ЗЕБУННИСОБЕГИМ ТАХАЙЮЛ ВА ТАФАККУР ОЛАМИНИ ИДРОК ЭТИШ

Шарқ адабиётининг йирик вакили, XVII-XVIII асрнинг кўзга кўринган мутафаккир ва мутасаввиф шоираси , ориф ва файласуф Зебуннисобегимни нафақат Марказий Осиё, Ҳиндистон, Эрон ва Озарбайжонда, балки бутун Шарқда чуқур ҳурмат ва эътибор қозонган шоира сифатида яхши эъзозлайдилар, унинг асарларини севиб ўқийдилар.              

Зебуннисобегим Ҳиндистонда бобурийлар сулоласининг инқирозга юз тутган таҳликали пайтида яшади, у бу феодал жамиятнинг сиёсий тузумини инкор этиш билан бирга, ҳинд ва мусулмонларнинг ўзаро бирлашуви зарурлиги ҳақида қайғурди. Ўз-ўзидан маълумки, у ўзининг фалсафий фикрлари ва қарашларини очиқ айтиш имкониятидан маҳрум эди, шунинг учун ҳам ўз фикрларини хаспўшлаб, турли ишоралар, мажоз ва рамзу киноялар орқали баён этишга мажбур эди

Унинг ғазаллари ташқи жиҳатдан кўпроқ ишқий, аммо, моҳият жиҳатидан чуқур фалсафий, ирфоний, ахлоқий ва ижтимоий мазмун ва маънолар касб этади.

Зебуннисобегим рубоийларида Ибн Сино, Хайём ва Румий рубоийларининг таъсири сезилиб туради. Зеро, Зебуннисобегим юқоридаги мутафаккирларимиз сингари бир томондан Аристотель фалсафаси, иккинчи томондан ислом фалсафаси – калом ва тасаввуф илмларидан баҳра олган.

Зебуннисобегимнинг асарлари Марказий Осиё халқлари ўртасида жуда кенг тарқалди, айниқса, унинг қўлёзмалари XVII, XVIII, XIX асрларда ниҳоят даражада оммалашиб кетди.         

Зебуннисобегим  инсон ақл-тафаккури англаши осон бўлмаган маъноларни кашф этиш ва уларни энг гўзал, энг нафис тарзда назм ипига териб тортиқ этишда беназирдир. Зебуннисобегим нодир, бетакрор, бутунлай  янги фалсафий фикр, ирфоний ва ижтимоий маъно-мазмунларни топиш ва уларни етказиб беришда алоҳида қудрат ва салоҳиятга эга бўлган.

Зебуннисобегим шеърияти бир томондан ислом фалсафаси, иккинчи томондан қадимги ҳинд фалсафасидан сарчашма олади. Аммо, унинг ижодида мусулмон Шарқ халқлари тафаккурининг таъсири кўпроқ сезилади. Зебуннисобегим тили ва услубининг ўзига хос моҳияти шундаки, у анъанавий рамзийликка қарши исённи акс эттиради. Бу “сабки ҳиндий” – ҳинд услуби номи билан устувор бўлган услуб Ҳиндистонда ва бошқа жойларда яшаган шоирларга кўчиб ўтган.

Зебуннисобегим инсонпарварликни тарғиб этади, инсоний фазилатларни улуғлайди, шу билан бирга ёмон хислатлар ва нуқсонларни мазаммат этади. У инсонни миллий ва диний фарқлар нуқтаи назаридан эмас, балки умумбашарий инсон наслидан эканлиги тушунчасидан келиб чиққан ҳолда юксакликка кўтаради ва айнан шунинг учун ҳам инсонни энг юксак ҳурмат ва эъзозга лойиқ, деб ҳисоблайди.

Зебуннисобегим фалсафий дунёқарашининг марказида улуғ файласуф, илоҳиётшунос ва мутасаввиф Шайх Муҳйиддин ибн ал-Арабий асос солган “ваҳдат ул-вужуд” фалсафаси ётади. Зебуннисобегим бутун борлиқнинг Соқийси Ҳақ таоло, азалий ва абадий масту махмури эса Инсон бўлмиш яхлит бир майхона сифатида тасаввур этади.

Зебуннисобегим ўзининг инсон зотига бўлган энг нозик, покиза ва мусаффо ҳис-туйғулари ва муҳаббатини гўзал сатрларда ифодалайди. Шу билан бирга у ватанни ва ватанпарварликни улуғлайди, чунки у ўз ватани – Ҳиндистонни севарди.

Инсонпарвар шоира инсонни биринчи ўринга қўйганлиги боис, унинг табиатидаги ёлғончилик, ишёқмаслик, очкўзлик, хиёнат, жаҳолат ва золимлик каби  ёмон иллатларни бадиий воситалар ва санъатлар ёрдамида танқид қилади, аксинча, ундаги камтарлик, сахийлик, ҳақгўйлик, донишмандлик, вафодорлик ва меҳнатсеварлик каби яхши фазилатларни таъриф ва тавсиф этади. Зебуннисобегимнинг ижодида борлиқ ва инсон ўртасидаги робита масаласи асосий ўрин тутади, чунки у бу фалсафий масала билан доимий равишда шуғулланиб, фақат ўзигагина хос бўлган дунёқарашни такомиллаштириб борди. У баъзан ўз хатоларини тан олиб, ўз қарашлари тадрижий тарзда тараққий этиб борганлиги, турли даврда турли савияда ёзилганлиги ва осмондан тайёр ҳолда тушмаганлигини айтади:

Зебуннисобегим меҳнаткашларнинг жамиятдаги ролини, текинтомоқларнинг ким эканлигини ажойиб тамсил ва ташбиҳлар воситасида равшан ва тиниқ тарзда тасвирлаб беради. Ҳар бир касбнинг ўзига хос афзалликлари ва хусусиятларини таъкидлаб ўтар экан, уларни эгаллашга, ҳалол меҳнатдан ор қилмасликка даъват этади. Файласуф шоира қўл ишини тил, тил ишини қўл бажара олмаслигини, шунинг учун ҳар бир киши ўзи билган, эгаллаган касби билан шуғулланишини муқаддас китоблардан мисол келтириб асослайди.

Шоира ўз шеърларида ҳар бир инсонни муайян ҳунар ва маълум касбни ўрганишга чақиради, дангаса, ишёқмас кишиларни текинхўр, деб танқид оловини сочади.

Зебуннисобегим Ҳиндистонда форсий тилда ижод этиб, асарларида форс-тожик классик адабиётининг энг гўзал ва бетакрор анъаналарини давом эттирди. Шу билан бир қаторда мамлакатда ҳукм сураётган тарихий воқеалардан доим воқиф бўлиб турди. У гуманист шоира ва мутафаккир сифатида Ҳиндистон халқларининг бирлиги ғояси позициясида собит ва мустаҳкам турди. Шоира ҳиндларнинг руҳнинг кўчиши, яъни, “таносух”га бўлган эътиқоди ва мусулмон ҳалқларининг қазо-қадар, яъни, тақдир ҳақидаги қарашларини ўзининг фалсафий асарларида изчил таҳлил қилиб, уларга нисбатан ўз фикр ва ғояларини очиқ, тиниқ тарзда баён этолмади, натижада, уларни изоҳлаш ва талқин қилишда турли диний усул ва қоидаларни ишлатиб, ўз фикрларини турли илоҳий-диний тушунчаларга ўраб-чирмаб беришга мажбур бўлди. Шу боис, унинг асарларининг тили мураккаб, уларда ўзаро бир-бирига зид қарашлар мавжуд, аммо, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, уларнинг шакли ажойиб ва мундарижаси жуда бой. Зебуннисобегим ўз ижодий фаолияти даврида ҳинд, араб, форс тили ва адабиёти, Марказий Осиё маданияти, санъати, фалсафаси ва тарихини қунт билан ўрганди, уларнинг тараққиётига муайян даражада ҳисса қўшди. Шоира баъзи бир камчиликлари, хатолари учун унга таъна қилмасликларини таъкидлайди, чунки танадаги баъзи сезгисиз, ўлик аъзоларни кесиб ташлаш эса инсон мукаммаллигига путур етказмаганидек, асосий моҳиятга таъсир этмайди:

Нима бўлганда ҳам файласуф шоира ўз даврининг юксак маънавияти ва илғор тафаккури даражасига кўтарила олди. У Шарқнинг буюк мутафаккирлари сингари халқ бахт-саодати, эл-юрт фаровонлиги йўлида тинмай ижод қилди. Зебуннисобегим ижодининг Марказий Осиёда кенг тарқалишининг сабаби ҳам, унга эргашувчи шоирларнинг кўпайиши сабаби ҳам ана шунда.

Умуман олганда, асримиз шарқшунос-олимлари Зебуннисобегимнинг дунёқарашини прогрессив, деб баҳоладилар, чунки, Зебуннисобегим инсон ақл-заковати қудратини, илм-фаннинг жамият тараққиётидаги ўрнининг муҳим эканлигини, прогрессив ғояларни куйлади. Афсусланарли жойи шундаки, Зебуннисобегимдан улкан адабий-бадиий ва фалсафий-ирфоний мерос қолганига қарамай, XX асрнинг ўрталарига қадар унинг ижоди, мероси ва қарашлари деярли ўрганилмади. Албатта, баъзи бир олимларнинг тадқиқот ишлари ёки мақолаларида Зебуннисобегимнинг таржимаи ҳоли ва ижодий фаолияти ҳақида тўлиқ- қисқа маълумотлар, асарларидан иқтибослар келтирилган ҳамда унинг дунёқарашига нисбатан баъзи бир фикрлар билдирилган, аммо, буларнинг барчасини бугунги давр талаблари даражасида деб бўлмайди. Ваҳоланки, Зебуннисобегим адабий ва фалсафий мероси биз кутган ва тасаввур қилгандан ҳам кўпроқ адабий ва илмий қимматга эга. Ҳиндистон, Эрон ва Марказий Осиё мамлакатлари ёзма манбаларида унинг ҳаёти, фаолияти ва фалсафий қарашлари ҳақида жуда муҳим, аммо, ниҳоятда қисқа тарихий маълумотлар мавжуд.

Файласуф шоиранинг бетакрор, чуқур ва кенг ҳамда ҳинд халқи оғзаки ижоди ва фалсафасини ўзида мужассам этган асарларини ўрганиш борасида Г.Ю.Алиев, Н.Низомиддинов, Т.Жалолов, Ҳ.Қудратуллаев, П.Шамсиев, И.Низомиддинов, Ш.Шомуҳамедов, Т.Файзиев, М.Қодирова, Мунирхон Муинзода, Абдураҳмон Сидқий каби олимлар жиддий илмий тадқиқотларни амалга оширдилар, улар ўз изланишлари билан Зебуннисобегим ижодининг илмий тарғиботига муносиб ҳисса қўшдилар.  Улар ўз тадқиқотларида Зебуннисобегим шахсияти, адабий мероси, XVII аср иккинчи ярми  адабий муҳити ва жараёнидаги мавқеи, лирик меросининг ғоявий-бадиий хусусиятларига доир жуда муҳим қайдлар келтирдилар ва фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Таниқли адабиётшунос олим Тўхтасин Жалолов “Ўзбек шоиралари” рисоласида давр адабий муҳити контекстида Зебуннисобегим адабий меросига мурожаат этиб, шоира шахсияти, ижодий услубига оид муҳим қайдлар келтиргани ҳолда Зебуннисобегим поэтик меросини тадқиқ этиш адабиётшунослар учун муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлайди. Афсуски, шуниси ҳам ҳақиқатки, бу мақола ва рисолаларда Зебуннисобегим ижоди, унинг бадиий маҳоратига йўғрилган ижтимоий-ғоявий дунёқарашларининг барча қирралари юқоридаги сабаблар боис  рўйирост  ва ҳаққоний таҳлил этиб берилгани йўқ.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Зебуннисобегим ижодиёти яқин кунларгача Ғарбий Европада ҳам, Россияда ҳам жиддий ўрганилмади. Шу мавзу бўйича борди-ю ўтган асрнинг 50-60- йилларидаги чет эллик, хусусан, Ғарбий Европа олимлари илмий ишларига юзлансак, улар Зебуннисобегимнинг, асосан, шахсияти ва шоиралик иқтидори хусусига зўр берганликларини кўрамиз.           

Бундан ташқари, Зебуннисо-бегимнинг бадиий, фалсафий ва ирфоний асарлари турли халқлар тилига таржима қилинди. Шунга қарамай, унинг ижоди ҳануз ўзининг асл баҳосини олганича йўқ, яъни, унинг ижодий фаолиятини ўрганиш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш ишлари кўнгилдагидек эмас, ваҳоланки, бетакрор шоира ва улуғ мутафаккир Зебуннисобегим ҳаёти ва ижоди бунга лойиқдир.

Зебуннисобегимнинг бадиий асарлари охирги уч юз йил давомида Ҳиндистон, Афғонистон ва Марказий Осиёда қанчалик кўп китобат қилинмасин ва литографик усулда нашр этилмасин, кенг ўқувчилар оммасининг уларни тушуниши қийин кечди. Айниқса, унинг қўлёзма асарларининг шикаста хати билан ёзилиши, ҳатто ҳарф усти ва ости белгиларининг қўйилмаслиги Зебуннисобегим асарларини ўқишни янада мушкуллаштирди. Натижада, Шарқда “нуқта” деб аталган услубда берилиши боис тушуниши қийин бўлган “образлар” вужудга келди.

Зебуннисобегимнинг назмий ва насрий асарлари қанчалик мураккаб услубда ёзилган бўлмасин, унинг тахайюл ва тафаккур оламини идрок этиш эса қанчалик чуқур билим ва дунёқарашни талаб қилмасин, барибир Марказий Осиё халқлари, хусусан, тожик ва ўзбек халқлари томонидан севиб ўқиб-мутолаа қилинган, узоқ тарихий давр давомида олий мадрасаларда махсус ўқитилган, шоиранинг ғазаллари, ирфоний маснавийлари ва бошқа жанрларда битилган асарларини тушуниш ва тушунтириб бериш мақсадида махсус шарҳлар ва қўлланма тарзидаги рисолалар ёзилган.

Зебуннисобегим асарларини ўзбек тилига таржима қилиш соҳасида ҳам анчагина ишлар амалга оширилди. Жумладан, таниқли шарқшунос олим ва адиб профессор Шоислом Шомуҳамедов, М.Муинзода, П.Шамсиевлар  Зебунни-собегим ғазал ва рубоийларини ўзбекчалаштириб  бир гулдаста яратдилар, бироқ, юқорида таъкидланганидек, шоира асарларида баён этилган илғор ва оригинал фикрлар кенг ўқувчилар оммасига етиб бормади.

Зебуннисобегим ижоди, бадиий услуби ва фалсафий-ирфоний қарашлари Эрон адабиётшунослари томонидан умумий тарзда ўрганилиб келинган. Шу нарсани қайд этиш лозимки, Эронда 20 аср бошларигача Зебуннисобегим ижодига қизиқиш унчалик кучли бўлмаган. Ҳозирги даврга келиб, эронликлар Зебуннисобегим ижодини катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар.

Марказий Осиё ҳудудида, айниқса, ўзбек ва тожик адабиётида Зебуннисобегим  шеъриятини эъзозлаб, унга талпинувчи ижодкорлар борган сари кўпайиб бормоқди. “Сабки ҳиндий” мактаби Фиғоний, Жомий, Навоий ва бошқаларнинг ижоди орқали бошлаб берилган бўлиб, Коҳий Кобулий, Ғаззолий Машҳадий, Файзий (ёки Фаёзий), Даканий, Урфий Шерозий, Толиб Омулий, Зуҳурий Туршизий, Сойиб Табризий, Муҳаммадқули Салим Теҳроний, Калим Кошоний, Назирий Нишопурий, Ғани Кашмирий, Носирали Сарҳиндий, Мирзо Жалол Асир, Шавкат Бухорий, Мазҳар Жони Жонон, Неъматхон Олий,  Зебуннисобегим (Махфий), Мирзо Абдулқодир Бедил ва унинг издошлари, хусусан, Мирзо Асадуллоҳ Ғолиб ва ҳатто Аллома Иқбол Лоҳурий ижоди орқали, шунингдек, Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Темурийлар сулоласига мансуб бўлган ҳукмдорлар ҳамда ушбу заминда яшаб ўтган илм ва маданият, адабиёт ва санъатга алоҳида ғамхўрлик қилган бошқа давлат арбобларининг қўллаб-қувватлашлари, ёрдамлари ва эътиборлари туфайли ўзининг камолига етган. Зебуннисобегим ўз ижоди билан “сабки ҳиндий” услубини янги поғонага кўтаришга эришди, кўплаб издошлар ва мухлисларга эга бўлди. Унинг ижоди нафақат Ҳиндистон ва Марказий Осиёда, хусусан, Афғонистонда ҳам кенг тарқалди.

Зебуннисобегимдек улуғ аждодларимиз Ҳиндистон заминида яратган энг гўзал ва энг қимматли маданий қадриятлар ва маънавиятнинг қонуний меросхўри сифатида халқимизнинг диний, фалсафий ва ижтимоий фикрлари хазинасини ҳинд фалсафий тафаккури билан уйғунлаштира олган буюк мутафаккир сифатида жаҳон адабиёти ва фалсафаси тарихида ўчмас из қолдирди. Италиялик шарқшунос олим, Зебуннисобегимга ўхшаш тарихий шахслар фақат бир ўлкага эмас, балки жаҳоннинг барча халқларига мансубдир ва уларнинг меҳр-муҳаббати барча инсонларнинг ҳароратли бағридан жой олади, деган эди.

Дарҳақиқат, Зебуннисобегимни ўқийдиган кишининг лойқа хаёлотлари чашмадай тинади ва покланган юраги бир қатра симобга айланади.

Фойдаланилган  адабиётлар  рўйхати

  1. ...Ҳадислар. –Тошкент : 1991. 95-бет.
  2. И.Ҳаққул. Ирфон ва идрок. –Тошкент: 1998. 26-бет.
  3. Алишер Навоий. МАТ. 4-жилд. Наводир уш-шабоб. 147-бет.
  4. Алишер Навоий. МАТ. 12-жилд. Лисон ут-тайр. 290-291-бетлар.
  5. Арабско-русский словарь. Том 1. С.138; Арабча-ўзбекча бошланғич луғат, 192-бет.
  6. Фарҳанги забони тожики. Жилди 1. С.680.
  7. А.Рустамов. Алишер Навоий. Ҳикматли сўзлар. –Тошкент : 1985. 131-бет.
  8. Алишер Навоий. МАТ. 6-жилд. Фавойид ул-кибар. 512-бет.
  9. Мақомоти Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд. -Истанбул, 1328. 144-саҳ.; Баҳоуддин Балогардон. –Тошкент:  1993. 28-бет.
  10. .Ё.Исҳоқов. Нақшбандия таълимоти ва ўзбек адабиёти, 21-бет; Алишср Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати. 4-жилд, 250-бет.
  11. Н. Комилов. Тасаввуф. I китоб. –Тошкент: 1996. 56-бет.
  12. Қуръони Карим.(Ўзбекча изоҳли таржима муаллифи: Алоуддин Мансур.) –Тошкент: 1992.113-бет.

Каримова С. Воплощение воображения и мышления в творчестве Зубуннисобегим. В статье исследуется мир воображения и мышления поэтессы Зебуннисобегим, который уникален тем, что открывает смыслы, непростые для понимания человеческим разумом, и изящным образом вписывает их впоэтическое полотно; прямолинейный и правдивый анализ всех сторон мировоззрения поэтессы, с ее неповторимой, неповторимой, совершенно новой философской мыслью, ее эмоциональными термическими стихами, обладающими особой силой и потенциалом в нахождении и освещении мистических и социальных смыслов.

Karimova S. Representation of Zebunniso-begim's imagination and reasoning. The article explores the world of imagination and thinking of the poetess Zebunnisobiegim, which is unique in that it reveals meanings that are not easy for the human mind to understand, and gracefully inscribes them into a poetic canvas; a straightforward and truthful analysis of all aspects of the poet's worldview, with her unique, inimitable, completely new philosophical thought, her emotional verses, which have a special power and potential in finding and illuminating mystical and social meanings.

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati