ТИЛ БИРЛИГИ ВА ВОҚЕЛИК МУНОСАБАТИ

Тил ва воқелик муносабати анъанага биноан турли ёндашувлар татбиқида муҳокама қилиниб келинмоқда. Шулардан бири тилнинг мустақил тизим сифатида талқин қилиниши ва тил бирликларининг мундарижаси ҳамда мазмуни аниқланиши билан боғлиқ. Маъно семасиологлар томонидан даставвал идеал ҳодиса, тафаккур бирлиги кўринишида тавсифланиб, унинг тил бирлигининг моддий жиҳати билан боғлиқлиги таъкидланади. Баъзилар эса маънони лисоний белгининг бошқа белгиларга муносабати, бажарадиган вазифаси кўламида аниқлашни маъқул кўрадилар.

Айтиш жоизки, ушбу таснифларнинг ҳар иккаласи ҳам Соссюр истеъмолга киритган лисоний белги тушунчасига бориб тақалади. Лисоний белги ифодаловчи ва ифодаланишининг ўзаро боғлиқлигидан иборатлигини қайд этган Соссюр тил бирлигини инсон онгида ассоциатив алоқа асосида юзага келадиган руҳий образнинг акси эканлигини таъкидлайди. Бу ҳолатда тил ҳам тўлиғича психологик ҳодисага айланади (Соссюр 1977: 99). Сўзнинг товуш қатламини тил моҳиятидан ажратиб қўйиш ҳақиқатга унчалик мос келмайди. Албатта, товуш (моддий) қатламининг маъно билан боғланиши акустик образ–тимсол воситасида кечади. Аммо, айнан ушбу моддий қатлам тил бирлигининг мавжудлигини ва унинг мулоқот муҳитида қўлланишини таъминлайди.

Соссюр тилни “тушунчаларни ифодаловчи белгилар тизими” сифатида тавсифлаганини эслайлик. Олим тушунчани тил бирлигининг бир жиҳати деб ҳисоблаб, лисоний белгининг тушунча, яъни “ифодаланувчи” билан алоқасининг эркинлигини айтган эди (Соссюр 1977: 101). Лекин, ҳар қандай белги моддийликдан жудо бўлолмайди. Тил бирликларида моддийлик ва идеаллик уйғунлашади, уларнинг бири иккинчисини тақозо қилади.

Шу аснода, биз муҳокама қилаётган муаммо идеал ҳодисанинг реал воқелик билан боғланишига бориб тақалади, зотан тил воқелик билан маъно– мазмун кўламида алоқадордир.

Шунинг билан биргаликда, тилдаги идеаллик воқелик билан кўпинча билвосита алоқадор бўлади ва шу сабабли тилда акс топадиган объектлар турли онтологик табиатга эга бўлиши мумкин.  (Комлев 2007). Бу ерда “акс топиш” тушунчаси идеал образ хусусиятларни умумлаштириш жараёнида юзага келишига қарамасдан, маълум даражада воқеликнинг нусхаси эканлигини ва унинг шаклланиши объектив олам билан шартланишидан дарак беради. Демак, маъноси воқелик аксининг идеал шакли сифатида намоён бўладиган тил бирлиги воқелик билан қандайдир шартли муносабатда бўлган эркин семиотик белги бўла олмайди.

Воқеликнинг тилнинг маъно қатламида акс топиши инсонларга олам ҳақида тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Бундай билимнинг мавжудлиги инсонга жамоадан ўрин топишга ва фаолият кўрсатишга шароит яратади. Тилшунослар узоқ пайтлардан буён янгидан идрок этилаётган предмет–ҳодисаларга олдиндан мавжуд бўлган нарса–ҳодисалар хусусиятларига қиёсан ном беришларини таъкидлаб келишади (Смирницкий 1955). Лекин, бундан ҳар бир тил бирлиги ёки нутқий тузилманинг маъноси ҳақиқатга мос келиши керак, деган хулосага келмаслик керак. Шундай бўлганида тил ўрганишни ҳақиқатни излашга тенглаштирган бўлар эдик. Аслида, тилнинг коммуникатив имкониятлари чексиз, унинг воситасида ҳар қандай фикр–хулосани (унинг рост ёки ёлғонлигидан қатъи назар) ифодалаш қудратига эгамиз.

Соссюр “лисоний белги” тушунчасини қўллаётиб, ушбу тушунча лисоний бирликнинг шакли (моддий томони) ва маъносини бирданига қамраб олишини қайд этади: “белгининг ҳиссий томони унинг яхлитлигини тақозо этади” (Соссюр 1977: 100). Тушунчанинг белги таркибига кириши ҳақидаги қайдни англаш баъзан мушкул туюлади.

Соссюрнинг яна бир қайдини ўқиймиз: “тилнинг туб табиатини англашни истаганлар, энг аввало, унинг бошқа шу хилдаги тизимлар билан умумийлигига эътибор қаратишлари лозим” (Ўша асар, 55 бет). Аммо, “лисоний белги” умумий семиотик табиатга эга бўлса, у ҳолда у ўзидан ташқаридаги бирон нарсани воқелантириши керак. Демак, тил белгилари идеал ҳодисани воқелантириши мумкин ёки бу ҳодиса унинг таркибига кирмайди. Бундай ёндашувларнинг ҳар иккаласи ҳам лисоний белги ёки тил бирлиги таркибида моддийлик ва мавҳумлик уйғунлашуви ҳақидаги фикрни инкор қилади.

Ўз пайтида Ю.С.Степанов сўз таркибидаги белгилик муносабатлари турли босқичларда кечишини исботлаш измида бўлганлигини унутмаймиз. Унинг тақсимотича, биринчи босқичда сўзнинг талаффузи (“фонетик сўз”) онгда пайдо бўладиган мазмуннинг белгиси бўлса, иккинчи босқичда худди шу фонетик сўз ўз мазмуни билан ҳамроҳликда предмет белгиси вазифасини ўтар экан. Ниҳоят, учинчи босқичда нутқ сатҳида фонетик сўз, мазмун ва предмет яхлитликда бошқа бир, янги предметнинг белгисига айланар эмиш (Степанов 1975: 9-10).

Бизнингча, ушбу талқин бир муаммони бошқаси билан алмаштиришдан бошқа нарса эмас. Агарда фонетик сўз мазмунга нисбатан белги ролини бажарадиган бўлса, унда товуш ва маъно яхлитлиги қандайдир эркин, мустақил белги бўлишини тасаввур қилиш қийин. Энг ҳайрон қоларлиси, Ю.С.Степанов учинчи босқичда иккита моддий объект, яъни сўзнинг талаффузи ва предметини бир мажмуага бирлаштиришидир. Воқелик объекти бўлган предмет қандай қилиб сўзнинг таркибидан ўрин олиши ва тил белгисининг алоҳида қисмига айланиши мумкинлигини тушуниш қийин.

Сўзнинг идеал томони ўз–ўзидан ёки бирон бир  бошқа томон билан ҳамроҳликда лисоний белги ролини бажариши муаммолидир. Зотан, идеал воқеликнинг онгда акс топиши маҳсули, унинг образидир. Ҳақиқатан ҳам “лисоний белги” ва “тил бирлиги” тушунчаларини чалкаштирмаслик лозим. Уларнинг бажариладиган вазифалари ва имкониятлари фарқ қилади. Энг муҳими, бундай ёндашув (белгининг бир томонлама ҳодиса сифатида қаралиши) тил бирликларининг моддийлик ва идеаллик хусусиятларига бир пайтда эга бўлишини инкор этмайди.

Идеал маънонинг лисоний белгидан ажратилиши ушбу белгининг оламдаги предмет ва ҳодисалар билан муносабати тўғрисидаги муаммони янада қаътийлаштиради. Дарҳол туғиладиган савол: сўзнинг талаффузи, моддий қиёфаси нимага нисбатан белги вазифасини бажариши ҳақидадир. Ушбу вазифа фақат идеал вазифага нисбатан воқеланадиган ёки бевосита предметга нисбатанми?  Мабодо лисоний белги доимо идеал маъно билан боғлиқ бўлиб ва у орқали предмет билан боғланса, унда маънони белгидан ажратишнинг аҳамияти йўқ. Предмет ва сўзнинг моддий қатлами ўртасидаги алоқа мустаҳкам эмаслиги равшан. Тилнинг мавжудлиги борасида изланишлар олиб борган А.И.Смирницкий ёзганидек, “сўзнинг эшитилиши ва номланаётган предмет–ҳодиса ўртасида албатта алоқа мавжуд, лекин ушбу алоқа бевосита, тўғридан–тўғри кечмасдан, у предметнинг онгда акс топишидан бошқа нарса эмас” (Смирницкий 1954: 83). Бир неча йил кейин, белгининг бир томонлама ҳодиса эканлигини эътироф этган В.М.Солнцев ҳам Смирницкийнинг фикрини қўллаб–қувватлаганини эслаймиз: “маъно белги ишора қиладиган” ҳодисадир (Солнцев 1977: 26).

Бироқ, лисоний белгининг биртомонлама ҳодиса эканлиги ҳақидаги фикрни ҳам саволсиз қолдириб бўлмайди. Лисоний белгини фақат моддийликда кўрадиган бўлсак, унинг бошқа моддий объектлардан фарқи нимада? Равшанки, лисоний белгининг асосий хусусияти унинг бирон бир нарсани лисоний воқелантиришида ва вазифа бажаришида намоён бўлади.

Худди шунингдек, белгининг маъносини унинг номланаётган предметга муносабати доирасида талқин қилиниши ҳам семасиологияни тилшуносликдан узоқлашишига олиб келиши ҳамда тил ва тафаккур муносабатини нотўғри изоҳланишига сабаб туғдириши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, тилнинг инсон билиш фаолиятидаги ўрнини инкор этиб, тилни “соф” муносабатлар оғушидаги тизим сифатида эътироф этишдек, ножўя хулосалар туғилишига дучор қилади (Сафаров 2013).

Баъзи тилшунос ва файласуфлар ҳозиргача тил бирлиги бир пайтнинг ўзида моддий ва идеал жиҳатларга эга бўлиши мумкинлигига ишонмасдан келмоқдалар. Уларнинг қайдича, тилнинг моддий ва идеал яхлитлиги фалсафий асосга эга эмас. Зеро, тил нутқий фаолиятда мавжудлиги боис, у фақат моддий ҳодиса кўринишида ўрганилиши керак экан. Бу тақдирда маъно ҳам белгининг предметга муносабати кўринишини олади.

Идеалликни моддийликдан ажратиш ҳақиқатан ҳам қийин масала. Идеаллик онгли фаолият натижасида юзага келаётиб, биринчидан, моддий оламнинг бевосита ёки билвосита умумлаштирилган аксидир, иккинчидан, у фонетик воқелантириш орқали мавжуд бўлади. Шу боис, тилни белгининг оламга муносабати орқали юзага келадиган моддийлик сифатида талқин қилиш муаммо туғдиради. Белги вазифаси тил бирлигининг моддий қатламида табиатан мавжуд эмас. У лисоний жамоа аъзолари онгида мавжуд ва ассоциатив хусусиятга эга. Мабодо у ёки бу фонетик тузилмага маълум бир маъно бериш қобилиятига эга инсонлар бўлмаганида ушбу тузилма ҳеч қандай белги вазифасини бажара олмас эди. Демак, белги вазифасини моддий объектларнинг табиий хусусиятларига тенглаштириб бўлмайди.

Белги вазифасини лисоний моддийлик тушунчаси билан қориштиришни истаган рус шарқшуноси И.В. Вардуль моддийлик ва идеалликнинг фарқини уларнинг келиб чиқиш манбасидан эмас, балки қандай кўринишда мавжуд бўлишидан излаш кераклигини уқтирмоқчи бўлган эди. “Ҳар бир тил белгисига маълум бир ахборот мансублиги боис, бу ахборот мазкур белгининг хусусияти сифатида мавжуд бўлади. Демак, тил бирлигининг маъноси худди унинг ифода плани каби моддийдир” (Вардуль 1977: 24-25).

Олимнинг берган изоҳига ишониш қийин, чунки белгининг бирон нарсага ишора қилиш хусусияти шартли бўлиб, у инсон онгидан ташқарида ўз аҳамиятини йўқотади. Бунда юзага келадиган ҳодиса (маъно)ни фақат моддийликдан иборат деб қараш мумкин эмас.

Когнитив тилшунослик йўналишидан исботлаганидек, лисоний белгининг нутқий фаоллашувида у бир пайтнинг ўзида моддий ва тафаккур бирлиги кўринишида воқеланади. Белгининг моддий жиҳати товушлар ва график воситалар орқали воқеланса, мазмуний – идеал томони эса коммуникантлар онгида маълум бир ахборот юзага келишида намоён бўлади. Оқибатда, нутқда лисоний белги иккитомонлама ҳодиса сифатида фаоллашади.

Нутқнинг моддий томони оғзаки ва ёзма шаклларга эга ва шу йўсинда идеаллик ҳам билвосита акс топади, зотан, маълум тилни биладиган шахс онгида оғзаки ёки ёзма матнни идрок этиш пайтида маълум турдаги ахборот шаклланади. Шунингдек, тилни ўзлаштираётган шахс онгида лисоний белгиларнинг талаффузи шакли ҳар хил ахборот туғилишига туртки беради ҳамда ўзлаштирган белгилар ўртасида алоқа занжири ҳосил бўлиб, улардан нутқда фойдаланиш қоидалари шаклланади. Оқибатда, ҳар бир шахс тил тизимининг алоҳида қисмини хотирада сақловчи ва ундан фойдаланувчига айланади.

Шундай қилиб, тил бирлиги оламдаги предмет – нарсаларни акс эттирувчи идеал жиҳатга эгалигини инкор этишга ҳеч қандай асос йўқ. Тилнинг моддий томонини воқелик билан боғлашда белгилик вазифаси фақат инсон онгида мавжуд эканлигини унутмаслик лозим. Бир моддий объектнинг бошқаси учун белги вазифасини ўташи фақат ушбу белгининг ахборот  манбаси бўла олишида намоён бўлади.

Лисоний ҳодисаларнинг воқелик билан алоқаси билвосита характерга эга ва объектив борлиқнинг тил бирлиги маъносида акс этиши орқали воқеланади. Сўз ва предмет муносабатини тафаккур доирасидан сиқиб чиқариш тил бирликларини ўзлари ифодалаётган объектлардан узиб қўйиш билан баробар.

Адабиётлар:

  1. Вардуль И.Ф. Основы описательной лингвистики. – М.: Наука, 1977.
  2. Комлев Н.Г. Слово в речи: Денотативные аспекты. – М.: Изд-во ЛКИ, 2007.
  3. Сафаров Ш. Тил назарияси ва лингвометодология. – Т.: Баёз, 2013.
  4. Смирницкий А.И. Значение слова // Вопросы языкознания, 1995. № 2.
  5. Смирницкий А.И. Объективность существование языка. – М.: Изд-во МГУ, 1954.
  6. Солнцев В.М. Языковой знак и его свойства // Вопросы языкознания, 1977. № 2.
  7. Соссюр Ф.де. Труды по языкознанию. – М.: Прогресс, 1977.
  8. Степанов Ю.С. Основы общего языкознания. – М.: Просвещение, 1975.
Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati