БАДИИЙ МАТНДА ТАГМАЪНОНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА ИФОДА УСУЛЛАРИНИНГ ЎЗИГА ХОСЛИГИ

Таниқли мантиқшунос-прагмалингвист Г.П.Грайс мулоқот самарали кечишининг муҳим шарти суҳбатдошлар бир-бирини тушуниши эканлигини қайд этган эди. Мулоқотнинг асосий тамойили ўзаро ҳамкорлик (cooperation) нутқий актнинг мулоқот мақсадига мос бўлишини таъминлаш демакдир. Олим ушбу тамойилнинг бажарилишини тўртта асосий қоидага риоя қилинишида кўради: 1) миқдор қоидаси, яъни нутқий акт етарли даражадаги ахборот ташувчи бўлиши керак; 2) сифат қоидаси; ҳақиқат маълум қилиниши шарт; 3) ахборот ўринли бўлиши керак (ўринлилик қоидаси); 4) баён қилиш (гапириш) усули қоидаси: фикрни аниқ, равшан баён қилиш керак (Грайс 1985). Бироқ кейинги тадқиқотларда Г.Грайс ажратган қоидалар асосан диалогик нутқ муҳитида муҳимлиги таъкидланиб, бадиий дискурс учун баъзан тўғри келмаслиги аниқланди. Зотан, бадиий матн инсоннинг ижодий фаолияти маҳсули бўлиб, унда маълум қилинаётган ахборот ҳақиқатга мос келиши шарт эмас. Бадиий коммуникация воқеалар баёнида батафсилликдан қочмайди, етказилаётган ахборот референти умумлаштирилган, “қайта ишланган” воқеликдир (Ashurova, Galiyeva 2016: 119).

Рус тилшунослигида “яширин матн” маъносини англатадиган “подтекст” тушунчаси анчадан буён қўлланиб келинмоқда (Т.И.Сильман, И.В.Арнольд, В.А.Кухаренко ва бошқалар). Ўзбек тилшуноси М.Ҳакимов “яширин матн” тушунчасини аниқ англаш ва тўғри тушуниш мақсадида “тагмаъно” атамаси билан номлашни таклиф қилади ва унинг фонопрагматик, стилопрагматик, метафорик, индивидуал, экспрессив каби турларини ажратади (Ҳакимов 2020: 73).

Асарнинг ўқувчига таъсир кўрсатиш даражаси биргина ижодкор маҳоратига боғлиқ бўлиб қолмасдан, балки ўқувчининг идрок имконияти, унинг ҳаётий тажрибаси, ижтимоий мақоми ва руҳий-интеллектуал қобилиятига ҳам боғлиқ. Тагмаънони англамасдан туриб, идрокнинг тўлиқлигига эришиб бўлмайди. Тагмаъно, алоҳида когнитив-прагматик категория сифатида, матннинг мазмуний яхлитлиги ҳосил бўлишида муҳим ролни ўтайди. Тагмаънонинг асл моҳияти ва суҳбатдоши нимага ишора қилаётганини тушуниш учун тингловчи мантиқий таҳлил амалларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Масалан, “Чўққилар жилвасига кўпам махлиё бўлаверма, болам. У ерда қашқирлар бор” (Саид Аҳмад) нутқий актида тагмаъно яширинганини сезиш учун метафорик тафаккур амаллари натижасини аниқлаш лозим. М.Ҳакимов М.Газиевлар таҳлилича, ушбу матнда қуйидаги мазмун назарда тутилган: “Мирвали тадбиркор, мард, танти, тинимсиз давлат, халқ манфаатини ўйловчи киши (чўққилар жилваси, тоғлар), аммо, ана шулар остида унинг ўта мараз, давлатга, гўзалликка, соф қалбли инсонларга нисбатан қабиҳ нияти, ёвузлик яширинган (қашқирлар бор)” (Ҳакимов, Газиева 2020: 94).

Маълумки, тагмаъно бадиий матннинг ботиний кескинлиги ва кўпжиҳатлилигини таъминловчи воситалардан биридир. У турли шаклларда намоён бўлиб, кўплаб вазифаларни бажаради. Ижодкорлар ушбу воситадан комик ва трагик ҳолатларни ифодалашда бир хилда фойдаланадилар.       Тагмаъно орқали суҳбатдошларнинг воқеликка кинояли муносабати таъкидланади, шунингдек, қаҳрамонларнинг драматик руҳияти, изтироблари ҳамда муаллифнинг ижтимоий фаоллиги тасвирланади. Балким шу сабаб, адабиётшунос ва тилшуносларнинг ушбу ҳодиса тадқиқига эътибори тобора кучайиб бораётгандир, бироқ, “матн ичидаги матн”нинг ҳар томонлама тавсифидан ҳануз анча йироқмиз. Баъзилар тагмаънони нутқий жумланинг мазмуни, мақсади ва моҳияти сифатида белгиласа (Мыркин 1976), бошқалар эса уни матн ботинини ҳосил қилув восита сифатида қарайди (Долинин 1983).

Тагмаънони пресуппозиция ҳодисаси билан тенглаштириш борасида уринишлар ҳам мавжудлигини унутмаслик керак. Дарҳақиқат, пресуппозиция ҳам матннинг мазмуний тузилишида иштирок этувчи ҳодиса эканлигини ва унинг ҳам кўпинча яширин ифода кўринишига эгалигини инкор этиб бўлмайди. Пресуппозиция матнни семантик жиҳатдан мураккаблаштириши аниқ. “Бундай вақтда айрим сўз ёки грамматик шакл орқали ифодаланган пропозиция ўзининг энг ихчам шаклига эга бўлади. Сўзловчи ва тингловчи учун унинг тушунарли бўлишида пресуппозиция ёрдамга келади” (Нурмонов ва бошқалар 1992: 113). Бироқ, Н.Маҳмудов “пресуппозиция муайян гапнинг тўғри қўлланиши ва тўғри англаниши учун имкон берадиган олдиндан маълум бўлган билимлар (“фоновое знание”)нинг жами “эканлиги”ни қайд этаётиб, ушбу тушунча” контекст тушунчаси (айни тил бирлигининг лингвистик-гапнинг нолингвистик субстрати, бу гап айтилаётган шароит кабилар)ни ўз ичига олишини таъкидлайди (Маҳмудов 1986: 30).

Пресуппозиция ва тагмаъно ифода усулларига нисбатан қанчалик бир-биридан фарқ қилишига қарамасдан, ҳар ҳолда уларнинг матн когерентлигини таъминлашда ўзаро муносабатда бўлишини инкор этиб бўлмайди. Мисол тариқасида қуйидаги матн парчасини олайлик:

Бугун борга ўхшайди,

Етимлар бунча қақшайди?

Бозордан қанд опкелувчи

Отагинаси йўққа ўхшайди (Тилқайрама).

Бу ерда тагмаъно пресуппозиция таъсирида ҳосил бўлган: бозор кунлари одатда қишлоқда яшовчи эркаклар бозорга тушиб, харид қилишади ва болаларига ширинликлар олиб келадилар. Бундай ҳаётий билим (пресуппозиция) таъсирида туғиладиган мазмун тилқайрамани эшитган боланинг отасидан ажралиб қолишидан қўрқишадилар. (Қиёсланг: “Шунисини эшитганимда, юрагим “жиғ-ғ” этиб кетарди доим. Дадам ўлиб қолмасайди, деб қўрқишни бошлардим...  Яхши кўргандан яхши кўрардим дадагинамни”. Анвар Обиджон. Оддий айрилиқ ҳақидаги эртак, 11-бет).

Тагмаънони аниқлаш муаммоси асарнинг композиция тузилиши билан мустаҳкам алоқада. Бунда матн тузилишини таъминловчи бирликлар ва матннинг мавзуий занжирини ҳосил қилувчи сўзлар қатори муаллиф ҳис-туйғулари, тафаккур кечимига ишора қилувчи белгиларга айланади. Шу аснода, тагмаънони “матннинг ботиний структурасида мавжуд бўлган ва алоҳида бирликлар маъноларининг зоҳирий қатламида кенгайиши ҳисобидан яширин ахборот” қабилида тавсифланишини тўғри қабул қилмоқ даркор (Мыркин 1976: 91). Тагмаънони идрок этишда муаллиф ва ўқувчининг умумий билимларига асосланган яширин контекстнинг ўрни алоҳида.

Адабиётшунос олима таъкидлаганидек, “бошидан охиригача содда ва қисқа ички нутқ, ўй-мулоҳазалар асосига қурилган ҳикоя ғоясини англаш учун китобхон нафақат ўқиши, балки уқиши керак” (Саттарова 2014: 21). Акс ҳолда, ҳикоянинг якунида айтилганидек ҳар қандай киши “ғалати ўрмоннинг чуқур-чуқурларига яшириб қўйилган маънолар қаршисида лолу ҳайрон, музтар - музтар” бўлиб қолавериши муқаррар.

 

Адабиётлар

 

  1. Ashurova D.U., Galiyeva M.R. Text Linguistics. - T.: Turon - Iqbol, 2016. - 324 p.
  2. Грайс Г.П. Логика и речевое общение // Новое в зарубежной лингвистике. Вып. 16. Лингвистическая прагматика. - М.: Прогресс, 1985.
  3. Долинин К.А.Имплицитное содержание вқсказывания // Вопросы языкознания, 1983. № 6. - С. 37.
  4. Маҳмудов Н. Пресуппозиция ва гап // Ўзбек тили ва адабиёти, 1986. № 6.
  5. Мыркин В.Я. Текст, подтекст и контекст // Вопросы языкознания, 1976. № 2. - С. 88-93.
  6. Нурмонов А., Маҳмудов Н ва бошқалар. Ўзбек тилининг мазмуний синтаксиси. - Т.: Ўқитувчи, 1992.
  7. Сатторова Г. Тафаккур уйғунлиги // Ёшлик, 2014. 12-сон. - Б. 20-21.
  8. Сильман Т.И.Подтекст как лингвистические явление // Филологические науки, 1969. № 1. - С. 84-89.
  9. Ҳакимов М., Газиева М. Пргамалингвистика асослари.- Фарғона:Classic, 420 б.
  10. Анвар Обиджон. Оддий айрилиқ ҳақида эртак // Ёшлик, 2014. 12-сон. - Б. 10-17.

 

Shukurov U. The formation of the tag in the literary text and the specificity of the methods of expression. This article seeks to justify the need for a systematic study of the effective course of linguistic communication in pragmalinguistics.

            
Шукуров У. Формирование тега в художественном тексте и специфика способов выражения. В данной статье ставится задача обосновать необходимость системного изучения эффективного хода языкового общения в прагмалингвистике.

 

 

Xorijiy filologiya jurnali tahrir ha'yati