Тил тизимини ўрганиш нафақат таркибий жиҳатларга, балки шу билан биргаликда тилнинг нутқда қандай воқеланишига аҳамият қаратишни тақозо этади. Ҳурмат тамойилларини прагмалингвистиканинг ҳали тўлиғича пишиб етмаган масалалари сифатида эътироф этсак муболаға бўлмайди. Мазкур мақолада хушмуомалалик стратегияси испан бадиий мулоқот матнидан олинган нутқий актлар асосида таҳлил этилган. Ҳурмат тамойили зиддиятли вазиятларни бартараф этишга хизмат қиладиган нутқий фаолият стратегияси сифатида тан олинган. Ушбу стратегиянинг фаоллашувидан асосий мақсад шахс қадриятини, ҳурматини жойига қўйиш ҳисобланади. Энг довруқли олимлардан бири – файласуф, профессор Жон Дьюининг таъкидлашига кўра, инсон табиатига хос бўлган барча интилишлар замирида “ўзининг қадрли бўлишини исташ” ётади. Уильям Жеймс эса бу борада шундай дейди: “Инсон табиатининг чуқур хусусиятларидан бири – кишининг ўзига яраша қадрини муносиб баҳоланиши хоҳишидир”. Ҳурмат ва қадрланишга интилиш Диккенсни ўлмас асарлар ёзиш сари илҳомлантирди. Ана шу интилиш Кристофер Ренни тош ҳақида поэма битишга ундаган бўлса, Роксфеллерга миллионларни жамғариш имконини бериб, у бу пулларни умрининг охиригача сарфлай олмади [Карнеги Д., 2015; 30].
Ҳар бир шахс суҳбатдоши билан нутқий алоқага киришар экан, албатта бундан қандайдир аниқ мақсадни кўзлаган бўлади. Бу мақсадга эришиш учун эса маълум тамойилу қоидаларга бўйсуниш талаб этилади. Лисоний мулоқотнинг маҳсулдорлигини таъминлаш тамойил- қоидаларини тарғиб қилишга оид беҳисоб нодир асарлар, мақол ва маталлар яратилган. Бу борада шарқ мутафаккирларидан Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”, Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр”, “Маҳбуб ул-қулуб” сингари асарлари алоҳида ўрин эгаллайди. Уларнинг барчаси ҳозиргача ўзининг қадр-қийматини сақлаб, С.Мўминов [Мўминов C., 1997; 55], Ш.Искандарова [Искандарова Ш.М., 1993; 27], Ш.Сафаров [Сафаров Ш.С., 2018; 185] каби олимларнинг илмий изланишларида дастуруламал бўлиб келмоқда. Ҳурмат тамойилларига асосланиш самарали мулоқотнинг гарови сифатида хизмат қилишини хорижий тилшунослардан Ҳ.Грайс, Ж.Лич, Г.Каспер, С.Левинсон, П.Браун, Р.Лакофф, Х. Хаверкате, Л. Орозко ва бошқалар ўз илмий тадқиқот ишларида исботлаб кўрсатганлар.
Сўзловчи бирор бир нутқий тузилмани талаффуз этаётиб, кўп ҳолларда тузилмада бевосита ифода топмаган ва унинг пропозицион маъносидан келиб чиқмаган, лекин, сўзловчи назарда тутаётган контекстдан хабардор қобилиятли тингловчи томонидангина тушуниладиган иллокутив актни ифодалайди. Мулоқотдошларнинг бир-бирини тушуниши лисоний коммуникациянинг асосий шартидир. Масалан, “Чой тугабди”, “Совуқ” жумлаларини тингловчининг образига хавф солмаслик ниятида билвосита ифодаланганлиги ва уларни “Чой дамла”, “Иссиқроқ кийин” ёки “Эшикни ёп” каби мазмунларда англаш учун Ж. Сёрль айтган shared background information [Сёрль Ж., 1975; 48], яъни “ўзаро умумий ва олдиндан маълум бўлган маълумот”га эга бўлиш керак. Аммо, бундай ҳолатда ва “орқа фон”да турадиган маъно ўз-ўзидан пайдо бўлмайди [Сафаров Ш.С., 2008; 109]. Масалан, испан тилидан келтирилган қуйидаги матнда ушбу хусусиятни кузатишимиз мумкин:
La mujer viene al despacho de su marido y dice: “Se muestra una pelicula interesante por la televisión”
El marido: Lo siento, tengo mucho trabajo que hacer.[Baroja P., 1979; 54]
Ушбу диалогда хотини эрига фильм кўришни таклиф этаяпти, лекин, унинг нутқий актида бу прагматик мазмун бевосита ифодаланмасдан контекст шароитида назарда тутилаяпти. Эрнинг жавобида ҳам инкор бевосита шакллантирилмаган, аммо, тагмаънода мавжуд. Эр-хотин бир-бирини аъло даражада тушунаяпти ва агар аёл эрининг нимани назарда тутаётганини сўраганида ғалати кўринган бўларди. Бу ерда гап Америка тил фалсафасининг намояндаларидан бири Герберт Пол Грайс “импликатура” деб аталган ҳодиса тўғрисида бормоқда [Grice H.P., 1975; 46]. Бу турдаги коммуникатив вазиятлар учун у имплицитлаш, импликат ва импликатура атамаларини киритган. Биринчи нутқий актда кино кўриш таклифи имплицит кўриниш олаяпти, кейингисида эса вақтим йўқ импликатини яққол кузатиш мумкин.
Г.П.Грайс импликатураларни конвенционал ва коммуникатив гуруҳларга ажратиб кўрсатади. Биринчиси талаффуз этилган нутқий тузилма маъносининг қисми ҳисобланади. Конвенционал импликатура негизида табиий тилдаги ибора ва сўзлар маъноларини контекстдаги маъносидан узиб талқин қилиш ётади. Айни бир нутқий тузилманинг ўзи, воқеланган мулоқот матнидан келиб чиққан ҳолда, ҳар хил маъноларни талқин қилиши мумкин ва уларнинг ҳар бири эълон қилинган ибора маъносининг қисми ҳисобланади. Нутқий мулоқотдаги тажрибамизда бир иборанинг ўзи турли мазмун ва туслардаги маъноларни ўз ичига олишига амин бўлдик. Масалан, ҳамсуҳбатимиз “Кечаги тўйда дастурхон жуда чиройли эди”, деб мақтаса, биз тушунамизки, у тўйдаги стол устига тўшалган мато ҳақидамас, балки дастурхонга тортилган нозу неъматлар тўғрисида гапираяпти. Бу импликатура негизида тилда “дастурхон” сўзи маъносига боғланган, таомларнинг характерига ишора қилувчи конвенция туради.
Бу турдаги лисоний тузилмаларни тушуниш учун тингловчи маданий фон билимларига эга бўлиши керак. Чунки ўзбек маданий мулоқот меъёрларидан бехабар бошқа миллат вакили бўлган тингловчи бу гапни сўзма-сўз таҳлил қилиб нотўғри талқин қилиши гумони йўқ эмас. Биз учун ҳам суҳбат контекстида нутқий мулоқот прагматикаси ортидан вужудга келадиган имплицит ифода, яъни коммуникатив импликатура алоҳида қизиқишни уйғотади. Импликатураларни ҳазм қилиш, яъни нутқни тўғри тушуниш негизида, биринчидан, ҳар бир қобилиятли тил соҳибига хос бўлган самарали мулоқот қоидаларини билиш ётса, иккинчидан, суҳбатдошнинг оқилона презумпцияси (эҳтимолликка ёки тахминга асосланган фараз) муҳимдир. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳамсуҳбатнинг оқилона презумпцияси мулоқотнинг самарали кечишининг гаровидир.
Ҳ.П. Грайс мулоқотнинг прагматик қоидаларини шакллантириб, лисоний мулоқотнинг самарали кечишини тизимли равишда тадқиқ қилишга ўз ҳиссасини қўшган. Суҳбатнинг самарали кечиши, яъни иллокутив мақсадга эришиш учун диалог олиб боришнинг маълум қоидаларига амал қилиш кераклиги турган гап. Ҳ.П. Грайс таълимотига кўра, коммуникатив фаолият асосини ўзаро ҳамкорлик тамойили ташкил қилади ва бу қуйидагича таърифланади: “Мулоқот диалогининг ушбу босқичида сенинг коммуникатив улушинг мулоқот мақсади ва вазияти талабига жавоб бериши керак” [Grice H.P., 1975; 45]. Ҳамкорликка эришиш мақсадида ҳамсуҳбатлар тўртта асосий тамойилга таянишлари лозим бўлиб, Ҳ.Грайс бу тамойилларни “maxim”, яъни максималар, деб белгилаган. Ушбу максималарнинг бир-биридан фарқи маълумотнинг қайси йўл билан эълон қилинганига боғлиқдир. Маълумки, лисоний мулоқот жараёнида миқдор, сифат, муқобиллик ва муомала тарзи асосий ўрин касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, улар қуйидаги тамойиллар бўйича гуруҳланади:
1. МИҚДОР постулатлари (берилаётган ахборотнинг миқдорини белгилаш):
1.1. Сенинг ахборотинг талаб даражасидан камроқ бўлмаслиги лозим.
1.2. Сенинг ахборотинг талаб даражасидан кўпроқ бўлмаслиги лозим.
2. СИФАТ постулатлари (эълон қилинган ахборотнинг ростлигини таъминлаш):
2.1. Ахборотнинг ҳақиқатга мослигини таъминлашга ҳаракат қил, яъни:
2.1.1. Ёлғон деб ўйлаган ахборотни эълон қилма.
2.1.2. Етарлича далилга эга бўлмаган маълумотни баён этма.
3. ДАХЛДОРЛИК постулати ёки мавзуга оидлик тамойили, шунингдек, ўринлилик постулати деб атасак ҳам бўлади:
3.1. Мавзудан узоқлашма, керакли ахборотни баён эт.
4. УСЛУБ постулати ёки тарз тамойили – аниқ ва равшан сўзлашга чорлайди:
4.1. Тушунарсиз ёки англаш мушкул бўлган иборалардан фойдаланма.
4.2. Дудмалликдан сақлан.
4.3. Фикрингни ихчам баён эт.
4.4. Баёнинг мантиқий тартибда бўлсин.
Албатта, бу қоидалар яна тўлдирилиши мумкин. Улар заминида бошқа шунга ўхшаш самарали мулоқотнинг тизимли қоидалари ишлаб чиқилган. Баъзан бу қоидалар, Ҳ.Грайс берган тартибдан фарқли ўлароқ, бошқача шакллантирилган, лекин муҳими, уларнинг асл мазмун-моҳияти ўзгармаган.
¿De dónde aconsejas comprar los zapatos?
¡Los zapatos mejores son en Pertini! [Galdós B., 2016; 56].
Адресантнинг “Қаердан пойабзал сотиб олишни маслаҳат берасан?” деган саволига реципиентнинг “Энг зўр аёллар оёқ кийимлари “Pertini” савдо дўконларида” деб жавоб беришини қандай нутқий актлар гуруҳига киритиш лозим? Унинг иллокутив кучи қай даражада ва суҳбатдошга қандай таъсир этади ва ниҳоят, перлокутив натижа мос бўладими? Бир қарашда норелевант нутқий актни ифодалаб, самарали мулоқот тамойили бўлган ҳамкорлик тамойилидан чекингандек туюлади: тингловчидан маслаҳат кутилганда, у “Pertini” савдо белгиси остида фаолият кўрсатаётган дўконларга бўлган муносабатини билдирмоқда. Лекин, адресатни жуда яхши билган сўзловчи, унинг ҳамкорлик тамойилини бузишга асос йўқлигини фаҳмлайди, билдирган фикрнинг оқилоналигига ишонади ва уни ундов сифатида эмас, балки чин дилдан берилган маслаҳат сифатида қабул қилади. Ҳозиргина хонага кириб, фақатгина “Los zapatos mejores son en Pertini” жавоб репликасини эшитган киши учун эса бу экспрессив нутқий акт сифатида намоён бўлади. Агарда мазкур нутқий ҳаракат ушбу фирма намояндаларидан бири томонидан талаффуз этилганда, ушбу нутқий актни тижорат мақсадида айтилган қаттиқ туриб илтимос қилиш, ишонтириш ҳаракати ёки оддий тил билан айтганда, ташвиқот деб талқин этилиши ҳам мумкин бўлар эди. Шундай қилиб, нутқий тузилманинг мулоқот интенцияси нутқий вазият, коммуникатив муҳитга, нутқ субъектларининг хусусиятларига асосланиб аниқланади.
Суҳбатдош презумпциясининг оқиллиги ва бу қоидаларни билиш, яъни суҳбатдошнинг ҳамкорлик тамойилидан чекинишига асос йўқлигига ишониш, бизга коммуникатив импликатураларни шакллантириш ва тўғри фаҳмлаш имкониятини беради.
Маълумки, импликатура фақатгина қуйидаги ҳолларда қўлланилишга ҳақли:
1. Сўзловчи ҳамкорлик тамойилига амал қилганда.
2. Сўзловчи томонидан яратилган импликат мавзуга оидлик тамойилига асосланганида.
3. Сўзловчи тингловчининг айтилган фикрини тўғри фаҳмлай олиш қобилиятига ишонган тарзда мулоҳаза билдирганида.
Мисол тариқасида испан тилидан келтирилган қуйидаги диалогни қараб чиқсак:
А. Abuela: Me parece que Juan esta enfermo y no puede ir al colegio.
В. Madre:¿Crees? ¿No ves que el canta y baila durante todo el dia con sus amigos? [Galdós B., 2016; 126]
Ўзбек тилидаги таржима:
А. Бувиси: Хуаннинг тоби йўқ, бугун дарсга бормай қўя қолсин.
Б. Ойиси: Наҳотки? У кун давомида дўстлари билан ўйин-кулги қилиб юрганини кўрмадингизми?
Агар (А)нинг (Б) ҳамкорлик тамойилини бузишига, хусусан, унинг релевантлик постулатига риоя қилишига шубҳаланишга асоси бўлмаса ҳамда билдирилган фикрни (Б) тўғри идрок эта олишига ишонса, ниҳоят, назарда тутилган импликатнинг релевантлик тамойили ҳар иккаласи нуқтаи назаридан бузилишига йўл қўйилмаса, шунда тингловчи коммуникатив импликатурани осонгина қабул қила олади ва бу импликатнинг ҳукми “Хуан соппа-соғ ва у мактабга бориши керак” тарзида намоён бўлади. (Б)нинг нутқий тузилмаси шаклан сўроқ бўлишига қарамасдан, бу ўринда унинг мақсади сўраш эмас, балки билдирган ҳукмини далиллаштиришдан иборат.
Шундай қилиб, ҳурмат тамойилларига асосланган имплицит нутқий актларда нутқий бирликнинг структур тузилиши унинг прагматик мазмуни, яъни ифоданинг асл иллокутив мазмунидан тубдан фарқ қилар экан. Д. Гордон ва Г. Лакоффнинг “Ҳар кунги нутқий мулоқотимизда бир лисоний бирликни бошқасининг маъносини ифодалаш учун ишлатамиз” [Gordon D., Lakoff G., 1975; 288], деган даъвосини испан тили мулоқот матнидан келтирилган мисолларни интенционал таҳлили орқали кўриб чиқдик ва уларнинг хушмуомала шакллар асосида воқеланиши, шубҳасиз, мулоқотнинг самарали кечишини таъминлашига амин бўлдик. Шундай экан, билвосита нутқий актлар тингловчининг ҳис туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ҳаракатга ундашда хушмуомалалик принципига асосланиш орқали мулоқот самарадорлигини таъминлайди. Тафаккурда мавжуд бўлган интенцияни у ёки бу шаклда воқелантириш нутқ субъектларининг миллий-маданий, ижтимоий психологик, мулоқот доирасидаги ўрни, коммуникатив муҳит каби бир қатор этнопрагматик омилларга ҳам боғлиқ бўлиб, ушбу масалани истиқболдаги илмий ишларимизда тадқиқ этсак замонавий тилшунослигимизнинг равнақига муҳим ҳисса қўшган бўламиз. Чунки ҳурмат шаклларининг ифодаланиши турли лисоний маданият соҳибларида фарқли равишда кечади ва ушбу тамойилларни мукаммал билиш, ўз навбатида, мулоқот самарадорлигини таъминлашга таъсир этмай қолмайди.
Адабиётлар:
Shamahmudova A. Principles of cooperation as the basis of the politeness strategy. This article deals with a problem of realization of politeness forms in speech acts in order to achieve effective communication in Spanish discourse. The results suggest that using politeness strategies plays the key role in achievements of goals in conversation.
Шамахмудова А. Принципы кооперации как основа стратегии вежливости. В данной статье рассматривается проблема реализации форм вежливости в речевых актах для достижения эффективного общения в испанском дискурсе. Результаты показывают, что использование стратегий вежливости и принцип кооперации играет ключевую роль в достижении коммуникативных целей