УЛУҒ МАЪРИФАТПАРВАР МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 150 ЙИЛЛИГИГА Маҳмудхўжа Беҳбудий ёди

Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуднинг айни ёш, навқиронлик даври  узоқ муддатли маҳбусликда ўтди. 1953 йил бошқа минглаб ноҳақ қамалганлар билан бирга умумий афв сабаб, у ҳам озод этилди. Ватанга қайтганида у эллик олти ёшда эди. Адиб  умрининг охирги йиллари Самарқанд ва Душанбе шаҳарларида ўтди. Шу сабаб умрининг кейинги даврида ёзилган илмий-адабий меросининг бир қисми жияни Камол Айний хонадонида сақланиб келинган. Олимнинг фарзан-ди Нажод Вадудзода Душанбедан олиб келган қўлёзмалар турли жанрдаги  кўплаб асарлардан иборат. Бу манбалар орасида унинг хотиралари алоҳида қимматга эга.

Вадуд Маҳмуд Россиянинг совуқ лагерларида маҳбусликнинг чексиз азоб-уқубатларини тортди. Ҳаётининг озодликдаги йиллари ҳам руҳан озурдалик гирдобида кечди. Шундай бўлса-да, қалбидаги адабиётга бўлган чексиз муҳаббат, илмга ташналик уни ҳеч қачон тарк этмади. У турли жанрларда шеърий асарлар яратди. Ёшлик йилларининг қайноқ адабий-илмий муҳитида йўлчи юлдуз бўлган устозлари, ҳамқадам дўстлари, сафдош-маслакдошлари ёди унинг хотирасидан ўчмади. Улар ҳақидаги эсдалик-хотираларини асради ва келажак авлодларга ибрат қилиб бирма-бир ёзиб қолдирди. Абдуқодир Шакурий, Мунаввар қори Абдурашидхонов,  Садриддин Айний, Сиддиқий Ажзий, Ҳожи Муин ва бошқа жадид-зиёлилар ҳақидаги хотиралари шулар жумла-сидан.

Муаллиф эсдалик–хотираларида “тоғам” деб фахр билан эслайдиган биринчи муаллими Абдуқодир Шакурий ва унинг жадид мактаби ҳақидаги ҳужжатли қиссаси 90-йиллар матбуотида эълон қилинган эди[1]. Яна бир хотира-эсдаликлари Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Самарқанд жадид-зиёлилари, сафдош-маслакдошлари фаолиятига бағишланган[2].

“Маҳмудхўжа Беҳбудий” номи билан қоғозга туширилган мазкур хотиралар муаллифнинг ўз дастхати билан кирилл алифбосида, оддий ручкада, мактаб ўқувчилари дафтарига ўзбек тилида ёзилган. Манба тўрт дафтардан иборат бўлиб, 70 саҳифани ташкил этади. Айрим ўринларида саҳифа орқа томонига ҳавола-изоҳлар бериб кетилган. Хотиранинг  ёзилган йили дафтарларнинг ҳеч бир ерида қайд этилмаган. Лекин матндаги сўз ва жумлалар ёзилишида учрайдиган айрим қисқартиришлар, баъзи ўринларда жумлаларнинг тугалланмай қолиши каби белгилардан муаллиф бу хотираларни 70-йилларда – умрининг охирларида жуда шошилинч равишда ёзганини тахмин қилиш мумкин[3].

Вадуд Маҳмуд устозининг бевақт вафотига бағишланган марсиясида: “Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди.

Маҳмудхўжа Туркистоннинг йўл-бошчиси эди.

Маҳмудхўжа ўзининг Туркистон боласи эканини тушунган бир йигит эди. Шунинг учун у бизга, Туркистонга ҳар нарса эди.

Маҳмудхўжа Туркистоннинг янги-лик даври тарихинда ёруғ бир чироғ эди!”[4] – дея таъриф берган эди. Бироқ у йиллар тўфони ўзининг битмас жароҳатларини қолдириб, тарих саҳифаларидан ўтди -  аммо ўчмади...

Муаллиф Маҳмудхўжа Беҳбудий билан боғлиқ хотираларини  баён қилар экан, ўқувчи кўз ўнгида ўша давр манзаралари жонланади. ”Маҳмудхўжа Беҳбудий Самарқандда, балки ўша замондаги Туркистонда биринчи тараққийпарвар, биринчи маротаба ўз ташаббуси ва ўз харжи билан газет чиқариб, шу ўлканинг уйқудан уйғонишига сабаб бўлган”[5], бўғиқ муҳитда “ёруғ бир чироғ” бўлганини таърифлайди. 

Шу ўринда ўз даврининг маърифатпарвар-жадидлари бўлиб танилганлар тафаккурида содир бўлган ўзгаришларга ўша давр матбуотининг илк намунаси бўлмиш газета-журналларнинг ўрни беқиёс бўлганини эслатиш жоиз. Негаки бундан 110-120 йиллар олдин ўзга халқлар ва давлатлар ҳаётида қандай ўзгаришлару янгиликлар содир бўлаётгани хабарини фақатгина газета ёки журналларда босилиб турган хабарлардан ўқиб билиш мумкин эди. Вадуд Маҳмуд матбуот-газетанинг мазкур жиҳати тўғрисида:“Бу одамлар -Саидаҳмад Ажзий, Ҳожи Муин, Андижоннинг фаол жадидларидан бўлган ҳожи Абдуллолар газетхонлик билан ўзларини етиштир-ганлар”- деса, муаллим Шакурийнинг онг-тафаккуридаги илғор ўзгаришлар ва унинг жадид мактаби очиш фикрига келганини “Таржимон” газетаси билан танишишидан бошланганини”[6] ёзади...

Бу халқни “уйқудан уйғотиш”нинг асосий воситаси матбуотни йўлга қўйиш ва кучайтириш ҳамда янги усули савтия мактабларини ташкил қилиб, миллат фарзандларини ўқитиш деб билган Беҳбудий барча жидду жаҳдини ана шу вазифаларни амалга оширишга қаратади. У биринчи марта 1899-1900 йилларда ва иккинчи марта 1914 йилда чиққан ҳаж сафарлари давомида Марв, Боку, Кавказ, Ростов, Туркия, Миср, Ливия, Дамашқ, Байрут, Қуддус ва бошқа мамлакатлар, йирик шаҳарлар, у ердаги аҳолининг яшаш даражаси, илм-маърифати, фаровонлиги ёхуд қолоқ ҳаёт тарзи билан танишади, таҳлил этади, хулосалар чиқаради: Хусусан, “Боку ... хийла вусъат топиб, иморат-лари беш-олти табақағача юксалиб-дур...”[7], дея хурсандлигини баён этса, яна бир ўринда Туркиянинг Андра (Адирне) шаҳри билан Истанбулни боғлайдиган поездни “насоролар” қургани ҳақида гапириб, ”Бу кунғача бир чақирим темир йўли бино қилмоқға бутун мусулмонларнинг илм ва иқтидори йўқдур...”[8] дея куюнади. Байрутдаги таълим даргоҳлари хусусида гапирар экан, мактаб ва олийгоҳларнинг жуда кўплиги, уларда обсерватория, лабора-ториялар мавжудлигини, анатомия, хирургия, фалсафа фанлари ва бошқа замонавий илмларни ўқитиш аллақа-чонлар йўлга қўйилганидан ғоятда таъсир-ланади:“Ажнабийларнинг минг-лаб талабалик ҳар нав дорулфунуни ва неча юзлаб талабалик ҳар нав мактаби 50 дан зиёда бўлуб, мунтазам расадхона, кимёхона, ташриҳ ва жарроҳи ва ҳикматхоналари бордур...”[9]

Беҳбудий айнан ўзга миллатлар ва бошқа давлатлар тараққиёти билан қиёслаганда Туркистон халқларининг залолат ботқоғида яшаётганидан, ўзи яшаётган мамлакат, хусусан, йирик марказлардан саналган Самарқанднинг ўша даврдаги аҳволидан қаттиқ қайғуга тушади. Бу вақтда эса:“... Туркистон, билхосса, Самарқанд бутун дунёдан хабарсиз, қоронғу бир зиндон каби эди. Халқ нодон, уламо мутаассиб, ҳукумат ниҳоят даражада ғадбир ва золим, маишати бузуқ, ахлоқи фасод ...эди”[10]. Ҳожи Муин эса 1892 йилда Самарқандда Беҳбудийдан илгари ерлик мусулмонлардан «Таржумон» газетасини олиб ўқийдиган кишилар 3 нафаргина - ҳожи Абдулқодир (меъмор), Хўқандбой Абдухолиқ ўғли, соатчи Бадриддин афандиларни[11] айтиб ўтади.

Айни вақтда Туркистондай йирик мамлакатда тараққиёт белгиларидан саналган матбуотнинг йўқлиги, ҳатто биргина газета нашри ҳам йўлга қўйилмаганида очиқ кўриниб турарди. “Ҳоло ойинаи жаҳон статистиқларига боқилса, вусъатча Бухорони тўртдан бири, нуфусға тақрибан баробар Сербия мамлакатини икки миллиён халқи учун олтмишдан зиёда газета нашр бўладур. Инчунин, икки ярим миллиён юноний грекларни икки юздан зиёда газетаси бордур. Уч миллиёнға яқин Хива, Бухорони бир адад газетаси йўқдур. Тўққуз миллиён Ўрта Осиё мусулмонларини бир газетаси (тағи) бир газета чиқармоққа салоҳияти, истеъдоди йўқдур! ...”[12]

 Ана шу “Тўққуз миллиён Ўрта Осиё мусулмонларини бир газетаси (тағи) бир газета чиқармоққа салоҳияти, истеъдоди йўқдур! ...” – дея қалби парчаланган Беҳбудий шу вазифани амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олади, қатъият билан ишга киришади.  Табиийки, бу йўл оғир бўлиб, чор ҳукумати тазйиқи остидаги бошқарув, мутаассиб руҳонийлар қаршилиги ва жоҳил халқ- булар билан боғлиқ кўплаб тўсиқларни енгиб ўтиш, катта жасорат ва темир ирода талаб қилар эди. У ёнига Ҳожи Муин, Саидризо Ализода ва бошқа шогирдларини йиғиб, газетани нашр қилиш ишларини бошлаб юборади. Ва ниҳоят “1913 йил 15 апрелда Беҳбудийнинг масъул муҳаррирлигида Самарқанд жадидларининг тўнғич газетаси “Самарқанд”  номи билан чиқа бошлади. Ҳафтада икки марта икки бетлик чиққан бу газета 7-8 сонидан бошлаб тўрт бетлик бўлиб, 400-600 нусхада босилиб туради”[13].

Газета ёки журнални ташкил этиш, босмахона асбоб-ускуналари,  нашр этиш, ишчи-ходимларни маблағ  билан таъминлаш бу - ишларнинг барча-барчаси катта меҳнат ва куч талаб қиларди, албатта. Лекин булардан ташқари шу газетанинг Туркистондаги кўплаб хонадонларга кириб бориши, аксарият оилаларда ўқилишига эришиш масаласи ҳам бор эди...

Бу борада Беҳбудий қандай йўл тутган деб ўйлайсиз? Вадуд Маҳмуд хотираларида сизу биз кутмаган жавобни тақдим этади: “У замонлар газет нима, оламда нима аҳволот бўлиб турубдур, ҳеч кимни қизиқтирмайдиган бўлган. Беҳбудий шаҳардан –шаҳарга, қишлоқдан қишлоққа   юруб, ташвиқот қилиб, газет ва журналига обуна ёздиратурган бўлган[14]...

Бу жумлаларни ўқиган ўқувчида улуғ маърифатпарварга, унинг шахсиятига бўлган ҳурмат янада ошади. Беҳбудий ўзи яшаган жамиятнинг зодагон қатламидан, билимдон муфтий, моҳир сиёсатчи, араб, форс ва рус тилларидан эркин фойдалана оладиган полиглот, усули савтия мактаблари учун бир нечта фанлардан дарслик-китоблар яратган педагог, ношир, драматург...  ИНСОН шу миллат равнақи учун ҳатто ўзи “шаҳардан –шаҳарга, қишлоқдан қишлоққа юруб, ташвиқот қилиб, газет ва журналига обуна ёздиргани бугунги кунда ҳам ҳар бир ўзбек, зиёли, бошлиқ-раҳбарга ибратдир.

Ўша даврларда “газетхон” номини олиб, газетага обуна бўлиш, жамиятда ўқимишли ва зиёли қатламга алоқадорлик ҳар бир ўзини англаган шахс учун фахрли иш, юқори даража саналган. Вадуд Маҳмуд хотираларида яна ёзади:“Муаллим Шакурий мактабида халфа бўлуб ишлаб юрган чоғларим эди. Бир кун мени олиб шу газетнинг идорасига бордилар... Катта бир уй, уй тўрида бир устол орқасида газетнинг муҳаррири Беҳбудий, кўзларига айнак таққан, бир томонда газетнинг таржимони Саидризо Ализода, бошқа томонда газетани тарқатувчи Ҳожи Муин Шукрулло ўғли адреслар ёзмоқ билан машғул. Мана шу ерда газетага обуна бўлуб қайтдик... Бу ҳодиса меним ҳаётимда муҳим бир ҳодиса тарзида жилваланди. Чунки у замонлар ким билар, Самарқанд каби катта шаҳарда газетга обуна бўлуб, газетхон сифатига ноил қанча киши эди экан...

Ҳафтада икки-ёки уч карра чиқадирган газетни махсус почталён ташиб келтириб, бериб кетар эди. Шулар қаторида мен ҳам бор эдим. Ва бу менинг учун зўр бир ифтихор эди”[15].

Миллат равнақи учун матбуотнинг ўрни беқиёс эканини англаган Беҳбудий Ватан тараққийси учун куйиб-ёнган, ҳар бир жабҳада етакчилик мақомида тура олган. Беҳбудий  бу машаққатли йўлда, яъни илк матбуот нашрларини йўлга қўйиш соҳасида ҳам ўзининг бутун куч-қудратинигина эмас, ҳатто ихтиёрий равишда жуда катта миқдордаги маблағларини сарф қилди. У ўзи асос солган мазкур газета нашри учун  техника жиҳозларини келтириш, газетани нашр қилиш, тарқатиш, ишчи-ходимларга маош тўлаш ва бошқа зарурий эҳтиёжларни қоплаш харажатларини ўз маблағи ҳисобидан амалга оширди. Минг афсуски, ўша даврда Туркистонда миллатнинг ойдинфикр зиёли қатлами камчиликни ташкил этар, халқнинг асосий қисми маърифатсизлик ва иқтисодий қийинчилик исканжасида кун кечиргани сабаб газета, журнал ёки китоб сотиб олиб ўқиш имконияти ниҳоят даражада қийин эди. Шу сабаб Беҳбудий бошчилигидаги жадид-зиёлилар қанчалик ҳаракат қилмасинлар, катта меҳнат ва катта маблағ сарф қилиб чиқарилган газетанинг кўп қисми, афсуски, сотилмай қоларди: “Самарқанд” газети қанча тиражи бўлмасин, Самарқанд шаҳрининг ўзида юз нусхаси зўрға сотилатурғон бўлган. Бухоро, Хўжанд, Ўратепа, Конибодом ва бошқа туркийзабон шаҳарларда ҳам ўн-йигирма нусха тарқалиб, бошқа нусхалари тахланиб қолатирғон бўлған”[16]

Сўнг Беҳбудий шу йилнинг (1913) 30 августидан “Ойна” журналини чиқара бошлайди. “Ҳафталик, суратлик бу мажалла, асосан, ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеър, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб борилади…[17] Журнал “Самарқанд” газетасига қараган анча муваффақият қозонади, кенг тарқалади. Ҳатто “Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндис-тон ва Туркиягача тарқалар эди… Жадидларнинг севикли журналлари эди…” деб ёзган эди Зиё Саид ушбу журнал ҳақида[18].

Бундан ташқари, “Беҳбудий яна шу мақсад била ўз пулидан бир кутубхона (библиотека) таъсис қилган. Бу китобхонани турли китоблар билан уч минг ададга яқин тўлдирган ва ўқийтурган толибларга яқин ва осон бўлсин деб Регистоннинг рўбарўсида бир болохонада ижара пулини, қоровул, китобдор ойлиги, мавожиб[19]ини ўз чўнтагидан бериб турган...

Вадуд Маҳмуднинг юқоридаги хотираларидан Маҳмудхўжа Беҳбу-дийнинг Туркистонда илк матбуот нашрларини йўлга қўйишдаги саъй-ҳаракатлари, у ва жадидлар жамоа-сининг енгиб ўтган қийинчиликлари ҳақидаги  маълумотлар асосида айрим мулоҳазаларгина баён этилди. Хотиралар Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсияти, оиласи, атрофидаги жадид-маърифатпарварлар билан олиб борган фаолиятларига доир биз билган маълумотларни бойитишга ҳамда беҳбудийшунослигимиздаги айрим мавҳумликларни ойдинлаштиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.     

 

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Вадуд Маҳмуд. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Хотиралар. Қўлёзма. 70 саҳифа.
  2. “Зарафшон”нинг Беҳбудийси. Мақолалар тўплами. –Тошкент: “Sahhof” нашриёти. 2020. 144–Б.
  3. https://docs.yandex.ruBegali%20Qosimov%20va%20b.%20Milliy%20uyg%27onish%20davri%20o%27zbek%20adabiyoti.pdf
  4. https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/mahmudhuja-behbudiy-1875-1919/
  5. https://docs.yandex.ru/docs/ зарафшоннинг%20Беҳбудийси&url.pdf
  6. Desktop/Sayns%20materiallari/Naim%20Karimov.%20Mahmudxo‘ja%20Behbudiy.pdf

 

Xurramova Z. Remembrance of Makhmudhodja Bekhbudiy. This article presents a scholarly analysis of Vadud Mahmud’s memoirs titled “Mahmudkhoja Behbudi”, dedicated to his mentor, Mahmudkhoja Behbudi. Written in the 1970s, these memoirs provide valuable insights into Behbudi and the circle of Jadid intellectuals who played a pioneering role in establishing early press publications in the Turkestan region, particularly in the city of Samarkand. The memoirs detail their efforts, struggles, and the challenges they overcame in this endeavor. Furthermore, the study highlights the significance of these memoirs in contributing to and enriching contemporary Behbudi studies with new information.

 

Хуррамова З. Вспоминание Махмудходжи Бехбуди. В данной статье представлен научный анализ мемуаров Вадуда Махмуда под названием “Махмудходжа Бехбуди”, посвященных его наставнику Махмудходже Бехбуди. Написанные в 1970-х годах, эти мемуары дают ценную информацию о Бехбуди и круге джадидских интеллектуалов, которые сыграли первопроходческую роль в создании первых печатных изданий в Туркестанском регионе, особенно в городе Самарканде. В мемуарах подробно рассказывается об их усилиях, борьбе и трудностях, которые они преодолели в этом начинании. Кроме того, в исследовании подчеркивается важность этих мемуаров для внесения вклада в современные исследования Бехбуди и обогащения их новой информацией.

 

[1] Вадуд Маҳмуд 70-йилларда бу ҳужжатли қиссани ўқиш учун атоқли тожик адиби Сотим Улуғзодага беради. Лекин у хотираларни  ўқиб туатмасидан Вадуд Маҳмуд вафот этади. Хотираларни Сотим Улуғзода таҳрир ва айрим қисқартиришлар билан эълон қилганини ёзади. Бу ҳақда қаранг: Вадуд Маҳмуд, Муаллим Шакурӣ. Ҳужжатли қисса. – Душанбе, Садоӣ Шарқ. 1994. №8. 3-41 –Б.

[2] Бу ҳақда қаранг: “Жадид” //2025 йил 4-сон (56).  Нашрга тайёрловчилар: Зебо Хуррамова, Нажод Вадудзода. 

[3] Вадуд Маҳмуднинг мазкур хотиралари З.Хуррамова ва Н.Вадудзода томонидан айрим қисқартиришлар билан нашрга тайёрланди. Бу ҳақда қаранг:Маҳмудхўжа Беҳбудий. “Жадид”//2025. 24-январ, 4-(56) сони.  

[4] Вадуд Маҳмуд. Танланган асарлар.  –Тошкент: Маънавият, 2007. 144-бет.  Нашрга тайёрловчи, ф.ф.д.профессор .Б.Каримов.

[5] Вадуд Маҳмуд. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Хотиралар. 1-дафтар, 1-бет.

[6] Вадуд Маҳмуд. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Хотира.  4-дафтар, 2-3-бетлар

[7] Зарафшоннинг Беҳбудийси. Мақолалар тўплами. –Тошкент: “Sahhof” нашриёти. 110-бет. Тўплаб нашрга тайёрловчи: Акрам Ҳайдаров.

[8] Ўша манба, 115-бет.

[9] “Зарафшон”нинг Беҳбудийси. Мақолалар тўплами. –Тошкент: “Sahhof” нашриёти. 2020, 117-бет.

[10] Иқтибос Ҳалим Сайид мақоласидан олинди. 24-б. “ Зарафшон”нинг Беҳбудийси. Мақолалар тўплами. –Тошкент: “Sahhof” нашриёти.

[12] “Зарафшон”нинг Беҳбудийси. Мақолалар тўплами. –Тошкент: “Sahhof” нашриёти. 2020. 125-126-бетлар.

[13] Зарафшоннинг Беҳбудийси. Мақолалар тўплами. –Тошкент: “Sahhof” нашриёти. 2020, Маърифат яловбардори. Т.Тошмуродов, А.Абдуманноеов. 12-бет.

[14] Вадуд Маҳмуд. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Хотира. 1-дафтар, 2-бет.

[15] Вадуд Маҳмуд. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Хотира.  1-дафтар, 6-7-бетлар.

[16] Ўша манба.  6- бет.

[19] Мавожиб –бу ўринда зарурий эҳтиёжлар

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati