СИМВОЛИК ОБРАЗ - РАМЗИЙ ТАФАККУP МАҲСУЛИ СИФАТИДА

Маълумки, инсон бирор ижтимоий фаолият ёки шахсий эҳтиёж мақсадида атрофдаги нарса, ҳодиса, инсонлар шаклидаги мавжудликни тадқиқ қилади ва уларга таъсир кўрсатади. Инсон сезги, идрок ва тасаввури ва ихтиёрсиз диққат ва кўргазма-образли хотира мужассамлигида аниқ бир объектлар ва уларнинг бевосита ўрганиладиган хоссалари ҳақида маълумот олади. Инсонни қизиқтирган барча саволларга жавоб олишда юксак даражадаги билиш жараёни, объектив воқеликнинг тасаввур, тушунча ва муҳокамадаги фаол инъикос жараёни, инсоннинг фикрлаш қобилияти [ЎТИЛ, “Т” ҳ.] бўлган тафаккур ёрдам беради. Тафаккур бевосита идрокда англаб бўлмайдиган жиҳатларни тушунтиради, у оламни турли алоқа ва муносабатлар воситасида акс эттиради. Тафаккур жараёнида инсон ҳиссий билиш қобиғидан ташқарига чиқиб, сезги ва идрокларда бевосита аниқлаш имконияти мумкин бўлмаган мураккаб ҳолатларни англай бошлайди.

Психология фанида тафаккур шакли, топшириқ характери, фикр ёйиқлиги ва фикрнинг оригиналлик даражасига қараб шартли равишда қуйидагича тасниф қилинади [Ғозиев 1990: 62]:

  • шаклига кўра: кўргазмали-ҳаракат, кўргазмали-образли, сўз-мантиқ;
  • топшириқ характерига кўра: амалий, назарий, ихтиёрий, ихтиёрсиз;
  • фикр ёйиқлигига кўра: конкрет, абстракт, реалистик, аутистик, интуктив, дискурсив, диалектик;
  • фикрнинг оригиналлик даражасига кўра: репродуктив, продуктив (ижодий), визуал, фазовий.

Тафаккурнинг учта муҳим хусусияти таъкидланади [Ўша асар, 10-11]: воқеликни умумлашган ҳолда акс эттириш, боғланишларни бевосита акс эттириш ва сўз (нутқ) орқали нарса ва ҳодисалар ўртасидаги мураккаб муносабатларни акс эттириш.

Символик, яъни рамзий тафаккур дунёни акс эттириш учун рамз (масалан, сўз ва тасвирлар шаклидаги), нарса ёки ҳодисаларнинг инсон миясида гавдаланадиган тасвирларидан фойдаланишни англатади [Hockenbury 2002].

Швейцариялик психолог, когнитив психология асосчиларидан бири  Жан Уильям Фриц Пиажэ [Piaget 1997; Piaget 2002] болаларда когнитив ривожланиш босқичма-босқич содир бўлиши ва рамзий фикрлаш қобилиятини ўз ичига олишини назарда тутадиган конструктив назарияни таклиф қилди. Ушбу назарияга кўра, болалардаги когнитив ривожланиш тўрт босқичда амалга ошади [Piaget 1992]: 1) cенсомотор босқич (the sensorimotor stage) (0 дан 2 ёшгача). Бу даврда барча чақалоқлар дунёни ҳис-туйғулари ва жисмоний ҳаракатлар орқали ўрганадилар; 2) операциядан олдинги босқич (preoperational stage) (2 ёшдан 6 ёшгача). Ушбу босқич мактабгача бўлган ёшда содир бўлади ва айнан тилнинг ривожланиши ва рамзий фикрлашнинг пайдо бўлиши билан ажралиб туради; 3) аниқ операциялар босқичи (concrete operational stage) (6 ёшдан 11-12 ёшгача). Бу босқич боланинг абстракт тафаккур ва мантиқий фикрлаш қобилияти билан тавсифланади. Бола ўзини ўраб турган муҳитдан ташқаридаги воқеа-ҳодисалар, улар орасидаги боғлиқликлар тўғрисида фикр юрита бошлайди, бирор воқеага бир нечта нуқтаи назардан талқин мавжудлигини тушунади; 4) расмий операциялар босқичи (formal operational stage) (12 ёшдан бошлаб). Пиаже назариясининг мазкур якуний босқичи бола мавҳум тушунчалар ҳақида ва мантиқий фикр юритиш учун етарлича интеллектуал кўникмаларга эга бўлгандан кейин бошланади. Бола энди нафақат аниқ объектлар, балки ғоялар бўйича гипотетик-дедуктив мулоҳазаларни қўллаш қобилиятига эга бўлади.

Ж.Пиаженинг фикрича [Piaget 1997], инсонлардаги рамзий фикрлаш туғма бўлади:  бола рамзий тили орқали когнитив ривожланишнинг ўзига хос белгиси бўлган абстракт ва тасвирий фикрлаш қобилиятини намойиш этади. Олим болаларнинг жамоавий монологлардан фойдаланишини фикрига далил сифатида келтиради. Унинг таъкидлашича, ижтимоий ўйин давомида болалар кўпинча тенгдошлари билан суҳбатга киришадилар, лекин аслида улар орасида ўзаро мулоқот юз бермайди, бир-бири билан мазмунли суҳбат қурмайди. Бу шуни англатадики, операциядан олдинги босқичдаги 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар рамзий фикрлаш шакли сифатида монолог ёки "ўз-ўзига гапириш" билан шуғулланишади: улар бошқалар билан мулоқот қилиши шарт эмас, лекин ўз фикр ва ғоялари ифодасида тилдан фойдаланади.

Америкалик файласуф ва психолингвист-экспериментатор Жерри Фодор [Fodor 1998] ҳам инсонда символик тафаккурнинг пайдо бўлиши соф ижтимоий ёки маданий жараёнларга эмас, балки ўзига хос когнитив механизмлар ва туғма психик тузилмаларга таянади, деган ғояни илгари суради. У рамзий тафаккурни ривожлантиришда инсон заковати ва рамзларни манипуляция қилиш қобилиятининг аҳамиятини таъкидлайди.

Ушбу назариядан фарқли ўлароқ рус психологи ва педагоги Лев Виготский [Выготский 2005] ва унинг фикрлари давомчиси Ю.Карпов [Karpov2005] болада когнитив тафаккурнинг ривожланишида маданият ва ижтимоий ўзаро таъсирнинг ўрнини юқори қўяди. Л.Виготский [Выготский 1935] болада когнитив тафаккур ривожланишининг иккита асосий босқичини белгилайди: бола томонидан маълумотни етказиш ва атрофдаги дунё билан ўзаро муносабатда бўлиш учун қўлланиладиган имо-ишора, юз ифодаси ва товушлар шаклидаги бевосита – бирламчи ва аниқ рамзий маънога эга бўлган ва дунёни акс эттиришда фойдаланиладиган сўз, ёзув, рақам, маълумот ва фикрларни етказишга хизмат қиладиган белги тизимлари кўринишидаги иккиламчи белгилар.

Ю.Карпов болаларда рамзий фикрлашнинг ривожланишига оид Виготскийнинг “проксимал ривожланиш зонаси (The Zone of Proximal Development) концепцияси [Проксимал ривожланиш зонаси бола ҳеч кимнинг ёрдамисиз нимани уддалай олиши ва катталар (ўқитувчи, ота-она ва ҳ.) раҳбарлигида ёки ўзидан кўра қобилиятлироқ тенгдошлари билан ҳамкорликда қўлидан нима келиши мумкинлиги ўртасидаги масофа https://www.wested.org/resources/zone-of-proximal-development] билан бир қаторда яна икки асосий ғояни илгари суради: 1) Маданий-тарихий контекст: тил, ёзув тизимлари ва рамзий артефактлар каби маданий воситалар шахс ва ижтимоий муҳит ўртасида воситачи бўлиб хизмат қилади. Ушбу маданий воситалар болаларда рамзий тасвирий фикрлаш жараёнини шакллантиришга имкон беради; 2) Ўзаро ижтимоий таъсир ва ўйин: ўйинлар орқали болалар рамзий фаолият билан шуғулланади, ўйин болаларга турли маъноларни ўрганиш, рамзлар билан тажриба ўтказиш, улардан фойдаланиш ва уларни тушуниш, рамзий фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш имконини беради. Худди шундай ёндашув болаларда когнитив тафаккур ривожланишини тадқиқ қилган бошқа олимларнинг [Carlson, Zelazo 2009; Rathus 2013] ҳам изланишларида учрайди. Улар ҳам инсоннинг символик тафаккури ривожини тилнинг тараққиётида, ижтимоий-маданий ва тарбиявий тажрибаларда, ижтимоий ўзаро таъсир ва функционал фаолият кўникмалари (меҳнат хотираси, когнитив мослашувчанлик, инҳибитив назорат каби)да кўради.   

Инсонда символик тафаккур пайдо бўлишининг нейрон асосларини ўрганган франциялик тадқиқотчи  Матилда Саланон [Salagnon 2022] фикрича, инсондаги рамзий тафаккур мураккаб мулоқот, абстракт тафаккур, тасаввур ва ижодкорлик асосида шаклланади. Шунинг учун одамларда символик тафаккурнинг қай тарзда пайдо бўлганини англаб етиш инсоният тамаддуни ривожланишини тушуниш учун ҳал қилувчи жиҳатдир. Салагнон ўз изланишларида, айниқса, палеолит тош суратлари тадқиқига эътибор қаратади. Бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган бу ўймакорлик намуналари инсон рамзий идрокининг илк шакллари ҳисобланади. Илмий тадқиқотининг хулосаси ўрнида Салагнон инсонларда рамзий фикрнинг пайдо бўлиши миядаги ўзига хос нейрон тармоқларни ўз ичига олган мураккаб жараён эканлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, мавҳум палеолит ​тош суратлари ва уларда ифодаланган маданий юзлар(des visages culturalisés)ни идрок этиш миянинг алоҳида қисмлари билан боғлиқ бўлиб, бу икки турдаги стимуллар мия томонидан ўзига хос тарзда қайта ишланади. Бундан ташқари, у инсоннинг рамзларни яратиш ва талқин қилиш қобилияти унинг мулоқот қилиш лаёқати билан боғлиқлигига урғу беради.

Бошқа ғарб олимларининг [Terrence 1997; Herbert A. Simon 1993;  Slingerland 2008, 2014] ҳам инсонда символик тафаккур ривожига оид қуйидаги нуқтаи назарлари мавжуд: 

  • символик тафаккур фақат инсонгагина хос, у рамз ёки белгилар ёрдамида объектлар, ғоялар ва муносабатларни ифодалашнинг ақлий жараёнидир;
  • рамзий фикрлаш мураккаб когнитив қобилиятларни талаб қилади ва концептуаллаштириш, ақлий тасвирлаш, умумлаштириш, мантиқий фикрлаш ва мавҳумлик (абстракция) каби энг фаол когнитив жараёнларга таянади. Бу қобилиятлар одамларга рамзларни манипуляция қилиш, маъно бериш,  муаммоларга ечим топиш ва қарор қабул қилиш имконини беради;
  • рамзий тафаккур ва тил бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва биргаликда ривожланади. Белгилар тилнинг асосий "қурилиш блоклари" ни ташкил қилади ва мураккаб ва мавҳум алоқани таъминлайди;
  • символик тафаккур биологик ва маданий эволюциянинг янги пайдо бўлган хусусиятидир.

Демак, символик тафаккур инсонларгагина хос бўлиб, инсоннинг фаол когнитив қобилиятлари асосида оламдаги объект, воқеа ва ҳодисаларни англаш, рамзий талқин этиш ва ўзаро ижтимоий муносабатга киришишда ундан фойдаланишни назарда тутади. Символик образ – символик тафаккурнинг маҳсули ҳисобланади.  

Символик образ бу, – том маънода тасвирланганидан кўра чуқурроқ ёки мураккаброқ маънога эга бўлган тасвирдир. У ғоя, ҳиссиёт ёки мавҳум тушунчаларни етказиш учун визуал элементлардан фойдаланади. Масалан, бутун дунёдаги юридик идораларда учратиш мумкин бўлган Адолат маъбудаси (Рим мифологиясида Юстиция, юнон мифологиясида Фемида деб номланган) ҳайкалини кўз олдингизга келтиринг: унинг чап қўлида тарози, ўнг қўлида қилич ва кўзида боғич бор. Тарози — ўлчов ва адолатнинг қадимий рамзи. Яхшилик ва ёмонлик, жиноят ва бегуноҳлик адолат тарозисида тортилади. Маъбуда қўлидаги қилич руҳий куч ва қасос рамзи, шунингдек, қиличнинг қинсиз эканлиги у адолат йўлида қўлланиш учун доимий шайлиги ифодасидир. Боғланган кўз — холислик рамзи. Адолат айбланувчининг қудрати ёки заифлигидан қатъи назар, холислик билан тарафкашликсиз қарор топиши керак.

Рамзий тасвир турлича кўринишда намоён бўлиши мумкин, чунки у, юқоридаги мисолда келтирилгандек, маълум бир объект, ҳодиса ёки тушунча билан боғлиқ бўлган ассоциациялар натижасида юзага келади. У кўпинча санъат, адабиёт ва бошқа  мулоқот шаклларида ҳиссиёт, ғоя ёки тасаввурларни акс эттириш учун қўлланилади. Рамзий тасвирлар маданий, тарихий-ижтимоий ёки шахсий аҳамиятга эга бўлган жисм ва ранглар, ҳайвон ва ўсимликлар ва бошқа унсурларни ўз ичига олади. Улар баъзи ғоя ёки ҳис-туйғулар ифодаси бўлиб хизмат қилиш жараёнида бирор шахс ёки инсонлар гуруҳи учун маълум мазмунга эга бўлади. Рамзий образ маданий мероснинг элементига айланиши ва ҳаётнинг турли соҳаларида, масалан, дин, санъат ёки сиёсатда қўлланиши мумкин.

Символик образ жисм, ҳодиса ёки ҳаракатнинг тимсолий ифодаси ёки тасвирини англатувчи рамзий маънога асосланган. Бу ифода ёки тасвир маданий, тарихий, диний ёки шахсий бўлиши, контекст ва эътиқодлардан келиб чиқиб турлича талқин қилиниши мумкин. Масалан, бирор давлат байроғидаги элементлар ўша миллат учун ғурур ва ўзликни англатувчи тимсол бўлса, ҳар қандай кўриниш ва рангдаги юрак умумбашарий муҳаббат ва ҳис-туйғуларнинг рамзидир. Ёки жаҳон адабиётида кўплаб муаллифлар томонидан "тун" сўзининг рамзий маъноси одатда қора кучлар, ғамгинлик ва баъзида душманликка ишора қилади, оқ рангнинг рамзий маъноси эса поклик ва самимийлик билан боғланади.

Швейцариялик психолог ва психиатр, психоаналитика асосчиси Карл Густав Юнг [Jung 1987; Юнг 2022,  2019 ] учун рамзий тасвир бу, – оддий шахсий тажрибадан ташқарига чиқадиган, коллектив ва универсал маънога эга бўлган ақлий, инсон ҳиссий тажрибасига жавобан унинг чуқур психикасидан пайдо бўладиган архетипик тасаввурлардир. Олим рамзларни ғайришуурийликни тадқиқ қилишнинг асосий воситаларидан бири деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, рамзлар жамоавий ғайришуурийлик ифодасидир ва маданиятлардаги фарқлардан қатъи назар, улар туш, тасаввур ёки мифологияга бориб тақалиши ва барча инсонлар учун универсал мазмун касб этиши мумкин. Демак, ҳис-туйғулар рамзий тасвирларнинг пайдо бўлишида асосий омил ҳисобланади.

Ушбу ғоя Карла Маклареннинг "The Language of Emotions" [McLaren 2010] номли асарида ҳам акс этади. Муаллиф инсоннинг идрок этиши, ҳис қилиши ва ўзини ўраб турган олам билан мулоқот қилишида ҳиссиётлар эгаллаган марказий ролни таъкидлайди. Маклареннинг фикрича, рамзий тасвирлар инсон ҳис-туйғуларининг визуал ифодасидир: рамзий тасвирлар бизнинг ҳис-туйғуларимизни аниқ ва тушунарли тарзда ифодалаш учун онгимизда намоён бўлади, универсал “тилга” эга эканликлари туфайли маданий ва лисоний “тўсиқлардан” ошиб, уларни чуқурроқ англаш имконини беради. Рамзий тасвирлар бизнинг ғайришууримиздан келган хабарлардир – улар бизнинг эҳтиёж, истак ёки ички қўрқувларимиз ҳақида маълумот беради, натижада уларни тушуниш ва тўғри талқин қилиш инсонлар руҳиятини даволаш имконини беради. Ушбу фикрга ўхшаш талқинни француз социологи, антрополог ва диншунос олим Жилбер Дюран [Durand 2021] да ҳам кузатиш мумкин. Дюран учун ҳам  символик образ – инсон тасаввурининг чуқур ва универсал ифодаси, афсонавий тафаккур ва инсонларга хос маданиятнинг асосий унсуридир. У мураккаб, кўпмаъноли  талқинларни таклиф қилувчи жамоавий ва архетипик ўлчовга эга.

XX аср психоанализ соҳасидаги йирик намояндалардан бири француз психиатри ва файласуфи Жак Лакан [Lacan 1973]  ва мазкур аср француз файласуфи Пол Рикеp [Ricœur 1975] нинг фикрига кўра рамзий образ – субъектив тажрибани объектив воқелик билан боғлашга хизмат қиладиган, инсонларга ўз дунёсини англаш имконини берувчи тасвирлар, ўз-ўзини англаш ва шахсий ривожланиш учун қўлланиши мумкин бўлган ғайришуурийликнинг намоён бўлишидир.

Рамзий тасвирлар инсон тасаввурининг энг тубида жамоавий ғайришуурийлик орқасидан мавжуд бўлган архетипик чизма ва мотивларнинг таъсири остида пайдо бўлади. Ушбу архетипик чизма ва мотивлар афсона, эртак, дин каби маданий белгилар орқали намоён бўладиган универсал руҳий структуралар бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб келади [Durand 2021].

ХХ асрнинг биринчи чорагида “архетип” тушунчасига янги маъно берган К. Юнг афсона, ривоят, турли қаҳрамон  образларидаги (аждаҳо, жодугар, рицар, сеҳргар) сценарийлар муштарак эканлигини пайқаган. Ҳатто бундай тушунчаларга ҳеч қачон дуч келмаган гўдак ҳам улар хусусида аллақачон тасаввурга эга бўлишини таъкидлаган. Юнгча архетип бу, – жамоавий ғайришуурийликдан “мерос” қилиб олинган ҳар бир инсонда мавжуд универсал тасвирдир [Юнг 2019]. Бу, маданият, макон ва замондан қатъи назар, барча одамлар учун умумий бўлган билим ва тажрибанинг ибтидоий шаклидир. Архетиплар маълум мотив, символ, тасвир ва сюжетлар шаклида намоён бўлади. Демак, символдан архетипга оид мавзу ва тушунчаларни ифодалаш учун фойдаланиш мумкин. Шу тарзда, архетип ва символ ўзаро боғлиқдир: архетиплар тимсолларни яратиш учун манба бўлиб қолса, архетипик мавзу ва тушунчаларни ифодалаш учун рамзларга мурожаат қилинади.

Юнг апхетипларнинг асосий турлари сифатида қаҳрамон, кўланка, ота, она, бола, кекса донишманд, анимус ва анималарни келтиради. "Она" абадий ва боқий ғайришуурий элементни ифодалайди. "Бола" жамоавий онгсизликдан ажралиб чиқаётган шахсий онг-шуур уйғонишининг ибтидосини англатади [Мелетинский 1994: 4]. “Шарпа” (ёки “кўланка”) шахснинг онг-шуур чегарасидан ташқарида қолган онгсиз бўлаги. Эркаклар учун “анима” ва аёллар учун “анимус” ўзга жинс образида ифодаланган шахснинг онгсиз ибтидоси, “донишманд чол” олий маънавий синтез, кексаликда руҳнинг онгли ва онгсиз соҳаларини уйғунлаштиради [Раҳматуллаев 2022: 52]. 

Америкалик мифшунос ва диншунос олим Жозеф Кемпбелл учун рамзий тасвирлар диний ва фалсафий анъаналарга хос чуқур маъноларни англашга имкон берувчи "мифологик қарашнинг калитлари"дир [Campbell 2013]. Мифга оид, афсонавий ёки эпик сюжетли драмаларда маълум даражада учрайдиган қаҳрамон архетипи жуда тез фурсатда ўзгаришлар (транформация)га учрайди [Мелетинский 1994: 36]. Масалан, Гомернинг “Одиссей” асаридаги қаҳрамон Одиссейни уйга қайтиш учун узоқ сафарга отланган классик қаҳрамон архетипи, Уилям Шекспирнинг Гамлетини адолатга интилувчи, Ж.К. Роулингнинг Гарри Поттерини қора кучларга қарши курашадиган ва ўзининг ҳақиқий тақдирини изловчи қаҳрамон архетипи, Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо” асари қаҳрамони Эдмонд Дантесни ноҳақ қамоққа ташланганидан сўнг қасос ва адолат йўлига ўтган қаҳрамон архетипи, Виктор Гюгонинг “Хўрланганлар” асари қаҳрамони Жан Валжанни эса дунёда адолат ва меҳр-оқибат учун курашаётган қаҳрамон архетипи, ўзбек фольклорига оид Гўрўғли ва Алпомишни ҳам ватанпарвар, жасур қаҳрамон архетипи деб ҳисоблаш мумкин.

Инсон шахсиятининг энг қоронғи ва ғайришуурий жиҳатларини ўзида жамлаган “кўланка” архетипи адабиётда инсон табиатининг қоронғи томонларини акс эттириш ва улар келтириб чиқарадиган ички зиддиятлар талқини жараёнида кузатилади. Архетип орқали инсон руҳиятининг мураккаблиги ва иккиламчилиги, мувозанат ва шахсий яхлитликка эришиш учун бу жиҳатларни тан олиш ва бирлаштириш муҳимлиги таъкидланади. Архетип вақт ва замон таъсирида турли ўзгаришларга учраши, маданиятнинг муайян ҳолатига номувофиқ тарзда ҳар хил мослашув жараёнларини бошдан кечириши мумкин [https://kinosanati.uz/post/hech-asarida-arxetipik-simvollarning-yangi-bosqichiga-guvoh-bolamiz]. “Кўланка” архетипига мисол қилиб ўзбек адабиётида Ж.Жовлиевнинг “Қўрқма” асарини келтириш мумкин. Асар воқеалари бош қаҳрамон  ҳаётини остин-устун қилиб юборган ва шахсий тажрибасида мислсиз кўргуликка айланган биргина драматик воқеа – шўро тузумининг Германияда таҳсил олаётган йигит-қизларни ўз домига илинтириш ишига катта бобосининг (Кўланка образи) қўшган фожеий ҳиссаси атрофида айланади [Бобохонов 2021].  

Америкалик файласуф Дэвид Абрам символик образларга  инсон танаси орқали сезиладиган ҳамда унда чуқур ҳис-туйғу ва ассоциацияларни (ўзаро боғлиқлик) уйғотадиган жонли ва ҳақиқий (реал) мавжудлик, дея таъриф беради [David Abram 1997]. К.Юнг инсон психикасининг учта қатлами сифатида онг, жамоавий ва индивидуал ғайришуурийликни келтиради. Шахсий ёки индивидуал ғайришуурийлик маълум бир шахсга тегишли бўлади. У ҳар бир шахсга хос бўлиб, унинг индивидуал кечинмалари, хотиралари, бошдан кечирган ҳис-туйғулари, онгсиз истаклари ва шахсий зиддиятлари асосида шаклланади, шунингдек, тарбия, оилавий муҳит, руҳий травма, орзу ва шахсий интилишлар ҳам унга таъсир қилувчи омиллар сирасига киради.

Инсонда шахсий ғайришуурийлик тўрт йўл орқали шаклланади [https://evan-gcrm.livejournal.com/1200141.html]:

  1. Унутиш орқали: бирор ахборот ёки маълумот (масалан, инсон борган боғча гуруҳидаги болалар сони, ёки ўтган ҳафта чоршанба куни тушликда ейилган таом ва ҳ.) бирор инсон учун аҳамиятини йўқотади, хотирасидан ўчади. Ушбу ахборот энди фақат гипноз остида, оғир стресс ҳолатига тушганда ёки бирор ғайриоддий ҳолат сабаблигина ўша инсон онгига қайтиши мумкин бўлади. Масалан, А.Дюманинг “Граф Монте-Кристо” асари қаҳрамони Эдмон Дантес ўзининг қамоққа олиниш сабабларидан бехабар бўлади. Иф қалъасида танишган маҳбус Аббат Фариа берган саволларга жавоб бериши натижасида хотирасининг тубидаги ахборотни эслайди.
  2. Онгдан “сиқиб чиқариш” орқали: тасаввур қилинг, бир киши маълум бир гуруҳ томонидан ўзгалар (масалан, болалар майдончаси қурилишига ажратилган пулларни) ҳаққини талон-тарож қилганини эшитиб жуда ғазабланади, айни вақтда ўша пулларга унинг ўзи ҳам ҳашаматли уй ёки машина сотиб олиш учун худди шу тарзда ўғирлик қилиши мумкинлигини бирдан англаб етади. Аммо, бу фикр унинг "ички цензура"сини шунчалик даҳшатга соладики, у шу заҳотиёқ унинг шахсий онгсизлигига сиқиб чиқарилади. Сиқиб чиқарилган маълумот нафақат ақлий, балки жисмоний даражада ҳам ўзини намоён қилади. Масалан, энди ўша инсон ҳар сафар болалар ўйин майдончасини кўрганида сабабсиз қизариб кетиши мумкин бўлади. Француз ёзувчиси Г.Флобернинг “Бовари хоним” асарида дераза рамзий тасвири Эмма Боварини ўтмишга қайтаради, яъни бал вақтида  Эмма дераза орқали ўзи учун сеҳрли ва ажойиб туюладиган зодагонлар дунёсига назар ташлайди, хизматчилар томонидан синдирилган дераза орқали деҳқонларни кўрганда эса болалигида яшаган ўзи эслашни истамайдиган камтарона ҳаёти хусусидаги хотираларга қайтади [ttps://www.etudier.com/fiches-de-lecture/madame-bovary/symbolique-fenetre-dans-roman].
  3. Ғайришуурий идрок орқали: тажрибалардан кўринадики, жамоат транспортида ишга кетаётганда бир ҳафта мобайнида одам қулоғига инсонларнинг ўртача юзга яқин суҳбати чалинади. Онг одатда улардан фақат ўнтачасини қайд этади, лекин, гипноз остида эса одам эшитган барча  нарсасини эслай олар экан. Демак, 90 та суҳбат онгни четлаб ўтиб, шахсий онгсизлик томон "сирғалиб” кетади.
  4. Ғайришуурийликда маънонинг бевосита юзага келиши орқали: инсоннинг барча фикр, ҳис-туйғу ва ғоялари онг даражасида пайдо бўлмайди. Айниқса, санъат ва илм аҳли ҳисобланмиш рассом, шоир, бастакор, олим ва бошқаларга “ташриф буюрадиган илҳом пари”лари айнан шу ҳолатга мисол бўлади: инсонни узоқ вақтдан бери қийнаётган илмий ёки ижодий муаммо кутилмаган тарзда ҳал бўлади. Демак, онгсизлик мазмуни статик, яъни ўлик вазнга эга эмас, балки доимий динамикада бўлади.

Файласуф ва тарихчи Мишел Фуко [Foucault 1969] учун символик образлар мазмун тил, маданият ва ижтимоий меъёрлар орқали акс этадиган жамиятдаги нутқ (дискурс) ва ҳокимият муносабатлари мураккаб тизимининг бир қисмидир. Рамзий образлар жамиятдаги ижтимоий иерархия ва ҳокимият муносабатларини мустаҳкамлаш учун қўлланадиган тасвирлаp [Bourdieu 1982], ундаги ўзига хослик, маданият ва ҳокимият муносабатлари хусусидаги тушунчаларни шакллантирадиган кенг тасаввур тизимининг бир қисмидир [Hall 1997].

Америкалик файласуф, феминист аёл Жудит Батлер [Butler 1990] наздида эса  рамзий тасвирлар инсонлардаги жинс ва жинсий эҳтирослар хусусидаги тушунчаларга таъсир кўрсатади, чунки улар одатда анъанавий гендер роллар ва стереотипларни мустаҳкамлайди. У аёлларни  шаҳвоний объектлар ёки заиф ва қарам мавжудотлар сифатида акс эттирувчи рекламаларни, аксарият аёллар учун эришиб бўлмайдиган гўзаллик идеалларини тарғиб қилувчи оммавий ахборот воситаларининг салбий ролини алоҳида таъкидлайди.

Келиб чиқиши фаластинлик бўлган америкалик адабий танқидчи ва маданиятшунос Эдвард Вади Саиднинг таъкидлашича [Edward W. Saïd 1978], рамзий тасвирлар, айниқса ғарбча бўлмаган маданиятлар тасвирида маданий стереотиплар ва нотўғри қарашларни кучайтиришга хизмат қилиши мумкин. У “Ориентализм” номли асарида рамзий образларнинг жамиятдаги ўрни, хусусан, Ғарб маданиятлари наздида Шарқ тушунчасининг қай тарзда талқин этилгани хусусида фикр юритади. Саид адабиёт, санъат ва оммавий ахборот воситаларининг бошқа шакллари орқали сақланиб қолган Шарқ хусусидаги  экзотик, қолоқ ва тубан қабилида акс этадиган рамзий стереотиплар Шарқ маданияти ҳақидаги бузилган ва редуктив тушунчанинг шаклланишига ҳисса қўшганини таъкидлайди. Бу рамзий тасвирлар Ғарб жамиятларида мустамлакачилик ва империалистик ташаббусларни оқлаш ва уларни давом эттиришда муҳим рол ўйнайди ва Шарқ халқлари ва маданиятларининг империя ҳукмронлигига бўйсунишини оқлашга хизмат қилган.

Белл Хукс тахаллуси остида фаолият юритган америкалик ёзувчи, аёллар ҳуқуқи борасида ҳақиқий курашчи дея тавсиф бериладиган  Глория Джинн Уоткинс ҳам оммавий ахборот воситалари ва оммавий маданиятдаги рамзий тасвирларни танқидий таҳлил қилиш муҳимлигига эътибор қаратади [Bell Hooks 2014]: чунки улар зарарли стереотипларни “абадийлаштириш” ва зулм-ситам тизимларини кучайтиришга хизмат қилиши мумкин. У оммавий ахборот воситаларида ҳануз “ғазабнок қора танли аёл” ёки “хавфли қора танли эркак” ирқий стереотиплари сақланиб қолганлигини,  санъат, адабиёт ва оммавий маданиятда қора танли шахсларнинг экзотик, ўта шаҳватпараст ёки ибтидоий сифатида тасвирланишини,  уларни паст табақа вакиллари, хизматкор ёки жиноятчи сифатидаги тарихий ва замонавий тасвирларини қаттиқ қоралайди. Шу хусусда немис файласуфи ва психоаналитик Эрих Фромм [Fromm 2001] ҳам баъзи рамзий образларни жамиятда зиддият ва зўравонликка олиб келиши мумкин бўлган "жамоавий ғайришуурий истаклар инъикоси" деб ҳисоблайди. Олим ўз фикрини изоҳлаш учун рамзий “ота” тимсолини мисол қилиб келтирган. Унинг сўзларига кўра, бу тасвир хавфсизликни, ҳимоя ва йўл-йўриқ ғоясини ўзида мужассам этган эркакча ҳукмронликни акс эттиради. Бироқ, ота золим ёки зўравон сифатида кўрилганда, ушбу тасвир зиддият манбаига айланиши эҳтимоли катта бўлади.

Диний нуқтаи назардан рамзий образ икки олам ўртасидаги боғлиқликни ҳис қилиш имконини берувчи “ҳақиқат ва хаёл ўртасидаги кўприк” [Girard 1983], илоҳий ҳақиқат ва маънавий қадриятларни акс эттирувчи "ваҳий" [Blake 2014], жисмоний воқеликдан юқори турувчи ва диний маросимларда eрдаги ва илоҳий дунё ўртасида боғланишни яратиш учун қўлланиладиган тасвир [Mircea 1988] деб таърифланади.

ХХ асрда яшаган немис санъатшунос олими, санъат тарихчиси Эрвин Панофский (Erwin Panofsky) символика, иконография ва иконология соҳаларидаги тадқиқотлари билан машҳурдир. У айнан иконалардаги мавзу, унинг рамзий тасвири ва маданий хусусиятлари тадқиқи асосидаги ўз таҳлил услубини ишлаб чиққан. Унинг фикрича, рамзий тасвир мураккаб маъноларни етказиш учун иконографик элементлардан фойдаланадиган визуал тасвирдир [Panofski 1976; 1969; Нечаева 2020].

Эрвин Панофский иконалардаги рамзий тасвирни учта даражада таҳлил қилади:

1. Преиконографик даража тасвирнинг жисмоний хусусиятларини тавсифлаш ва таҳлил қилиш учун қўлланилади. Унда тасвирнинг ранг, шакл, текстура каби шаклга хос элементларига эътибор қаратилади.

2. Иконографик даража маълум бир маънони етказиш учун тасвирда ишлатиладиган белги ёки тимсолларга эътибор қаратади. Масалан, илон тасвири ёвузлик ёки васвасанинг рамзи бўлиши мумкин. Ушбу даража тасвирдаги мавжуд рамзларни ёритиш имконини беради.

3. Иконологик даража таҳлилнинг охирги даражаси бўлиб, у тарихий ва маданий контекстга кўра тасвирнинг умумий талқинига қаратилган. Ушбу даража рамзий тасвир мазмунини тўлиқ англаш учун маданий ва тарихий соҳадаги чуқур билимлардан хабардор бўлишни тақозо этади. Масалан, Биби Марямнинг оёғи остидаги илон тасвири насронийликнинг бутпарастлик устидан қозонган ғалабасига ишора сифатида талқин қилиниши мумкин.

Панофскийнинг фикрича, бу уч даража бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, рамзий тасвир маъносининг тўлиқ талқини учун улар биргаликда қўлланилиши керак, зеро, ҳар бир даража тасвирнинг умумий таҳлили учун қўшимча маълумотларга эгадир.

Клод Леви-Строс [Lévi-Strauss 1962; 1966] наздида, рамзий тасвирлар бирламчи маданий қадриятлар ва меъёрларни акс эттиради, шунингдек, улар инсонларга ўз шахсиятларини яратишга ёрдам беради.

Француз файласуфи ва санъатшунос олим Гастон Башлар учун рамзий образ муштарий ёки томошабинда ғоя ва ҳиссиётлар ассоциациясини яратадиган поэтик объектдир: у кундалик ҳақиқатга хаёлий мазмун бағишлайди [Bachelard 2012].

Демак, рамзий, яъни символик образ бу, – ҳаёт ҳодисаларининг ўхшашлигига асосланган ҳиссий ва кўчма маънога эга бўлган мустақил образдир. Зотан, ушбу образда ифодаланган инсонларнинг ғоя ва тажрибаларига оид чуқур рамзий маъно ёки хабар сўзма-сўз талқин орқали эмас, балки визуал элементли ва чуқур ҳиссий таъсир кўрсатувчи восита  сифатида юзага чиқади. Рамзий образлардан жамоавий муҳит яратиш, қадриятларни ривожлантириш ва ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлашда ёки  аксинча, уларга путур етказишда фойдаланиш мумкин. Инсоннинг абстракт, кўргазмали-образли, умумлаштирувчи, репродуктив тафаккури ҳамда фаол когнитив фаолияти таъсирида юзага келадиган рамзий тафаккур ҳосиласи  символик образ шахсий ўзлик ва ўзгачаликни, шу билан бирга мифологик, диний, сиёсий, маданий, эстетик ва бошқа жамоавий қадрият ва эътиқодларни акс эттиради.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. “Т” ҳарфи (электрон).
  2. Ғозиев Э. Тафаккур психологияси. - Т.: Ўқитувчи, 1990.
  3. Hockenbury, D. H., & Hockenbury, S. E. (2002). Lifespan development. In Psychology (3rd ed., pp. 367–408). New York: Worth Publishers.
  4. Jean Piaget,  Bärbel Inhelder. La psychologie de l'enfant. PUF; 3e édition, 2012. – 152 ps.
  5. Jean Piaget. Naissance de l'intelligence chez l'enfant. Ed. Delachaux et Niestlé, 1992. –370 ps.
  6. Jean Piaget. Le langage et la pensée de l'enfant. Ed. Delachaux & Niestlé, 1997. – 213 ps
  7. Fodor, Jerry A. Concepts: Where Cognitive Science Went Wrong. Clarendon Press; 1st edition, 1998. – 192 ps
  8. Выготский Л.С. Психология развития человека. — М.: Изд-во Смысл; Изд-во Эксмо, 2005. — 1136 с.
  9. Yuriy V. Karpov. The Neo-Vygotskian Approach to Child Development. Cambridge University Press, 2005. https://doi.org/10.1017/CBO9781316036532
  10. Выготский Л.С. Мышление и речь. Москва, 1934. – 360 с.
  11. Carlson, S. M., & Zelazo, P. D. (2009). Symbolic thought. In J. B. Benson & M. M. Haith (Eds.), Language, memory, and cognition in infancy and early childhood (pp. 485–494). San Diego, CA: Academic Press.;
  12. Rathus, S. A. Childhood and Adolescence: Voyages in Development. Cengage Learning; 5th edition, 2013. – ‎ 688 ps
  13. Mathilde Salagnon. Naissance de la pensée symbolique chez l’Homme : Étude des bases neurales de la perception des gravures paléolithiques abstraites et des visages culturalisés en neuroimagerie fonctionnelle.. Neurosciences. Université de Bordeaux, 2022. Français. ffNNT : ff. fftel-03794349f https://journals.openedition.org/bmsap/12150
  14. Terrence W. Deacon. The Symbolic Species: The Co-evolution of Language and the Brain. W. W. Norton & Company, Inc., New York London. – 530 ps.;
  15.  Herbert A. Simon. The Human Mind: The Symbolic Level/ Proceedings of the American Philosophical Society. Vol. 137, No. 4, 250th Anniversary Issue (Dec., 1993), pp. 638-647 https://www.jstor.org/stable/i240812; 
  16. Slingerland E. What Science Offers the Humanities: Integrating Body and Culture. Cambridge University Press; Illustrated edition, 2008. – ‎ 390 ps.
  17. Jung K.G. L'homme à la découverte de son âme. – P.: Albin Michel édition, 1987. – 352 ps. (p.84).
  18. Юнг К.Г. Архетип и символ. – Москва: Канон-плюс, 2022. – 290 с.
  19. Юнг, Карл Густав. Архетипы и коллективное бессознательное  [перевод А. Чечиной]. — Москва : Издательство АСТ, 2019. — 496 с.
  20. McLaren Karla. The Language of Emotions. – Sounds True Inc. Ed., 2010. – 432 ps.
  21. Durand J. Les Structures anthropologiques de l'imaginaire. - Ed. Armand Colin, 2021. – 560 ps.
  22. Lacan J. Le Séminaire, livre XI : Les quatre concepts fondamentaux de la psychanalyse. – P. : Seuil, 1973. – 253 ps.
  23. Paul Ricœur. La Métaphore Vive. – P.: Seuil, 1975. – 416 ps. 
  24. Durand J. Les Structures anthropologiques de l'imaginaire. - Ed. Armand Colin, 2021. – 560 ps.
  25. Мелетинский Е. М.О литературных архетипах. Российский государственный гуманитарный университет. — М.: 1994. - 136 с.
  26. Раҳматуллаев Н.  Мифопоэтиканинг айрим аспектлари. Архетип ва мифологема//Innovation: the Journal of Social Sciences and Researches/ Volume 1, Issue 2, 2022. Ps. 48-55
  27. Joseph Campbell. Le Héros aux mille et un visages. – P. : J’ai lu, 2013. –  640 ps.
  28. David Abram. The Spell of the Sensuous: Perception and Language in a More-Than-Human World.  –  Vintage, 1997.  –  368 ps.
  29. Foucault M. Les mots et les choses. – P.: Gaillimard, 1966. – 407 ps ;  Foucault M.  L'archéologie du savoir. – P.: Gaillimard, 1969. – 275 ps. 
  30. Bourdieu P. La Distinction : Critique sociale du jugement. – Nouvelle édition augmentée, 1982. – 680 ps.
  31. Hall Stuart. Representation: Cultural Representations and Signifying Practices. –  Sage Publications & Open University, 1997. – 400 ps.
  32. Judith Butler. Gender trouble. – Routledge Kegan & Paul, 1990. – 272 ps.
  33. Edward W. Saïd. Orientalism. – Pantheon Books, 1978. – 368 ps.
  34. Bell Hooks. Black Looks: Race and Representation. – Routledge; 2nd edition, 2014. – 212 ps.
  35. Erich Fromm. Anatomie de la destructivité humaine.  – P. :  Robert Laffont, 2001. – 524 ps.
  36. René Girard. Des choses cachées depuis la fondation du monde.  – P.:  Le Livre de Poche, 1983. – 640 ps. (P.61)
  37. William Blake. The Marriage of Heaven and Hell.  – CreateSpace Independent, 2014. – 24 ps.
  38. Mircea Eliade. Le sacré et le profane. – P. : Gallimard Education, 1988. – 185 ps.(P.71) 
  39. Erwin Panofsky. La Perspective comme forme symbolique et autres essais. – Les éditions de minuit, 1976.  – 276 ps. ; L'oeuvre d'art et ses significations: Essais sur les "arts visuels". – P. : Gallimard, 1969.  – 332 ps.
  40. Нечаева А.А. Теоретико-методологические подходы к анализу коллективной памяти в мемори стадиз. ДИСКУРС. Tом 6 № 3/2020. Санкт-Петербург, Издательство СПбГЭТУ «ЛЭТИ». С. 46-62.
  41. Claude Lévi-Strauss. La Pensée sauvage. – Presses Pocket, 1962. – 367 ps. ; Mythologiques : du miel aux cendres. – P. : Plon, 1966. – 458 ps.   
  42. Gaston Bachelard. La poétique de l'espace. – Presses Universitaires de France - PUF; 11e edition, 2012. – 228 ps.

 

Интернет манбалари

  1. Бобохонов М. Психоанализ ва коллектив ғайришуурийлик назарияларининг ўзаро муносабатига доир//Илм-фан электрон журнали. - 2021 й. https://uza.uz/ru/posts/psixoanaliz-va-kollektiv-gayrishuuriylik-nazariyalarining-ozaro-munosabatiga-doir_434986
  2. https://evan-gcrm.livejournal.com/1200141.html
  3. https://www.etudier.com/fiches-de-lecture/madame-bovary/symbolique-fenetre-dans-roman
  4. https://www.wested.org/resources/zone-of-proximal-development]
  5. https://www.wested.org/resources/zone-of-proximal-development

 

Кучкарова С. Символический образ как знаковая производная сознания. В данной научной статье рассматриваются различные подходы к возникновению и развитию символического мышления в сознании человека в когнитивной психологии, были проанализированы теории мировых ученых взгляды представителей общественности про роль символического образа в психологии человека, социокультурной и политической жизни и сделаны выводы.

 

Kuchkarova S. Symbolic image as a sign derivative of consciousness. This scientific article discusses various approaches to the emergence and development of symbolic thinking in the human mind in cognitive psychology, the views of world scientists and public representatives about the role of the symbolic image in human psychology, socio-cultural and political life are analyzed and conclusions are drawn.

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati