ТИЛ ВА МАДАНИЯТНИНГ ЎЗАРО МУНОСАБАТИ

Тил – миллатнинг маънавий бойлиги, қиёфасининг бир бўлаги ва бирдамлиги тимсолидир. Ҳар бир миллат миллий ўзига хослиги ҳамда ўз маданияти билан бошқа миллатлардан ажралиб туради. Бунда, шубҳасиз, унинг тили ҳам маданиятининг бир кўриниши сифатида намоён бўлади. Дарҳақиқат, миллат маданиятининг юксалиши, унинг тарихий анъаналари, қадриятлари, хотирасини намоён этишда тилнинг аҳамияти беқиёс. Тил маданиятнинг аҳамиятли бир бўлаги сифатида мулоқот жараёнида миллий маданиятни акс эттиради. Маълумки, тил маданиятнинг таркибий қисми, унинг қуроли бўлиши мумкин, тил маданият руҳининг ифодаси ҳамда маданият мавжудлигининг ўзига хос усули ҳамдир. Миллат, маданият ва тил боғлиқлигини ўрганиш ва талқин қилиш фанлараро муаммо ҳисобланиб, бу масалани ечими билан нафақат лингвомаданият, балки фалсафа, маданиятшунослик, стилистика, тилшунослик, этнолингвистика ва социология каби фанлар ҳам шуғулланади.

Тил ва маданият бирлиги ҳақидаги қарашлар XVIII асрга бориб тақалса ҳам, бу йўналишдаги асосий изланишлар ўтган асрнинг охиридан бошланди. Ушбу тадқиқотлар декларатив кўринишда бўлиб, ХХ асрнинг 70-йиллари бошларида ҳам бу йўналишда чуқур ва қамровли ишлар йўқ эди. Тил ва маданият боғлиқлиги муаммосини таҳлил қилиш ҳаракатлари илк бор Гумбольдтнинг ишларида кузатилади [5].

Гумбольдт концепциясининг асосий  мазмуни қуйидагилардан иборат:

  1. Моддий ва маънавий маданият тилда кўринади;
  2. Ҳар қандай маданият миллийдир, унинг миллийлиги дунёқараш орқали тилда намоён бўлади;
  3. Ҳар қандай халққа хос бўлган ички шакл тилда намоён бўлади;
  4. Тилнинг ички шакли – бу “Халқ руҳининг” кўринишидир, яъни маданиятидир;
  5. Тил бу шахс ва атрофдаги оламни боғловчи воситадир [5].

Маълумки, ҳатто бир тилда сўзлашувчи инсонлар ҳар доим ҳам бир-бирини яхши тушунишмайди, бунинг сабаби маданиятларнинг мос келмаслигидир. Тил бу шахслар ўртасидаги мулоқот воситасидир, маданият эса  жамият ривожланишининг маълум бир даражаси. Тил ўзида маданиятни мужассам этади ва авлоддан-авлодга етказиб беради. Бу эса лингвомаданиятнинг асосий категориясидир.

ХХ асрнинг йирик олимлари П.А. Флоренский, Л. Витгенштейн, Н. Бор ва бошқалар ўз концепцияларида асосий эътиборни фақатгина тилга қаратишган. Ваҳоланки, олам нафақат тилда, балки уни ўзида намоён қилувчи маданиятда ҳам  ўз аксини топади.

ХХ асрнинг бошларида Венада “Сўзлар ва нарсалар” номли илмий мактаб ўз фаолиятини “Тил ва маданият”ни ўрганишнинг асосий муаммолари йўналишида олиб боради. Ушбу мактаб ўз тадқиқотларида тил ва маданиятни асосий ташкил қилувчи элементларини ўрганиб чиқиб тилшуносликнинг кўп қирраларини маданиятшунослик нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши муҳим эканлигини тасдиқлаб берди.

Ушбу фикрдан келиб чиқиб, кўпгина олимлар ўз илмий изланишларини тил ва маданият чамбарчаслиги боғлиқлиги  нуқтаи назаридан тадқиқ этдилар. Улар маданиятни нафақат тилшуносликнинг аспекти сифатида, балки “инсон, тил ва матн” алоқаларининг боғлиқлигида деб қарашдилар.

 Дарҳақиқат, лингвомаданият - бу тилшуносликнинг бир йўналиши бўлиб тилшунослик ва маданиятшунослик кесишмаларида пайдо бўлган, тилда шаклланган ва намоён бўладиган маданият кўринишларини тадқиқ қилади [3, 55].

Юқорида келтирилган изоҳлардан келиб чиққан ҳолда лингвомаданиятшуносликнинг тадқиқот предмети икки код, яъни тил ва маданиятнинг ўзаро муносабатлари таъсирида шаклланувчи тил белгиларининг маданий семантикасини ўрганишдан иборатдир.

Инсон нутқи сўзларда шаклланади. Сўзлар мулоқот учун керак, уларсиз ҳам мулоқот мумкин, лекин, “қийин ва саёз кечади”. Сўзлар инсонларни боғлайди, мулоқот орқали инсонлар бир-бирлари билан алоқага киришадилар. Мулоқотсиз жамият мавжуд эмас, жамиятсиз ижтимоий, маданий ҳамда, онгли инсоният ҳам мавжуд эмас. Барча сўзлар тилда бирлашадилар. Тил бу халқнинг барча сўзлар бирлигидир ва у халқнинг фикрини етказиб берувчи воситадир [6, 752]. Тил бу белгиларнинг ҳар қандай тизимидир ва у шахслар ўртасида мулоқот воситаси бўлиб хизмат қилади [8, 385].

Тил - инсонлар жамиятида стихияли равишда пайдо бўлиб, товуш белгиларида ривожланиб, мулоқот воситаси сифатида хизмат қилиб, ўзида инсониятни бутун билимлари ва кўникмалари бирлигини мужассам этадиган тизимдир [1, 22].

Тилнинг муҳим вазифаларидан бири - ўзида маданиятни сақлаб қолади ва уни авлоддан-авлодга етказиб беради. Айнан шунинг учун тил шахснинг, миллий характернинг, халқнинг, миллатнинг шаклланишида ҳал қилувчи вазифани бажаради. Маълумки, ҳар бир тилда маълум бир маданиятга тегишли бўлган объектларни билдирувчи терминлар мавжуд (масалан, овқат маҳсулотлари ёки ичимликлар). Бундай терминларнинг мавжудлиги махсус урф-одатлар мавжудлиги билан, моддий қийматлар тизимининг ўзига хослиги билан, айнан шу маданият учун хос бўлганлиги билан боғлиқ.

ХХ асрнинг охирига келиб юқорида келтирилган фикрлар қаторига яна бир фикр қўшилди, яъни: маданий кодлар шаклланишининг омили сифатида тил маданият маҳсулидир, уни ташкил қилувчи муҳим қисм ва мавжудлигининг шартидир [9, 114].

Тил ва маданият бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, чунки “тил ва маданият” муаммоси антик даврдаёқ таърифланган эди ва у жаҳон фалсафий ҳамда лингвистик тафаккурида жуда узоқ ривожланишни бошдан кечирди. Тил маданиятни ифодалайди, тараққиётнинг мажбурий асоси ҳисобланади ва ниҳоят маълум бир даврда ва маълум бир жойда яшаган халқ маданиятининг энг муҳим қисмини ташкил қилади. Унда гапираётган халқ қандайдир ирққа, яъни ўзларининг ўзига хос хусусиятлари билан бошқа гуруҳлардан ажралиб турадиган инсониятнинг шундай бир гуруҳига тегишли бўлади.

Маълумки, инсонлар томонидан ўзаро мулоқот жараёнида ишлатиладиган символлар бу тил воситаларидир. Яъни маданият бу тарихан авлоддан-авлодга бериладиган тушунчалар модели бўлиб, улар тилда намоён бўлади. Тил маданиятнинг реал ҳаётда мавжудлигининг аниқ исботидир.

Тил ва маданиятнинг ўзаро мувозанати таҳлилини олиб борсак, уларнинг яқин алоқаси яққол намоён бўлади, яъни тил ва маданиятнинг ўхшаш  жиҳатлари  кўпдир:

  1. Тил ва маданият – бу онгимизнинг шундай шаклидирки, у ўзида инсоннинг дунёқарашини акс эттиради;
  2. Тил ва маданият ўзаро диалогда мавжуддир (яъни тил ва маданиятнинг субъекти сифатида шахс келиб чиқади, шахслараро мулоқот воситаси тилдир, тил эса, ўз навбатида, авлоддан-авлодга маданиятни етказиб берувчи воситадир, тил ва маданият ўртасида маълумот алмашинуви шаклидаги диалог мавжуд);
  3. Маданият ва тилнинг субъекти шахсдир;
  4. Маданият ва тил умумий характерга эга - яъни нормативдир;
  5. Тил ва маданиятнинг муҳим ўзига хослик жиҳати бу тарихийликдир.

Юқоридаги таҳлилларга таянан ҳолда ишонч билан айтиш мумкинки, тил ва маданият мулоқот жараёнларида, яъни инсоннинг нутқий қобилиятларини ҳамда жамиятдаги ўрнини белгилашда ўзаро боғлиқдир.

Тил ва маданиятнинг умумий хусусиятларидан ташқари фарқлари хам мавжуд:

  1. Тил феномен сифатида жамоага, яъни кўпчиликка, умумийликка хосдир, маданиятда эса табақаланиш кузатилади. Масалан, тил мулоқот воситаси сифатида жамиятнинг турли қатламлари томонидан ишлатилади. Лекин, жамиятнинг юқори табақалари, яъни элитаси ўзига хос муҳим ижтимоий ва маданий функцияларни бажаради.
  2. Маданият маълум бир белгили тизим бўлиб, у ўз ҳолича шакллана олмайди;
  3. Тил ва маданият бу турли белгилар тизимидир.

Ушбуларни таҳлил қилган ҳолда шундай фикрга келиш мумкин:

Биринчи қараш файласуф олимлар С.А. Атановский, Г.А. Брутян, Е.И. Кукушкин, Э.С. Маркарян томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу қарашнинг асосий моҳияти шундадирки, тил ва маданиятнинг ўзаро алоқалари бир томонлама ҳаракатдир. Чунки тил реал ҳаётни акс эттиради, маданият эса бу борлиқнинг ажралмас қисмидир, шунинг учун тил маданиятнинг оддий кўринишидир. Борлиқнинг ўзгаришлари тилдаги ўзгаришларга сабабчи бўлади.

Иккинчи қараш В. Гумбольдт томонидан илгари сурилган бўлиб, ушбу қарашнинг асосий моҳияти шундадирки: тил бу бизни ўраб турган олам, бу оламдан ташқарида ёки бу оламда иштирок этмай туриб биз ўзимизни тасаввур эта олмаймиз. Шундай экан, тил бу биз яшаб турган оламдир, тил ҳам биздан ташқарида мавжуд бўла олмайди, у бизнинг ўзимизда, онгимизда, хотирамиздадир, тил фикрнинг ҳаракати билан, ҳар бир янги ижтимоий-маданий роль биланўз шаклини ўзгартиради [5, 155].

В.Л. Маслова тил ва маданиятнинг ўзаро боғлиқлигига доир яна бир қарашни билдиради. Маслованинг фикрича, тил маданиятнинг факти ҳисобланади, чунки у биз аждодларимиздан олган маданиятнинг асосий қисмидир. Тил биз маданиятни англашимизнинг асосий инструменти ҳисобланади. Тил маданият тартибининг асосий кўриниши ҳисобланади [9, 143].

Оламнинг тилда ўз аксини топиши – бу ушбу тилда сўзлашувчи халқнинг маданий ва миллий бойлиги ҳисобланади ва ҳар бир янги авлод ўз она тили билан бирга маданиятнинг тўлиқ комплектини олади ва ушбу маданиятда миллий характер, дунёқараш, ахлоқ-одоб ва ҳ.к.лар ўз аксини топади.

Юқоридагиларни таҳлил қилиш асносида шундай хулосага келиш мумкин. Тил бу белгилар тизимидир ва у инсоният жамиятида стихияли равишда пайдо бўлиб шахслараро мулоқот учун хизмат қилади. Маданият бу тарихан шаклланган тушунчалар моделидир ва авлоддан-авлодга берилади, маданият бу жамиятнинг ҳаёт тарзидир. Тил ва маданиятнинг субъекти шахс, яъни индивид ҳисобланади. Инсонлар маълумотни тил орқали бир-бирларига етказадилар. Шунинг учун тил ўзида маданиятни сақловчи ва авлоддан-авлодга етказиб берувчи восита ҳисобланади. Тил маданиятни яратувчи, ривожлантирувчи ва ўзида асровчи восита ҳисобланади. Шундай қилиб тил ва маданият ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

Тил маданиятни яратувчи, ривожлантирувчи ва ўзида асровчи восита, деган ғоя асосида лингвома-даниятшунослик фани шаклланган. Дарҳақиқат, тилшунос олим Ш.Сафаров “ҳар бир шахснинг лисоний қобилияти ва мулоқот малакаси маълум маданият ҳудудида, маданий муҳитда шаклланади ва фаоллашади. Шундай экан, инсоннинг тафаккур ва лисоний фаолияти жараёнида юзага келадиган бирликларнинг структуравий ва мазмуний сатҳларида маданий элементларнинг акс топиши табиийдир”, - деган фикрлари бу ўринда асослидир. Демак, лингвомаданиятшунослик инсон ҳақидаги фаннинг бир қисмидир, унинг ўзига жалб қилувчи маркази маданият феноменидир [10, 17].

Лингвомаданиятшунослик ўз ривожланиши даврида икки босқични ўз ичига олади. Биринчи босқич фаннинг ривожланишидаги илк қадамлари. Иккинчи босқич лингвомаданиятнинг мустақил тадқиқот йўналиши сифатида ривожланиши. Лекин, ушбу фан динамик тарзда ўз ривожланишини давом эттираётгани учун олимлар лингвомаданият ривожланишининг учинчи босқичи ҳам борлигини эътироф этиб биз учинчи босқич остонасида турганлигимиз, яъни бу босқичда лингвомаданият фундаментал фанлараро йўналиш сифатида ривожланиши айтиб ўтилган.

Бугунги кунда лингвомаданиятда бир неча йўналишлар шаклланган бўлиб улар қуйидагилардир:

  1. Конкрет лингвомаданий вазиятни тадқиқ қилувчи алоҳида ижтимоий гуруҳ лингвомаданияти;
  2. Диахроник лингвомаданият, маълум бир вақт оралиғида миллатнинг лингвомаданий ўзгаришларини ўрганади;
  3. Қиёсий лингвомаданият, турли миллатларнинг лингвомаданий кўринишларини ўрганади;
  4. Чоғиштирма лингвомаданият, тил ва маданият эгалари нуқтаи назаридан маълум бир миллат менталитетининг ўзаги хосликларини ўрганади;
  5. Лингвомаданий лексикография, маданий ўлкашунослик луғатларининг қиёсий таҳлилини олиб боради.

Лингвомаданиятшуносликда қўлланиладиган методлар тил ва маданият ўзаро боғлиқлигини ўрганишда қўлланиладиган аналитик услублар ва жараёнларни ўзида мужассам этади. Илмий тадқиқотларда қўлланиладиган ҳар бир аниқ метод ўзининг қўлланилиш даражасига эга. Тил ва маданият шунчалик серқирраки, маълум бир метод орқали унинг табиатини, функцияларини, келиб чиқишини аниқлаш мушкул. Шунинг учун лингвомаданиятда ўзаро бир-бирини тўлдирувчи методлар қўлланилади. Масалан, психо-социо-маданий метод  маълум бир миллатни тадқиқ қилиш жараёнида қўлланилиб, маданий фактор ҳисоблаган матнларни, яъни маълум бир халқ ҳаёт тарзини ўзида акс эттирувчи китобларни жалб қилиш орқали уларнинг оламига кириб борамиз ва ушбу олам орқали уларнинг маданияти, тили, тарихи ва ҳ.к.лар билан танишамиз.

Хуллас, тил маънавий ва моддий маданият билан ўзаро муносабатда бўлади ҳамда улар билан чамбарчас боғлиқ. Унда халқнинг ўзига хослиги, борлиқни миллий ҳис қилиш, миллий маданият мужассам бўлади. Лингвомаданиятшуносликнинг асосий ғоялари ва тушунчалари, тил бирликлари талқини жараёнида қўлланиладиган методлар билан яқиндан танишиб олиш инсоннинг ментал дунёсига, унинг ранг-баранг ҳиссиётларига ва хусусиятларига чуқур кириб бориш имконини беради. Шунингдек, олий ўқув юртларида таълим олаётган талаба ёшлар онгига миллий истиқлол ғояси ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ғоялар сингдирилган.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

1. Арутюнова Н.Д. Истина: фон и коннотации // Логичекий анализ языка. Культурные концепты / Отв. ред. Н.Д. Арутюнова. – М.: Наука, 1991. – С. 21-30.

2. Большой энциклопедический словарь / гл. Ред. А.М.прохоров. – 2-е издание, -М.: Большая Российская энциклопедия, 2004. – 1456 с.

3. Вежбицкая А. Язык. Культура. Познание. - М.: Русские словари, 1996.- 344 с.

4. Верещагин Е.М., Костомаров В.Г. Язык и культура. Лингвострановедение в преподавании русского языка как иностранного. – М.: Рус. яз., 1990. – 247 с.

5. Гумбольдт В.Ф. Избранные труды по языкознанию Издательство: Прогресс.- 2000. -394 с.

6. Даль В.И. Толковый словарь живого великорусского языка. В 4т. Т.2. – СПб.: ТОО Диамант, 1996. – 784 с.

7. Комиссаров В.Н. Современное переводоведение. – М.: 2001. – 128 с.

8. Марузо Ж. Словарь лингвистических терминов. -М.: Изд-во иностранной литературы, 1960. – 436 с.

9. Маслова В.А. Введение в лингвокультурологию. – М.: Наследие, 1997. – 208 с.

10. Сафаров Ш. Когнитив тилшунослик. – Жиззах, 2006.

 

Турдиева Н. Взаимосвязь языка и культуры. Данная статья посвящена изучению актуального направления современного языкознания лингвокультурологии, проводится анализ основных направлений лингвокультурологии и изучаются толкования языка и культуры.

 

Turdiyeva N. The interaction of language and culture. This article is devoted to the study of the current direction of modern linguistics as linguoculture, the analysis of the main directions of linguoculture is carried out and the interpretation of language and culture is studied.

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati