Бадиий ижоднинг моҳияти унинг доимо ўзгариб туришини ҳамда ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ тарзда ривожланиб боришини тақозо қилади. Бу ижодкорнинг ўз миллий анъаналари доирасида қолиб кетмай, ўзга халқлар бадиий меросини ҳам чуқур ўзлаштириш заруриятини юзага келтиради. Таниқли адабиётшунос Г.И. Ломидзе таъкидлаганидек, “ҳар қандай халқ бадиий адабиёти бошқа халқлар билан алоқа қилмасдан, инсоният тарихи яратган маданиятнинг энг яхши томонларини ўрганмасдан, ўзлаштирмасдан туриб, тор доирада, фақат ўз қобиғида ривожланиши мумкин эмас”.
Ўзбек адабиётининг ривожида форс-тожик адабиётининг ўрни алоҳидадир. Биз буни Алишер Навоий мисолида якқол кўришимиз мумкин. Алишер Навоий устозлари – Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий сингари форс-тожик адабиётининг буюк сиймолари асарларини чуқур ўрганди ва улар ижодини ўзига хос мактаб деб билди. Алишер Навоий даҳо санъаткор бўлиб етишган экан, бунда шубҳасиз, туркий тилдаги адабиётнинг кўп асрлик ижодий тажрибаси асосий манба бўлди. Шунингдек, улкан шоир ижодининг баркамоллигини форс-тожик адабиётининг таъсиридан ҳам ахтариш тўғри бўлади.
Алишер Навоий Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомийлар билан хамсанавислик майдонида беллашиб, туркий тилда ўзига хос «Хамса» яратди. Шоир устозлар анъаналарини давом эттириб, уларга ижодий муносабатда бўлди.
Алишер Навоийнинг кўп асарларида, хусусан, “Хамса”нинг устозлар мадҳи берилган саҳифаларида шоирнинг улар ижодига муносабати ёрқин акс этган. Шунингдек, устозларнинг Навоий асарларини ўрганиш жараёнида форс-тожик ижодига қай тарзда таъсир кўрсатганлиги ҳақида ҳам муҳим хулосалар чиқариш мумкин.
Умуман, ўзбек ва форс-тожик адабиёти ўртасидаги адабий алоқалар қадимдан то ҳозиргача давом этиб келмоқда. Бу адабий алоқалар ҳар икки халқ адабиётининг ривожига самарали таъсир кўрсатиши табиий ҳолдир.
Форс-тожик мумтоз адабиёти араб халифалигининг ҳукмронлигига қарши халқ норозилиги асосида ва шу кураш жараёнида 1Х-Х1 асрларда ёзма адабиёт бўлиб шаклланди ва тараққий топди.
Форс-тожик адабиётининг ажойиб гуллари бутун жаҳонни мафтун этганлигининг боиси, унинг чуқур илдизлари халқ оғзаки адабиётидан озиқланиб, халқ ғоялари билан суғорилганлигидадир. Бу асарлар чет эл босқинчиларига қарши тил ва дин соҳасидаги руҳий зўравонликка қарши кўтарилган бутун халқ ҳаракатининг руҳи билан озиқланган эди. Шунинг учун ҳам бу адабиётнинг гуллаб-яшнаши Ўрта Осиё ва Эрон халқлари араб халифалиги ҳукмронлигидан чиқиб, ўз мустақилликларини қўлга киритган ва ўзларининг марказлашган феодал давлатларини вужудга келтирган даврга тўғри келади.
Бу даврда форсий тилдаги адабиётга асос солган Абу Шукур Балхий, Ибни Восиф Сағзий, Шаҳид Балхий, Абулмуаяд Балхий, Ҳаким Хаббоз Нишопурий, Кисои Марвазий, Абу Мансур Дақиқий каби шоирлар яшаб ижод қилди. Улар ижодидаги ёруғликнинг қоронғилик билан кураши, ҳақнинг ноҳақ устидан ғалабаси мотивлари чуқур инсонпарварлик туйғулари ҳаётга чорловчи романтика, оддий инсон юраги нозик пардаларини черта олган лирика неча асрлардан бери кишилар қалбини мафтун этиб келмоқда.
Бу адабиётни тараққий эттиришда фақат ҳозирги тожиклар ва эронликларнинг аждодларигина эмас, ўзбеклар, озарбайжонларнинг ота-боболари ҳам, шунингдек, шимоли-ғарбий Ҳиндистонда яшаб ижод этган шоирларнинг ҳам ҳиссаси катта.
Дарҳақиқат, ўзлари туркий халқлардан чиққан бўлсалар-да, асарларини форсий тилда ёзган Афзалиддин Ҳоқоний, Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Навоий Фоний, Мирзо Абдулқодир Бедил, Зебуннисобегим ва бошқа кўп шоирларнинг асарлари киши дилига ҳузур бахш этади.
Мазкур номлар форсий тилдаги шеърият даҳолари Абу Абдулло Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Умар Хайём, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий ва бошқаларнинг асарлари жаҳон адабиёти классиклари сирасидан мустаҳкам жой олди.
Бу даврда наср ҳам аста-секин ривожлана бошлайди. Илмий китоблар, масалан, Ибн Синонинг «Донишнома»си, бадиий китоблар ва арабчадан таржималар пайдо бўлди.
Наср содда ва равон тилда ёзилади, у сунъийликдан узоқ, жумлалар қисқа, шеъру иборалар, мақол ва маталлар деярли ишлатилмайди.
Бу даврда Абу Шукур Балхий, Шаҳид Балхий, Ҳаким Хаббоз Нишопурий, Кисои Марвазий, Абу Мансур Дақиқий каби шоирлар янги форсий тилдаги адабиётга асос сола бошладилар. Уларга Рудакий пешволик қилди.
Бу даврда араб тилининг икки асрлик ҳукмронлиги барҳам топа бошлаган бўлса-да, аммо, жуда кўп шоир ва ёзувчилар уни яхши билган икки тилли адиблар эдилар. Араб тили узоқ вақт иккинчи адабий тил бўлиб хизмат қилиб келди. Шунинг учун ҳам форсий адабиёт классик жанрларининг шаклланишида араб адабиётининг таъсири кучли бўлди.
Эндигина туғилиб, шаклланиб келаётган форсий ёзма адабиёт шаклларига араб адабиётининг таъсири асосан қуйидагиларда кўринади:
1. Поэзия арузда майдонга кела бошлади. Унда араб арузининг барча рукн ва баҳрлари истифода этилмаса-да, аруз қоидалари асосида ёзилган янги вазнлар ва баҳрлар қўшилиб, форсий аруз ишлаб чиқилди.
3. Асоси равий ҳисобланган қофия назарияси (таълимоти) қабул қилинди.
4. Араб шеъриятида кенг тарқалган ва бу вақтда етарли ривож топган мадҳ-қасида жанри форсий шеърият заминида ҳам яхши ривожлана бошлади ва феодал сарой адабиётининг асосий жанрига айланди. Унинг акси ҳажв ва бошқа шакллари тараққий этди. Қасиданинг насиб, гуризгоҳ, мадҳ, талабдан иборат классик тузилиши ҳамда а-а, б-а, в-а тарзида тушадиган қофияланиш усули ҳам сақланиб қолди.
5. Ғазал жанри ҳали ўз камолотига етмаган бўлса-да, яхши шакллана бошлади. Халқ қўшиқларидан ёзма адабиётга кириб келган бу шакл, аввало, қасидаларнинг насиб қисмида, кейинчалик алоҳида шаклда ривожланди.
6. Халқдан кириб келган рубоий шакли алоҳида жанр даражасига кўтарилди. Маълумотларга кўра, ўзининг минг йиллик тарихида рубоий халқ тароналари ила уйғун ривожланди.
7. Қитъа, фард каби кичик шакллар ва шунингдек, муаммо каби кўпроқ шаклбозликка мойил турдаги шеърлар ҳам майдонга кела бошлади.
8. Маснавий шакли эпик, дидактик ва романтик ва бошқа турдаги поэмаларга доимий шакл бўлиб ривожланди.
9. Мусаммат каби баъзи қадим эрон шеъриятига мос шакллар ривож топди.
10. Араб адабиёти таъсирида наср уч хил шаклни ўзига қабул қилди: орий-яланғоч (яъни ҳеч кандай санъат маъносида), мурассаж-саъж санъатига эга (яъни қофияли наср), муражжаз - (вазнга эга) вазнли наср.
Рудакий ва унинг замондошлари ижодида мазкур шеър шаклларининг барчасидан намуналар топиш мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда X аср адабиётининг асосий хусусиятларини белгилаш мумкин:
Маълумки, форс-тожик адабиёти дунёдаги энг бой, қудратли ва гўзал адабиётлардан биридир. Бу адабиёт фақат Шарқда эмас, балки бутун жаҳонга донг таратиб, фавқулодда қизиқиш билан ўқиб, ўрганилган. Туркийгўй шоирларнинг не-не буюк санъаткорлари Аттор, Румий ёки Ҳофиз ва Саъдий асарларини ўқиб, ўзларига янги бир олам – гўзаллик, руҳоният ва ҳақиқат дунёсини кашф этганликларини ҳайрат ила сўзлашган. Лекин, бу адабиётни ҳақиқий адабиёт мақомига кўтарган, ўзидан кейинги ҳар бир улуғ форсийгўй шоирнинг беназир устоди Абу Абдулло Рудакий эканини уларнинг ҳаммаси ҳам чуқур билавермаган. Адабиётнинг асосий хусусияти ва вазифаси, халқ тақдиридаги роли, инсон кўнглига таъсир кўрсатиш йўллари, тил, тарих ва дин билан алоқа тарзи – аслида мана шуларнинг бариси Рудакий, унинг сафдош ва издошлари томонидан асосланиб, тўғри йўлга қўйиб берилган. Форс-тожик шеърияти шу боисдан ҳам тадрижан зўр муваффақият ила ривожланиб, ўзга бир қанча халқлар бадиий тафаккурига ижобий таъсирини ўтказган. Рудакий бежиз шеъриятнинг Одам Атоси дейилмаган эди. Чиндан ҳам у бадиий ижодда бошловчи, яратувчи, шакл, мазмун, тасвирда анъана йўналишлари ва усулларини белгиловчидир. Туркийгўй шоирлар Рудакий шеърларининг мавзу ва мундарижаси ёшлик завқ-шавқи, май ва шаробнинг таърифу тавсифи, ҳаёт қувончлари, ҳукмдорнинг мурувват ва шижоати, насиҳат, тириклик фалсафаси, қарилик ва шахсий аҳволдан шикоят, дарду ҳасрат, маҳрумиятлардан изтироб чекишдан иборат бўлганлигини қайд этишган. Академик Абдулғани Мирзоевга кўра эса, Рудакий илмнинг ҳамма соҳаларига бир хилда аҳамият бериб, “барча илм турларини одам ҳаёти учун зарур ҳисоблаган” [1]. Демак, ушбу мавзу ва масалаларнинг кейинги асрлардаги бадиий талқинлари Рудакийнинг адабиёт келажагини нақадар олдиндан кўра билганлигини ё бевосита ёки билвосита тасдиқлайдики, бу ҳазилакам салоҳият эмас.
Рудакийнинг туркий халқлар адабиёти тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳам самаралидир. Ижод ва илм аҳли бу ҳақда бир қанча фикр-мулоҳазаларни баён этишган. Масалан, озарбайжон олими Мумтоз Салмон “Рудакий ва Мулла Паноҳ Воқиф” номли мақоласида “форсийда илк шеър ёзган шоирларнинг энг буюги ва маҳоратли устоди устод Рудакийдир. Унинг замонидаги ҳеч бир ижодкор Рудакий қадар шеър ёзмаган ва форс-тожик адабиётини унчалик бойитмагандир”, дейди. Воқиф ҳаёти ва ижодиётининг Рудакий шахсияти ва шеърларига яқинлаштирган жиҳатлардан баҳс юритаркан, Мумтоз Салмон шундай хулосага келади: “Устод Абулҳасан Рудакийнинг шеъриятида бир жўшқинлик, бир порлоқлик бордир... Рудакийдек жавдати – табъ ва истеъдодга молик бўлмоқ буюк бир мазиятдир. Чунки Рудакий бўлиш осон эмасдир”[2]. Шунинг учун ҳам Рудакий эъзозланган, шу сабабдан ҳам унинг ижодиёти туркий адабиётнинг шаклланиши ва ўсишида сезиларли таъсир кўрсатган. Рудакийнинг шеърлари ҳаёт билан мустаҳкам боғланганлиги, инсон қисматини маънавий-ахлоқий бир реалликда мушоҳада этишга чорлаши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Уларда баландпарвозлик, ясама оҳангдорлик, ҳар турли хаёлот ўйинлари йўқ, ҳисоби. Унинг тил сезгиси, шоирлик шуури юксак ва намуналидир.
Рудакий шеърларининг тили ниҳоятда содда ва ҳаммафаҳм, арабий сўзларни у жуда кам қўллайди, форс-тожик тилидаги калималарнинг ҳам кўпроқ содда ва оммафаҳмроғларини териб ишлатади. Бу фақат ўқувчининг эмас, балки миллий тил, миллий шуур ва тафаккур манфаати нуқтаи назаридан ҳам таҳсинга лойиқ ташаббус эди. Чунки тилнинг тозалиги ва самимияти шеърхон руҳониятини забт айлашнинг илк гаровидир. XV асрнинг биринчи ярмига мансуб ўзбек шоирлари Атойи, Лутфий, Гадоий, Саккокийларнинг шеърда тилнинг содда ва рангинлиги учун заҳмат чекишларини Рудакийга бир издошлик ҳаракати, деса асло хато бўлмайди. Умуман, бу масалани қиёсий ўрганиш жараёнида форс-тожик ва ўзбек адабиёти адабий-бадиий алоқаларининг янги ва порлоқ қирраларининг намоён бўлиши яққол кўзга ташланади. Шунингдек, Рудакий табиат манзаралари ва лавҳаларини шунчалик жонли, равшан, таъсирчан шаклларда тасвирлайдики, ўқувчи уларнинг барини профессор Р.Ҳодизода айтмоқчи, гўё “моҳир рассом чизган сувратда кўргандай бўлади”. Шунга монанд ҳолатни биз табиат манзаралари орқали инсоннинг ички олами, айниқса, ҳурлик, ҳаётсеварлик, меҳру садоқат туйғуларини акс эттирган мумтоз шоирларимиз шеърларида ҳам учратамиз. Бу хил шеърларни Рудакий асарлари билан қиёсий ўрганиш ҳам яхши натижа беради, албатта.
Бизнинг назаримизда, ҳар томонлама миқёсли ва мароқли мавзу – бу Рудакий ва Навоий мавзуси саналади. Аммо Навоийнинг Рудакий ва унинг ижодиёти хусусида бирор бир фикр билдирмаганлиги буни дадил тадқиқ этишга монелик қилиши табиий. Лекин, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Навоий Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и, Маҳмуд Кошғарий ва унинг “Девону луғотит турк”и, Яссавий “Ҳикматлар”и борасида ҳам ҳеч нарса демаган. Бундан Навоий бу олим ва шоирларнинг асарларидан мутлақо бехабар эди, деган хулоса чиқариб бўлмайди. Рудакий ва Навоий ижодиёти муносабати масаласида эса атоқли навоийшунос А. Ҳайитметовнинг мана бу мулоҳазалари ҳақиқатга жуда мувофиқ келади, деб ўйлаймиз. Олим ёзади: “Навоийнинг Рудакийни эсламаслиги, унинг поэзиясига Рудакийнинг ҳеч таъсири йўқ деган гап эмас, албатта... Ғазалда Рудакий қўллаган вазнлар, кўп иборалар, у ғазал асосига олган ишқ, май, хурсандчилик мавзулари, автобиографик мавзу ва бошқалар кейинги форс-тожик шоирлари, хусусан, шеърий девон яратган Саъдий, Ҳофиз, Жомий томонидан ривожлантирилди, чуқурлаштирилди, ниҳоясига етказилди. Навоий лирик ижоди эса кўпроқ шу шоирларнинг таъсири остида ривожлана бошлаган эди. Демак, Рудакий Навоийга бевосита эмас, балки билвосита таъсир кўрсатгани, Рудакий поэзиясининг ҳаётбахш анъаналари ўзбек тилидаги Навоий поэзиясида ҳам гуллаб-яшнагани айни ҳақиқатдир”[3].
Дарҳақиқат, Рудакий анъаналарининг ҳаётбахш руҳи ва таъсири Навоийнинг бир қанча ғазал, рубоий ва қитъаларида кўзга ташланиб туради. Рудакийнинг қуйидаги тўртлиги ирсиятга таяниб, ирсий хусусиятларга эътиборни тортиб, одамга баҳо беришнинг бир характерли намунасидир:
Илонни ҳар қанча қилсанг тарбият,
Охир заҳрин сочиб, етказар заҳмат.
Нокас табиати илон кабидир,
Юзин кўрмасликка этгил ҳаракат.
Бу ҳикматли сўзлар беихтиёр Алишер Навоийнинг машҳур қитъасини ёдга солади:
Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон,
Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.
Ким, кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, дағи эшак, бўлмаслар асло одами.
Рудакийда ҳам, Навоийда ҳам мақсад битта: одамларни “касофат олами” вакилларидан огоҳлантириш. Бундай ғоявий-бадиий монандлик Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийлари, хусусан, унинг май ва тақдир қийинчиликлари ёритилган тўртликлари учун ҳам хосдир.
Устод Рудакий шеърда мавзу танлаш, шунга мувофиқ равишда оҳанг яратиш ва ҳиссий бўёқ ишлатишда қанчалик моҳир бўлса, миллий тил имкониятларидан фойдаланиш, услуб ва ифода ҳунарида ҳам ўшанча тенгсиз бўлган. Унинг ҳаётга муносабати, воқеликни идрок айлаш малакаси ибрат ва намунадир. Ҳар қандай ғоя ёки туйғуга Рудакий гўзаллик нигоҳи билан қарайди, тасвир усули ёки воситаларини танлашда ҳам аввало гўзалликка асосланади. Шунинг учун унинг шеърият мактабидан турли халқ, турли миллатга мансуб шоирлар завқ ва илҳом билан сабоқ олишган. Бу эса бадиий ижод тарихида ниҳоятда сийрак учрайдиган, яъни ноёб ҳодисадир. Буни ўзбек адабиётининг пешқадам ва илғор намояндалари ҳамиша ҳам яхши англашган. Зеро, туркий адабиётдаги ғазал, қитъа, рубоий сингари лирик жанрлар такомили ва тараққиётини Рудакийнинг ижодий тажрибаларидан ажралган ҳолда тасаввур қилиш маҳдудликка ён бериш билан баробардир.
Рудакий ўзбек шеърхонларининг севимли – юракка яқин мутафаккир шоирларидан. Унинг 1957 йил босилган ўзбек тилидаги шеърий тўплами ҳозир ноёб китоблардан саналади. Устод шоирнинг филология фанлари доктори ва таржимон Ш.Шомуҳамедов таржимасида 1994 йил чиққан шеърий мажмуаси ҳам ўқувчилар томонидан катта қизиқиш ила қаршиланган эди. Рудакий ҳаёти ва адабий меросини илмий ўрганиш бўйича Ўзбекистонда бир қанча ишлар амалга оширилган. Шу маънода филология фанлари докторлари Ш.Шомуҳамедов, А.Ҳайитметов, Н.Маллаев, Б.Валихўжаев ва бошқа олимларнинг хизматларини алоҳида қайд этиш жоиздир.
Рудакий умри боқий санъаткор. Унинг асарлари гарчи бизгача тўла-тўкис ҳолда етиб келмаган бўлса-да, мавжудлари томчида дарёни акс эттириш қийматига эгадир. Рудакийдан ёдгор қолган шеърларда буюк шахс ва шоирга хос ранго-ранг фазилат ва хусусиятлар яшнаб, гуркираб турибди. Энг асосийси, Рудакий юрт, миллат, инсоният ва абадият шоири эканлигидир. Шарқ адабиёти сарчашмасида шундай шоирнинг турганлиги ва шеърият бешигини тебратганлиги ҳар қанча фахрланса арзигули оламшумул воқеадир.
Рудакий форс-тожик шеъриятининг шаклланишида улкан роль ўйнаган лирик ва эпик ижодкордир. Уни ҳақли равишда шу адабиётнинг Одам Атоси деб аташади. Зеро, унинг ижодиётида форс-тожик адабиётининг шаклланиши ва мавзу жиҳатидан ўз йўлини белгилаб олганлиги яққол кўринади. Унинг шеърлари юксак маҳорати билангина эмас, зулм ва истибдод авжига минган замонада, ўрта асрчилик зулматида ярақлаган бир нур сифатида ажралиб туради, уларда юксак одамийлик, сўз санъати, халқона соддалик, доҳиёна тафаккур, туйғулар тозалиги бутун таровати билан кишини мафтун қилади.
Х-ХII асрдаги илғор адабиёт вакиллари ўз даврининг илғор қарашларини қуйладилар ва ривожлантирдилар. Улар инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилдилар, халқни хонавайрон қилувчи ўзаро феодал урушларни қораладилар, йирик ва марказлашган давлатнинг афзаллигини тарғиб қилдилар, халқлар дўстлигини куйладилар, хотин-қизларнинг хўрланиши ва камситилишига қарши чиқдилар, инсоф ва адолатга асосланган жамият ҳаётини орзу қилдилар. Жаҳолат ва разолатга қарши курашиб, олижаноб инсоний фазилатларнинг, илм-маърифатнинг жарчиси бўлдилар. Бу ёзувчиларнинг асарларида халқ оғзаки ижоди материаллари қайта ишланди, халқ қаҳрамонларининг монументал образлари яратилди, бадиий сўз санъатининг янги-янги шакллари ишланди ва такомиллаштирилди, адабий тил тараққий этгирилди.
ХIII-Х1V асрлар форс-тожик адабиёти тарихида алоҳида босқични ташкил этади. Бу даврда кўплаб талантли форс-тожик шоирлари яшаб ижод этди. Уларнинг ғоявий-бадиий жиҳатдан юксак асарлари форс-тожик адабиётининг ривожига улкан таъсир кўрсатди. Ғазалчилик ўзининг юксак чўққисига кўтарилди, дидактик асарлар яратилди, хамсанавислик анъанаси давом эттирилди. Шунингдек, шоирларнинг бадиий маҳорати юксалди.
Форс адабиёти тарихчилари орасида қаҳрамонлик эпоси-достончиликда Фирдавсий, қасидагўйликда Анварий, рубоий, ғазалда эса Саъдий устод, буларнинг ҳар қайсиси шу жанрлар пайғамбари, деган фикр юради.
XV асрнинг улкан сўз усталари А.Жомий ва Алишер Навоийлар ҳам Саъдийни ғазал ижодчиси ҳисоблайдилар. Аммо, бу деган сўз Саъдийгача форс-тожик адабиётида ғазал жанри бўлмаган, деган гап эмас, албатта.
Ғазал шаклидаги лирик шеърлар форс-тожик адабиётининг отаси Рудакийдан бошлаб ҳамма кўзга кўринган шоирлар ижодида учрайди. Бироқ, Саъдийгача ғазал жанри ҳали батамом шаклланиб улгурмаган эди.
Ғазал жанри ривожида айнан XII аср форс-тожик шоирларининг хизматлари катта бўлди. Бу даврда ғазал мавзуси кенгайди ва турғун бир қолипга тушиб шакллана бошлади. Бироқ, Бертельс, хусусан, Мовароуннаҳрда Саъдий ғазалчиликка замин ҳозирлаганини қайд қилади. Аммо, ғазал соҳасида 2-3 аср давомида эришилган ютуқларни якунлаган, ғазални батамом шакллантирган энг забардаст ғазалгўй шоир Саъдий бўлди.
Форс-тожик адабиётида ғазал тараққиёти ҳақида айрим монографик текширишлар ўтказган олим Абдулғани Мирзоев ғазал тарихида Саъдийиинг тутган ўрнини шундай таърифлайди: “Ҳақиқатан ҳам Саъдийнинг катта хизматларидан бири ғазал тилини ишлаб вояга етказиш бўлади. Ғазал тили ўзига хос хусусиятларга эга. У равон, назокатли, латиф ва ширин бўлиши, қасида ва бошқа шеър шаклларига хос сўзлардан фарқ қилиши керак”. Бу соҳада Саъдийдан илгари ўтган шоирлар ҳам кам ташаббус кўрсатмадилар. Аммо, Саъдийнинг бу соҳадаги хизмати жуда каттадир. Ягона қофияга риоя қилиш, қофия ва радифнинг мувофиқлиги ва оҳангдошлиги масалалари Саъдий ғазалларида яна ҳам ривожланди. Ғазалнинг матласи ва мақтаси мужассамроқ. Ғазал вазнини танлаш соҳасида ҳам Саъдийнинг хизмати кам эмас. Рудакий ва унинг замондошлари ижодида кўрина бошлаган ва XII асрда ривож топган ғазалдаги ҳар бир байтнинг мустақиллигини ошириш масаласи ҳам Саъдий ижодида янада кенгроқ тараққий топди. Бу жиҳатдан лириклик, тил равонлиги, шоир замонидаги кишилар руҳини акс эттириш, умумбашарий мазмунни сингдириш матлаъ ва мақтанинг бақувватлиги, ғазалга хос бадиий воситалар ишлатиш, вазн танлаш, қофиянинг мувофиқлиги ва бошқа бадиий хусусиятларга шоирнинг ғазаллари яхши мисол бўла олади.
Ғазал халқдан кириб келиб, форс-тожик адабиётининг энг йирик классиги Рудакий ижодиётидаёқ шакллана бошлаган эди. Аммо, у даврда ҳали инсон дилининг энг азиз ва энг теран туйғуларини ифодаловчи бу шаклнинг мустақил жанр даражасига кўтарилишига тарихий шарт-шароит етилмаган эди. Бу шарт-шароит феодал давлати доирасида бўлса-да, шаҳарларнинг ривожланиши, нисбатан озодроқ бўлган шаҳар ҳунармандлар мафкурасининг поэзияга кириб келиши, халқ қўзғолонлари ва инсон шахсиятининг озодлиги учун кураш жараёнида шаклланади. Адабиётимизда ғазал Хусрав Деҳлавий билан деярли бир замонда яшаган Саъдий (1203-1291) ижодида вояга етиб, алоҳида жанр даражасига кўтарилганлиги маълум. Ҳофиз Шерозий (1300-1389), Камол Хўжандий ва Алишер Навоийлар ижодида эса ғазал янада юксакликка кўтарилди.
Аммо, Саъдийнииг кичик замондоши Хусрав Деҳлавийнинг ғазал тараққиётидаги хизмати ҳам, фикримизча, Саъдий хизматидан кам эмас, ҳеч бўлмаганда у Саъдий билан Ҳофиз Шерозийлар орасида улар ижодини боғлаб турган занжирнинг мустаҳкам ҳалқасидир.
Алишер Навоий ўзининг ғазалчиликдаги салафлари ҳақида гапирганда Саъдий номини эмас, Хусрав Деҳлавий номини келтириши ҳам бежиз бўлмаса керак.
Ранг-баранг ҳаётий мавзуларда яратилган бадиий юксак ва сержило шеърлари билан форсий адабиётни бойитган Жомий Саъдий Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий, Хожа Ҳофиз Шерозий каби сўз санъаткорлари сафидан муносиб ўрин олди.
Абдураҳмон Жомий ижодининг гултожи, шубҳасиз, унинг «Ҳафт авранг» деб номланган достонлар мажмуасидир. Бу достонларда Жомий форс-тожик адабиётида яратилган Низомий Ганжавий (1141-1209) ва Амир Хусрав Деҳлавийнинг (1253-1325) «Хамса»ларидаги энг яхши ғоявий ва адабий анъаналарни давом эттириб, XV асрнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётида мавжуд муаммоларга ўз муносабатини билдиришга ҳаракат қилган.
Буюк сўз санъаткори Жомийнинг “Чиҳл ҳадис”, “Таржумаи арбаъин ҳадис”, “Арбаъин ҳадис”, “Арбаъини Жомий” каби турли номлар билан юритилган асари ўз даврида нафақат форс-тожик адабиёти ихлосмандлари орасида, балки туркий адабиёт муҳиблари ўртасида ҳам жуда машҳур бўлган. Шу боисдан, бу асар котиблар томонидан жуда кўплаб нусхаларда кўчирилган. Ҳатто, баъзи кутубхонадан Жомий “Арбаъин”ининг юздан ортиқ қўлёзма нусхаси топилган.
Асар форсча қисқа насрий муқаддима билан бошланган. Жомий ҳам форс адабиётидаги бошқа кўплаб қирқ ҳадис таржимонлари каби дебочани араб тилида ёзишни хоҳламаганлиги манбаларда айтилади. Шундан сўнг, ҳадислар таржимасига ўтилган. “Арбаъини Жомий” турли даврларда кўплаб нусхаларда кўчирилганлиги боис, қўлёзмаларда ҳадисларнинг берилиш тартиби бир-биридан фарқ қилади. Бу хаттотлар, котиблар ва ҳатто музаҳҳиб (китобларни зарҳал ҳошиялар билан безовчи)ларнинг фантазиялари сабаблидир. Уларнинг асарни кўчириш ишларига эркин ёндашувлари натижасида, ҳадисларнинг берилиш тартиби аслиятдагига нисбатан анча ўзгаришларга учраган.
Мазкур асарнинг туркий тилга биринчи таржимони сифатида Навоий эътироф этилади. “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида Навоий Жомий қирқта ҳадисни танлаб олиб арабчадан форс тилига таржима қилганини ва ҳаммадан олдин қораламасини унга берганини, мутолаа қилиб чиққандан сўнг, бу “Арбаъин”ни туркий тилга таржима қилиш орзуси кўнглига тушганини ёзади. Таржимани бир-икки кун ичида амалга оширганини ҳам дебочада таъкидлайди. “Арбаъини Жомий”да ҳадисларнинг қайси буюк муҳаддисларнинг асарларидан олинганлиги айтилмаган. Навоий “Арбаъин” идаги йигирма уч байтли шеърий муқаддимада Жомийнинг бу ҳадисларни энг саҳиҳ ҳадисларни тўплаган буюк муҳаддислар Имом Бухорий ва Муслим ибн Хажжождан олганини айтиб, жумладан, шундай ёзади:
Ўқуғанда Бухори-у Муслим
Қирқ сўз борча шубҳадин солим.
Барча шубҳалардан холи қирқ ҳадисни ўзида жамлаган “Арбаъини Жомий”нинг туркий тилга Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлганми? Шу пайтга қадар Навоий асарлари тадқиқи билан шуғулланган адабиётшуносларнинг илмий рисола ва китобларида ушбу асар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилган бўлса-да, аммо, Жомий “Арбаъин”ининг Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлганлиги ҳақида бир сўз дейилмаган. Аслида, форс-тожик ва туркий адабиёт оламида машҳур бўлган “Арбаъини Жомий”нинг Навоийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлишган. Бу борада улуғ мутафаккир бобомиздан кейин озарбайжон адабиётининг йирик намояндаси Фузулий номини тилга олиш жоиз. Фузулий Навоийдан фарқли ўлароқ, ўз “Арбаъин”ини насрий муқаддима билан бошлаган. Яъни, бу борада, у Жомий йўлини тутган. Шунингдек, Навоий ҳам, Фузулий ҳам вазн ва жанр бобида Жомий услубини сақлашган. Профессор Абдулқодир Қорахон “Жомийнинг “Арбаъин”и ва туркча таржималари” китобида бу асарнинг Навоий ва Фузулийдан бошқа таржимонлари ҳам бўлишганини ёзади. Хусусан, XVI-XVII асрлар усмонли турк адабиётида “Арбаъини Жомий”нинг Рихлатий, Набий ва Муниф каби шоирлар томонидан ҳам таржима қилинганини қайд этади. Бундан ташқари, олим “Арбаъини Жомий”нинг номаълум бир муаллиф томонидан ҳам таржима қилингани ҳақида маълумот беради. Қизиқ томони шундаки, номаълум муаллиф қўлига тушган қирқ ҳадис таржимасининг Жомийга тегишли эканини ҳам ҳатто билмаган. Эҳтимол, шунинг учундир, балки ўзи истамаганлиги боис ёки бошқа номаълум сабабларга кўра, таржимон ўз исмининг сир тутилишини хоҳлаган. Тадқиқотчилар “Арбаъини Жомий”нинг бошқа яна кўплаб таржимонлари ҳам ўз исмларини маълум қилмасликни афзал билишганликларини таъкидлашади.
“Арбаъини Жомий”нинг барча таржимонлари Жомий қўллаган вазн ва назм шаклини қабул қилишган. Яъни, таржима ишини арузнинг “фоилотун мафоилун фоилун” баҳрида, қитъа жанрида амалга оширишган. Фақат Навоий ва Набий “Арбаъин”и шеърий муқаддима билан бошланган. Бошқаларда эса Жомийдаги каби муқаддима насрий услубда битилган.
“Арбаъини Жомий” кўпгина қўлёзма нусхаларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Ла: йўъмину аҳадукум ҳатта йа ҳиббу ли-ахиҳи ма: йа ҳиббу ли-нафсиҳ(и)” – “Қайси бирингиз токи ўзига раво кўрмаганни биродарига раво кўрар экан, имонли бўлмағай” ҳадисининг шеърий таржимаси билан бошланган. Жомий таржимаси қуйидагича:
Ҳар каси ро лақаб маъкун мўъмин,
Гарчи аз саъи жону тан коҳад.
То нохоҳад бародари худро
Ончи аз баҳри хейштан хоҳад.
Энди, Жомийнинг ушбу таржимаси Навоий, Фузулий, Рихлатий, Набий, Муниф ва номаълум муаллиф томонидан қай тарзда туркий тилга ўгирилганлигига эътибор қаратамиз.
Навоий таржимаси:
Мўъмин эрмастур улки, иймондин
Рўзғорида юз сафо кўргай.
Токи, қардошиға раво кўрмас –
Неким, ўз нафсиға раво кўргай.
Фузулий таржимаси:
Мўъмин ўлмас киши ҳақиқат ила
Тутмагунча тариқи тарки ҳаво.
Ҳар не, ўз нафсиға раво кўрса,
Ёру қардошға кўрмагунча раво.
Рихлатий таржимаси:
Мўъмини комил ўлмағай ҳаргиз,
Севмаган жони каби қардошини.
Дўст кўринар, лек, душман бўлар
Соз қилмаса ичи ила тошини.
Набий таржимаси:
Деди фахри русул, эмастур мўъмин,
Ул кесганким зирўйи сидқу сафо.
Ўз нафсиға кўрганни лойиқ
Кўрмаса то биродариға раво.
Муниф таржимаси:
Мўъмин ўлмас ул кимса ҳар на қадар,
Топса ҳусни амалда умру фано.
Ҳар не истарса нафсиға, токим,
Уни ихвонга дағи кўрса сазо.
Номаълум муаллиф таржимаси:
Мўъмин ўлмас ул кимса оламда,
Жисму жонин бахш этар ҳар на қадар.
То қариндоши мўъминға тиламас
Ани ким, ўзин нафсиға истар.
Мазкур таржималар орасида Жомий қитъасига энг яқин келадигани номаълум муаллифники ҳисобланади. Агар бошқаларники билан солиштирилса, Навоий ҳам, Фузулий ҳам, усмонли турк шоирлари ҳам “Арбаъини Жомий”ни анча эркин таржима қилганликлари кўзга ташланади.
Маълумки, Жомий қирқ ҳадис таржимасига қўл урган пайтда, етмиш ёшни қоралаб қолган эди. Баъзи Ғарб тадқиқотчилари “Арбаъини Жомий”ни бадиият нуқтаи назаридан шоирнинг бошқа асарлари билан солиштирганда, у қадар юқори савиядаги асар эмаслигини айтар экан, бунга Жомийнинг кексайиб қолганлигини ҳам сабаб қилиб кўрсатишади. Бизнингча, бунга Жомийнинг кексайиб қолганлигини сабаб қилиб кўрсатилиши кўп ҳам тўғри бўлмаса керак. Аввало, шоирнинг “Арбаъини Жомий”га қўл уришдан кўзлаган мақсади юксак бадиият намунасини яратиш бўлмаган. Жомий ҳадислар одамларга ғоятда тушунарли ва ёдлаш осон бўлиши учун бу ишни амалга оширган. Айни ҳаракати билан эса, ўзидан кейинги таржимонларга сабоқ ҳам берган. Яъни, ҳадисларнинг мазмуни қалбга тез ўрнашиб қоладиган даражада таржима содда ва қулай тарзда амалга оширилиши кераклигини ўзи амалда исботлаб кўрсатган. Қолаверса, ҳадислар, аввало, Пайғамбаримизнинг кўрсатмаларидир. Уларни таржима қилаётганда, хаёлот ва илҳом қушларини кўп ҳам эркин қўйиб бўлмайди. Таржимада шеър тилини мураккаблаштириш эса шоирнинг савоб умидини йўққа чиқаради. Айниқса, қирқ ҳадис таржимонлари бу нарсага жуда эътиборли бўлишган. Улар нозик сўз ўйинлари, кўп қатламли бадиий тасвир воситаларини арбаъин туркумидаги асарларда кўп қўллайвермаганлар. Лекин шундай бўлса-да, француз олими Блоше Жомийнинг баъзан ўзи билган ва хоҳлаган тарзда ҳадисларнинг маъно чегараларидан ошганлигини ҳам таъкидлайди. Хусусан, бу “Арбаъини Жомий”да “Утлубул-хайра ъинда ҳисонил-вужуҳ” – “Яхшиликни очиқ, хушрўй юзли кишилардан кутинглар” ҳадисининг таржимасида кузатилишини қайд этади.
Айтиш мумкинки, шахси нуроний ва илмий-ирфоний, руҳоний камолотда беназир бўлган Жомийнинг ушбу асари ҳадисларнинг шеърий изоҳи ҳам ҳисобланади.
Буларнинг барчаси эса азал-азалдан Шарқ заминида инсонни маънан юксалтирувчи, унга саодат йўлларини кўрсатувчи хайрли амалларга ҳаммавақт катта эътибор қаратилганлигини кўрсатади. Гарчи, бизнинг назаримизда, қирқ ҳадис таржимаси, айниқса, Жомий ва Навоийдек улкан истеъдод ва тафаккур соҳибларига арзимаган ишдек туюлса ҳам, аммо, буюк бобокалонларимиз асло бундай деб ўйламаганлар. Аксинча, буни халққа яна бир шарафли хизмат деб билганлар.
XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI асрнинг авваллари ўзбек ва тожик халқлари маданий ҳаётида энг сермаҳсул бир давр ҳисобланади.
XV асрнинг иккинчи ярмига келиб ҳам ўзбек, ҳам форс-тожик тилидаги адабиётда катта сифат ўзгаришлари вужудга келган. Бу икки адабиётнинг икки дарғаси - Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг шоҳ асарлари яратилди. Уларнинг раҳнамолигида тожик ҳамда ўзбек халқлари ўртасида илм-фан, санъат ва адабиётнинг жанр ҳудудлари кенгайди
Халқларнинг адабиёти уларнинг ижтимоий ҳаётини кўрсатувчи йирик ойнадир. Зеро, қиссалар, шеърлар, мақоллар ва бошқа санъатларда халқларнинг ҳаёти ўзгача жилва ва шукуҳга эгадир. Форс тили ва адабиёти ҳам жуда улкан маданий бойликларга эга бўлгани боис асрлар давомида илм, дин ва ирфон тили бўлиб келган ва ҳозир ҳам ушбу қоидадан чиққан эмас. Дунёда ахлоқ ва одоб ҳамда ишқ ва дўстлик бор экан ва ҳаммани маҳлиё этар экан, форс адабиёти ҳам мангу ва барҳаёт қолади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Каримова С. Примеры персидской-таджикской литературы, повлиявшие на развитие турецкой поэзии. В статье анализируются уникальные образцы литературы представителей узбекской и персидско-таджикской литературы, глубоко изучивших тайны творческих достижений друг друга и творчески освоивших их. Персидско-таджикская литература занимает особое место в развитии узбекской литературы. Живительный дух и влияние традиций представителей персидско-таджикской литературы - Абу Абдуллы Рудаки, Абулкасима Фирдавси, Низами Ганджеви, Амира Хусрава Дехлеви, Саади Шерози, Омара Хайяма, Абдуррахмана Джами и др. На примерах доказано, что это хорошо видно в произведениях жанра.
Karimova S. Examples of persian-tajik literature that influenced the development of turkish poetry. The article analyzes the unique examples of literature of representatives of Uzbek and Persian-Tajik literature, who deeply studied the secrets of each other's achievements and creatively mastered them. Persian-Tajik literature occupies a special place in the development of Uzbek literature. The invigorating spirit and influence of the traditions of the representatives of Persian-Tajik literature - Abu Abdullah Rudaki, Abulkasim Firdavsi, Nizami Ganjavi, Amir Khusrav Dehlavi, Saadi Sherozi, Omar Khayyam, Abdurrahman Jami and others. The examples prove that this is clearly seen in the works of the genre.