ЎЗБЕК ДОСТОНЛАРИДА АВАЗ ОБРАЗИНИНГ ПСИХОЛОГИК ТАСВИРИ

Мирзаев  Жонмирза Нематович,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти

университети Ахборот ресурс марказининг директори

 

Калит сўзлар: эпос, мифологик тафаккур, мотив, образ, сюжет, метод, бадиий тасвир, психологик тасвир.

Ҳар қандай эпос бу халқнинг маънавий дунёсини, ўзлигини ўзида мужассам этади.  Ҳар бир эпос аввало шу халқнинг менталитети, дунёга, ҳаётга, жамиятга, ижтимоий муносабатларга психо-эстетик муносабати асосига қурилади. “Гўрўғли” эпоси ҳам шундай. Уни қайси халқ яратган бўлса, унда  юқоридаги мотивлар, дунёни бадиий-эстетик қабул қилиш билан бирга унда шу халқнинг майл ва истаклари, одатлари, маънавий қиёфаси акс этади. Ҳар қандай бадиий асар, моҳиятига кўра, ўз олдига эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги чегарани кўрсатишга, бошқача айтганда, ёвузлик ва эзгулик курашида эзгуликнинг ғалабасига қурилади, эътиборни ана шу курашдан чиқадиган хулосаларга қаратади.  Айнан эзгулик йўлидаги кураш, унинг ғалабаси, қаҳрамонларнинг ўзаро ҳамда ёвуз кучларга, ватанга муносабатлари орқали шу халқнинг этно-психологиясини намоён қилади, шунингдек, эшитувчи, ўқувчи, кўрувчи, тингловчиларда  муносабатлардан, руҳий ҳолат ва вазиятда танлаган йўли таъсирида  эстетик ибратга мойиллик уйғотади. Бу мойиллик эса унинг ёвузликка нисбатан дидини, муносабатини этик ва этник қарашларини шакллантиради. Эпосдаги бу хил руҳий жараёнлар  эпоснинг этнопсихологиясини белгилайдиган муҳим нуқталардан биридир. Шу ҳолатни ҳисобга оладиган бўлсак, бадиий асарлар, хоҳ у ёзма бўлсин, хоҳ оғзаки, бу хилдаги муносабатни шакллантиришига кўра ўз ўқувчисининг билвосита тарбиячисига айланади. Қайси асарда миллий менталитет ва миллий психологик жараён акс этмаса ёки миллий психологик ҳолатига мос келмаса, бу хилдаги асарлар, шу тилда дунёга келганидан қатъи назар, бу халқ томонидан идр ок этилмайди. Бу хилдаги ўзига психологик жиҳатдан ёт бўлиб туюлган асарни халқ ўзиники қилолмайди. Шундай экан ҳар бир эпос, аввало, ўз халқининг этнопсихик менталитетига, унинг этник майл-истакларига, орзу-армонларига, қарашларига қурилгани билан ҳам эътиборлидир. Бошқача айтганда, халқ бадиий асарда ўзини ва руҳиятини кўриши шарт. Руҳияти бегона бўлган асарлар миллийлашмасдан қолаверади.

Шу маънода “Гўрўғли” эпоси ҳавас қилса арзигулик эпосдир. У туркий  халқнинг соф миллий руҳий ҳолатлари, муносабатларига, яъни этнопсихологиясига  қурилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Биз буни оддий инсоний муносабатлардан тортиб, мураккаб конфликтли вазиятгача бўлган ҳолатларда кўрамиз.

Авазнинг тутинган отасига, онасига, болаларига, Чамбилга бўлган муносабатида унинг бу тарздаги этнопсихологияси янада яққолроқ намоён бўлади. Қаҳрамоннинг турли психологик ҳолатини бахшилар турли хил вазиятлар, ҳолатлар орқали синайди.

  “Зулфизар ва Авазхон” достонида Аваз отасига далда бериб, келгинди қаландар туфайли юзага келган муммони ўзи ҳал қилиш учун отасининг ўрнига ўзи хизматга шайлигини баён қилади. 

...Хизматкор айлагин Аваз қўзингди,

Сен тургин, менга хизмат лозимдир,

Қўлдан берма, ота, Чамбил элингди[8, 4].

Аслида эпосда бу хил ёндашув, яъни ўғилнинг ота мушкулини ҳал қилувчи сифатида тасаввур қилиш ва отага шундай муносабат қилиш этносга хос бўлиб, этникпсихологиянинг ўзига хос кўринишидир.  Аваз халқ идеалидаги қаҳрамон сифатида этнопсихологиянинг барча талабларига мос ҳаракатлар қилади ва мос сўзлар айтади. Бу этник алпнинг энг муҳим фазилатлар мезонларидан биридир. Шу сабабли ҳам Аваз гарчи аразласа ҳам ҳеч қачон отаси Гўрўғлига қарши бош кўтармайди, этнопсихологияга зид хатти ҳаракатлар қилмайди. У нафақат жисмоний жиҳатдан, балки маънавий-аҳлоқий жиҳатдан ҳам этносга ибрат, ўрнак бўлиши керак. Шу сабабли бахшилар ўзлари яратаётган эпик қаҳрамонни этноснинг аҳлоқий ва маънавий ақидалари асосида яра тади. Аваз билан боғлиқ аксар достонларда Гўрўғлининг ҳар бир сўзини, ишорасини, ҳолатини ўзига қонун сифатида билиб, Аваз фарзандлик бурчини бажаришга киришади. Умуман олганда, отани рози қилиш – фарзанднинг бурчидир. Шу сабабли ҳам Аҳмадхон қутқуси билан Аваз аразлаб кетганда ҳам отасига тик қарамайди, ҳурматсизлик қилмайди, унга қарши бош кўтармайди. Гўрўғлининг ҳар бир ҳукмини сўзсиз қабул қилади. 

“Олтин қобоқ”, “Малла савдогар” достонларида Аҳмад туфайли бола-чақаси ҳам сотилиб, бадарға бўлиб кетса ҳам Аваз Гўрўғлига кек сақламайди. Гўрўғли олдида Аваз манманлик қилмайди, унга терс гапирмайди.

Тирик борман, қайтармасман сўзингни,

Қиёматли болам дединг ўзимни!...

Худойимни лозим кўрган ўзимни,

Бир худойим бўлар менга меҳрибон! [2, 20]”

 Ўзбек халқи, умуман, Шарқ халқлари психологисига кўра, ўғил  отанинг сўзини қайтармаслиги, қиётмагача ота хизматини қилиши, “ота рози, худо рози” дейиши биз мансуб этноснинг энг муҳим психологик атрибутлари саналади. Тўғри, бу хил одатларнинг тарихий асослари мифологик тасаввурларга ва патриархал даврга хос қарашларга бориб тақалади. Аммо, этноснинг жуда кўп таянчлари, устунлари, жумладан унинг этникпсихологияси ҳам айнан ўша ўзи яшаб ўтган мифологик тасаввурлар устига қурилади. Шу сабабли эпос қаҳрамонинг ҳар қандай психик ҳолати ва хатти-харакати ҳам эпос яратган халқнинг ижтимоий реал ҳаёти, ҳам қадимги тасаввурларини ўзида акс эттиради.  

Умуман, этнопсихологияга хос бўлган бу хил муносабатлар қаҳрамоннинг фазилатларини янада оширади, ўзига нисбатан ҳурмат ва ҳавас уйғотади.

“Балогардон” достонида Юнус пари аразлаб, Ғиротни ҳам олиб кетгач, отсиз, ёрсиз тушкунликка тушиб қолган отасига Аваз далда бериб, уни руҳан қўллайди ва отни ҳам, Юунус парини ҳам олиб келиш ҳақида отасига сўз беради.

Ота, эшит менинг айтган нолишимни,

Ёлвориб худойга солдим ишимни.                                                                                    

Оч кўзингни, кўтар ота, бошингни.

Бошимни сарф қилдим Эрам йўлига,

Эрам боққа талаб қилдим, отажон...[3, 12].

Эпик алпга хос бўлган саргузаштлар содир этиб, аваз Юнуспарини ҳам, Ғиротни ҳам қайтариб олиб келади.

Қайтишга кўнмаган Юнуспарини Гўрўғлини ўлди, деб алдайди. Авазнинг бу ёлғони ҳам психиологик усул бўлиб, “Сулҳ учун ишлатилган ёлғон гуноҳ санламайди” деган ҳадисни ёдга солади. Аваз отаси ва онасини яраштириш учун ёлғон ишлатади. Аммо бу ёлғон хайрли мақсадда, отасининг, қолаверса, элу юртнинг тинчлигини ўйлаб қилинган ёлғон эди. 

Авазнинг, тутинган бўлса ҳам, отаси Гўрўғлига бўлган муносабатида алпнинг этнопсихологиясининг энг муҳим жиҳатлари очилади.

Гулихиромонга ошиқ бўлиб қолиб, уни олиб келиш учун йўлга отланаётган Авазни Гўрўғли йўлдан қайтармоқчи, бу иш хатарли эканини унга тушунтирмоқчи бўлади. Аммо, Аваз ўз фикрида қатъий туради, шу жиҳати билан у ўзининг Гўрўғлига муносиб ворис эканини исботлайди.

“Авазхон:- Эй ота, айтганидан қайтарми мард киши? Айтган сўзидан қайтмоқлик номарднинг иши. Ёр устида ун йил бўлса саваши, саваш деса, келар ўғил хуруши. Агар мингга кирса Авазнинг ёши, шу дилбар учун жавоб бермасанг, кесилсин мендай ботирнииг боши, - дейди[4, 10].

“Маликаи айёр” достонида Гўрўғли малика парига ошиқ бўлиб, кўкрагини захга босиб, тушкун бўлиб турганда, Аваз отасининг орзусини амалга оширишга киришади.

Ота, эшит, мен айтган нолишимни,

Сел қилиб тўкарман кўздан ёшимни,

Оч кўзингни, кўтар, каъбам, бошингни.

...Ота, эшит, менинг айтган тилимни,

Хизматкор айлагин Аваз ўлингни [10, 8].

Айнан мана шундай вазиятларда алпнинг ҳақиқий этнопсихологияга мос маънавий дунёси кўринади. Мисолда кўриб турганимиздай Аваз қанчалик алп, қудратли паҳлавон бўлмасин, у ўзини отасига хизматкор, деб билади. Унинг бу хил муносабати тутинган онаси Юнус парига, болаларига бўлган муносабатларда ҳам намоён бўлади. Бу муносабатларда Аваз қобил фарзанд, фарзандлар ҳимояси учун жонидан воз кечадиган ота, ожизларга мададкор,  кечиримли, бағри кенг алп сифатида гавдаланадики, бу хислатлари билан ҳам у халқ идеалидаги қаҳрамонга айланади. Эпик қаҳрамон шуниси билан қимматлики, унинг фазилат ва хислатларида бутун бошли миллатнинг хислатлари акс этади. Авазнинг отасига муносабати, умуман, унинг фазилатлари аслида миллатнинг, халқнинг фазилатларидир. Халқ ўз хислат ва фазилатларини идеалидаги қаҳрамонлар орқали намоён қилади.

Мисоллардан кўриниб турибдики, ҳар икки халқнинг этнопсихологияси бир-бирига яқин бўлгани учун қаҳрамоннинг маънавий дунёси ҳам, ота-онаси, ҳамда яқинларига муносабати ҳам эпик анъанлардан келиб чиқиб, деярли бир хилда ифода этилади.

Аваз ўзида миллатнинг энг ижобий томонларини ўзида мужассам этади. 

Эпик қаҳрамон, энг аввало, ўзининг қаҳрамонларга хос хусусиятлари билан намоён бўлади. Биз бунга халқ эпосида ёрқин лавҳалар ва чизгиларда кўрамиз.   Ҳар икки эпосда ҳам Авазнинг ёвуз кучлар бўлган девлар, жодугарлар, босқинчилар, хиёнаткорлар, душманлар билан қилган курашларида  эпик қаҳрамонга хос унинг руҳий дунёси, психологияси очиб берилади.

Ўзбек халқининг “Гавдароз” достонида Аваз билан билан Гавдароз девнинг олишуви чинакам эртак қаҳрамонининг дев ёки аждар билан уришишини, умуман, халқнинг душманга бўлган руҳий-психик муносабатини намойиш қилади. Ўзбек эпосида Аваз Гавдароз, тожик эпосида Говдоршоҳ билан бўлган жанглар шу маънода эътиборлидир. Ҳар иккала достонда ҳам душман Чамбилга бостириб келади. Демак, Говдоршоҳ ҳам, Говдароз ҳам босқинчи. Бу ватан ҳимояси бўлган курашда Аваз образи ўзида бутун халқнинг ватанга ва босқинчига бўлган муносабатини акс эттиради. Ҳар иккала достонда ҳам Авазлар Чамбилнинг ҳимоясига отланиб Гавдароз ва Говдоршоҳ билан яккама-якка жангга киришади, ватан ҳимоясида ҳар иккала версия қаҳрамони ҳеч бир иккиланиб ўтирмайди, ўзининг мардлиги, жасурлигини намойиш қилиб, босқинчига кўкрак кериб чиқади. Бахшилар ватан ҳимоясига отланган қаҳрамонни турли психологик вазиятларда тасвирлаш орқали қаҳрамоннинг сифат ва хусусиятларини янада оширишади.

Ўзбек эпосида Гавдароз дев Чамбилни вайрон қилиш ва Авазни, Гўрўғлини асир қилиб олиб кетиш учун келади. Эпик қаҳрамоннинг ботирлигини бўрттириш учун бахшилар Говдароз девнинг фарзанди  унинг чангалзорда ҳўкизларни худди чивиндай қилиб еб, паст тиши “найзага ўхшаб осмонга ётса, “уст тиши омочга ўхшаб” ерни шудгорлаб юрадиган жуда баҳайбат, махлуқ дев эканини келтиришади.

Ўқувчи кўз олдида бундай девга бас келадиган одам бормикин деган тасаввур пайдо қилишади. Рақибининг бу хил тасвирлари эпик қаҳрамоннинг куч-қудратини янада бўрттиради. Аваз ана шундай рақибга қарши Чамбил ҳимоясига отланиб, отасига “Чибинча кўринмас девлар кўзимга” дейди.  Говдароз Авазни назарига ҳам илмайди, уни даставвал психологик таҳдид орқали енгмоқчи, шу билан бирга, жангга кирмасдан қаҳрамонни руҳан синдирмоқчи бўлади. Жанг услубларининг бу хил руҳий усуллари ҳозир ҳам сақланиб қолган.

Ўз рақибини синдириш учун бугун ҳам спортчилар турли хил психологик таҳдидлар қилишади. Бунга биз кундалик спорт мусобақаларида гувоҳ бўлиб турамиз. Эпик қаҳрамон рақибларининг бу  хил психологик таҳдидлари деярли барча достонларда мавжуд. Улар эпик қаҳрамон руҳиятини синдириш учун уларга нисбатан “ёш бола”, “она сути оғзидан кетмаган”, “пажмурда”, отларини эса “ниначи”, қумурсқа”  деб аташади. Шу таҳдидлари орқали ўзининг ва эпик қаҳрамоннинг куч-қудратига баҳо берган бўлишади.  Говдароз ҳам Авазга худди шундай услуб қўллайди. Уни “буғдой поясидай таёқчанг билан мени қандай қилиб ҳайдайсан?” деб таҳдид қилади. Ана шу ўхшатиш орқали Говдароз Авазга биринчи руҳий зарбани беради. Аммо эпик қаҳрамон бу каби таҳдидлардан довдираб қолмайди. У ўзидан бир неча марта жисмоний устун бўлган рақибга тик қараб, унга дадил ва мардона ҳужум қилади: Ғиркўкни девнинг боши  атрофида айлантириб, учира бошлайди. Ва  найзасини девнинг кекирдагига суқади. Аммо бу  девга “ари чаққанчалик” ҳам таъсир қилмайди. Шунда Аваз унинг икки кўзига найза тиқади. Дев бақирганча ағдарилиб тушади ва жанг Авазнинг ғалабаси билан якун топади.

Дев билан Аваз ўртасидаги кураш бизга беихтиёр  Одессийнинг циклоп – бир кўзлининг кўзига найза тиқишини эслатади. Албатта, биз бу ерда бу икки эпосни бири-бирига қиёслаш ёки ўзаро таъсири ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Бу ерда бунга ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Бу кураш саҳнаси халқ оғзаки ижодига хос бўлган тасаввурлар ҳосиласидир. Аммо, ҳар икки достонда ҳам бир нарса –  қаҳрамоннинг ўз рақибидан руҳий устун эканлиги  намоён бўлмоқда.

Авазнинг қўрқмаслиги, руҳий жиҳатдан ўз рақибларидан устун туриши унинг ғалабасининг асоси бўлади. Биз бу мисолни бекорга келтирганимиз йўқ. Умуман олганда, ўзбек бахшилари нафақат Гўрўғли, балки Авазнинг алплигини ифодалашда халқ оғзаки ижодининг анъанавий усулларидан, хусусан, муболағалардан кенг фойдаланишади. Бу ҳолат Аваз билан боғлиқ деярли ҳар бир жангда, саргузаштда билиниб, бўртиб туради. Руҳан устун бўлган, рақибининг руҳий ҳужумидан довдирамаган Аваз ғалаба қилади. Душман Чамбилни ташлаб қочади. Айна шу кичкина достонда биз бахшилар бадиий услублардан фойдалиниб, эпик қаҳрамоннинг хусусиятларини янада теранлаштиришади. Шу билан бирга халқнинг ватан босқинчиларига бўлган муносабати кўринади. Умуман олганда, эпик қаҳрамон учун ватан ори, номуси  жонларидан ҳам қадрлироқ тарзда талқин этилади ва улар айнан шундай фазилатлари учун ҳам эпик қаҳрамон бўлишга арзийди.

Aдабиётлар:

  1. Авазхон. Достон. Айтувчи Раҳматулла Юсуф ўғли. –Тошкент:Ёзувчи, 1997.– Б.20.
  2. Авазхон.  Достон. Айтувчи: Раҳматулла Юсуф ўғли. Нашрга тайёрловчи Тўра Мирзаев. – Тошкент: Ёзувчи,1997. –Б. 4. 
  3. Балогардон. Достон. Айтувчи Фозил Йўлдош ўғли. Ёзиб олувчи Буюк Каримов. Нашрга тайёрловчи Ҳоди Зарифов. –Тошкент: Фан, 1966. – Б.12.
  4. Гулихиромон. Достон. Айтувчи Ислом шоир Назар ўғли. Ёзиб олувчи Сиддиқ Асқаров.  –Тошкент:Фан, 1968. –Б.121.
  5. Гўрўғлининг туғилиши. Айтувчи: Муҳаммад Жомрод ўғли Пўлкан. Нашрга тайёрловчи: М.Муродов. –Тошкент:Бадиий адабиёт, 1967. –Б. 62.
  6. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. - М., ГИХЛ, 1947. – С.236.
  7. Зулфизар ва Авазхон. Достон. Айтувчи Фозил Йўлдош ўғли. Нашрга тайёрловчи  Буюк Каримов.  –Тошкент:Фан, 1942. – Б.4.
  8. Корогли Х.Г. Вазимосвязи эпоса народов Средней Азии, Ирана и Азербайджана. –М.: Наука, 1975. 336 с.
  9. Маликаи айёр. Достон. Айтувчи Фозил Йўлдош ўғли. –Тошкент: адабиёт ва санъат, 1988. –Б.7–8.
  10. Мирзаев Т. Эпос и сказитель. – Ташкент:Фан, 2008.  – 410 с.
  11.  Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героичиский эпос. –М.:ОГИЗ. Политиздать, 1947. – С.303.
  12.  Қундуз билан Юлдуз. Достон. Айтувчи Эргаш Жуманбулбул ўғли. –Тошкент: адабиёт ва санъат, 1968. –Б. 56.  

 

Мирзаев Ж. Психологическое описание образа аваза в узбекских дастанах. Каждое слово, каждое действие в народных эпосах направлено на раскрытие психологии героя. В отличие от письменной литературы, эпос строго придерживается добрых традиций бахши. Он изображает героя в соответствии с надеждами и чаяниями людей. Поэтому создатель эпического жанра старается всеми силами всесторонне раскрыть психологии, изображая образ главного героя. В данной статье подробно рассматривается психологический образ главного героя в эпическом тексте на примере анализа образа Аваза.

Mirzaev J. Psychological image of the image avaz in Uzbek epics. Every word, every action in folk epics is aimed at revealing the psyche of the hero. Unlike the written literature, the epic adheres strictly to good traditions. He portrays the hero, he portrays in accordance with the hopes and aspirations of the people. So the epic creator tries to reveal his psyche in every way when depicting the image of the protagonist. This article examines in detail the psychological image of the protagonist in the epic text on the example of the analysis of the image of Avaz.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati