//Пражский лингвистический кружок. –М.:Прогресс, 1967, (210-225), 559 с.
  9. Соссюр Ф.де. Избранные труды по языкознанию. –М.:Прогресс, 1977.- 695 с.

 

 

Хайруллаев Х. Некоторые замечания о соотношении морфем в словах. Известно, что слово имеет особое значение среди объектов изменения в науке о языкознании. Исходя из этого, в статье были предприняты некоторые попытки пролить свет на морфемные отношения и их иерархическую закономерность.

 

Hayrullaev H. Some remarks on the correlation of morphemes in words. It is known that the word has a special meaning among the objects of change in the science of linguistics. Based on this, some attempts were made in the article to shed light on morphemic relations and their hierarchical regularity.

 

 

 

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati