ТАЖОВУЗЛИ НУТҚИЙ ҲАРАКАТНИНГ ЛИСОНИЙ ВОҚЕЛАНИШИ

Шахслараро мулоқот турли вазият, шароит, контекстларда кечиши билан биргаликда маълум мақсадни кўзлаган ҳолда бажарилади. Шу кўрсаткичларга биноан мулоқот турлари фарқланади. Ажратилаётган турларниёнг қарийб барчасида ахбор алмашинуви билан боғлиқ ҳаракатлар бажарилади. Аммо, нутқий мулоқотни фақат ахборот алмашинувини таъминловчи семиотик ҳодиса сифатида қарамасдан, балки руҳий жараён ҳам эканлигини унутмаслик лозим. Ушбу жараён, ўз навбатида, когнитив моҳиятга (идрок этиш, тафаккур юритиш, тасаввур қилиш) эга бўлиш билан бир қаторда, эмоционал хусусиятдан ҳам холи эмас. Оқибатда нутқий ҳаракатнинг баъзан тажовузкорона кечиши кузатилади.

Нутқий тажовуз инсонга хос тажовузкорона хатти–ҳаракатнинг лисоний воситалар орқали воқеланишидир. Д.В.Жмуровнинг таърифича, тажовузнинг воқеланиши тажовузкорона эмоциянинг инсон томонидан лисоний ифодаланишидир (Жмуров 2005). Бундай турдаги нутқий ҳаракатдан суҳбатдошга босим ўтказиш ва ўзининг устуворлигини намойиш қилиш мақсади кўзланади.

Умуман, тажовузли нутқий мулоқот деструктив (бузувчанлик) хусусиятига эга бўлган мулоқот туридир. Бузғунчилик характери намоён бўладиган ушбу турдаги мулоқотда “суҳбатдошга онгли равишда жисмоний ва руҳий зарар етказиш мўлжалланади ва сўзловчи ўзининг ҳақлигига ишонади” (Волкова 2012).

Руҳшунослар тажовуз (арессия)нинг таснифий белгиларини ажратиш ва  гуруҳлашни маъқул кўрадилар. Америкалик олим А.Басс ўз пайтида тажовузкорона ҳаракатнинг саккизта турини фарқлаган эди (Buss 1961):

  1. жисмоний тажовуз (ҳужум қилиш) – бошқа кишига нисбатан куч ишлатиш;
  2. лисоний (нутқий) тажовуз – салбий муносабатни лисоний бирликлар воситасида билдириш;
  3. билвосита тажовуз – бошқа кишига нисбатан муносабатнинг орқаворотдан билдирилиши (ғийбат, ҳазил кабилар);
  4. негативизм – раҳбарлар ёки бошқа шахсларга нисбатан салбий муносабат;
  5. асабланишга мойиллик – салбий эмоциянинг намоён бўлиши;
  6. хафа бўлиш – бирон нарсадан қониқмаслик натижасида юзага келадиган хатти–ҳаракатлар;
  7. хавфсираш, гумон қилиш – бошқаларга ишонмасликка мойиллик;
  8. айбни ҳис этиш (аутогрессия) – ёмон одам эканлиги, ҳаракати нотўғри эканлигига ўзини ишонтириш (виждон қийналиши).

Таснифдан равшанки, психологлар, лисоний тажовузни алоҳида тур сифатида қараш ва уни салбий ҳиссиётнинг нутқий воқеланиши кўламида тавсифлаш тарафдоридирлар. Дарҳақиқат, лисоний шаклдаги тажовуз нутқий мулоқотнинг кенг тарқалган турларидан биридир. Энг асосийси – нутқий тажовуз жисмонийга нисбатан кўпроқ таъсирчан ҳамда адресат руҳий ҳолатини тамоман “вайронага айлантириш” имкониятига эга бўлиши мумкин (Brandt, Pierce 2000& 7).

Нутқий тажовуз ҳодисаси таҳлили билан шуғулланувчи тадқиқотчилар ушбу ҳодисани “мулоқотнинг бир текис кечишига тўсқинлик қилиш”, “тажовузли жисмоний ҳаракатни алмаштирувчи нутқий акт”, “ножўя ҳодиса”, “коммуникатив номутаносибликни юзага келтириш усули” каби изоҳлар орқали тавсифлайдилар (Потапова, Комалова 2015; Жирова, Ларионова 2016). Ушбу тавсифий белгиларга асосланган ҳолда тажовузли нутқий ҳаракатларнинг лисоний манбаларини аниқлаш мумкин. Мазкур манба хизматини тил тизимининг барча сатҳларига оид бирликлар ўташга қодир эканлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Бундан, албатта, фонетик сатҳ ҳам истисно эмас. Жумладан, “r” товуши ириллаш, бўкиришдан хабар беради: roar, cry, scream, ring, rigid; “бақирмоқ”, “қичқирмоқ”, “ирриламоқ”, “йиртмоқ” кабилар. Шунингдек, “z” товуши кўпгина ҳолатларда жисмоний ва ҳиссий ғазабдан дарак беради: zap, zipper, razor, fizz, sizzle; занғимоқ, зарар, зарда, заҳар–заққум, зил, золим, зўрламоқ кабилар. Инглиз тилида таҳдид қилиш ва қўрқитиш мазмунларини ифодалашда “s” ва “ѳ” товушларидан ҳам фойдаланилади: his, spit, spinous, threat, theft, thievishly, thorn, etc.

Сўзловчиларнинг тажовузли ҳис–ҳаяжонини ифодалашда луғавий бирликларнинг роли алоҳида. Луғавий бирликлар воситасида ҳосил бўлаётган нутқий актларда тажовуз, таҳдид асосан ошкора  ифода топади. Ушбу мақсадни рўёбга чиқаришга мойил луғавий бирликлар турли гуруҳларга оид бўлади:    

  • салбий маъно бўёғига эга экспрессив сўзлар (узиб ташламоқ, портлатмоқ, тарсаки туширмоқ, ҳаддидан ошмоқ, эсанкирамоқ, аянчли кабилар). Шу

гуруҳга алдаш ва ўлим маъноларига эга бирликлар ҳам киради.

  • баҳо муносабатини ифодаловчи неологизмлар. Мазкур гуруҳдаги сўзлар одатда турли салбий маънога эга сўз ясовчи қўшимчалар ёрдамида ясалади:
  • турли кўринишдаги ўхшатиш ва метафоралар;
  • алоҳида шахсларнинг салбий хусусиятларига ишора қилувчи қўпол маънодаги сўзлар (аҳмоқ, ноодам, фашист, фоҳиша кабилар);
  • маълум бир этник гуруҳни атовчи ёки диний оқимларга тегишлиликни белгиловчи лексемалар (лўли, негр, сарт, ваҳобист, шаҳид кабилар);
  • ҳақоратли (инвектив) сўзлар ва дисфемизмлар (ҳайвон, чўчқа, эшак.....);
  • арго, жаргонизм, диалектизмлардан маълум вазиятларда фойдаланиш;
  • нутқий акт перлокутив самарасини кучайтирувчи равиш ва олмош туркумларидаги сўзлар.

Эслатиш жоизки, санаб ўтилган луғавий воситалар миллий–маданий кўрсаткичларга эга бўлиб, уларнинг тажовузкорона дискурсда фаоллашуви лисоний маданиятлараро фарқ қилади.

Грамматика сатҳида ҳам нутқий тажовузнинг кўрсаткичлари бир нечта кўринишларга эга:

  • буйруқ майли шаклидаги феъл тузилмалари;
  • перформативнинг қўлланиши (“Сенга айтаяпман: қачон жим бўласан?”);
  • сўзлар маъносига камситиш, ҳақоратлаш маъносини киритувчи суффикслардан фойдаланиш;
  • турли хил грамматик кўчимлардан фойдаланиш.

Тажовузли ҳаракатнинг лисоний воқеланишини таъминловчи синтактик–стилистик воситаларнинг кўлами анча кенг. Бундай воситалардан баъзиларини эслатамиз:

  • метафора, метонимия, эпитет, ўхшатиш ҳамда киноя, сарказм каби концептуал ҳосилалар;
  • услубий бўёққа эга лексик шакллар (масалан, кичрайтириш маъносидаги суффикслар ёрдамида ясалган диминутивлар);
  • тўлиқсиз, йиғиқ гапларни қўллаш;
  • синтактик такрор ва параллель конструкциялардан сўзловчининг салбий муносабати ва таҳдидни кучайтириш мақсадида фойдаланиш;
  • тескари сўз тартибига эга гаплар ва эллипсис тузилмаларидан фойдаланиш.

Тажовузли нутқий ҳаракатларнинг дискурсда фаоллашувида маълум турдаги прагматик кўрсаткичлар намоён бўлади:

  • суҳбатдошнинг ёки тавсифланаётган объектнинг мақомини пасайтириш (шахснинг обрўсини тушириш);
  • суҳбатдошга ишонмаслик, унинг фикрига гумон билдириш;
  • адресатдан узоқ туриш, унга бегонадек муносабат билдириш;  
  • сўз ўйини услубидан фойдаланиш;
  • бир–биридан узоқ, турли тартиботли ҳодисаларни яқинлаштириш йўли билан мантиқий боғлиқликни инкор этиш.

Бундан ташқари, ёзма матнда тажовузли нутқий ҳаракатни ифодалашда график воситалардан ҳам фойдаланилади. Масалан: ундов, савол белгиларига тез–тез мурожаат қилиш, кўп нуқта қўйиш, қўштирноққа олиш кабилар кўрсатилаётган нутқий тажовуздан хабар бериши мумкин.

Ҳар қандай нутқий ҳаракат каби тажовузли нутқий ҳаракатда маълум коммуникатив–прагматик мақсад бажарилади. Прагматик мазмун ифодасига кўра турли кўринишдаги нутқий актлар гуруҳлари ажратилади. Тажовузли нутқий актлар қаторига ҳақорат, таҳдид, қаршилик кўрсатиш, қарғаш, мазах қилиш, айблаш хафалигини намойиш қилиш, заҳархандалик кўрсатиш, қўпол равишда буюриш каби прагматик мазмунни воқелантиришга йўналтирилган ҳаракатлар киради.

Ҳақорат мазмунига эга нутқий акт тажовузнинг ўта қўпол кўринишда воқеланишига мисол бўла олади. Ушбу нутқий акт инсон шахсияти, қадр–қимматига қаттиқ таъсир кўрсатади. Шу боис, ҳақорат ҳуқуқий тилшунослик доирасида таҳлил қилинади ва ундан фойдаланган сўзловчи айбдорликка тортилиши мумкин (Галишина 2003).

Е.В.Романованинг кузатишича, ҳақорат лисоний ифода шаклига биноан эмас, балки таъсир кучига нисбатан аниқланади. Зеро, ҳар қандай маънодаги сўз ҳам маълум бир вазиятда керакли оҳангда қўлланишида ҳақорат мазмунида қабул қилиниши мумкин (Романова 2006: 66).

Тилшунослар баъзан “инвектива” деб атайдиган ушбу жанрдаги нутқий акт одатда баҳс–тортишув жанжалнинг юқори босқичида воқеланади ва турли ҳил ҳақоратомуз сўзларнинг фаоллашуви кузатилади (Масалан: “Сен ўта кетган ҳайвонсан, ақли йўқ эшаксан!”)

Равшанки, ҳақорат нутқий актининг прагматик мўлжали тингловчи руҳий зарар етказишдан ва шу йўсинда адресатни зиддиятли тўқнашувга чақиришдан иборат. И.В.Стерниннинг қайдича, нутқий ҳақорат маълум шахсга нисбатан қўпол луғавий бирликларнинг қўлланишидир (Стернин 2010: 17). Бунда қўлланилаётган лексема қўпол, ҳақоратли маънога эга бўлиши билан биргаликда, маълум шахсга йўналтирилиши ва бошқа шахслар гувоҳлигида айтилиши шарт. Зотан, қўпол лексик бирликнинг бундай адресли ва мулоқот маданияти меъёрига хилоф равишда нутқий фаоллаш адресатнинг ижтимоий мавқесини бошқалар олдида ерга уришга сабаб туғдиради.

Мазкур мазмундаги луғавий бирликларнинг адресатсиз ёки ҳеч кимга эшиттирмасдан айтилиши сўзловчининг ҳиссиётидан хабар берса-да, лекин, ҳақорат нутқий акти вазифасини бажаравермайди (қиёсланг: Бриннев 2010).

 Мулоқот иштирокчиси баъзан тажовуз кўрсатиш ниятида фаол бўлса-да, бироқ, ўз фикрини тўғридан–тўғри ифодаламасдан, балки бошқалар орқасида яширинган ҳолда, уларнинг салоҳиятидан фойдаланиб, изҳор қилади. Бунда бевосита тажовуз кўпинча ноаниқ, умумлаштирилган манбаларга ишора шаклида воқеланади. Бундай турдаги нутқий жанр иғво кўринишига эга.

Таҳдид нутқий акти суҳбатдошларнинг ўзаро муносабати кескинлашаётган вазиятларда фаоллашадиган ҳаракатлардан биридир. Масалан, “Овозингни ўчирмасанг, тилингни кесиб ташлайман!” гапининг нутқий фаоллашувида сўзловчининг тингловчига нисбатан таҳдиди намоён бўлади.

Таҳдид нутқий акти бевосита ва билвосита кўринишларга эга бўлади. Таҳдид бевосита ифодаланишида нутқий тузилманинг грамматик шакли асосий кўрсаткич бўлса, яширин таҳдид  тузилмаси эса ўзига хос оҳангда талаффуз қилинади (“Гапни туш–инг-динг-ми?”) Риторик сўроқ ҳам таҳдидни билвосита ифодалаш воситаси бўла олади.

Қатъий талаб ёки буйруқ ҳамда унга нисбатан билдирилаётган инкор жавобини ҳам тажовузли нутқий актлар қаторига киритиш мумкин. Аммо ушбу турдаги нутқий актлар тажовузнинг юмшоқ шаклда ифодаланиши намунасидир. Ю.В. Щербинанинг фикрича, талаб ва инкор тажовузли қабул қилиниши учун нутқий вазият маълум кўрсаткичларга эга бўлиши зарур (Щербинина 2013) – қўпол шаклдан фойдаланиш, ҳурмат категорияси қоидаларига амал қилмаслик (“Қани жойни бўшатиб қўйингчи!”);

  • қўпол оҳангга мурожаат қилиш;
  • сўзловчининг мақоми ва ёши бундай хатти–ҳаракатга мос келмаслиги.

Ушбу тузилишдаги нутқий вазиятда буйруқ, талаб бевосита ифодаланади, ҳурмат шаклларидан фойдаланилмайди, этикет меъёрига мос келмайдиган буйруқ оҳанги етакчилик қилади.

Баъзи нутқий вазиятларда прохибитив нутқий акти ҳам тажовузли эшитилиши кузатилади. Жумладан, инглиз тилидаги Don’t be a fool “Ахмоқ бўлма”, Don’t be an ass “Эшаклик қилма” каби тузилмаларнинг прагматик вариантлашув доирасида “Сен–ахмоқсан!”, “Сен–эшаксан!” мазмунларини ифодалаши кузатилади (Сафаров 2018: 264). Демак, адресат бажаришни истаётган ҳаракатни таъқиқлаётган сўзловчининг эркинлигини чегаралайди, унга нисбатан тажовузли муносабатда бўлади.

Адресатга танбеҳ бериш мақсадида бажариладиган коммуникатив ҳаракат кўпинча айблаш нутқий акти орқали воқеланади. Суҳбатдошнинг бирон–бир хатти–ҳаракатидан қониқмаслик уни айблашга сабаб туғдиради ва ушбу айблов бевосита (“Сен ёмон онасан”) ёки тагмаъноли ифодаланади. Е.Ю.Щербинина, бундан ташқари, айбловнинг бошқа шахсларга ишора қилиш (“Бошқа эрлар эрдек, Сиз эса...”) ва салбий эмоция ифодаси (“Сўкинмасликнинг иложи йўқ”) орқали маълум қилинишини эслатади (Щербинина 2013: 231). Бунда кўпинча риторик савол, ундов тузилмалари ҳамда юкламалардан фойдаланилади. Айблов нутқий актига яқин турадиган нутқий ҳодисалардан бири таънадир. Таънанинг айбловдан фарқи, унда адресатнинг хатоси, камчилигини тўғридан–тўғри кўрсатиш прагматик мўлжали воқеланишида намоён бўлади. Масалан: “Сен ҳар қачон вазифани бажаришни унутасан” .

“Таъна, - деб ёзади Е.В.Романова, - адресатни у ёки бу қоидани бузишда айблаш, унинг маълум бир соҳадаги қобилиятсизлигига бевосита ишора қилиш ҳаракатидир” (Романова 2006: 68). Айнан адресатнниг ноўрин ҳатти–ҳаракати, ўз ҳиссиётларини назорат қила олмаслиги, ташқи кўринишидаги камчиликлари, ахлоқсизлиги, ноуддабуронлиги кабилар унга нисбатан айблов қўйилишига сабаб бўлади. Баъзан айблаш ҳаракати кинояли мақтов воситасида амалга оширилади, чунки бундай ҳаракат орқали суҳбатдошга бўлган танқидий муносабат маълум қилинади.

Тажовузли муносабатни изҳор қилишнинг юмшоқ шакллари ҳам мавжуд. Булар қаторида огоҳлантириш, норозилик билдириш, нафратланиш кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Психолингвистларнинг талқинича, қарғаш  нутқий акти негизида сеҳр, жодунинг қадимги шакллари туради ва ушбу тузилма кундалик мулоқот шароитида фаоллашади (Седов 2007: 268). Қарғиш баъзи жиҳатлари билан ҳақоратни эслатади. Масалан: “Бу нима қилганинг? Қайси жойинг билан ўйлаяпсан?  Илоҳим қўлинг синсин!”.

Тажовуз мазмунига эга бўлган нутқий актлар айрим ҳолларда билвосита ифодаланиши юқорида эслатилди. Шулар жумласига мазах қилиш ҳаракати ҳам киради. Ушбу ҳаракат воситасида суҳбатдошга бўлган салбий муносабат, унинг ҳатти–ҳаракатлари, қобилияти, ўзини тутишини сўзловчига маъқул келмаётгани тагмаъноли, яширин кўринишда маълум қилинади.

Киноя прагматик мазмун ва перлокутив самараси жиҳатидан мазах қилишга жуда яқин турадиган нутқий актдир. Киноя тажовуз, нафратни билвосита, имплицит ифодалаш усулидир. Тадқиқотчиларнинг қайдича, киноя тил заҳирасидан фойдаланишнинг мураккаб усули бўлиб, унинг воқеланишида семантик референция ва сўзловчи референцияси мос келмайди (Кудоярова 2008: 54). Кинояга мурожаат қилишдан мақсад тескари перлокутив самарага эришишдир. Кинояли нутқ ҳақоратдан ҳаракатдан фарқли равишда, юмордан холи эмас ва худди шу ҳолат салбий эмоция ҳамда муносабатнинг юзага чиқишига имкон беради. Шу аснода, суҳбатдошнинг устидан кулиш, камситиш каби амаллар бажарилади. Ушбу амаллар қаторидан ғазабланиш, нафратланиш, менсимаслик, кўролмаслик кабилар ўрин олганида эса киноя заҳархандалик мазмунини олади. Бундай мазмундаги нутқий акт ўта кескин муносабат вазиятида фаоллашади.

Бундан ташқари, тажовузли нутқий актларнинг лисоний таҳқирлаш (коммуникатив садизм) ва лисоний экстремизм турлари ҳам ажратилади. Буни, айниқса, оммавий ахборот воситаларида диний экстремизм, миллатчилик ғояларининг тарғиб қилинишида кузатиш мумкин (Галяшина 2006). Шунингдек, кейинги пайтларда интернет тизимида коммуникатив таъқиб (троллинг) ҳаракати кучаймоқда. Троллингдан кўзланадиган мақсад суҳбатдошни зиддиятга ундаш ва оқибатда коммуникатив муносабатни тўхтатишдир (Шмаков 2014).

Шундай қилиб, тажовузли нутқий ҳаракат шахслараро муносабат доирасида юзага келадиган ҳодиса бўлиб, унинг лисоний воқеланиши фонетик, лексик, семантик, грамматик, синтактик сатҳларда бир хилда кузатилади. Прагматик қийматга эга бўлган ушбу ҳодиса табиати дискурс таркибида намоён бўлади. Тажовуз мазмунига эга нутқий актлар таснифий белгиларини ажратувчи мезонлар мажмуасини янада аниқлаштириш борасидаги изланишлар давом этмоқда. 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Жмуров Д.В. Насилие (агрессия) и литература. – Иркутск: АС Прин, 2005. – 252 с.
  2. Волкова Я.А. Коммуникативная личность в ценностных параметрах неэкологического общения // известия Волгоградского гос. пед. у-та. Серия “Филологические науки”. – Волгоград, 2012.  № 8 (72). – с. 4-7.
  3. Buss A.H. Psychology of Agression. – New York: Willy, 1961.
  4. Brandt D., Pierce K. When a Verbal Abuse is serious? The Impact of Relationship Variables on Perceptions of  Serverity. 2000. http: // murphylibrary. uwlax.  edu / digital / jur 2000 / brandt-pieoce.  pdf.
  5. Потапова Р.К., Комалова Л.Р. Вербальная структура коммуникативного акта агрессии: тематический толковый словарь. Вып. 1. – М.: ИНИОН РАН, 2015. – 146 с.
  6. Закоян Л.М. Выражение агрессии в современном русском и английском языках: на материале американского национального варианта. Автореф. дисс… канд. филол. наук. – М.: 2010.
  7. Жирова И.Г., Ларионова А.С. Семантика агрессии. – М.: ИИУ МГОУ, 2016. – 162 с.
  8. Галишина Е.И. Основа судебного речеведения. – М.: СТЭНСИ, 2003. – 236 с.
  9. Романова Е.В. Речевые ситуации с семантикой невежливости (на материале немецкого языка) // Научный Вестник Воронежского у-та. Серия “Современные лингвистические методико–дидактические исследования”. – Воронеж, 2006. № 6. С. 64-78.
  10. Стернин И.А. О понятии “неприличная форма высказывания” в лингвистической экспертиза // Воронежский адвокат, 2010. № 1 (79). – С. 16-21.
  11. Бринев К.И. Экспертиза фонограммы с потенциальными угрозами: http: Siberia expert.com/index/dolg k I brineb/0-78. 
  12. Щербинина Ю.В. Речевая агрессия: Територия вражды. – М.: Форум, 2013. – 272.
  13. Сафаров Ш. Лингвистика дискурса. – Челябинск: ЧГИК, 2018. – 315 с.
  14. Дубровская Т.В.Речевые жанры «осуждение» и «обвинение» в русской и английской лингвокультурах. – Пенза: Изд-во ПГУ, 2014. – 272 с.
  15. Седов К.Ф. Ссора // Антология речевых жанров: повседневная коммуникация. – М.: Лабиринт, 2007. – С. 259-269.
  16. Кудоярова О.В. Емоцiйнi тактики у конфлiктному професiйному спiлкуваннi медикiв // Biстник СумДУ, 2008. № 1. – С.51-56.  
  17. Галяшина Е.И. Лингвистика и экстремизм: в помощь судьям. – М.: Юридический мир, 2006. – 96 с.
  18. Шмаков А.А. Специфика бытия текста в девиантной коммуникации в диалогических форматах интернет – коммуникации // Филология и человек. – Барнаул, 2014. № 2. – С. 161-173.

 

          Сафаров Ш. Вербалная реализация агрессивного речевого акта. В статье рассматриваются экстра–и интралингвистические факторы способствующие лингвистической репрезентации агрессии в процессе речевой и письменной коммуникации.

В системе каждого языка выделяются определенные группы языковых  единиц, которые участвуют в реализации прагматического значения агрессии. Агрессивные речевые акты выявляются на основе их прагматико–дискурсивных признаках.

 

          Safarov Sh. Verbalization of the aggressive speech acts. This article is devoted to the study of representation aggression on extra – and verbal levels of speech communication and written texts. Aggression is as an explicit action is the result of simultaneously operating internal and external factors provoking an individual to choose aggression as a productive schema of the action in a particular situation. Analysis and classification of aggressive speech acts demands cooperation of pragmalinquistic and sociopsychological directions. 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati