АДАБИЙ ЖАРАЁНДА ИЖТИМОИЙ ЛИРИКА

Мамлакатимиз бўйлаб мустақиллик насимлари эса бошлагач, Зулфия ижодида янги босқич бошланди. Унинг ўзбек халқининг, айниқса, ўзбек аёлларининг поэтик акс садосига айланган овози расмий доираларнинг ўнлаб йилларга чўзилган тақиқларини ёриб ўтиб, истиқлолгача етиб келди. Шундай бўлса-да, у ўзига ачингани йўқ, бошқаларнинг дарди билан куйиб-ёнди:

Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,

Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар.

Вақт етса шу халқда қолар дафтарим,

Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим... [1, 218].

Зулфия табиатига маънавий-руҳий жиҳатдан она-диёр билан яктанликни, ўз интилишларининг халқ дили ва орзуси билан туташлигини англаш, замона нафасини ҳис қилиш, киши хоҳишига бўйсунмайдиган тарихийлик, келажакни кўра олиш қобилияти каби хусусиятлар хос. Унинг эллигинчи-тўқсонинчи йиллар шеъриятининг узлуксиз ривожи лиризмни сақлаган ҳолда эпик мазмунни кенгайтиришида намоён бўлди. Ижодкор шахсида қайта тикланган тарихий хотира шоира лирикасининг бош концептуал образига айланди. Шоира ифода воситаларини янгилаш зарурлигини ҳис қилди. Зулфиянинг 90-йиллар ижодий тизими унинг илк лирикаси билан солиштирганда, эстетик дунёқарашининг бутунлай бошқа-бошқа ҳодисаси эканлиги аёнлашади.

Ижтимоий мавзу ва муаммолар Зулфия шеъриятига кириб келар экан, биринчи навбатда муаллиф ижодининг энг таъсирчан ва ҳаракатчан компоненти – услуб қиёфасини ўзгартирди. Бир томондан, шоира услуби ўзига оғзаки  нутқ, жумладан сўзлашув тилини кенг қамраган ҳолда, демократлашишда давом этади. Фольклордан фойдаланиш: мотивлар, образлар, вазн имкониятлари кенгайди. Иккинчи томондан, Зулфия услуби китобий руҳда архаиклаша борди, оҳангдорлик жиҳатдан нотиқликка хос тантанаворлик эшитила бошлади. Унинг шеърларида жаҳон адабиётининг шоҳ асарлари билан, қадимий китоблар билан боғлиқ мифологемаларни қўллаш ортди (“Уни Фарҳод дер эдилар...”), эпиграфлар, кўчирма келтиришлар кўпайди: “Сўфи Оллоёрми, девона Машраб / Баёзларин ўпиб қўлга олардик. / Юмушми, ўйинми – барини ташлаб, / Сеҳрли оламга кириб борардик”. Адабийлик, китобийлик унинг шеъриятида сўзлашув услуби билан, кўтаринки маишийлик билан, ҳаётда орттирилган донишмандлик билан бойиб борди.  

Лирик кечинма у хоҳ ижтимоий бўлсин, хоҳ шахсий бўлсин, субъектив тушунчаларни ифодалайди. Бунда ижодий қараш шоира қисмати билан чамбарчас боғланиб кетади. Мазкур жиҳатлар шоира Зулфия лирикасининг асосини ташкил этади десак, муболаға бўлмайди. Чунки шоиранинг ҳар бир шеърида муаззам ўзбек аёлининг нурли чеҳраси, миллий қадриятлар қиёфаси ёрқин намоён бўлиб туради. Адабиётда шахснинг бетакрорлиги унинг ҳаётга бўлган муносабатида янада тиниқроқ гавдаланади.

Зулфия шеъриятида жанрий шаклларни яхлитлашга мойиллик кузатилди. Эпик мазмундорликка эга шеърлар туркумлашди (“Азиз туйғулар”); шеърий парчаларда лирик достон жанрига хос хусусиятлар устунлик қила бошлади (“Қуёшли қалам”, “Яратиш дарди”); лирик достонлар шеърий роман даражасига кўтарилди (“Қишлоқ врачи”, “Водил юлдузлари”).  

Унинг сўнгги йиллар шеърларида ямбли туроқларнинг учрашини ижодида фуқаролик ҳис-туйғусининг орта бориши билан изоҳлаш мумкин. Бироқ, шуни таъкидлаш жоизки, икки бўлакли вазнларни уч бўлаклилари билан бирлаштириш хусусияти уни тарк этмади. Бу унинг шеърларининг интонацион жиҳатдан эластиклигини таъминлаб келди. Шоира бир маромдаги силлабо-тоник шеърдан устун келган ритмик урғули шеърнинг ўзига хос тури, узун мисрали (шеьр мисралари ичида такрорланиб келувчи паузанинг алоҳида тури – цезурага асосланган) шеърлар ёзишда давом этди:

Мен Сизга, ўқувчим,

На айтиб,

На-да кўрсатиб

Улгура олмадим Юртимни.

Асрлар гардини қалбим-ла сидириб

Узриму,

Ўзлигим, кўркимни,

Қадимнинг чақнатиб ўтини

Бу куннинг нурига тутмадим [1, 208].     

Ҳаммасидан ҳам кўра Зулфия ўзининг “Хотирам синиқлари” достонига энг кўп куч сарфлади. Одатда кўзгу синиғида воқелик унсурлари алоқ-чалоқ акс этади. Достон лирик қаҳрамонининг хотира синиқларида эса, аксинча. Унда ўзбек халқи ўтган асрда бошдан кечирган талотумли ҳаёт ўзининг поэтик талқинини топган. 

Достонда тасвир туркумларга ажралган; асосий сюжет чизиғининг ривожини тарихий жиҳатдан шахсий ёндашув ҳаракатга келтиради. Лиро-эпик воситалар орқали шоира мамлакат ва лирик қаҳрамон бошдан кечирган кунларнинг бадиий солномасини яратади:

“Янги ҳаёт” дебмиз ўша кунларни,

Беталаб, бенолиш яшабмиз кўп йил.

Бир ўйлаб кўрмабмиз бу юрт ҳокимин

Лаби кулиб, нечун ранг-рўйи заҳил?! [1,167]        .

Адабиётшунос Ш.Ҳасанов достон сюжетини тадқиқ қилар экан, шундай тўхтамга келади: “Хотирам синиқлари”да муҳташам эпик қамров мавжуд. Бутун бир халқнинг бир аср давомидаги орзу аъмолини, психологиясини, турмуш тарзини, тарихини шоира 193 сатрдан иборат ихчамгина достонига жо этган. Достон ташқи воқеа-ҳодисалар тасвири биланмас, ички поэтик фаолият билан суғорилган. Шоира тақдири халқ тақдири билан вобаста... Мустабид тузумнинг қатли кушлари, қатағонлари, сургунлари, етмиш йилдан зиёд давом этган нобоп сиёсати ва бунинг натижасида тарихи топталса-да, удумлари таъқиқларга учраса-да, бироқ, иродаси букилмаган, ўзлигини англаб бораётган халқнинг ғамангиз сиймоси шоира ўйларида туғилган оғриқларнинг, хотира синиқларининг коллизиясини белгилайди” [7,146]. Дарҳақиқат, ушбу достонда Зулфия поэтикаси яхлит тугаллик касб этган.

Поэтик ифоданинг равшанлиги Зулфиянинг барча шеърларига хос. Аммо, “Хотирам синиқлари” устида ишлар экан, шоира ўзбек адабиётида символистлар поэтикаси эришган ютуқларга ҳам мурожаат қилади. Асарда кўплаб ўринлар рамзийларча шифрланган. Достон композицияси асосида нарсаларни симфоник жойлаштиришнинг рамзий тамойили ётади. Бу тамойил шунда кўринадики, такрорланиб келадиган бош мотивлар ажралиб туради ва кейинчалик бу мотивлар тўқнашувлар ва чатишиб кетишлар орқали ёнма-ён жаранглай бошлайди, вақти-вақти билан шеърий матн мусиқага ёзилган либреттони эслатиб юборади:

“Ватанпарвар” дебмиз ўз-ўзимизни,

Денгизлар қурибди, чирибди балиқ,

“Инсонсан, бошингни кўтар”, демабди,

Кўнглинг қолганмиди бизлардан, холиқ? [1,167].

Муаллифнинг (шу пайтгача ўзига бегона бўлган) мажозийлаштириш усуллари  асарга сирли тагмаънони олиб кирган. Муаллиф поэтик оламида ўнг ва туш, иллюзия ва воқелик элементлари бир-бирига туташиб кетади. Сирли кўзгу синиқларида ғира-шира кўринган хаёлий образлар аста-секин ёрқин қиёфа касб эта боради. Поэтик сўз сеҳри кўзгу синиқларида ювилиб бораётган поэтик маънодан қувват олади. Муаллиф хронотопи замон ва маконнинг абадийлиги қаърига чўмади. Ёшлик йилларида четлаб ўтилган символизм қариган чоғи ёзилган кўламдор достонда янгидан бўй кўрсатади. Айни пайтда, бу масала турли-туман эстетик декларацияларни четлаган ҳолда, ижодий йўл билан табиий ҳал қилинади.         

Зулфия эстетикаси бир пайтлар ўзбек сўз санъатини  бойитган символизм (Ойбек лирикаси мисолида) тажрибаларини ўзига олган ҳолда реализмни модернизм билан мустаҳкам боғлади. Поэтик шакллар алмашувчанлиги, уларнинг моҳирона бирикуви эндиликда ҳеч қандай чекловларсиз шеърият хизматига камарбасталик қиладиган бўлди.

Сўз санъаткорларидан бирор-тасининг поэтик оламини тавсифлар эканмиз, биз унинг барча матнлари асосида ётган энг умумий ва теран семантик қийматларни (мавзуларни) ички қайта тиклаш ҳамда ўша мавзулар билан асардаги мотивларнинг мослигини аниқлаш вазифасини кўзда тутамиз. Вариантдош мотив ва мавзуларни қидиришнинг асосий усули мазмун, сюжет-ҳолат, лексик ва бошқа жиҳатлардан умумий қирраларни топиш мақсадида битта муаллифга тегишли турли матнларни таққослашдир.

Муаллиф асарларининг барчасини синчиклаб ёки секин ўқиш мобайнида бу ўхшашликлар оддий китобхон нигоҳига кўринганидан кўра, кўп сонли ва тармоқланган эканлиги маълум бўлади. Бундай ёндашувнинг тўғрилигини рус шоираси А.Ахматованинг қуйидаги сўзлари тасдиқлайди: “Туб моҳиятни англаш учун шоир шеърларида доимий тарзда такрорланиб келадиган образлар уясини ўрганиш зарур –  айнан уларда муаллиф шахсияти ва поэзиясининг руҳи яширинган бўлади” [4,223].

Бу тавсияни Зулфия ижодини ўрганишга татбиқ этиш, фикримизча, айни муддаодир. Шоира шеър ёзиш манерасининг бошқа муаллифлар билан ўхшаш жиҳатлари, ҳатто матнда параллель келган ўхшаш жиҳатлар тадқиқотчилар томонидан қайд этилган. Аммо, Зулфия ижодида бошқа муаллифлардан яширин парчалар топиш учун топқирлик, қатъийлик ва билимдонлик кўрсатган илмий тафаккур шоиранинг ўзида учрайдиган у ёки бу даражадаги кўплаб ярим ошкор автотакрорлар ва автоварицацияларга беэътибор қолганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Ахир бир ижодкор асарларида такрорланиб келадиган образлар, мотивлар, ғоялар “муаллиф шахси”нинг сирини очиш ва барча матнлари орқали унинг айнан нимани айтишга интилаётганини аниқлашнинг аҳамияти ҳам кам эмас-ку. Қолаверса, бу ҳодисани ўрганиш бошқаларидан кўра кўпроқ натижа келтириши мумкин.

Хуллас, Зулфия шеърларини мутолаа қилар эканмиз, шоирани ҳаяжонга солган туғёнлар, қувонч ва ташвишлар бизнинг қувонч ва ташвишларимизга айланиб бораётганлигини ҳис қиламиз. Унинг қаламидан тўкилган мисралар қалбимиз қаъридан қуйилиб келаётгандек туюлади. Тўпламларининг сўнгги саҳифаларини ёпар эканмиз, мунис, ишонувчан, самимий юрагини тўкиб солаётган яқин одамимиз билан юзма-юз суҳбат қургандек бўламиз. Унинг шеъриятига ошно бўлган ҳар қандай одам борки, қалбига сахий, меҳрибон, покиза инсон бўлишни тугиб қўйишига ишонамиз.  Ёзилиши  керак бўлган шеърнинг тугал мазмунга эга мухтасар шакл касб этароқ дунёга келаётганлигини англатиб турган бу иқроромуз фикрлар Зулфия поэтик оламининг нақадар бетакрор, ўзига хос эканлигини кўрсатади.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

  1. Зулфия. Тонг билан шом аро. Сайланма. – Тошкент: “Шарқ”, 2006. – Б. 218.
  2. Зулфия. Асарлар. Уч жилдлик. Биринчи жилд. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1985.
  3. Раҳмонов Б. Вафо қисмати. – Т.: “Муҳаррир”, 2011. 
  4. Топоров В.Н. Ахматова и Блок (к проблеме построения поэтического диалога: “блоковский” текст Ахматовой). – Berkeley, 1981. – P. 223.
  5. Умуров Ҳ. Сайланма. 2-жилд. Адабий-танқидий мақолалар. – Т.: “Фан”, 2007. – Б. 274. 
  6. Улуғова М. Муҳаббат саройида мангу қолганлар. Т.: – “Nihol” нашриёти, 2010. – Б.120.
  7. Ҳасанов Ш. Достон таркиби ва табиати. – Самарқанд: СамДУ нашри, 2011. – Б. 146.

 

 Умурова Г. Социальная лирика в литературном процессе. В статье описывается возникновение социальной темы в лирике. Теоретические идеи основаны на мире искусства и поэзии поэтессы Зульфии. Анализируются и комментируются произведения поэтессы Зульфии на социальные темы.

 

Umurova G. In  creative process the social lyricism. The article describes the occurrence of a social theme in lyricism. Theoretical ideas are based on the poet Zulfiya's world of art and poetry. It is the poet Zulfiya's works on social issues that have been analyzed and commented on.

 

 

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati